Малан билан Миннини кўрган киши уларни ҳеч она-бола демайди, опа-сингил дейишади. Миннининг бўйи онасидан бироз баландроқ, холос.
– Малан, қизинг жудаям соҳибжамол-а! – дейишарди қўни-қўшнилар.
Минни шундай ажойиб қиз эдики, уни кўрсангиз худди гавҳар дейсиз! Латофатли ҳамда иффатли қиз! Малан қизига қараган сари қачонлардир мен ҳам қизимдек гўзал бўлганман, деб кўнглидан ўтказиб қўярди. Ҳа-я, кўнгли ўксимасаям бўлади, ҳали шарти кетиб, парти қолгани йўқ. Дунёда яккаю ягона у нимани қил деса, шуни бажаришга қодир кимса бор! Маланни кечаю-кундуз ўйлайдиган кимса ким бўлди экан-а?!
Уларнинг қишлоғига марварид билан савдо қилиш учун келган савдогар бўлмасин тағин. Ҳа, худди ўшанинг ўзи! Аёлнинг мужгонларида нега ёш йилтиллаяпти экан-а? Ҳа, у шайтон йўлдан оздириб, гуноҳга ботганлиги учун юм-юм йиғларди! Қизи улғайиб, бўйи етиб қолди. Улар то шу пайтгача ажралмай бирга яшардилар, энди эса у қизини узатяпти. Бир ҳафтадан сўнг қизи Минни қаллиғининг уйида яшай бошлайди. Йўғ-е, нималар деяпти, онасининг ўзи ёлғиз қоладими, йўқ, йўқ, йўқ асло!..
Малан хаёл дарёсига шўнғиди. Савдогар қишлоққа келганда албатта унинг эшигини тақиллатарди, Малан эса унинг истиқболига чиқиб, эшик очарди. Малан эртаю кеч савдогар ҳақида ўйлар, усиз ўзини бахтсиз ҳис этарди. Бу йил у ниманидир зориқиб кутар, бўлар-бўлмасга йиғлаб, хит бўлаверарди. Кунлар шу зайлда ўтаверди. “Бугун келиб қолса-я”, деган ўй Маланнинг миясида чарх уриб, уни қаттиқ ҳаяжонга сола бошлади. Бундан бир неча йил аввал сутдек ойдин кечада манго дарахти ёнида турганларида унинг чодираси бошидан сирғалиб тушиб кетганида, севгилиси чодирасини олиб, елкасига ташлаб қўйганди. Мана ҳозир ҳам шу чодирасини ёпиниб ўтирибди. Малан чуқур хўрсиниб қўйди.
Қад-қомати самбитдек, баланд бўйлик Минни кўчада гул-гул ёниб келарди. У чодира ёпиниб олганди. Минни ибодатхонадан қайтиб келмоқда эди.
– Отам ҳали ҳам келмадиларми? – сўради Минни онасидан.
– Бугун келмагани ҳам маъқул. Эртага келгани дуруст. Иши кўп, ахир тўйга озмунча нарса харид қилиши керакми, – совуққонлик билан жавоб берди Малан. Минни онасининг ёнига келди-да, унинг елкасидан эски чодирасини олиб, ўзининг янги жилваланиб турган чодирасини уринтириб қўймаслик учун онасига ўратиб қўйди.
Бу чодира шундай чиройли эдики, товланиб киши кўзини қамаштирарди!
Кеч кирди. Ниҳоят, тўлин ой ҳам сайрга чиқди. Айвонда ёлғиз Маланнинг ўзи ўтирарди. Ошхонадан тегирмон тошининг овози эшитилди – Минни ун қилиш билан овора эди. “Мен ҳам умр бўйи шу тегирмон тошидек чарх айланаман”, – кўнглидан ўтказди Малан. – Унга бугун нима бўлдийкин-а! Ҳаммасига мана шу ой сабабчи! Яна бир неча кундан сўнг бу ҳовлида қўшиқ янграб, қизининг кафтига ва товонига қизил мехнди суртиб безашади – қизи келинчак бўлади. Минни қимматбаҳо асл кийимлар кийиб, тақинчоқлар тақади. Сўнг куёв келиб, уни тахтиравонга ўтқазади-да, ўз уйига олиб кетади, келинчакнинг кафтини то қизил ранг кетгунга қадар ўпади. Качонлардир Маланнинг қўлини ҳам мехнди билан безашганди, лекин эри унинг кафтини ўпиб, қизил рангни кетказиш у ёқда турсин, лоақал кўнгил учун кафтига лабини теккизмаган ҳам эди, ҳатто қиё ҳам боқмаганди. Эри ишдан ҳориб-чарчаб келарди-да, апил-тапил овқатини еб, ўрнига узала тушарди. Малан эса ярим кечагача ухлолмай ётарди, тонг отиши олдидангина кўзи илинарди…
Тўйдан сўнг, орадан икки йил ўтгач, Малан ўзига ўхшаган ой деса оғзи бор, кун деса кўзи бор қизча туғиб берди.
Малан ўшанда ўзида йўқ хурсанд бўлганди, чунки ўз ёшлигини эслатувчи фарзанд дунёга келиб, қалбидаги орзу-умидни рўёбга чиқарганди.
Минни ишларини тугатгач, эшикни ёпиб келди-да, ухлагани ётди.
Бугунги тун негадир ўзгача! Уларнинг ҳовлилари тепасида тўлин ой аста сузарди. Ҳаво танга роҳат бахш этиб, майин эсарди. “Нега мен бу ерда ўтирибман! – ўйлади Малан. – Кимни кутяпман? Минни уйда ухлаяпти… Оҳ, нима учун отаси бугун қасддан қилгандек шаҳарга кетди-я!”.
Малан бошига қизининг ял-ял товланиб турган янги чодирасини ташлаб олди. Чодира ой ёғдусида шундай товланардики, гўё самодаги юлдузлар Маланнинг бошига қўниб, бўйни-ю, елкасида ғужғон ўйнаётгандек туюларди… Ёнгинасидаги манго дарахтида сайраётган қушча худди шундай сайраётгандек туюларди: “Эҳ, бугун у тун бўйи кимгадир нигорон бўлиб мижжа қоқмайди. Ҳа, бутун тун бўйи… интизорлик-ла кутаётган одами негадир келмаяпти…” Ҳа, бугун унга нима бўлди экан-а?! Балки буларнинг ҳаммасига унинг ёлғизлиги сабабчидир! Ҳозир у ёлғиз эмас-ку, ахир уйда қизи Минни ухлаяпти-ку! Бир ҳафтадан сўнг қизи келинчак бўлиб, қаллиғиникига бир умрга кетади…
Сўнг Маланнинг ёлғиз ўзи қолади… Эҳ, катта ҳовлида ёлғиз ўзи қолади… У бу ўйдан чўчиб тушди. Нега энди Минни кетади! У қишлоқ оқсоқолига келин бўлиб тушаяпти-ку, унинг ҳам ўз оиласи бўлади.
Малан эса якка қолади, ҳа, ҳа. Миннининг отаси доимо ўз иши билан банд. Унинг иши ҳеч битмайди, хотини билан бир оғиз гаплашишга вақти ҳам йўқ, қизиқмайди ҳам.
Малан қизи ётган хонага кирди. Қизи Минни донг қотиб ухлаб ётарди. Кеча савдогардан харид қилиб олган қизил кўзли билагузугини ечиб, бош тарафига қўйиб қўйганди.
Улар ерга тушиб, синиб қолмаслиги учун Малан уни жавонга солиб қўймоқчи бўлди. Лекин билагузукни қўлига олган заҳотиёқ уни тақиб олди. Билагузук ялтир-юлтир қилиб кўзни қамаштирарди. Бошига янги шойи чодира ёпинган. Қўлига эса қизил кўзли билагузук тақиб олган Малан ой ёғдуси ёритиб турган ҳовлига тушди. У дир-дир титрарди. Ногаҳон эшикнинг тақиллагани қулоғига чалинди.
Эшикни у интизорлик билан кутаётган кимса тақиллатарди. У ваъдасининг устидан чиқиб, Маланникига келганди. “Сутдек ойдин кечада эшигингни такиллатаман. Хоҳласанг очасан, хоҳламасанг йўқ. Сенинг эшигингни тақиллатишгагина ҳаддим сиғади, холос”, – деб ёзганди у хатида. Мана энди “тақ, тақ, тақ”, деган оҳиста, ёқимли, калбни ширин ҳиссиётга тўлдирувчи овоз эшитилаяпти. Ҳа, эшикни тақиллатаётган ўша… О, кишилар оромини ўғирловчи ойдин кеча!.. Баногоҳ осмонни қуюқ қора булут қоплади. Олам зим-зиё бўлди-қўйди, сўнг кимдир бирданига чироқ ёқиб юборгандек ҳаммаёқ ёришиб кетди. Шу топда Маланнинг оёқ товуши эшитилди. У дир-дир титраётган қўли билан калитни буради-ю, ўзини қалтираб, интизорлик-ла кутаётган кимса қўлининг эркалаб, қучаётганини сезди. Маланнинг лаъли лаби ўзга лаб тотини ҳис этди…
Малан ўзга кимса билан қишлоқнинг четидаги далага чиқиб, у ердаги дарахт тагида қанча вақт турганларини ва қанча вақт бирга бўлганларини эслолмади. Кўчадан икки ғилдиракли араванинг овози эшитилганидагина у ўзига келиб, кўзини очди-ю, севгилисининг қучоғидан чиқиб, ўрнидан турди-да, чодираси билан юзини беркитганча уйи томон ошиқди. Малан уйга қайтгач, қизининг билагузугини ечиб, аввалги турган жойига – Миннининг бош томонига қўйиб қўйди-да, бошидаги чодирани ҳам ечди, ўзининг эски чодирасини елкасига ташлаб, ўрнига бориб ётди. У аллақачондан бери уйқусини тополмаётган одамдек донг қотиб ухлаб қолди. Тонготаргача уйғонмади.
– Ойи, бугун сиз худди ёш қизчалардек бирам мириқиб ухладингизки, – деди Минни онаси уйқудан уйғонгач. Минни тонг саҳарлаб туриб, полларни ярақлатиб артиб, уйни ораста қилганди. Сўнг у ювиниб, сочларини турмаклади. Ибодатхонага бориш учун отлана бошлади. Минни кетгач, Малан уйнинг бўсағасига келиб ўтирди. Кишига ором бахш этувчи шабада эсарди. Атроф жимжит. Малан ўзини кўза тўла сутда сузиб юрган ясмин ғунчасига ўхшатди. Унинг кўзлари ширин, дилни орзиқтирувчи хаёл ичида дам юмилиб, дам очиларди.
– Ҳой, Малан! Ярамас, саёқ қизинг қаёкқа гумдон бўлди? – деган сўз қулоғига ўқдек кириб, уни довдиратиб кўйди.
– Қизинг бунча шарм-ҳаёсиз бўлмаса! Тўрт кундан кейин тўйи бўлай деса-ю, беҳаё қизинг кўнглига келган номаъқулчиликни қилиб юрса!
Қўшниси Лажо чакаги тинмай кетма-кет қизига таъна тоши отарди.
– Қизимга нима қилибди! Унинг номини булғашга ҳаққинг йўқ! Қизим пок! – шартта жавоб қайтарди Малан.
– Ҳм, қизим пок деб ёнини олмай қўя қол! Тун бўйи далада ким биландир санғиб юрди!..
Малан тахтадек қотиб қолди. Томиридаги иссиқ қон миясига урди. У қўшнисига бақрайганча тикилиб қолди, қўшниси эса жағи-жағига тегмай вайсарди:
– Бу воқеа ярим кечада – ҳамма ширин уйқуда ётганида рўй берди. Уйқум келмай ҳовлига чиқиб, кўча эшикни очдим, қай кўз билан кўрайки, қизинг бир киши билан остонангда бир бирига чирмашиб турибди. Бироздан сўнг улар уйингдан узоқроққа кетдилар. Тун бўйи эшигинг ланг очилиб ётди, улар тўғри дала томонга кетишди. Нима, бундай маҳалда кўзимга уйқу келарди, деб ўйлайсанми! Ҳозирги қизларнинг ҳаммаси шундай. Улар аввалги қизларга ўхшашмайди? Биз бечоралар ҳатто юзимизни очишга ҳам қўрқар эдик-а! – деди-ю, Лажо йиғлаб юборди.
Маланнинг тили калимага келмай қолди… Лажо эса йиғлаганча йўлига равона бўлди.
Эндигина унинг қораси кўздан ғойиб бўлган ҳам эдики, бехосдан оқсоқол Жуманнинг овози эшитилиб қолди:
– Эй, Малан, сенга айтадиган гапим бор!
– Нима гап, Жуман! – сўради Малан ўзининг овозинн таниёлмай – овози худди чуқур қудукдан чиққандек синиқ ва бўғилиб чиқди.
– Ярим кечада юз берган воқеадан хабаринг борми? Қизинг Миннини иффатли қиз деб ўйлайсанми! Қандайдир маъшуғи билан иккови узоқ вақт дарахт тагида туришди. Икки мартагача келиб уларни ўн қадам наридан кузатдим. Наздларида дунёни унутиб юборгандек, сармаст бўлиб бир-бирларидан бўса олишарди. Ундан сўнг дала томон йўл олиб, кўздан ғойиб бўлдилар. Мен тун бўйи уйингдан кўз-қулоқман. Биламан: тўрт кундан сўнг уйингда тўй бўлай деса-ю, эшигинг ланг очилиб, гуноҳга ботиб ётсаларинг. Тонготар чоғида кетдим, билмадим, қизинг уйга қачон қайтди экан. Шунақаям шарм-хаёсиз қиз бўладими! Агар у менинг қизим бўлганидами, калласини сапчадек узиб ташлаган бўлардим!
Малан тилига калтак келиб, киприк қоқмай, кўзларини бақрайтириб турарди. Жуман хўрсиниб, бошини чайқаганча ҳовлидан чиқиб кета бошлади. Жуман чиқиб кетишга улгурмаган ҳам эдики, ҳовлига катта ер эгаси Ранто ҳовлиқиб келиб қолди.
– Қизинг қани? – ғазаб билан қичқирди у. – Қани, у суюқоёқ! Буни қаранг, менинг даламга борибди-я, ярамас манжалақи! Ҳаммасини ўз кўзим билан кўрдим, аввал у даламдан якка ўзи чиқиб кела бошлади. Ёмон хаёлга бормадим. Сўнг қарасам, не кўз билан кўрайки, унинг ортидан эркак киши ҳам эргашиб келяпти…
– Ёлғон гапиргани уялмайсизми! – ғазаб билан қичқирди Минни. У оломон ортида туриб ҳамма гапни эшитганди.
– Нима, гапим ёлғон деяпсанми, манжалақи! Мени ёлғон гапиряпти деяпсанми? Бўлмасам, даламдан кимнинг билагузугининг манави кўзини топиб олибман, а? – деди-ю, қўлидагини Миннига узатди.
Минни билагузугининг кўзини санаб кўрганди, ҳақиқатан ҳам кўзи ўн битта чиқди! Унинг хуши бошидан учиб, кўз олди қоронғилашиб кетди.
Ҳаммаям кеча Миннининг қўлидаги билагузукнинг кўзи ўн нккиталигининг шоҳиди бўлганди. Ҳовлига борган сари тумонат одам йиғиларди. Маланнинг қавм-қариндошлари ва Миннининг бўлажак қайнонаси келиб, олган молларини ерга улоқтириб кетди. Томоша кўришга ишқибоз оломон воқеа нима билан тугашини кутиб турарди.
Ногаҳон, нимадир қудукқа шалоп этиб тушиб кетди. Ҳамма ҳушёр тортиб, овоз келган томонга ўгирилди. Улар орасида Минни йўқ эди! Ҳеч кимдан шу пайтгача ёмон сўз эшитмаган софдил, қалби булоқ сувидек пок қиздан ному-нишон қолмаганди. Ҳамма қудуқ томон югуриб кетди.
Ҳовлида биронта ҳам одам қолмади. Айвонда ёлғиз Малангина миқ этмай, тошдек қотиб турарди.
Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 8-сон