Лаша Табукашвили. Хаёлот дардида (икки қисмдан иборат пьеса)

Эслатма

Резонинг пойма-пой гапларидан ажабланмаслик керак. У баъзи-баъзида, гўё бу дунёнинг одами эмасдек, хаёлот оламига чўмиб кетади.
Таржимон

ҚАТНАШУВЧИЛАР:

Резо Мхеидзе – талаба, филолог.
Нинико – архитектура куллиётининг талабаси.
Еленэ – Резонинг бувиси.
Бадри – талаба, Резонинг дўсти.
Гела – талаба, Резонинг дўсти.
Лена – Резонинг қўшниси.
Кирилэ – Ленанинг эри.
Она – арвоҳ

БИРИНЧИ ҚИСМ

1

Стол, стул ва диван билан жиҳозланган хона. Бир чеккадаги тумбочкада магнитофон турибди, унинг стериокарнай (колонка)лари деворга осиб қўйилган. Деразадан мовий нур ёғилади – янги кун бошланмоқда.
Диванда мукка тушиб, Р е з о ухлаб ётибди. Жимлик. Телефон жиринглайди. Р е з о эътибор бермайди. Телефоннинг овози тинади. Зум ўтмай қайта жиринглайди. Р е з о ёстиқни олиб, телефонга қараб отади. Аппарат ерга тушиб, бир неча қисмга бўлинади. Яна жимлик ҳоким бўлади. Р е з о ўрнидан туриб, аппарат қисмларига маъюс назар ташлайди, сўнг ерга ўтиради.
Р е з о (қўлларига уриб). Мана сенга, мана сенга! Ярамаслар… (Телефон қисмларига қараб) Сен эса тонг саҳардан сайрама! (Аппаратни йиғиб, қулоқ солиб кўради. Ҳеч қандай товуш эшитилмайди). Хафа бўлдингми? (Аппаратни бир-икки силтаб, гўшакни қулоғига тутиб кўради). Хафа бўлсанг бўлақол, жин урсин сени, ялинмайман. (Аппаратни жойига қўйиб, тахтага бориб чўзилади).

Телефон жиринглайди.

(Ўрнидан сапчиб туриб, гўшакни қулоғига тутади). Лаббай… Қанақа Луиза? Луиза йўқ бу ерда… (Гўшакни жойига қўяди).

Телефон қайтадан жиринглайди.

Эшитаман… Ҳой, оғайни, мен Луизангни танимасам, унинг қаерда яшашини қаёқдан билай… Билмайман, чунки билмайман… Билмаганимдан кейин билмайман-да! Йўқ, қулоқ солсанг-чи! Гапимга тушунасанми-йўқми? Йўқ, тушунишни истамаяпсан! (Гўшакни қўяди.)

Телефон яна жиринглайди.

(Гўшакни қулоғига тутиб). Луиза йўқ! Луиза бу ерда яшамайди!
Бундан кейин ҳам ҳеч қачон бу ерда яшамайди Луиза!.. Қанақа қишлоқ? Қишлоқнинг нима алоқаси бор?.. Қишлоқдан келганмисан?.. Қўнғироқ қилганинг учун, балли, азамат, дейман. Қишлоқларингизда бу йил ҳосил қалай, ҳосил? Яхшими?.. Омадларингизни берсин. (Гўшакни жойига қўяди).

Тағин қўнғироқ. Резо чиқиб кетади. Сувнинг шариллагани эшитилади. Телефон узоқ жиринглайди. Оғзида тиш чўтка, елкасига сочиқ ташлаб олган Резо шошиб киради ва телефонга бир нафас қараб туриб, чиқиб кетади. Телефоннинг овози тинади.

Р е з о (қайтиб кириб, телефон рақамларини теради). Бадри? Салом. Ҳа, бу – мен… Ҳозир сен қўнғироқ қилган эдингми?.. Кечирасан, сенмисан, деб ўйлабман… Ғалати бир одам ҳеч тинчлик бермаяпти. Телефонга яқинлашгани юрагим дов бермай қолди. Тонг-эртадан жиринг-жиринг қилиб асабимга тегяпти… Оғайни, мени кечир-у, лекин бугун имкониятим йўқ – ногирон бўлиб қолдим… Гела гапириб бермадими? Мен унинг уйини таъмирлаб бердим! У менга ёрдамлашиб турди, лекин нарвондан йиқилиб тушган мен бўлдим. Тўпиқ суяги лат еган ҳам – мен!..Ҳа, шунақа!.. Ҳа… Ҳа… Яхши, хўп, эртага бизникида. Албатта, бунақа оёқ билан қаёққа ҳам бораман! Эртагача. (Гўшакни қўяди).

Е л е н э киради, Резони қучиб ўпади.

Е л е н э. Оғритяптими?
Р е з о. Бўлмаган гап!
Е л е н э. Оғритмаяптими?
Р е з о. Йўқ.
Е л е н э. Биронтаси билан муштлашиб қолдингми? Ростини айт менга.
Р е з о. Хоним! Сиз мен билан ғайритабиий услубда гаплашмоқдасиз.
Е л е н э. Майнабозчилик қилманг, болагинам!..Яхшиси, ижозат беринг, компрессингизни янгилаб қўяй.
Р е з о. Ҳожати йўқ. Илтимос, марҳамат қилиб, мени тинч қўйинг. Бўлмаса ҳозир ечиб олиб, деразадан отаман. (Кийина бошлайди).
Е л е н э. Жуда озиб кетдинг, болам… (Оғир тин олади). Хўп, яхшиси, мен борақолай.
Р е з о. Ёмғир ёғяпти-ку! Қаёққа бормоқчисиз?
Е л е н э. Черковга.
Р е з о. Черковда нима қиласиз?
Е л е н э. Ота-онанг хотирасига шам қўйиб келмоқчиман.
Р е з о (паришонхотир) Шунақа денг… Дарвоқе, мен сизга нимадир демоқчи эдим. Лекин…Ҳа, эсладим! Кеча пастдаги қўшнимиз, тикувчи Лена кириб, роса шовқин кўтарди. Бизникидан оққан сув уларникига тушаётганмиш! Сиз уйда йўқ эдингиз. Мен уни базўр…
Е л е н э (бўшашиб). Сўнгги пайтларда менга нима бўлаётганини ўзим ҳам билолмаяпман… Жўмракни бурашни унутиб, чиқиб кетган бўлсам керак…
Р е з о. Мен эса, унга шунақа кўринганмикан, деб ўйлабман. Бизнинг полимиз қуруқ эди-ку.
Е л е н э. Уларнинг шипидан сув кетибдими? Пастга тушиб кўрмадингми?
Р е з о. Тушиб нима қиламан, бувижон!.. Хаёлим ана у алвастини тинчитишда бўлди. Ленани кўрсам, жиним қўзғайди…
Е л е н э. У билан жанжаллашиб ўтирма. Умуман ҳеч ким билан жанжаллашиш керак эмас. Ҳамма билан тинч-тотув яшаш керак.Сенга нима олиб келай?
Р е з о. Сигарет.
Е л е н э. Яна нима?
Р е з о. Бошқа ҳамма нарса бор. Овқат кавшагим келяти.
Е л е н э. Овқат егим келяпти, демоқчи эдингми?
Р е з о. Тушундингиз-ку.
Е л е н э. Нонуштанг стол устида турибди. Мен кетдим. Ақлли йигит бўлиб ўтир.
Р е з о. Хўп. Албатта ақлли йигит бўлиб ўтираман.

Е л е н э чиқиб кетади. Резо магнитофонни ёқади. Эшикнинг қўнғироғи жиринглайди. Резо оқсоқланиб чиқиб кетади ва сочи узун қиз, Ниникони бошлаб киради.

Н и н и к о. Кечирасиз.
Р е з о. Ҳечқиси йўқ, ўтаверинг.
Н и н и к о. Раҳмат. А… Ҳа айтгандай… Ҳурматли Еленэ уйдами?
Р е з о. Ҳурматли Еленэ уйда йўқ. Чиқиб кетган эдилар, муҳтарам меҳмон.
Н и н и к о. Афсус!
Р е з о. Нега? Кутиб турсак, тезда келиб қолади.
Н и н и к о. Йўқ, кута олмайман, яхшиси, кейин келарман.
Р е з о. Йўғ-э… Ҳурматли Еленэ бир неча дақиқа ичида қайтиши керак. Балки бундан ҳам тезроқ келиб қолса, ажабмас.
Н и н и к о. Ростданми?
Р е з о. Ёлғон.
Н и н и к о (шубҳа билан Резога, сўнг соатга қарайди). Ундоқ бўлса, озгина кутиб тураман.
Р е з о . Рухсат этинг. (Ниниконинг плаш ечишига ёрдамлашади).
Н и н и к о. Раҳмат.
Р е з о. Ташқарида ёмғир. Намгарчилик. Жалада қолибсиз-да.
Н и н и к о. Ёмғир кутилмаганда бирдан ёға бошлади. Аввал офтоб чиқиб турган эди, кейин…
Р е з о. Ҳаёт! Куз!
Нинико. Ҳа, куз.
Р е з о. (чиқиб кетиб, мева солинган идиш кўтариб киради). Сахий табиатнинг тортиғи, марҳамат.
Н и н и к о. Овора бўлманг, раҳмат.
Р е з о. Нега овора бўлмас эканман. Таъмини кўринг.
Н и н и к о. Ҳеч нарса егим йўқ, раҳмат
Р е з о. Ҳазиллашяпсизми? Сезиб турибман, жудаям егингиз келяпти. Олмадан олинг. Олинг, қизларга ўхшаб ноз қилманг.
Н и н и к о (хижолат бўлиб, олмани қўлига олади). Раҳмат.
Р е з о. Ош бўлсин.

С у к у т.

Хўш, мазаси яхши эканми?
Н и н и к о. Ҳа… Ишончингиз комилми уларнинг…
Р е з о. Ҳа , ишончим комил. (Унга қўлини узатиб) Резо!
Н и н и к о. Нима дедингиз?
Р е з о. Резо – менинг исмим. Бу исмни гапириш эмас, фақат алоҳида иззат-ҳурматлаб талаффуз қилиш лозим.
Н и н и к о. Шундайми?.. Меники Нинико.
Р е з о. Ғоят мамнунман.

С у к у т.

Мен сизни қаердадир кўрганман. (Унга тикилиб қолади.) Келинг, яхшиси, танишишнинг бунақа аҳмоқона услубидан воз кечайлик. Бирон ерда ўқийсизми?
Н и н и к о. Ҳа…
Р е з о. Қаерда?
Н и н и к о. Нима эди?
Р е з о. Ўқияпсиз – жуда соз! Порлоқ келажагимизни саводли мутахассислар сифатида биргаликда қурамиз. Қаерда ўқияпсиз?
Н и н и к о. Меъморчилик институтида.
Р е з о. Нафис мутахассислик. Аълочи бўлсангиз керак?
Н и н и к о (кулиб). Жуда унақамас…
Р е з о. Яшаш жойингиз-чи? Институтдан узоқдами? Яқинми? Тезроқ гапиринг-да…
Н и н и к о. Вакда турамиз.
Р е з о. Ана холо-ос! Телефонларингиз рақамлари йигирма иккидан бошланади. Ҳозиргидек эсимда! У ерда бир дўстим яшарди!
Н и н и к о. Нима учун, яшарди, деяпсиз? Унга бир нима бўлганми?
Р е з о (кўзларини ола-кула қилиб). Ҳа, эртами, кечми, ҳамма, афсуски, турмушга чиқади… уйланади. Кейин-чи?
Н и н и к о. Нима кейин?
Р е з о. Телефонингизнинг рақами.
Н и н и к о (соатга қараб олиб). Ортиқ кута олмайман.
Р е з о. Бувим бирор дақиқада келиб қолади. Балки бундан ҳам тезроқ.
Н и н и к о. Қанақа буви?
Р е з о. Бувидака буви-да. Мана бунақа… (Қўлларини ёзиб кўрсатади.) Менинг бувим, мен сизга айтсам…Ўта ҳурматли ..
Н и н и к о.Сизнинг бувингиз?
Р е з о. Бошидан бошлайман. Менинг бувим бор. Ҳурматли инсон. Тезда келади.
Н и н и к о. Ёши нечада? Менга, қирқ ёшдан ошмаган аёл, дейишган эди.
Р е з о (кулади). Вой, енгилтак одамлар-а! Бошқа нима ҳам дейин? Агар бувим қирқ ёшдан ошмаган бўлса – унда мен неча ёшдаман?
Н и н и к о. Йигирма икки.
Р е з о. Йигирма икки ойми?
Н и н и к о (кулади). Йўғ-э, йигирма икки йил… Тўғрими?
Р е з о. Йигирма бир. Бу – менинг ёшим, бувимники эмас… Бувим яқинда етмиш ёшга тўлади.
Н и н и к о. Қизиқ…
Р е з о (унга тикилиб қарайди). Сиз шунақа деб ўйлайсизми?
Н и н и к о. Таажжуб…
Р е з о. Ёмғир ва сиз – мана бу таажжуб…Мен, сиз, ёмғир… Биз ва ёмғир… Ахир сиз ростдан ҳам ёмғирдан чиқиб келдингиз!
Н и н и к о (ҳайрон бўлиб унга қараб қолади). Нима бўпти?
Р е з о. Шундай ирим бор. Агар олдингга бирон нотаниш одам ёмғирдан чиқиб келса – бу ҳамиша бир нимани англатади, дейишади.
Н и н и к о. Сиз иримларга ишонасизми?
Р е з о. Мен ёмғирга ишонаман.

С у к у т.

Н и н и к о (хижолатда). Сиз… ўзингиз қаерда…
Р е з о. Нима?
Н и н и к о. Қаерда ўқийсиз?
Р е з о. Мен бувимнинг ишини давом эттирмоқдаман!
Н и н и к о. Сиз ҳам тикувчимисиз?
Р е з о. Тикувчи?!
Н и н и к о. Тикувчи эмасмисиз?
Р е з о. Унчалик эмас… Тўғрироғи, мутлақо тикувчи эмасман. Гап шундаки, бизнинг филология куллиётимизда ҳозирча тикувчиликни ўргатишмаяпти. Фақат баъзи-баъзида кашта тикиб турамиз. Бу бошқа масала.
Н и н и к о. Филологияда… Бувингиз-чи?
Р е з о. Бувим айрим пайтларда тикиб туради, лекин у киши ҳам филолог. Яна, қанақа денг, аъло даражадаги филолог!
Н и н и к о. Тушунарли. Демак, мен бошқа жойга келиб қолибман-да…
Р е з о. Йўқ, айни жойига келдингиз. Тикувчи Лена биздан бир қават пастда яшайди. Лекин сиз айни жойига келдингиз. Чин сўзим. Ёмғир ҳақига қасам ичаман!
Н и н и к о. Узр, сизга халал бердим… кетақолай…бўлмаса машғулотга кеч қоламан.
Р е з о. Нега? Қаёққа? (Унинг йўлини тўсиб) Шошмай туринг…
Н и н и к о. Оқсоқланяпсизми?
Р е з о. Ҳа, оқсоқланаяпман. Мина портлашидан жароҳатландим. Кеча… Нега менга бунақа қараяпсиз? Ишонмаяпсизми? Наҳот мен қаҳрамонга ўхшамасам?
Н и н и к о (жилмайиб) Йўқ, нега энди…
Р е з о. Оддий қаҳрамон… Бу воқеа шундай бўлди: Янглишмасам, об-ҳаво ажойиб эди. Хуллас, бузилиши лозим бўлган уй. Уйнинг олдида болалар ўйнаб юришарди. Икки ўрим кокилли қизча мина топиб олган экан. Ўйинчоқ деб ўйлаганми. Тажрибасизда. Шу пайт мен бориб қолдим… Чиройли, хушбичим, йигирма бир яшар қувноқ йигитман. Ҳар қачонгидек, енгил қадам ташлаб борардим. Табиатдан завқланиб, атрофга жилмайиб қарардим. Бир пайт ўткир кўзларим қизчани кўриб қолди. Кейин унинг икки ўрим кокилига, қўлидаги минага назарим тушди. Зийрак одам эмасманми, қизча кокилларини силкишга улгурмасдан бир нафасда ёнига етиб бордим, қўлларидан ўлим қуроли бўлмиш минани тортиб олиб, ерга ташладим-у, уни беркитиш учун оёғим билан босдим. Мана бу оёғим билан…Хуллас,.. нарвондан йиқилиб тушдим.

Н и н и к о кулиб, қарсак чалади.

Яна бир воқеа бўлган эди. Бир куни имтиҳон топширгани ўқитувчимиз Георгий Ивановичнинг уйига бордим. Эшикни очган хотини мени ҳозиржавоб ва тезкорлигим учун мақтади, болахонага олиб чиқди… У ерда икки соат давомида ғўлаларни арралаб қирқдим. Шунчалик мақтаган экан, дедим ўзимга ўзим, қирқиш керак. Каминга мослаштириб майда қилиб қирқиб, тахлаб қўйдим. Хоним раҳмат айтиб, пул узатди. Табиийки, олмадим. Яхшиси, эрингиз дафтарчамга “зачет” қўйиб берсин, пулни янаги сафар оламан, дедим. Шу пайт Георгий Ивановичнинг ўзлари пайдо бўлди. У киши хижолат чекиб, шошиб қолди ва дафтарчамга “зачёт” қўйиб бериб, пулни ҳам олишга кўндирмоқчи бўлди… Лайза Минеллини эшитишни хохлайсизми? “Нью-Йорк – Нью-Йорк”. Янги мусиқа.
Н и н и к о. Жуда қувноқ одам экансиз. Раҳмат. Институтга чопишим керак.
Р е з о. Қўйсангиз-чи!
Н и н и к о. Йўқ, рост, жудаям шошиб турибман.
Р е з о. Афсус… (Ниниконинг плашини кийишига ёрдамлашади). Сиз билан мулоқотимиз мен учун жуда кўнгилли бўлди. Сиз шунақа… ёмғир, сиз, қаёқдан, қандай қилиб! (Уни ўпади). Бас! Сўзга ўрин йўқ! Ўз-ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Бундай қилишга қандай журъат этдим! Йўқ, мен ўзимни жазолашим керак! (Нима қиларини билмай гарангсиб қолган Ниникони яна ўпади). Уялмайсизми? Яна…Йўқ-йўқ, фақат йиғламанг. Бу ҳуснингизни бузиб қўяди. Менга қаранг, мен йиғлаётганим йўқ-ку.
Н и н и к о. Сиз…сиз…
Р е з о. Ҳа. Сиз менинг қўлларимни орқамга қайириб, зўрлаб ўпдингиз, лекин мен йиғламаяпман.
Н и н и к о. Мен ўпдимми?!
Р е з о. Мен ўзимни ўзим ўпдим.

Н и н и к о сумкасини олиб, чопиб чиқиб кетади.
Р е з о­ шошиб оқсоқланиб, унинг орқасидан юради.
Кузатиб қўяман. (Тўхтайди). Жонгинам, оқсоқ оёғим билан сенга ета олармидим?…

Телефон жиринглайди.

(Гўшакни кўтариб) Лаббай? Луиза ваннада чўмиляпти!

2

Парда олди (авансцена) Н и н и к о янги кўйлакни кийиб кўрмоқда. Тикувчи Л е н а унинг атрофида парвона. Мўйловли, новча киши – Ленанинг эри К и р и л э нимадир ахтаради.

Л е н а. Эҳ, жонгинам, қанчалик чарчаганимни билсангиз эди! (Ниниконинг эгнидаги кўйлакнинг ипини тишлаб узади). Бир дунё иш!.. (Кирилэга)Нега бу ерда ўралашиб юрибсан?
К и р и л э. Газета қидиряпман.
Л е н а. Газетанг бу ерда йўқ.
К и р и л э. Бўлмаса қаёққа кетади?
Л е н а. Билмайман. Бошқа жойдан қидир. Кўриб турибсан-ки… (Ниникога) Агар сиз Виола юборган одам бўлмаганингизда, бу ишни рад қилган бўлардим.
Н и н и к о. Раҳмат.
Л е н а. Ах, Виола, Виола… (Чуқур нафас олади). Ростини айтсам, шунақа гўзал қиз бўлмаганингизда Виолага ҳам рад жавобини берган бўлардим.
Тепадан шифт орқали мусиқа эшитилади.

Вой, худойим-эй, яна ўша телба!
Н и н и к о. Телба, дейсизми?
Л е н а (шифтга қараб) Унинг тунгги меҳмонлари шунақа жонимга тегдики! Мусиқа! Шовқин! Безори! Уни тузатиб бўлмайди. Бедаво у! Ҳеч кимга қулоқ солгиси йўқ.
К и р и л э. Эс-ҳуши жойида, бинойидек эркак. Сен ниманиям тушунардинг…
Л е н а. Мен уни эс-ҳуши жойида эмас, дедимми?
К и р и л э. Нима учун у ҳақда бунақа фикрдасан, билмадим. Англайсанми…
Л е н а. Нега бу ердан чиқиб кетмаяпсан?!
К и р и л э. Газета қидиряпман, дедим-ку, бекорга ранжима. Мен ранжимайман.
Л е н а. Хой, мен тикувчиман, матбаахона эмасман.
К и р и л э (минғиллаб). Сен матбаа эмассан, сен уй ошхонаси эмассан, сен “ТУ-104” эмассан… Менга қара, сен кимсан ўзи, англайсанми?..
Л е н а. Мен сенинг хотинингман. Жўна бу ердан!
К и р и л э. Эринг билан қанақа гаплашяпсан?!
Эшик қўнғироғи жиринглайди. К и р и л э чиқиб кетиб, Р е з о н и бошлаб киради.

Р е з о. Салом. Сув қаердан оқяпти?
К и р и л э (шифтга ишора қилиб). Ана у ердан…ана у ердан… мана бу ердан… ҳамма ёқдан томяпти.
Л е н а. Сен мени ёлғон гапирди, деб ўйлаганмидинг?
Р е з о. Эртагаёқ бўёқчиларни олиб келаман. (Ажабланиб, шу билан бирга шодланиб). Нинико! Қанақа шамол учириб келди? Сени кўрмаганимга минг йилу уч кун бўлди–я! Қаёққа ғойиб бўлдинг? Қидирмаган жойим қолмади.
Н и н и к о (паришон ҳолатда). Мен…мен…
Л е н а. Эртага сен бўёқни қаёқдан топа қоласан? Яхши бўёқчини топиш осон, деб ўйлайсанми?
Р е з о. Эртага, дейсанми? Бўлмаган гап. Шифт аввал қуриши керак. Кейин мен ўзим бўяб бераман.
Л е н а. Йўқ, бунақаси кетмайди! Сен ҳўв бирда, бир марта бўягансан. Қимматга тушиб кетади.
К и р и л э. Қачон қурийди, биласанми…
Р е з о. Қачондир қурийди-ку, ахир. Одам ҳам бир куни қурийди. Шифт эса одам эмас-ку.
Л е н а. Кирилэ, худога шукурки, бу сенинг ҳамтовоғинг эмас. Такасалтанг!
Р е з о. Нинико, ажабланма. Ҳазил бари. Булар бизнинг марҳаматли қўшниларимиз. Иккови ҳам шунақа ҳазилкаш. Мен ҳазиллашаман, улар ҳам ҳазиллашишади.
Н и н и к о. Мен борай, хайр…Яна қачон келай?
Л е н а. Эртага кел. Йўқ, индинга келақол. Йўқ-йўқ, яхшиси, менга телефонингни қолдир, сенга ўзим қўнғироқ қиламан. Бекорга келиб овора бўлма, деяпман-да.
Н и н и к о. Йигирма икки… (Резога қараб қўяди). Ўттиз беш – қирқ уч…
Л е н а. Бир дақиқа, ёзиб қўяй…. (Ёзади).
Н и н и к о. Хайр.
Л е н а. Қўнғироқ қиламан, азизим.
Р е з о. Сизлар ташвишланманглар. Қизчани ўзим кузатиб қўяман-у, орқага қайтаман.
Н и н и к о. Йўқ, мен…
Р е з о. Хайр, Кирилл Петрович. (Ниникони бошлаб чиқиб кетади).
К и р и л э (ҳавас билан). Бай-бай…
Л е н а. Нега бу ердан жилмай қолдинг?
К и р и л э (жаҳл билан). Тўнғиллайверма, газета қидирдим! (Чиқиб кетади).

3

Р е з о нинг хонаси. Стол атрофида Р е з о, Н и н и к о, Б а д р и ва
Г е л а ўтиришибди. Резо муҳаббат ҳақидаги ҳазил қўшиқни куйламоқда.

Б а д р и (мусаллас қуйилган стаканни кўтариб). Нинико, сен учун! Танишганимизга икки ой бўлибди, лекин, гўё бир умр бирга яшаб келаётгандек яхши кўрамиз сени! Энди сен бизга сингилсан!
Н и н и к о. Раҳмат, Бадри.
Г е л а. Бу гапларга тўлиқ қўшиламан. Бу эрйигит баъзи-баъзида шунақа топиб гапиради.

Н и н и к о ёш болаларга хос ҳайратланган нигоҳ билан
Р е з о га термулади.

Б а д р и (дераза олдига бориб). Ана, қор-у, мана, қор!
Г е л а. Ҳа-а…Бошимизга бир дунё қор ёғди…
Р е з о. Қиш фаслини жиним суймайди. Айиқ каби инингга кириб, уйқуда панжангни сўриб ётсанг.
Б а д р и. Қор – бу яхши-ку.
Г е л а. Мен учун эса қорми, ёмғирми – бари бир гўр… Дўстлару мусаллас бўлса – бас.
Р е з о. Панжангни сўриб ухлайверсанг, ухлайверсанг!..
Г е л а. Нинико, сен ҳам қўшиқ айтиб бер бизга.

Н и н и к о қўшиқ айтади, Р е з о гитарада унга жўр бўлади.
Е л е н э кириб, тинглаб туради, сўнг Н и н и к о ни ўпади.
Б а д р и. Бувижоним! Биз билан бирга ўтиринг.
Е л е н э. Йўқ-йўқ, мен қўшиқ тинглагани кирган эдим. (Чиқиб кетмоқчи бўлади, аммо Р е з о уни қучиб стулга ўтқазиб қўяди). Тентак… (Кулади)
Р е з о. Ўринларингиздан туринглар!

Ҳамма туради.
Гусарлар бу қадаҳни латофатли Е л е н э
Алексеевна шарафига кўтарадилар.

Е л е н э. Резо, бошқа ичмай қўяқол!
Р е з о. Нима учун? (Ичади).
Б а д р и (Еленэнинг қўлини ўпиб). Сиз учун, ҳурматли Еленэ Алексеевна! Эвараларингизни ҳам аллалашингизни тилайман.
Е л е н э. Нималар деяпсан, Бадри?
Б а д р и. Эътирозга ўрин йўқ. (Ичади).
Е л е н э (жилмайиб). Хушомадгўй болакайлар-ай. (Чиқиб кетади).
Р е з о (кўзлари сузилиб). Учар тарелкани кўрсатайми? (Тарелкани осмонга отади, Бадри уни аранг ушлаб олади). Мана сизларга жумбоқ!..
Б а д р и. Хой, баримиз бирдай ичдик-ку, сен…
Г е л а. Учар тарелкаларни шахсан мен бир неча марта кўрганман.
Б а д р и. Қаерда кўрган эдинг?
Г е л а. Эсимда йўқ, қаердадир кўрганман.
Б а д р и. Ҳой, баримиз бирдай ичдик-ку!
Н и н и к о. Бадри, у учар тарелкалар ҳақида гапиришни хоҳлар экан, нима учун уни қораламоқчи бўласан?
Б а д р и. Мен уни қоралаётганим йўқ. Уни қоралайдиган бўлсам, унда бутун Тбилисини қоралашимга тўғри келади. Бу менинг қўлимдан келмайди.
Н и н и к о. Одамлар самога қарашади, бу яхши-ку. Оёғинг остига қарагандан кўра, осмонга қараган яхшироқ.
Р е з о. Уларнинг ниятлари яхшими, ёмонми – мен шуни билишни истардим.
Г е л а. Кимни айтяпсан?
Р е з о. Ўша тарелкалардаги йигитларни айтяпман-да.
Б а д р и. Ҳар қалай эътиборга арзисалар керак.
Г е л а. Ҳали буни текшириб кўриш лозим. Агар улар гуржиларни яхши кўришса, унда мен қарши эмасман.
Р е з о. Астойдил яхши кўришади. Айниқса имеретиликларни.

Телефон жиринглайди.

Б а д р и (гўшакни кўтариб). Бу мен… Луиза дейсизми? (Резога қарайди).
Р е з о. О, бадбахт одам-а!
Б а д р и. Адашдингиз,оғайни. (Гўшакни жойига қўяди).
Е л е н э (эшик олдида пайдо бўлиб). Картошка тезда тайёр бўлади. (Қайтиб кетади).

Н и н и к о бўш шишаларни олиб чиқиб кетади.
Телефон жиринглайди.

Р е з о (гўшакни кўтариб). Луиза йўқ!.. Нелли хола, ўғлингиз Бадри бизникида. Бинойидай… Сипо бўлиб ўтирибди, деяпман. Раҳмат, айтиб қўяман. (Гўшакни жойига қўяди).
Б а д р и. Қачон тугайди бу!.. Жонга тегди-ку!
Г е л а. Ғингшима.
Б а д р и. Нима мен, беш ёшли боламидимки…
Г е л а. Бундан ҳам баттарсан. Йигирма бир ёшдасан
Р е з о. Мен эса сенга ҳавас қиламан.
Б а д р и. Нимамга? Гўё қўл-оёғим боғлаб ташлангандек. Ҳатто бошқа шаҳарда, бошқа республикада бўлсам ҳам онам мени топиб олади-я!
Р е з о. Оналар – ажойиб халқ!
Б а д р и. Нимасини айтасан!..
Р е з о. Ўтган йили – эсларингдами? – биз Важа билан милицияга тушиб қолдик. Роса йигирма тўрт дақиқадан кейин Важанинг ойиси милиция бўлимига етиб келибди. Ўғлимни кўрмоқчиман, дебди. Қизиғи шундаки, ҳеч ким, ўғлинг милицияга тушиб қолди, деб айтмаган эди. Бунақа қисқа вақт ичида айтишга улгуриш мумкин эмас. Қаёқдан била қолди – жумбоқ!
Г е л а. Учар тарелкалар хабар қилишган.
Р е з а. Гапнинг бу ёғини эшит, тарелка! Хуллас, Важани навбатчилар хонасига олиб келишибди.Майор бўйи икки метр келадиган давангирдай йигитни кўриб, столнинг остига кириб кетибди ва ўша ердан туриб: “Ёш бола деганингиз шуми?” – деб қичқирди. – Бунингиз фил-ку, жирафа, гиппопотам! Олиб кетинглар, бизда унга мос келадиган жой йўқ!”
Г е л а. Қўйиб юборишибдими?
Р е з о (кулиб). Қаёқда…Важа мен ҳеч қаёққа кетмайман, деб оёқ тираб туриб олди.
Г е л а. Майор-чи?
Р е з о. Аввал оқариб-кўкарди, кейин бўзарди, сўнг давангирни камерага олиб кириб ташлаб, протокол расмийлаштиришни буюрди. Кейин онасига: “Хоним, болангиз аҳмоқ экан! – деди. – Қамаб қўйишимга унинг ўзи мени мажбур этди!”
Г е л а. Онаси нима деди?
Р е з о. “Йўқ, – деди онаси, – ўғлим аҳмоқ эмас, у чинакам йигит. Дўстини кулфатда қолдириб кетмабди-ку!”
Г е л а. Майор нима деб жавоб қилибди?
Р е з о. “Безориларнинг пичоғидан, босқинчиларнинг тўппончасидан қўрқмайман. Оналар садоқатидан қўрқаман. – дебди, сўнг: “Икковиниям чиқариб юборинглар!” – деб буйруқ берибди.
Б а д р и. Майор қизиқ экан – бу жуда яхши!
Г е л а. Ҳа, бу соҳада майорлик даражасига кўтарилгунча ҳазилга мо­йилликни сақлаб қолиш…
Р е з о (стаканини кўтариб). Оғайнилар, агар қачонлардир бир-биримизни унитадиган ёки хиёнат қиладиган бўлсак, бир-биримизни соғиниб-қўмсаб ўлайлик!
Б а д р и. Аксинча бўлса оёқ-қўлларимиз узилсин!
Г е л а. Ажойиб қадаҳ!

Ичишади. Товада буғи бурқираб турган картошка кўтариб Н и н и к о киради.

Н и н и к о. Йигитлар, совимасдан еб олинглар. Мен кетдим.
Р е з о. Яна қаёққа?
Н и н и к о. Дадам кутяпти мени.
Р е з о. Кетмай тур.
Н и н и к о. Иложим йўқ, рост айтяпман…Ваъда берганман.
Р е з о. Шунақа де. (Н и н и к о нинг кийинишига кўмаклашади).

Н и н и к о барча билан хайрлашиб чиқиб кетади.

* * *

Авансцена (парда олди)да Р е з о билан Н и н и к о турибди.

Н и н и к о. Борақол, шамоллаб қолма тағин.
Р е з о. Балоям урмайди.

Машинанинг товуши эшитилади.

(Қўл кўтариб, уни тўхтатмоқчи бўлади, машина ўтиб кетади). Эртага кел. Бувим кун бўйи уйда бўлмайди… (Ўтиб кетаётган машинага қўл кўтариб) Ҳой, оғайни!.. Ёв қувгандек елишмаса… Гапнинг қисқаси , уйда бир ўзим бўламан. Албатта кел.
Н и н и к о. Билмадим.
Р е з о. Биласан. Келасан.
Н и н и к о. Билмайман, Резо.
Р е з о. Нега? Мен сени севаман! (Қаттиқ ҳуштак чалади). Тўхтамади номард! Менинг пулим ҳеч кимга керак эмас. Ўйлаб кўр…
Н и н и к о. Резо, сен мастсан.
Р е з о. Бўлмаган гап!
Н и н и к о. Уйга бор, шамоллаб қоласан.
Р е з о. Эртага келишинг керак, Нинико, албатта келишинг керак, эшитяпсанми?
Н и н и к о. Билмайман…
Р е з о. Ким билади? Ким? Сен билмайсан, мен эса …тоқатим тоқ бўлди! Ё у, ё бу!.. Ё эртага, ё – ҳеч қачон!.. Икки ойдан бери мени кучукдай бўйнимдан судраб юрибсан!
Н и н и к о. Жим бўл, худо ҳаққи!
Р е з о. Жим бўлмайман, негаки сен мени беҳудадан беҳуда судраб юрибсан! Мени лақиллатадиган бўлсалар жим туролмайман… Нега йиғлайсан? Йиғининг нима кераги бор? Бувим уйда йўқ пайтда келишинг керак, ўшандаям йиғламаслигинг керак.
Н и н и к о. Резо, севгилим, мен билан бунақа гаплашмагин.
Р е з о. Нега? Жанна Дарк сенинг ёшингда жангларда ғолиб чиққан! Сен эса бувим уйда йўқлигида бизникига келишга қўрқяпсан…

Тўхтаган машинанинг товуши эшитилади.

Жўна. Керак эмас.
Н и н и к о. Мени чиндан яхши кўрасанми?
Р е з о. Жонимдан ортиқ…
Н и н и к о. Унда, келаман. (Чопиб кетади).

* * *

Р е з о нинг хонаси. Р е з о қайтиб киради.

Б а д ри. Кузатиб қўйдингми?

Р е з о ўйланиб, хонада у ёқдан бу ёққа юради.

Ҳой! Оғайни! Ку-ку!..
Р е з о (ҳушига келиб). Нима дединг?
Г е л а. Кайфинг ошиб қолибди, деяпти.
Р е з о катта жом-қадаҳға тўлдириб мусаллас қуяди.
Нима, батамом ҳушингдан кетмоқчимисан?
Б а д р и. Эмаклаб юриб, Шота Руставели кўчасини кезиб чиқмоқчи!
Р е з о. Тушунтириб бўлмайдиган бир гўзаллик учун ичмоқчиман! Унинг нима деб аталишини…
Б а д р и. Бунинг номи – Муҳаббат.
Г е л а. Резо Мхеидзе севиб қолибди! Кимнинг хаёлига келган бундай ҳол!

Р е з о магнитофонни ёқади ва хаёлий
жононни авайлаб қучиб, танго рақсига тушади.

Б а д р и. Келинглар, Нинико учун ичамиз!
Г е л а. Муҳаббат учун! Нинико учун!
Р е з о. Э, йўқ, жаноб гусарлар. Нинико гўзал ва ажойиб қиз, лекин мен у учун эмас, идеал, нотаниш бир жонон учун ичаман! Балки қачонлардир кезлашадиган, ҳозирча эса туман ортида юрган фантом учун ичмоқчиман.
Г е л а. Фантоминг нимаси?
Р е з о. Хаёлимдаги жонон.
Б а д р и. Кошки эди, мени ҳам Ниникога ўхшаган қиз севиб қолса!
Г е л а. Қиз бечоранинг бошини айлантириб қўйиб…
Р е з о. Бекорга валдираманглар! Мен у билан жуда яхши муносабатдаман.
Г е л а. Сен тўнкасан! Сени фантом эмас, қум тўлдирилган қоп билан елкангга тушириш керак!

Р е з о (кулади).

Севги, тобутда ҳам,чангак чоғида,
Сенга талпинаман, сергакман ҳар дам.
Жонгинам, гўрда ҳам, тупроқ остида
Видолашмам сен билан ҳеч ҳам!

Г е л а. Ақлдан озган бу кимсани кўзимдан йўқотинглар!
Б а д р и. Секин, шовқин кўтарсак, буви эшитиб қолади.
Р е з о (кўзларини юмиб).

Севгилим, даҳшат бу! Гар севса шоир,
Худо ҳам севгига бўлажак мафтун.
Юзага чиқади, кон-маъдан янглиғ,
Алғов-далғов хаёллар бутун!

(Дўстларига) Мени маст деб ўйлаяпсизларми? Ҳеч ҳам маст эмасман.
Г е л а. Қани, менга қараб юр-чи, қийшайма!
Р е з о. Хизматингизга ҳозирман. (Тўғри юришга ҳаракат қилиб чайқалиб кетади).

Ҳамма кулади.

(Қўлини силтаб, ўзини диванга ташлайди). Мен ухлайман. Аммо сенлар билан биргаман.
Б а д р и. Ҳаётимда ҳеч қачон уни бунақа аҳволда кўрмаган-ман…Ахир ҳаммамиз баравар ичдик-ку.
Г е л а. Ўзингга қара.
Б а д р и. Нима бўпти? (У ёқ-бу ёғига қарайди).
Г е л а. Ҳеч нарса.
Б а д р и. Ҳеч нарса?
Г е л а. Эътиборга лойиқ ҳеч нарса йўқ, демоқчиман.
Б а д р и. Тушунмаяпман.
Г е л а. Одам бирон кимсани севмаса, унинг ҳеч кимга қизиғи йўқ. Ўзингга қара, деганимнинг маъноси шуки, сенинг ҳеч кимга қизиғинг йўқ.
Б а д р и. Ҳаммамиз баравар ичдик-ку…
Р е з о (кутилмаганда ўрнидан сапчиб туриб).
“Севгилим, даҳшат бу! Гар севса шоир…”

(Диванга йиқилиб, ухлашда давом этади).

Г е л а (қўшни хонанинг эшиги олдига бориб), Еленэ буви, хайр!
Е л е н э (киради). Нима, кетяпсанларми?
Б а д р и. Резо маст бўлиб қолди. Бўлмаса ҳаммамиз баравар ичган эдик.
Е л е н э. Катта раҳмат сизларга.

Р е з о (ўрнидан сапчиб туриб).
“Ним қоронғи залдан,тўсатдан
Чиқиб келдинг ҳарир дуррада.
Ҳеч кимсага бермадик халал,
Оқсоч аёл қолди ҳужрада”.
Г е л а билан Б а д р и хохолашиб, унга ташланишади.
Дўстларимдан қутқаринглар! Бўғишяпти! (Ўрнидан туриб, зудлик билан стаканларга мусаллас қуяди).
Б а д р и. Ҳой, нима қиляпсан?
Р е з о (гитарани қўлига олиб). Ҳаммаси давом этади. (Қўшиқ айта бошлайди).
Г е л а. Яна жонланиш. Энди эрталабга қадар тинмайди!

Ҳар уччаласи қўшиқ айтади.

4

Р е з о китоб ва қоғозлар уюлиб ётган ёзув столига­ энгашган.­ Е л е н э оёқ учида юриб патнисда чой ва бутерброд олиб киради, сўнг жимгина чиқиб кетади.

Р е з о (ҳозиргина ёзилган матнни ўқийди). “Улар ниҳоят фожиали лаҳзаларда чуқур маънавий инқироз чегарасини ёриб ўтадилар ва ҳозирга қадар маълум бўлмаган, янгича бир ахлоққа сазовор бўладилар, аммо эндиликда бундан олдинги фаровон ва тинч ҳаётга қайтмайдилар…”

Телефон жиринглайди.

(Гўшакни қулоғига тутиб) Лаббай…Луиза икки ойга Москвага кетди. (Гўшакни жойига қўяди).

Яна телефон жиринглайди.

Ҳой, оғайни…Кечирасан. Салом, Гела. Хўш, таъмирлаш ишлари қалай кетяпти? Тамомладик дейсанми? Ундоқ бўлса ювиш керак. Қанча? Йигирма киши, дейсанми? Уларнинг барини қаерга ўтқазасан? Менинг тиззаларимда ўтиришадими? (Кулади) Қанақа Лия!. Ҳа, ўшами? Ҳалигиндақа тўладан келган, олди мана бунақа, орқаси… Раҳмат, кераги йўқ. Раҳмат сенга, дўстим! Раҳмат-раҳмат!

Эшикнинг қўнғироғи жиринглайди.

Буви, илтимос, эшикни очиб юборинг. (Гўшакка) Яна нима гап? Бўлдими? Унда эртагача, хайр.

Е л е н э билан Н и н и к о киришади.

Е л е н э. Сен қаёққа ғойиб бўлдинг, қизалоқ? Бутун бир ой бўлди-я, сени кўрмаганимга.
Н и н и к о. Имтиҳон топширдим, Еленэ буви.
Е л е н э. Хўш, энди бари жойидами?
Н и н и к о. Ҳа, раҳмат.
Р е з о. Бу ёққа кел.

Е л е н э чиқиб кетади.

(Ниникони ўпади). Жуда соғиндим сени.
Н и н и к о. Мен ҳам.
Р е з о. Тушимга кирдинг. Бир кечада икки марта!
Н и н и к о. Мен ҳам сени тушимда кўрдим. Икки кечада бир марта.
Р е з о (кулади). Қандай яхши: сен мени, мен – сени… Қандай янгилик­лар бор?
Н и н и к о. Сен иш қилиб ўтирган экансан, халақит бердимми?
Р е з о. Бўлмаган гап. (Шивирлаб) Бувимлар бир ҳафтага қишлоққа кетадиган бўлди.
Н и н и к о унинг қучоғидан чиқади.

Нима бўлди?
Н и н и к о. Ҳеч нарса.
Р е з о. Сенга нима бўлди?
Н и н и к о. Сенинг хаёлингда фақат бир нарса…
Р е з о. Бу ёмонми?
Н и н и к о. Билмайман…Ичишга бирон нарса бергин менга.

Р е з о магнитофонни ёқиб, чиқиб кетади.
Н и н и к о ўтириб, кафтлари билан юзини беркитади.
Р е з о (қайтиб киради). Мураббо билан.
Н и н и к о. Раҳмат.
Р е з о (унга синчков тикилади). Бирон нарса бўлдими, Нинико?
Н и н и к о. Секинроқ гапирсанг бўларди.
Р е з о (магнитофонни ўчириб). Биронтаси хафа қилдими? Тезроқ гапир – хафа қилишдими?
Н и н и к о. Билмайман… Йўқ, мени…Резо…
Р е з о. Хўш, гапир.
Н и н и к о. Сен мени чиндан яхши кўрасанми?
Р е з о. Йўқ.
Н и н и к о. Севмайсанми?
Р е з о. Йўқ.
Н и н и к о. Севмайсанми?
Р е з о. Севаман.
Н и н и к о. Нима дединг?
Р е з о. Нима эшитмоқчисан мендан?
Н и н и к о. Билмайман… Сен мени севмайсанми?
Р е з о. Мен сени севаман.
Н и н и к о. Мен ҳам сени севаман.
Р е з о. Мен ҳам сени севаман.
Н и н и к о. Сен жуда яхши одамсан, Резо.
Р е з о. Намуна қилиб кўрсатишга арзигулик!
Н и н и к о. Йўқ, сен ростдан ҳам ажойибсан.
Р е з о. Сен ўйлаганингдан ҳам яхшироқман!
Н и н и к о. Жонгинам, мен фарзанд кутяпман.
Р е з о. Мен ҳам.
Н и н и к о. Резо! (Уни қучоқлаб, кўксига бошини қўяди). Фарзандимиз бўлади.
Р е з о (табассуми сўнади). Ҳазиллашяпсанми?
Н и н и к о. Бола кўрамиз.
Р е з о. Сен мени синаб кўрмоқчисан, шекилли? Тушунаман. Болаларни мен ҳам яхши кўраман. Ўзим ҳам бола бўлганман. Мана бунақа, йўқ, бунақа.
Н и н и к о. Сенга айтгани юрагим дов бермай юрган эди.
Р е з о. Нимани?
Н и н и к о. Шуни…ҳалиги…
Р е з о. Нима экан?
Н и н и к о. Ҳомиладор бўлганимни.
Р е з о (сапчиб ўрнидан туради). Демак, ҳазиллашмаяпсан?
Н и н и к о. Хурсанд эмасмисан?
Р е з о. Янглишмадингми? Балки… янглишгандирсан? Нега жим бўлиб қолдинг? Янглишган бўлишинг мумкин, ҳамма ҳам янглишади… Ҳеч нарса қилмайдиган одамларгина янглишмайди, бунинг ажабланадиган… Ҳали ойингга маълум қилмадингми буни?
Н и н и к о. Қанақа ойи?
Р е з о. Кечирасан. Эсимдан чиқибди. Адангга айтмадингми?
Н и н и к о. Нима деяпсан, Резо!
Р е з о. Нималар деяётганимни мен қаёқдан билай… Нега бу даражага етишига йўл қўйдинг? Атайлаб қилгансан, шундайми?
Телефон жиринглайди.

(Гўшакка) Ҳа?!! Луизангни жин урсин, билдингми, қишлоқи! (Гўшакни ташлайди). Нега жим бўлиб қолдинг? Менга бунақа кўзларингни олайтириб қарама!.. (Кутилмаганда жаҳлдан тушиб, тинчиб қолади). Майли, бирон чорасини топармиз. Хўш?.. Тағин нима?.. Оч эмасмисан? (Қичқириб) Буви, бизга егани бирон нарса беринг!
Е л е н э киради.

Е л е н э. Мени чақирдингми?
Р е з о. Ниниконинг қорни оч экан.
Е л е н э. Нега менга эртароқ айтмадинг, мен аллақачон…
Н и н и к о. Йўқ, қорним оч эмас, раҳмат, Еленэ буви.
Е л е н э. Нима, тортиняпсанми? Мана, бизникида бир ой бўлмаганингни оқибати бу.
Р е з о. Буви, майли, кераги йўқ.
Е л е н э. Нима деяпсан?
Ре з о. Кераги йўқ, деяпти. Демак, бас.
Е л е н э. Ахир ўзинг айтдинг-ку.
Р е з о. Янглиш айтибман. Бувижон, биз иккимиз бир неча дақиқа ёлғиз қолишимиз мумкинми-йўқми?
Е л е н э. Хой, болам, сенга нима бўлди? Ранггинг бўзариб кетибди, кўзларинг эса бежо… Касалмисан?
Р е з о. Соппа-соғман, бувижон!
Е л е н э. Нинико, қизим…

Н и н и к о кўзларини ерга қадаган ҳолда жим.
Вой, шўрвам қайнай-қайнай деб турган эди, тошиб кетмасин тағин. (Чиқиб кетади).
Р е з о. Нинико, менга қара. Менга қара, деяпман. Йиғлама, ҳозир йиғлашнинг вақтимас. Диққат билан қулоқ сол: бу вазиятдан чиқишнинг йўлини топиш керак. Тушуняпсанми? Нега менга бунақа қараяпсан?
Н и н и к о. Менга қара, деб ўзинг айтдинг-ку…
Р е з о. Қарайвер, лекин бунақа эмас-да.
Н и н и к о. Нима, мен…
Р е з о. Чораси топилмайдиган ҳолат йўқ, бўталоқ. Ўнглаб бўлмайдиган, ваҳима қиладиган ҳеч нарса бўлмаган.
Н и н и к о (йиғлайди). Сен мени севмайсан…
Р е з о. Тентак, буни сенга ким айтди?
Н и н и к о. Ҳатто дадам менга ҳеч қачон бақирган эмас.
Р е з о. Бекор қилган экан. Уриш керак эди. Баъзан-баъзан бақириб ҳам туриш керак, лозим бўлса, бир жойларингга камар билан тушириб туриш керак… (Ёлғондакам жилмаяди). Бунақа йиғлоқи қизни…
Н и н и к о (бошини кўтариб, унга ғамгин боқади). Мен сени танимай қоляпман… Севгилим, сени бошқа бир одамга алмаштириб қўйишгандек, бу сен эмассан.
Р е з о. Танимаяпсан – бу жуда яхши! Демак, бой бўлар эканман.
Н и н и к о. Сенга нима бўлган ўзи?
Р е з о (тўсатдан захархандалик билан) Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ! (Камзўли билан шапкасини кия бошлайди). Ҳеч нарса. Бари жонимга тегди. (Қичқириб) Буви! Буви!
Е л е н э киради.

Тезда қайтаман. (Ниникога) Ҳозирча.
Е л е н э. Қаёққа кетяпсан?
Р е з о. Ишим бор. Ўртоғимникига. Билмадим… жин урсин!.. (Эшикни зарб билан ёпиб, чиқиб кетади).
Е л е н э. Бу нимаси? Нима ҳодиса рўй берди? Йиғладингми?
Н и н и к о. Мен…Йўқ… Нега бунақа деяпсиз?

Е л е н э унга бир нафас қараб туриб, индамасдан чиқиб
кетади ва тезда патнис кўтариб, қайтиб киради.

Е л е н э. Чойхўрлик қиламиз.
Н и н и к о. Сизга ёрдамлашиб юборай.
Е л е н э. Барини ўзим олиб келдим. Ўтир.

Чой ичадилар.

Қизим, сен менга айт-чи, Резо билан иккингиз ўртангизда бирон нарса бўлганми?
Н и н и к о. Бувижон, ҳозирча мен ўзим ҳам билмай турибман. Ҳеч нарса англай олмаяпман…
Е л е н э. Балки у сенга ёқмай қолгандир?
Н и н и к о (қизғин) Йўқ-йўқ, нима деяпсиз!
Е г е н э. Унда сен унга ёқмай қолгандирсан?
Н и н и к о (ўйчан). Билмадим. Уни тушунишим қийин бўлиб қолди.
Е л е н э. Ажабо! Таажжуб.
Н и н и к о. Ҳа, ғалати.
Е л е н э. Дўстлари яхши тушунишади. Назаримда, уни яхши кўришади.
Н и н и к о (шошиб) Уни мен ҳам яхши кўраман.
Е л е н э. Нинико, уни севишдан қолма. Яхши бола у. Болам етимча. Уни сенга мақташ учун айтаётганим йўқ, мен шунчаки,.. сен ўзинг ҳам онасиз ўсган экансан, яхши тушунсанг керак.
Н и н и к о. Тушунаман.
Е л е н э. Резо қирқ ёшарли аёлни севиб қолганида қанчалар азоб чекканимни билсанг эди!
Н и н и к о. Еленэ буви, бунинг нимаси ёмон?
Е л е н э. Нимаси ёмон, дейсанми? Олтинчи синфда ўқир эди, бир тола мўйлови ҳам сабза урмаган эди.

Н и н и к о бу воқеа қачонлардир ҳув илгари бўлиб ўтганидан хурсанд бўлиб, жилмаяди.

Хуллас, “шунга уйлантиринглар”, деб туриб олса бўладими! Бирон гапга унаса-чи. Еттинчи синфни тугатгач уйланасан, деб базўр кўндирганмиз.
Н и н и к о. Нима, барибир уйландими?
Е л е н э. Йўғ-э. Еттинчи синфда шеър ёзишга қизиқиб қолди. Мен сенга айтсам, шунақа шеърлар ёзардики…
Н и н и к о. Шунақа яхшимиди?
Е л е н э. Яхшиям гапми, ажойиб!
Н и н и к о. Бу ҳақда менга ҳеч қачон гапирмаган. Еленэ буви, нега у бунақа “ичимдагини топ”?
Е л е н э. Бу – унинг ниқоби. Ўзининг кимлигини пинҳон тутиш учун, ҳозирги одамлар буни “комплекс” дейишади.
Н и н и к о. Сизда унинг шеърлари борми? Сақланиб қолганлари бордир? Бувижон, менга бериб туринг. Ўзига айтмайман, чин сўзим.
Е л е н э. Бўлса жон-жон деб берардим, йўқ. Унинг ўзида ҳам бўлмаса керак-ов…
Н и н и к о. Нега энди, ахир… дафтардаям қолмаганми?
Е л е н э. Биласанми, баъзан одамлар ўта жоҳил бўлиб олишади… Атайлаб эмас, албатта, кимнингдир қисматига бефарқ эканликларини кўрсатиш учун шундай қилишади. Рез университетнинг биринчи курсида ўқиб юрганида шеърхонлик кечасида уни баъзи ўртоқлари қаттиқ танқид қилишган, қоралашган.
Н и н и к о. Нега? Нима учун?
Е л е н э. Шеърларини-да.
Н и н и к о. Бу инсофдан эмас- ку, шунақаси ҳам бўладими?
Е л е н э. Бўлади. Одамнинг юраги тошдан бўлса, ҳамма нарса бўлаверади. У эса, ўзинг билиб турибсан, ожизлик қилди. Аслида-ку, довюрак йигит. Муштлашишда ҳеч кимга бўй бермайди, бунақа масалада эса…

Эшикнинг қўнғироғи жиринглайди.

Шогирд келди. Нинико, кетмай тур. Уни кут…(Ўрнидан туради). Келишини кут.. (Чиқиб кетади).
Н и н и к о (бир нафас ўйланиб қолади). Кут. (Ўрнидан туради). Уни кут… (Кийинади). Унинг келишини кут, эмиш… (Секин чиқиб кетади).

5

Парда олдида Р е з о билан Н и н и к о туришибди. Ҳар иккаласининг эгнида пальто.

Н и н и к о. Нима қилмоқ керак, Резо?
Р е з о. Сенгача бу савол Чернишевскийни ҳам қийнаган.
Н и н и к о. Резо!
Р е з о. Нима?
Н и н и к о. Мен жиддий сўраяпман, нима қилишим керак?
Р е з о. Нима қилиш керак, дейсанми? (Акса уради). Кўп нарса қилиш мумкин. (Акса уради). Энг яхшиси – мен сенга айтган нарса. (Акса уради). Жин урсин, кун совиб кетди. (Сесканиб қўяди).
Н и н и к о (мунғайиб қолади). Демак, шунақа де…
Р е з о. Қулоқ сол менга, бошқа иложимиз йўқ. Мен суриштириб, ҳаммасини билиб келдим. Танишимнинг таниши бу ишни ўз уйида бажарар экан… Кирт ва – тамом-вассалом!
Н и н и к о. Сен жуда бешафқат одам экансан, Резо.
Р е з о. Ҳа, бешафқатман, шунингдек ҳамма нарсага онгли кўз билан қарайман. Сен эса…ўйлаш мумкинки, сенинг мана бу ерингга мия ўрнига аллақандай аҳмоқона магнитофон ўрнатилган.У ҳамиша бир хил сўзларни такрорлагани-такрорлаган: “Нега ўзгариб қолдинг, нега бунча бешафқатсан, нега сен бунақасан, унақасан…” Жонга тегди бари!..
Н и н и к о. Резо, жонгинам…
Р е з о. Жонга тегди, деяпман сенга!
Н и н и к о. Нега бунақа ўзгариб кетдинг? Ахир сен бир пайтлар шеър­лар ёзган одамсан-ку?
Р е з о. Бу сенинг ишинг эмас. Ўзингга кўп эрк бераверма!
Н и н и к о. Мен сени севаман. Тушунсанг-чи, мен сени севаман!
Р е з о. Сен эса шуни тушунгинки, ҳамма-ҳаммаси жонимга тегди! Бас, етар!!! (Кетади).

Н и н и к о ёлғиз қолади.

6

Р е з о ўз хонасида хаёл суриб ўтирибди.
Телефон жиринглайди.

Р е з о (гўшакка) Милициянинг учинчи бўлими эшитади. (Жилмайиб, гўшакни жойига қўяди).

Эшик қўнғироғи жиринглайди.
(Эшикка чиқиб, Н и н и к о н и бошлаб киради. Унинг сочлари ҳўл, совуқ қотгани сезилиб туради).

Нега ёмғирпўшинг йўқ? (Ваннахонага кириб, сочиқ олиб чиқади).
Н и н и к о. Троллейбусда унутиб қолдирибман.
Р е з о. Паришонхотирсан…Бирон нарса ейсанми?
Н и н и к о. Йўқ, раҳмат.
Р е з о. Нима, иштаҳадан қолганмисан?
Н и н и к о. Шунчаки… Қорним тўқ. Сенга халал бердимми?
Р е з о. Қўйсанг-чи, бўлмаган гапларни…
Н и н и к о. Машғулотга тайёргарлик кўряпсанми?
Р е з о. Бас, бу гапларни қўйиб тур. Қисқаси, ўшанда сенга қўпол муомула қилганим учун мени кечир, кайфиятим ёмон эди-да. Балки сени хафа қилгандирман…
Н и н и к о. Телефон қилсам майлими?
Р е з о. Сен бунақа олий тарбиянг билан бир кун бўлмаса бир кун мени ўлдирасан!
Н и н и к о (рақам териб) Дада? Бу мен. Масала ҳал бўлди. Практикамиз Таллинда ўтар экан. Йўқ, икки ой, деяпман. Бутун курсимиз боради. Ёлғиз эмасман… Овозимга нима бўпти? Бояги-бояги овозим. Тезда бораман. (Гўшакни жойига қўйиб, йиғлайди).
Р е з о. Яна нима бўлди ?
Н и н и к о. Дадамни жуда яхши кўраман.
Р е з о. Ҳа, жин урсин, қўрқитиб юбординг-ку одамни!
Н и н и к о. Мен ҳеч қачон ундан бирон нарсани сир тутган эмасман. Энди эса…
Р е з о. Нима, энди?
Н и н и к о. Яширяпман.
Р е з о. Нима бўпти?
Н и н и к о. Бу, ёмон-ку ахир.
Р е з о. Мен ҳам бувимдан яшириб келяпман.
Н и н и к о. Сен эркак кишисан.
Р е з о. Сен аёл кишисан. Нима бўпти? (Жилмаяди).

Сукут.

Н и н и к о. Бувинг қаёқда?
Р е з о. Қабристонда.
Н и н и к о (қўрқиб кетади). Йўғ-э?
Р е з о. Ота-онамнинг қабрларини супуриб-тозалагани кетган эди. Бугун чоршанба. Бувим ҳамиша чоршанбада…
Н и н и к о. Нима улар бир ерга дафн этилганми?
Р е з о. Қабрлари ёнма-ён.
Н и н и к о. Бирон ерга шошяпсанми? Нега тез-тез соатга қараб қўйяпсан?
Р е з о. Эътибор берма. Яхшиси, асосий масала ҳақида гаплашайлик. Танишимнинг танишига ўзим бориб келдим….
Н и н и к о. Мен бормайман!
Р е з о. Нинико, эсингни йиғ!
Н и н и к о. Ўша танишиларингга бормайман.
Р е з о. Яхши, танишимизга бормайсан. Нотанишини топаман.
Н и н и к о. Нотаниш одамга ҳам бормайман.
Р е з о. Ўжарлик қилма.
Н и н и к о. Бормайман, дедимми, бормайман.
Р е з о. У менинг ҳам болам эканлигини эсингдан чиқарма!
Н и н и к о. Буни сен эсингдан чиқариб қўйгансан!
Р е з о. Биз энди ёш болалар эмасмиз, ақл билан иш қилишимиз керак.
Н и н и к о. Фарзанд кўриш учун биз ҳали ёш боламиз, деб сен ўзинг айтгансан.
Р е з о. Нинико, ақлдан оздиряпсан мени!
Н и н и к о. Хўп.
Р е з о. Сен нима истайсан?
Н и н и к о. Эрга тегишни хоҳлайман.
Р е з о. Бошқа нарса керак эмасми?
Н и н и к о. Кейин бир гап бўлар. Миямга шунақа бир фикр келди: никоҳдан ўтиб, дўсту-душман билан биргаликда тўй базмини ўтказамиз, сўнг кемада денгиз саёҳатига жўнаймиз!
Р е з о. Шундай дегин… Ана холо-ос… Ростимни айтсам, сен эртами-кечми… Сиз ҳаммангиз эртами-кечми…Гап бундоқ, қизалоқ: Тбилиси жўғрофиясида мен учун Никоҳ уйи-ю ЗАГС деган идора йўқ! Шуни миянгга қуйиб ол.
Н и н и к о. Демак, менга уйланишни истамайсан, шундайми?
Р е з о. Истамаймангина эмас, хаёлимга ҳам келтирмайман.
Н и н и к о. Мен сенга вафодор, мўмин хотин бўлардим.
Р е з о. Униси ҳам, буниси ҳам керакмас менга.
Н и н и к о. Устингдан милицияга арз қилсам-чи?
Р е з о (бир зум эсанкираб) Милицияга-а?
Н и н и к о. “Мени авраб, йўлдан оздирди. Энди уйлангиси йўқ”, дейман. Қамоқхонага ё бўлмаса Гименеяга тиқиб қўйишади.
Р е з о (бепарво) Қамоқхона маъқул..
Н и н и к о. Нега?
Р е з о. Чунки сен ярамас товламачисан.
Н и н и к о. Унақа дема, Резо…
Р е з о. Сенинг ягона дардинг, мақсадинг – мени алдаб-сулдаб қўлга тушириш. Сенларнинг ягона ниятларинг шу: нима қилиб бўлса-да, мени ўзларингга бўйсундириш, қарам қилиш. Тузоққа илинтириб олиб, ўз ноғораларингга ўйнатишни истайсанг ҳамманг!
Н и н и к о. Бўлди. Етар. Илтимос, бас қил.
Р е з о. Йў-ўқ, етмайди. Сен пасткаш, жирканч, разил одамсан. Сен мени аста-секин қўлга ўргатилган маҳлуққа айлантиряпсан. Сендан қўрқадиган бўляпман. Йўқ, жонгинам, мени кунба-кун эркалаб жонимни оладиган, ўзлигини йўқотган бир кимсага айлантирадиган силлиқ-юмшоқ қопқонингдан кўра, қамоқхонага тушганим, ернинг тагигами, ойгами жўнаганим маъқул. Нинико, сен менга…
Н и н и к о. Азизим, бас қил!.. (Столда турган пичоқни олиб, Резонинг кўксига урмоқчи бўлади)
Р е з о. Ким пичоқни шунақа қилиб санчади?.. Одамни росмана ўлдиришни ҳам билмайсан-у, яна мен билан бирга яшамоқчисан. Бунақаси кетмайди.
Н и н и к о (йиғлайди). Хайрият, Худога шукур.
Р е з о. Янаги сафар биронтасини ўлдирмоқчи бўлсанг, қоғоз қирқадиган пичоқ ишлатиб юрма.
Н и н и к о. Худога шукур, э Худо, ўзингга шукур.
Р е з о. Бас, ҳадеб нола қилаверма! Бўлди-бўлди, ўзингни бос. Тинчлан, деяпман. Диванга ёт, ўзингга келиб ол. (Уни ётқизиб қўяди, сув ичиради). Ич. Тинчлан. Ич…
Н и н и к о қимирламай ётади.

Ўзингга келдингми? Балли. Нега жимсан, гапирмаяпсан? (Унга синчков назар ташлайди.) Ташқи қиёфаси бунақа кўркам қизнинг қотил бўлишига ким ишонади? Аммо бундоқ ўйлаб қаралса, сен – ростдан ҳам қотилсан. Ахир менга пичоқ урмоқчи бўлдингку. Мақсадинг аниқ эди. Муҳими – мана шу мақсад. Сени суд қилиш керак.Биласан, одатда амалга оширилган жиноят учун эмас, бу учун ҳам, албатта, аммо асосан кўзланган мақсад учун суд қилишади.

С у к у т.

Таллинга кетасанми? Амалиёт ўташгами?

Сукут. Н и н и к о қимирламай ётаверади.

Нинико, гапимга қулоқ сол. Мен ростдан ҳам уйланишни хоҳламайман, ўқишим керак. Сен мени кечир, милиция тўғрисидаги гапингни дарров англамабман. Илгари менга хос бўлган ҳазилкашликни ҳам унутиб қўйибман. Мана, энди кулолмайман ҳам! Афсус! Хўп, яхши, айтайлик, никоҳдан ўтамиз ва бирор ойдан сўнг, феълимиз тўғри келмади, деб ажрашамиз. Ўзини, замонавий одамман, деб билган бирон кимса бунга ажабланмайди. Ҳозир ҳамма уйланяпти, ҳамма ажралишяпти. Ҳамма бир-бирини яхши кўради, ҳамма бир-биридан нафратланади. Ҳаммаси жойида. Ҳаммаси бинойидай. Фақат битта шартим бор: танишимнинг танишига борамиз ва …
Н и н и к о. Йўқ…
Р е з о. Нима дединг?
Н и н и к о. Бормайман.
Р е з о. Борасан.
Н и н и к о. Бормайман.
Р е з о. Нега?
Н и н и к о. Бориб келганман.
Р е з о. Қаёққа бординг?
Н и н и к о. Танишимнинг танишига. (Туриб ўтиради).
Р е з о. Алдаяпсан. Ёлғон айтяпман, де.

Н и н и к о ўтирган жойидан туради-ю чайқалиб кетади.

(Уни суяб) Ростданми? Нинико?
Н и н и к о. Кўнглинг жойига тушдими? Энди хурсандмисан?
Р е з о. Мен… Бу майнавозчиликларнинг нима кераги бор эди…
Н и н и к о. Билмадим. (Кийинади). Шунчаки…
Р е з о. Кузатиб қўяман.
Н и н и к о. Йўқ.
Р е з о. Гап бўлиши мумкин эмас.
Н и н и к о. Йўқ, Резо. Овора бўлма. (Чиқиб кетади).
Р е з о (бир неча сония қимирламай жойида туриб қолади, чуқур уҳ тортади). Ажаб бўпти. (Ўзини диванга отади). Шуниси яхши! (Туриб ўтиради. Ўйга толади). Шуниси яхши…

ИККИНЧИ ҚИСМ

7

Р е з о билан Е л е н э нонушта қилиб ўтиришибди. Резо ўйчан бир ҳолатда. Оғзидаги луқумни на ютади ва на чайнайди.

Е л е н э. Резико, нима бўляпти ўзи?

Р е з о унинг нима демоқчи бўлганини англамай, қараб қолади.

Нега оғзингни тўлдириб олдинг-у, чайнамаяпсан?

Р е з о тезлик билан чайнай бошлайди.

Шошилма. Овқатни яхшилаб, обдан чайнаш лозим.

Р е з о тамаки тутатади.

Ҳеч нима емадинг-ку!
Р е з о. Раҳмат. Бошқа егим йўқ.
Е л е н э. Сўнгги пайтларда негадир асабий бўлиб қолдинг.
Р е з о. Сизга шунақа туюлаётгандир.
Е л е н э. Арзимаган нарсага жаҳлинг чиқади. Паришонхотир бўлиб қолдинг. Нинико қаёққа ғойиб бўлди? Нега жимсан, билмайсанми?
Р е з о. Билмайман.
Е л е н э. Нега билмайсан?
Р е з о. Нима учун билишим керак?
Е л е н э. Билишинг шарт, деб ўйлайман.
Р е з о. Буви, мен сизни танимай қоляпман, илгари ҳеч қачон бунақа тергамас эдингиз. Бу нима, сўроқ қиляпсизми?
Е л е н э. Нима, билишга ҳаққим йўқми? Ёки бир-биримизга бегонамизми?
Р е з о. Бегона эмасмиз, лекин сизга бунинг нима аҳамияти бор? Тушунмаяпман.
Е л е н э. (ўта жиддий). Мен ҳадемай ўламан.
Р е з о. Бўлмаган гап. Бемаъни гап!
Е л е н э. Сезиб юрибман. Ўзим яхши биламан.
Р е з о. Буви, қўйинг бунақа гапларни!..
Е л е н э. Майли, буни қўйиб турайлик. Сен Ниникони севасан, у-чи?..
Р е з о. Бемаънилик бу.
Е л е н э. Муҳаббат – бу бемаънилик эмас, болагинам.
Р е з о. Буви, илтимос, бу тўғрида гаплашмайлик, кераги йўқ.
Е л е н э. Ким билади, сен орзу қилган, сен ахтараётган ўша туман ортидаги сирли фантом балки шудир, фақат ўзинг шундайлигига ишонмаётган бўлишинг мумкин?
Р е з о. Бугун қанақа кун ўзи! Каллаи саҳардан ҳали ўлим ҳақида, ҳали севги-муҳаббат ҳақида гапириб қолдингиз! Келинг, яхшиси, бошқа нарсалар тўғрисида гаплашайлик.
Е л е н э. Мен яқинда ўламан, болагинам.
Р е з о. Яна шу гап!
Е л е н э. Мен ўладиган бўлсам, ёнингда яхши бир одам бўлсин, дейман.
Р е з о. Ўлим ҳақида гапирманг. Бу ҳақда ҳатто ўйлашингизни ҳам истамайман.
Е л е н э (ғамгин). Қўрс бўлиб кетяпсан.
Р е з о. (жаҳл билан). Қўрс бўлиб кетяпманми?! (Шаштидан тушиб) Узр.

Сукут.

Мени кечиринг. Ўзим ҳам тушунмай қолдим. Гапимга ишонинг, мутлақо тушунмай қолдим.
Е л е н э ўрнидан туриб, идишларни йиғиштира бошлайди.
(Унга ёрдамлашади.) Бу, муҳаббат, дегани касофат бир нарса бўлса керак.
Е л е н э. Юзимга бурқситма. (Йўталади.)
Р е з о. Узр. (Нари кетади.) Касофат.
Е л е н э. Муҳабатни қоралама. Уни авайлаб-асраш керак. (Чиқиб кетади.)

Р е з о у ёқдан бу ёққа юради. Столдаги қаламлардан бирини олиб, уни арчий бошлайди, бир нафас ўйланиб туриб, илдам телефон ёнига боради.Рақам теради.

Р е з о (гўшакка). Кечирасиз, Ниникони телефонга чақириб беролмайсизми? (Ҳолати ўзгаради.) Қаёққа кетди дедингиз? Таллинга? Қачон?.. Мен… мен ўртоғиман… Кечирасиз… (Эсанкираб гўшакни жойига қўйди. Яна телефон гўшагини қўлига олади.) Бадри? Бу мен. Оғайни, мен Таллинга кетяпман. Бугуноқ. Тезда пул керак. Гелага қўнғироқ қил. У ҳам қанча пули бўлса, барини олиб келсин. Топганингдан кейин менга қўнғироқ қиларсан. Кутаман.

Е л е н э киради. Қиёфаси батамом ўзгарган, эгнида узун оқ кўйлак..

Ажабо, нақадар чиройли!
Е л е н э. Сенга маъқул бўлдими?
Р е з о. Маъқул бўлганда қандоқ!
Е л е н э (мамнун жилмаяди). Қиз пайтимда кийган кўйлагим. Негадир ҳозир бирдан кийгим келиб қолди… Бу кўйлакда буванг билан биргаликда самбиттол якшанбалигини ўтказганман.
Р е з о. Қачон бўлган бу?
Е л е н э. Жуда кўп вақт бўлди бунга.
Р е з о. Буви, бувамнинг сизга қандай хушомад қилганлари тўғрисида менга ҳеч гапирмагансиз.
Е л е н э. Ёш бўлгансан, шунинг учун ҳам гапирмаганман.
Р е з о. Сизнинг дардингизда ақл-хушини йўқотган бўлса керак, а?
Е л е н э. Аксинча. Барча қизлар унинг шайдоси эди. Жумладан мен ҳам.
Р е з о. У-чи?
Е л е н э. Уми? Келишган, хушқомат, ўта мағрур йигит эди. Умуман сенинг авлодингдаги эркакларнинг бари чиройли ва мағрур кишилар бўлган. Шунингдек, жанжалкаш ҳам эди. Сенинг бобонгда…
Р е з о. У сизни қандай қилиб севиб қолган?
Е л е н э. Қандай қилиб севиб қолганини билмайман. Қандай севги изҳор қилганини ҳозир айтиб бераман… Кунлардан бирида, худди кечагидек ёдимда, уйимизга келиб, мени самбиттол байрамига таклиф қилиб қолди. Мен розилик бермадим, албатта.
Р е з о. Нега?
Е л е н э. Ичимда рози бўлиб турсам-да, рози бўлмагандек тутдим ўзимни.
Р е з о. Тушунарли, ноз қилгансиз-да.
Е л е н э. Албатта. Отам эса шундай деди: “Элизбар Мхеидзе чинакам олийжаноб йигит, шаънига доғ тушмаган ҳақиқий инсон. Унинг илтифот билан қилинган таклифини рад этиш – уни қаттиқ ҳақорат қилиш, дегани.
Р е з о. Тўғри!
Е л е н э. Нима қилишим керак эди? Соябон аравасига чиқиб ўтирдим-у, Сионск ибодатхонаси томон елиб кетдик. Бир биримизга қарамаймиз, гаплашмаймиз, аразлашиб қолган болалардек ўтирибмиз…Унинг ранги-рўйига, мен сенга айтсам, қараёлмаганман.
Р е з о. Нима бўлган?
Е л е н э. Мурдадек оқариб кетган эди. Бир пайт аравани тўхтатиб, ерга тушди-да, ёнидан пистолетини олиб, чаккасига қадади… Бўзрайиб турибди. Лекин шу ҳолатда ҳам ўта хушсурат эди. “Ҳурматли Еленэ, – деди. – Гапим қисқа. Менинг ҳаётим сизнинг қўлингизда. Ё иккимиз ҳозир ибодатхонага кириб, никоҳдан ўтамиз, ё – ҳозир ўзимни отаман!”
Р е з о. Унинг ўлишига имкон бермаган бўлсангиз керак?
Е л е н э (маъюс жилмаяди). Хуллас, ибодатхонага кириб бордик. Катта-катта иккита шаъм ёқиб, бир-биримизга муҳаббат изҳор қилдик… Кейин, уйга қайтаётганимизда у менинг қўлимни ўпди…
Р е з о. Энди юзингиздан ўпса ҳам бўларди-ку.
Е л е н э. Қаердандир “Риорита” эшитилиб турарди…
Р е з о. “Риорита” дегани нима?
Е л е н э. Шунақа қўшиқ бор эди. (Секин куйлайди.) Биз, ёшлар ўша куйга рақсга тушардик. “Риорита” билан мана бу кўйлак менга ўша самбиттол якшанбалигини эслатади.
Р е з о. Буви, менга пул керак.
Е л е н э (ҳеч нарса англамаган ҳолда Резога қарайди). Нима дединг?
Р е з о. Менга зудлик билан пул зарур.
Е л е н э. Кўп керакми?
Р е з о. Ҳалиги, костюмга деб олиб қўйилган пул…
Е л е н э. Костюм нима бўлади?
Р е з о. Ишонинг, бу пул менга ўта зарур. Зудлик билан Ниниконинг ёнига боришим керак. Самолётда.
Е л е н э. (хавотирда). Нима учун? Бирон нарса бўлибдими?
Р е з о. Йўқ. Ҳеч нарса бўлмаган. Фақат мен тезда учиб боришим керак. Зудлик билан Таллинга учишим зарурлигини ҳозир англадим, тушуняпсизми?
Е л е н э. О, Худо. Шунақа демайсанми, ўтакамни ёрдинг-ку. (Чиқиб кетади.)

Эшикнинг қўнғироғи жиринглайди. Р е з о эшикни
очади. Шитоб билан Л е н а кириб келади.

Л е н а. Жўмракни очиқ қолдирма, деб миллион марта огоҳлантирганман!.. Энди бор, ўзинг бартараф қил сувни!
Р е з о. Секинроқ… Бувим эшитиб қолмасин…
Л е н а. Аслзодалик одатларингни бошқа жойда кўрсатасан! Тезда тушиб, сув тозала. Бўлмаса милицияга шикоят қиламан!
Р е з о. Азизим, ўзингга бир қара.
Л е н а. Менга нима бўпти?
Р е з о. Сенга асабийлашиш ярашмас экан, ўлиб қолишинг мумкин.
Л е н а. Ҳақорат қилмоқчимисан? Пастга тушасанми-йўқми?
Р е з о. Лена, азизим, тинчлан, пастга тушаманми-тушмай-манми, таъмирлаб бераманми-йўқми, фақат, илтимос, овозингни ўчир.
Л е н а. Нима-а?! (Ғазабдан тили гапга келмай қолади.)
Р е з о. Мана бу яхши. Бувимлар оқ кўйлагини кийиб олган. Сенинг шовқинингни улар эшитмасин, дейман. Бувимлар ёшлигини хотирлаяпти, тушунасанг-чи!
Л е н а. Ёнида ким бор? Хой, ярамас, ҳеч бўлмаса жўмракни бураб қўйсанг-чи! Оқиб ётибди!
Р е з о. Кетдим!.. (Чопиб чиқиб кетади ва зумда қайтиб киради.) Ўчирдим.

Елиб К и р и л э киради.

К и р и л э (Ленага). Азизим, шифтнинг бир парчаси кўчиб тушди.
Р е з о. Кетдик. Менинг ортимдан! (Чопиб чиқиб кетади.)
Л е н а. Хой, Мхеидзе, аслзода оқсуяклик қилиқларингни йиғиштириб қўй, ҳозирги замонда ҳамма тенг… (Унинг ортидан чиқиб кетишади.)

Қўлида пул ушлаб Е л е н э киради. Телефон жиринглайди.

Е л е н э (гўшакка). Лаббай?…Луиза? …Йигитча, бошқа жойга тушиб қолдингиз. Нима? Йўқ, йигитча, мен энди, афсуски, Луиза бўлолмайман. Хайр. (Гўшакни жойига қўйиб, ўйланиб қолади.)

Яна телефон жиринглайди.

Эшитаман… Бадри? Саломатмисан, болагинам… Раҳмат, раҳмат, ҳечқиси йўқ. Билмайман ҳозиргина шу ерда эди. Пальтосини киймасдан чиқибди, балки қўшниларникидадир… Хўп, хайр, Бадри. (Гўшакни қўйиб, турмоқчи бўлади, чайқалиб кетиб, ўтириб қолади).

Р е з о шитоб билан кириб келади. Муштлари тугилган.

Р е з о. Таъмирлаш ҳаққини тўлашим керак эмиш!.. (Бувисининг аҳволини сезиб) Буви,сизга нима бўлди?
Е л е н э. Юрагим бекорга сезмаган экан..
Р е з о. Бу нима деганингиз?
Е л е н э. Секин…секин…
Р е з о. Бувижон!..
Е л е н э. Қичқириш керакмас… Менга тегма, болам, оғрияпти, тўхтаб тур, мен ҳозир…
Р е з о. Тез ёрдамни чақираман!.. Доктор чақираман… (Телефонга қараб интилади.)
Е л е н э. Керак эмас…болам…
Р е з о. Керакмас! Керакмас! Ўтиб кетади, бу шунчаки… Қўрқадиган ҳеч нарса бўлгани йўқ, шунчаки…
Е л е н э. Қўрқаётганим йўқ… Қўрқаётганим йўқ… (Унга тикилиб қарайди.) Фақат сени ўйлаяпман, болагинам…
Р е з о (яраланган кимсадек қичқириб). Бувижон, кетманг!!!

Аллақаёқлардандир Риорита” мусиқаси янграйди.

8

Ўша хона. Кўрпа-тўшагу бошқа буюмлар сочилиб ётибди, стол-стуллар бетартиб равишда сурилган. Р е з о киради, пальтосининг ёқаси кўтариб қўйилган, соқол-мўйлови қирилмаган, қўлида бир банка консерва, булка нон. Пальтосини ечиб, кўрпа-тўшаклар устига ташлайди-да, ваннахонага ўтиб кетади. Сувнинг шилдираши эшитилади. Сочиқ билан қўлларини артиб, қайта киради. Фикрини жамламоқчи бўлади шекилли, бир нафас ўйланиб туриб қолади, сўнг сочиқни ғижимлаб бир чеккага отади. Консервани очади ва ноннинг бир парчасини узиб олиб, ея бошлайди.
Телефон жиринглайди.

Р е з о (гўшакни кўтариб). Ҳа… Мен… Нима?.. Йўқ… Қабристонда… Билмайман… Қачон тамомласам – ўшанда… Ёрдам керак эмас, бусиз ҳам кўп кўмак бердиларинг… Балки икки ҳафтада улгуриб қоларман… Бўлмаса уч ҳафта… Керак эмас… Истамайман… Гела, мен сенга, йўқ, деяпман… Нима керак – ҳеч нарса керак эмас… Уйқим келяпти. Ҳа, ётиб ухлайман. Хўп, эртагача. (Гўшакни жойига қўяди.)

Телефон жиринглайди.

(Гўшакка) Эшитаман… Салом… Ҳа, бу яна мен… Танимаяпсанми?.. Овозим бошқачами?.. Ҳа, сени танимасин деб, атайлаб овозимни ўзгартириб гапиряпман… Ҳали ҳам Луизани қидиряпсанми? Қидиравер, қидиравер… Жонсарак, безовта одам… Мен ҳозир шунақа осойиштаманки, бирон кимса безовта қилса дейман! Хайр. (Гўшакни жойига қўяди.)

Эшикнинг қўнғироғи жиринглайди. Р е з о эшикни очади. Бир шиша коньяк кўтариб К и р и л э киради.

К и р и л э. Резо, нега эшигинг тагида ўлган мушук ётибди?
Р е з о. Қанақа мушук? (Шошиб ташқарига чиқиб киради.) Қаерда?
К и р и л э. Ҳазиллашдим… (Хурсанд бўлиб, шарақлаб кулади.) Ҳазил!.. (Хохолаб кулади.) Азизим, мени кечиргайсан. Бир ҳазиллашгим келди… (Кўз ёшларини артади.) Биласанми, уйда ёлғиз ўзим ўтирган эдим. (Шишани столга қўяди.) Тўсатдан каллам: Ҳой, Кирилэ, ёнгинангда қўшнинг бор, нега у билан уриштириб ичмайсан, деб қолди. Мен, ҳа, у билан уриштириб ичишни хоҳлайман, дедим. Астойдил истайман!
Р е з о (ажабланиб). Марҳамат, ўтиринг.
К и р и л э. Хўп бўлади. (Ўтиради.) Сен мендан хафа эмасмисан? Мен сендан хафа эмасман.
Р е з о. Хафа эмасман… Балки мендан кимдир хафадир.
К и р и л э. Сен хафа бўлмасанг, мен хафа эмасман. Сен Ленадан хафамисан?
Р е з о. Йўқ, хафа эмасман.
К и р и л э. У ҳам сендан хафа эмас. Ленани бирон кимса хафа қилгудек бўлса – мен уни харакири қиламан!
Р е з о. Кимни?
К и р и л э. Ўшани.
Р е з о. У ким экан?
К и р и л э. Ҳозирча билмайман. Билсам – айтганимни қиламан.
Р е з о. Буни нега менга айтяпсиз?
К и р и л э. Шунчаки, ҳар эҳтимолга айтдим-қўйдим-да. (Коньякни очади.) Азизим, кечирасан, қутлуқ уйга ўз ичимлигинг билан келиш одатданмас, биламан, илло мен…

Р е з о иккита стакан келтириб қўяди. К и р и л э коньякни қуяди.

Менинг тўртта ака-укам бор. Биттаси – амакивачча. Жуда яхши одам! Бақувват, семиз, чиройли. Турмуши зўр. Сарёғдаги бир бўлак пишлоқдай. Мен унга сени яхши одам, деб мақтадим. У: “Майли” деди.
Р е з о. Нима – “майли”?
К и р и л э. У сени оддий ишчи қилиб расмийлаштириб қўяди. Ҳафтада бир марта башарангни кўрсатиб қўйсанг, бас. Бошқалар, қалбаки, деб ўйламаслик учун. Бир ойда икки марта моёна олгани бориб турасан. Икки юз сўм қорнингни оғритмас!
Р е з о. Раҳмат сизга, лекин мен…
К и р и л э. Бас, ҳеч қандай “лекини” йўқ.
Р е з о. Менинг мутахассислигим бошқа.
К и р и л э. Менга қара, мутаҳассисликнинг сенга нима кераги бор? Оддий ишчи бўласан. Фаҳрли! Одамлар ҳурмат қиладиган бўлишади! Ҳеч қандай иш қилмайсан, бармоғингни бармоғингга теккизмайсан.
Р е з о. Гап бунда эмас. Метрода ишлаяпман, кечалари.
К и р и л э (ваҳимали оҳангда). Нима бало тешик кавлаяпсанми?!
Р е з о. Қанақа тешик?
К и р и л э. Ҳалиги, нима дейиларди? Поезд у ёқдан бу ёққа юрадиган…
Р е з о. Туннелми?
К и р и л э. Топдинг!
Р е з о (кулади). Йў-ўқ, бу ишни малакали ишчилар бажаришади, мен эса вагонларни ювадиган оддий ишчиман.
К и р и л э. Арзимаган пул учун жонингни жабборга бериб юрибсанми?!
Р е з о. Ёмон ҳақ тўлашмайди.
К и р и л э. Менга қара, мени кечирасан-у, мен яхши одам сифатида сендек яхши бир одамга яхшилик тилаяпман.
Р е з о. Раҳмат.
К и р и л э. Менга қара, мен сенга ёрдам бермасам, кейинчалик сен менга ёрдам бермасанг – қанақа ҳаёт бу! Бу қадаҳни, Резо, раҳматли бувинг учун ичаман. (Ўрнидан туради.)

Р е з о ҳам туради.

Жойи жаннатда бўлсин! Сени бу дунёда эришган ютуқларингдан бувинг у дунёда қувониб юрсин!

Ичишади. Қайта ўтиришади.

К и р и л э. Қанақа зўр коняк-а! Ҳой. менга қара, энди ёлғиз яшаяпсанми?
Р е з о. Баъзида дўстларим келиб туришади.
К и р и л э. Ҳа,ҳа… (Имо қилиб) Дўстлар, ҳалигиндақа қиз ўртоқлар!
Р е з о (беозор жилмаяди). Сизни қисқа муддатга холи қолдираман. Картошка пишириб келаман.
К и р и л э. Менга қара. Кераги йўқ. Бас. Гапимни эшит!
Р е з о. Эшитяпман.
К и р и л э. Менга қара, Резо, Тбилисимизда қизлар жуда кўп экан! Аҳ-аҳ… Эшитяпсанми, ғоят кўпайиб кетибди, эшитиб ҳайрон қолдим…. Таниш қизларинг борми?
Р е з о. Нима эди?
К и р и л э. Мен сендан дўстим сифатида сўраяпман. Танишларинг бўлса: “Кирилэ, танишларим бор!” де. Йўқ бўлса, менга айт-чи, нега йўқ?
Р е з о. Кечирасиз, мен сизни тушунмаяпман.
К и р и л э. Менга қара, қўшни, каллам баъзида ҳаёт тўғрисида ўйлаб қолади. Биласанми, нима деб ўйлайди? “Аёллардан лаззатлироқ роҳат йўқ бу дунёда!” дейди. А?
Р е з о қовоғини уйиб тинглайди.

Мен олдинлари кўпроқ пул топиш тўғрисида ўйлардим, энди жононлар ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим. Мен сенга айтсам, бир ҳафта олдин битта аёл билан танишиб қолдим. Тўладан келган, бақувват, яхши аёл. Рес­торанга олиб кирдим, анчагина пул сарфладим, лекин бари беҳуда кетди!..

Р е з о тушунмайди.
Боққа олиб кирай десам, бу менга ярашмайди.
Р е з о. Нега?
К и р и л э. Ёшлик пайтимда-ку – бўлаверарди. Энди эса… Ресторанга олиб бордим. Яхшилаб ичирдим, едирдим, танса-манса дегандек… Хуллас, яхши квартира керак бўлди…
Р е з о. Бирон бошпанангиз йўқми?
К и р и л э. Ҳамма гап шунда-да. Йўқ, вассалом! Кел, ичайлик. (Стаканларга коньяк қуяди.) Сенга муваффақият тилайман, азизим. Ҳар иккимиздан пул ва аёллар аримасин!
Р е з о. Раҳмат.

Ичишади.

К и р и л э. Менга қара, Резико, сенинг уйинг бор, менда йўқ. Сенинг таниш аёлларинг бор, менда эса машина бор – марҳамат! – Озгина пул бўлса, бас, бари жойида бўлади.
Р е з о. Нима, гуруҳ-гуруҳ бўлиб, ҳалиги иш билан шуғулланамизми?
К и р и л э (жонланиб). Ҳа-да!… Бу нима дегани ўзи?
Р е з о. Кейин айтиб бераман. Асосий гапга ўтайлик.
К и р и л э. Яхши.
Р е з о. Асосий гап шуки, бунақа бемаъниликлардан кейин ҳурматли рафиқангизнинг кўзига қандай қарайман?
К и р и л э. Қанақа ҳурматли?..
Р е з о. Сизнинг ҳурматли хотинингизни айтаяпман.
К и р и л э. Бас қил, Резико, бас қил! Нега сен унинг кўзларига қарашинг керак ?
Р е з о. Зинада кўриб қолгудай бўлсам…
К и р и л э. Қарама унинг кўзларига.
Р е з о. Ҳеч ҳам қарамайми?
К и р и л э. Албатта! Ҳеч ҳам қарама!
Р е з о. Эрингиз ман қилган, дейман.
К и р и л э. Истасанг, айтавер. Эрингиз рухсат бермайди, де.
Р е з о. Хўп, яхши. Кўз муаммосини ҳал қилдик. Демак, дастурхонга қўйиладиган емак билан ичкиликни сиз зиммангизга оласиз.
К и р и л э. Борди-келдилар ҳам…
Р е з о. Машинада бўлса, яхши. Аъло нав сигаретни ҳам ўзингиз олиб келасиз. Лекин айтиб қўяй, нархи ниҳоят баланд.
К и р и л э. Ҳали, оёқларининг тагига қоракузан мўйнали пўстин ташлаб қўйиш керак, дерсан! Аъло навли сигарет чекмаса ҳам бўлаверади, ўлиб қолишмайди!
Р е з о. Майли, эркалатмаганимиз маъқул.
К и р и л э. Менинг айтганимни қилаверсанг, ҳаммаси жойида бўлади. (Хонага назар ташлаб олиб) Молхонага ўхшаб қолибди. Тартибга келтириш керак.
Р е з о. Хўп бўлади.
К и р и л э. Дўстларингни уйингга яқинлаштирмайсан. Ўралашиб юрмасин.
Р е з о. Яқинлашмайди.
К и р и л э. Ичайлик. (Стаканни кўтаради.) Бутун дунёда тинчлик учун! (Ичади.)
Р е з о. Сэр, бугуноқ, кечга иккита жонон муҳайё бўлади!
К и р и л э (юзини буруштириб). Оқ-сариқ сочли, дейсанми Тузуккинами?
Р е з о. Сифат кафолати билан.
К и р и л э (бир зум ўйланиб туриб). Бугун кечга…бугун кечга. Хўп, майли. (Ёнидан ҳамёнини олиб, пул санаб Резога беради.) Фақат ҳаммаси аъло даражада бўлсин: шампан-мампан… дегандай, нарёғини ўзинг биласан.
Р е з о (пулни олиб, шошмасдан санайди). Ҳурматли Кирилэ, ёшингиз нечида?
К и р и л э. Ҳозирча қирқ бешдаман, яшаб келаяпман, шикоят қилишга асосим йўқ. Яна яшагим бор.
Р е з о. Ундоқ бўлса… (Кирилэнинг энгагидан ушлаб, пул билан унинг бурнига ура бошлайди.) Бир, икки, уч, тўрт… Ғингшимай тур! Беш, олти, етти… Жин урсин, қирқ бешга етказа олмайман шекилли, қўлим толиб қолди. (Уни қўйиб юборади.)
К и р и л э (қичқириб, бўғилиб). Мен сени милицияга ўтқазиб қўяман!
Р е з о. Бирон ерингни майиб қилиб қўймасимдан йўқол! (Коньяк ва пулларни қўлига туттириб, эшик томон итариб юборади.)

К и р и л э чопиб чиқиб кетади. Р е з о тунд ҳолатда
стулга ўтиради. К и р и л э қайтиб киради.

К и р и л э. Эшикни оча олмадим…
Р е з о (Кирилэнинг ортидан чиқиб). Даб бўл! (Қайтиб киради, сигарет тутатади. Ўтиради, сўнг ўрнидан туриб, хона бўйлаб у ёқдан бу ёққа юради.)

Телефон жиринглайди.

Лаббай… (Туси ўзгаради.) Наҳот сен бўлсанг?.. Салом. Қачон келдинг?.. Хабаринг борми?.. Қачон келасан? Тезда, дейсанми? Тезроқ кел! Орзиқиб кутаман!! (Уй жиҳозларини у ёқдан бу ёққа суриб, хонани тартибга келтира бошлайди. Электрустарани қўлига олади, юра туриб кийинади, Ваннахонага шошилади, орқага қайтади.)

Тўсатдан чироқ ўчади.

Бу нимаси тағин!.. (У ер-бу ерга шам ўрнатиб, уларни ёқиб қўяди.)

Эшик тақиллайди.
Кетяпман!..

Н и н и к о киради. У билан бирга хонага
шариллаб ёғаётган ёмғирнинг товуши кириб келади.

Сени менга яна ёмғир олиб келдими? Салом!

Ҳар иккаласи бир бирини қучишга ҳозир, аммо журъат қилишмайди. Нинико қўлини узатади, Резо ҳам қўл беради.

Яна ёмғир ва сен… Шамлардан ажабланма, чироғимиз ўчиб қолди. (Унинг ёмғирпўшини ечиб олади.)
Н и н и к о. Бувимларнинг вафот қилганларини бехабар қолибман. Билганимда келган бўлардим…
Р е з о. Бувим сени астойдил яхши кўрарди. Ўлишдан олдин эслади.
Н и н и к о. Мен ҳам яхши кўрардим.
Р е з о. Менда шампан виноси бор. Қаердадир ётибди. (Шишани олиб келади.) Ўтир. Омон-эсон келганинг учун ичамиз. (Стаканларга қуяди.)
Н и н и к о. Раҳмат.
Р е з о. Амалиёт яхши ўтдими?
Н и н и к о. Яхши.
Р е з о. Ўзинг мамнунмисан?
Н и н и к о.Мамнунман.
Р е з о. Таллин ёқдими? Яхши шаҳар эканми?
Н и н и к о. Ажойиб шаҳар экан. Кичкина, ўта шинам, одамлари яхши.
Р е з о. Таллинга бормоқчи эдим, лекин…

Сукут.

Н и н и к о. Сигаретингдан бер.
Р е з о. Чекадиган бўлдингми?
Н и н и к о. Йўқ, шунчаки, баъзи-баъзида.
Р е з о. Даданг қалай?
Н и н и к о. Раҳмат. Яхши.
Р е з о. Сени соғинган бўлса керак?
Н и н и к о. Ҳа, роса соғинибди. Ахир менинг уйдан бирон ёққа кетишимга кўникмаган-да. Умуман…
Р е з о. Билсанг агар, мен ҳам жуда соғиндим сени!

Сукут.

А?.. Сен-чи?
Н и н и к о. Резо, сен ҳақингда кўп ўйладим.
Р е з о. Нималарни ўйладинг?
Н и н и к о. Билмайман. Кўп нарсаларни…
Р е з о. Ҳамма ерда кўзимга кўрингандек бўлаверасан. Кеча қабристонда тўсатдан айни сеникига ўхшаган оч бинафшаранг плашли бировни кўриб қолдим-у, орқасидан чопиб, етиб олдим, аммо… Хуллас, сенми деб, ўша қизни қўрқитиб юбордим.
Н и н и к о. Қабристонда тез-тез бориб турасанми?
Р е з о. Ҳар куни бориб турибман. Кеча қоронғи тушгунча бўлдим у ерда. Охирги автобусда қайтиб келдим. Автобус тўла қора кийинган аёллар. Ҳайдовчи, негадир, чироқни ёқмади. Фантасмагория… Аёлларнинг бари менга қараб ўтиришганини тўсатдан сезиб қолдим. Бир ғалати бўлиб кетдим. Улар менга нариги дунёдан қараб туришгандек туюлди… Онамнинг ўлимига сабабчи бўлган менман-ку, ахир!..
Н и н и к о. Резо, бу гапларни қўй, сенинг ҳеч қандай айбинг йўқ.
Р е з о. Ана шунда яна сен ҳақингда ўйлай бошладим-у, енгил тортдим. Қоронғида сувратингни кўз олдимга келтириб, ором олдим. Кейин сени хафа қилганимни эслаб, алам қилиб кетди. Нинико, Нинико, жоним… Жонгинам менинг. Сени севаман!
Н и н и к о. Мен ҳам сени севаман!

Ўпишади.

(Шошиб Р е з о нинг қучоғидан чиқиб, атрофга аланглайди.) Хонани йиғиштирай. Мен ҳозир…
Р е з о. Ўзим йиғиштирганман.
Н и н и к о. Барибир йиғиштираман…
Р е з о. Кейин… (Қучоқлаб, ўпади-ю, орқага чекиниб, унга синовчан назар ташлайди.) Сенга нима бўлган?
Н и н и к о. Нима бўлибди?
Р е з о. Ҳайкалга ўхшайсан. Совуқсан… Бунақа эмасдинг- ку, Нинико.
Н и н и к о. Супурмоқчиман. Супурги қаерда?
Р е з о. Жин урсин супургини.
Н и н и к о. Яхши, бўлмаса сенга егани бирон нарса тайёрлаб бераман, ҳойнаҳой очдирсан.
Р е з о. Оч эмасман. Ҳеч нарса егим келмаяпти. Овқат-повқатингга ҳушим йўқ. (Уни қучоқлаб ўпади ва яна орқага чекинади.) Сенга нима бўлди?

Н и н и к о жим.

Чумчуқдек титраяпсан, умуман, ғалати, бошқачасан!.. Сенга нима бўлган?
Н и н и к о. Билмайман. Сенга шундай туюлаётгандир…
Р е з о. Соғиндим, ахир кўришмаганимизга қанча бўлди… (Энди Нинико эҳтирос билан қучоқлайди ва шу заҳоти уни ўзидан нари итариб, тахтага мукка тушиб, йиғлайди.) Йўқ, йўқ…
Р е з о (эсанкираб). Нинико…
Н и н и к о. Вой, Худойим… Йўқ, журъат қилолмайман… Йўқ… йўқ… (Йиғлайди.)
Р е з о. Нима ўзи? Тушунтириб айтсанг-чи.
Н и н и к о. Бир ўзинг қолдинг, сенга керакман, деб ўйлаган эдим.
Р е з о. Хўш?
Н и н и к о. Ўзимнинг хўрланганимни, аҳволимнинг нақадар ғариб бўлганлигини, ана у хонаки иш қиладиган врач ўғлининг менга: “Қўлга тушибсан-да, тентак!” деётгандек қараб турганини унута оларман, деб ўйлаган эдим… У менга тегажоқлик ҳам қилиб кўрди…
Р е з о. Мен уни ўлдираман!
Н и н и к о. Гап унда эмас, бизда. Биз ниманидир асраб қололмадик, энди ўзимизга қийин бўлади, Резо, жуда қийин бўлади.
Р е з о. Нега қийин бўлиши керак? Масалан, мен сени кўрдим-у, дарров енгил тортдим.
Н и н и к о. Резо, севгилим, сен билан бўлолмайман. Мен…
Р е з о. Нега? Кечира олмайсанми? Унута олмайсанми?
Н и н и к о. Билмайман… Йўқ, бу батамом бошқа нарса… Ўшанда қайси гуноҳим учун мени ҳайдадинг? Нега мени олиб қолмадинг?
Р е з о. Мен қаёқдан билай!
Н и н и к о. Сени бирдан севиб қолганим, мени тезда ўзингники қилиб олганинг, сени жондан ортиқ севиб, мутлоқ қарам бўлиб қолганим ёқмади сенга. Сен – менинг суянган тоғимсан, бирон хавф-хатар бўлса, ҳимоя қиласан, деб ўйлардим.
Р е з о. Нинико, ишон менга. Сени севардим… ҳамиша, тушунасанми? Фақат буни мен ўзим… Ҳаммаси аҳмоқона бир иш бўлди! Сени севишимни аниқ билардим, шу билан бирга ўз-ўзимга ишонмасдим!
Н и н и к о. Нега ишонмаслик керак, ахир ҳаммаси аниқ намоён бўлиб турарди-ку.
Р е з о. Мен аҳмоқман, Нинико. Чин сўзим, ғирт аҳмоқман, нари-бериси йўқ аҳмоқман!
Н и н и к о. Эсингдами, худди шу ерда сени сўйиб қўйишимга оз қолган эди?
Р е з о. Сўйиб қўя қолганингда яхши бўларди.
Н и н и к о. Бундай кулфатга ўзим дош беролмаган бўлардим.
Р е з о. Ким билади… (Унга тикилиб қарайди.) Айт-чи…
Н и н и к о. Нимани?
Р е з о. Йўқ, ҳеч нарса. (Яна унга тикилади.) Сен менга айт-чи, Таллинда бирон ҳодиса бўлмадими?
Н и н и к о. Таллинда нима бўлиши керак эди?
Р е з о. Ҳалиги, биронтасини учратиб қолган бўлишинг мумкин. Балки уни…
Н и н и к о. Тентак.
Р е з о. Нега энди, бўлиши мумкин-ку…
Н и н и к о. Ҳеч қандай мумкини йўқ. Сен аҳмоқ экансан. Шунақа деб ўйлар экансан, демак аҳмоқсан. Аҳмоқ, аҳмоқ…

К и р и л э киради.

К и р и л э. Қадрдон қўшним, кечирасан, эшигинг очиқ экан.
Р е з о (дағаллик билан). Нима гап?
К и р и л э (Ниникога). Саломатмисиз?
Н и н и к о. Салом.
К и р и л э. Сиз ажойиб қизсиз! (Ўз бармоғини ўпиб қўяди.)
Р е з о. Нима гап, деб сўраяпман?
К и р и л э. Резико, азизим, бир дақиқа… (Резони бир чеккага тортади.)­ Менга қара, сен мендан хафа эмасмисан? Мен сендан хафа эмасман.
Р е з о. Хафа эмасман.
К и р и л э. Қасам ич.
Р е з о. Чин сўзим.
К и р и л э. Ишонмайман. “Ҳурматли бувим ҳаққи қасам ичаман!” де.
Р е з о (дўқ билан). Номаъқулнинг нонини ебсан!
К и р и л э. Яхши, ишондим. Сен хафа эмас экансан – мен ҳам хафа эмасман. Мен яхши одамлардан ҳеч қачон хафа бўлмайман. Сен хафа эмасмисан?
Р е з о (уҳ тортиб). Хафа эмасман, дедим-ку!
К и р и л э. Хафа эмас экансан, демак, хотинимга ҳам ҳеч нарса айтмайсан, шундайми?
Р е з о. Хой, нималар деб валдираяпсиз! (Кирилэ сари юриб, уни эшик томон суради.) Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз?!
К и р и л э. Бари яхши, азизим. (Орқага чекинади.) Мен хафа эмасман, сен ҳам хафа эмассан, демак, ҳаммаси жойида… Қизинг зўр… Қаердан топдинг уни, а?
Р е з о. Эҳ, Кирилэ, Кирилэ, калтафаҳм одам экансиз. (Ниҳоят уни чиқариб юборади.) Бошимга битган бало бўлди бу бетайин… (Ниникога) Хўш, нима қиламиз?
Н и н и к о. Агар йўқ демасанг, хонангни тартибга келтирай.
Р е з о. Уйни йиғишитириш тўғрисидаги аҳмоқона гапларингни бас қил. Бу ердаги нарсаларнинг бари жонимга тегди. Кел, яхшиси, барини қайта бошидан бошлайлик.
Н и н и к о. Қандай қилиб?
Р е з о. Бир-биримизни обдон қийнадик, қийналиб бўлдик – энди бас.
Н и н и к о. Резо…
Р е з о. Нинико, жонгинам, азизим, севгилим. Етар, бас, бас, ахир мени севасан-ку!
Н и н и к о. Резо, тушунсанг-чи, гап бунда ҳам эмас…
Р е з о. Бўлмаса нимада? Яна нимада, жин урсин?!
Н и н и к о. Ўшанда руҳиятимда қандайдир кескин узилиш бўлди. Энди ўзимга келишим учун вақт керак шекилли. Тушунсанг-чи…
Р е з о. Хўш, айт-чи, қандай узилиш экан? Масалан, менда ҳеч қандай узилиш бўлгани йўқ. Аксинча ҳаммаси мустаҳкамланди. Мен ё севаман, ё севмайман. Севаман, дер эканман, демак, севаман. Сен севасанми?
Н и н и к о. Мен ҳам севаман. Лекин бирдан ўзгара олмайман. Ахир, айтдим-ку, қандайдир узилиш…
Р е з о. Ечин.
Н и н и к о. Нима?
Р е з о (энди ўз ғазабини жиловлай олмай). Тезда! Зудлик билан! (Унинг кофтасини зўрлик билан еча бошлайди.)
Н и н и к о. Резо!..

Резо иккала қўли билан бошини
чангаллаб, нари кетади. Сигарет тутатади.
Сукут.

Н и н и к о. Резо, нина бер менга…

Резо жим, унга қарамайди.

Бунақа ҳолатда кўчага чиқа олмайман-ку…
Р е з о. Нега?
Н и н и к о. Одобдан эмас.
Р е з о. Мени қийнаш одобданми?
Н и н и к о. Резо… илтимос, ип ҳам бергин.
Р е з о. Хўп, энди тинчлан, ип топиб бераман. (Жавон ёнига боради.) Қанақа рангдаги ип керак сенга?
Н и н и к о. Кўк.
Р е з о. Бу ерда фақат қора ип бор экан.
Н и н и к о. Майли, қора бўлса ҳам беравер.
Р е з о (нина билан ип келтириб беради). Нинико, сен… жасоратли бўлиб қолибсан.
Н и н и к о. Йигитлар, Бадри, Гела қалай, яхши юришибдими?
Р е з о. Аъло.
Н и н и к о. Ажойиб дўстларинг бор.
Р е з о. Дўстларим-ку яхши, мен ёмонман.
Н и н и к о. Йўқ, сен ҳам яхшисан. Сени ҳамма яхши кўради, ҳурмат қилишади, демак… Чироққа нима бўлган? Балки пробкаси куйиб қолгандир?
Р е з о. Пулини тўламаганимиз учун ўчириб қўйишганми…
Н и н и к о. Вақтида тўлаб қўйсанг бўлмайдими? Пулинг йўқми?
Р е з о. Нега бўлмасин, бор. Арзимаган пул. Эсимдан чиқиб қоляпти.
Н и н и к о. Эртагаёқ мен тўлаб қўяман.
Р е з о. Нима, бошқа қиладиган ишинг йўқми?
Н и н и к о (унга жиддий назар ташлаб), Йўқ.
Р е з о. Керак эмас. Ўзим. Пулим бор, фақат бу ҳақда ўйлашга ҳафсала қилмаганман.
Н и н и к о. Дипломинг қай аҳволда? Тамомладингми?
Р е з о. Деярли.
Н и н и к о. Режадагидек бўляптими?
Р е з о (паришонхотир). Нима? А… ҳа, бинойидек… Менга универститетда қолишни таклиф қилишяпти, кафедрада…
Н и н и к о. Жуда соз, розилик беравер!
Р е з о. Йўқ, қолмайман. Тоғли Тушетияга кетаман, икки йилга.
Н и н и к о. Чўпон бўлмоқчимисан?
Р е з о. Шундай деса ҳам бўлаверади. Қўзичоқдай болаларни адабиёт кўкатларидан баҳраманд қилмоқчиман.Тўғри, бундан бирон натижа чиқадими, йўқми – билмайман.
Н и н и к о. Ҳар қалай, бир қарорга келишга шошма. Обдон ўйлаб кўриш керак.
Р е з о. Ўйлаб ўтирадими? Сен севмасанг, Тбилисида мени ушлаб турадиган бошқа илинжим бўлмаса, сўққабош бўлсам… Кетаман.
Н и н и к о. У ерда тоғлик санамлардан бирига уйланиб оласан…
Р е з о. Шубҳасиз!
Н и н и к о. Хуллас, умрингнинг охиригача ўша ерда қолиб кетасан. Мен эса сени бошқа кўрмайман. Ҳеч қачон.
Р е з о. Ҳа. (Ўйчан.) Бир воқеа эсимга тушиб қолди. Қизиқ… Нана деган қизим бўларди. Қизим, дейиш нотўғри, шунчаки…Хуллас, у менга ҳеч бўй бермади.Ундоқ қилиб кўрдим, бундоқ қилиб кўрдим – натижа бўлмади… Орадан бир йил ўтгач дугонасини кўриб қолдим. У менга, сен Нанага жуда-жуда ёқасан, деб қолди. Мен, табиий, қувониб кетдим. Шошмай тур ҳали, Нана, дедим ўзимча. Хуллас, у билан учрашиб, уйига кузатиб қўйгани кетар эканман, йўл бўйи олифтачилик қилиб боряпман. Ғурурим баланд, гўё карта ўйинида қўлимда учта туз тургандек. Ўзимни Кларк Гейбл хис этиб, ғолибона жилмаяман!.. Бир пайт унга қўлимни узатдим-у, тўсатдан сирғаниб кетиб қорга юзтубан йиқилдим. Биласанми, назокат билан чиройли йиқилиш ҳам мумкин эди, мен эса хода каби ағнадим. Шунақа қорга чўкиб, бурнимни музлатиб ётганимдан орланиб, ўз-ўзимдан нафратланиб кетдим. Ўзимга суиқасд қилишни ўйлай бошладим: қачон, қандай қилиб…
Н и н и к о (кулади). Кулгили ва бемаъни ҳодиса экан.
Р е з о. Ўн етти ёшда эдим-да!
Н и н и к о. Барибир кулгили. У қиз-чи, у нима қилди?
Р е з о. Мулойимгина бўлиб, бирон еринг лат емадими, деб сўради, холос.
Н и н и к о. Шуми?
Р е з о. Энг кулгилиси шундаки, уни уйига қадар кузатиб қўйгинимча яна ўн беш марта ағанадим! Тасаввур қилиб кўргин, юзимда бир нечта кўкимтир шиш, оёқларимдан бошимга қадар қор ва лойга беланганман, терга ботганман — даҳшат! Уч йил ундан яшириниб юрдим. Бирон жойда кўргудай бўлсам қочиб қоламан. Кеча эса уни тўсатдан учратиб қолдим. Боласи билан бирга кетаётган экан. Ўша воқеани эслаб кулишдик. Айниқса Нана кулди. Боласи ҳам. Кофтангни тикиб бўлдингми?
Н и н и к о. Ҳа, бўлди.
Р е з о. Ёмғир тўхтасин.
Н и н и к о. Зонтигим бор. (Ёмғирпўшини кияди.)

Р е з о унга кўмаклашади.

Раҳмат.
Р е з о. Кетмасангчи.
Н и н и к о. Мен… Йўқ. кетишим керак.
Р е з о. Эсингдами, ёмғир ёғаётганда келган эдинг?
Н и н и к о. Бунгаям кўп вақт бўлди…
Р е з о. Мана, яна ёмғир ёғаётганда кетяпсан. Кузатиб қўяман.
Н и н и к о. Йўқ, керак эмас. Илтимос. Сенга нима бўлди? Сен…
Р е з о. Ҳеч нарса. Борақол. Алвидо. Тамом.
Н и н и к о. Хайр.

Р е з о жим. Н и н и к о секин юриб чиқиб кетади. Р е з о бир нафас серрайиб туради, сўнг ўзини диванга ташлайди. Унинг дилидан нималар кечаётганини ким билсин. Унга қийин. Шамларнинг нури аста-секин сўниб боради. Сокин тун қаъридан чиқиб келган, буткул оқ либосдаги қиз пайдо бўлади.

Р е з о. Ойи?..
О н а. Резо, ўғлим, сени уйғотиб юбордимми?
Р е з о. Ойижон!..
О н а. Кўзларинг ғамгин.
Р е з о. Ҳа,балки. Мен сизни ҳеч қачон тушимда кўрмаган эдим. Кўришни жуда-жуда истардим. Ажаб… Сизни дарров танидим!
О н а. Бу ерда ҳамма нарса эскича. Фақат диван жойидан нарига сурилибди. Илгари нариги бурчакда турарди, бошқа ҳеч нарса ўзгармаган…
Р е з о. Ойи, сизсиз менга қанчалик оғир эканлигини билсангиз эди! Сизни кўришни ҳамиша орзу қилардим, ойижон!
О н а. Жажжи болагинам…
Р е з о. Ўн икки ёшимга қадар врачлардан сиз билан дадамни тирилтиришни илтижо қилганман.
О н а. Даданг эсингда қолганми?
Р е з о. Элас-элас эсимда.
О н а. Сен отангга ўхшайсан.
Р е з о. Дадамнинг ҳиди эсимда қолган: тамаки ва вино ҳиди… Яна дадам ва бошқа бир неча киши ов милтиғи билан уйда юриб, ов ҳақида гаплашганлари эсимда. Мен каравотда ётардим, улар менга аллақандай девсифат одамлар бўлиб кўринарди. Кейин ўрнимдан сапчиб туриб, мени ҳам ўзлари билан бирга урушга олиб кетишларини сўраб ялина бошладим. Улар кулишди.
О н а. Даданг билан иккимиз сенинг туғилишингга орзуманд эдик.
Р е з о. Мен ҳам сизларни орзу қилардим.
О н а. Лекин сени кўришга бир мартагина муваффақ бўлганман, холос. Ингалаб ётган муштдеккина чақалоқ эдинг. Кимдир: “Вой, оппоқ гўдак экан”, деди. Бошқаси эса: “Оппоқ эмас, кўмкўк…”, деб луқма ташлади. Бошқа ҳеч нарсани эслай олмайман… Тубсиз зулмат, одамнинг кўзини оладиган нур, бошқа ҳеч нарса…
Р е з о. Ҳеч нарса?
О н а. Зулмат, нур, зулмат… Бошқа ҳеч нарсани… (Кета бошлайди.)
Р е з о. Ойи, кетманг! Кетманг, мени ташлаб кетманг, ялинаман! Ё бўлмаса мени ўзингиз билан бирга олиб кетинг, сизсиз яшай олмайман!
О н а (олисдан). Яшаш – қандай яхши, Резо… Узоқ яша, ўғлим!
Р е з о. Йўқ-йўқ, истамайман!..
О н а. Мен ҳеч қаёққа кетмайман, Резо, наҳот сезмаётган бўлсанг? Мен сени жуда-жуда яхши кўраман. Даданг билан иккимиз сени ниҳоятда яхши кўрганмиз. Сенинг туғилишингни орзу қилардик. Муҳаббат эса, ўғилгинам – бу ҳеч қачон йўқолмайдиган бир ажойибот. Муҳаббатни асра… Муҳаббатни асра…

Тўсатдан уй эшиги қўпорилгудай тақиллаб, тапир-тупур хонага ҳовлиқиб Б а д р и билан Ге л а кириб келишади.

Г е л а (чироқни ёқмоқчи бўлади). Чироқ йўқ!
Б а д р и (диванда чўзилиб ётган Резони кўриб, у томонга ташланади, кифтидан ушлаб силкитади).
Г е л а . Ҳой, қария! Резо!! (у ҳам силкитиб) Резо, А-а-а-а… Бу нимаси?..
Б а д р и (ўзига келиб). Эҳ, ҳозир боплаб башарангга туширган бўлардим-у!..
Г е л а (Резони туртиб). Қўрқитиб юбординг-ку бизни!.. Ўлдираман сени!

Л е н а билан К и р и л э ҳовлиқиб киришади. Кирилэнинг қўлида ов милтиғи.Отишга шай. Еленанинг қўлида эса — темир човли.

Л е н а (бақириб). Ўраб ол уларни! Ёрдам беринглар!
К и р и л э. Қўлларингни кўтаринглар!

Б а д р и билан Г е л а қўлларини кўтарганларича ҳанг-манг бўлиб туриб қолишади.

Б а д р и. Узр, хоним…
К и р и л э. Овозингни ўчир!..
Л е н а (диванда ётган Резога кўзи тушиб). Бола бечорани ўлдиришибди! Сулайиб қолибди!
Г е л а. Милтиғингизни нари олинг, сизларга нима бўлган?
К и р и л э. Бир – икки, отаман!
Б а д р и. Э-э-э!..
Г е л а. Резо! Кўзингни очсанг-чи!
Л е н а. Бола бечорани ўлдиришибди! Қимирламай қолибди!
Г е л а. Резо, мана буларга бир нима десанг-чи, бўлмаса…
Р е з о. Кирилэ…
К и р и л э. Нима, дейсан азизим?
Л е н а. Тирик экан.
Г е л а (Резога). Ўзимизнинг одамлар, десанг-чи…
К и р и л э. Тўхта, отаман!..
Р е з о. Кирилэ, ота кўрма.
К и р и л э. Отмайман майли, азизим. Сен мендан хафа эмасмисан? Мен хафа эмасман.
Л е н а. Бу гапларингни қўйиб тургин. (Гела билан Бадрига). Эшикни нега буздиларинг?
Р е з о. Кирилэ, милтиғингни торт, булар менинг дўстларим.
Л е н а. Сен гапга аралашмай тур. Қани, айтларинг-чи, нима учун эшикни қўпориб олдиларинг? Ўзингники бўлмаса, бузавериш мумкин экан-да? Етим-ку бу бечора!
Р е з о. Лена, илтимос, қичқирма, булар менинг дўстларим.
Л е н а. Дўст бўлса, бузаверсин экан-да? Дўст деган бузиш эмас, қуриши керак!
Б а д р и. Телефони уч кундан бери жавоб бермади…
Г е л а. Унга бир нима бўлган, деб жон-понимиз чиқиб кетди. Сизлар эса…
К и р и л э. Мана буниси яхши одам экан.
Р е з о. Раҳмат, меҳрибон қўшниларим, шунчалик…
К и р и л э. Резо, нима учун раҳмат деяпсан? Сен менга оғайнимисан, йўқми?. Ака-укаларга раҳмат дейиш керакми? Йўқ, “Яхши қилибсан, Кирилэ!” дейиш керак.
Р е з о. Ҳа, яхши қилибсан, Кирилэ. Лена, раҳмат.
Л е н а. Соғ бўл.
К и р и л э (Бадрига). Менга қара, сен мендан хафа эмасмисан? Мен сендан хафа эмасман.
Б а д р и. Нега хафа бўлишим керак…
К и р и л э (унинг қўлини силкитиб). Менинг исмим Кирилэ, танишганимдан ғоят хурсандман!. (Гелага) Сендан ҳам хафа бўлмайман. (Ўзини таништиради.) Кирилэ… (Унинг қўлини олиб силкийди.) Лена, сен ҳам хафа бўлма, энди юр, уйга чиқайлик.
Л е н а. Мен сендан хафаман, билдингми?
К и р и л э (ҳайратда). Нима учун, Лена?
Л е н а. Уйда гаплашамиз. Милтиғингни торт, баққол!.. (Эшик томон юради.)
К и р и л э (унинг орқасидан эриб). Лена, нега бунақа деяпсан!

Чиқиб кетишади.

Б а д р и (сигарет тутатади). Шунақанги қўрқиб кетдимки… (Кулади.) Рўпарасида гўё душман тургандек, милтиғини ўқталиб турса, қўрқмай бўладими… (Кулади.)
Г е л а. Менга қара, қария, нима бўлди? Нима, ўзингни тириклай кўммоқчи бўлдингми?
Б а д р и. Нинико, кўзлари тўла ёш, бизникига кириб келиб, сени ёлғиз қолдирмасликни илтимос қилди… Мен ҳеч нарса тушунмадим-у, биз, сен айтмасанг ҳам, уни ёлғиз қолдирмаймиз, дедим.
Р е з о. Қачон борган эди?
Б а д р и. Ўтган куни. Кеча ҳам келиб кетди. Мен ўша заҳоти сенга қўнғироқ қилдим – ҳеч ким жавоб бермади. Кейин кечки пайт, сўнг эртасига азонлаб, кундуз куни қайта-қайта қўнғироқ қилдим. Йигитча маишат қилиб юрган бўлса керак, деган хаёлга бордим.
Г е л а. Мен икки кун давомида бир неча марта келиб кетдим: ҳар доим эшик қулф, деразаларнинг пардаси туширилган.
Р е з о. Бугун нечанчи?
Б а д р и. Йигирма учинчи.
Р е з о (ўзича). Демак, уч кун…
Г е л а. Уч кун қамалда ётдингми?

Р е з о ўрнидан туради-ю, гандираклаб кетади.
Дўстлари уни суяб қолишади.

Р е з о, Резо, қария…
Р е з о. Фу, кўзларим тиниб, бошим айланиб кетди. (Бошини ликиллатади.) Жиндак очиққанга ўхшайман.
Г е л а (сув қуйилган графинни қўлига олади). Балки парҳез қилмоқчи бўлгандирсан?
Б а д р и (ошхонадан аллақандай овқат олиб кириб, Резони столга ўтқазади). Қани, мана буни егин!
Р е з о. Томоғимдан овқат ўтмайди…
Б а д р и. Озгина… (Қошиқ билан едира бошлайди.) Қани, оғзингни оч… Балли, яхши. Бу қошиқни амакинг учун, бунисини холанг учун. Мана буни эса устундек ғўдайиб турган, деразаларнинг пардаларини кўтариб қўйишни хаёлига ҳам келтирмаётган ана у чала туғилган амакинг учун. Балли, ақллигина бола!

Г е л а пардаларни кўтариб қўйиб, деразаларни очади. Хонага эрталабки нур кириб келади.

Г е л а. Йигитлар, баҳор! (Мириқиб тоза ҳаво шимади.) Уч кун тинмай ёмғир ёғди. Энди эса офтоб чарақлаб турибди.Баҳор, йигитлар, баҳор!..
Р е з о (бўғиқ овозда). Ўша баҳоринг билан иблис ёнига жўна!
Г е л а. Сен ўзинг борақол унинг ёнига. (Кулади.)
Р е з о. Мен аллақачон…
Б а д р и. Ўзингдан-ўзинг хафа бўлиб, ўладиган ҳолатга етдингми? Шунчалик ёқмаяпсанми ўзингга?
Р е з о. Нафратланяпман. Мен разил одамман.
Г е л а. Ана холо-ос!
Р е з о. Онам мен туфайли вафот этди. Мени деб севгилим туғилажак фарзандимизни нобуд қилди. Мен ўзи нима учун яшаяпман? Мен кимман? Мен бошқаларга азоб беряпман, холос… Ҳайвонман. Қандай қилиб шу даражага етдим? Қачон?
Б а д р и. Ўз-ўзидан нафратланишнинг энг аламли чўққиси! (Гелага). Мен уни ҳеч қачон бунақа ҳолатда кўрмаганман. Сен-чи, Гела?
Г е л а. Уни ювинтириб, соқол-мўйловини қириб, овқатлантириб, кўчага ҳайдаш керак. Ана ўшанда бари тутундек тарқалиб кетади.
Р е з о. Аллақандай фантомни ахтараман… Нима йўқотдим? Нимани қидирдим-у топа олмадим? Ўзимни ким деб фараз қиламан? Нега? Менинг ҳақиқий башарам қандай ўзи?..
Г е л а.Ҳой, валдирайвермай, деразанинг олдига борсанг-чи!
Р е з о. Дераза олдига боргим йўқ. Ўлгим келяпти!
Б а д р и. Жуда соз, мен йиғлаяпман!
Г е л а. Мен ҳам! (Дераза олдига боради.) Йигитлар, қаранглар, духовой оркестр келяпти!.. (Деразадан бошини чиқариб) Маэстро, туш! Табрик мусиқаси чалинсин!

Тўсатдан оркестр мусиқаси янграйди.

Г е л а. Буни, орзунинг бир дамда ушалиши, деб тушунмоқ керак.
Р е з о (бошини кўтариб) “Риорита”!

Телефон жиринглайди.

(Гўшакни кўтариб) Ҳа…Нима дедингиз? Тушунмадим,такрорланг… (Тўсатдан кула бошлайди.) Луизани топдим, деяпсанми?.. (Кулади.) Ростданми? Ҳазиллашаётганинг йўқми? Табриклайман, оғайни! Энди уни йўқотма! Ҳеч қачон, эшитяпсанми! Ҳеч қачон йўқотма!

Р е з о телефонга яна нималардир дейди. Лекин оркестр садолари остида бизга эшитилмайди.

Рус тилидан Муҳаммад Хайруллаев таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 4-5-сонлар