I. Рапаллолик кўкатфуруш
Таърифига тил ожиз кўкатфуруш ҳирқироқ товушда нола чекишдан тўхтади ва уйқуга тўймаган кўзларини менга тикди: у одатдагидай эрта тонгда уйғонганди.
Бу инобатга олишим шарт бўлган жиҳат эди.
Оғзидаги ўчиб қолган тамаки мен ёқтирадиган бовизанча услубда лаб бурчида осилиб турар, тор пешонасидан қалин жингалак сочлари тўкилиб тушган. Бўйнига рўмол ўраб олган, ўмрови офтобда тобланган, ранги унниқиб кетган қизил майка остида бақувват кўкрак мушаклари бўртиб турарди.
Растаси ортида ялпайиб ўтирган кўкатфуруш эътиборга арзимайдиган, қизиғи йўқ жонзотга қарагандай менга бошдан-оёқ разм солиб чиқди; қовоқ харид қилишга тайёр эмасдим.
Қирғийбурун, қуёшда хўп тобланган юз, вужудидан соғломлик уфуради. Ва тобора кучайиб бораётган мудроқлик.
Бирдан у: “Қовоқларим дуч келганга мўлжалланмаган, ҳақиқий мутахассисгина уларнинг асл қийматини била олади, бундай ҳаваскорларга йўл бўлсин!” – дея қичқиришга тушди. Турфа эътиқодсиз бандаларга нафратини изҳор қилувчи бир қанча иборани юмшоққина қўшиб қўйди.
Кўкатфурушнинг кўпроқ замонавий дорийчада янграган Литурия лаҳжасидаги мушоҳадалари қудратли ва бой синтактик асосга эга эди. Шу ондаёқ кўпгина нотиқлару одамларни тўғри йўлга чорлайдиган даъватчилар унинг олдида сариқ чақага ҳам арзимаслигига амин бўлдим.
II. Муножот
Девон ишлари билан шуғулланишим кераклиги, бунинг устига, тобим йўқлигига қарамасдан, сизлар ҳақингизда жуда кўп ўйладим, о, бечора марҳумлар!
Ҳар қандай ишда ҳафсала талаб қилингани учун ишимни давом эттиришдан бошқа чорам қолмаганди, шу боис ҳаётимнинг мазмуни ва асоси бўлиб туюлган, ният қилганим буюк қайғуни сизларга изҳор эта олмасдим.
Энг тоза ўй-фикрларимни жамлаб, сизларга чексиз таскин бахш этиши учун, ҳамма нарсани ҳал қилгувчи Зотга қаратилган муножотни яратмоқчи бўлдим. Аммо сизлар чароғон нурда яшаётган, мен эса сояда сўлаётганим учун яхши тушунаман: менинг туссиз кепатам сизлардаги чароғонликка, табиийки, бирор фойда келтира олмайди. Бунинг устига, овозим янграмаётган бўлиши, демакки, қулоғингизга бориб етмаслиги ҳам мумкин.
Нима қилсам экан? Юриб кетаётганимда, бундай қилмаслигим керакдай туюлади. Сўзлаётганимда худога шак келтираётгандай бўлавераман; қоқ туш маҳали ўсимликлар нур эмаётганида эса айбдорлик ва уят ўтида қовриламан.
Мени афу этинглар!
Мен сизлардан ўрнак олишга ва ортларингдан эргашишга интилган эдим, аммо сизлар қабул қилмаган эдингиз. Жиддий хатоларга йўл қўйганим аниқ эди ва шу боис сизларнинг Легионларингизга ёзилишим насиб қилмаганди.
Бу мени эсдан оғдирарди. Аммо мен сизлар ҳақингизда ўйлайман, азиз дўстларим, марҳумлар.
Ана, узоқ, тунд тоғлар, тоғ ва ўрмонлар устида эса орзу ёки фикр кўринишидаги булутлар сузмоқда.
III. Мангу ҳақиқат
Йирик чумоли у ёқдан-бу ёққа зир югуради, фақат иш ҳақида ўйлайди, ингичка асабий панжалари орасида хасни тутамлаганча омборига кириб-чиқаверади: бизнинг меҳнаткаш деҳқонимиз хўжалик қурилишларидан уйга қараб кетиб бормоқда.
Чумоли новда топиб келиб, уюм устига қўяди, сўнг уйдан челак билан чиқиб, уни тўкади, мана, у асбоб-ускуналари билан яна далада, кейин сават билан қайтиб келади ва бир четга қўяди. Кейин янчиши керак, кейин тўқиши керак. Кейин сиқиши керак, кейин суғориши керак; кейин тўқиши, кейин тўшаши, кейин дасталаши керак. Кейин қўзғаши, кейин йиғиши, кейин аралаштириши; кейин анави маҳмадана билан қушларга дон олиб бориши ҳам; кейин соғиши, кейин ёпиши, кейин ўрнини алмаштириши керак.
Ва у ташийди, ўрнини алмаштиради, шу тарзда куни ўтиб кетади.
Кун товушлари худди комедиядаги каби ўз навбати билан учиб ўтаверади.
У буларни ҳатто эшитмайди ҳам.
Кун товушлари ўз қайғуларини куйлаб бўлган. Бошқа ҳеч нарса йўқ.
Фақат тер ва ёлғизлик.
Қўнғироқ овозигина жаранглаб, ўз вақтини белгилаш маросимини адо этади. У эски минорадан мангулик ҳақидаги қадимги фикрдай жаранглайди.
Кулранг чодирларга соя туша бошлагани туннинг қурилишга қараб энгашаётганини билдиради. Иш уюмларида ҳеч нарса кўринмай қолганидан кейин эса танаффус қилиш мажбурий бўлиб қолади.
IV. Марказий Италияга тезюрар поезд
Кузатувчининг уйчаларида болалар яшайди: қалпоқча ва соч тасмали, кўзлари чарақлаган, ўзига катта ичкийим-калта иштончаларда – улар юбкадан ҳам узун, она нон ва нўхатнинг ўстирувчи кучини олдиндан билади. Бугун ер супуриб юрган ичкийимлар эртага калта бўлиб қолади.
Дарё устида кўприк бор, дарёдан канал оқиб чиққан. Кўм-кўк сув сирли буйруққа бўйсуниб тўхтаб қолган ва тайёр ҳовузга айланган кўринади.
Локомотив темирларини ҳорғин ҳаракатлантирганча (бурилишда кўриниб туради) кўприкка чиқади, ёлғиз электростанция устидан ўтиб кетади. Водийни қоплаб олган қуюқ зулматда уни ҳеч ким пайқамай қолади: на ҳозиржавоб дипломатлар, на-да хонимлар. Ҳов анави буталар соясининг фуқароси бор, у ерда иккита кўз, ёвуз ёнартош яшайди: бу қоронғиликдан одам болаларини эмизиш учун келган урғочи бўридир; ўжар генераторлар елкасидаги кўринмас юкни тортқилайди, далаларда қотиб қолган сукут ичра сув оқимлари шиддат билан чархпалакни айлантиради.
Ғалати тақинчоқлар ва симли асосни тутиб турган ёлғиз гигантлар кенг очилган қўллари билан арзимас тоғларни ошиб ўтади.
У ёқда эса целлюлоза заводлари, пахта фабрикалари ва бошқа корхоналар бор. Аммо улар кўринмагани учун таърифлаб ўтириш бефойда.
V. Эски базилика
Кавалер Ло Йодиче, бош бригадир Ди Маттео ва қидирув бўлимининг яна икки ходими беш кундан буён уни бешафқат таъқиб этиб келишаётганди.
Бардан-барга, кварталдан-кварталга, бу дунёдан – у дунёга! Америкада эканидаёқ улфатидан ўғирлаб олгани тўппончани сотиб юборган, икки кун олдин еган кечки овқати сўнггиси бўлиб турибди.
У ҳолдан тойганча манави тош ўриндиққа судралиб келди: эски газеталар, боғичлар, олтингугурт қутилари, сотувчи эса кўринмайди. Ўриндиқ четидан анқиётган шиптир ҳиди ҳар қандай итнинг орзуси – нақ димоқни ёради.
Олисларда қолган, йитиб кетган нарсаларни бирдан қўмсади: онаси ёдига тушди.
Кўз ўнгида майдон, бандаргоҳ, черков қад ростлади. Эски қаср устунлари қум қатламини ёпиниб олган – буни Тичино дарёси Пенин ғорлари билан келишган ҳолда амалга оширган. Тунд булутлар орасида Монтероза тоғ тизмалари кўзга ташланади.
Қаср устунлари чўккан қатлам остида қайноқ кулдан то Дезио ва Парабьяго ғала-ғовурларига қадар бўлган ўз йўлларини босиб ўтган авлодлар хоки ётибди.
Вақт гўзаллигидан айирган тўртбурчак минора совуқ туманларни кутаётгандай. Дарахтлар совуқдан қунишиб қолган, қўнғироқлар овози кишини бесамар ўй оғушига ташлайди.
Улуғвор чирой! Коринфча ва аралаш турдаги тарновлар, токчалар, ҳўкиз бошини ва азамат жавонмард совутини ёдга солувчи нақшлар, ёрқин ярқироқ мармарлар!
Нега ломбард ўлкасида бундай бебаҳо нақшларга мафтун бўлишмайди? Тўртбурчак устунга таянган ғиштин арк қўпол кўринади. Қўл остига империя ҳукмронлигига ёки одамлар юрагига ин қурган илонга қарши чиққанларни жамлаган хоч – сулола белгиси саналади.
Ёт ўлкаларда ёғоч черковларини руҳ маъданининг тўлқинли барглари худди бандаргоҳ омборлари каби қоплаб ётган, доклар орасидан қора рангли тезюрар поездлар кўринадиган шаҳарлар бор.
Юк вагонлари текис тахланган оғир параллелепипедларни ортмоқлаганча елади. Қордай оқ кийимли бош официант тушлик қилинадиган вагон марказида жойлашган столга энгашганча ҳамма ўтиш кўрсаткичларида силкиниб-чайқалаётган бир дамда ҳаракатсиз кетаётган хўрандаларга бенуқсон хизмат кўрсатмоқда. Мувозанат сақлашнинг буюк устаси! Спагетти ўрамлари ҳар бир ликопга тартиб билан солинади, ортидан помидорли қайла қуйилади.
Кейин поездлар билимдон муҳандислар Кастильяно ва Максвелл назариясини қўллаган ҳолда ҳисоблаб чиққан эҳромлар бирикмасида тўхтайди. Вокзалнинг кенг майдонига одамлар тўдаси ёпирилади: ишлаб чиқарувчи, транспортга тегишли ва оддийгина йўловчи бўлган ғаройиб хонимлар, жиддий эркаклар.
Рус тилидан Муҳайё Йўлдошева таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 6-сон