Ёзувчи эски одати бўйича ҳар сешанба куни уйини тозалаб кетадиган кекса оқсоч Ма Паркердан катта набирасининг соғлигини сўради. Ма Паркер нимқоронғи зал остонасида, шундоққина оёқ артиладиган ҳўл латта устида турганча ёзувчига эшикни ёпишига кўмаклашган бўлиб базўр овоз чиқарди.
– Биз уни кеча дафн этдик, хўжайин, – деди у ич-ичидан эзилиб.
– Оҳ, азизим менинг! Қаттиқ таассуфдаман! – деб юборди ёзувчи чин дилдан ачиниб. У нонуштасини охиригача емади. Эгнига эскириб кетган тунги халатини илиб олганча бир қўлида ғижимлаб олган газетасини ёйиб, уни ўқишга киришди. Бироқ ёзувчи ўзини роса ноқулай сезарди. Ўзининг илиққина ижодхонасига равона бўлгунича шўрлик бу кекса аёлга илиқ бир сўз айтгиси келди, лекин ўша бир оғиз гапни топа олмай ниҳоятда қийналди. Зиёли одамлар учун қадрдон инсонларини сўнгги манзилга кузатиш маросимларида қатнашмаслик уят эди. Шундай бўлса-да, у меҳрибонлик билан:
– Умид қиламанки, маъракангиз рисоладагидек ўтган, – деб қўйди.
– Хижолат чекманг, жаноб, – деди Ма Паркер бўғиқ овозда, у ёзувчининг надоматини бир зумда илғаб олганди.
О, шўрпешона она! Шу топда Ма Паркер аламзада қушга ўхшаб кўринарди.
– Ўлим аслида ҳар бир одамнинг қисматидир, миссис Паркер! – хитоб қилди ёзувчи.
Ма Паркер индамади. Бошини эгганча пешбанди билан бир жуфт шиппаги солинган эски халтасини кўтариб, оқсоқлана-оқсоқлана ошхона томон йўл олди. Ёзувчи қошларини кўтарди-да, бир уҳ тортди, кейин яна нонуштасини ея бошлади.
– Кўникишдан бошқа нима иложи бор бечоранинг, – деди у ўзига ўзи ликопчадаги мармеладдан бир донасини олиб, оғзига соларкан.
Ма Паркер ғимирлаганча ошхона ичида ўз юмушлари билан андармон бўла бошлади. Эгнидаги кийимларини ечиб, эшик орқасидаги илгакка илди-да, қазноқда турган жулдур камзулини олиб кийди. Кейин белига пешбандини маҳкам қилиб боғлади-да, пойафзалини ечиш учун чўнқайди. Бу фақирона ботинкаларни кийиб-ечиш Ма Паркерга адоғи йўқ бир азоб, бу унинг йиллар давомида бардош қилиб келаётган изтироби эди. Лекин кекса она бу машаққатга аллақачон кўниб кетганди, у юзларини бужмайтирганча оёқларини жаллоддек бераҳм ботинкалари дастидан озод қилишга чиранар, то ипларини ечиб, бор кучи билан уларни оёғидан тортиб олгунича нақ қаро терга ботиб кетарди. Охири бу балодан қутулгач, деворга суяниб, чуқур-чуқур хўрсинар ва бир муддат тиззаларини оҳиста уқалаб ўтирарди…
– …Буви! Бувижон!
Аёлнинг кичик набираси тугмадек жажжи туфличалари билан унинг тиззаси устига сакраб чиқиб олди. У ҳозиргина кўчада ўйнаб-ўйнаб, ҳовлиқиб, ҳориб кириб келганди.
– Қара, бувингнинг кийимини не аҳволга солдинг! Эҳ, эси йўқ бола-я!
Аммо болакай меҳрибон бувисининг бундай танбеҳларига заррача парво қилмас, буларни эркалаш деб англаб, бешбаттар талтайиб кетарди. Мана, ҳозир ҳам жажжи қўлчаларини бувисининг бўйнидан ўтказиб олиб, ёноқларини ажин босган юзларга суркаб эркаланди.
– Буви, жон буви, озгина пул беринг! – ялинди у бор вужуди билан бувисини рози қилишга уриниб.
– Қани, тезда жўнаб қол-чи, бувингда бир чақа ҳам йўқ.
– Йўқ, бор!
– Йўқ дедим сенга.
– Ёлғон гапиряпсиз. Менга озгина беринг, мана шунча, – болакай кичкина кафтларини ёйиб бувисига олажак пулининг миқдорини белгилагандек қилиб кўрсатди.
Ма Паркер бу вақтда пачоқланиб, юпқа тортиб кетган қора чарм ҳамёнини ёнидан олиб, кавлаштира бошлаганди.
– Хўш, кекса бувингга нима опкеласан?
Набираси уялганнамо табассум қилди-да, бувисининг юзларига янаям яқинроқ келиб сийпаланди.
– Менинг ҳеч нарсам йўқ-ку, – дея майин шивирлади у кейин…
…Қари оқсоч илдам ўрнидан турди, газ плитаси устидаги темир чойнакни олиб, шошилиб сув оладиган жўмрак ёнига борди. Чойнак ичига шариллаб оқиб тушаётган сув шовқини худдики унинг ичидаги ҳасратларини босгандек туюлди. Аёл челак билан мис тоғорани ҳам сувга тўлдирди.
Ёш ёзувчининг ошхонасида ақл бовар қилмас тартибсизлик ҳукмрон. Ўтган бир ҳафта давомида ёзувчининг ўзи бу ерга “бекалик” қилган, ҳаммаёқни остин-устун қилиб ташлаган, ошхонани мисоли баҳайбат фил кириб расво қилган дўкон кўйига солганди. Чой солинадиган идиш ичида айний бошлаган қандайдир мураббо ётарди, қўлсочиқлар пала-партиш ишлатилаверганидан тоза ва кир сочиқлар аралаш, ҳар ерга сочилиб кетганди. Тағин ёзувчи танишларига ўзининг уй “тутум”и тўғрисида мақтаниб, уй ишлари нима учун экакларга ортиқча машмаша эканлигини тушунолмайман, дея таажжубланарди.
– Сиз аввал бор нарсаларни ифлос қиласиз-да, кейин бир ҳафта ичида дарров ювиб-тозалаб қўясиз, бу унчалик қийин иш эмас.
Бироқ унинг бу “қараши” натижаси хумдай улкан ахлат уюми пайдо бўлиши билан якунланган, ҳатто пол ҳам нон ушоқлари, йиртилган конвертлар, сигара қолдиқлари билан қопланганди. Аммо Ма Паркернинг заррача нолишга ҳадди сиғмасди. У шундай ёш жанобга ғамхўрлик қиладиган ҳеч кимса йўқ эканлигидан дилдан ачинарди, холос. Ошхонанинг кирланган деразаси ортидан беҳад-бепоён ва ғамбода осмон кўриниб турар, унинг ҳар жой-ҳар жойида сузиб юрган пахтадек булутлар титилиб, йиртилиб кетганга ўхшар, гўёки бағрига минглаб ўқ теккандек катта-кичик тешиклар пайдо бўлган, ўша тешиклар қора чой япроқлари каби кўринар эди.
Печ устидаги сув исиб бўлгунича Ма Паркер полни супуришга тутинди. “Ҳа-а, пешонам шу экан-да, – деб ўйлади у супургининг шип-шип овозига қулоқ осганча. – Тақдирдан қочиб қутула олмайман… Қисматим қанчалар аччиқ экан-а?..”
Ҳатто қўшниларию таниш-билишларигача аёлнинг тақдирига ачинишарди. Узоқ йиллар олдин ҳам у эскирган пешбандию шиппаклари солинган халтасини кўтариб юрар, кўрганлар унинг аҳволига эзилиб қарашарди. “Боёқишнинг сира косаси оқармади-да”, деб қўйишарди улар. Ростданам, бу шукр қиладиган ҳаёт эмасди. Ёш-ёш олти боласи билан бева қолган, зах ертўлаларда жон сақлаган ва қашшоқ ҳаётга бадарға қилинган аёл умри… Оғир ва ниҳоятда аччиқ тақдир…
Ўн олти ёшида Ма Паркер Стратфорддан Лондонга ошхона оқсочи бўлиб ишга келганди. Ҳа, у Стратфорд-он-Эвонда туғилганди. Бу Шекспирнинг Ватани, биласиз-а? Одамлар ҳамиша ундан, “Шекспирнинг юртиданмисиз?” деб сўрашар, бироқ Ма Паркер то Шекспирнинг драмаларини театр саҳнасида кўргунча унинг кимлигини билмаган, ҳатто буюк драматургнинг номини ҳам эшитмаганди.
Стратфорддан эсда қоларли хотиралари ҳам йўқ эди аёлнинг, “ҳар куни кечқурун ёқиладиган эски тошўчоқ олдида ўтирганча деразадан сирли, орзубахш юлдузларга соатлаб термилишу”, “онаси шифтга илиб кетган нондан маза қилиб ейдиган лаҳзаларни кутишдан” бўлак ҳеч нима йўқ эди хотирасида, ҳа, яна нимадир бор эди, бутазормиди у, эшик ёнида ўсарди, жуда хушбўй эди. Ма Паркер яна шунга ўхшаш қадрдон исни касалхонага тушганида туйган эди.
Аммо аёл учун ер юзидаги энг қўрқинчли жой эди бу ер. Уни ташқарига чиқаришмас, эрталабдан кечгача шифтга тикилиб ётаверарди. Устига-устак ошпаз хотин ҳам роса жоҳил эди, Ма Паркерга келган хатларни унинг қўлига тушмасидан олдин йўқ қилиб юборарди, чунки ўша хатлар шўрлик аёлни хаёлпараст ва паришонхотир қилиб қўярди.
Касалхонадан чиққач, Ма Паркер ўша ердаги докторнинг уйида хизматкорлик қила бошлади. Бу уйда роса икки йил ишлади, охири бир новвой билан турмуш қурди. Бундан хабар топгач, беғубор ёш ёзувчи:
– У новвоймиди, миссис Паркер! – дея ҳайратланганди.
У ҳаёт деб аталгувчи неъматдан бу аёлнинг ҳам бир чимдим бўлса-да баҳра олишини жуда истарди.
– Новвойдек ҳалол инсон билан умр кечириш катта бахт-ку!
Миссис Паркер жавоб топиб беролмаганди.
– Новвойлик ҳалол иш, жуда тоза меҳнат, – дерди яна ёзувчи қайнаб-тошиб.
Ма Паркер яна индолмаганди.
– Хўш, сиз-чи, Паркер хоним? Сизам нон ёпишга кўмаклашармидингиз? Лоақал харидорларга иссиқ-иссиқ нонлардан узатиб юборган бўлсангиз керак, а?
– Шундай, жаноб, – дерди Ма Паркер. – Бироқ менинг новвойхонага қадам изи қилишимга вақтим бормиди? Ахир жўжабирдек жон эдик, ўн учта гўдакдан еттитасини ерга қўйиб, олтитаси билан овора бўлишни айтинг. Энг оғири – болаларимнинг қабрини ўз кўзларим билан кўришни айтинг…
– Ғоятда бардошли аёлсиз, миссис Паркер! – дерди ёзувчи титраганча яна ёзишга тутинаркан.
Ҳа, етти гўдак ерга қўйилган, эри эса ётиб қолиб, касалхонага тушганида олтита ғўр бола дунёдаги жамики хўрликларни бошдан ўтказганди. Эрининг ўпкаси тамом бўлган, омон қолишидан қилча умид йўқ, докторлар шундай деб айтишганди… Чорасиз эр кўйлагини то бошигача кўтариб турар, докторлар унинг орқасига қандайдир асбобларини доира қилиб қўйиб ҳар куни текширишар эди.
– Агар биз мана бу жойни тешиб кирганимизда эди, миссис Паркер, – деганди бир шифокор унга. – Сиз қоп-қора қондек бўлиб қолган ўпкаларни кўрган бўлардингиз.
Бу демак, тирикликдан умид йўқ дегани эди. Балки шунинг учун ҳам Ма Паркер ўлик эрининг жонсиз лабларидан ўша доктор айтган қора қон сизиб чиққанида зиғирча ажабланмаган, негаки бу бахтиқаро эркак то адойи тамом бўлгунича, то ҳаётдан буткул умиди узилмагунча касалхонага боришга сира илож тополмаганди.
Аммо олтита зор кўзни боқиб катта қилиш керак эди, ўзини ўзи қўлга олишдан бўлак чора йўқ эди. Оҳ, қанчалар оғир қисмат бу! Кунлар ўтиб, болалар мактабга борадиган ёшга етгунича эрининг синглиси Ма Паркерга қарашиб турди, лекин у ҳам зинапоядан йиқилиб белини синдириб олгандан кейин ўзиниям эплолмайдиган бўлиб қолди. Дард қўшалоқ келди, у аёлнинг ёш боласи ҳам Ма Паркерга қолиб кетди. У шундай инжиқ ва йиғлоқи бола эдики! Бахтига, болалари миссис Паркернинг ёнига кириб қолишди, ўртанча ўғли Мауди синглиси Алисага қарашни ўз зиммасига олди, иккала ака-сингил ўзлари оёққа туришди. Жим бўлса армияга, Ҳиндистонга жўнаб кетди. Тўнғичи Этел эса ҳеч нарсаси йўқ бир официант қизга уйланди-ю, бахтга қарши хотини кичкина Ленни туғилган йили қандайдир бедаво яра туфайли оламдан кўз юмди. Ана энди бўлса кичкинтой Ленни ҳам кетди – Ма Паркернинг энг яхши кўргани, тўнғич набирагинаси…
Уюм-уюм кир пиёлалару ифлосланган идишларнинг бари ювилиб, артиб бўлинди. Бир бўлак картошка билан қоп-қора рангга кирган пичоқ ҳам асл ҳолига қайтди, стол қиртишлаб тозаланди, ҳали ҳамон ичида сардина балиғининг думлари чўмилиб юрган бетартиб идиш ювиш тоғораси ҳам кекса қўллар ёрдамида оппоқ бўлди.
…Ленни ҳечам бақувват бола бўлмаганди, туғилганидан шунақа нимжон эди. У шу қадар рамақижон эдики, кўрганлар уни қиз бола деб ўйлашарди. Жингалак-жингалак бўлиб пешонасигача ёйилиб тушган кумушдек сочлари, денгиздек мовий кўзлари, тугмадек бурнининг икки томонидаги майда-майда сепкилчалари ўзига шундай ярашардики! Этел билан хотини бу болага қарайвериб ҳолдан тойишганди. Ҳаттоки тонгги газеталар ҳам Ленни билан бирга баҳам кўриларди. Кичкинтой то катталар баланд овоз чиқариб газетани ўқишмагунича, тинмай хархаша қилар, охири отаси унга бир соат қичқириб газета ўқиб беришга мажбур бўларди.
“Қадрли жаноб, – деб ёзилганди телеграммада. – Набирасининг саноқли кунлари қолганини онамизга билдириб қўйсангиз… Тўрт шиша қон қуйсак ҳам умид бўлмади. Тўққиз ҳафтадирки, Ленни жонсиздек ётибди, энди умуман ўрнидан туролмаса керак…”
Эртаси куниёқ кекса она қайғу ичра йўлга отланди, аммо бари беҳуда эди. Ҳеч нарса ва ҳеч ким мурғак Леннини олиб қололмасди. Ҳатто кичкинтойни қабристонга элтиб, қабрига гул қўяётиб ҳам Ма Паркер бу унинг ўзи эканлигига ишонолмади. Зотан, Ленни энг тўнғич фарзандининг тўнғич боласи эди…
– Сен кимнинг ўғлисан? – дея эркалаб сўрарди Ма Паркер юмуш қилаётиб деразадан мўраларкан. Ташқаридан заиф, бироқ ёқимли овоз келарди, бу шунчалар гўдакка хос илиқ, яқин, худди юрагингнинг тагидагина садо бераётгандек жонбахш бир овоз эди: “Мен бувимнинг ўғлиман!”
…Шу пайт хотиралар пардек тўзғиб кетди, ташқарида қадам товушлари қулоққа чалинди, ошхона бўсағасида ёш ёзувчи кўринди, у сайрга отланган эди.
– Маъзур тутинг, миссис Паркер, мен айлангани кетяпман.
– Жуда яхши, жаноб.
– Пул-мул керак бўлса, сиёҳдонимнинг тагига қўйиб қўйдим.
– Ташаккур, жаноб.
– Ҳа-я, дарвоқе, миссис Паркер, – деб ўгирилди ёзувчи нимадир эсига тушиб. – Сиз менинг какаомни ташлаб юбормаганмидингиз? Мен уни ҳеч қаердан тополмай қолдим.
– Йўқ, жаноб.
– Жуда қизиқ. Яқиндагина сотиб олинган какаони катта чой идишига ўз қўлим билан солиб қўйгандим.
Жаноб ўз эътироз ва гумонларини жуда кўнгилчанлик ва раҳмдиллик билан айтарди.
– Сиз бир кун менга нарсаларни билмасдан ташлаб юбораётганингиздан пушаймон бўлаётганингизни айтиб эдингиз, миссис Паркер?
Ёш ёзувчи бу гапни ўзига айтгандек жуда сокин ва самимий тарзда ифода қилдики, миссис Паркер унинг беғубор, шафқатли ва олийжаноб чеҳрасига кўз ташларкан, у гўё бу эркакнинг қалбида ҳам худди аёлларники каби бир мушфиқлик бор деб ишонди.
Эшик тарақлаб ёпилди. Ма Паркер супургиларини қўлига олди-ю, ётоқхонага шошди. Бироқ бу ерда, ётоқни тартибга солиб, ўринларни текислаб, ёстиқларнинг жилдини янгилаб, бир олам икир-чикир ишлар орасида ҳам мурғак Ленни боис чекаётган изтироби чидаб бўлмас даражага етди. Нега бешафқат тақдир шугина гўдак жонни шунча азоблади? Нега у бунча кўп оғриқ кўрди? Айнан шу аламга асло чидай олмасди кекса аёл. Нима учун фариштага айланган бегуноҳ жисм тўйиб-тўйиб нафас олиш учун жоҳил дунёга шунчалар ёлворди, нимжон танаси дард билан бу қадар олишди, курашди?! Бундан ҳам аламли ғурбат борми?..
…Леннигинанинг жажжи ўпкасида нимадир бетиним қайнар, азоблар, бундан қутулишнинг заррача имкони йўқ эди. У йўталиши билан пешонасига реза-реза тер чиқар, кўзлари шишиб кетар, қўллари шалвираб, юзларида ликопчада дўппайиб турган беўхшов картошкалардек йирик-йирик шишлар пайдо бўларди. Лекин булардан ҳам оғири боланинг йўталдан тўхташи эди. Ленни ёстиққа ҳолсиз суяниб қолар, ҳеч кимга ҳеч нарса айтолмас ё жавоб беролмас, ҳатто эшитмас ҳам эди. У фақат ноҳақ озор чеккандек ғамгин-ғамгин термиларди, холос. Ҳаттоки энг яхши кўргани – бувижони ёнига келганидаям Ленни кўзларини очмади, у тирик мурдага айланиб бўлганди.
Аммо охири… Ма Паркер ўзини каравотга отди. Йўқ, у энди ортиқ чидай олмайди. Жуда кўпайиб кетди, жуда ошиб кетди – ҳаёт унга керагидан ҳам ортиқ кўргилик берди. То ҳозиргача у сабр қилиб келди, ўзини қўлга олиб яшади, дод-фарёд кўтармади. Наҳот инсон қалби шунчалар бардошли бўлса?! Ҳатто ўз фарзандлари олдида ҳам Ма Паркер йиғламади. Мардона ва матонатли юз билан яшади. Бироқ ҳозир!.. Ленни кетди, абадий кетди – ортиқ сабру қаноати қолдими бу шўрлик аёлнинг! Йўқ, унинг энди ҳеч нарсаси йўқ. Ўша мурғак вужуд Ма Паркернинг бутун бисоти эди, аммо уни ҳам ҳаёт кўп кўрди, ундан золимларча тортиб олди. “Нега барча уқубат менинг бошимга тушади?! – дея бўзларди кекса оқсоч қалби. – Мен қандай ювилмас гуноҳ қилгандим? Қаерда умрбод кечирилмас гуноҳ қилгандим, қаерда?!”
Юрак-юрагидан ҳайқириб, отилиб шу нидо келаркан, у тўсатдан супургиси билан пол артадиган таёқни ерга таппа ташлади. Бир нафасда ошхонага қандай етиб келганини ҳам билмай қолди. Бахтиқаролик шу қадар халқумига келиб, жонидан тўйдирдики, худди туш кўраётгандек, босинқираш ичидаги телба одам сингари илгакдан устки кийимини олиб кийди-ю, ташқарига отилиб чиқиб кетди. Бахтсиз аёл улкан кулфатдан ўзини йўқотиб қўйган карахт одамдек эди, у қаерга, нима учун кетяпти, бунинг тайини ҳам, жавоби ҳам йўқ эди, фақат ҳаммасидан қочиб, қутулиб бўладиган бир парча жой қидириб кетарди, фақат шу эди нияти…
Кўча совуқ эди. Муздек-муздек шамол эсарди. Одамлар доимгидек шошилар, эркаклар шошар, аёллар шошар – ҳамма қаерларгадир шошиларди. Ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқ эди. Ниҳоят, бор чидами адо бўлди, Ма Паркер тамом бўлди, шунча узоқ ва оғир йиллардан кейин у йиғлаши керак эди, бир меҳрибон ва хилват жойда тўйиб-тўйиб йиғлаши шарт эди.
Кўзёш хаёлига келиши билан бирдан кичкинагина Ленни гўёки бувисининг этакларига ёпишгандек бўлди. Оҳ, менинг жажжи кабутарим, нима қилиб берай сенга? Бувинг йиғлашни истайди. Агар ҳозир йиғласа, бу қисматнинг аввалидан: хатларини йиртиб отган ўша бераҳм ошпаз, эрининг ажали ҳақида гапирган бешафқат доктор, жажжи руҳларга айланган етти бегуноҳ гўдак, эрининг ўлими, хўрланган олти етимнинг рўёбга чиқмаган орзу-умидлари, ўкинчлари – барининг алам-азоблари Ма Паркернинг қолган умрини кўзёшига ғарқ қилиши тайин эди. Аммо шунча кўп кўзёш тўкиш учун ҳам умрнинг узоқ даври кетади. Лекин энди барибир эмасми? Барибир йиғлаши керак. Энди қалб қийноқлари сабрни алалоқибат енгди, охири мағлуб бўлди у… Қаерга қочиб кета оларди?
Ма Паркер уйга кетолмасди, жажжи Этел ўша ерда. Кўзёшлари билан, чеккан изтироблари муҳр босган қиёфаси билан болани чўчитиб юбориши мумкин. Кекса оқсоч бирон ердаги ўриндиқда ҳам бемалол ўтиролмасди, қизиқувчан одамлар келиб уни саволга тутишлари мумкин эди. Бу алфозда унинг ёш ёзувчи хонадонига бориши-да уятли, чунки аёлнинг бегона уйда йиғлаб олишга ҳам ҳақи йўқ. Дуч келган биронта бинонинг зинасига ўтириб ҳам йиғлаб ололмасди – полициячи шубҳаланиши аниқ эди.
Наҳот одам холи қолиб, истаганча дардини тўкиб, тўйгунча йиғлаб оладиган хилват жой топилмаса бу ер юзида? Ҳеч ким индамаса, ҳеч ким халал бермаса, ҳеч ким малол олмаса? Ҳўнграб, ўкраб, баҳузур йиғлаб оладиган бирорта кимсасиз макон борми ўзи?!
Ма Паркер шу кўйи дам ерга, дам тубсиз осмонга боққанча узоқ туриб қолди. Аччиқ изғиринга айланган шамол унинг ранги униққан пешбандини учириб-учириб ўйнай бошлади. Ёмғир бостириб келарди. Йўқ, Ма Паркерга ҳатто йиғлагани ҳам жой йўқ эди.
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 6-сон