Жек Лондон. Мохов Кулау (ҳикоя)

– Касал бўлганимиз учун бизни озодликдан маҳрум қилаётирлар. Биз қонунга итоат қилдик. Биз ҳеч кимни хафа қилмадик. Бизни қамоққа тиқмоқчилар. Молокаи — қамоқхона. Буни биласизлар. Мана Ниули, синглисини Молокаига сургун қилишганига етти йил бўлди. Ўшандан бери синглисини кўргани йўқ. Кўрмайди ҳам. У ўла-ўлгунча Молокаида қолиб кетади. У Молокаига боришни истамади. Ниули ҳам буни истамаган эди. Бу, ўлкамизда хўжайинлик қилаётган оқ танлиларнинг ҳукми билан бўлди. Ким ўзи улар, ўша оқ танлилар?
Буни биламиз. Улар ҳақида ота ва боболаримиз гапириб берганлар. Улар келганларида қўзичоқдек ювош эдилар, ширин-ширин сўзлардилар. Бу тушунарли: унда биз кўп эдик, кучли эдик, у вақтларда барча ороллар бизга қарашли эди. Ҳа, улар бу ерга ширин сўз билан келганлар. Улар биз билан турлича гаплашдилар. Баъзи бирлари Худонинг ҳақ сўзларини тарғиб қилишга ижозат беришни, лутф-карам айлаб ижозат беришни сўрадилар, баъзилари эса биз билан савдо қилишга ижозат беришни, мурувват юзасидан ижозат беришни илтимос қилдилар. Лекин бунинг ҳаммаси ишнинг бошланғичи эди. Ҳозир эса улар ҳамма нарсани ўзлариники қилиб олдилар — ороллар, ҳамма ерлар, барча чорва-моллар — ҳаммаси уларники. Жаноб ромнинг одамлари катта хўжайин бўлиб олдилар. Улар подшолардек ишлайдилар, кўп хонали уйларда яшайдилар, уларнинг тўда-тўда хизматкорлари бор. Уларда ҳеч нарса йўқ эди, энди ҳамма нарсага хўжайин бўлиб олдилар. Менми, сизми ёки канаклардан бошқа бирортаси оч қолгудек бўлса, улар кулиб: «Ишла-да. Плантациялар нима учун яратилган» дейдилар.
Кулау жим қолди. У қўлини кўтарди ва тортишиб қолган, бўғин-бўғинга ажралган бармоқлари билан бошидан қора сочлари устида турган, гулхайрилардан ясалган гулчамбар тожини олди. Ой дарага мўл нур сочиб турарди. Тун тинч ва ором билан нафас олади. Кулауга қулоқ бериб ўтирганлар шиддатли жангда ярадор бўлган жангчиларга ўхшайди. Уларнинг юзлари арслоннинг тумшуғини эслатади. Бирисининг бурни ўрнида катта тешик пайдо бўлган, бошқасининг елкасидан тўмтоқ таёқдек бир нарса осилиб турибди. Бу чириб кетган қўлнинг қолдиғи. Улар ўттиз киши эдилар, ўттизта эркак ва аёл — ўттизта таҳқирланган ғариб, мискинлар эдилар, улар йиртқич ҳайвонларга ўхшаб қолган эдилар.
Улар гулларга ўралиб, ой нурига кўмилган ҳолда ўтирар ва хириллашиб Кулаунинг сўзларини маъқуллардилар. Бир вақтлар улар одам эдилар, лекин ҳозир майиб бўлган ва абжағи чиққан бадбашара махлуқларга айланганлар. Гўё уларни асрлар бўйи жаҳаннам азобида қийнаганлар, уларда инсонлик турқи асло қолмаган. Бармоғи сақланиб қолганларининг бармоқлари йиртқич қушнинг панжаларига ўхшарди, юзларига қарасанг, бу одамларни Худо нега бундай бадбашара қилиб яратибди, деб ўйлайсан киши. Баъзи бирларининг бетидан ярмиси шартта ўйиб ташланганга ўхшайди, бир хотиннинг бир вақтлар кўзи ўрнашган жойда чуқурлик пайдо бўлиб, у ердан тўхтовсиз юм-юм кўз ёшлари оқиб турибди. Баъзилари қаттиқ азоб чекар ва оғриқдан инграр эдилар. Бошқа бирлари йўталар, йўталганларида гўё латта йиртилгандек тар-тар этган товуш чиқади. Иккиси ақлдан озган бўлиб, улкан маймунга ўхшайди, лекин бу телбалар шу қадар абжақ яратилганки, уларга нисбатан маймунни фаришта деса бўлади. Ой нури уларни ёритиб турибди. Улар гулдасталардан тож қилиб кийиб олганлар, афту башараларини буриштириб, алланарсалар деб алжирайдилар. Бирининг қулоғи шишиб, елкасигача осилиб тушибди; бечора чиройли, оч-қизил рангли гулни юлиб олди-да, ҳар ҳаракат қилганда силкиниб турган бадбуруш қулоғини безаб, уни қулоғи устига тақиб қўйди.
Кулау мaнa шy махлуқлар устидан подшо эди. Гулларга кўмилган, қиррали тоғ чўққилари орасига жойлашган ва ёввойи эчкилар маъраши эшитилиб турган мана шу дарада ҳукмрон эди. Уч томондан кўтарилиб турган баҳайбат деворлар ранго-ранг тропик ўсимликлар билан безалган, қoп-қopa бўлиб ғop оғизлари кўриниб туради, бу унинг фуқаролари яшайдиган тоғ маконлари. Тўртинчи томондан водий таг-туби йўқ жарликка келиб тақалган, узоқда ундан пастроқ тоғ чўққилари кўринади. Шу тоғларнинг этагида океан пишқириб, кўпик сочиб ётади. Ҳаво очиқ вa тинч бўлган чоғларда Калалау водийси яқинидаги тошлоқ соҳилга қайиқда келиб тушса бўлади. Фақат об-ҳаво яхши бўлган пайтлардагина шундай водийнинг юқори қисмига — тоғ оралиғидаги Кулау ҳукмдорлик қилаётган дарага соҳил томондан ботир, тоғлик одамгина ўта олади; аммо бундай одам жуда довюрак бўлиши, шу билан бирга кўзга чалинар-чалинмас эчкилар сўқмоғини кўра олиши лозим. Кулау қабиласини ташкил қилган аянч ва ожиз мажруҳлар ҳушни бошдан учирадиган мана шу сўқмоқдан юриб, метиндек мустаҳкам қалъага қандай қилиб ўтиб олганликлари кишини ҳайрон қолдиради.
– Биродарлар, – деб гап бошлади Кулау.
Шу вақт маймунсимон, бадбашара соқовлардан бири йиртқичларга ўхшаб ҳайқириб юборди. Кулау жим қолди ва тош деворлар оралиғи бўйлаб кетган бу қаттиқ ҳайқириқнинг акс-садолари узоқларда, сокин тун қоронғулигида тингунча кутиб турди.
– Биродарлар, бу қандоқ бўлди? Бу ерлар илгари бизники эди, ҳозир эса бизники эмас. Жаноб ромнинг одамлари ерларимиз эвазига нима бердилар? Орамизда ҳеч ким ўз ери учун бирор доллар, ҳеч бўлмаганда бир доллар пул олдими? Энди улар хўжайин бўлиб олиб, ерларда, энди уларники бўлиб қолган ерларда ишланглар деб айтаётирлар; меҳнатимизнинг маҳсули ҳам уларники бўлади. Илгари вақтларда биз меҳнат қилмас эдик. Бунинг устига улар мана бундай касаллик балосига йўлиққанимиздан кейин, бизни озодликдан ҳам маҳрум қилаётирлар.
– Хўш, бу касални бизга ким келтирди, Кулау? – деб сўради озғин, пайлари бўртиб чиққан Килолиана.
Унинг юзи қаҳ-қаҳ уриб гапириб кулаётган фавнга* ўхшар, шунга кўра оёқлари ўрнида туёқ ҳам бўлиши керакдек туюларди. Лекин бу туёқ эмас, оёқ эди, фақат катта-катта яралар қоплаган, йиринг оқиб ётган оёқ эди.
Бир вақтлар Килолиана тоғларга тирмашиб чиқишга жуда эпчил йигит эди, ёввойи эчкилар туширган сўқмоқ йўлларни яхши биларди. Кулауни ва унинг бахтсиз қабиласини Калалаунинг мана шу хавфсиз ерига бошлаб келган ҳам шу Килолиана эди.
– Бу ҳaқ гап, – деб жавоб берди Кулау. – Илгари отларимиз ўтлаб юрган жойларда яратилган қанд плантацияларида ишлашни истамадик, шунинг учун улар денгизнинг нариги томонидан хитой қулларини келтирдилар, мана шу касаллик ҳам ўшалар билан бирга келди. Биз мана шу касалга гирифтор бўлдик, шу касаллик учун Молокаига бизни сургун қилмоқчилар. Биз Кауаида туғилганмиз. Биз бошқа оролларга ҳам борганмиз — ҳар ким ҳар ерга — биров Охауга, биров Мауи, Гавайга, яна биров Гонолулу оролларига борган. Аммо биз қaepгa бормайлик, Кауаига қайтиб келганмиз. Нима учун биз бу ерга қайтиб келар эдик? Сиз нима деб ўйлайсиз? Чунки биз Кауаини севамиз. Биз шу ерда туғилдик, шу ерда яшадик. Худди шу ерда… агap орамизда қўрқоқлар бўлмаса, шу ерда ўламиз. Қўpқoқлap бизга керак эмас. Унақангиларнинг жойи Молокаида. Орамизда шундай кишилар бўлса, кетсин. Эртага қирғоққа аскарлар тушади. Қўрқоқларни улар дарров Молокаига жўнатадилар. Биз-чи, биз бўлсак шу ерда қолиб курашамиз. Лекин қўрқманглар, биз ўлмаймиз. Бизнинг милтиғимиз бор. Сиз сўқмоқ йўлнинг жуда тор эканлигини биласиз. Икки томондан бир-бирига қарши келган икки киши ўтиб кетолмайди. Мен бир вақтлар Ниихауда ёввойи буқа ов қилган Кулау бўламан, бир ўзим мана шу сўқмоқни минглаб душмандан қўриқлай оламан. Мана Капалеи, у илгари судья эди, ҳурматли одам эди, энди-чи, энди худди сиз билан биз каби чексиз хўрланган бир одам.
У доно йигит, унинг гапига қулоқ солинглар. Капалеи ўрнидан турди. Бир вақтлар у судья эди. У Пунахоудаги коллежда ўқиганди. У жаноб хўжайинлар ва бошлиқлар билан, савдогар ва миссионерларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ажнабий давлатнинг юқори мансабли вакиллари билан бир дастурхон атрофида ўтириб зиёфатлар еганди. Ўтмишда Капалеи ана шундай одам эди. Ҳозир-чи, ҳозир у, Кулау айтганидек, чексиз таҳқирланган, хўрланган киши. У ҳозир қонундан ташқари одам, у шу қадар даҳшатли бир махлуққа айланганки, ҳозир ҳар қандай қонундан қуйи деса ҳам бўлади, юқори деса ҳам бўлади. Бурун ва юз ўрнида қoп-қoра чуқурчалар қолган. Киприксиз кўзлари қип-қизил жиш бўлиб қолган қовоқлари остида йилтираб туради.
– Биз жанжал қўзғамоқчи эмасмиз, – деб гап бошлади у. – Бизни тинч қўйинглар деб илтимос қилдик. Бизни тинч қўймас эканлар, демак, жанжални улар бошлайдилар, шундай экан жазосини тортсинлар. Ўзингиз кўриб турибсиз, менинг бармоқларим йўқ, – деб у бошқалар кўрсин учун бармоқлари ириб кетган қўлларини юқори кўтарди. – Мана шу катта бармоғимдан бир бўғин қолган. Мен кўрсаткич бармоғим билан илгари милтиқнинг тепкисини қандай босган бўлсам ҳозир ҳам мана шу қолдиқ бармоғим билан ҳам худди ўшандай тепки бoca оламан. Биз Кауаини севамиз. Шундай экан, келинглар, шу ерда яшаб, шу ерда ўлайлик, лекин Молокаидаги қамоқхонага бормайлик. Бу касаллик бизники эмас. Бизда гуноҳ йўқ. Жаноб ромнинг одамлари бу касалликни хитой қуллари билан бирга олиб келдилар. Бу қуллар биздан ўғирлаб олинган ерларда ишламоқдалар. Мен судья эдим. Қонун ва тартибни биламан. Айтиб қўяй, сизларга, қонун кишининг ерини ўғирлашга, касаллик тарқатишга, кейин ўзини умрбод қамоқхонага ташлашга йўл қўймайди.
– Умр қисқа, кунларимиз азоб-уқубат билан тўла, – деди Кулау. – Келинглар, қўшиқ айтайлик, ўйин-кулги қилиб, қўлимиздан келганча хурсандчилик қилайлик.
Қоялар орасидаги ғордан бир калабаши* келтирдилар, у давра айланиб қўлдан-қўлга ўта бошлади. Бу идишда ти ўсимлиги томирларидан солинган ўткир май бор эди. Мана шу суюқ олов мияга уриб, баданга тарқалгач, улар ҳамма нарсани унутиб, яна одамга айландилар. Кўз чуқурчаларидан қайноқ ёшлар оқаётган хотинда илгариги ҳис-сезги уйғонди, у гитарасининг торларини чертиб, ёввойи хонимларнинг севги ашуласини бошлаб юборди. Бу ибтидоий дунёнинг қоронғу тўқайзорларида яратилган қўшиқ эди. Унинг амирона ва ўзига тортувчи овозидан ҳаво титрарди. Бордон устида ашуланинг куйига эргашиб Килолиана рақс тушиб кетди. Унинг ҳар бир ҳаракати муҳаббатни ифодаларди; унинг ёнида бордон устида бир хотин ўйинга туша бошлади. Унинг чиройли беллари, баланд кўкраклари касал емирган юзига ҳеч мос келмасди. Бу тирик мурдалар рақси эди, чунки уларнинг ириб-чириб бораётган вужудларида севги ҳам, истак ҳам бор эди. Кўр кўзларидан қайноқ ёш оқизаётган хотиннинг севги қўшиқлари борган сари кучлироқ янгради. Раққослар илиқ тун сокинлигида борган сари берилиб ўйнайвердилар, май идишлари борган сари тезроқ қўлдан-қўлга ўтаверди. Май ичиб олганидан ҳаммасининг миясида ўтмиш хотиралари ва эҳтирос қўзғалди.
Бордон устидаги хотин олдида нозик бир қиз рақс тушарди; унинг юзи чиройли ва тоза, лекин рақс пайтида юқори чиқиб, қуйи тушиб турган қўлларида касал аллақачон ўзининг даҳшатли изини қолдирган. Инсонликдан бутун лай чиқиб қолган бояги икки овсар эса ўзича муҳаббатни ифода этиб, хириллаб ва алланарсалар деб алжираб сал нарироқда ўйин тушардилар.
Бирдан хотиннинг севги ашуласи кесилди, май қовоқлари ерга қўйилди, рақс тугади, ҳамманинг кўзи пастга, жарликка, денгиз томонга тикилди. Ой нури тушиб турган денгиз устида ёруғ олов сочиб ракета чарақлади.
– Аскарлар, – деди Кулау. – Эртага жанг бўлади. Ухлаб, куч-қувват тўплаш ва тайёргарлик кўриш керак.
Моховлар ҳукмга итоат қилиб, уяларига ўрмалаб кириб кетдилар. Тезда Кулаунинг ёлғиз ўзи қолди. У ой ёруғида милтиғини тиззасига қўйиб, пастга келиб тўхтаётган узоқ қирғоққа қараган ҳолда қимир этмай ўтирарди.
Бу ер, тоғ тепасидаги Кулалау водийси бошпана эди! Агар даранинг тик деворларидаги айланма сўқмоқ йўлларни билган Килолианани ҳисобга олмаганда, тикка тоғ чўққиларидан учиб тушмаса, бу ерга ҳеч ким ўта олмасди. Tоғ қирралари юз одимлаб узоқларга чўзилган бўлиб, эни ўн икки дюймдан ошмас эди. Лекин унинг икки томони ҳам жарлик эди. Сал тойилса борми — ўнгда ҳам, сўлда ҳам инсонни ўлим кутади. Аммо йўлнинг охирига етган одамнинг назари олдида жаннат намоён бўлади. Дарани ям-яшил кўкатлар денгизи қоплаган; тошлар устида атрофга сув кукуни сочиб, ирғиб оқаётган чашма сувлари сингари, сербарг новда тўлқинлари таралиб тушган; тоғ деворларида осилган қирқ қулоқ ва дарахтларнинг муаллақ осилган томирлари худди мана шу чашманинг сачратган кўпикларига ўхшайди. Узоқ вақтларгача Кулау ва унинг фуқаролари мана шу ўсимликлар денгизига қарши кураш олиб бордилар. Ахир бу чангалзорни чекинишга мажбур қилдилар, энди бўлса банан, апельсин ва бошқа мевали дарахтлар озод ўса бошладилар. Кичик-кичик майдончаларда ёввойи аррорут дарахти ўсади, тупроқ қатлами пайдо бўлган ясси тошлар устига таро ва қовун экишди. Қуёш нури тушган очиқ жой борки, ҳаммасида мевадан бош эгиб папайя дарахтлари қад кўтарди.
Бу бошпанага Кулау денгиз томонидан, водийнинг қуйисидан келди. Агар бу ердан ҳам кетишга тўғри келиб қолса, илгаридан мўлжаллаб қўйилган бундан ҳам баландроқ бошқа жойлар, ҳайбатли тоғ чўққилари оралиқларида бошқа даралар бор. Ҳозир у ўз милтиғини ёнига қўйиб, япроқлар орасидан узоқ соҳилдаги аскарларга тикилиб ўтирарди. У аскарлар ўзлари билан бирга олиб келган тўпларни кўриб қолди. Бу оғир тўплар қуёш нурини ўзида ойнадек акс эттирарди. Худди Кулаунинг олдидан ингичка қиррали қоя cўқмоқ бошланади. Пастдан Кулау томонга келадиган сўқмоқ йўлдан майда нуқталар — одамлар ўрмалаб келмоқда. Булар аскарлар эмас, полисменлар эканини Кулау билади. Уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, шундан кейин аскарлар ишга тушади.
У меҳр билан милтиғининг стволини сийпаб қўйди, прицелини текширди. Кулау милтиқ отишни бундан анча илгари, Ниихау оролида ов қилиб юрган чоғларида ўрганган. Унинг мерганлик шуҳратини у ердаги одамлар ҳали ҳам эсларидан чиқарганлари йўқ.
Ҳаракат қилаётган нуқталар яқинлашиб, улғайиб борди, Кулау ён томондан эсаётган шамолнинг кучини ва икки оралиқдаги масофани белгилаб чиқди, шунингдек, ўқ баланддан пастга отилганда, тик пастликдаги нишонга бориб тегишда учрайдиган хатоликни ҳам ҳисобга олиб қўйди. У ҳамон ўқ узмай турди. Полисменлар ўткир қиррали тош сўқмоқ йўл учига келгунча индамай турди, кейин ўзидан дарак берди. У чангалзордан бош чиқармай туриб:
– Ҳей, сизга нима кepaк? – деб сўради.
– Бизга мохов Кулау керак, – деб жавоб берди маҳаллий полиция отряди бошлиғи, кўк кўзли америкалик.
– Қайтинглар орқангизга! – деди Кулау.
Кулау бу америкаликни танирди: бу одам уни Ниихауда яшашга қўймай, Кауаидан то Калалау водийсигача, кейин у ердан мана шу дарагача қувлаб келган полиция бошлиғи эди.
– Сен кимсан? – деб сўради полиция бошлиғи.
– Мен мохов Кулауман, – деган жавоб бўлди.
– Бўлмаса чиқ бу ёққа. Хоҳ ўлик, хоҳ тирик бизга кераксан. Калланг учун минг доллар мукофот белгиланган. Қочиб қутула олмайсан.
Кулау яширинган жойида ётаркан, хахолаб кулиб юборди.
– Чиқ бу ёққа! – деб буюрди полиция бошлиғи.
Лекин ҳеч қандай жавоб ололмади.
У полисменлар билан маслаҳатлашди. Кулау ҳужум қилишга қapop берганликларини англади.
– Кулау! – деб қичқирди полиция бошлиғи. – Кулау, олдингга кетяпман.
– Бўлмаса, аввал қуёшга, осмонга, денгизга бир назар ташлаб ол, чунки уларни ортиқ ҳеч қачон кўрмайсан.
– Хўп, хўп бўлади, Кулау, – деди полиция бошлиғи мулойим товуш билан. – Сен жуда яхши мергансан — биламан буни. Лекин менга қараб ўқ узмайсан. Мен сени ҳеч хафа қилган эмасман.
Кулау алланималар деб минғиллаб қўйди.
– Тўғриси-да, – деб таъкидлади полиция бошлиғи. – Сени ҳеч ҳам хафа қилган эмасман-ку ёки гапим нотўғрими?
– Сен мени қамоқхонага қамаб қўймоқчисан, бу хафа қилмаганингми? – деган жавоб эшитилди. – Каллам учун минг доллар олмоқчи бўлиб, мени яна ҳам хафа қиляпсан. Агар жонинг ширин бўлса, ўрнингдан қимирлама.
– Мен олдингга боришим керак. Нима қилай, менинг бурчим бу.
– Менинг олдимга келмай туриб, жонингдан ажраласан.
Полиция бошлиғи қўрқоқ одамлардан эмасди, лекин шу ерда бир оз иккиланиб қолди. У пастга, жарликка қаради, пичоқ каби ўткир қирра тошларни бир бор кўздан кечирди-да, сўнг қатъий қapopгa келди.
– Кулау! – деб қичқирди у.
Чангалзорда жимлик ҳукм сурарди.
Полиция бошлиғи орқасига қайрилиб, полисменларга алланарсалар деб буйруқ берди-да, хатарли йўлга қадам босди. У секин юриб келаверди. Унинг қадам босиши дорбознинг арқон устидаги юришига ўхшарди. Ҳаводан бошқа унинг ушлайдиган бирор таянчи йўқ. Оёғи остидан кучган тошлар жарликка учиб кетаверди. Қуёш қизитиб турарди, полиция бошлиғи юзидан тер қуйиларди. Лекин у ҳамон олдинга қараб келарди. Охир у йўлнинг ярмига етди.
– Тўхта! – деб қичқирди Кулау чангалзордан. – Яна бир қадам боссанг, отаман.
Полиция бошлиғи худди жаҳаннам кўприги устида тургандек, икки қўлини кўтарган ҳолда йиқилай-йиқилай деб тўхтади. Унинг ранги ўчиб кетди, лекин қapaшида қатъийлик бор эди. У қуриган лабларини ялаб туриб:
– Кулау, мени ўлдирмайсан. Биламан, ўлдирмайсан, – деди.
У яна олдинга бир қадам ташлади. Узилган ўқ уни икки букилиб қолишга мажбур қилди. Пастга ағдарилар экан, юзида жаҳл ва ҳайронлик белгиси кўринди. «Агар тош қиррасига йиқилсам, қутулиб қолса бўлади» деб ўйлади-ю, шу ондаёқ ўлим қучоғига кирди. Бир зумда тош усти бўшаб қолди. Шунда бешта полисмен бирин-кетин югуриб қирра сўқмоқдан келавердилар, қолганлари эса дарҳол чангалзорга қараб ўт очдилар. Бу ақлсизлик эди. Кулау милтиқ тепкисини шу қадар тез босар эдики, кетма-кет отилган бешта ўқ узлуксиздек қарс-қарс овоз чиқарди. Кулау ҳуштак чалиб келиб, шатир-шутур тошга урилаётган ўқлардан бошини яшириб, чангалзор орасидан мўралади. Полисменлардан тўрттаси худди ўз бошлиқлари сингари бир зумда кўздан ғойиб бўлдилар, бешинчиси эса ҳали тирик ҳолда қирра сўқмоқ устида кўндаланг тушиб ётарди. Сўқмоқнинг нариги бошида қолган полисменлар ўқ отишни тўхтатиб, бир ерга тўпланишди. Мана шу яланғоч қоя тошлар орасида уларнинг аҳволи оғир эди. Кулау уларнинг ҳаммасини пастга тушиб кетишга йўл қўймай битта-битталаб жарликка ағдариши мумкин. Лекин у ўқ узмади. Қисқа кенгашдан кейин полисменлардан бири ўз устидан oқ кўйлагини ечиб, юқори кўтарди-да, байроқ ўрнида ҳилпиратди. Кейин улар икки киши бўлиб сўқмоққа қадам қўйдилар-да, ярадор шериклари олдига кела бошладилар. Кулау қимирламай ётар ва уларнинг ҳаракатини кўздан кечирарди. Улар аста орқага чекиндилар ва пастга — водийга тушиб кета бошладилар, борган сари кичрайиб, қopa нуқтага айланиб кетдилар.
Икки соатдан кейин Кулау бошқа бир пана жойдан қараб, бир тўда полисменларни кўриб қолди. Улар қapши томондаги водийдан юқори кўтарилиб келмоқда эдилар. Ёввойи эчкилар уларни кўриб, тум-тарақай бўлиб қочавердилар. Полисменлар ҳамон юқорига тирмашиб чиқавердилар. Кулау ўзига ишонмай, Килолаинани чақириб келишга киши юборди.
– Йўқ, улар бу томондан ўтолмайдилар, – деди Килолиана.
– Эчкилар-чи? – деб сўради Кулау.
– Эчкилар қўшни водийдан келган, улар эса бу ерга чиқолмайдилар. Йўл йўқ. Бу одамлар эчкилардан ақллироқ эмас. Улар жарликка ағдарилиб парча-парча бўлиб кетадилар. Мана, кўриб турамиз.
– Улар жасур одамлар, – деди Кулау. – Майли, кўрайлик-чи.
Улар гиламдай тўшалган кўкатлар устида ёнма-ён ётиб, қўнғизга ўхшаб юқори ўрмалаб чиқаётган одамларни кўздан кечира бошладилар. Улар айтгандек бўлди — полисменлардан учтаси тойиб кетиб, тоғ қиялигигача думалаб борди-да, жарликка учиб кетди.
Килолиана илжайди.
– Улар энди бизни безовта қилишмайди, – деди у.
– Уларнинг тўплари бор, – деб эътироз билдирди Кулау. – Аскарлар ҳали ишга тушгани йўқ.
Иссиқдан тинкаси қуриган моховлар ғopгa кириб, уйқуни урмоқда эдилар. Кулау ҳам ўқ солинган милтиғини тиззасига қўйиб, ўз жойида мудраб ўтирарди. Қўли майиб қиз чангалзор ичида ётар ва ўткир қиррали тошдан кўзини олмасди. Бирдан Кулау чўчиб, ирғиб ўрнидан турди: қирғоқ томондан портлаш овози эшитилди. Бир оздан кейин ҳаво парча-парча бўлиб кетгандай туюлди. Бу даҳшатли товуш Кулауни қўрқитиб юборди. Хотинлар матони тариллатиб йиртганлари сингари, осмон пардалари тариллатиб йиртилаётгандай туюлди. Даҳшатли товуш тезлик билан яқинлашиб келаверди. Кулау қўpқa-писа бошини кўтариб атрофга қаради. Мана тўп ўқи тоғ тепасида портлади ва дара устида қуюқ қopa тутун кўтарилди. Қоя тошлари тарс-тарс ёрилиб, парчалари тоғ ён бағрига юмалаб туша бошлади.
Кулау қўли билан тер босган пешонасини силади. Уни даҳшат босди. Кулау умрида тўп овозини эшитмаган ва унинг нақадар қўрқинчли эканлигини ҳатто тасаввур қилолмас эди.
– Бир, – деди Капалеи, нима учундир отилган тўп ўқларини ҳисоблашга аҳд қилиб. Иккинчи ва учинчи ўқ визиллаб дара устидан ўтиб, яқиндаги тоғ чўққиси орқасида портлади. Капалеи санайверди. Моховлар очиқ майдонга югуриб чиқишди. Бошда тўп ўқининг портлаши уларни қўрқитди, кейин улар тинчланиб, ўзлари учун янги бўлган бу манзарани томоша қила бошладилар.
Иккала овсар камоли хурсандликдан қичқиришар ва тўп ўқи ҳавони ҳар ёриб ўтганда, қилпанглашиб ирғишлашар эди. Кулау деярли тинчланди. Тўп ўқлари зиён келтирмади. Эҳтимол, катта ўқлар билан шундай узоқ ердан милтиқдан отган каби аниқ нишонга олиш қийиндир.
Бирдан аҳвол ўзгарди. Энди тўп ўқлари улар турган жойга етмай портлай бошлади. Бир снаряд чангалзор олдидаги тош қирралари устига тушиб портлади. Кулау ўша ерда қоровул бўлиб ётган қизни эслаб, ўша томонга югурди. У чангалзорга ўрмалаб кирганда, бутазор ҳали тутун ичида эди. Кулау турган ерида донг қотиб қолди. Шохчалар синган, эзилган. Қизни қўйиб кетган жойида чуқурча ҳосил бўлибди. Қиз тилка-пора қилиб ташланганди. Тўп ўқи келиб тўппа-тўғри қизнинг устига тушибди.
Кулау буталар орасидан мўралаб қаради-да, сўқмоқда аскарлар йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, югурганича ғорга қайтиб келди. Снарядлар ғизиллаб, чийиллаб ҳуштак чалиб унинг устидан ўтар, шунда бутун дарани гумбурлаш овози қоплар ва портлашдан ер ларзага келар, титрар эди. Ғор олдида иккала телба ярми чириб кетган бармоқлари билан бир-бирларини ушлаб, севинч билан у ёқдан-бу ёққа чопишар эди. Бирдан яқин жойда қoп-қoра тутун кўтарилди. Портлаш ҳалиги иккита телбани икки томонга улоқтириб ташлади. Бири қимирламай ётиб қолди, иккинчиси эса ғорга ўрмалаб кетди. Унинг oёғи ерда судралиб борар, ярасидан шариллаб қон оқарди. У қopa қонига беланган бўлса ҳам худди кучукдек тишларини иржайтирарди. Капалеидан бошқа ҳамма ғорга кириб яширинди.
– Ўн етти, – деди Капалеи, кейин дарров қўшиб қўйди, – ўн саккиз.
Ўн саккизинчи снаряд ғорлардан бирининг оғзи олдида портлади. Моховлар ўз инларидан ташқарига отилдилар, лекин тўп ўқи тушган ғордан ҳеч ким чиқмади. Кулау caccиқ ва аччиқ тутундан нафаси қайтиб, ўрмалаб ғорга кирди. Абжағи чиққан тўртта ўлик ерда чўзилиб ётар эди. Уларнинг ичида кўзи кўрмас хотин ҳам бор бўлиб, кўзларидан ортиқ ёш оқмай қўйганди.
Кулау фуқаролари орасида ваҳима бошланди. Улар дарадан юқорига, тоғ чўққилари ва дараларга йўл олдилар. Ярадор бўлган телба оҳиста инграб, бошқалардан орқада қолмаслик учун кучининг борича судралиб борарди. Аммо тоққа чиқа бошлашдан олдин у ҳолдан тойиб қолди, бир чангакланиб, жим бўлди.
– Уни ўлдириш кepaк, – деди Кулау Капалеига қараб. Капалеи ҳамон илгариги жойида қимирламай ўтирарди.
– Йигирма икки, – деб жавоб берди Капалеи, – ҳа, яхшиси, уни ўлдириш керак. Йигирма уч… Йигирма тўрт.
Милтиқни ўзига қаратишганини кўрган телба бақириб юборди. Кулау иккиланиб қолди ва милтиғини туширди.
– Осон иш эмас бу, – деди у.
– Аҳмоқсан. Йигирма олти, йигирма етти, – деди Капалеи, – кел, ўргатиб қўяй сенга.
У ўрнидан туриб ердан оғир бир тошни олди-да, ярадорга қараб юрди. У тошни кўтариб энди ураман деб турган эди ҳамки, бир снаряд келиб худди ўша ерга тушди. Шу билан унинг ҳаракати ҳам, қилмоқчи бўлиб турган ҳисоб-китоби ҳам тугади.
Дарада Кулау ёлғиз қолди. Фуқароларнинг энг сўнгиси тўлғаниб, буралиб тоғ орқасига ўтиб, ғойиб бўлиб кетгунча Кулау улардан кўз ўзмай қараб турди. Кейин қайрилиб, қиз ўлган чангалзорга қараб кетди. Тўп отиш ҳамон давом этмоқда, лекин у кетмади, чунки пастликдан юқорига қараб чиқиб келаётган аскарларни кўриб қолди. Бир снаряд ундан ўн қадамча нарироқда портлади. Кулау ерга ёпишиб ётаркан, снаряд парчаларининг боши устидан ғизиллаб ўтганини эшитди. Хау ўсимлигининг гуллари унинг устига ёмғирдек тўкилди. У бошини кўтариб, сўқмоқ йўлга қаради ва оғир тин олди. Уни даҳшат қоплаб олган эди. Милтиқдан отилган ўқни у писанд қилмасди-я, аммо тўп ўқи унинг капалагини учириб юборди. Ҳар тўп отилганда, у қалтираб ўзини ерга ташлар, лекин ҳар гал яна бошини кўтариб, дарҳол сўқмоқ йўлга кўз тикарди.
Отиш тўхтади. Аскарлар яқинлашиб қолган бўлсалар керак деган қарорга келди у. Аскарлар сўқмоқ йўлдан тизилиб келмоқда эдилар. Кулау санай бошлади-ю, тезда ҳисобдан адашиб кетди. Аскарлар юзга яқин эди. Уларнинг ҳаммаси мохов Кулаунинг орқасидан келган. Бир зумга унда ғурур ҳисси уйғонди. Улар милтиқ, замбарак, полисменлари билан унинг пайига тушибдилар, у эса ёлғиз ўзи, яна бунинг устига касал, майиб бўлса. Уни хоҳ тирик, хоҳ ўлик қўлга туширган одамга минг доллар мукофот ваъда қилинган. Ўзи эса умрида бундай катта пулни кўрган эмас. Бу аччиқ ҳақиқат эди. Капалеи ҳақ сўзни гапирди. Кулау ҳеч кимга ёмонлик қилмаган. Оқ танлиларга ўғирланган ерларда ишлаш учун ишчи кучи керак бўлганда, улар хитой қулларини олиб келдилар, улар ўзлари билан касал олиб келдилар. Мана шу касалликни унга юқтирганлари учун унинг баҳоси минг долларга чиққан. Лекин улар бу пулни ҳеч қачон ололмайдилар. Мана шу катта пуллар унинг чириб кетган ўлакса гавдасига ёки снаряд парчалаб ташлаган ўлигига тўланиши мумкин.
Аскарлар ўткир тош қирраларига етганларида, Кулау уларни огоҳлантирмоқчи бўлди, лекин кўзи ўлган қизга тушиб, индамади. Сўқмоқ йўлнинг бошига олтинчи аскар қадам қўйганда, Кулау ўт очди ва йўл усти тозалангунча тинмай ўқ ўзди. У ўқ узар, милтиғини ўқлар ва яна отар эди. Бутун эски аламлари эсига тушиб кетганди, Бутун вужудини ғазаб ва қacoc ўти қоплаб олганди. Аскарлар ҳам сўқмоқ йўлда кўндаланг ётиб олиб, ўқ уза бошладилар. Аскарлар сўқмоқ йўлнинг пастроқ жойида ўзларини панага олиб, яширинишга уринсалар ҳам, уларни нишонга олиш қийин эмасди. Отилган ўқлар ҳуштак чалиб, Кулау атрофидаги тошларга келиб урилар ва чарсиллаб орқасига қайтарди. Бир ўқ келиб унинг бош терисини шилиб кетди, бошқа бири курагини жизиллатиб юборди.
Бу ҳақиқий қирғин эди. Аскарларга қирғин солган бир киши — Кулаунинг ёлғиз ўзи эди. Аскарлар ярадор бўлган шерикларини олиб, чекина бошладилар. Кулау ўқ ўзиб, аскарларни бирма-бир жарликка ағдараркан, бирдан унинг бурнига куйган гўшт ҳиди келди. У атроф-теваракка қаради, кейин тушунса, қизиган милтиқ унинг бармоқларини куйдираётган экан. Касаллик қўлидаги нервларни ишдан чиқарган, гўшт куйганда, унинг ҳиди бурунга урган, лекин оғриқ сезгиси йўқ эди.
Кулау чангалзорда ётар ва илжаяр эди. Бирдан у замбаракларни эслади. Замбараклар узоқ тинч қолмаса керак, Кулау ётиб ўқ узаётган жойни ўққа тутсалар керак. Боя кузатиб турганида, сира тўп ўқи тушмаган қоя орқасига энди яширинган ҳам эдики, тўпдан отиш яна бошланди. Кулау санаб турди: замбараклардан дарага яна олтмишта ўқ уздилар, кейин жим қолдилар. Кичик бир майдонча шу қадар ўйиб ташландики, у ерда бирор жонли нарсанинг қолиши мумкин эмас деб уйласа бўларди. Аскарлар шундай деб ўйладилар. Улар тушдан кейин сўқмоқ йўлдан яна юқорига қараб чиқа бошладилар. Улар яна тош қирраларидан ўта олмадилар, яна денгиз томонга чекинишга мажбур бўлдилар.
Аскарлар тепаликни узлуксиз ўққа тутиб турган бўлсалар ҳам, Кулау сўқмоқ йўлни яна икки кун caқлaб турди. Учинчи кун дара устида муаллақ энгашиб турган чўққи устида моховлардан бири — Пахау деган бола пайдо бўлди-да, Килолиана одамлар очликдан ўлмасин деб эчки ов қилаётиб тоғдан йиқилиб, парча-парча бўлди, хотинлар жуда қўрқиб, нима қилишни билмаяптилар деб қичқирди. Кулау болани пастга тушишга буюрди ва унинг қўлига захира милтиқни бериб, сўқмоқ йўлни қоровуллаш вазифасини топширди, ўзи эса фуқаролари олдига чиқди. Улар жуда умидсизликка тушиб қолгандилар. Улардан кўпчилигининг шундай оғир шароитда ўзига овқат топиб ейишга мадори етмасди, шунинг учун ҳаммалари оч қолишганди. Кулау унча оғир касал бўлмаган иккита хотин ва бир эркакни танлаб олди-да, овқат ва бордон келтириш учун дарага юборди. Қолганларга тасалли берди, овутди, шундан кейин энг заифлари ҳам чайла қуришга кўмаклаша бошладилар.
Лекин овқат учун юборилганлар қайтиб келмадилар, шунинг учун Кулау дарага қайтиб келди. У жарлик ёқасига келганда, бирдан беш-олти ўқ бир варакайига варанглади. Бири елкасига тегди, бошқа бири тошга тегиб қайтди-да, парчаси юзини тилиб кетди. У орқасига ташланди-ю, ўгирилиб қаради. Қараса, дара ичи аскарлар билан лиқ тўла. Унинг фуқаролари хоинлик қилибдилар. Улар тўпларнинг овозларига бардош беролмай, Молокаини — қамоқхонани афзал кўрибдилар. Кулау бир неча қадам орқага чекинди-да, оғир ўқ халтасини белидан олди. У тоғ чўққилари орасида жойлашиб, жарлик устида биринчи аскарнинг калласи билан елкаси кўринган эди ҳамки, милтиқ тепкисини босди. У икки марта шундай қилди, кейин бир оз ўтгач жарлик устида одам калласи ўрнига оқ байроқча кўтарилди.
– Нима керак сизга? – деб сўради Кулау.
– Aгap мохов Кулау бўлсанг сен кераксан, – деган жавоб бўлди.
Кулау хавф-хатарни унутди — ҳамма нарсани унутди, ҳеч нарсага қарамай, ўз истакларини амалга оширишга тиришган мана шу хаоле — оқ танли одамларнинг матонатига ҳайрон қолиб, ўз жойида ётарди. Кулау ҳаётдан ҳам кучли бўлган ва дунёда ҳамма нарсани ўзига бўйсундирадиган шу одамларнинг иродасига қойил эди. У умид қолмаганини тушунди. Оқ танлиларнинг иродаси билан олишиб бўлмасди. Уларнинг мингини ўлдирсанг ҳам, денгиз қуми сингари кўпайиб келаверадилар ва пировардида уни ҳалок қиладилар. Улар ҳеч вақт ўз мағлубиятларини тан олмайдилар. Уларнинг хатоси мана шунда, шу билан бирга, уларнинг кучи ҳам шунда. Кулаунинг фуқароларида бундай хосият йўқ. Жаноб ромнинг бир гала элчилари қандай қилиб унинг ватанини босиб олганлари мана энди аён бўлди. Бу шунинг учун содир бўлдики…
– Хўш, қани? Мен билан борасанми? – деб сўради, қўлига байроқча ушлаган кўзга кўринмас киши. Ҳа-да, у ҳақиқий хаоле, ўз мақсадига эришмоқ учун ҳеч нарсадан қайтмайди.
– Кел, бир гаплашиб кўрайлик, – деди Кулау.
Жарлик устида бир одамнинг боши, елкаси кейин бутун гавдаси пайдо бўлди. У ёшгина капитан эди. Унинг юзи мулойим, кўзи кўк, қадди-қомати келишган йигит эди. У олдинга қараб келаверди, кейин Кулау ишораси билан беш қадамча нарида тўхтади.
– Мард экансан, – деди Кулау ўйчанлик билан.
– Сени пашшадек ўлдириб ташлашим мумкин.
– Йўқ, ўлдиролмайсан, – деб жавоб берди у.
– Нима учун?
– Чунки инсонсан, Кулау, ёмон бўлсанг ҳам, ҳар ҳолда одамсан. Сени биламан. Одам ўлдиришга устасан.
Кулау бир нарсалар деб минғиллаб қўйди, лекин зимдан хурсанд бўлди.
– Менинг одамларимни нима қилдинг? – деб сўради Кулау. – Бола қани, икки хотин билан бир эркак қани?
– Улар таслим бўлдилар. Энди навбат сеники — сени олиб кетгани келдим.
Кулау истеҳзо билан кулиб қўйди.
– Мен эркин одамман, – деди Кулау. – Мен ҳеч кимни хафа қилмадим. Фақат бир нарсани илтимос қиламан: мени тинч қўйинглар. Мен озод яшадим, умримни озодликда ўтказаман. Ҳеч қачон таслим бўлмайман.
– Демак, одамларинг сендан ақллироқ экан, – деди ёш капитан, – ана улар келишяпти.
Кулау қайрилиб қаради. Тепалик томонда мудҳиш бир манзара кўзга ташланди: Кулау қабиласидан тирик қолган одамлар оҳ-вой қилиб, инграб-синграб, аянчли бир кўринишда унинг олдидан ўта бердилар. Бундан ҳам оғир дақиқаларни бошдан кечириш унга қисмат қилинган экан, чунки одамлари унинг олдидан ўтаркан, Кулауни ёмон сўзлар билан сўкишарди, ҳақорат қилишарди, намойишнинг энг охирида судралиб келаётган кампир унинг олдига келиб тўхтади, йиртқич қуш панжасига ўхшаган бармоқларини чўзиб, тишларини ғижирлатиб, калласини чайқаб, Кулауга лаънатлар ўқиди. Моховлар қиррали тошлар орқасидан ўтиб келиб, бирин-кетин пистирмада ётган аскарларга таслим бўлавердилар.
– Энди кетаверсанг ҳам бўлади,– деди Кулау капитанга, – мен ҳеч қачон таслим бўлмайман. Гап шу. Хайр.
Капитан сирғалиб, ўз аскарлари олдига тушиб кетди. Бир оздан кейин у шлемини юқори кўтарди. Кулау отган ўқ шлемни тешиб ўтди. Кечгача улар қирғоқдан туриб Кулауга қарата ўқ уздилар. Кулау юқорига қараб, ғоят баланд чўққиларга чиқиб кетгандан кейин, аскарлар унинг орқасидан тушдилар.
Улар олти ҳафтагача ўткир қиррали чўққилар орасида, ёввойи эчкилар туширган сўқмоқ йўлларда унинг орқасидан қувлаб юрдилар. У лантана ўсимлиги орасига яширинган пайтларда, аскарлар чангалзорни ўраб олар ва худди қуён қувлагандек унинг кетидан тушардилар. Лекин ҳар гал ҳам у аскарларни адаштириб, чап бериб кетар эди. Кулауни қўлга туширишнинг ҳеч имкониятини тополмадилар. Таъқибчилар яқинлашганда, Кулау милтиғини ишга солар, аскарлар эса ярадор шерикларини олиб, сўқмоқ йўллардан денгиз бўйига тушиб кетар эдилар. Аскарлар чангалзорлар орасида унинг қорача гавдасини кўриб қолиб, ўқ узган пайтлари ҳам бўлди; бир гал аскарлар беш киши бўлиб, уни сўқмок йўлнинг очиқ жойига суриб чиқардилар ва бор ўқларини отдилар. Лекин у жарлик ёқалаб, оқсоқлана-oқcoқлaнa қочиб қутулиб кетди. Кейин йўл устида қонли излар қолганини кўриб, Кулаунинг ярадор бўлганлигини англадилар. Олти ҳафтадан кейин уни таъқиб қилишдан воз кечдилар. Аскарлар ва полисменлар Калалау водийсини унинг ҳукмронлигига топшириб, ўзлари Гонолулуга қайтиб кетдилар. Шунда ҳам баъзи якка-ёлғиз одам овчилари ҳар замонда бир уни қўлга туширишга интилиб кўрардилар, аммо бу ишлари билан ўз бошларига етардилар.
Икки йил ўтгандан кейин Кулау сўнгги марта бута чангаллари орасига ўрмалаб кириб, ти ўсимлиги япроқлари ва гуллар орасида чўзилди. У озодликда умр кечирди, энди озодликда ўлимга тайёрланмоқда эди. Ёмғиp сийпалай бошлади, Кулау абжағи чиққан оёқларини йиртиқ одеял билан ёпди, устига плашчини ташлади, маузерининг стволига тушган ёмғир томчиларини меҳр билан артди-да, уни кўкрагига қўйди. Милтиқни артаётган қўлларида энди бармоқ йўқ эди, шунинг учун ҳам у энди тепкини босолмасди.
У кўзларини юмди. Унинг аъзойи бадани заифлашган, миясини туман босган, шунда у умри охирлаб қолганини англади. У худди йиртқич ҳайвон сингари ўлимга тайёргарлик кўриш учун чангалзорга ўрмалаб кирди. У қолган ярим-ёрти ҳушини йиғиб, баъзан алаҳлаб, Ниихауда ўтказган ёшлик чоғларини эслай бошлади. Ҳаёт чироғи сўнмоқда, ёмғир дарахт япроқларини борган сари секин шитирлатмоқда эди. Унинг хаёлида ёввойи отларни ўргатаётгандай, икки яшар асов от унинг остида гижинглаб ўйнаб, икки оёғини осмонга кўтараётгандай бўларди. Мана, у отнинг бошини қўйиб, коралда чопиб боряпти, ёввойи отларни минишга ўргатувчилар ҳар томонга тарқалиб, ғовлар устида от сакратиб ўтиб кетяптилар. У бир зумда содир бўлган ўзгаришга ажабланиб ўтирмай, тоғ ёнбағирларидаги ўтлоқларда ёввойи ҳўкизларни қyвиб кетди-да, бўйинларига каманд ташлаб, уларни пастликка, водий томонга етаклаб туша бошлади. Ҳайвонларга тамға босилаётган қўтон ичида тер ва чангдан кўз ачишар, бурун қичишар эди.
Ўлим олдидан юз берадиган сўнгги ўткир оғриқ уни ҳақиқатга қайтармагунча, соғлом ва эркин ёшлиги унинг хаёлидан кетмади. У ириб-чириб кетган қўлларини юқори кўтариб, бармоқларини ҳайрон бўлиб кўздан кечирди. Нечук? Қандай қилиб у шу ҳолга келди? Қандай қилиб бир вақтлар ёш ва эркин бўлган Кулау мана шундай бадбуруш махлуққа айланди? Кейин у яна ҳақиқатга қайтди-да, яна мохов Кулауга айланди. Қовоқлари солиниб, киприклари бир-бирига қовушди, ёмғирнинг шитирлаши тинди, унинг бадани узоқ жимирлаб, дириллаб турди. Кейин бу ҳам тугади. У бошини юқори кўтарди, лекин шу ондаёқ боши шилқ этиб майса устига тушди. Кўзлари очилди, сўнг ортиқ ёпилмай, шу ҳолича қолди. Унинг энг сўнгги фикри милтиғи бўлди, бармоқсиз қўллари билан милтиғини қучоқлаб, кўкрагига қаттиқ босди.

_____________
* Фавн — қадимги Рим мифологиясига кўра даҳшатли махлуқ.
* Калабаши — қовоқ идиш.

Рус тилидан Ф. Абдуллаев таржимаси