Эълонлар бўлимидаги жувон матнни ўқиб чиқиб, уни кўчириб олди ва менга нигоҳ ташлади.
-Буни худди шундай чоп этиш керакми?..
-Ҳа. Жавоблар учун абонент қутисига ҳам буюртма бермоқчиман.
«Гералд Жорнел» газетасига бермоқчи бўлган эълоним қуйидаги мазмунда эди: «Сиз турмуш ўртоғингиздан зерикдингиз ва ундан қутула олмаяпсизми? Бу ҳолатда фақатгина битта йўл бор. Мижозларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади. Хатларингизни «Гералд Жорнел»га, эълонлар бўлимига жўнатинг».
Жувон асабийлашиб қалами орқасини тишлади.
Мен унинг юзида қатъиятсизликни кўрдим.
-Нима? Бирор хато борми?
-Мен бу ерга яқинда ишга келганман. Шунинг учун таҳририятдаги талабларни билмайман.
У афтидан ўзидан юқорироқ лавозимда ишлайдиган жаноб Уилсон исмли кишини чақирди. У эълонимни ўқиб кўрди.
-Сиз адвокатмисиз?
-Йўқ.
-Ажрашиш ишлари билан шуғулланасизми?
-Йўқ.
У йўталиб олди.
-У ҳолда «фақатгина битта йўл» деганингизни қандай тушуниш керак?
-Бунга жавоб – менинг эълонимда.
Мени юқорига, эълонлар бўлими раҳбари Бингхемнинг хонасига таклиф қилишди.
Эълоним мендан аввалроқ унинг хонасига етиб келган ва стол устида турарди.
-Эълонингиз матнини аниқроқ ёзишингизни талаб қиламан, акс ҳолда уни боса олмаймиз.
Мен уф тортдим.
-Хўш, менинг исмим Жеймс Паркерсон, университетда ишлайман. Психология фанлари профессориман.
У эълоним матни битилган қоғозга имлади.
-Мана бунинг касбингизга тааллуқли жойи борми?
-Албатта. Ҳозирда мен агар руҳий шарт-шароитлар имкон берса, эр-хотинлар орасидаги муносабат ҳозиргига нисбатан ўн марта кўпроқ қотиллик билан тугаши мумкинлиги ҳақидаги фикримнинг амалий исботи устида иш олиб боряпман.
-Қўлга тушиб қолишдан қўрқув бунга йўл қўймайдими?
-Албатта, бу ҳам муҳим аҳамиятга эга, лекин мен бошқа омилни муҳимроқ деб ҳисоблайман. Менимча, аксарият одамлар зўрлик ишлатишдан қўрқишади. Агар улар бу ишни бошқа бирортасига, масалан, профессионал қотилга ишониб топширишса, кўплаб фуқароларимиз суиқасд оқибатида ҳаётдан кўз юмган бўлишарди.
Бингхем қовоғини уйди.
-Сиз ўзингизни қотил сифатида таклиф қилмоқчимисиз? Демак, кимдир эълонингизга жавоб қайтаришига ишонасиз.
-Албатта жавоб қайтаришади. Одамлар ишонувчан бўлишади. Мисол келтирайми? Бир неча йил олдин бир йирик журналда қуйидагича эълон чоп этилган: «Бу сизнинг охирги имкониятингиз. 107-рақамли почта қутисига бир доллар жўнатинг». Тамом. Ҳеч қанақа хизмат ҳақида гап йўқ. Аммо минглаб одамлар пул жўнатишган.
Мен танлаган йўл нимани англатади? «Фақат биттагина йўл». «Қотиллик» сўзи ҳаммани қўрқитиб юбориши табиий, менинг эълонимга эса албатта жавоб қайтаришади. Менимча, жавоб қайтарадиганлар икки гуруҳга бўлинишади. Биринчи гуруҳдагилар мени юрист деб ўйлашади ва қонуний жиҳатдан имкониятлари қандайлигини билишга уринишади. Лекин бундай хатлар билан ишим бўлмайди.
Мен тик турганча гапираётгандим. Бингхем мени ўтиришга таклиф қилди.
-Иккинчи гуруҳдагилар эса иккиланишади ва ўзларига керакли нарсани топганига умид қилишади. Ана шунда улар вақт сарфлаб эълонимга жавоб ёзишади.
Бингхем иккиланиб қолди.
-Агар улар кимлигингизни ва асл мақсадингизни билишса, шу ондаёқ ҳафсалалари пир бўлади.
-Табиийки, мен улар билан савол-жавобимни тугатмагунимча кимлигимни айтмайман. Ўзимни профессионал қотилдек тутаман.
Бингхем ўйланиб қолди. Кейин бошини қашлади.
-Хўп, яхши. Умуман олганда, эълонингизни қабул қилмаслигим керак эди, аммо мени қизиқтириб қўйдингиз. Уни чоп этишга рухсат бераман. Қачонга чиқиши керак?
-Иложи бўлса бугун.
Хонадан чиқаётганимда Бингхем менга яна бир маслаҳат берди.
-Жавоб хатларини олиш учун хонамга келганингиз маъқулроқ. Почта қутиси олдида сизни бирор мижоз ёки журналист кутиб олиши мумкин.
Эълоним шу куниёқ «Гералд Жорнел»нинг кечки сонида босилиб чиқди. Эртасига тушдан сўнг, университетдаги ишим тугаши биланоқ Бингхемнинг хонасига етиб бордим.
Бингхем мени эшик ёнида ўтирган киши билан таништирди.
-Сержант Ларсон, фирибгарликка қарши кураш бўлимидан. Бу киши шубҳали эълонларни кузатиш билан шуғулланар экан.
-Менинг эълонимда қонунга қарши нарса йўқ,-дедим мен. -Жаноб Бингхем, марҳамат қилиб, сержант Ларсонга менинг мақсадим ҳақида айтиб берсангиз.
-Айтиб берди, -эътироз билдирди сержант. -Мен ўзим бунга ишонч ҳосил қилишим керак. Ҳужжатингизни кўрсам бўладими?
Мен унга ҳужжатимни узатдим.
-Ҳаммаси жойида, -деди у. -Ҳар қалай, Паркерсоннинг ҳужжати экан. Мен университетга ҳам бориб, буни аниқлайман.
Бингхем менга стол устида турган бир даста хатни узатди.
-Бугун эрталаб сизнинг номингизга келди. Олтита.
Ларсон менга диққат билан разм солди.
-Шуларнинг ичида ўз турмуш ўртоғини ўлдириш мақсадида ёзилган хатлар ҳам борлигига ишонасизми? -сўради у.
-Ҳали ўқиб кўрганим йўқ, лекин бўлиши мумкин.
У менга қўлини узатди.
-Буларни менга беринг.
Унинг талабини рад этдим.
-Афсуски,-дедим мен.-Шахсан менинг номимга келган хатни ҳеч кимга бермайман.
-Сизни тушунмадим, профессор!-ўшқирди сержант. -Наҳотки сиз қотилликка йўл очсангиз?
-Менинг тадқиқотим айнан шунга қаратилган,-жавоб қилдим мен.-Эпидемияни йўқотиш учун унинг чегарасини аниқлаб олиш керак. Менга мурожаат қилганлар ўзлари ўйлаган ишни амалга оширадиган одамни топганларидагина хавфли ҳисобланишади. Улар билан шуғулланаётган чоғимда ҳеч қандай бахтсиз ҳодиса юз бермайди.
Сержант Ларсон менинг далилларимни истар-истамас қабул қилди.
-Аммо улар билан гаплашсангиз, бизга ҳам кимлиги ҳақида маълумот берасиз. Биз уларни фикридан қайтаришимиз шарт.
Мен рози бўлдим.
-Майли, розиман.
Мен уйга келдим ва иш хонамга кирмоқчи эдим, лекин Дорис, турмуш ўртоғим мени тўхтатди.
-Бу йилги таътилни қаэрда ўтказамиз, Жеймс?
-Нима? -дедим мен. -Уйда ўтказамиз. Мен янги лойиҳа устида ишлаяпман. Таътил давомида ҳам шу ишни давом эттираман.
-Жуда кўп ишлаяпсан, азизим, -деди Дорис ва хўрсинди. -Саёҳатга чиққим келяпти. Бир неча кишилик кичкинагина кемада. Зўр бўларди.
Мен хатларни ўқиш иштиёқида ёнаётгандим.
-Дорис, бу саёҳатдан нима кутяпсан?
-Нима? Янги инсонлар билан танишувлар…
-Одамлар ҳамма жойда бир хил, тўғрими?
-Ҳа, лекин…
-Ўзинг биладиган нарсанинг тўғрилигини текшириш учун пул сарфлаб нима қиласан?
Мен хонамга кириб, хатларни ўқишни бошладим. Хатлардан тўрттаси биринчи гуруҳга тегишли эди, аммо қолган иккитаси мени қизиқтириб қўйди. Мен биринчи хатни яна бир марта ўқиб чиқдим.
«Ҳурматли жаноб!
Сизнинг «Гералд Жорнел»нинг кечки сонидаги жудаям қизиқарли эълонингизни ўқиб чиқдим ва «фақат биттагина йўл» деган терминингизни тушунмадим. Шуни тушунтириб бера оласизми? Агар рози бўлсангиз, «Гералд Жорнел»да менга шундай жавоб ёзинг: «Колли зотли ит йўқолиб қолди. Лақаби Регис».
Хатга имзо қўйилмаган эди.
Мен машинкада ёзилган хатни лупа билан кўриб чиқа бошладим. «О» ва «э» сувалиб кетган, бошқа ҳарфлар ҳам машинкани тозалашни талаб қиларди. Рангли тасма ҳам алмаштирадиган даражада эди. «Термин» деб ёзишидан муаллифнинг унчалик саводли эмаслигини билиш мумкин эди.
Ёки «термин» сўзи «э» билан ёзилармиди? Мен одатда столим устида турадиган луғатимни изладим, лекин тополмадим. Ўрнимдан туриб қичқирдим:
-Дорис, «термин» сўзи қандай ёзилади?
-Т-эр-мин.
-Луғат қани?
-Ғаладонда, азизим.
Мен ғаладондан луғатни олдим. «Термин» сўзи «э» билан ёзилганди.
Иккинчи хат ҳам биринчисига ўхшарди. Унда ҳеч қандай мурожаат ҳам, имзо ҳам йўқ эди.
«Макс бари. 21-кўча ва Уэлс кўчалари бурчагида. Бугун кечқурун 8да. Шотланд вискисига буюртма беринг. Ўнг оёғингиздаги поябзалингиз ипини ечинг ва қайта боғланг».
«Шундай қиламан», ўйладим мен.
Мен «Гералд Жорнел»га қўнғироқ қилдим ва колли зотли ит ҳақидаги эълонни чоп этиш учун буюртма бердим. Гўшакни қўйгач, яна хатларга тикилдим.
Сўнг тоза қоғоз олиб машинкага қўйдим ва ҳарфларни тердим: «Терминим муштарийни эълонни ўқишга мажбур қилади».
Мен ҳарфларга разм солдим. Ҳарфлар тиниқ эди, «о» ва «э» эса ишлов берилгандек ярақлаб турарди. Кечки овқатдан кейин палтомни кийдим.
-Мен университетга бориб келаман. Қачон қайтишим аниқ эмас.
-Бўпти, -деди Дорис. -Ёзув машинкангни тозалаб қўйганимни ҳам сезмадинг. Тасмасини ҳам алмаштирдим.
Шляпамни ушлаганча қотиб қолдим.
-Қачон?
-Бугун эрталаб, азизим.
Мен ташқарига чиқдим.
«Термин» сўзини миллионлаб одамлар хато ёзишади,-дедим ўзимга ўзим, машинани ўт олдирар эканман.-Ҳар куни миллионлаб одамлар ёзув машинкаларини тозалашади…».
Мен Макс барига бордим.
Бўш жойга ўтириб, шотланд вискисига буюртма бердим. Сўнг энгашиб, поябзалим ипини ечиб, қайта боғладим ва атрофга алангладим. Афтидан, менга ҳеч ким қизиқмаётганди.
Ўн дақиқадан кейин барга ўрта бўйли бир киши кириб келди. Мен баланд овозда яна бир марта шотланд вискисига буюртма бердим ва поябзалим боғичини ечиб боғладим. Лекин кирган кимса менга эътибор ҳам бермади.
Мен навбатдаги кирувчини кута бошладим.
Саккизинчи қадаҳдан сўнг бу иш жонимга тегди.
Уйга қайтганимда Дорис ухлашга ётганди, чамаси. Ҳарҳолда у пастда йўқ эди. Мен зўрға юқорига чиқдим ва ўзимни диванга ташладим. Эрталаб турганимда бошим лўқиллаб оғрирди. Иштаҳам йўқлиги учун қаҳва ичдим, холос.
Дорис менга ташвишли нигоҳ ташлади:
-Касал эмасмисан?
-Бўлиши мумкин, -дедим мен.-Гриппман, шекилли.
Тушга яқин маърузам тугаганида ўзимни енгил ҳис қилдим. Факултет ошхонасида тушлик қилгач, университет боғида айландим. Ҳайкал ёнига келганимда сигарет чекиш учун гугурт ёқдим ва мен томон келаётган баланд бўйли эркакка кўзим тушди.
У сирли жилмайди.
-Ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми?
Мен уни илгари кўрмагандим. Мен билан нима иши бор? У поябзалимга қаради.
-Ҳа, ипларини боғлашдан зерикмадингизми?
-Сиз?.. Сиз мени?
У бош ирғади.
-Ҳа. Кеча Макс барида эдим.
-Нега индамадингиз?
-Мен эҳтиёткор одамман,-жавоб қайтарди у. -Бундай ишларда эҳтиёт бўлиш лозим.-У менга астойдил тикилди.-«Фақат биттагина йўл» деганда нимани тушунасиз?
Мен ҳали ҳам жаҳлдан тушмагандим.
-Уч мартада топинг!-дедим қўполлик билан.
У жилмайди.
-Қотиллик?
-Тўғри, -дедим мен бир оз иккиланишдан кейин.
У менга синовчан назар ташлади.
-Хотинимни ўлдириш учун қанча сўрайсиз? -сўради у ниҳоят.
Мен оғзимга келган рақамни айтдим.
-Ўн минг доллар.
Бу нарх уни асло ҳайрон қолдирмади.
-Қандай ўлдирасиз?
-Аввал сиз учун алиби тайёрлаймиз, кейин хотинингизни отаман,-тушунтирдим мен.
У бош ирғади.
-Жуда осон экан, профессор Паркерсон.
-Мени қаэрдан танийсиз?
-Кеча кечқурун ортингиздан уйингизгача бордим, бугун эрталаб эса ортингиздан университетгача кузатиб келдим. Мен ким билан ишлашимни билмоқчи эдим. Яна бир нарсани айтишим керак, профессор, сиздай одам қотил эканлигига ишонмайман.
-Сер, -эътироз билдирдим мен. -Хотинингизни ўлдиртирмоқчимисиз?
-Йўқ, -деди у. -Мен уйланмаганман. Хўш, профессор, қанақа ўйин ўйнаяпсиз?
-Бу менинг ишим.
Унинг кўзларида нур чақнади.
-У ҳолда мен сиз ҳақингизда полицияга хабар қиламан.
-Полиция билади.
-Унда, газетачиларга мурожаат қиламан. Менинг маълумотимдан яхшигина мақола тайёрласа бўлади.
Бу гап мени эсанкиратиб қўйди. Газета менга эълон бериб туриш учун керак эди. Мен ҳақимда мақола чиқиши эса барча режаларимни чиппакка чиқариши мумкин эди.
-Хўш, газетага мурожаат қилайми?
Мен хўрсиндим.
-Йўқ.
Мен унга лойиҳам ҳақида айтиб бердим. Гапимни тугатганимдан сўнг у бирпас ерга қараганча ўйланиб қолди. Сўнг сўради:
-Эълонингизга бирортаси жавоб бердими?
-Ҳа. Олтита хат олдим.
У яна бирпас ўйланиб турди ва кейин сўради:
-Уларнинг исмларини менга айта оласизми, профессор? Мен иккинчи гуруҳдагиларни назарда тутяпман.
-Нима? Бу нима деганингиз?
-Ҳар бир исм учун сизга беш юз доллардан тўлайман, фақат битта шартим бор: улар билан ўзим шуғулланаман.
Ниҳоят мен унинг мақсадини англагандек бўлдим.
-Нима учун айнан уларнинг исмларини билмоқчисиз?
У илжайди.
-Менинг касбимда мижозлар билан алоқа ўрнатиш қийин. Мен сизга ўхшаб ўз хизматимни реклама қилолмайман.
-Сиз профессионал қотилмисиз?
-Балки беш юз доллар ўрнига сизга мукофот ажратарман,-жавоб қайтарди у саволимга. -Айтайлик, даромадимдан ўн беш фоизини?
Мен ўрнимдан турдим.
-Энди полицияга бориш учун менинг навбатим келди.
У елкасини қисди.
-Менга қарши далилингиз борми? Мен сиз билан гаплашганимни тан олмайман.
Унинг кўзлари чақнади.
-Сиз қандай иш қилишимиз мумкинлигини тушунмаяпсиз, шекилли. Сиз мамлакат миқёсида шундай тадқиқот ўтказишингиз мумкин.
-Ҳеч қачон! Ҳеч қачон ва яна бир марта ҳеч қачон!
У гапида давом этди.
-Хулоса чиқаришга шошилманг, профессор. Унутманг, менинг таклифим учун сизга ўхшаган юзлаб ҳамкасбларингиз бир-бирларини ғажишга ҳам рози бўлган бўлишарди.
У кўчани кесиб ўтди ва янги кабриолетга ўтириб кўздан ғойиб бўлди.
Кечки маърузадан сўнг машинамда уйга келдим.
Дорис кийимларни ажратаётган экан.
-Қариялар уйига бермоқчиман, азизим.
Мен у ажратган кийимларга қарадим.
-Жигарранг костюмим бу ерда нима қиляпти?
-У эскириб кетган, Жеймс.
-Шкафга солиб қўй. Эскирмаган.
-Хўп, азизим. Лекин ҳозир бунақа костюмни фақат ўликларга кийдиришяпти.
Мен унга таажжуб билан тикилиб қолдим. Нимага у бундай деди?
Мен елкамни қисдим ва хонамга кирдим. Қўшма Штатлар аҳолиси бир юз саксон олти миллион киши. Ундан камида юз мингтаси ўз турмуш ўртоғидан қутулишни истайди. Нимага энди фақат эр-хотинлар билан чекланиш керак? Холалар, тоғалар, жиянлар, ошна-оғайнилар ҳам бор…
Агар улардан беш мингтаси билан келишсанг ва ҳар бири беш минг доллардан тўласа, йигирма беш миллион доллар бўларди. Йигирма беш миллионнинг ўн беш фоизи эса…
Пайшанба куни тушдан сўнг «Гералд Жорнел»га келдим ва 1183-почта қутисидан Регис лақабли колли ҳақидаги эълонимга жавобни олдим.
Мен хатжилдни очдим ва хатни ўқидим.
«Ҳурматли жаноб!
Регис ҳақидаги эълонингизни ўқидим. Сиз билан учрашишга тайёрман.
Сиз билан 27-кўча ва Гералд-стрит бурчагидаги «Леони» ресторанида учрашмоқчиман. Жума куни кеч соат саккизларда ўша ерда бўламан. Елкамда пушти шарф бўлади. Қўлингизда гулдаста бўлсин. Сизга «Регис» дейман, сиздан эса «Қора марварид» деган жавобни кутаман».
Мен хатни яна бир марта ўқиб чиқдим. Тушунишимча, бу хат аёл кишидан келганди ва бу сафар ҳарфлар тиниқ эди.
«Леони»? Ҳа, ўтган йили мен Дорис билан тушлик қилган ресторан.
Уйга келгунимча шу ҳақда ўйладим. Хонага киришим билан дедим:
-Анчадан бери бирга ҳеч қаэрга бормадик, Дорис. Жума куни кечқурун «Леони»га борсак нима дейсан?
У журналдан кўзини узди.
-Афсус, азизим, лекин жума куни аёллар клубида учрашувим бор. Бормасам бўлмайди.
Мен шляпамни кийдим.
-Бирпас айланиб келаман.
-Ҳозиргина келдинг-ку, азизим!
-Нима бўпти?
Ташқарига чиқдим. Дорис мен билан ҳазиллашмоқчи бўлдимикин? Лекин у менинг лойиҳамни қаэрдан билди? Мен одатда бирор натижага эришмагунимча ишим ҳақида оғиз очмайман. Бу агар ишим ўхшамай қолса шармандаликдан сақлайди.
Ёки у ростдан ҳам мени ўлдирмоқчими?
Биз турмуш қурганимизга ўн йилдан ошаётганди. Турмушимиз яхши эди, ҳар қалай мен шундай деб ўйлардим. Ҳаётимиз осойишта ва бир маромда эди. Дориснинг отаси университетимизда роман филологияси бўйича дарс берар, онаси эса зоология бўйича профессор эди.
Дорис билан гаплашсаммикин? Ундан изоҳ талаб қилиш керакмикин? Бош чайқадим. Йўқ. У менга очиғини айтмайди. У нима учун мени ўлдирмоқчи бўлаётганини ўзим топишим керак. «Леони»даги учрашувимизда мени таниб қолмаслиги учун соқол, мўйлов ёпиштириб олишим керак. Эртага тасвирий санъат кафедраси мудири, профессор Тибери билан маслаҳатлашаман.
Ёнимдан кабриолет аста ўтиб, мендан бир неча қадам нарида тўхтади.
Одам ўлдириш бўйича мутахассис машинасидан тушди ва мени кутиб турди.
-Нимани ўйлаяпсиз, профессор? Ҳамкорликка тайёрмисиз?
Бу киши нима учун қотилликни танлаган? Одамлар нима учун қотилга айланишади? Пул, эҳтирос ва ўзини ҳимоя қилиш учун.
Кутилмаган фикрдан ўзимга келдим. Дорис мени ўлдиришига йўл қўймасдан, уни ўлдиришга ҳаққим йўқми? Бунинг учун кимни ёлласам бўлади? Мана шу кишиними?
Йўқ, Дорисни ўлдира олмайман. У менинг хотиним, яхши-ёмон кунларимизни бирга ўтказганмиз.
-Хўш, профессор,-деди қотил.-Ишлар қалай?
-Қанақа иш?
У бошини эгди ва менга жим қараб турди. Сўнг палтоси чўнтагидан ташриф варақаси олиб узатди.
-Мен яна икки кун «Уэстланд» меҳмонхонасида бўламан. Қарорингизни кутаман. Бундан ташқари, яна бир марта эслатиб қўймоқчиман, бундай имкониятни бошқа руҳшунослар асло қўлдан бой бермаган бўлардилар.
-Марҳамат, -дедим мен. -Ихтиёрингиз!
Унинг машинаси кўздан ғойиб бўлгач, мен кўча бурчагидаги симёғоч тагига бордим. Ташриф варақасида «Чарлз А. Хаскер» деган ёзувдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Ростдан ҳам унинг исми шунақамикин? Лекин бунинг фарқи йўқ. Мен сержант Ларсонга уни қаэрдан топиш мумкинлигини айта оламан. Полицияда унга қарши ҳеч қандай далил йўқ, лекин улар уни кузатишлари ва эртами-кечми қўлга олишлари мумкин.
Уйга қайтганимда уйимизда профессор Коннер ўтирган экан. У шахмат тахтаси олдида мени кутиб ўтирарди. У нима учун келганини тушунмадим. У зоолог ва орамизда бизни бирлаштирадиган умумий нарса йўқ. У билан шахмат ўйнашимнинг боиси эса гаплашишдан кўра шахмат ўйнаш маъқулроқлиги эди.
Соат ўн бирларда у Дорис пиширган балиқли бутербродни еб, кейин кетди.
Жума куни кечки овқатдан кейин Дорис клубга бориш учун тайёргарлик кўра бошлади. Ярим соатлардан сўнг у кийиниб чиқди.
-Қачон қайтишимни аниқ айтолмайман.
Унга ғамгин тикилдим.
-Ҳеч нарса эсингдан чиқмадими? Масалан, пушти шарфинг?
-Йўқ, сумкамга солиб олдим. Машинангда борсам бўладими?
-Сени Бронсон хоним олиб кетарди-ку, доим?
-Ҳадеб унинг машинасида бориш жонимга тегди.
Дорис чиқиб кетиши билан бугун тушда профессор Тибери берган буюмларни олдим ва кўзгу олдида ўтирганча грим қилишга киришдим.
Дорис нега мени ўлдирмоқчи? У бундан нима наф кўради? Пулми? Кулгили. Бизнинг жамғармамиз жуда оз эди. Унинг ҳаётида бошқа эркак пайдо бўлдими? Бўлиши мумкинмас.
Бир неча дақиқадан кейин кўзим очилгандек бўлди.
Нима учун профессор Коннер бизникига тез-тез келиб туради? Фақат шахмат ўйнаганими? Нимага Дорис лаънати балиқли бутерброд пишираверади? Мен балиқли бутербродни ёмон кўришимни билади-ку.
Бир оздан сўнг соқолли аксимга тикилдим ва яшил кўзойнак тақдим.
«Леони»га соат саккизларда келдим ва қўлимдаги гулдаста кўриниб турадиган жойга туриб олдим. Залга кўз югуртириб чиқдим, аммо пушти шарфли аёлни кўрмадим.
Беш дақиқача турганимдан сўнг йигирма беш ёшлардаги бир жувон олдимга келди.
-Регис? -деди у менга шубҳали назар ташлаганча.
Мен қотиб қолдим.
-Шарфингиз пушти эмас-ку!
-Наҳотки!
Бошимга биров гурзи билан туширгандек бўлди. Албатта! Яшил кўзойнак! Кўзойнагимни ечдим. Унинг елкасидаги шарф пушти эди.
-Қора марварид,-дедим мен. Биз столга ўтирдик ва аёл менга мақсадини айтди. У эрини ўлдирмоқчи экан, аммо нима учунлигини айтмади.
Биз ўн минг долларга ва иккинчи учрашувда батафсил гаплашиб олишга келишдик. Лекин мен энди бу аёл билан учрашмоқчи эмасдим. Бу аёл билан энди сержант Ларсон шуғулланиши мумкин.
Мен эса лойиҳам муваффақиятли якунланаётганидан хурсанд эдим.
Мен бошқа барга кирдим ва вискига буюртма бердим. Елкамдан тоғ ағдарилгандек эди. Хавотирим беҳуда бўлиб чиқди – хотиним мени ўлдирмоқчи эмас экан.
Мен бардан чиққанимда соат ўн ярим эди. Бардан уйимгача уч мил эди. Мен пиёда кета бошладим.
Уйимга етишимга икки квартал қолганида ёнимдан машина ўтиб кетди.
Бу менинг машинам эди. Дорис клубдан қайтаётганди. Машина кўча бошида тўхтади. Ҳа, у мени кўриб қолди, «Ўзи билан олиб кетмоқчи», ўйладим мен. Кейин эса ёпиштирган соқолим ҳали ҳам турганлиги ёдимга тушди. Қизиқ. У мени қандай таниди?
Мен каловланганча машинамга яқинлашдим. Машина ичидаги улкан гавда иккига ажралди. Дорис ёлғиз эмасди. Мен эгилиб машина ичига қарадим. Дорис ва… профессор Коннер! Улар менга ғазаб билан тикилишди. Хотинимнинг овози қулоғимни тешиб юборгудай жаранглади.
-Нимангизни йўқотдингиз, жаноб? Йўқолинг бу ердан!
Мен индамай кетдим. Кўча бурчагидаги буталар орасига кириб уларни кузата бошладим. Улар яна бир-бирларининг пинжига суқилишди.
Мен соатга қарадим. Ўн дақиқа… ўн беш… улар бир-бирларидан ажралай демасди. Ниҳоят буталар орасидан чиқдим ва нарироқдаги телефон-автомат томон йўл олдим.
Хаскер Дорисдан қутулишим учун нима талаб қиларкин? Профессор Коннерни ҳам ўлдириш учун-чи? Катта пул сўраса керак.
Аммо у билан ҳамкорлик ҳақида келишиб олсам, балки у мен учун текинга ишлаб берар…
Русчадан Дилшодбек Асқаров таржимаси