Барча қатновлар жўнаб бўлган, «Сиэтл-4» эса соҳилдан аста-секин узоқлашаётган эди. Унинг палубалари кема ва йўловчи юклари, турли ҳиндулар гуруҳи, итлар ва уларнинг эгалари, савдогарлар ҳамда уйига қайтаётган олтин қидирувчилар билан тўлганди. Досеннинг кўп сонли одамлари қирғоқда саф тортиб хайрлашардилар. Зинапоя олиниб, кема оқим бўйлаб секин суза бошлагач, хайрлашувнинг шовқин-сурони қулоқни қоматга келтирди. Сўнгги лаҳзаларда охирги видолашув сўзлари ёдига тушган одамлар катталашаётган сув кенгликлари аро бир-бирларига бақира бошладилар. Луис Бонделлбир қўли билан сариқ мўйловини бураб, бошқасини қирғоқдаги дўстларига бўшашган кўйи силтаркан, тўсатдан бир нима ёдига тушди ва тўсиққа сакраб чиқди.
– Ҳой, Фред! – бақирди у. – Ҳой, Фред!
Фред соҳилдаги оломоннинг олдинги қаторида узун елкаларини чўзиб, беҳуда бақиришдан юзи қизариб кетган Луис Бонделнинг гапини илғашга уринарди. Кема ва қирғоқ ўртасидаги сув тобора кенгайиб борарди.
– Ҳей, сен, Капитан Скотт! – қичқирди у кема бошқарув хонасига. – Кемани тўхтат!
Бонг янгради, кеманинг қуйруғидаги катта руль чамбараги орқага бурилди ва кема тўхтади. Кема ва қирғоқдагиларнинг барчаси бундай имкониятдан унумли фойдаланиб, сўнгги, бошқа ва муҳим сўзларни етказишга киришишди. Луис Бонделнинг тушунтиришга бўлган барча саъй-ҳаракатлари бекор кетди. «Сиетл-4» изидан чиқди ва уни оқим олиб кета бошлади. Капитан Скотт эса кемани яна бир бор ортга буриб, йўлда давом этиши керак эди. У бошқарув хонаси томон ғойиб бўлди ва бироздан сўнг катта мегафон1 билан чиқди.
Кейин эса Капитан Скотт қатъий овозда «Бас қилинг!» – дея палуба ва қирғоқдаги оломонга юзланди. Унинг овози Музҳайд тоғининг чўққисидан Клондайк шаҳригача эшитилиб турарди. Бошқарув хонаси тарафдан келган бу расмий эътироздан қий-чув бироз тингандек бўлди.
– Хўш, нима дейсан? – сўради Капитан Скотт.
– Фред Черчилга айтинг – у қирғоқда, Макдоналдга борсин, сейфда кичик юк чамадоним бор. Қайтишида уни олиб келсин.
Капитан Скотт хабарни мегафонда қирғоққа етказди:
– Сен, Фред Черчилл, Макдоналдга бор, сейфдаги кичик юк чамадон – Луис Бонделга тегишли, жуда муҳим! Уни қайтишингда олиб кел! Тушундингми?
Черчилл тушунганини билдириб, қўл силкиди. Аслида Макдоналдгача ярим миль йўл бўлиб, бу унга қийинчилик туғдирмас эди. Яна хайрлашув сурони кўтарилди, бонг чалинди ва «Сиетл-4» оқимда чайқалиб, орқа чироқларини ёққанча, Юкон томон кетиб борарди. Бонделл ва Черчилл бир-бирига меҳр билан қўл силтаб, узоқ хайрлашиб қолишди.
Ёзнинг ўрталари эди. Ўша йили Виллс бортида икки юз саёҳатчи билан Юканга йўл олди. Унда Черчилл ҳам бор эди. Унинг каютасида, кийим-бошлар орасида Луис Бонделнинг ҳам юк чамадони турарди. У кичик, пишиқ чармдан бўлиб, оғирлиги нақ қирқ фунт келар, Черчилл ундан узоқлашаркан, тамом хавотирга тушарди. Қўшни каютадаги кишида ҳам худди шундай кийим чамадонларида олтин зарраларидан иборат хазина бор эди, натижада иккиси вақти-вақти билан уларни қўриқлашга келишиб олишди. Бири овқатлангани тушиб кетганида, бошқаси икки каютанинг эшикларидан кўз узмасдан турарди. Черчилл қартада бир қўл ўйнашни хоҳлаган кезларида шериги қоровуллик қилар, у ҳордиқ олгиси келганда эса Черчилл икки эшик ўртасидаги сайёҳлик курсисига ўтириб, тўрт ойлик эски газетани ўқишга тутинарди.
Эрта қишнинг аломатлари кўриниб турар, муаммо шунда эдики, агар улар музлашдан олдин жўнаб кетишмаса, кемани тарк этишга мажбур бўлишар, кейин эса музда ҳаракатланиш оғир кечиши тайин эди. Бу тонгдан шомга қадар, баъзан ярим тунгача муҳокама қилинарди. Одамнинг жиғибийронини чиқарадиган ортга сурилишлар бўларди. Икки марта мотор бузилиб қолиб, тузатишга уриниб кўришди. Ҳар замон яқин турган қишдан огоҳ этиб, қор учқунлаб қўярди. Виллс тўққиз марта Беш Панжа Гирдобидан ўтишга уринди, бунинг учун қанча жиҳозларга зарар етмади дейсиз?! Ниҳоят, кема етиб келганида, уларнинг хом жадвалидан тўрт кунга кечиккан эди. Шундан сўнг Бокс Кеноннинг юқорисида Флора кемаси уни кутиб турган бўладими ёки йўқ, деган савол кўтарилди. Бокс Кеноннинг бошидан «Уайт Хорс»нинг охиригача бўлган оқим кемалар қатнови учун ўта ноқулай бўлиб, бу вазиятда йўловчиларни бир қайиқдан бошқасига ўтказиб, оқимни айланиб ўтишар эди. Шаҳар билан ҳеч қандай алоқа йўқ, шу сабабдан Виллснинг тўрт кунга кечикиб келаётганини Флорадагиларга маълум қилиш имконсиз эди.
Виллс «Уайт Хорс»га кириб борганида аён бўлдики, Флора айтилганидан уч кун зиёд кутган. Энг ачинарлиси шуки, бор-йўғи бир неча соат олдин жўнаб кетган экан. Бундан чиқди у якшанба куни эрталаб соат тўққизгача Тагиш постига етиб бориши керак бўлган. Бу пайт эса шанба куни соат кундузги тўрт эди. Сайёҳлар мажлис қуришди. Бортда катта Петербург байдаркаси бўлиб, Беннет кўлининг бошидаги милиция бошқармасига қарашли эди. Улар қайиққа жавобгарлик қилишни ва етказиб беришни ўз зиммаларига олдилар. Сўнгра кўнгиллиларни чорладилар. Флорага етишиб олиш учун икки киши керак эди. Бир зумда йигирматача киши ўз хоҳишини билдирди. Уларнинг орасида Черчилл ҳам бор эди. Аслида бировлардан ўз ёрдамини аямаслик унинг табиатига хос бўлиб, Бонделнинг юк чамадони хаёлида ҳам йўқ эди. Бу ўй миясига келганда, уни танламасликларини умид қила бошлади. Лекин коллеж футбол жамоасининг сардори, енгил атлетика клубининг президенти ва чана қўшилган итлар бошқарувчиси сифатида ном қозонган кенг елкали бу шахснинг айни юксак шарафдан бош тортишга ҳаққи йўқ эди. Бу Черчилл ва маҳобатли немис Ник Антонсенга билдирилган ишонч эди.
Сайёҳлар жамоаси байдаркани елкаларига қўйганча бандаргоҳ узра елиб, керакли нуқтага жойлаштираётганидага, Черчилл хонасига югурди ва полдаги юк уюмини ағдарган кўйи ўша кичик чамадонни қўшни хонадаги кишига ишониб топшириб кетиш ниятида қўлига олди. Кейин эса миясига бу ўз чамадоним эмас, шундай экан, ўзимнинг шахсий буюмимдек ташлаб кетишга ҳаққим йўқ, деган ўй келди. Шундай қилиб, юк чамадони билан соҳил томон чопиб кетди. Уни бир қўлидан иккинчисига ўтказаркан, ўзи қирқ фунт чиқармикан дея ажабланди.
Иккаласи йўлга тушган чоғ соат кундузги тўрт ярим эди. «Ўттиз миль дарё»сининг оқими шу қадар шиддатли эдики, камдан-кам ҳолларда эшкак эша олардилар. Елкалари оша байдаркага боғланган арқон ечилиб кетар, қояларга урилишар, бутазорлар ичидан йўл очишга зўр беришар, гоҳо сирпанишиб, сувга қулашар, саёз жойларда тиззалари ва белларигача сув кечишар, қутурган, талафотли тўлқинлар уларни бошқа соҳилга суриб юборарди.
Бу ўта ҳолдан тойдирадиган ҳолат эди. Антонсен баҳодирлардек узоқ машаққат чекди. Бу эшкакчи сабрли ва матонатли эди, лекин Черчилнинг ўткир зеҳни ва қудрати уни бошқариб турарди. Улар сира дам олишмас, фақат олға ва яна олға интилишарди. Дарёда қаттиқ шамол турди, уларнинг қўллари музлаб, вақти-вақти билан увушар, шунинг учун кафт ва бармоқларини бир-бирига ишқалаб, қон югуртиришга ҳаракат қилишарди.
Кеч туша бошлагач, тақдирга тан беришди. Тағин инсон қадами етмаган нишабликка қулаб тушишди. Улар ҳеч нарсани кўролмас, чакалакзорлар кийимларини тимдалаб ташлаганди. Ҳар иккисининг ўта қаттиқ тирналган таналаридан қон сизиб турарди. Дайди тўлқинлар неча марталаб уларни соҳилдан соҳилга, тўсиқларга уриб, ағдариб юборди. Дастлаб бу ҳол юз берганида, Черчилл сувга шўнғиди ва уч фут чуқурликда пайпаслаганча юк чамадонини қидира кетди. Уни топишга бир ярим соат вақт йўқотди, шундан сўнг чамадонни қайиққа маҳкам боғлаб қўйди. Антонсен чамадонни тонггача нафрат билан лаънатлаб чиқди, бироқ Черчилл уни тинчлантиришни ўзига эп кўрмади.
Уларга учраган омадсизликларнинг поёни йўқ эди, гўё. Дарёнинг тез оқар, кескин муюлишида икки соат вақт йўқотдилар. Ҳатто икки марта ағдарилиб ҳам тушишди. Бу пайт ҳар икки қирғоқ ҳам чуқур жарлик бўлиб, уларда на арқон, на илгак бор эди. Оқимга қарши фақат эшкаклар билан ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини ҳам яхши билишарди. Ҳар эшкак эшганларида катта куч сарфлаб, жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишарди. Уларга тасодифан омад кулиб боқди. Кутилмаган тўлқин қайиқнинг йўналишини ўзгартириб юборди. Черчилл назоратни йўқотди, тўлқин уни соҳилдаги дарага ирғитиб юборди. Антонсен сувдан чиқиб олгунча, у бир қўли билан ботқоқдаги қайиқни ушлаб турди. Улар қайиқни тортиб олгач, ҳордиқ олишди. Энг асосий нуқтада ўзларига келиб, йўлга тушишди. Юқори соҳилга чиқишгач, арқон билан тезда чакалакзорга ўтишди.
Кундузи улар Тагиш Порти анча узоқ деб ўйлашганди. Бироқ якшанба куни эрталаб соат тўққизда Флоранинг жўнаш сигналини эшитишга муяссар бўлдилар. Соат ўнларда, улар минг машаққат билан портга етиб келганларида, узоқ жануб йўлида кетиб бораётган Флоранинг тутунини базўр кўра олдилар, холос. Ҳолдан тойган, жулдур кийимли бу икки кишини Моунтед полицияси Капитан Жонес самимий кутиб олди ва овқатлантирди. Сўнгра иккисининг ҳам жуда-жуда чарчаганини сезиб, холи қўйди. Улар печь ёнида нам кийимларида ётиб ухлашди. Икки соатдан сўнг Черчилл уйғонди, Бонделнинг ёстиқ ўрнида фойдаланган чамадонини олиб, қайиққа қўйди. Антонсенни туртиб уйғотгач, Флоранинг ортидан йўлга тушишди.
– Ҳа, нима бўлишини олдиндан билиб бўлмайди, жиҳозлар ишдан чиқадими ёки бошқа. – Бу унинг Капитан Жонес эътирозига жавоби эди. – Мен бу кемага етиб олиб, албатта, болаларга юбормоқчиман.
Тагиш кўли кучли бўрондан оппоқ тусга кириб, совуқ уларнинг жон-жонидан ўтиб кетди. Шиддат билан чайқалаётган тўлқинлар байдаркани учириб кетар, бири эшкак эшгани ҳолда, иккинчиси қайиқдаги сувни чиқариш билан андармон бўлар, олдинга юришнинг иложи йўқ эди. Имкон излаган сузувчилар саёз соҳил томон интилишди, қайиқдан тушиб, бири олдинда арқонни тортса, шериги қайиқни итариб борарди. Кучли бўрондан ҳимояланишга уринишар, бироқ белларигача муздай сув қоплар, гоҳида бўғизларигача, ҳатто бошлари узра чиқар ва баланд пўртаналарда кўмилиб кетардилар. Оғир ва беҳаловат, юракни эзувчи олишувдан бир лаҳза бўлсин тиним йўқ эди. Ўша тун Тагиш кўлининг бошида, кучли қор бўрони забтида Флорани қувиб етишди. Антонсен бортга беҳол йиқилганча ҳансираб нафас олиб ётарди. Черчилл ёввойи одамга ўхшаб қолганди. Кийимлари унинг танасини аранг ёпиб турарди. Юзи музлаб қотиб қолган, йигирма тўрт соат давом этган азоблардан ҳолдан тойган, қўллари шу қадар шишиб кетган эдики, ҳатто бармоқларини бука олмасди. Оёқларида эса кучли оғриқ турганди.
Флоранинг капитани «Уайт Хорс»га қайтишни хоҳламади. Черчилл гапида қатъий туриб олди. Бироқ капитан ҳам қайсарликда ундан қолишмасди. Охири у ортга қайтиб, ҳеч нимага эришиб бўлмаслигини, негаки, Деядаги ягона денгиз пароходи – «Афиналик» сешанба куни эрта билан йўлга чиқишини, бироқ «Уайт Хорс»га киролмаслигини ва қолиб кетган сайёҳлар билан мумкин қадар эртароқ алоқа ўрнатишини маълум қилди.
– «Афиналик» қайси пайт йўлга чиқади? – қатъий сўради Черчилл.
– Сешанба эрталаб, соат еттида.
– Тушунарли, – дея Черчилл, хуррак отаётган Антонсеннинг қовурғасидаги татиуровкасига туртди. – Сен «Уайт Хорс»га қайтиб бор. Йўлда давом этиб, «Афиналик»ка етиб оламиз.
Антонсен қайиқда аҳмоқлардай ухлаб ётар, унинг мудроқ онги ҳеч нимани англамас, улкан денгизнинг муз зарраларидан жиққа ҳўл бўлиб кетган эди. Қоронғуда Черчилнинг бақираётганини элас-элас англай бошлади. Унгача нима бўлганини билмасди.
Эшкак эшиш қўлингдан келадими?! Ёки сув тоширмоқчимисан?!.
Кундузи улар Карибоу Чорраҳасига етиб келишди, шамол тинган эди. Антонсен жон-жаҳди билан эшкак эшди ва улар анча олислаб кетишди. Черчилл бироз ухлаб олиш учун қайиқни саёз қирғоққа тўхтатди. У эҳтиёт чорасини кўриб, бир қўлини бошининг остига букканча уйқуга кетди. Ҳар беш дақиқада букилган қўлида қони юрмай, оғриқдан уйғониб кетар ва дарҳол атрофга синчиклаб назар ташлар, кейин эса иккинчи қўлини букиб, бошининг остига қўйган кўйи уйқуга кетар эди. Икки соатлардан сўнг Антонсен уни уйғотди. Сўнг яна йўлга тушишди. Уч миль узунликдаги Беннет Кўли тегирмон ҳавзасига ўхшарди. Ярим йўлда жанубда кучли бўрон турди. Тагишгача узоқ, давомий тўсиқларни енгишга тўғри келди. Қайиқ бир томонга оғиб кетар, тўлқин кўтарилиб, уларнинг бели, бўғзи ва бошигача совуқ сув қоплар, оқибатда Антонсен тамомила ҳолдан тойганди. Черчилл уни ўзига келиши учун шафқатсизларча туртиб, бақирарди, бироқ у тўлқин зарбидан сувга тушиб кетиб, чўка бошлаган эди. Черчилл уни бир амаллаб сувдан тортиб олиб, қайиққа чиқарди. Шундан сўнг Черчилл бу аёвсиз курашни ёлғиз ўзи давом эттиришга мажбур бўлди. Тушдан олдин Беннет Кўлининг бошидаги полиция постига етиб келди. Антонсенни қайиқдан чиқаришга уринди, бироқ уринишлари зое кетди. У тинкаси қуриган одамнинг оғир нафас олишини эшитиб турарди. Шу чоққача бошидан кечирганларини эслаб, унга ҳатто ҳасади келиб кетди. Антонсен ухлаб ётарди, Черчилл эса аввалгидек қудратли Чилкат бўйлаб давом этиши ва денгизга чиқиши керак эди. Ҳақиқий кураш ҳали олдинда эди. У ўзини шу кўйга солган азоб-уқубатлардан сўнг ҳам танасида куч мавжудлиги учун негадир пушаймон бўлиб кетди.
Черчилл қайиқни қирғоққа судраб чиқди, Бонделнинг юк чамадонини қўлига олди ва оқсаганча полиция постига қараб йўртиб кетди.
– У ерда Досендан сизга юборилган қайиқ бор, – дея бақирди пешвоз чиққан офицерга. – Унда ўлим ёқасида турган бир одам ётибди. Хавфли ҳеч нарса йўқ, фақат ўта ҳолдан тойган. Ўшандан хабар олинг. Мен шошилишим керак. Хайр! «Афиналик»ка етиб олишим лозим.
Бир миль келадиган порт Беннет ва Линдерман кўлини боғлаб турарди. У оқсоқланиб югуриб бораркан, ортига ўгирилиб, офицерга сўнгги бор бақирди. Югуриш унга азоб берсада, тишини тишига қўйиб давом этар, чамадонга қараркан, унга бўлган ҳурматининг таъсиридан кўп ҳолларда ҳаттоки оғриқни ҳам унутиб юборарди. Аслида чамадон жиддий халал берарди. Бир қўлидан бошқасига ўтказар, қўлтиқлашга тутинар, гоҳида бир қўллаб елкаси оша ортмоқлаб олар, югурганида эса орқасига гурсиллаб уриларди. Уни моматалоқ бўлиб, шишиб кетган бармоқларида аранг кўтариб юрарди. Неча марта тушириб ҳам юборди. Бир гал қўлдан қўлга ўтказаётиб, олд тарафга ногоҳ тушириб юборди, шиддатли қадамини тўхтатолмай, унга қоқилди ва жон ҳолатда ерга йиқилди. Портнинг олис чеккасидан эски боғичли юк сумка сотиб олди ва чамадонни унга жойлаштирди. Шунингдек, Линдерман кўлининг юқори чегарасигача бўлган олти милни босиб ўтиш учун катер ёллади. У ерга тушки соат тўртда етиб келди. Эртасига эрталаб соат еттида «Афиналик» Даидан йўлга тушиши керак эди. У ергача йигирма саккиз миль масофа бўлиб, ўртада Чилкат ястаниб ётарди. У оёқ кийимларини узоқ йўлга мослаб олиш учун ўтирди – ўттиз сониядан сўнг уйғонди. Гарчи ухламаган бўлсада, ўтирган кўйи мудрай бошлаган эди. Эндиги ҳордиқ онлари узоқ давом этиши мумкинлигидан қўрқарди, шунинг учун ишини тезда якунлаб, ўрнидан қўзғалди. Ҳатто шундан сўнг ҳам бироз муддат ўзини билмай турди, ҳеч нарсани ҳис қилмас, ҳавода муаллақ турганга ўхшарди. Бўшашган вужуди уни ерга тортарди, шу пайт ўзини қўлга олиб, тортишиб қолган мускулларини силтаб, тетиклашди ва ётиб қолишдан сақланди. Кутилмаган қўзғалиш уни ўзига келтирди, титроғи ва дардини аритди. Карахт миясини уйғотиш учун кафти билан бошига урди.
Жек Бернснинг юк карвони Кретр Кўлига қайтиб кетаётганди, Черчилни ҳам ўзларига қўшиб олишди. Бернс Черчилнинг сумкасини бошқа юк хачирига қўйишини айтганди, бироқ Черчилл уни ўзи билан эгар олдига олиб, йўлга тушди. Эгар устида мудраб, уни маҳкам тутганча уйқуга кетди ва ҳар замон у ер-бу ерда кўнгли айниб, уйғониб кетарди. Сўнг шом тушмасдан бурун Черчилнинг хачири лунжини шишириб, режадаги йўлга тескари юриб кетди. Бунинг устига хачир сўқмоқда қўпол ҳаракатланиб, йиқилиб, йўловчисини улоқтириб юборди, юк сумка эса қоятошлар устига тушди. Шундан сўнг Черчилл пиёда ҳолда қоқилиб, хачирни бошқариб борарди, сўқмоқда олтин излашда йўлдан адашиб қолган ва ҳалок бўлган отларнинг қолдиқларидан ўта бадбўй ҳид анқиб турарди. У қаттиқ уйқу босганидан бунга эътибор бермасди. Айни пайтда «Узун кўл»га келиб қолган эди. Базўр уйқудан бош кўтарди. Кейин эса хира юлдузлар ёғдусида Бернсга кўз тикиб ётди. Юк сумкаси билан боғлиқ ортиқ бахтсиз ҳодиса кутилмаётганди.
Юк карвони Кретр кўлидаги оромгоҳга бориши керак эди. Черчилл эса юк сумкани орқасига осиб, тик чўққига чиқа бошлади. Ўша тик жарликда, илк қадамларидаёқ қай даражада чарчаганини ҳис қилди. Бутун гавдасининг оғирлиги тушиб, денгиз қисқичбақаси каби судралиб тирмашар, ҳар бир юқорига кўтарилиш ундан кучли ирода ва матонат талаб қиларди. Шу пайт унда галлюцинация2 бошланди, Черчилл ўзини денгиз қаърига шўнғувчи ғаввослардек ҳис қилар, азбаройи тубсизликка шўнғишга интилар ва ундан баҳраманд бўлиш истагидан ўзини тия олмасди. Бонделнинг юк чамадони ҳаддан ортиқ оғирлик қилар, гўёки тоғдай босиб турарди. У тирмашиб бораркан, ўтган бир йилни эслади, худди шу сўқмоқдан бир юз эллик фунт юкни олиб ўтганига ақли бовар қилмасди. Агар ўша юклар бир юз эллик фунт оғирликда бўлса, Бонделнинг юки, унингча, беш юз фунт келиши керак эди.
Кретр кўлидан ажралиб турувчи нишабликнинг нариги томони муз билан қоплангани яққол кўриниб турар, бироқ муз қатламларининг юқориси ҳеч нарса ўсмайдиган тақир ер бўлиб, яланғоч қоя ва улкан тоғ харсанглари қалашиб ётарди. Зимистонда сўқмоқни кўришнинг иложи йўқлиги боис, гандираклаб, қоқилиб, атрофдаги ҳар бир нарсага диққат қилиб борарди. Шамолнинг увуллаши ва кучли қор бўрони забтида чўққига етиб келди. Айни шу пайт тасодифан кичкина, қаровсиз бир чодирни топиб олди ва судралиб ичкарига кирди. У ерда жуда эскириб қолган қовурилган картошка ва беш-олтита пишмаган чала-хом тухумларни топиб, шоша-пиша ютоқиб ея бошлади.
Қор тиниб, шамол пасайгач, умуман юриб бўлмайдиган қияликдан тушишга уринди. Сўқмоқ йўқ бўлиб кетган, у эса қоқилиб, гандираклаб борарди. Гоҳо иложсиз бир ҳолат – унинг ҳукми ўтмайдиган тик қияликлар тубига ва қоятошлар қиррасига келиб қоларди. Йўлнинг бир қисми ортда қолиб, юлдузларни яна булут қоплади. Қоронғуда сирпаниб, думалаб кетди ва юз қадамларча тойиб бориб, кенг, лекин саёз чуқурликнинг этагига қонталаш ва моматалоқ ҳолда йиқилди. Унинг бутун атрофидан ўлган отларнинг бадбўй, қўланса ҳиди кўтариларди. Чуқурлик сўқмоққа шу қадар қулай жойлашгандики, юк ташувчилар мунтазам равишда бу ерга касалманд, чалажон отларни келтиришга одатланишган, ўлик отлар айқаш-уйқаш бўлиб кетган эди. Қўланса ҳид уни тамоман енгиб, ўлар ҳолатда мазасини қочирар, у ёмон тушдаги каби жон ҳолатда юқорига тирмашарди. Ярим йўлга етганда Бонделнинг чамадони эсига тушди. У ҳам ўзи билан чуқурга қулаган эди, демакки, боғичи узилган, Черчилл эса буни эсдан чиқарган. Ўлат тарқаган ўша чуқурга яна қайтиб борди. У ерда тиззалаб ва қўллари билан атрофни эмаклаб, бир ярим соатча вақт ичида чамадонни қидирди. Чамадонни топгунча жами ўн саккизта отга дуч келди. (Битта от эса ҳали тирик эди, уни револьвери билан отиб ташлади.) Ҳаётни жасорат ва ғалабаларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. У юк сумкасига қайтиб келишини умри давомидаги қилган энг мардонавор иш деб бемалол айта оларди. Хуллас, унинг қаҳрамонлиги шунда эдики, чуқурликдан чиқишидан олдин иккинчи бор ўлишига бир бахя қолганди.
Бу пайт у Скейлзга етиб келган, Чилкатнинг тик нишабликлари ортда қолган эди. Йўл эса бирмунча енгиллашгану, барибир қулай эмасди, бироқ чидаса бўларди. Агар у бунчалик ҳолдан тоймаганида эди, вақтини чоғ ўтказиши мумкин эди. Агар қадами енгиллашиб, Бонделнинг чамадони бўлмаганида, унинг бу дармонсиз ҳолига баттар оғирлик тушмасди. Шу боис зўрға судралиб юрар, сумканинг ортиқча юки уни ирғитиб юбориш учун кифоя эди. Деярли ҳар замон қоқиниб, туртиниб борарди. У йиқилмасликка тиришаркан, бутоқли зулмат ғоят чўзилиб кетган эди. Сумкани елкалари оша ортқилаб олган ва у йўлчини орқага тортар эди.
Черчилнинг хаёли ўзида эди. Агар «Афиналик» ўтиб кетса, бу юк сумкасининг айби бўлади. Аслида унинг онгида икки нарса қолганди: Бонделнинг сумкаси ва кема. Фақат шу икки тушунчанигина тан оларди. Чунки улар Черчилни узоқ саёҳатга ва машаққат чекишга мажбур қилганди. У гўёки тушида, қийналиб йўлда давом этаётганга ўхшарди. Тушининг давоми сифатида у Шип Кемпга етиб келди. Чайқалиб пивохонага кириб борди. Елкаларини қайишлардан бўшатди. Юк сумкасини оёқларига қўяётган эди, ногаҳон бармоқларидан сирғаниб кетди ва оғир тақиллаган товуш чиқариб, полга қулади. Лекин бу айни пайт чиқиб кетаётган икки кишига сезилмади. Черчилл бир стакан виски ичиб, бар хизматчисига ўн дақиқадан кейин уни чақиришини айтди. Бошини тиззасига, сумкасини эса оёғига қўйиб ўтирди.
Ноқулай жойлашган танаси шу ҳолича қотиб қолган эди. Ўн дақиқадан сўнг, ўзи айтганидек, уни уйғотишди. Иккинчи стакандаги вискидан сўнг бўғимлари ва мушакларини ёзиб, енгил ҳаракат билан дам берди.
– Ҳой! Бас қил! – бақирди бар хизматчиси. Сўнг уни зимистонда Канъон Ситига томон қувиб юборди. Олтинчи ҳиссиёт унга тўғри кетаётганини айтар, ҳамон забтига олаётган уйқу эса Кенон сўқмоғига етакларди. Анча юриб, олдинда қандайдир хавфни сезди ва револьверини чиқарди. Ҳамон тушь ҳолатида тураркан, икки кишининг қорасини кўрди ва унга яқин тўхтагани эшитилди. У револьверидан тўрт марта ўқ узди. Ўзига қарата уларнинг ҳам қуролларидан учқун сачраганини кўрди. Шунингдек, Черчилл кимнингдир бўксасига қаттиқ урди ва бир киши қулаганини кўрди. Бошқаси яқинлашаётганида оғир револьвери билан юзига қақшатқич зарба берди. Кейин ортга югуриб кетди. Бироздан сўнг у хаёлини йиғиб олди. Сўқмоқда эгилиб, судралиб қадам ташлаб бораркан, дастлабки хаёли юк сумкасида эди. У ҳамон елкасида осиғлиқ турарди. Револьвери йўқолганини билгунга қадар бўлиб ўтган барча ишларнинг тушлигига ишонарди. Кейин сонининг қаттиқ ачишаётганини сезди, ушлаб кўрган эди, қўлига иссиқ қон урилди. У юзаки жароҳат эди, бироқ буни рад этиб бўлмасди. Бирдан ҳушёр тортди ва Канъон Сити томон оқсоқланиб кета бошлади.
Йўлда бир тўда отлари ва араваси бор кишини учратди, йигирма доллар эвазига отни аравага қўшди. Черчилл арава ётоғига судралиб кирди, сумкаси орқасига осилган кўйи уйқуга кетди. Аравада сув ювиб келган шағаллар устида оғир ҳаракатланиб, Даи водийси томон тушиб боришар, Черчиллеса арава дўнгликларга урилгандагина ўрнидан турар, баъзи дўнгликлар уни ётоқдан кўтариб юборар эди. Лекин уни очлик қийноғичалик безовта қилмасди. Сўнгги миль бир текис, равон бўлиб, у мириқиб ухлади.
У ғира-шира тонг ёришаётганда ўрнидан турди, ҳайдовчи уни қаттиқ силкитар, «Афиналик» кетиб бўлганини айтиб, қулоғига бақирарди. Черчилл қаровсиз бандаргоҳга талмовсираб қараб турарди.
Скаугайдан тутуни кўриняпти, – деди ўша одам.
Черчилл кўзларини катта-катта очиб, узоққа қаради ва деди:
Бу ўша, мени қайиқда обориб қўйинг.
Ҳайдовчи ҳеч бир ишдан бўйин товламас, ҳаққини тўлашса бўлгани эди. Кичик қайиқ топилди, ўн доллар эвазига ўша киши эшкак эшадиган бўлди. Черчилл олдиндан тўлов қилди, унинг ёрдамида қайиққа ўтиб, орқа томонига ўтирди. Скаугайгача олти миль эди, бу унга ухлаш имконини беришидан хурсанд эди. Аммо ўша киши қандай эшкак эшишни билмасди. Черчилл эшкакларни қўлига олди ва яна узоқ тер тўкди. У сира олти милнинг бунчалик узоқ ва машаққатли бўлишини билмас экан. Кўрфазда ҳузурбахш шабада туриб, уни уйқу элитди, ўзини зўрға тутиб турарди. Унинг барча хаёллари саробга айланди, ҳолсизлик ва карахтликдан азоб чекарди. Унинг хоҳиши билан шериги куракчага шўр сув олиб, юзига сепди.
Улар «Афиналик»ка яқинлашишганида унинг лангари пастдан юқорига кўтарилар ва Черчилл вужудидаги охирги кучини сарфламоқда эди.
– Тўхтанг! Тўхтанг! – бақирди у хириллаган бўғиқ бир овозда.
– Муҳим хабар! Тўхтанг!
Кейин у иягини кўксига қўйганича беҳол уйқуга кетди. Уни беш-олти киши кўтариб, кема нарвонига олиб ўтишганида уйғонди ва сумкасига талпинди. Гўёки чўкаётган одам хасга интилганидай унга ёпишиб олди.
У палубада қўрқув ва қизиқиш марказида эди. «Уайт Хорс»дан чиқаётгандаги кийимлари бир уюм жулдурга айланганди. Унинг ўзи ҳам, асаблари ҳам чарчаган эди. У катта сабр-бардош билан қирқ беш соат саёҳат қилди. Бу вақтда бор-йўғи олти соат ухлади. Аввалгидан йигирма фунтга енгиллашган эди. Юз-қўллари ва танаси тирналиб, кўкариб кетган ва зўрға кўрарди. Ўрнидан туришга уринди, бироқ ҳаракати бекор кетди ва палубага узала тушиб ўтириб қолди. Юк сумкасини маҳкам қучиб, хабарни етказди.
– Ҳозироқ мени ётоққа олиб боринг! – дея сўзини тугатди. – Уйғонганимдан сўнг овқатланарман.
Унинг иззатини жойига қўйишди. Кир, эски-туски кийимларидан соқит қилиб, кемадаги энг катта, серҳашам, тўй маросимларига мўлжалланган хонага чамадони билан жойлаштиришди. Деярли икки марта ухлаб турди, душ қабул қилди, соқолини қиртишлади ва тамадди қилди, сўнг тўсиққа суяниб сигарета чекди. Бу пайтда «Уайт Хорс» дан келаётган икки юз саёҳатчи яқинлашиб қолган эди.
«Афиналик» Сиетлга етиб келганида, Черчилл бутунлай соғайиб кетган эди. У Бонделнинг юк чамадонини ушлаганча қирғоққа келди. Ўша чамадон билан ўзида фахр туйди. Бу унинг виждони ва бурчи ғалаба қилганини акс эттирарди. «Мен юкни олиб келдим», – деди мағрур туриб. Ҳали кеч тушишига бор эди ва у тўғри Бонделнинг уйига йўл олди. Луис Бонделл уни кўриб хурсанд бўлди, икки қўли билан баравар саломлашиш асносида, уйига судради.
– Эҳ, раҳмат, қария, буни олиб келганинг жуда ажойиб бўлди, – деди Бонделл юкни қабул қиларкан.
Уни диванга эътиборсиз отиб юборди. Черчилл юкнинг урилиб сапчиганини ўткир нигоҳлари билан кузатиб турар, Бонделл эса уни савол билан кўмиб ташларди.
– Қанақасига уддаладинг?! Қолганлар қандай? Билль Смитерсга нима бўлди? Делл Бишоб ҳалиям Пиерс биланми? У кучукларимни сотиб юбордими? Салфер Боттом қандай келиб қолди? Кўринишинг ажойиб. Қайси кемада келдинг?
Черчилл ҳамма саволларга жавоб берди. Бир ярим соатлар ўтиб, суҳбатларидаги илк сукунат пайдо бўлди.
– Уни яхшироқ кўриб олмайсанми?! – деди у юк чамадонига имо қилиб.
Э-э, ҳожати йўқ, – жавоб берди Бонделл. – Митчелнинг қуроллари кутганидан ҳам аъло ҳолда.
– Яхшилаб кўриб олишинг керак! – ундади Черчилл. – Мен бирор нарсани эгасига етказганимда, албатта, ҳаммаси яхшилигига ишонч ҳосил қилишим керак. Уйқудалигимда қулай фурсат туғилиб, кимдир тегинган ёки бошқа бир нима юз берган бўлиши мумкин, ахир.
– Муҳим нарсанинг ўзи йўқ, қария, – Бонделл кулиб жавоб берди.
– Муҳим эмас, – Черчилл заиф, паст овозда такрорлади.
Кейин у ҳукм оҳангида гапирди:
– Луис, бу чамадондаги нима?! Билишни хоҳлайман.
Луис унга синчковлик билан қаради, хонадан чиқиб кетди ва бир шода калитлар билан кириб келди. Уни очди ва оғир «44-Колд» револьверини олди. Кейин бир неча қутида револьвер учун ўқ-дори ва яна бир неча қутида винчестер патронлари чиқди.
Черчилл чамадонни олиб, ичига қаради, кейин ағдариб, эҳтиётлаб қоқди.
Қуролларнинг ҳаммаси занглаган, – деди Бонделл, – ёмғирда қолиб кетган бўлса керакда.
Ҳа, – жавоб берди Черчилл. – Анча ивиб қолди. Бироз эҳтиётсизлик қилибман.
У ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг Луис Бонделл ҳам чиқди ва унинг зинапояда, тирсакларини тиззаларига, қўлларини иягига қўйиб, зулматга қаттиқ тикилиб ўтирганини кўрди.
Инглиз тилидан Шаҳло Облоқулова таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 1-сон