Кейт Шопен. Ҳикматли бир қиш куни (ҳикоя)

Поезд роппа-роса бир ярим соатга кечикди. Менга ҳамроҳ бўлиб келган икки-уч нафар йўловчи эрталабки соат олтида бундай изғирин, ачитқи ҳавода келгандан кўра, яна бир оз аввалги жойимизда қолсак дуруст бўлармиди, дея бир-бирларига норози тўнғиллашганларича поезддан туша бошладилар. Бироқ қаршимизда Эмил Сутирнинг иссиққина ошхонаси ўзини кўз-кўз қилиб турарди. Биз Эмилнинг ошхонасида ҳарҳолда бироз исиниб олсак бўларди. Яна овқатланиб ҳам олмасак бўлмайди. Йўлдан очқаб келган биз каби ҳориган йўловчилар учун бу ошхонада чўчқа гўшти ҳам, қайнатилган тухуму қовурилган жўжа ҳам, борингки, денгиз чиғаноғию мазали қаҳваларгача ҳамма-ҳаммаси исталган пайтда муҳайё турарди. Негадир шунга астойдил умид қилиб, ичкарига кирдик.
Ошхонада Эмилнинг чўчқадай семиз ва пийпасланган хотини омборхонадай ивирсиқ бу гўшасида ҳаммавақт мудраб ўтирарди. Эҳтимол, у бечора ҳам тундаги қаттиқ совуқдан эти жунжикиб қолгану, саҳарга келиб ўт ёқилган печ тагида ухлаб, қотиб қолгандир. Ҳайтовур, у бизнинг шарпамиздан кўзини очди-да, жиндай мулозамат кўрсатган бўлди. Кеча кечаси эрининг шаҳарчадан ўлгудай бўкиб ичиб келганини айтиб, минғиллаганча шикоят қила кетди. Эмил ошхонада ҳалиям кайфи тарқамаган алпозда ўтирар, хотинининг пешонасида тинмай жавраб, куюнишларини зиғирча бўлсаям парвойига келтирмасди, у бир оғиз ҳам гап қайтармасдан ҳадеганда гуриллаб ёна қолмаган печ ичига писта кўмир ташлаш билан овора эди. Эмилнинг хотини қалин сурп кўйлаги устидан эрининг оғир чакмонини кийиб олган, чакмоннинг ёнғоқдай думалоқ-думалоқ тугмалари алмойи-алжойи бўлиб солинган, хотин эса энгил-бошининг нобоплигидан янаям бешбаттар пишиллаганча, худди эрталаб югуриб келгандай, тўхтовсиз ҳарсиллаб турарди. Бу аёлнинг қилиқларига мен ҳечам тушунолмай ўтирардим. У бўсағада ўзининг биққи, кир қўлларини эшик рахига тираганча худди қоровулдай ғўдайиб туриб қолар, дам-бадам овқат пиширадиган печ ва бошқа рўзғор буюмлари қалашиб ётган қўшни хонага кўз қирини ташлаб қўярди.
“Ҳа, бу Эмил яшшамагур кундан-кунга ҳаддидан ошиб кетяпти, зорманда ҳеч уйга қарамай қўйди, Худо билади, бу кетишда қайси гўрдан топаркинман уни?!”
Ҳаётга бу қадар беписандлик аёлнинг кўзларидаги ёшлик ва гўзаллик нуқсини аллақачон сўндириб юборган, умри худди печдаги ёниб-ёнмаётган олов сингари сусткашлик билан қоришиқ ўтарди.
Биз бўлса фақат қаҳва ҳўплаб ўтирардик. Ичимиздан ҳеч биримиз на қовурилган жўжа, у ҳам гўё тахта устида бижғиб ётгандай бўлиб туюларди; на чиғаноқлар – уларнинг келтирилганига ҳам балким неча-неча замон бўлиб кетгандир; ёки қўй гўшти, негадир бутун уй ичини гўштнинг қўланса ҳиди тутгандай эди; ҳатто қайнатилган тухумлар ҳам палағда бўлиб айниб ётгандай бўлиб туюларди; ҳеч қайсисини кўнглимиз тортмасди, томоғимиздан фақат қаҳва ўтарди, холос.
Эмил ниятимизни сезиб қолгандай бизларга устма-уст қаҳва тайёрлаш билан машғул эди, у гоҳ тим қора, гоҳ оппоқ сутли қилиб қаҳва ҳозирлар, ўзича бизларга эркакча шинавандалик қиларди.
Бизга қўшни хонада қандайдир шовқин ва тўс-тўполон овози чалиниб турарди, дастлаб ошхонага совқотиб кирган пайтимизда бунга унчалик ҳам эътибор бермаган эканмиз. Бир маҳал Эмилнинг чўчқасифат хотини лапанглаганча ўша хонага ўтиб кетди. Унинг бу тахлит юришини кўриб, ўзимизни кулгудан зўрға ушлаб қолдик. Икки нафар шеригим ҳам – улар натчиточеслик эдилар – мен билан ағрайганча бериги хонага қулоқ тутиб қолдик, ғайриоддий нимадир содир бўлгандек эди. Ичкарида Эмилнинг бир боласи хона ўртасида қаққайиб турган баланд хум устидан чалқанчасига йиқилиб тушган, то отаси ё онаси ёрдамга етиб келгунича икки соатдан буён чинқириб тўполон қилаётган эди. “Бўйнинг чиригур! – дея қарғанганча ошхонага чиқди Эмилнинг хотини боласини кўтариб, – бутун афт-ангори қорайиб кетибди! Хумга чиқишига бало бормиди бу итнинг?! У хумнинг ичи тўла илон билан калтакесак бўлса! Баҳайбат бир илон ерга тушиб ўралашиб ётибди-я!”
Болакайнинг юзи ҳадеб қичқираверганидан қип-қизариб кетган, у онасининг елкаси оша бизларга қараркан, кўзлари чақнаб, яккаш илжайиб турарди.
Мен эса қандай қилиб шундай ёш бола икки соатдан бери бундай қўрқув ва азобга дош бердийкин, дея дам ваҳмим, дам ҳайратим ошганча миқ этмай ўтирардим. Аммо кичкина болалар учун дунё мисоли бир ажойиботхона, улар учун хаёл ҳамда ҳақиқат ўртасидаги тафовутни ажратиб олиш бениҳоя душвор вазифадир.
Ниҳоят, диққинафас ошхонадан ташқарига чиқарканмиз, тобора авжига миниб ёғаётган қордан тўйиб-тўйиб нафас олдик. Бутун ер юзини оппоқ қор шиддат билан эгаллаб борарди, шимолнинг оппоққина, юмшоққина қори кўзни қамаштиргудай ёрқин ва ҳар қандай манзарадан-да юз марталаб чиройлироқ эди. Жами борлиқни қоплаб борарди бу қор, қалин ўрмонзорлар бағридаги қарағай шохлари оралаб ерга, дарахтлар бошига қуюқ тўкилиб ёғарди у; чакалакзорлару экинзорлар, кенг далалар қўйнида ҳам оппоқ қор рақси ҳукмрон эди. Шундагина мен бутунлай енгил тортдим. Биз ўтирган кейинги поезд қишки сукунат чўмган жимжит қишлоқлар оралаб елдек учиб кетди.
Ташқарида менинг кўзларимни қувонтириб кетаётган бир-биридан бетакрор, ўзгача руҳдаги ажойиб манзаралардан ёнимда кетаётган қайсидир ҳамроҳимни ҳам баҳра олишини мен ич-ичимдан интиқ истаб кетардим. Ёнбошимда кетаётган шеригим бироз такаббурдай бўлиб кўринди.
“О, буни қаранг-а!”-дея тўлқинланиб кетдим мен. “Оппоқ қор ва оппоқ пахта!” Шундоққина ёнгинамиздан пахталари қолиб кетган чала яйдоқ далалар лип-лип ўта бошлаганди.
“Ишёқмас маҳлуқлар!”– деди у афтини буриштириб. “Шугинани ҳам териб олишолмабди-да. Ландовурлар! Энди нима фойдаси бор бунинг!”
“Ҳаа”, – дедим мен хомуш, “ростданам, нима фойдаси бор бунинг?..” Кўзимга совуқ пахта далалари оралаб дилдираганча кезиб юрган юпун негр ишчилари кўринди.
“Ҳалиям бу далаларда пахта қолиб кетибди! Натчиточесдаги қишлоқликлар бунчаям ялқов бўлишмаса?”
“Ҳа, энди пахта ерники-да, керагича териб олингандан кейин ер ҳақига ҳам қолади-да. Ахир буни кўринг: нақ сеҳрли оролга ўхшайди-ку!”– дея ҳамроҳимнинг гапига ярим ҳазил, ярим танбеҳ билан жавоб бердим мен.
“Наҳот сиз экувчиларнинг бунақа чала тайёр ер билан қанча қийналишларини билмасангиз? Улар бу жойда на пода боқа олишади ва на экин эка олишади? Ўзингизники бўлганда шунақа гапни айтмасдингиз сира!”
“Тағин Худо билади-я, бироқ озгина шафқат ҳам керак-да, биродар”, – дедим мен насиҳат оҳангида. “Ахир кўриб турибсиз-ку, қанча негрларнинг ҳалиям изиллаб юрганларини, ахир улар нима қилиб юришибди? Улар ҳалиям пахта титиб юришибди-ку!”
Мана шундай аҳмоқлар ҳам бўлади-да, деб ижирғандим ичимда. Негадир шаҳарга бориб-келаётганим учун ўзим ўзимдан афсусланиб кетардим. Йўлда ҳар қанақа одамлар тоифаси дуч келаркан, нега улар озгина бўлса-да, табиатдан, ҳаётдан баҳра олишни билишмаскин? Қор гўё уларнинг миясини ҳам қоплаб юборгандай эди…
“Пардаларни зич қилиб ёпиб қўйсангизлар”, – бўлмамизга бош суқиб, буюриб кетди бир поезд ходими.
Энди хаёлимга ҳеч нарсани келтира олмадим, фақат қулоқларимгина ишлаётгандек эди, поезднинг бетартиб тарақа-туруқию, юрагимнинг хижил нафасигина эшитилиб турарди фақат.
Дераза пардасини поезд ходими тайинлагандай зич қилиб ёпдим: гўё турмушнинг бор лавҳаси-ю, Эмил Сутирнинг ифлос ошхонасидай тайинсиз турмуши ҳам, аёзда аралаш бўлиб кетган қор манзараси-ю юпун ишчиларнинг ҳорғин гавдалари – бари-бари шу парда орқасида қолиб кетгандек бўлди. Бу кунда ҳеч нима қолмагандек эди. Бу жойларда на бир ибодатхона, на бир мактаб, на руҳонийлар ва на ўқитувчилар – бари яшамаган ва бўлмагандек ҳам эди. Аммо қўрғонланган эшик билан темир панжара ўрнатилган дераза нечоғлик мустаҳкам бўлмасин, ҳаёт нафасини улар барибир тутиб қолишолмайди. Муқаддас уй қад­ри ва инсон қиммати ёғиб, эриб, қуюлиб, эзғилаб тушаётган мана бу қор билан бирга аста-секин йўқликка сингиб бораётгандек эди гўё. Нафасни қисгудек бўлмамда тарқоқ хаёл сурганча хомуш келардим.
Бироқ эртаси куни эрталаб юракларга қувонч ҳамда ёруғлик улашганча кўкка қуёш кўтарилди ва у шунақанги кўп нур сочдики, гупиллаб ёққан қалин қорни ҳам бир неча сониялар ичида эритиб юборди, фақатгина том бўғотларида, кейин соя-­салқин ерлардагина озгина-озгинадан қор уюмлари қолди. Қатор экилган магнолия дарахтлари шохлари офтоб тиғида ялтираб, худдики майин жилмаяётгандек бўларди. Қовжираб ётган гул кўчатлари мисоли нурлар тафтидан қувват олгандек, вужудларини аста тиклаётгандек эдилар. Гунафшагуллар ҳам совуқ кунлар адоғ бўлганини кўриш учун новдаларидан оҳиста мўралаётгандек кўринарди.
“Оҳ!! Мана, қуёшли кун!”
Ўз манзилимга етиб келиб, таниш кўприк устидан хотиржам қадам ташлаб борарканман, ўз-ўзимдан қичқиргим, негадир овозимни баралла қўйиб, бахтиёр кулгим келарди. Илиқ, баҳорий шабада юзларимни силаб ўтарди. Мен ўз уйимга тобора яқинлашиб борардим. Қадрдон эшигим остонасида эса менинг меҳрибон ва интизор аёлим жилмайганча истиқболимга пешвоз турарди.

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 2-сон