USAID: янги кўп миллион долларли лойиҳа учта стратегик мақсадга қаратилган

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) умумий қиймати 19 миллион долларга тенг бўлган янги беш йиллик лойиҳага амалга оширишга киришди. Марказий Осиёда савдо дастури Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда амалга оширилади.

АҚШ элчихонаси матбуот хизматига кўра, янги лойиҳа халқаро тараққиёт агентлигининг йиллар мобайнида минтақавий савдо, корхоналарни ривожлантириш ва ҳудудий алоқаларни яхшилашда эришган ютуқларига асосланади.

Марказий Осиёда савдо дастури доирасида учта асосий стратегик мақсадга эришиш учун давлат ва хусусий секторга техник ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.

Биринчидан, дастурнинг фаолияти молиявий ва вақт харажатларини камайтириш, шунингдек, минтақада иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида божхона ва чегара назорати тартибини уйғунлаштиришга йўналтирилади.

Иккинчидан, дастур ривожланишни рағбатлантирувчи ва инвестициялар оқимини таъминлайдиган ислоҳотларни амалга ошириш учун давлат ва хусусий сектор орасидаги шерикликни кучайтиради.

Учинчидан, манфаатдор томонлар билан Марказий Осиё минтақасида ҳамда ундан ташқарида трансчегаравий савдо ҳажмини ошириш бўйича ишлар олиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил сентябрда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда миссиясини очганини эълон қилди. Бунга қадар агентлик идораси Марказий Осиёдаги миссиянинг бир қисми сифатида фаолият кўрсатган. Қайд этилишича, мамлакатда тўлақонли миссия ташкил этилиши агентликка Ўзбекистон ҳукуматининг кенг кўламли иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларини янада қўллаб-қувватлаш билан бирга хусусий бизнес, нодавлат ташкилотлар ва мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятини кучайтиришига ҳисса қўшади. Жорий йил 10 июндан Микаэла Мередит миссиянинг илк директори сифатида иш бошлади.

USAID Ўзбекистонга иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, хусусий секторни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, сув ресурсларини бошқариш, қонун устуворлигини такомиллаштириш, миграция ва одам савдоси билан боғлиқ йўналишларда кўмак кўрсатиб келмоқда. Маълумотларга қараганда, Америка халқи USAID орқали 1993 йилдан бери Ўзбекистонга 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритди.

Жорий йил 28 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Вашингтонда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги раҳбари Саманта Пауэр билан учрашиб, ўзаро муносабатларнинг истиқболларини муҳокама этган эди.

А.Комилов Пауэр хоним билан жорий йил 21 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессияси кунларида ҳам мулоқот қилган.

Шу мавзудаги мақолалар:

АҚШ дипломати: Ўзбекистон билан ҳамкорликда сил касаллиги кўламини камайтиришга муваффақ бўлдик. 24.03.2021

АҚШ силга қарши кураш дастури доирасида Ўзбекистонга 730 минг долларлик ускуналар тақдим этди. 19.07.2019

USAID Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлайди. 25.01.2018