Байрам Али. Кутилмаган ташриф (ҳикоя)

Аёл меҳмонни эри ёнига бошлаб кирди. Ҳайтовур Бердиёр Исмат уни кўриб ғашланмади ёки ғашланса ҳам, буни дўстига сездирмади.
– Туман марказига етган оёқларинг Чимсаройга етмай қолади-я, – гўё гина қилди хотини чиқиб кетгач. – Ҳеч келмайсанлар! Ё бурунларинг кўтарилиб қолганми?
– Шунақа асарлар яратиб турмасангиз эсдан чиқиб кетасиз-да, – ҳазил аралаш пичинг қилди Ўткир Хидир ҳам. – Қишлоғида тинч ётгандир десак, хўп ажойиб қисса ёзиб ташладим, де?
«Тишлашгани келибдилар-да!» – дўстининг сохта табассум балққан кўзларига қараб хаёлидан шу фикр кечган Бердиёр Исматнинг лабидан бошқа сўз учиб чиқди:
– Тадбирларда кўринмайсан?
– Биз шундай тадбирсиз одаммиз, жўра!
– Балли! Боқса одам бўласан!
Шу пайт аёл патнис кўтариб кирдию иккалаларининг ҳам жонига аро кирди.
– Нега дугонамни, болаларни оп келмайсиз, Ўткиржон ака? – деб қолди суҳбат ўзанидан бехабар аёл.
Ўткиржон Хидирнинг ҳурпайган башараси бирдан ёришди.
– Э, келиш фикри тўсатдан туғилиб қолди-да, келин – тушунтириш беришга уринди, гўёки хижолатланиб. – Негадир юрагим сиқилаверди… Кейин ҳам бориб дўстимни кўрай, ҳам асари босилган журнал сонларини бериб табриклаб келай, дедиму лўкиллаб жўнайвердим.
– Лўкиллаб, дейсанми? Об-бо, сен Ўткир туя-ей!.. – Бердиёр Исмат дўстининг елкасига қоқди.
«Биламиз, юраклари нега сиқилганини…» – ўйлади ичида.
Аёлнинг фариштаси бор эканми, ҳарқалай, у чиқиб кетгач, суҳбат мавзуси, кайфият анча ўзгариб кетди. Таҳририятдаги ишлар, дўст-ёрлар ҳақида, адабиёт оламидаги янгиликлар борасида гап бошланди. Дўстининг бетайин ва ҳардамхаёл феъли ҳар қанча кулгисини қистамасин, Бердиёр Исмат бу «сокинлик»дан мамнун эди.
Аёл қовурдоқ келтириб қўйди.
– Қандай бўларкин, – дўсти қуйиб узатган ичкиликка суқланиб термуларкан, талмовсиради Ўткиржон Хидир. – Биласан, бизнинг юрак сал…
– Қанддай бўлади! – зўр бериб унинг кўнглини олишга тиришаётган, бу билан кўнгилсизликдан сақланишни ўйлаётган Бердиёр Исмат кўзини қисиб қўйди. – Ўнг тарафга эгилибро-оқ ичиб юборасан, юракка тегмай ўтиб кетади!
– Ҳа, тўғри… – кутилганидек Ўткиржон Хидир ҳам тезгина муросага кела қолди. – Чин, лекин шундай қилса бўлади.
– Ай, бу бошқа гап.
– Яқинда бир физик олим билан гаплашдим, – Ўткиржон Хидир гап бошлади оғзига овқат сола-сола, – билсангиз, биз олимлар ҳар кашфиёт қилганимизда табиат тилсимлари олдида инсон тафаккури тамоман ожиз эканини, бу билан яна бир карра мағлуб бўлганимизни англаймиз, дейди.
– Мисол учун?
– Айтди, мисол! Масалан, бирор газ таркибидаги арзимас бир қатор «атом» молекулалари ўзгариши эвазига газдан металл ҳосил бўлиши мумкин ёки шундай бир қатор молекулалар ўзгариши билан мутлақо бошқа жинсдан бўлак бир модда вужудга келади, деди… Биласанми, нима? Бу бир қатор «атом»ларнинг ўзгариши эса модданинг триллион фоиздан бир фоизи ўзгармоғи дегани экан… Тушунаяпсанми, дунёдаги энг кичик зарра «атом»нинг триллиондан бир фоизи ўзгарганига иккита жинсдан, шу икки жинсни ҳам тамомила рад этадиган деярли бутунлай бошқа модда вужудга келаяпти! Дунё олимлари яқинда шуни кашф этишибдию бу билан табиатнинг жумбоқларидан бирини ечганларига эмас, аксинча, жумбоқ туғдирганларига амин бўлишибди.
– Эй, физик билан лирикнинг машмашаси минг йиллик! – қўл силтади Бердиёр Исмат. – Ўша олимларингнинг хатоси шундаки, табиатга ҳукмини ўтказишга уринишади. Ҳатто табиат қонунларини ўзгартиришга ҳаракат қилишади! Аммо табиат ҳодисалари – тақдири илоҳий! Буни англаш учун эса филолог бўлиш ҳам, манглайи ерни тешиб юборган мулла бўлиш ҳам шарт эмас. Инсонга қалб керак!
– Ҳа… Тақдири илоҳий… – Ўткиржон Хидир бир дам ҳаракатдан тўхтаб дастурхонга тикилиб қолди. – Тақдир… Тақдир ростдан ҳам табиатнинг ўзгартириб бўлмас қонуни… – Сўнг ёзувчи дўстининг юзларига шиддат билан термулди, – аммо… Ҳаётимиздаги айёрлар-чи?! Туллак, доғулилар-чи?! Улар ҳатто табиатдаги айрим нарсаларни ўзгартириб юбормоққа қодир эмасмилар?!
Бердиёр Исмат бироз нотўғри мулоҳаза юритганини тушунди. Бироқ дўсти тилга олган аччиқ-тизиқ сўзлардан асабийлашди, ўрлиги тутди:
– Йўқ, қодир эмаслар! – деди бошқа гапни айлантиришни лозим топмай. – Табиатда нимадир содир бўлдими, демак шундай бўлмоғи керак!
– Ҳали… Табиат ҳам адолатни билмайди, дегин?..
Ўткиржон Хидир бир лаҳза дўстидан кўзларини олмай тикилиб тургач, индамай дас¬турхонга қўл чўздию шишада қолган ичимликни қуйиб, даст кўтарди.
– Бу сафар ўнгга эгилмадинг? – кесатди Бердиёр Исмат.
– Қўявер, дўстим, – аламангиз илжайди у. – Куйиб кул бўлсин юрак!
Нафсиламрини айтганда, Бердиёр Исмат ҳалиям вазиятни юмшатиб муроса йўлини танлашга уринар, ичкилик таъсирига тушиб қолган Ўткиржон Хидир эса энди унга тош отишни бошлаб юборганди. Киноялардан чарчаган Бердиёр Исмат ичида дўстининг гўрига ғишт қалай-қалай, иккинчи шишанинг оғзини очганини билмай қолди…
– Дарвоқе, ҳалиги асарингдаги мантиқий хатолик… – сўз ўйинларида дўстига тиши ўтмаслигини англаб, ниҳоят индаллога ўтди Ўткиржон Хидир. – Бу, албатта, менинг фикрим, тақдир, табиат ва ҳоказоларга зиғирча дахли йўқ!.. Ҳаммаси-ку, майли… Демоқчиманки, асар якунида чиқарган хулосанг ўта бачкана… Яъни Фаррухни «У нафратга лойиқ эди!» дея нохолисликка йўл қўйгансан… Ахир, соғлом фикр билан ўйла… Йигит алданган… Алданиб-хўрланган!.. Бу ойдай равшан-ку! Энди у бечора қандай нафратга…
– Шундай, лойиқ бўлади! – устма-уст ичилган ичимликдан ўзи ҳам «айний» бош¬лаган Бердиёр Исмат дўстининг бу галги очиқ ҳужумини очиқ кутиб олди. – Шу хулоса айнан мантиқдан эди! Билмасанг гапирма!
– Ним-ма? В-вой сен билимдон… – инкордан кўра кўпроқ қўпол муомаладан ранги гезарди Ўткиржон Хидирнинг. – Йўўқ!.. Аксинча, мантиқ бунинг аксини тақозо этарди-ку!.. ¬Ҳозир… Ҳозир сенга гувоҳ чақираман… Шу қилганингга!.. Ҳозир…
– Кели-и-ин! – у ўтирган жойидан деразага қараб бақира бошлади. – Малика?..
– Тинч қўй уни! – Бердиёр Исмат аччиқланиб дўстининг елкасидан босди. – Бас қил, ўкирма!
– Йўқ, ҳозир айтади… Ўзинг эшитасан… Ишонч ҳосил қиламиз…
Ичкарида бошланган шовқиндан хавотирланган аёл югуриб келиб эшикни очдию икковга саросималанганича қараб қолди.
– Келин… – унга кўзи тушиб энди бироз паст, аммо ҳамон ғазабга тўла хириллаган овоз билан буюрди Ўткиржон Хидир. – Журнални олиб келинг… Ҳали келтириб қўлингизга берган журналимни…
Эридан бирор сас чиқмагач, аёл гўё шу билан жанжал тўхтаб қоладигандай тез бориб ўша журнални кўтариб келди.
– Беринг… Беринг менга… Ўзингиз эса ўтиринг… – алланечук тараддуд билан шошиб унинг қўлидан журнални оларкан, Ўткиржон Хидир аёлнинг ўзига ҳам ўтиришни илтимос қилди. – Ҳозир топаман… Қанийди… Топаман ҳозир… Илтимос, ўтиратуринг… Сиз гувоҳ! Холис… ҳакамсиз!
– Мана! Мана шу ер… – Ўткиржон Хидир журналнинг керакли саҳифасини топиб ўқий бошлади: «…Келин-куёв учун безатилган столда ўтирган Камол Фаррухни кўриб ўрнидан туриб кетди. Фаррух кела солиб уни бағрига босди: «Камол! Табриклайман, дўстим! Табриклайман!». Камол эса негадир ҳеч нарса демасди. Шунда Фаррухнинг кўзи тўсатдан унинг ёнидаги келинга тушди. Жиққа ёш, чексиз оғриниш, алам зоҳир бўлган кўзларга, «Сиздан шуни кутмагандим», деяётганга ўхшаш ўша жоду кўзларга тушди…».
– Йўқ, бу жойи эмас… Булар бари тўғри… Ҳозир топамиз… – шу ерига келганда бир пас тўхтаб, у журналнинг қуйироқ қисмини янаям ҳаяжон билан ўқишга тутинди:
«…Ҳаммасини тушунган Камол бошини айбдорона эгдию уни қайта бағрига босди. Секингина қулоқларига пичирлади: «Кечир мени, дўстим! Ўшанда… Ахир мен ҳам уни севардим… Кечир…»
– Йўқ, бу ери ҳам эмас экан… Йўқ-қ… Мана!!! Мана бу ерини ўқийлик! «…Дўстини бағридан бўшатдию бир-бир босиб даврани тарк этишга уринди. Кўзларидан ёш тирқирар, қўллари мушт бўлиб тугилган, ғазаб ўти суяк-суягини ёқиб юбораётганди. Йўқ-йўқ, у Камолдан хафа эмасди. Бор нафрати, бор ғазаби ўзига қаратилган эди.
…У нафратга лойиқ эди!
Ўз-ўзига бўлган нафратига чидай олмай тўйхонадаги столлардан бирини тўнтариб ташламоқчи бўлганида, уни маст хаёл қилган куёвнинг қариндошларидан бири ғиппа бўғиб, ташқарига судрай бошлади…».
Журнални ўқиб тугатгач, Ўткиржон Хидир таққа тўхтаб аёлга тикилиб қолди. Аёлга недир илинжу умидлар ила интиқ-илҳақ тикиларкан, бамисоли оламшумул бир сирни айтаётгандай пичирлади:
– Ўзингиз, айтинг… Келин… Қандай қилиб… у нафратга лойиқ бўлади?! Қандай… Ахир, у бечора алданган… Боплаб алдашган… Доғули дўсти қизни унга нолойиқ ¬гаплар билан ёмонлаб… У шу хоиннинг гапларига ишониб суюклисидан юз бурганди-ку… Энди у бечора… Қандай нафратга?..
– Лойиқ эди, тамом! – шу дам хотини ўрнига Бердиёр Исматнинг қатъий айтган жавоби хонани жаранглатиб юборди. – Гап фақат севишда эмас, инсон, аввало, муҳаббатга муносиб бўлмоғи керак! Камол жилла қурса севгиси учун курашди, юракдаги севгисини асраб қолишга уринди… Ёлғон айтиб бўлса ҳам! Аммо Фаррух-чи?! Агар у худбин чиндан севганида, ўша севгига лойиқ бўлганида бировнинг гапларига қараб хулоса чиқармасдан, қизни ҳимоялашга уринмасмиди?! Йўқ, унақалар қачон бўлса ўзини оқлашни, қандай бўлмасин виждонини поклашни ўйлайдилар, холос! Унақалар ихтиёрий равишда висолни эмас, ажрни танлайди! Чунки унақаларга ҳар қандай ҳаловатдан изтироб афзал! Ундай тоифа ярамас одамлар учун жабрдийда бўлишдан ортиқроқ лаззат йўқ!
– Ана-а! Хах-хах-ха… – дўстини тилидан илгани учун Ўткиржон Хидир ғолибона, ҳузурланиб кулди. – «Аблаҳ» деди! «Аблаҳ» деб айтди! Ана энди қусурларингизни намоён қилаяпсиз, ўртоқ Исматов! Кўраяпсанми, гап нимада? Гап шундаки, сен уни – Фаррухни ёмон кўрасан! Ўз қаҳрамонингга адоватинг, ҳасадинг бўлган! Ха-ха-хах..! Мана энди сирлар очилаяпти!
Бердиёр Исмат ўрнидан сапчиб туриб кетди.
– Йўқол уйимдан, ғаламис!
– Кетаман… Қувмасанг ҳам кетаман… – шошиб қўзғалди Ўткиржон Хидир. Ўрнидан тураётиб эса бошини эгганча миқ этмай турган аёлга қаради. Аёлнинг совуқ ва лоқайд ёниб турган нигоҳларига нохос кўзи тушиб, қаттиқ оғринди: «Наҳотки, эрининг оғзини ёпишга уринмаса?..».
Ўткиржон Хидир тойиниб-суриниб уйдан чиқди. Дарвозадан ўтгач, дўстининг ҳовлисига яна бир бор алам билан қаради: у бу хонадонга кўп келган, лекин, мана, иккинчи бор ҳайдалаяпти…
Ўткиржон Хидир қишлоқ бекати томон гандираклаганча бораркан, Бердиёр Исматнинг асар қаҳрамони Фаррух тўғрисида айтган бешафқат гапларию аёлнинг кўзларидаги ўзига нисбатан совуқ ифодани эсламасликка тиришарди.
Дарвоқе, аёлнинг кўзлари ҳали ҳам жодули эди, ўшандаги – тўй оқшомидаги каби.

“ЎзАС”дан олинди.