Жон Стейнбек. Одамлар ва сичқонлар (2 пардали драма)

ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР:

Жорж
Ленни
Кенди
Новча
Карлсон
Уит
Қорача
Қорачанинг хотини
Смитти

Воқеа қуйидаги жойларда бўлиб ўтади:

1-кўриниш: дарёнинг қумлоқ қирғоғида, пайшанба куни кечқурун.
2-кўриниш: ёғочдан қурилган уйда, жума куни чошгоҳ пайтида.
3-кўриниш: иккинчи кўринишдаги жойда, жума куни кечқурун.
4-кўриниш: отхонада, якшанба куни, чошгоҳдан сўнг.
5-кўриниш: биринчи кўринишдаги жойда, якшанба куни кечқурун.

Воқеа айни замонда, Шимолий Калифорниянинг қишлоқларидан бирида бўлиб ўтади.

БИРИНЧИ ПАРДА

Биринчи кўриниш

Дарё соҳили. Ленни ва Жорж кириб келишади.
Ж о р ж. Жин урсин, агарда анави туллак автобус ҳайдовчи бизни йўлдан адаштирмаганда, яйловга етиб олган бўлардик. “Бу ердан икки қадам нарида”, – дейди. Икки қадам эмиш! Ҳеч бўлмаганда, тўрт чақиримдан кам эмаслиги аниқ! Аслида у, автобусини тўхтатгиси келмади. Намунча ичасан! Эшитяпсанми, Ленни!
Л е н н и. Сенам ичгин, ич, Жорж.
Ж о р ж. Ким билади, бу қанақа сув экан. Қуриб кетгур иссиқ… Икки қадам эмиш… Қани, кетдик.
Л е н н и. Жорж!
Ж о р ж. Нима?..
Л е н н и. Қаёққа кетаяпмиз?
Ж о р ж. Дарров эсингдан чиқдими? Ҳаммасини бошидан бошла. Вой тавба-ей, бу қанақа галварс ўзи.
Л е н н и. Эсимдан чиқибди. Лекин эсимда сақлаб қолишга, Худо ҳаққи, роса уриндим-у…
Ж о р ж. Майли энди, ўтир, қулоқ сол. Сенга бир умр уқтирсаям эсингда қолмайди.
Л е н н и. Ахир уриндим-ку, фойдаси бўлмади. Лекин қуёнлар тўғрисидаги гапнинг ҳаммаси эсимда.
Ж о р ж. Қанақа қуёнлар? Сен фақат қуёнлар ҳақида ўйлайсан холос! Менга қара, ёдингдами, шаҳарда эълонлар ёпиштирилган қора тахтага тикилиб ўтирганимиз?
Л е н н и. Эсимда! Жудаям эсимда-да… Ўшанда нима қилган эдик? Ёнимиздан аллақандай қизлар ўтиб кетаётганди, сен уларга нима деган эдинг?
Ж о р ж. Нима десам дегандирман-да. Идорага кирганимиз, у ерда бизга ҳисоб дафтарчаси ва автобусга чипта беришгани эсингдами?
Л е н н и. Албатта, Жорж, энди эсладим (киссасини кавлаштиради). Жорж…
Ж о р ж. Нима?
Л е н н и. Жорж, мени кечир, мен уни йўқотибман.
Ж о р ж. Йўқотдингми?
Л е н н и. Ҳа.
Ж о р ж. Уни сенга берганим йўқ эди, аҳмоқ. Иккаламизникиям менда. Ҳисоб дафтарчасини сенга бериб жинни бўлибманми.
Л е н н и. Мен уни киссамга солгандай бўлган эдим (яна киссасини кавлаштиради).
Ж о р ж. Киссангда нима бор?
Л е н н и. Киссамда… ҳеч нарса.
Ж о р ж. Ҳозир киссангда ҳеч нарса йўқлигини биламан. Анави қўлингдами?
Л е н н и. Ҳеч нарса йўқ! Рост айтаяпман, Жорж.
Ж о р ж. Қани, бу ёққа ол!
Л е н н и. Бу… ҳалиги… сичқон.
Ж о р ж. Сичқон? Тирикми?
Л е н н и. Йўқ, ўлик. Мен ўлдирганим йўқ уни. Рост айтаяпман. Уни топиб олдим. Ўлик сичқон экан…
Ж о р ж. Бу ёққа бер уни.
Л е н н и. Илтимос, менда туратурсин, Жорж.
Ж о р ж. Бу ёққа бер деяпман (Ленни сичқонни беради). Нима қиласан бу ифлос нарсани?
Л е н н и. Келаётганимизда мен уни силаб келдим.
Ж о р ж. Мен билан юрганингда бунақа қилма! (Сичқонни улоқтиради.) Эсингга тушдими, қаёққа кетаётганимиз?
Л е н н и. Йўқ, эслаёлмаяпман.
Ж о р ж. Бошга битган бало бўлдинг-ку! Қулоқ сол. Биз яйловда ишлаймиз. Илгари шимолда ишлаган жойимизга ўхшаш.
Л е н н и. Шимолда?
Ж о р ж. Уидда.
Л е н н и. Эсимда, Уидда.
Ж о р ж. Яйлов ҳў-ў анави ерда. Бу ердан тўрт чақирим нарида. Биз у ерга бориб хўжайинни сўраймиз.
Л е н н и. Хўжайинни сўраймиз…
Ж о р ж. Яхшилаб қулоқ сол. Мен ҳисоб дафтарчаларини унга топшираман. Мана улар. Сен эса, индамай турасан.
Л е н н и. Индамай тураман.
Ж о р ж. Тушундингми?
Л е н н и. Тушундим.
Ж о р ж. Мабодо, у сенинг анқовлигингни сезиб қолса, бизни ҳайдаб юборишади. Агарда, индамай ишлаганингни кўришса, ҳамма иш жойида бўлади. Тушундингми?
Л е н н и. Ҳа-да, Жорж, албатта тушундим.
Ж о р ж. Жуда яхши. Хўжайиннинг ёнига борганимиздан кейин нима дейишинг керак?
Л е н н и. Менми?
Ж о р ж. Ҳа, сен!
Л е н н и. Индамай туришим керакми?
Ж о р ж. Баракалла! Жуда соз! Эсингдан чиқармаслик учун бу сўзни ичингда қайтариб тур.
Л е н н и. Индамай туришим керак, индамай туришим керак…
Ж о р ж. Бўлди энди. Билиб қўй, яна Уиддагига ўхшаб бирор қилиқ чиқарма.
Л е н н и. Уидда нима бўлган эди?
Ж о р ж. Буям эсингдан чиқдими?
Л е н н и. Бизни Уиддан ҳайдаб юборишди.
Ж о р ж. Ҳайдаб юборишди? Бизни ҳайдаб юборишдими? Жудаям унчалик эмас… Биз қочиб кетдик, ортимиздан қувлашганди, ета олишмади.
Л е н н и. Рост айтаяпман, буниси эсимда йўқ.
Ж о р ж. Эсингда йўқми?
Л е н н и. Биз яйловда ишлаймиз. Мен лом-мим демайман. Индамай тураман, индамай тураман…
Ж о р ж. Ҳа, майли. Буни ёдлаб олибсан. Аммо бугун шу ерда тунаймиз. Бу тўғрида ўз мулоҳазаларим бор. Очиқ ҳавода мазза қилиб ухлагим келаяпти (поезд изининг тақир-туқури қулоққа чалинади).
Л е н н и. Нимага яйловга бормаяпмиз? У ерда ахир овқат беришарди.
Ж о р ж. Бунга сенинг ақлинг етмайди. Бу ер менга ёқиб қолди. Ишни эртага бошлаймиз. Бугун эса шу кошонада меҳмон бўламиз. Бу жудаям ажойиб қовоқхона, Ленни.
Л е н н и. Демак, овқат емас эканмиз-да?
Ж о р ж. Емаймиз.
Л е н н и. Емаймиз? (Пиқиллаб йиғлай бошлайди.)
Ж о р ж. Еймиз. Овқат еймиз. Менда нўхат бор. Овқатланиб, кейин ухлаймиз. Бор, сув олиб кел.
Л е н н и. Лекин мен нўхатни қуритилган балиқ билан ейишни яхши кўраман.
Ж о р ж. Шунақами? Қуритилган балиқ билан ейишни яхши кўрасанми? Қуритилган балиғимиз йўқ-да. Бор, сув олиб кел. Бўлақол. Ҳалиям шу ердамисан? (Ленни кетади. Унинг кулгиси эшитилади. Кейин қайтиб келади.) Ленни, қани, илтимос, сичқончани менга бер-чи.
Л е н н и. Қанақа сичқончани? Менда ҳеч қанақа сичқонча йўқ.
Ж о р ж. Бу ёққа бер, деяпман. Сичқончани менга берасанми, ё тарсаки егинг келаяптими?!
Л е н н и. Нимани берай, Жорж?
Ж о р ж. Нималигини ўзинг яхши биласан, турқинг қурсин! Бу ёққа бер деяпман!
Л е н н и. Нима учун сенга бераман? Ахир унинг эгаси йўқ. Мен уни ўғирлаб олганим йўқ. Шунчаки йўлдан топиб олдим, холос.
Ж о р ж. Ҳали, шунақами?
Л е н н и. Унинг эгаси йўқ-ку. Ўғирлаб олганим йўқ…
Ж о р ж. Ҳа, албатта. Сен ўғри эмассан.
Л е н н и. Мен уни топиб олдим…
Ж о р ж. Берасанми, йўқми? (Ленни сичқончани беради.)
Л е н н и. Мен ҳеч нарса қилганим йўқ. Мен уни силадим, холос.
Ж о р ж (Сичқонни улоқтиради. Ленни йиғлайди). Гўдакдай йиғлайсан-а. Шундай кап-катта йигит йиғлаб ўтиришга уялмайсанми? Мен уни сендан қасддан тортиб олганим йўқ-ку.
Л е н н и. Ҳа, қасддан қилганинг йўқ.
Ж о р ж. Бу сичқоннинг ўлганига анча бўлган, сасиб кетибди. Бошқа тирик сичқонни топарсан. Топганингда мен индамайман, доим ўзинг билан олиб юрасан.
Л е н н и. Бошқа сичқонни қаердан топаман? Эсимда, бир аёл сичқон ушлаганда менга берарди. Лекин у бу ерда йўқ.
Ж о р ж. Бир аёлми?
Л е н н и. Ҳа, бир аёл.
Ж о р ж. Унинг ким бўлганлигиям эсингда йўқ. У сенинг ўз холанг Клара эди. Сен сичқонларни ўлдиравергандан кейин, у сенга сичқон тутиб бермай қўйган.
Л е н н и. Улар жудаям кичкина эди-да. Сал сиқсанг, дарров жони чиқиб кетарди. Тезроқ қуён топсайдик. Қуёнлар кичкина бўлмайди.
Ж о р ж. Қуриб кетсин қуёнларингам! Қани, овқатдан ол.
Л е н н и. Емайман (тўнғиллайди).
Ж о р ж. Емайсан-а?
Л е н н и. Емайман.
Ж о р ж. Жуда яхши. Ўзим ейман ҳаммасини.
Л е н н и. Мен ейман (нўхатли банкани олади).
Ж о р ж. Емоқчи эмасдинг-ку? Майли, ея қол. Бу тўрт кишигаям етади.
Л е н н и. Ҳа, лекин нўхатни қуритилган балиқ билан ейиш маза-да.
Ж о р ж. Қуритилган балиқ бўлмаса нима қиламиз. (Ленни емоқчи бўлади.)
Л е н н и. Қуритилган балиқсиз ея олмайман.
Ж о р ж. Жин чалгур. Бизда қуритилган балиқ йўқ-ку. Доим йўқ нарсани хоҳлайсан. Жин урсин, ўзим якка бўлсам, бемалол юрардим. Хотиржам ишлардим. Ўзимни уринтирмай, ҳар ойда олтмиш доллар ишлардим. Шаҳарга бориб, истаган ишимни қилардим. Ресторанда овқатланардим, кўнглимга ёққан нарсани буюрардим.
Л е н н и. Мен қуритилган балиқни хоҳламайман.
Ж о р ж. Ҳар ойда шунақа бўларди. Бир шиша вискини олиб, қовоқхонада яйраб ўтирардим. Қарта ёки биллиард ўйнардим. Ҳозир эса, нимам бор? Нимам? Фақат сен! Ҳеч қаерда қўним топмайсан. Сени деб мениям ишдан ҳайдашяпти. Сени деб бир умр саргардон бўлиб юрибман. Буям майли-я, доим бир жанжал чиқарасан, мен ўртага тушиб қутқараман. Сен эсипаст, итвачча! Сени деб доим ташвишдан чиқмайман. “Мен фақат унинг кўйлагини ушлаб кўрмоқчийдим. Мен уни бироз силаб қўймоқчийдим”. Жин урсин, сенинг фақат кўйлагини ушлаб кўришингни ёки бироз силаб қўймоқчи бўлганлигингни қиз бечора қаердан билсин? Қаердан?!
Л е н н и. Мен ёмон ниятда қилган эмасман, Жорж.
Ж о р ж. Албатта. Қиз бечорани чийиллатгинг келмаган, йигитлар милтиқ кўтариб ахтаришганда, кун бўйи зовурда писиб ўтиришимизни истамагансан. Сен ҳеч қачон ёмон ниятда бирор иш қилмайсан. Эй, Худойим, сени ғиж-ғиж сичқонлар орасига, қафасга солиб қўйилса яхши бўларди. Ўшанда кўнглингга ёққанича хурсандчилик қилардинг!
Л е н н и. Жорж, қуритилган балиқсиз еяпман. Қуритилган балиқсизам маза бўларкан. Агарда қуритилган балиқ бўлса, уни сенга берардим, Жорж.
Ж о р ж. Хўш, яна нима гапинг бор?
Л е н н и. Жорж, ҳазиллашдим. Қуритилган балиқ егим йўқ. Мен кетсам, сен тинчийсанми?
Ж о р ж. Қаёққа борасан?
Л е н н и. Ҳў-ў анави тарафга… тоғларга. Бирорта ғорни топиб олиб, ўша ерда танҳо яшайман.
Ж о р ж. Шунақами? Ўша ғорда нимани ейсан?
Л е н н и. Бирор нарса топарман. Менга қуритилган балиқли ширин овқатнинг кераги йўқ. Офтобда ағанаб ётаман, ҳеч кимга зарарим тегмайди. Мабодо, сичқон топсам, ҳеч кимга бермайман. Ҳеч ким уни мендан тортиб ололмайди. Ҳозироқ кетишим мумкин.
Ж о р ж. Сени хафа қилиб қўйдимми-а? Менга қара, Ленни, ҳазиллашдим-да. Мени ташлаб кетишингни сира истамайман.
Л е н н и. Йўқ, агарда сенга малол келаётган бўлсам, тоғларга чиқиб, бирор ғорга кириб яшайман.
Ж о р ж. Марҳума Клара холанг тирик бўлганда, ёлғиз қолганлигингни билиб, жудаям хафа бўларди.
Л е н н и. Клара холам эсимда йўқ.
Ж о р ж. Менга қара, Ленни, ҳамма бало шундаки, сен доимо анави сичқонларни ўлдириб юрасан. Мен эса, иложини қилсам, сенга кучук ҳадя этардим. Кучук сичқонга нисбатан каттароқ бўлади, уни қаттиқроқ силасаям бўлаверади.
Л е н н и. Оқ жигарранг кучукними?
Ж о р ж. Оқ жигарранг бўлсаям майли. Лекин ҳозир бунинг аҳамияти йўқ.
Л е н н и. Жорж, мен қоламан.
Ж о р ж. Ростданми?
Л е н н и. Тирик кучукни… (овқат ейди.)
Ж о р ж. Хўш, ширин эканми?
Л е н н и. Жудаям… Жорж!
Ж о р ж. Нима?
Л е н н и. Энди менга айт-чи… яқинда қандай қилиб…
Ж о р ж. Нимани айтай?
Л е н н и. Қуёнлар ҳақида.
Ж о р ж. Бошимни қотирма.
Л е н н и. Кел, Жорж… Айтиб бер! Илтимос! Ўшанда…
Ж о р ж. Демак, ўшани ҳикоя қилиб беришимни хоҳлайсан-а? Майли, қулоқ сол. Кейин ётиб ухлаймиз.
Л е н н и. Гапир, Жорж.
Ж о р ж. Бировларнинг яйловида ёлланиб ишлайдиган бизга ўхшаш йигитлар бу дунёда ғариб, якка-ю ёлғиз бўладилар. Уларнинг оиласиям, уй-жойи ҳам йўқ. Улар яйловга келиб, бироз ишлаб пул орттирадилар-у, кейин шаҳарга бориб топган пулларини кўкка совурадилар. Уларнинг келажаги йўқ.
Л е н н и. Мана бу гапинг тўғри! Уларнинг келажаги йўқ! Энди ўзимиз тўғримизда гапириб бер.
Ж о р ж. Биз – бу бутунлай бўлак гап. Бизнинг келажагимиз бор. Сениям, мениям гаплашадиган одамларимиз бор, ғамхўрлик қиладиган кишиларимиз бор. Биз бошимизни қаёққа уришни билмасдан, қовоқхонада виски ичиб ўтирмаймиз. Баъзи бировлар қамоққа тушиб қолса, ўша ерда чириб кетиши мумкин. Ҳеч ким нима бўлдийкин, деб қайрилиб қарамайди ҳам. Биз бўлсак – бошқа гап.
Л е н н и. “Биз бўлсак – бошқа гап”. Нима сабабдан-а? Чунки сенинг ёнингда мен бор, менинг ёнимда сен бор. Мана гап нимада! Давом эт, Жорж.
Ж о р ж. Ўзингам ҳаммасини ёддан биласан-ку. Барини ўзинг гапириб беришинг ҳам мумкин.
Л е н н и. Йўқ, йўқ, сен гапиравер, мен бирор нарсани эсимдан чиқариб қўйишим мумкин. Қани айтгин-чи, нима бўлади охири?
Ж о р ж. Бошқа сафар.
Л е н н и. Йўқ, ҳозир гапир.
Ж о р ж. Хўп, майли. Вақти келиб бироз пул йиғамиз, кейин кичикроқ уй, озроқ ер, сигир, чўчқалар сотиб оламиз ва…
Л е н н и. Ўзимиз хўжайин бўламиз! Қуёнларам боқамиз! Давом эт, Жорж! Боғимиз ҳақида, катакдаги қуёнлар ва қиш фаслида ёмғир ёғишини гапир… иссиқ жой тўғрисида, пичоқ билан кесиб оладиган қуюқ қаймоқлар тўғрисида гапир. Шулар ҳақида гапир, Жорж.
Ж о р ж. Ўзинг гапира қол, ҳаммасини биласан-ку!
Л е н н и. Йўқ… сен гапир. Мен ўхшатиб гапиролмайман… Яхшиси, ўзинг гапира қол…
Ж о р ж. Экин экилган кенг еримиз, чўчқахона, товуқхонамиз бўлади…
Л е н н и. Қуёнхонамиз.
Ж о р ж. Қуёнхонамиз ҳам. Қиш пайтида ишламасдан, уйни иситиб, томда ёмғир савалаётганини эшитиб ётамиз… Майли, энди, ухлай қол. Эртага яйловда сендан бирон нарса сўрашса, нима деб жавоб берасан?
Л е н н и. Жорж, индамай тураман…
Ж о р ж. Баракалла! Жуда яхши! Ақлинг кирганга ўхшайди. Худо ҳаққи, ўзимизнинг яйловимиз бўлганида қуён боқишингга ижозат бераман… Агарда ўшанда ҳамма нарсани яхшилаб эсингда тутсанг.
Л е н н и. Худо ҳаққи, ҳамма нарсани эсда тутаман.
Ж о р ж. Менга қара, Ленни, атрофингга яхшироқ разм солгин-а. Сен бу жойни эслаб қола оласанми?
Л е н н и. Албатта. Индамай туришим кераклигини эсимда сақлаб қо­лолмадимми?
Ж о р ж. Ҳа, эслаб қолдинг. Гап бундай, Ленни. Агарда бирор ножўя иш қилиб қўйгудай бўлсанг, дарров шу ерга чопиб келиб беркиниб ол. Тушундингми?
Л е н н и. Тушундим. Шу ерга беркинаман…
Ж о р ж. Ҳа, шу ерга беркин ва мени кутиб тур.
Л е н н и. Шу ерга беркиниб, сени кутиб тураман.
Ж о р ж. Агарда бирор ҳодиса юз берса…
Л е н н и. Агарда бирор ҳодиса юз берса… Мабодо юз бермаса, нима қиламан чопиб келиб…
Ж о р ж. Ҳа, ростданам. Яхшилаб эсингда қолиши учун буни бир неча марта қайтар.
Л е н н и. Агарда бирор ҳодиса юз берса… шу ёққа чопаман… Ва сени кутаман… Агарда ҳодиса юз берса…
Ж о р ж. Бу ерда маза қилиб ухлаб оламиз, Ленни. Худоё тавба, қиладиган ишинг бўлмаса-ю, қорнинг тўқ бўлса, одам ўзини бирам енгил сезадики…

(Узоқдан ашула товуши эшитилади.)

Ж о р ж. Эшитяпсанми, яйловда қўшиқ айтишяпти.
Л е н н и. Жорж, ухлаяпсанми?
Ж о р ж. Ҳа, нимайди?
Л е н н и. Қуён боқайлик. Ҳар хил рангдагиларини.
Ж о р ж. Боқамиз. Қизил, кўк ва яшил рангдаги қуёнларни. Минглаб ҳар хил рангдаги қуёнларни.
Л е н н и. Майин юнглилариниям, Жорж!
Ж о р ж. Ҳа, албатта, майин юнглилариниям.
Л е н н и. Бўлмаса мен кетиб қолишим ҳам мумкин.
Ж о р ж. Истаган ерингга кетишинг мумкин! Ўчир товушингни!
Л е н н и. Жорж.
Ж о р ж. Нима дейсан?!
Л е н н и. Индамайман. Индамай ётибман-ку.

Иккинчи кўриниш

Ёғоч уй.

К е н д и . Эй, бу ёққа!.. Бу ёққа. Биз бу ердамиз. (Жорж билан Ленни киришади.) Келмаганларингни билиб, хўжайиннинг жудаям жаҳли чиқди. У бугун эрталаб сизларни ишга юбормоқчийди. Мана бу икковига чиқинглар.
Ж о р ж. Мен юқоридагисини эгаллайман. Тепага чиқадиган бўлсанг, яна бошимга қулаб тушмагин. Мана бу йигитча бошимга қулаб тушгудай бўлса, роса маза қиламан-да. Қизиқ, бу нимаси?
К е н д и. Билмадим.
Ж о р ж. Бу ерда: “Битлар, сувараклар ва бўлак ҳаромзодалардан сақланиш учун энг яхши восита” деб ёзиб қўйилибди. Зўр ўриндиқни таклиф қилибсан бизга.
К е н д и. Бу ерда, мана шу ўриндиқда сендан олдин бир темирчи ётарди. Ажойиб йигит эди. Бирам озода… овқатдан кейин ҳам қўлини юварди…
Ж о р ж. Бу таъби нозик озоданг шунча лаш-лушларни қаердан олган экан?
К е н д и. Гап бундай. Темирчининг исми Билл эди. У жудаям озода бўлганлигидан, ҳатто қандалалар бўлмасаям дори сепарди. Ўзини эҳтиёт қилиш учун-да, тушундингми?
Ж о р ж. Қайдам.
К е н д и. Яна у бундай қиларди: қайнатилган картошкани тозалаб, ундаги ҳар бир доғни қириб оларди. Мабодо, тухумнинг қизил доғи бўлса, униям қириб ташларди. Мана шунақа йигит эди Билл! У бу ердан нимагадир кетиб қолди. Таъби нозик! Ҳеч қаёққа бормайдиган бўлсаям ҳар якшанба ясаниб оларди, бўйинбоғ тақарди. Шу алфозда ўтириб кеч қиларди.
Ж о р ж. Нима сабабдан кетиб қолди дейсан?
К е н д и. Сабаби номаълум. Бир кун эрталаб хўжайиннинг ёнига келиб: “Ҳисоб-китобимни беринг”, деди. Шундан бошқа оғиз очгани йўқ.
Ж о р ж. Майли. Агарда шу тўшакда бирор нарсани сезиб қолгудай бўлсам, сен билан бу масалага яна қайтамиз.
К е н д и. Ўзинг биласан. Энди бора қолай. Хўжайин ҳадемай бу ерга Смиттини юборади. У сизларни рўйхатга олади. Эрталаб келмаганинг­ларни билиб бирам жаҳли чиқдики. Биз нонушта қилиб ўтиргандик. У кириб келиб: “Қани у янгилар, жин урсин”, деди… Смиттиниям роса адабини берди.
Ж о р ж. Смитти?
К е н д и. Смитти. Бужур! Ҳадемай келиб қолади. У доим хўжайинга лаганбардорлик қилади. Хўжайин эса, доим аламини ўшандан олади. Лекин Смитти бунга парвоям қилмайди. У кўп китоб ўқийди.
Ж о р ж. Смиттими?
К е н д и. Смитти бужур.
Ж о р ж. Хўжайинларинг қанақа одам ўзи?
К е н д и. Хўжайин сифатида яхши одам. Бир куни у, биласанми, нима иш қилди!
Ж о р ж. Нима қилди?
К е н д и. Рождество байрамига ўзи билан катта шишада виски олиб келди. “Ичинглар, йигитлар, рождество йилда бир марта бўлади”, дейди.
Ж о р ж. Қойил! Катта шишада-я!
К е н д и. Ҳа, Худо ҳаққи, роса хурсандчилик бўлди. Бир отбоқар ҳабашимиз бор. Ажойиб йигит. Уни от тепиб олганидан кейин букри бўлиб қолган. Хўш. ҳабашниям бу ерга таклиф қилишди. Смитти ҳабашнинг жиғига тега бошлади. Лекин йигитлар Смитти ҳабашни оёғи билан тепишига йўл қўймадилар. Ҳабаш Смиттидан зўрға қутулди. “Агарда оёғим билан тепишимга халақит беришмаганда ҳабашни ўлдирардим”, дейди. Йигитлар ҳабаш – букри, уни тепиб бўлмайди, дейишди. Ҳа… Ўша кечқурун хўжайин катта шишада виски олиб келиб, ҳў-ў анави ерга ўтириб: “Маза қилиб ичинглар, йигитлар”, деди. (Смитти киради.) Ҳа, Смитти! Булар янгилар. Ҳозиргина келишди.
С м и т т и. Хўжайин идорага бугун эрталаб иккита ишчи керак, деб ёзиб берибди. Ҳисоб дафтарчаларинг ёнларингдами?
Ж о р ж. Ҳа, мана.
С м и т т и. Бу ерда бугун эрталабдан ишга чиқишларинг лозим эканлиги ёзилган экан-ку.
Ж о р ж. Автобус ҳайдовчиси бизни бошқа ёққа олиб кетиб қолди. Ўн чақиримча пиёда юрдик, йўловчи машина учрамади.
С м и т т и. Сизларни деб ғалла янчадиган жойга икки киши кам юборилди. Менга қара, оёқ орасида ўралашма, Кенди. (Кенди кетади.) Қуриб кет! Доим ўралашиб юради! Исмларинг? Оталарингнинг исми?
Ж о р ж. Жорж Милтон.
С м и т т и. Милтон. Сеники-чи?
Ж о р ж. Бу – Ленни Кичкина.
С м и т т и. Кичкина? Чакана эмас-ку – Кичкина Ленни… Кичкина… Бугун йигирманчи, йигирманчи чошгоҳ. Илгари қаерда ишлагандила­ринг, йигитлар?
Ж о р ж. Уиднинг яқинида.
С м и т т и. Сенамми?
Ж о р ж. Ҳа, уям. (Ленни ҳисоб дафтарчасини Жоржга беради.) Доим ҳамма нарсасини йўқотиб юради.
С м и т т и. Менга қара, жудаям камгап экансан-ку, Кичкина?
Ж о р ж. Камгап-у, лекин девдай ишлайди.
С м и т т и. Девдай деганинг нимаси? Қизиқ. Камгап бўлса.
Ж о р ж. Лекин яхши ишлайди. Ўлгудек бақувват.
С м и т т и. Ўлгудек бақувват дегин? Хўш?.. Бирор нарса дегин, ахир.
Л е н н и. Ўлгудек бақувватман.
С м и т т и. Нега бунақа ғалати гапирасан?
Ж о р ж. У ирландиялик.
Л е н н и. Ирландияликман.
С м и т т и. Шунақами? Нима иш қўлингдан келади, ирландиялик?
Ж о р ж. Нима иш топширишса, шуни қилади.
С м и т т и. Сендан сўраяпман. Нима иш қўлингдан келади?
Ж о р ж. Нимани буюришса, шуни қилади. Отларни яхши боқади, трактордаям ишлаши мумкин, ҳамма иш қўлидан келади. Бир синаб кўринг-а.

(Ленни кулади.)

С м и т т и. Нега куляпсан?
Ж о р ж. Жаҳли чиқса кулаверади.
С м и т т и. Нима сабабдан уни бунчалик мақтаб қолдинг?
Ж о р ж. Нима?
С м и т т и. Ишлаган пулини сен оласанми ё?
Ж о р ж. Эй, нима деяпсиз?..
С м и т т и. Сизга ўхшаганларнинг бир-бирига бунчалик меҳрибон бўлишини умримда биринчи кўришим. Менга қизиқ туюляпти-да, бундан сенга нима фойда?
Ж о р ж. У менинг тоғаваччам. Ёшлигида бошига от тепган, шу сабабли олгач унга қараб юришимни холаси менга топширган. У 200 килоли қопни бемалол кўтара олади.
С м и т т и. Уиддан нимага кетиб қолдиларинг?
Ж о р ж. Иш тамом бўлди-да.
С м и т т и. Қанақа иш эди?
Ж о р ж. Сув оқиб ўтадиган зовур қазиганмиз.
С м и т т и. Фақат мени лақиллатма, Милтон. Мен сизларни кузатиб юраман. Бирор гап бўлса, хўжайинга айтиб бераман. Тушки овқатдан ке­йин ҳамма билан бирга ишга чиқасизлар. Новча сизларга ишбоши бўлади. Кимки яхши ишласа, уни хафа қилмаймиз. Мабодо, ялқовлик қилсаларинг хўжайиннинг феълини кейин билиб оласизлар. (Чиқади.)
Ж о р ж. Индамай турсанг бўларди. Келишганимиздек жим туришинг керак эди. Бемаъни оғзингни очмасанг бўларди. Сени деб, сал қолди ишдан маҳрум бўлишимизга.
Л е н н и. Эсимдан чиқибди.
Ж о р ж. Эсимдан чиқибдимиш. Доим ҳамма нарсани эсдан чиқарасан. Энди у бизни кузатиб юради.
Л е н н и. Лекин охирида у туппа-тузук одамдай гапирди-ку.
Ж о р ж. Нима? Ким билан гаплашаётганингни ҳам билмайсан. Дуруст одамми ёки хўжайиннинг малайими. Яхшиси, дамингни чиқармаганинг маъқул.
Л е н н и. Жорж.
Ж о р ж. Ҳа, яна нима демоқчисан?
Л е н н и. Бошимга от тепгани йўқ-ку, тўғрими, Жорж?
Ж о р ж. Афсус, минг афсус. Шундай бўлганда барчани ташвишдан халос қилардинг.
Л е н н и. Сен яна, бу менинг тоғаваччам дединг.
Ж о р ж. Агарда сенинг қариндошинг бўлганимда, аллақачон ўзимни осиб қўярдим.

(Кенди дераза ортида итни боғлаяпти.)

К е н д и. Ана шундай, азизим, ёт, ёт…
Ж о р ж. Нима учун гапимизга қулоқ соляпсан?
К е н д и. Қулоқ солганим йўқ. Итни боғламоқчи бўлиб келувдим. Гап­ларингни эшитганим йўқ.
Ж о р ж. Бизнинг ишимизга бурнингни тиқма. Ёмон кўрганим – айғоқчилар.
К е н д и. Мен эндигина келдим-ку. Нима деётганларингни эшитганим йўқ. Буни менга қизиғи йўқ. Бизнинг яйловда ҳеч ким бир-бирининг гапига қулоқ солмайди. Бир-бирига савол ҳам бермайди.
Ж о р ж. Яхши қилишаркан, жин урсин. Ростини айтганда, бу ит юзга киргандир.
К е н д и. Ҳа. Мен уни кучуклигида боқиб олгандим. Энди ҳеч ким ишонмайди-ю, лекин Худо ҳаққи, бу ҳақиқий немис овчаркаси эди (ёғоч уйга киради). Қалай, Смитти сизларга ёқдими?
Ж о р ж. Тузук. Яхши йигит кўринади.
К е н д и. Бужур! Унинг аҳволиниям тушуниш керак. У бутун бошли яйловга мутасадди. Бемаъни ишларни ёқтирмайди. Чунки хўжайин унга жуда кўп азоб беради. (Қорача киради.)
Қ о р а ч а. Эй, дадамни кўрмадингми?
К е н д и. Йўқ.
Қ о р а ч а. Уни топмасам бўлмайди. Демак, дадам эрталаб кутган янгилар сизлар экансизларда?
Ж о р ж. Ҳа, биз эндигина келиб турибмиз.
Қ о р а ч а. Нега эрталаб келмадиларинг?
Ж о р ж. Бошқа ёққа адашиб кетибмиз.
Қ о р а ч а (Леннига). Бирор марта ғалла тўкканмисан?
Ж о р ж. Албатта.
Қ о р а ч а. Мен ундан сўраяпман. Ғалла тўкканмисан ҳеч?
Ж о р ж. Албатта.
Қ о р а ч а. Мана бу барзангининг ўзи жавоб берсин.
Ж о р ж. Унинг жавоб бергиси келмаса-чи?
Қ о р а ч а. Сўраганда жавоб беришни унга ўргатиб қўяман. Менга қара, сен нимага аралашасан?
Ж о р ж. Биз бирга ишлаймиз.
Қ о р а ч а. Ҳали, шунақами?
Ж о р ж. Ҳа, шунақа.
Қ о р а ч а. Мен билан ишлашни хоҳлайсанми?
Ж о р ж. Нега ишламас эканман?
Қ о р а ч а. Сен унга гапиришга рухсат бермайсан, шундайми?
Ж о р ж. Хоҳласа, гапираверсин. Гапир, Ленни, гапиравер.
Л е н н и. Биз эндигина келдик…
Қ о р а ч а. Ҳа, шунақа бўлсин. Сендан сўраганда ўзинг жавоб қил.
Ж о р ж. Менга қаранг, у сизга ҳеч нарса қилгани йўқ-ку.
Қ о р а ч а. Сенинг эса менга ишинг тушади. (Қорача чиқади.)
Ж о р ж. Жин урсин, унинг нима иши бор?
К е н д и. Бу Қорача – хўжайиннинг ўғли. Жудаям уришқоқ. Бокс билан шуғулланган. Енгил вазнда муштлашарди.
Ж о р ж. Ким бўлсаям, нима қилади Леннининг ғашига тегиб?
К е н д и. Гап бундай. Қорача барваста йигитларни хуш кўрмайди. Билишимча, улар Қорачанинг жиғини қўзғатади. Бунақаларни биринчи кўришинг бўлмаса керак. Бунақангилар доим гердайиб юришади.
Ж о р ж. Шунақа бачкана одамларни кўп кўрганман. Лекин, яхшиси, Леннининг ғашига тегмасин. Ленни жудаям абжир эмас-у, лекин манавинақа бурнақиларнинг адабини бериб қўя олади. Тўғрими, Ленни?
Л е н н и. Ҳа.
К е н д и. Лекин Қорача ўлгудай муғомбир. Мен доим унинг ноҳақ эканлигини билиб юрардим. Қорача мана бунга ўхшаш паҳлавонга ёпишиб, уни савалади, дейлик. Унда ҳамма: “Баракалла, Қорача!” дейди. Лекин, фараз қилайлик, у ёпишса-ю, ўзи калтак еса, унда барча: “Қуриб кет, ёш бола билан олишиб ўтирибди”, дейди. Қолаверса, ўша барзангини ҳамма тўпланиб савалашади. Мен бунақанги ишларга қаршиман. Фақат Қорача ҳеч кимни аяб ўтирмайди.
Ж о р ж. Нима қилсаям Леннидан узоқроқ юрсин.
К е н д и (қарта олиб, Леннига). Ўйнаймизми?
Л е н н и. Майли.
К е н д и. Сенга айтган гапларимни Қорачага айта кўрма. Билиб қолса, теримга сомон тиқади! Унга нима! Хўжайиннинг ўғли бўлса. Уни яйловдан ҳайдашмайди.
Ж о р ж. Билишимча, бу Қорача деганларинг аблаҳ одам экан-да.
К е н д и. Кейинги пайтларда у ҳаддидан ошиб кетди. Икки ҳафтача олдин уйланди. Хотини билан хўжайиннинг уйида яшайди… Қорача уйлангандан кейин роса қутуриб кетди. Менимча, у чумоли уясига тушиб қолган-у, чумолилар думбасини роса чаққанга ўхшайди. Бирам жаҳли тезки, бирорта жонзот қўлига тушиб қолгудай бўлса, боплаб калтаклаб хуморидан чиқадигандай кўринади. Унга раҳмим келади…
Ж о р ж. Балки хотини олдида ўзини мард қилиб кўрсатмоқчидир?
К е н д и. Чап қўлига қўлқоп кийиб олганини кўрдингми?
Ж о р ж. Ҳа, кўрдим. Нимайди?
К е н д и. Ана шу қўлига вазелин суркаб олган.
Ж о р ж. Вазелин? Нимага энди?
К е н д и. Бу қўлимни хотиним учун мулойим қилиб олмоқчиман, дейди.
Ж о р ж. Уялмайдими шунақа гапларни айтишга?
К е н д и. Нимасини айтасан. Ҳали шошмай тур, хотинини кўрасан.
Ж о р ж. Нозанинми?
К е н д и. Келишган, дўмбоққина, лекин…
Ж о р ж. Нима “лекин”?
К е н д и. Йигитларга қошини қоқади.
Ж о р ж. Қўйсанг-чи, икки ҳафта олдин эрга тегиб, дарров қош қоқадиган бўлиб қолганми? Қорачанинг жиғибийрони чиқиши балки шундандир?
К е н д и. Шунақа бўлса керак. Новчага кўз қисганини ўзим кўрдим. Новча – хачирларнинг чўпони. Ажойиб йигит. Қорача хотини унга кўз қисганини кўргани йўқ. Хотини Карлсонга ҳам кўзини қисган. Карлсон –­ швед.
Ж о р ж. Швед?
К е н д и. Ҳа, швед. Қорача эса, кўргани йўқ.
Ж о р ж. Гапингга қараганда, роса тўс-тўполон бўларкан-да.
К е н д и. Биласанми, мен нима деб ўйлайман? Менимча, Қорача фоҳишага уйланган бўлса керак.
Ж о р ж. Бунақанги “бахт”га эришган битта у эмас.
К е н д и (Леннига). Хўш, нима бўлди энди? Нимага аралаштириб юбординг? Ўзинг ўйнашни биласанми?
Л е н н и. Йўқ, билмайман.
К е н д и. Қорача тўғрисида гапирган гапларимни ўзига айтиб қўйма.
Ж о р ж. Менинг нима ишим бор.
К е н д и. Мен кетдим. Қўл ювгичга сув қуйишим керак. Йигитлар ҳадемай ишдан келиб қолишади. Мана шунақа гаплар. Қорачанинг хотинига яхшилаб назар сол. Кейин ўзинг билиб оласан – фоҳиша эканми-йўқми.

(Кенди кетади.)

Ж о р ж. Майли, кўрамиз.
Л е н н и. Жорж, мендан хафа эмасмисан?
Ж о р ж. Сендан хафа эмасман. Анави аблаҳ Қорачадан хафа бўлаяпман. Агарда у итвачча сенга тегажоқлик қилса, яхшилаб адабини бер.
Л е н н и. Нима дейсан, Жорж?
Ж о р ж. Ўзим шундай. Менга қара, Ленни, бирор ҳодиса юз бергудай бўлса, эсингдами, сенга нима деганим?
Л е н н и. Бирор ҳодиса юз бергудай бўлса, менга қуён боқтирмайсан.
Ж о р ж. Уни айтаётганим йўқ, Ленни. Кеча, дарё бўйида тунаганимиз эсингдами?
Л е н н и. Албатта эсимда. Мен дарров ўша ерга бориб, беркиниб оламан. То сен келгунингча қимирламай ўтираман.
Ж о р ж. Дарё бўйида беркиниб олиб, мени кутасан…
Л е н н и. Дарё бўйида беркиниб олиб, сени кутаман.
Ж о р ж. Агарда бирор ҳодиса юз берса…
Л е н н и. Агарда бирор ҳодиса юз берса…
Н о в ч а (саҳна ортида). Отбоқар! Эй, отбоқар! Жин урсин, қаёққа кетдийкин, бу аблаҳ Қоравой?
Ж о р ж. Яхшилаб ёдингда қолиши учун ичингда қайтаравер.
Л е н н и. Агарда бирор ҳодиса юз берса…

(Қорачанинг хотини киради.)

Х о т и н. Сизлармисизлар янгилар?
Ж о р ж. Ҳа.
Х о т и н. Яқинда келдиларингми?
Ж о р ж. Ҳа.
Х о т и н. Қорачани ахтариб юрибман. Бу ерга кирмадими?
Ж о р ж. Бир неча дақиқа бурун шу ерда эди. Кейин қаёққадир кетди.
Х о т и н. Қорача баъзан бу ерга кириб туради.
Ж о р ж. Лекин у ҳозир бу ерда йўқ.
Х о т и н. Бўлмаса бошқа ердан излайман.
Ж о р ж. Уни кўриб қолсам, излаганингни айтаман.
Х о т и н. Нима, мен уни излай олмайманми?
Ж о р ж. Гап ким нимани излашида…
Х о т и н. Мен ҳамсуҳбатликка ярайдиган кишини излаяпман. Сизларда ҳеч қачон бирор киши билан ҳамсуҳбат бўлиш истаги туғилмаганми?
Н о в ч а (саҳна ортида). Жуда яхши. Қўшалоғини юқоридаги отхонага олиб бориб боғла.
Х о т и н (саҳна ортидаги Новчага). Салом, Новча!
Н о в ч а (саҳна ортида). Салом, жонон!
Х о т и н. Қорачани ахтариб юрувдим…
Н о в ч а. Жудаям ахтараётганинг йўқдир. Уйига кириб кетаётганини кўрувдим…
Х о т и н. Уйга кетибди. Хайр, йигитлар (кетади).
Ж о р ж. Бу енгилтакка кўзингни олайтирма. Нима десаям, нима қилсаям. Мен бунақанги фоҳишаларнинг кўпини кўрганман-у, аммо бунга ўхшаганини биринчи кўришим. Ундан сал нарироқ юр.
Л е н н и. Мен ҳеч нарса қилганим йўқ. У бирам дўндиқ экан.
Ж о р ж. Тўғри, ҳеч нарса қилганинг йўғ-у, лекин мана бу ерда сонини кўз-кўзлаб ўтирганда, ундан кўзингни ололмадинг-ку…
Л е н н и. Ёмон ниятда эмас, Жорж. Рост айтаяпман, ёмон ният қилганим йўқ.
Ж о р ж. Нима дейсан?
Л е н н и. Бу ердан кетайлик, Жорж. Ўтиниб сўрайман, кетайлик бу ердан.
Ж о р ж. Жин урсин, сенга ёқмаётган бўлса, менгаям бу ер маъқул келмай турибди. Бошқа иложи йўқ. Бироз пул ишлашимиз керак. Жим, Ленни. Бу ёққа келишяпти.
Н о в ч а (киради). Ташқарида офтоб қиздиряпти. Сизлар янги келганлармисизлар?
Ж о р ж. Ҳозир келиб турибмиз.
Н о в ч а. Арпани қопга жойламоқчимисизлар?
Ж о р ж. Смитти шундай деди.
Н о в ч а. Мен билан ишласаларинг керак. Мен билан бирга иккита ғўр бола ишлайди. Улар арпа солинган қопни футбол тўпидан ажрата олишмайди. Йигитлар, сизлар илгари арпа тўкканмисизлар?
Ж о р ж. Бўлмаса-чи. Менинг мақтанадиган ерим йўғ-у, аммо мана бу йигитча икки кишининг ишини қила олади.

(Карлсон киради.)

К а р л с о н. Салом, Новча!
Н о в ч а. Мана бу йигитлар эндигина келишибди.
К а р л с о н. Танишганимиздан хурсандман. Мен – Карлсон.
Ж о р ж. Мен эса Жорж Милтон. Мана бу – Ленни Кичкина!
К а р л с о н. Кўп хурсандман. Кичкинами отинг? Яхши йигит экан. Сендан бир нарса сўрамоқчийдим, Новча. Итингга нима бўлди? Бугун эрталаб уни боғлоқда кўрмадим.
Н о в ч а. Кеча кечаси туғди. Тўққизта кучук. Тўрттасини ўша заҳоти сувга чўктирдим. Шунча кучукни барибир боқолмайди.
К а р л с о н. Демак, бештаси қолибди-да?
Н о в ч а. Ҳа, бештаси.
К а р л с о н. Менга қара, Новча. Кендининг ити жудаям қариб қолди. Зўрға оёғини судраяпти. Уни отиб ташласин. Унга анави кучуклардан биттасини берамиз. Итининг тишлари тушган, оёқлари шамоллаганидан эгилмайди. Қолаверса, бирам сасиб кетганки, қуриб кетсин. (Темир йўл изларининг тақир-туқур товуши эшитилади.) Кетдик.
Н о в ч а. Кетдик, бу ерда эснаб ўтириб бўлмайди. Сал бепарво бўлсанг, бирорта дон қолмайди. (Новча билан Карлсон кетишади.)
Ж о р ж. Кетишди.
Л е н н и. Эшитдингми, Жорж? Бешта кучук экан!
Ж о р ж. Ҳа, эшитдим, Ленни… Ундан сўраб кўраман.
Л е н н и. Оқ жигаррангини!
Қ о р а ч а (шошилиб киради). Шу ерда бир аёлга кўзларинг тушмадими?
Ж о р ж. Ярим соатча олдин кирган эди…
Қ о р а ч а. Хўш, у қаёққа кетди, қаёққа кетди?
Ж о р ж. Билмадим. Ортидан қараб турганим йўқ. (Қорача кетади.) Қуриб кет, бу ярамаснинг адабини ўзим бераман. Вазелин суртилган қўлқоп!
Л е н н и. Жорж, сен фақат оқ жигаррангини сўрагин.
Ж о р ж. Ҳа, шундай қиламан.

Учинчи кўриниш

Ўша ёғоч уй. Новча билан Жорж кириб келишади.

Ж о р ж. Кучук учун раҳмат, Новча.
Н о в ч а. Шунгаям раҳматми, арзимаган нарса.
Ж о р ж. Сенинг учун барибир-у, лекин Леннининг хурсандчиликдан боши осмонга етди. Ким билади, у энди кучук билан бирга ухласа керак.
Н о в ч а. Қизиқ, икковларинг доим биргасизлар.
Ж о р ж. Сенингча, шунақами?
Н о в ч а. Бунақасини ҳеч кўрмагандим. Биласанми, яйловда йигитлар нима қилишади? Ишга келиб, жойлашадилар. Кейин бир ойча яшаб, бошлари оққан томонга кетиб қолишади. Бошқалар билан ишлари йўқ. Шунинг учунам ҳайрон бўляпман-да. Анави бир овсар бўлса, сен эса эс-ҳуши жойида йигитсан. Аммо ораларингдан қил ўтмайди.
Ж о р ж. Агарда биз у билан ҳамшаҳар бўлсак-чи? Мен унинг холаси Кларани танирдим, холаси вафот этганидан кейин Ленни мен билан бирга ишлай бошлаган. Агарда бир-биримизга ўрганиб қолган бўлсак-чи? Нима қилиш керак бунақада? Қолаверса, у ношуд. Доим бирор фалокатга рўбарў бўлиб юради. Яқинда Уидда… Ҳеч кимга айтмайсанми?
Н о в ч а. Нима бўлган Уидда?
Ж о р ж. Айтмайсанми ахир? Биламан, айтмайсан.
Н о в ч а. Нима иш қилиб қўйган у ерда?
Ж о р ж. Қизил кўйлакли бир қизга кўзи тушиб қолди. Индамас тентак нимани яхши кўрса, ўшани ушлаб кўрмоқчи бўлади. Қўлини теккизгиси келади-да. Шундай қилиб, ўша қизил кўйлакни ушлаб кўрмоқчи бўлди. Қиз бечора, албатта, чинқира бошлади. Ленни эса қўрққанидан нима қилишини билмай уни маҳкам ушлаб, қўйвормайди. Мен шу яқин орада эдим. Қичқириқни эшитиб югуриб келдим. Қарасам, Ленни қизни икки қўли билан маҳкам тутиб турибди. Қиз эса чинқиргани-чинқирган. Менам битта калтакни қўлимга олиб Леннининг бошига туширдим. Шундан кейин у қизни қўйиб юборди.
Н о в ч а. Кейин нима бўлди?
Ж о р ж. Нима бўларди. Қизча менга тажовуз қилди, деб додлаб шерифнинг ёнига борди. Уиддаги йигитлар тўпланишиб, Леннини ушлаб, тошбўрон қилмоқчи бўлишди. Зовурга тушиб, беркиниб олишимизга тўғри келди. Вақти-вақти билан нафас олиш учун бошимизни сувдан кўтарардик. Кеч кирганда зўрға жуфтагимизни ростлаб қолдик.
Н о в ч а. Ғалати йигит экан, лекин баджаҳл эмас.
Ж о р ж. Биласанми, бир куни у бир қилиқ қилди. Катта йўлда кетаётганди, бирдан… (Ленни киради.)
Ж о р ж. Салом, Ленни! Киравер!Кучукча ёқдими сенга?
Л е н н и. Оқ жигарранг. Мен шунақасини хоҳлардим. Раҳмат сенга, Новча!
Ж о р ж. Киравер, киравер, Ленни!
Л е н н и. Нима гапинг бор, Жорж?
Ж о р ж. Менга қара, кучукни бу ерга олиб кирма дегандим, шекилли?
Л е н н и. Қанақа кучукни?
Ж о р ж. Оқ жигарранг кучукни.
Л е н н и. Кучук йўқ менда.
Ж о р ж. Йўқми?
Л е н н и. Йўқ.
Ж о р ж. Унинг кучуги йўқ.
Л е н н и. Кучуги йўқ.

(Жорж кучукка қўл чўзади. Ленни кучукни қўйиб юбормайди.)

Ж о р ж. Сен нима, буниям ўлдирмоқчимисан? Кучук онаси билан ётиши, эмиши керак. Яна ёлғон гапирасан-а? Бор, дарров кучукни онасининг ёнига қўйиб кел. (Ленни тескари қарайди.) Ундай бўлса, Новчага айтишим керак экан, сендан кучукни тортиб олсин. Менга қара, Новча…
Л е н н и. Йўқ. Менинг ёмон ниятим йўқ эди… Рост айтаяпман. Мен уни бир оз силаб-сийпаб қўймоқчийдим… Гапим рост, бир оз силамоқчи эдим.
Ж о р ж. Хўп, майли. Дарров уни отхонага элтиб қўй. Бундан кейин уни бу ёққа олиб келма.
Л е н н и. Яхши. Ўзимам шунақа қилмоқчи эдим. (Ленни чиқади.)
Ж о р ж. Хўш, қалай?
Н о в ч а. Гўдак боланинг ўзи!
Ж о р ж. Ҳа. Энди уни ўша ердан олиб чиқиб бўлмайди! Лекин у ерда ҳеч кимга халақит бермаса керак.
К е н д и. Салом, Новча! Салом, Жорж! Нимага ошиқ тепмаяпсизлар?
Н о в ч а. Жонга тегди ўйнайвериб!
К е н д и (итга). Хўш, овқатланамизми? Тишларининг мазаси йўқ… Ол… Ол… Еяпти. Йигитлар бир қултум вискиларинг йўқми?
Н о в ч а. Менда йўқ. Бўлса ўзимам ичардим.
К е н д и. Қуриб кетгур шалғам. Оғзимга олмасдан туриб ўзим ҳам билувдим.
К а р л с о н (Уит билан киради). Анави Қоравой бирам яхши ўйнайдики.
У и т. Жудаям яхши ўйнайди.
К а р л с о н (итни кўриб қолиб). Эй, қуриб кет! Бирам қўланса ҳид келяптики! Йўқот бу ердан итингни. Итнинг ҳиди келганидан ёмони йўқ!
К е н д и. Кўпдан бери у мен билан бирга. Ундан ёмон ҳид келишини сезган эмасман.
К а р л с о н. Итингни бу ердан йўқотаман! Унинг ҳиди ҳали-вери кетмайди! Тишлари йўқ, оёқлари совуқ уриб букилмай қолган. Нима қиласан уни, Кенди? Нимага уни отиб ташламайсан?
К е н д и. Эй, йўқ. Кўпдан бери у мен билан бирга. Мен уни кучуклигида боқиб олганман. Қўйларни боқишимга кўмаклашган… Ҳозир бунга ишониш қийин-у, лекин ёшлигида у ҳақиқий немис овчаркаси эди. Унинг медалиям бор.
Ж о р ж. Уиддаги бир танишимнинг лайча кучуги бор эди. Униям медали бор. Лайчаям сигир боқишни биларди. У бу ишни бошқа итлардан ўрганган!
К а р л с о н. Менга қара, Кенди. Бу қари ит фақат азоб чекаяпти. Уни ташқарига олиб чиқиб, калласидан отиб ташла… У нима бўлганиниям сезмайди…
К е н д и. Бундай қила олмайман… Ит кўпдан бери мен билан бирга…
К а р л с о н. Ўзиям жонидан тўйган бўлса керак… Ундан бирам ёмон ҳид келадики. Гап бундай, истасанг, ўзим отиб ташлайман. Сени бу ишдан халос қиламан.
К е н д и. Унга ўрганиб қолганман. Мен уни кучуклигида боқиб олганман…
У и т. Қўйсанг-чи уни, швед. Гап, ким қанақа ит боқаётганлигида эмас. Ҳамма гап эгасининг итга бўлган муносабатида. Жин урсин, бир вақтлар менинг жўнгина кўппак итим бор эди. Лекин уни энг қимматбаҳо, зотдор итга алмаштирмасдим.
К а р л с о н. Итнинг қийналаётганини кўриш даҳшат. Менга қара, шу кунларда Новчанинг ити туғди. Гаров боғлашаман, у сенга битта кучугини беради. Тўғрими, Новча?
Н о в ч а. Албатта.
К е н д и. Бу қанақаси, Новча! Итим менга ўрганиб қолган. Мен уни кучуклигида боқиб олганман. У қўй боқаётганимда менга кўмаклашган. Худо ҳаққи, у ҳақиқий овчарка эди. Ахир у азоб чекиши мумкин.
К а р л с о н. Мен уни шундай отаманки, ўзиям сезмай қолади. Нақ калласидан… У типирчилаб ҳам қўймайди… Эртага эса Новча сенга битта кучук беради.
Н о в ч а. Кучукларим кўп.
У и т. Унинг ғашига тегаверма, швед…
К е н д и. Сенинг милтиғинг йўқ-ку.
К а р л с о н. Тўппончам бор. Оддий браунинг. Итинг азоб чекмай жон беради.
К е н д и. Яхшиси, эртага. Эртагача сабр қилайлик…
К а р л с о н. Нима қиласан кутиб? Буни бир ёқлик қилиш керак. Ундан бирам ёмон ҳид келаяптики.
К е н д и. Майли, билганингни қил.
К а р л с о н. У ҳечам қийналмайди. Қани, юр, азизим, юр… У ҳеч нарсани сезмайди… Юр, азизим… Хўш, баракалла, юр! Эси бор бунинг…
Н о в ч а. Швед?
К а р л с о н. Нима?
Н о в ч а. Курак ҳам ол!
К а р л с о н. Хўп! Қани, юр, азизим… (чиқади).
Н о в ч а. Битта хачирнинг туёғи ёрилибди. Бориб ярасига қорамой суртиб келай. Истаган кучугингни танлаб олишинг мумкин. Эшитяпсанми, Кенди?
К е н д и. Ҳа. (Новча кетади.)
Ж о р ж. Эй, малла. Қарта ташлашамизми?
У и т. Майли.
Ж о р ж. Қани, суз.
У и т. Намунча у ивирсиди? (Ўқ товуши эшитилади. Кенди жойига ётиб олади.)
У и т. Анави жажжи аёлга кўзинг тушдими?
Ж о р ж. Қайси жажжи аёлга?
У и т. Қорачанинг хотинига.
Ж о р ж. Ҳа. Кўрдим.
У и т. Хўш, қалай?
Ж о р ж. Билмадим. Синчиклаб қараганим йўқ.
У и т. Яхшилаб қарагин-а. Ўшанда биласан. Ўзини ҳар оҳангга солиб юради-да. Билишимча, ҳабашларни ҳам ҳол-жонига қўймайди. Нима учун шундай қиларкин?
Ж о р ж. Ҳақиқатан ҳам, нима учун шунақа қилади? У бу ерга келганидан бери бирор кўнгилсиз ҳодиса юз бердими?
У и т. Кўнгилсиз ҳодисами? Нимани сўраётганингни тушунмаяпман. Ҳозирча ҳеч нарса рўй бергани йўқ. Унинг келганига икки ҳафтача бўлди холос. Қорачанинг жиғибийрони чиқяпти.
Ж о р ж. Нима сабабдан?
У и т. Нимага бўларди? Йигитлар ишдан келди дегунча, у дарров пайдо бўлиб қолади. Эримни ахтариб келувдим ё нимадир эсимдан чиқибди, дейди. Ўзи эса жилпанглагани-жилпанглаган.
Ж о р ж. Эркакларга ҳаваси келса керак-да.
К а р л с о н (киради). Ҳаммаси жойида, Кенди. Итинг ғинг демади.
У и т. Агар хоҳласанг, эртага кечқурун шаҳарга тушамиз.
Ж о р ж. Нима қиламиз?
У и т. Одатдагидек Сюзи кампирникига борамиз. Кўнгил очадиган жой. Сюзи кампир ғалати хотин. Доим хазил-мутойибасиз туролмайди. Масалан, ўтган шанба остонасига етганимиз заҳоти эшикни ўзи очиб, “Эй, қизалоқлар, бўлақолинглар. Катта тўппончасини тақиб шериф келибди”, – дейди. Бирорта хунук сўз демади. Бешта қизи бор.
Ж о р ж. Бешта. Нархи қанчадан тушади?
У и т. Икки ярим доллардан.
Ж о р ж. Йўқ, мен икки ярим доллар беролмайман.

(Ленни киради.)

Ж о р ж. Хўш, кучукни қолдириб келдингми?
У и т. Ахир, одам баъзан кўнгилхушлик қилишиям керакми?
Ж о р ж. Йўқ, Ленни билан биз бироз пул ишлашимиз керак.

(Қорача киради.)

Қ о р а ч а. Салом.
У и т. Қалай, ўйинни давом эттирамизми?
Ж о р ж. Эй, жонга тегди.
У и т. Билганингни қил.
Қ о р а ч а. Хотинимни кўрмадиларингми?
У и т. Нима?
Қ о р а ч а. Хотинимни ҳеч ким кўрмадими, деяпман?
У и т. Йў-қ.
Қ о р а ч а. Жин урсин, Новча қани?
Ж о р ж. Новчами?
Қ о р а ч а. Ҳа, Новча?
Ж о р ж. Отхонага кетди. Хачирнинг туёғига қорамой суркаш учун.
Қ о р а ч а. Қачон кетди?
У и т. Нима?
Қ о р а ч а. Қачон кетди, деяпман?
Ж о р ж. Ўн дақиқача бўлди.
У и т. Ҳа, ўн дақиқача. (Қорача кетади.) Қорача яна жанжал бошламоқчи. Бориб томоша қиламизми. Юринглар бирга.
К а р л с о н. Анчадан бери дурустроқ ёқалашишни кўрганим йўқ эди.

(Карлсон билан Уит чопиб чиқишади. Уларнинг кетидан Ленни шошилади.)

Ж о р ж (Леннига). У ерда сен етмай турган эдинг. Отхонада Новчага кўзинг тушдими?
Л е н н и. Ҳа, кўрдим. У менга кучукни ҳадеб силайверма, деди. Мен ортиқча иш қилганим йўқ, Жорж.
Ж о р ж. У ерда бир аёлни кўрмадингми?
Л е н н и. Қорачанинг хотининими?
Ж о р ж. У отхонага кирдими?
Л е н н и. Мен уни кўрганим йўқ.
Ж о р ж. Новча у билан гаплашаётганиниям кўрмадингми?
Л е н н и. Ҳа-да, аёл у ерда йўқ эди.
Ж о р ж. Йигитлар муштлашишни кўра олишмас экан-да. Мабодо, жанжал бошлангудек бўлса, сен аралашма.
Л е н н и. Мен муштлашмайман.
Ж о р ж. Дуруст, жудаям яхши.
Л е н н и (Қарталарни қўлига олиб). Иккала томониям бир хил экан-а, Жорж, нимага бир хил?
Ж о р ж. Билмайман. Шунақа чиқаришади-да. Новча отхонада нима қилаётганди?
Л е н н и. Новчами?
Ж о р ж. Ҳа-да. Сен уни отхонада кўрибсан-ку. У сенга кучукни силайверма, дебди.
Л е н н и. Ҳа-а… У кружкада қорамой ва чўтка олиб келди. Билмадим, нима учун экан.
Ж о р ж. Ҳалиги аёл бугун бу ерга кирганидек, отхонага ҳам кирмаганини аниқ биласанми?
Л е н н и. Киргани йўқ.
Ж о р ж. Эй, йўқ, яхшиси, фоҳишахона деган маъқул. У ерга борсанг, бамайлихотир кўнглингга ёққан ишни қиласан. Маишатинг сенга қанчага тушиши олдиндан маълум. Бунақанги жиблажибонлар билан муомала қилсанг, охири яхшиликка олиб бормайди. Тўғрими, Ленни?
Л е н н и. Ҳа, охири вой бўлади. Биз ҳадемай чоғроқ яйлов сотиб оламиз. Кейин ўзимизга ўзимиз хўжайин бўлиб, қуёнлар боқамиз-а?
Ж о р ж. Билмадим, бунинг учун кўп пул топиш керак. Мен арзонга сотиб олиш мумкин бўлган бир яйловни биламан. Лекин униям барибир бекорга беришмайди.
Л е н н и. Ўша яйлов ҳақида гапириб бер, Жорж.
Ж о р ж. Кеча гапириб бердим-ку.
Л е н н и. Майли, яна гапириб бер.
Ж о р ж. Хўш, у ер ўн танобча чиқади. Кичкина шамол тегирмони, чоғроқ уйи, боғчасиям бор. Боғчада олуча, олма, ёнғоқ, ҳар хил мевалар ўсади. Беда экадиган жойи ҳам бор. Суғоришга сув ҳам сероб. Чўчқахона, товуқхонаси бор…
Л е н н и. Қуёнхонаси…
Ж о р ж. Йўқ, у ерда қуёнхона йўқ.
Л е н н и. Эй-й-й…
Ж о р ж. Қуёнларга бир неча қафас ясаш қийин эмас-ку. Қуёнларни беда билан боқаверасан.
Л е н н и. Боқаман, албатта, боқаман. Худо ҳаққи, боқаман.
Ж о р ж. Чўчқаларимиз ҳам бўлади. Тоғамникидагига ўхшаш гўштни дудлайдиган хонаям қуриб оламан. Чўчқа ёғини дудлаб колбаса тайёрлаймиз. Дарёда балиқ кўринса, уларни тутиб қуритиб, дудлаймиз.
Л е н н и. Дудлаймиз!
Ж о р ж. Қуритамиз!
Л е н н и. Дудлаймиз!
Ж о р ж. Қуритамиз!
Л е н н и. Дудлаймиз!
Ж о р ж. Қуритилган балиқдан мазалироқ нарса йўқ!
Л е н н и. Ҳа!
Ж о р ж. Биз уни нонуштадаям еймиз. Мевалар пишганда, консерва қиламиз.
Л е н н и. Қандай қилиб?
Ж о р ж. Бу жудаям осон. Якшанба кунлари товуқ ёки қуён сўямиз…
Л е н н и. Товуқ сўямиз.
Ж о р ж. Балки сигир ёки эчки боқармиз. Бирам қуюқ қаймоқлар тайёрлайликки, уни пичоқ билан кесиб, қошиқ билан ейиш мумкин бўлсин.
Л е н н и. Энди уй ҳақида гапириб бер…
Ж о р ж. Албатта ўзимизнинг уйимиз, қулай ётоқхонамиз бўлади. Яйловдаги ер унчалик катта эмас. Шунинг учун кўп ишламаймиз. Балки кунига олти-етти соат…
Л е н н и. Қуёнларам бўлади. Мен уларни боқаман. Шу тўғрида гапириб бер.
Ж о р ж. Бу жудаям осон. Қоп олиб, беда ўрасан. Кейин бедани қопга тиқиб, қафасдаги қуёнларнинг олдига қўясан.
Л е н н и. Қуёнлар бедани кавшашади. Уларнинг қандай кавшашини кўрганман. Мана бундай.
Ж о р ж. Қуёнлар яхши боқилса, ҳар бир ярим ойда бола туғиб беради. Бизга ейишимиз ва сотишимиз учун юзта қуён кифоя қилади. Бундан ташқари, каптар ҳам боқамиз.
Л е н н и. Нимага?
Ж о р ж. Каптарлар тегирмоннинг атрофида пириллаб учади. Ҳаммаси ўзимизники бўлади. Ҳеч ким бизни ҳайдаб юборолмайди. Агарда бирорта одам бизга маъқул келмаса: “Тўрт томонинг қибла”, деймиз. Худо ҳаққи, у ноилож кетишга мажбур бўлади. Мабодо бизга дўст бўлган киши келса: “Бизникида ётиб қолсанг бўлмайдими?” деймиз.
Л е н н и. Шундай деймизми?
Ж о р ж. Шундай деймиз. Худо ҳаққи, у бизникида қолади. Исковуч итимиз ва иккита тарғил мушугимиз ҳам бўлади. Қуёнчаларни тишлаб кетмаслиги учун уларга қараб туриш керак.
Л е н н и. Қуёнчаларни тишлайди? Қани, шундай қилиб кўрсин-чи… Мен уларни… ҳаммасининг абжағини чиқараман…
К е н д и. Сен шундай яйловни биласанми?
Ж о р ж. Хўп, билсам сенга нима?
К е н д и. Унинг қаердалигини сўраётганим йўқ. Бунинг аҳамияти йўқ.
Ж о р ж. Хотиржам бўл. Сен уни юз йилдаям топа олмайсан.
К е н д и. Яйловнинг нархи қанча экан?
Ж о р ж. Дейлик… Олти минг доллар. Сенга нима? Биз ўзимизга ўзимиз хўжайин. Бизнинг ишимизга аралашма.
К е н д и. Албатта, менинг бир қўлим йўқ. Мендан фойда кам. Мана шу яйловда қўлимдан ажралганман. Шунинг учун ҳам мени бу ерда фаррош қилиб ушлаб туришади. Қўлимни йўқотганим учун 250 доллар беришган. Бундан ташқари 50 доллар орттирганман. Банкда тайёр турибди. Ҳаммаси 300, ой охирида яна 50 доллар оламан. Ана шундай. Балки мени ўзларингга шерик қиларсизлар? Менинг улушим 350 доллар бўлади. Фойдам кам тегади-ю, лекин овқат пишириш, товуқларга қараш, экинларни чопиш қўлимдан келади. Хўш, қалай?
Ж о р ж. Билмадим. Биз Ленни билан бирга яйлов сотиб олмоқчи эдик.
К е н д и. Ўлганимдан кейин улушимни сизларга мерос қолдираман, деб васиятнома ёзиб бераман. Чунки менинг қариндошларим йўқ. Сизларнинг ҳам пулларинг борми, йигитлар? Балки яйловни ҳозироқ сотиб олармиз?
Ж о р ж. Ҳа. ҳозироқ дейсанми? Икковимизнинг 10 долларимиз бор! Банкдаги пулинг қанча?
К е н д и. 300 доллар.
Ж о р ж. Яна 50, ҳаммаси 350 доллар. Агарда Ленни билан бир ой ишлаб, бир чақаям харажат қилмасак, 100 доллар пулимиз бўлади. Буниям қўшсак 450 доллар. Бу нақд пулга, албатта, яйловларини сотишади деб ўйлайман. Бунга ишончим комил. Чолу кампирлар мушкул аҳволга тушиб қолишган. Кампир касал. Уни операция қилишлари керак. Эй, худойим! Бу пулга яйловларини сотишади, деб ўйлайман!..
К е н д и. Мен тўрт йил аввал майиб бўлганман. Ҳадемай мени бу ердан ҳайдашади. Супуриш-сидириш қўлимдан келмай қолган заҳотиёқ қувишади. Агарда пулларимни сизларга берсам, ўша ерда экин чопишимга рухсат берасизларми, йигитлар? Мабодо, қўлимдан ҳеч иш келмай қолган тақдирдаям мени хафа қилмайсизлар-а. Бугун итимни нима қилишганини кўрдиларинг-ку. Энди ундан фойда йўқ дейишди. Бу ердан ҳайдашларидан олдин бирор киши мениям отиб ташласа яхши бўларди. Лекин улар бундай қилишмайди. Менинг борадиган жойим йўқ, ҳеч қаерда иш тополмайман. Итимни ўзим отишим керак эди. Уни бегона одамга топширмаслигим керак эди.
Ж о р ж. Айтганингдай қиламиз! Жин урсин, яйлов сотиб оламиз ва уччовимиз бирга яшаймиз.
Л е н н и. Қачон яйлов сотиб оламиз, Жорж?
Ж о р ж. Бир ойдан кейин. Бир ой кутгин.
Л е н н и. Кучукни ўзим билан олиб кетаман. Ўша ерга у ўрганиб кетади.
Ж о р ж. Менда манзиллари бор. Мен яйловнинг хўжайинлари – чолу кампирга хат ёзаман. Кенди эса уларга 100 доллар бай пули юборади.
К е н д и. Албатта. Мен 300 доллар ҳам юборишим мумкин. Уйлари иссиқмикин?
Ж о р ж. Бўлмасам-чи, жудаям иссиқ. У ерда кўмирам, ўтинам ёқиш мумкин.

(Қорачанинг хотини аста киради.)

Ж о р ж. Биласизларми, анави фоҳиша сепадиган атирнинг ҳиди ҳаммаёқни тутиб кетаётгандай туюляпти.
Х о т и н. Кимни фоҳиша деяпсан? Мен фоҳишаманми? Мен обрўли оиладанман. Мени обрўли одамлар тарбия қилишган. Эрга тегаётганимда ор-номусим ўзимда бўлган. Эшитяпсизларми? Ор-номусли бўлганман! Ҳа! Қорачанинг қанақалигини ўзларинг биласизлар. Агарда у мендан шубҳа қилганда, аллақачон уриб ўлдирарди. У менга ишонади. Мени фоҳиша дейишга ҳақларинг йўқ сизларнинг.
Ж о р ж. Фоҳиша бўлмасанг, нима учун эркакларнинг бўйнига осилмоқчи бўласан? Уйинг бор, эринг бор… Сени деб ҳар хил ёлғон-яшиқ гаплар тарқашини истамайман.
Х о т и н. Албатта, эрим бор. Лекин у ҳеч қачон уйда бўлмайди. Бирга ўтириб суҳбатлашадиган кишим йўқ. Бир умр уйда ўтириб, Қорачага овқат пиширишим керак, деб ўйлайсизларми? Менинг одамларга аралашгим келади. Бу ерда мен яккаю ягона аёлман ахир. Шаҳарга пиёда боришим керакми? Қорача бўлса, мен билан бирор кўнгилочар жойга боришниям истамайди. Гапим рост, менинг фақат суҳбатлашгим келади, холос.
Ж о р ж. Агар суҳбатдош ахтармоқчи бўлсангиз, нимага ҳаммага қош қоқиб, жилпанглайсиз?
Х о т и н. Ҳаммага ёққим келади-да…
Н о в ч а (саҳна ортида). Арзимаган нарсага бақириш ярамайди.
Қ о р а ч а (саҳна ортида). Бақирганим йўқ, сўрадим, холос. Вассалом.
Ж о р ж. Боринг. Менинг гап-сўзга тоқатим йўқ.

(Хотин кетади. Новча, Қорача, Карлсон ва Уит киришади.)

Қ о р а ч а. Сени хафа қилмоқчи эмасдим, Новча! Ўзим сўрадим-да.
Н о в ч а. Нимагадир тез-тез сўрайдиган бўлиб қолдинг. Жонимга тегди сўрашларинг. Хотинингни тергаш қўлингдан келмаса, менда нима айб?
Қ о р а ч а. Шунчаки, ўзимча сўрадим деяпман-ку сенга… Ўйлабманки…
Н о в ч а. Мени тинч қўй.
К а р л с о н. Нега унинг уйма-уй санқиб юришига рухсат берасан? Шошмай тур, ҳали у орттириб келганидан кейин ноилож қоласан…
Қ о р а ч а. Ўчир овозингни! Бўлмаса бир зумда сени бу ердан ҳайдаб чиқараман!
К а р л с о н. Сен бадбахт тирранча! Новчани қўрқитмоқчи бўлувдинг, эплолмадинг. Мана энди қўрққанингдан рангинг ўчиб кетди. Ўзингни зўрман деб ўйлама. Қани, менга тегиб кўр-чи, унингни ўчириб қўяман.
К е н д и. Вазелинли қўлқоп… (Ҳаммалари кулишади.)
Қ о р а ч а. Сен нимага кулаяпсан?
Л е н н и. Нима?
Қ о р а ч а. Бирорта итваччага ўзимни мазах қилдириб қўймайман. Қани бу ёққа кел! Қўрққанимдан рангим ўчиб кетганини сизларга кўрсатиб қўяман! Бу ёққа кел!
Л е н н и. Жорж, у мендан нима истайди?
Қ о р а ч а. Кел, деяпман! (Қорача Леннини уради.)
Н о в ч а. Ифлос каламуш. Ҳозир унинг адабини бериб қўяман!
Ж о р ж. Шошма! Ленни, маҳкам ушла уни, Ленни, ушла уни!

(Ленни Қорачанинг қўлидан маҳкам ушлаб олади. Қорача бақириб, қутулишга уриниб йиқилиб тушади.)

Л е н н и. Жорж, нимага у мени урди? Унга ҳеч нарса қилганим йўқ-ку?
Ж о р ж. Энди уни қўйиб юбор, Ленни, қўйиб юбор! Менга ёрдамлашсаларинг-чи, Новча! Қўли майиб бўлади, ахир!

(Жорж Леннини уради. Ленни Қорачанинг қўлини қўйиб юборади.)

Л е н н и (йиғлайди). Ўзинг шундай қилгин деган эдинг-ку, Жорж!
Н о в ч а. Уни табибга олиб бориш керак. Суяги синганга ўхшайди. Карлсон, отларни қўш! Уни шаҳарга олиб борасан…
Ж о р ж. Нима қиламиз, Новча? Энди бизни бу ердан ҳайдашадими? Қорачанинг отаси ҳайдаб юборадими?

(Қорача ўзига келади. Карлсон киради.)

Н о в ч а. Билмадим…
К а р л с о н. Арава тайёр.
Н о в ч а. Шошма. (Қорачага) Гапимга қулоқ сола оласанми? (Қорача бош ирғитади.) Бўлмаса, қулоқ сол. Бахтсизлик содир бўлди. Қўлинг машинанинг тагида қолди. Агарда нима бўлганлигини ҳеч кимга айтмасанг, бизам индамаймиз. Агарда бирортага айтсанг-у, манави йигитчани бу ердан ҳайдашларини талаб қилсанг, бизам бўлган гапни ҳаммага айтиб берамиз. Кейин сенинг устингдан кулишади. Тур ўрнингдан. Карлсон сени табибга олиб боради.
Қ о р а ч а. Мен айтмайман. (Карлсон билан Қорача кетишади.)
Ж о р ж. Унга тегиб бўлмайди деган эдим-ку сизларга. Ёки сенга айтган эдимми, Кенди?..
К е н д и. Ҳа, айтган эдинг. Бугун эрталаб, Қорача биринчи марта дўстингга дўқ қилганда: “Агарда ўзига-ўзи душман бўлмаса, яхшиси, Леннига тегмасин!” дегандинг.
Н о в ч а (Леннига). Сенинг ҳеч қанақа айбинг йўқ. Анави бурнақи ўзини-ўзи балога йўлиқтирди.
Ж о р ж. Майли энди, тур ўрнингдан, ювиниб кел. Афтингга қарагин, кимларга ўхшаб кетибсан.
Л е н н и. Жорж, энди қуён боқишимга рухсат берасанми?
Ж о р ж. Бўлмаса-чи. Сенинг ҳеч қанақа айбинг йўқ.
Л е н н и. Ҳа, ўзинг айтган эдинг-ку.
Н о в ч а. Майли энди, ухлайлик.

(Ҳаммалари ўринларига жойлашишади.)

К е н д и. Жорж, эртага пулни олиб келиш учун шаҳарга борсам бўлаверадими?
Ж о р ж. Билмадим, Кенди. Ёт энди, ухла.

ИККИНЧИ ПАРДА

Тўртинчи кўриниш

Отхона. Кучукнинг олдида Ленни ўтирибди.

Л е н н и. Нима сабабдан жонинг чиқиб кетди? Сичқонга ўхшаш кичкинтой эмассан-ку. Қолаверса, сени жудаям мулойим силаган эдим. Ўлиб қолганингни билса, Жорж менга қуён боқтирмайди… Нима қилиш керак, нима қилсам бўлади… Фалокат юз берди. “Агарда фалокат юз берса, дарё бўйига қочиб, у ерга беркиниб ол”. Дарё бўйига қочадиган ҳеч қанақа иш қилганим йўқ. Эй, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Жоржга ўзи ўлиб қолди, дейман. Лекин Жорж барибир билиб олади. “Бу нима қилганинг, итвачча? Мени калака қилма!” дейди. Ва яна: “Бу қилиғинг учун энди қуён боқмайсан”, дейди.

(Кенди киради.)

К е н д и. Шу ердалигингни билардим. Менга қара, Ленни. Ҳамма иш жойида. Сени ҳайдашмайди. Мен ҳозиргина Новча билан гаплашдим. Новча хўжайинга Қорачанинг қўлини машина босиб олди, деди. Хўжайин бунга ишонди. Эй-й, Ленни, нима, хурсанд эмасмисан?
Л е н н и. Нега энди? Хурсандман. Жудаям хурсандман.
К е н д и. Бўлмаса-чи. Бунақанги жанжалдан қутулиб кетишнинг ўзи бўладими. Биласанми, хўжайин Қорачанинг хотинини роса уришибди. Уйма-уй санқиб юрма, эркакларнинг орасига суқилма, дебди. Новчанинг айтишича, хўжайин унга ошириб дўқ қилибди. Билишимча, хўжайин билан Қорача хотинни боплаб ўртага олишганга ўхшайди. Менга қара, Ленни, тобинг қочдими?
Л е н н и. Нега энди, соғман. Соппа-соғман.
К е н д и. Энди бориб, ҳамма гапни Жоржга айтай.
Л е н н и. Ҳа, у ошиқ ўйнаяпти.
К е н д и. Айтмоқчи, Ленни. Мен шаҳарга бориб, банкдан пулларимни олдим. Мана. (Кенди кетади.)
Л е н н и (кучукка). Нега ўлиб қолдинг? Сичқонга ўхшаш, митти эмассан-ку. Жорж энди қуён боқишимга рухсат бермайди. Улар менга сени ҳали кичкина дейишганди. Лекин бундай осонгина ўлиб қолишингни қаердан билибман. Балки Жоржнинг жаҳли чиқмас.

(Қорачанинг хотини кириб, чамадонини беркитади. Кейин Леннига кўзи тушиб қолади.)

Х о т и н. Бу ерда нима қилаяпсан?
Л е н н и. Менми… ўтирибман… турибман…
Х о т и н. Бирор нарсани кўрдингми?
Л е н н и. Ҳа, чамадонингизни қўйдингиз.
Х о т и н. Менга қара. Шошма. Сиримни фош қилмайсанми?
Л е н н и. Нима?
Х о т и н. Чамадон тўғрисида ҳеч кимга айтмайсанми?
Л е н н и. Сиз билан нима ишим бор? Жорж сиздан нарироқ юришни буюрган. Ҳатто, гаплашмагин деган.
Х о т и н. Жорж доим сенга хўжайинлик қиладими?
Л е н н и. Сиз билан гаплашмагин деган, холос!
Х о т и н. Чамадон тўғрисида бировга айтиб қўймайсанми? Биласанми, мен бу ердан кетмоқчиман. Ғойиб бўламан-у, улар менга қайтиб бақира олишмайди. Санъаткор бўламан. Кинода роль ўйнайман.
Л е н н и. Мен сиз билан гаплашмайман. Жорж менга ман этган.
Х о т и н. Нега мен билан гаплашгинг келмайди? Мен билан ҳеч кимнинг гаплашгиси келмайди. (Ленни бочканинг остидаги кучук билан овора бўлади.) Нима бор у ерда?
Л е н н и. Бу менинг кучугим. Менинг кучугим.
Х о т и н. Қани? Бочкани кўтар-чи! У ўлиб қолибди-ку!
Л е н н и. Ҳа, лекин тирик эди. У бирам кичкина эдики. Мен уни силардим. У эса, худди мени тишламоқчи бўлгандай ўйнашарди… Мен уни гўё урмоқчи бўлиб… урдим ҳам. Кейин у ўлиб қолди.
Х о т и н. Йиғлама, йигитча. Бу яйловда кучукдан кўпи йўқ. Бошқасини танлаб оласан.
Л е н н и. Уни айтаётганим йўқ. Энди Жорж менга қуён боқишга рухсат бермайди.
Х о т и н. Қанақа қуён?
Л е н н и. Қизил, кўк, яшил, кўпдан-кўп ҳар хил қуёнларни.
Х о т и н. Эй, жинни экансан-ку!
Л е н н и. Йўқ, Жорж жинни эмассан, дейди. Айтгандай, сиз билан гап­лашишим мумкин эмас.
Х о т и н. Сен қўрқмай қўяқол. Жорж ошиқ ўйнаяпти. У ҳеч нарса сезмайди. Сени сўкмайдиям.
Л е н н и. Биз чоғроқ яйлов сотиб олиб, ўша ерда яшаймиз. Бизнинг қуёнларимиз, боғимиз ва экинзорларимиз бўлади…
Х о т и н. Биласанми, мен бунақанги ҳаётга ўрганмаганман. Мен шаҳарда яшардим. Кунлардан бир кун шаҳримизга театр келди. Мен бир актёр билан танишдим. У менга бирга кетайлик, деди. Сен туғма истеъдодсан, деди. Лекин ўшанда онам рухсат бермаган. Онам сен ҳали ёшсан, деган. Ўша пайтда ўн беш яшар эдим. Ўша актёр билан кетганимда, бунақанги кунларга қолмас эдим.
Л е н н и. Мен қоп олиб, уни бедага тўлғазаман, кейин…
Х о т и н. Кейин яна бир актёр билан рақсга тушишга борардик. У сени кинога жойлаштириб қўяман, деди. Яқинда Голливудга қайтганимдан сўнг, сенга хат ёзаман, деди. Лекин хатини олмадим. Менимча, хат келган бўлсаям, ойим мендан яширган. Шундай қилиб, ҳаётда ҳеч нарсага эришиб бўлмайдиган жойда қолишни хоҳламадим. Қолаверса, хатларимниям ўғирлашарди. Мен ойимдан, хатни мендан яширганмисиз, ё йўқми, деб сўраганман. Шундан кейин Қорачага эрга тегдим. Биз у билан ўша оқшом рақс тушадиган жойда танишгандик.
Л е н н и. Кучукни бирор жойга олиб бориб ташласам, балки Жорж сезмас. Шундай эмасми?
Х о т и н. Ҳозир сенга ҳеч кимга айтмаган гапимни айтаман. Айтсаммикин ё айтмасаммикин? Хайр, майли. Мен Қорачани ёмон кўраман.
Л е н н и. Менам.
Х о т и н. У ёмон одам. Бу ерда қолсам ҳам бўлаверади-ю, лекин кеча улар чол билан мени шунақа таъзиримни беришдики, асло тоқат қилиб бўлмайди. Мен бу ерда қола олмайман. Кечаси кетаман. Машина тўхтатиб, Голливудга кетаман. Кинога тушаман.
Л е н н и. Бизам кетамиз. Бу ер менга ёқмади.
Х о т и н. Мен чиройли либослар кияман, дабдабали меҳмонхоналарда тураман. Мени сураткашлар суратга олишади. Радиода, телевидениеда чиқаман. Буларнинг барчасига бир чақаям сарф қилмайман. Чунки машҳур санъаткор бўламан-да. Ахир, анави киши, сен туғма истеъдодсан, деган-ку…
Л е н н и. Агарда анави тарғил мушуклар қуёнларни тишласа, уларнинг абжағини чиқариб қўяман.
Х о т и н. Шунисиям борки, Қорачани ташлаб кетсам, ойим мени бўлак кўргиси келмайди. У мени халигидақасан, дейиши мумкин. Аслида оиламизнинг ўзиям ҳалигидақа. Ойим буни яширади. Отам ичкиликбоз эди. Уни қамаб қўйишган. Мана шунақа. Сенга бор сиримни гапириб бердим.
Л е н н и. Бир куни Жорж билан ярмаркага борган эдик. Нима истасанг, бор экан. Ҳатто қуёнларам бор. Мен уларни мулойим силашни биламан.
Х о т и н. Наҳотки қуёнлардан бўлак нарса ҳақида ўйлашни билмасанг? (Туёқ товушлари эшитилади.) Нима учун қуёнларни бунчалар яхши кўрасан?
Л е н н и. Мен ёқимли, мулойим нарсаларни силашни яхши кўраман. Дурустроғи топилмаса, баъзан сичқонларниям силардим.
Х о т и н. Мен шойи ва бахмал силашни ёқтираман, сен-чи?
Л е н н и. Бўлмаса-чи! Менинг бахмалим бор эди. Менга уни бир аёл – холам Клара берган. У менга мана бундай парчасини берганди. Мен уни йўқотиб қўйганман. Анча бўлди.
Х о т и н. Мен эса сочларимни силашни яхши кўраман. Баъзан сочларим мулойим бўлганлигидан узоқ вақт силаб, тараб ўтираман. Баъзиларнинг сочи дағал бўлади. Қорачанинг сочи шунақа. Меники эса мулойим ва нозик. Бу тез-тез тараб турганимдан. Соч мулойим бўлиши учун уни тез-тез ювиб, тараб туриш керак. Мана, ушлагин-а, ушлагин. (Ленни хотиннинг сочларини силайди.) Хўш, қалай, ёқадими?
Л е н н и. Ҳа.
Х о т и н. Сочларимни тўзғитиб юборма… Нима қилаяпсан… Сочларимни тўзғитиб юбординг. Вой, қўпол-е, шунақа қилиб бўладими… Мени бўғиб қўясан… (Ленни батарроқ силай бошлайди.) Қўйсанг-чи! Нима қилаяпсан!
Л е н н и. Бақирманг!
Х о т и н. Қўйвор мени! Қўйвор!
Л е н н и. Бақирманг, деяпман!
Х о т и н. Уф-ф… (Ленни уни бир силтайди ва хотин жимиб қолади.)
Л е н н и. Илтимос, бақирманг! Жорж, яна бир бало қилиб қўйибсан, дейди. Сизга қаттиқ тегмоқчи эмасдим! Бақирсангиз Жоржнинг жаҳли чиқади. Яна бир бало қилиб қўйганга ўхшайман… Фалокат юз берди… Бунақа қилиш керак эмасди. Энди Жоржнинг жаҳли чиқади. Нима қилиш керак? Агарда фалокат юз берса, дарё бўйига чопиб, ўша ерда беркиниб ол… (чопиб кетади. Кенди киради.)
К е н д и. Ленни, биласанми? Мен баъзи нарсаларни ўйлаб қўйдим. Ленни, қаердасан?

(Хотинни кўриб қолиб, чўчиб қочади.)

К е н д и. Жорж! Жорж! (Кенди Жорж билан қайтиб киради.)
Ж о р ж. Нима бўлди сенга, Кенди?
К е н д и. Буни қара!
Ж о р ж. Ленни қани?
К е н д и. Ҳозир шу ерда эди. Жорж, ким қилдийкин буни?
Ж о р ж. Шунақа бўлишини билардим! Аҳмоқ! Шундай бўлишини сезган эдим.
К е н д и. Жорж, энди нима қиламиз?
Ж о р ж. Нима қиламиз? Нима қиламиз эмиш… Гап бундай… Бўлган воқеани ҳаммага айтиш керак…
К е н д и. Йўқ!
Ж о р ж. Уни бир жойга қамаб қўйишса керак-а, Кенди?
К е н д и. Йўқ, Жорж, биз уни қочириб юборишимиз керак. Сен Қорачани билмайсан. У Леннини ваҳшиёна жазолайди. Бошини ерга қилиб дарахтга осиб қўяди. Кейин жони чиққунча қамчилайди.
Ж о р ж. Ҳа, гапинг тўғри. Қорача шундай қилиши мумкин. Бошқаларам қараб туришмайди.
К е н д и. Лекин сен билан барибир ўша яйловни сотиб оламиз-а, Жорж? Ўша ёққа кўчиб, яшаймиз. Тўғрими, Жорж? Тўғрими? Мен банкдан пулларни олдим-ку, ахир!
Ж о р ж. Бошидан шу нарсани сезиб юрардим… Шундай бўлишини билардим. Лекин Ленни бу тўғрида эшитишни бирам яхши кўрардики, ўзимам ишониб қолган эканман.
К е н д и. Демак, ҳаммаси барбод бўлдими?
Ж о р ж. Яна бир ой ишлаб, қизларнинг ёнига бораман-у, эрталабгача маишат қиламан. Ҳар ойда шунақа қиламан, ҳар ойда. Бўлган воқеани ҳаммага айтиш керак. Улар Леннини тутишса керак. Бошқа иложи йўқ. Балки унга тегишмас. Леннини эҳтиёт қилишим керак. Менга қара, Кенди, улар мениям бу ишга аралашган деб ўйлашлариям мумкин-а?..
К е н д и. Мен банкдан пулларни олдим-ку…
Ж о р ж. Мен борай, сен бироздан кейин тўс-тўполон кўтар, гўё…
К е н д и. Мен банкдан пулларни олдим-ку…
Ж о р ж. …гўё хотинни ҳозиргина кўриб қолгандай…
К е н д и. Мен банкдан пулларни олдим-ку…
Ж о р ж. Тушундингми, Кенди?..
К е н д и. Мен, ахир, банкдан пулларни олдим-ку…
Ж о р ж. Гапимга қулоқ сол, Кенди… Улар мениям бу ишга аралашган деб ўйлашлари мумкин. Мен борай, сен бироздан кейин тўс-тўполон кўтар, гўё хотинни ҳозиргина кўриб қолгандай… Шундай қиласанми, Кенди?
К е н д и. Албатта, Жорж, албатта шундай қиламан…
Ж о р ж. Бўпти, бироздан кейин югуриб чиқиб бақира бошла. Мен кетдим. (Жорж кетади.)
К е н д и. Қалай, манжалақи, муродингга етдингми? Энди хурсанд бўлсанг керак? Ҳамма биларди, учига чиққан хотин эканлигингни! Мен экин экиб, йигитларга овқат пиширган бўлардим. Уйимизга бирорта дўст одам келиб қолгудай бўлса: “Бизникида ётиб қолгин”, дердик. Худо ҳаққи, у ётиб қолган бўларди. Бизнинг чўчқаларимиз ва товуқларимиз бўларди. Исковуч итимиз ва иккита тарғил мушугимиз. Қишда эса иссиқ уйда ўтириб, ёмғир ёғишига қулоқ солардик. (Занг чалади. Новча, Уит ва Карлсон киришади.)
Н о в ч а. Нима гап, Кенди? (Мурдага кўзлари тушади. Қорача ва Смитти киради.)
Қ о р а ч а. Нима бўлди, нима гап? (Мурдани кўради.) Бу кимнинг иши эканлигини биламан. Анави итвачча барзангининг иши. Бошқа одам қилмайди. Биз ошиқ ўйнаётган эдик-ку. (Хотинини кўтармоқчи бўлади.) Ёрдамлашинглар!
(Смитти ва Қорача хотинни кўтариб олиб чиқишади. Шошиб Жорж киради.)
Н о в ч а. Бу Леннининг иши. Бўйни синибди. Бу худди Уиддаги воқеани эслатади. Қани у?
Ж о р ж. Билмадим. (Қорача ва Смитти киришади.)
Қ о р а ч а. Биламан, биламан. Барзанги қилган. Ҳозир уни тутиб, бошини ерга қаратиб осиб қўяман. Кейин роса қамчилайман…
У и т. Юр, Қорача.
С м и т т и. Юр, Қорача.
К а р л с о н. Тўппончамни олволай. (Карлсон, Смитти, Уит ва Қорача кетишади.)
Н о в ч а. Уни ушлаш керак.
Ж о р ж. Менга қара, Новча. Уни ушлаб, оёқ-қўлини боғлаб қамаб қўйиш керак. Лекин уни тошбўрон қилишга йўл қўйиш керак эмас. Ахир, у жинни. У бу ишни ўйламасдан қилган.
Н о в ч а. Қорачани тўхтатиб бўлармиди? Кўриб турибсан-ку унинг важоҳатини. Менимча, Леннининг фақат битта иложи қолди, холос.
Ж о р ж. Биламан. (Қорача киради.)
Қ о р а ч а. Новча, биз билан борасанми?
Н о в ч а. Ҳа. (Карлсон киради.)
К а р л с о н. Яна битта воқеа бўлибди.
Қ о р а ч а. Нима яна?
К а р л с о н. Барзанги тўппончамни ўғирлабди. Тўппонча халтамда йўқ.
Қ о р а ч а. Хўш, бу ёққа кел-чи. Қоравойнинг ёнига бор. Унинг милтиғини ол. Арғамчи олиш ҳам эсингдан чиқмасин. (Карлсон чиқади, Уит киради.)
Қ о р а ч а (Уитга). Эшитдингми, аблаҳ Ленни Карлсоннинг тўппончасини ўғирлабди.
У и т. Хўш? Мен унинг қаерга яширинганини биламан. Фақат дарё бўйига яшириниши мумкин. Ўша ерга беркинган бўлса керак. Милтиғим йўқ-да.
Қ о р а ч а. Дадамникини ол. (Уит кетади, Карлсон киради.) Оёғига қараб от. У дарров йиқилади, кейин… (Жоржга) Сен биз билан борасанми?
Ж о р ж. Ҳа, бораман.
Қ о р а ч а. Жуда соз. (Уит ва Смитти киришади.)
У и т. Ҳаммаси жойида. Қоравойни шерифнинг ёнига юбордим. Ҳамма иш қонунга мувофиқ бўлади…
Қ о р а ч а. Хўш, энди кетаверсак бўлар?
Н о в ч а. Менга қара, Қорача. Балки хотинингнинг ёнида қолганинг яхшидир?
Қ о р а ч а. Энди унга ҳеч ким ёрдам бера олмайди. Йўқ, бориб аблаҳ Леннининг ичак-чавоғини ағдараман. (Жорж Қорачанинг йўлини тўсади.)
Қ о р а ч а. Нима дейсан?
Ж о р ж. Леннини ўлдириш шартмасдир балки? Уни қамаб қўйиш керак. У ахир, бечора, жинни-ку. Нима қилаётганини билмаган.
Қ о р а ч а. Нима қилаётганини билмаган? Карлсоннинг тўппончасини ўғирлагани-чи?
Ж о р ж. Балки Карлсон тўппончасини ўзи йўқотгандир?
К а р л с о н. Тўппончамни эрталаб кўргандим. Ўғирлагани аниқ.
Қ о р а ч а. Менга қара, йигитча. Яхшиси, олдимизга тушиб, юрсанг бўларди. Бўлмаса, сенданам шубҳаланишимиз мумкин. (Жорж кетади.)
Қ о р а ч а. Эшитдиларингми? (Қорача, Смитти, Уит, Карлсон, Новча чиқишади.)
К е н д и. Бечора Ленни! Уни нима қилишаркин энди!

Бешинчи кўриниш

Биринчи кўринишнинг саҳнаси. Ленни тўнгакнинг устида ухлаб ётибди. Яқинлашаётган ҳуштак товуши эшитилади. Жорж югуриб киради.

Ж о р ж. Ленни! Ленни! Ленни! Тур ўрнингдан!
Л е н н и. Жорж, сенмисан?
Ж о р ж. Тезроқ беркин, анави ёққа беркиниб ол!
Л е н н и. Мен ҳеч нарса қилганим йўқ-ку! Мен уни фақат силамоқчи эдим, холос.
Ж о р ж. Тезроқ беркин, анави ёққа беркин!
Л е н н и. Мен, ахир, ҳеч нарса қилганим йўқ-ку! Фақат уни силамоқчи эдим, холос.
Ж о р ж. Тезроқ беркин деяпман! (Ленни беркинади. Уит билан Новча киришади.)
У и т. Ўзинг ёлғиз юрмасанг бўларди. Милтиғинг йўқ. Эй, бу ёққа!
Н о в ч а (Жоржга). Шу ерда эканми?
Ж о р ж. Ҳа.

(Ҳаммалари югуришиб киришади.)

К а р л с о н. Бу ердаям йўқ-ку.
Қ о р а ч а. Қаерга кетдийкин, ярамас? Балки дарёдан сузиб ўтиб, нариги қирғоқда яшириниб ётгандир?
К а р л с о н. У сузишни биладими?
Ж о р ж. Сувга тушса, тошдек чўкади.
Н ов ч а. Бунақанги тўпланишиб юрсак, уни ҳечам тополмаймиз. Тарқалишимиз лозим. Мана йўлак, маккажўхоризор, катта йўл. Тарқалишиб ҳаммаёқни тинтиб чиқамиз.
Қ о р а ч а. Новча тўғри айтаяпти. Тарқалишимиз лозим. Энг муҳими, ўша чала туғилганни тутиб олсак бўлгани. Қани, кетдик. (Ҳаммалари кетишади. Шошилиб Жорж билан Новча киради.)
Н о в ч а. Энди тушунгандирсан, Леннининг фақат битта иложи қолганлигини? Яхшиси, буни мен қилганим маъқулдир?
Ж о р ж. Йўқ, ўзим қиламан. (Новча кетади. Ленни киради.)
Л е н н и. Жорж! Йигитлар қаёққа кетишди?
Ж о р ж. Овга.
Л е н н и. Овга? Биз нимага бормаяпмиз? Мен ов қилишни яхши кўраман. Фалокат юз берганлиги учун кетишдими?
Ж о р ж. Бунинг энди аҳамияти йўқ.
Л е н н и. Аҳамияти бўлмаса, биз нимага бормаяпмиз? Нега индамайсан? Менга ўшқирмайсанми?
Ж о р ж. Сенга ўшқирайми?
Л е н н и. Ҳа-да, ҳар қачонгидек: “Агарда сен бўлмаганингда, ўзим бемалол яшардим. Ҳар ойда 50 доллар ишлаб, шаҳарга тушиб, кўнглимга ёққан ишни қилардим”, демайсанми? Нимага шунақа демаяпсан?
Ж о р ж. Дейман, Ленни, дейман. Бироз жим турайлик.
Л е н н и. Қани! “Агарда сен бўлмаганингда…”
Ж о р ж. Агарда сен бўлмаганингда, ўзим жуда яхши яшардим…
Л е н н и. Ҳа, Жорж. Гапиравер. Менинг таъзиримни беришинг керак-ку.
Ж о р ж. Йўқ.
Л е н н и. Ҳали, шунақами? Демак, кетишимни хоҳлайсан-а? Майли, мен кетаман. Тоғларга, ғорга беркиниб, ўша ерда танҳо яшайман. Офтобда ағанаб ётаман. Ҳеч ким менга халақит бермайди. Агарда сичқон топсам, уни ўзимда қолдираман. Ҳеч ким уни мендан тортиб олмайди. Ҳозироқ кетишим мумкин.
Ж о р ж. Йўқ, Ленни. Мен билан қолишингни истайман.
Л е н н и. Майли, агарда шуни хоҳласанг… Энди, Жорж, биласанми, менга гапириб бер. Ҳар қачонгидек гапириб бер…
Ж о р ж. Майли… Бировларнинг яйловида бизга ўхшаб ёлланиб ишлайдиган йигитлар бу дунёда ғариб, яккаю ёлғиз бўлишади. Уларнинг оиласиям, уй-жойи ҳам йўқ. Улар яйловга келиб, бироз ишлаб пул орттиришади-ю, кейин шаҳарга бориб топган пулларини кўкка совуришади. Уларнинг келажаги йўқ.
Л е н н и. Уларнинг келажаги йўқ. Биз бошқа гап.
Ж о р ж. Ҳа, биз – бутунлай бошқа гап. Бизнинг келажагимиз бор.
Л е н н и. Нима сабабдан?
Ж о р ж. Чунки менинг ёнимда сен бор.
Л е н н и. Менинг ёнимда эса – сен. Сабаби шу. Энди яйлов ҳақида гапириб бер. (Ҳуштак товуши эшитилади.) Йигитлар ов қилишяпти.
Ж о р ж. Ҳа, улар ов қилишяпти. Қалпоғингни еч, Ленни.
Л е н н и. Қуёш эса ботаяпти.
Ж о р ж. Ҳа, қуёш ботаяпти. Энди дарёга қараб тур, Ленни. Мен сенга ҳикоя қиламан, сен эса дарёга қараб тур. Ниманики ҳикоя қилсам, дарёда ўз кўзинг билан кўришга ҳаракат қил. Тушундингми гапимга, Ленни?
Л е н н и. Ҳа! Тушундим. Қараб турибман, Жорж.
Ж о р ж. Яқинда, ҳадемай бироз пул йиғамиз. Кейин чоғроқ уй, озроқ ер, сигир, чўчқа сотиб оламиз. Товуқхонамиз ҳам, чўчқахонамиз ҳам бўлади…
Л е н н и. Қуёнхонамиз ҳам…
Ж о р ж. Қуёнхонамиз ҳам…
Л е н н и. Мендан хафа бўлдинг, деб ўйлабман.
Ж о р ж. Йўқ, Ленни. Мен ҳеч қачон сендан хафа бўлган эмасман. Ҳозирам хафа эмасман. Шуни яхши бил. (Жорж тўппончани олади.)
Л е н н и. Биламан, Жорж.
Ж о р ж. Энди дарёдан кўзингни узма, яхшилаб қара, Ленни! Чоғроқ уй, боғча, боғчада ёнғоқлар, олучалар, олмалар. Кўраяпсанми шуларни?
Л е н н и. Ҳа, ҳа!
Ж о р ж. Яна шамол тегирмони. Атрофда каптарлар парвоз қилишади. Ҳовлида эса, чўчқалар, товуқлар, сигир, исковуч ит ва иккита тарғил мушук юришибди.
Л е н н и. Қуёнларам. Ҳаммасини кўраяпман, Жорж!
Ж о р ж. Ҳа, қуёнларам! Ҳар хил рангдаги минглаб қуёнлар!
Л е н н и. Кўк, қизил, яшил рангдаги қуёнлар! Шуларни кўраяпман, Жорж, кўраяпман!

(Жорж тўппончадан ўқ узади. Ленни йиқилади. Новча, Уит, Смитти, Карлсон, Қорача югуришиб киришади.)

Т а м о м

Рус тилидан Абдулаҳад Абдуллаев таржимаси

«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 11-сон