Даққиюнусдан қолган автобус ўзининг сўнгги мурватигача ихраб-сихрашига қарамасдан, бамисоли ўлимга маҳкум маҳбус янглиғ олға қараб борарди. Гап шундаки, бу ерга — оролга мансуб мазкур “техника мўъжизаси” ўзининг бутун умри давомида талай азоб-уқубатларни бошдан кечирган бўлиб, ҳаётининг охиригача одамларга сабр-тоқат билан хизмат қилиш, афтидан, унинг пешонасига ёзилганди. Бундан ўн йил муқаддам яп-янги, бўёқ ва дерматин ҳиди анқиб турган, Яйдоқ оролдаги мана шу ягона автомобиль қайиқлар қатор қилиб тизилган бандаргоҳдан туширилган бўлса, шундан бери у йўлларни бошдан-оёқ қоплаб олган қиррали тошлардан ўзига ҳеч вақони кўрмади, деса ҳам бўлади. Ушбу техника намунаси митти қарағайлар ва бадбуруш қайинлар кўчати янглиғ маҳаллий шарт-шароитга жуда-жуда мослашиб кетганди. Маълумки, шамоллар уларни шафқатсиз равишда юлқилайди, шохчаларини аёвсиз тортқилайди, бироқ шу чоққача ҳали ҳеч кимса шимоли-ғарбдан ўта қаттиқ эсган ҳар қандай довул ҳам бирон-бир кўчатни таг-томири билан суғуриб олганини кўрмаган, кўрмаса ҳам керак.
Оролда яшовчиларнинг қумтепалар устида жойлашган уйлари денгиз билан ёнма-ён турарди. Уммондан дам-бадам ажралиб, соҳилга ёпирилаётган тўлқинлар бу ердаги қояларга урилиб, ҳисобсиз томчиларни теварак-атрофга сачратиб, яна денгизга қайтарди. Бу ерда яшовчилар хоҳ ҳаво исийдими, хоҳ бўронлар авжга миниб, уларни бошпанасига ҳайдаб киритадими — барибир, ўзларининг ўчоқларидаги оловни ўчирмасдилар. Бундаги ҳамма-ҳамма нарса — ўсимликлар ҳам, ҳайвонлар ҳам, одамлар ҳам шафқатсиз муҳитнинг ажралмас қисмига айланиб кетганди, модомики уйлар нурамас экан, автобус қоядан қуламас экан, буни фақат шу билан изоҳлаш мумкин эди; ахир гоҳо жарлик туби йўл четидан бир неча қарич нарида ўпирилган қабрдай мўралаб турарди-да. Ҳа, бизнинг Яйдоқ оролимиздаги барча жонли ва жонсиз аъмоллар бамисоли ягона вужудга айланиб кетганди: агар қайин ёки қарағай совқотган қуённи шамолдан асрамаса, ёхуд, Худо сақласин, одам-одамга ёрдам бермаса, у ҳолда табиий мувозанат бузилади ва бундай ҳолатда орол ўлимга маҳкум бўлади.
Автобус келинчакнинг уйи ёнида тўхтади, рўпарадаги увадаси чиққан эшик очилиб, ҳовли томон ўн беш чоғли одам ёпирилди. Уларнинг ҳаммаси ҳам чоллар ва кампирлардан иборат эди; келин-куёв, ўрта авлодга мансуб бўлган руҳоний бундан мустасно, албатта.
Ҳаво кўпи билан беш даража совуқ бўлса-да, ҳамма гавдаси оғирлигини дам-бадам гоҳ у, гоҳ бу оёғига солиб туради, қовуштирилган қўллари билан ўз биқинларини қоқиб қўяди: бундай одат оролликларга қадим-қадим замонларда яшаган бобокалонларидан мерос бўлиб ўтганди. Айтишга осон — йўлга тушиб, гоҳо черковдан уйгача бўлган масофани отда босиб ўтар экансан, кучли денгиз шамоли ҳатто пўстинни тешиб ўтиб, баданингни чимчилайди.
Келин-куёвни Ада ва Рейнс деб аташарди, шулар биринчи бўлиб остонани босиб ўтишди, уларни ноз-неъмат тўла столлар кутиб турарди, дастурхон теварагида ликопчаларга қовурдоқ солаётган келиннинг онаси Маре — қўллари узун-узун, юзларини сепкил босган, ориқ, жағининг эти устухонига ёпишган аёл куймаланиб юрарди. Маренинг эри Теодор ҳали Ада дунёга келмасидан бурун балиқ овига чиқиб кетганича қайтиб келмади. Бўрон тинчиганидан кейин уни тиришган кўйи тўнкарилган қайиқда тошдай қотиб қолган ҳолатда топишди, ҳолбуки, сув ана шу қиш фаслида кўпи билан икки даража илиқ эди, бундай кезларда одамзот ҳатто сув ютмасидан ҳам шамол ва совуқдан жон таслим этиши ҳеч гапмас. Бироқ орол аҳли бир овоздан бошқача фикрда эди: агар Теодор шу ердага хоҳлаган уйига кириб, бирон-бир жувоннинг кўрпасига ўзини урганида, унинг қўйнига кирганида бундай кулфат юз бермасди, чунки бундай жувоннинг қўйнида ҳамиша икки кишига етарли ҳарорат топиларди. Тўғри, маҳаллий фельдшер бундай усулнинг фойда беришига шубҳа билан қарарди, у кулфатга йўлиққан одамни дарҳол иссиқ сув тўлатилган ваннага солиш лозимлигини уқтирарди. Бироқ бундай қулайликка ҳеч ким эга эмасди, бахтсизлик юз берган кезларда ҳаммомни иситиш қор-қировли қиш кунларида ёзни кутиш билан баробар эди. Теодорни черков билан торф кони оралиғида жойлашган кичкинагина қабристонга, унга ҳурматини жойига қўйган ҳолда дафн этишди. Қабристон уч белкуракдан кўпроқ чуқурлик қазиш мумкин бўлган бу ердаги ягона жой эди.
Меҳмонлар Маренинг каталакдек тор уйини тўлдиришди. Ҳаммадан кейин қайиқ тузатадиган уста кирди. Ҳақиқий исмини камдан-кам одам биладиган бу зоти киромни барча баравар Жин Урсин деб атарди. Таъкидлаш жоизки, унар-унмасга “Жин урсин” сўзларини ишлатавергани учун бу атама унга исм сифатида ўрнашиб қолганди. Қаҳрамонимиз одамларнинг бундай лақаб қўйишларига унчалик қарши эмасди, ишқилиб, ортидан унинг номини масхаралаб тилга олишмаса бўлди.
Қайиқ устасининг шамолда қовжираган энсиз юзини узун, олдинга кескин туртиб чиққан чуқурчали ияги “безаб” турарди. Шунданми, унинг ияги кўпроқ омоч тишига ўхшаб кетарди.
Меҳмонлар турли хилдаги, турли қалинликдаги тахталардан (бундай тахталарни вақт-вақти билан пишқириб, ҳамла қиладиган уммон тўлқинлари Яйдоқ орол аҳлини мамнун этиб, соҳилга чиқариб ташларди) ясалган стол теграсига ўтиришди. Агар стол теграсидан жой олган меҳмонларни бирма-бир кўздан кечирсангиз, уларнинг деярли ҳаммаси ҳам ерни уч белкуракдан чуқурроқ қазиш ҳуқуқини аллақачон қўлга киритган одамлар эканлигига амин бўлишингиз мумкин эди… Денгиз тўлқинлари дам-бадам ялаб турадиган, ғамгин қоялар оралиғида фақат кекса одамларгина яшашарди. Ёш-яланглар эса ё қўшни ороллардаги шаҳарларга жойлашиб олишди, ёки ғала-ғовур қитъа бўйлаб сассиз-сабарсиз кетишди. Улар ана шу қитъада “тўғри гапириш” тажрибасидан баҳраманд бўлишар ва бирон-бир сабаб билан оғизларидан фақат оролликлар шевасига хос сўз чиқиб кетса, бамисоли лавлагидек қизариб кетишарди. Оролга четдан ташриф буюрган одам бу ерда яшовчиларнинг ҳаммаси ҳам шаффоф, эчки соқолидек қаттиқ сочга эга эканлигини дарҳол пайқаган бўларди; шунинг учун ҳам меҳмонларнинг бошидаги тўзғиган, оқиш рангли юнгни куёвнинг оч малла сочидан фарқлаш осон эмасди. Фақат Аданинггина сочлари қорамтир рангда бўлиб, бамисоли ипакдан иборат тўлқинлардек елкаларига тушиб турарди. Қизнинг бир ҳуснига ўн ҳусн қўшиб турган бу сочларга оролда истиқомат қилувчи барча аёллар ҳавас билан боқишарди; бироқ унинг юзлари сепкил билан қоплангандики, бу маҳаллий одамларнинг ҳаммасига хос бўлган хусусият эди. Хонанинг тўрида портрети осиғлиқ турган Теодорни ҳам табиатнинг бундай инжиқликлари четлаб ўтмаганди.
Меҳмонлар қоринлари ёрилгудек бўлиб обдон еб-ичишди. Бироқ шу асно қайиқ тузатадиган уста ўрнидан турди-да, ўзининг омочни эслатувчи иягини олдинга чиқаргани кўйи нигоҳи билан келинчакнинг сочларини навозишлар экан, қўлидаги қадаҳни кўтарди:
— Жин урсин! — деди у. — Энди бизнинг оролимизда ҳам ҳурпайган сочли шўх-шатаноқ болалар у ёқдан-бу ёққа югуриб юрадиган бўлишади. Негаки йил сайин нуқул чолларнинг картузлари1 билан аёлларнинг рўмолларидан иборат манзарадан кейин бундай болаларга разм солиш нечоғли ёқимли эканлигини сўз билан ифодалаш қийин. Айтмоқчи, рўмол деган жонивор аёлларнинг сочлари тўкилиб битаёзган бошларини бегона кўзлардан асраш учун зўрға ярайди!
Стол теграси бўйлаб шўх-шан ғала-ғовур кўтарилди, фақат Марегина бирдан ҳушёр тортиб қолди, сўнгра ўз қадаҳини клюква шароби билан тўлдирди-да, бир зарб билан уни сипқорди, кейин қизининг юзларидан бўса олди.
Черковда қўнғироқ чалувчи бўлиб ишлайдиган Эрик ҳамманинг қадаҳини қайтадан шаробга тўлдираркан, бақирганича шундай деди:
— Биродарлар, ушбу қадаҳни шунинг учун кўтарамизки, ҳеч ким баъзи бировларга ўхшаб оролимизни ҳаргиз тарк этмагай. Зеро бундай одамларнинг илдизи бизнинг тошлоқ ерларимиз учун ҳаддан ташқари қисқалик қилиши энди ҳеч кимга сир бўлмай қолди! — у бир ҳамла билан қўлидаги қадаҳни бўшатар экан, лабларини аввал қўлининг орти билан, сўнгра эса кафти билан артди.
— Ҳар қандай иш парвардигори эгамнинг хоҳиши билан амалга оширилгусидир, — руҳоний шикастафеъллик билан бош эгди-да, аъзойи баданни куйдирадиган ичимликка лабини тегизди.
Дастурхондаги турли ноз-неъматлар солинган ликопчалар шип-шийдам бўлиб қолди. Ана шунда меҳмонлар бир ҳақиқатни англашди: келин-куёвнинг сифатлари ва уларнинг ҳамиша соғ-саломат бўлишлари хусусидаги гаплар ниҳоясига етди; энди суҳбат мавзуси Яйдоқ оролнинг қувончлари ҳамда муаммоларига кўчди.
— Оролимизни Яйдоқ деб аташ, ўлай агар, гуноҳи азимдир, — бақирганича деди Жин Урсин. — Қани, айтинг-чи, дунёнинг бирон-бир гўшасида бизнинг ботқоқларимизда ўсадиган клюквага тенг келадиган мева битадими? Торфларимизни айтмайсизми? Нақ биринчи навли маҳсулот-а?! Торфимиз ҳали юз авлодга етади, ўшанда ҳам бу табиий бойлик жойлашган чуқурлик кўзга ташланмасдан қолаверади, жуда нари борса, қарға пишлоқ “ёстиқчаси”ни чўқиганчалик из қолиши мумкин.
— Тўғри гапирасан, бамисоли қарға пишлоқни чўқиганчалик из қолади, — гапга қўшилди қўнғироқ чалувчи Эрик одатига кўра кафти билан лабларини артар экан. — Бизнинг хотин-қизларимиз қўй-эчкиларнинг сутидан тайёрлайдиган лаззатли пишлоқни дунёнинг яна қайси бир гўшасида татиб кўрасиз? Черковимизни айтмайсизми? Уни қуриш чоғида четдан ақалли бирон-бир тош ёки бирон-бир челак қоришма келтиришдими? Йўқ! Ҳатто черков меҳробини безаш чоғида бутни ўрнатиш асноси Кристимизнинг тоғаси қитъада бир неча йил жонини жабборга бериб, рангтасвир сирларини ўрганганди.
Руҳоний қўнғироқ чалувчига таъна билан қараб қўйди. Ҳозир черков меҳробидаги бут хусусида гапиришнинг мавриди эмасди. Исо пайғамбарнинг юзида илоҳийлик аломати етишмаслиги кундай равшан эди: кекса Кристи амманинг марҳум қариндоши бўлган рассом модель сифатида қандайдир Йўқолувчи Жон деган одамдан фойдаланганди. Бу зот қип-қизил ўғри, хотинбоз бўлгани етмаганидек, балиқни хом-хатала ҳолича ерди, қўл остидаги ҳар қандай суюқликни ичкилик сифатида истеъмол қилаверарди. Бироқ бизнинг Жонимиз бир шиша энг арзон спирт эвазига туз гумбази янглиғ қўлларини бамисоли дуо қилаётган роҳибдек кўтариб туришга розилик билдирган ягона одам бўлиб чиқди. Агар Сиз Исо руҳиллонинг кўзларига диққат билан тикилсангиз, мазкур Масиҳ-нажоткорнинг кўзлари хиёл ғилай эканлигига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин эди. Бунга таажжубланмаса ҳам бўларди: Йўқолувчи Жоннинг кўзлари турли томонга қараётганди.
— Э-эҳ, Жин урсин, бизнинг треска ва салакаларимиз1 замирида қандай тўнғизлар етишиб чиқишади-а! — қайиқ устаси тантана билан таъкидлади. — Шахсан ўзим бир куни ана шундай қобонлардан бирини обдон шундай тўйғизгандим, шундайки, сўнгра унинг пешоб пуфагига бир челак сув жойлаштириш мумкин эди.
Пешоб тўғрисида гап бошланиши ҳамоно, маёқ кузатувчиси Антос ўзини қўйишга жой тополмай қолди: ҳар қандай ҳолатда ҳам бир жойда бир соатдан ортиқ ўтиролмасди; у ё қулай бурчакка, ёхуд бошқа бирон-бир ўнғай масканга югуриб бориши лозим эди; кутилмаганда ўзининг нечоғли зарур бўлиб қолганлигини эсладики, бунинг натижасида боёқишнинг кўзлари ёшланди, тирсаклари билан ўзига йўл очгани кўйи эшик ортида ғойиб бўлди. Ташқарида эса шимол томондан ҳуштак чалганича кучли шамол эсаётган бўлиб, у дақиқа сайин кучайиб бормоқда эди.
Антос қайтиб келди, у ҳадеб роҳатланганича жилмаяркан, жимжилоғи билан шамолдан кўзларининг четига ёпишиб қолган чанг-чунгни тозалади-да, деди:
— Оқ қоялар ортида қандайдир қайиқнинг шакл-шамойили кўринди, ундан яшил рангли чироқ нури кўзга ташланиб турибди. Қайиқдагилар ё ақлдан озишган ёки меъёридан ортиқ ичкилик ичишган.
— Тентаклар! — бизнинг Жин Урсинимиз муштуми билан столни муштлади. — Ҳазилми, саёзликларга чап бериб ўтиш ҳатто кундуз куни нечоғли ақлни ишлатиш талаб этилади-ку. Бундай кезларда фаҳм-фаросат билан иш тутмасанг, ҳолингга маймунлар йиғлаши ҳеч гапмас. Демоқчиманки, кўзларингни акуланинг оғзи янглиғ кенг очиб, занжирини узгудек бўлиб эсаётган шамолга чап бериш учун Қора тошнинг чети маёқ ва черков қўнғироғи билан бир чизиқда кесишган лаҳзада ўгирилишинг мумкин.
“Наҳотки, улар сувости қояларига бориб урилади?” — Маре шундай деб ўйлади-да, хавотирланиб, қизига тикилди.
— Бунақа одамлар балиқларга ем бўлиб кетишади! — деди қўнғироқ чалувчи жунжикиб. Руҳоний эса ҳаммани тинчлантирганича, таъкидлади:
— Ҳар қандай иш парвардигори эгамнинг хоҳиши билан бўлади.
Энди суҳбат мавзуи Оқ қоялар ортидаги кемага қаратилганди. Агар шу аснода бирон-бир уй қулаб тушганида ҳам, агар шифт тагидаги пашша ўрнида тузланган балиқ — камбала учиб юрганида ҳам, барибир, одамлар неча-неча қайиқларни, неча-неча балиқчиларни ютиб юборган ебтўймас саёзлик хусусида гапирган бўлур эдилар.
Келин-куёв бундай суҳбатларга қулоқ солишмасди. Ёшларнинг ростдан ҳам шу кундан эътиборан эр-хотин бўлганликлари тўғрисидаги ҳақиқат уларни ҳар қандай даҳшатли ҳикоялардан кўпроқ ҳаяжонга соларди; шу чоққача анави маст этувчи ҳиссиётларни бамисоли ибтидоий инсон оловни ҳаммадан яширгани каби одамлардан пинҳон асрашлари талаб этиларди. Ҳозир ёшлар ўз оламларида, кексалар эса ўз оламларида яшашар, улар бирон-бирларига халал беришмасди.
Жин Урсин эса шу чоғ ўзининг иягини тутамлар экан, уни бамисоли ҳўл сочиқни эшмоқчи бўлгани каби ҳадеб сиқар эди. Кейин у ҳамма овозларни босиб ташлаш учун бор товуши билан ҳайқирди:
— Ўша қиш фаслида торф конида музлаб қолган Катта дераза номли кема эсингиздами? Ўшанда қўшни оролдан йўлга чиққан шхуна — кичикроқ елканли кема қояларга келиб урилганди. Кун совуқ, ҳаво очиқ, шамол эса деярли эсмасди, бироқ кема бошқарувчиси бўлган шоввоз меъёридан ортиқча ичкилик ичган экан-да! Қолганларнинг ҳамма-ҳаммаси кубрикка тутдай тўкилди. Кемадагиларнинг барчаси битта қолмасдан сувга ғарқ бўлди, фақат кема рулини бошқарувчигина омон қолиб, соҳилга сузиб чиқди. То у гўзал Терезанинг уйига югуриб борганича, унинг уст-боши музлаб қолган — бамисоли томга ёпадиган тунука янглиғ шақир-шуқур қиларди. Тереза бир лаҳзада уни ечинтириб, ўзининг кўрпаси тагига олди, йигитнинг томирларида қон аввалгидек оқиши учун баданининг бутун тафтини унга бағишлади.
— Илоҳий ҳақиқат, — деди қўнғироқ чалувчи ва қўшиб қўйди, — орадан бир ой ҳам ўтмасидан, ўша жойда сельд овлайдиган моторли қайиқ кунпаякун бўлди.
Рейнс Адага янада қаттиқроқ ёпишди; келин-куёвнинг вужудини сукутдан иборат хоҳиш қамраб олди: қани энди меҳмонлар тезроқ тарқалишса-ю, улар икковлон ёлғиз қолишса.
Шу чоққача Рейнс ўзининг бўлажак рафиқасини фақат ўпган эди, бироқ мазкур ёшларнинг иккаласи ҳам ҳозир муҳаббатнинг барча майда-чуйда лаззатини татиб кўришга тайёр эди.
— Бу моторли қайиқ мутлақо янги эди, — қўнғироқ чалувчи қизишиб кетганидан овозини хиёл баланд кўтарди. — Ҳамма кулфат шундаки, кема сув юзасида чўкмасдан, қалқиб туради ва улар қоядан эсон-омон ўтиб олади, деб умид қилишганди. Қаёқда дейсиз?! Сув остидаги мол шохини эслатувчи қоя бамисоли қайчи қўй жунини қийиб ташлагани каби ана шу моторли қайиқни кунпаякун қилиб ташлади. Қарабсизки, ҳадемай қайиқ денгиз тубига чўкиб кетипти-да! Соҳилгача учтагина одам сузиб чиқишга муваффақ бўлди. Шунда ҳам улар турли жойлардан сузиб чиқишганди. Ана шу денгизчилардан фақат биттасигина — гиёҳ билан савдо қилувчи Иданинг ҳали ўн саккизга тўлмаган қизи яшовчи уйга довур етиб борган денгизчигина омон қолганди… Кооператив дўконга қараб югуриб кетган анави икки йигит эса ярим йўлдан нари ўтишолмади, уларнинг кўзлари совуқда музлагани кўйи қотиб қолганди.
— Ҳа, бундай кезларда бағри олов янглиғ иссиқ аёл сув билан ҳаводай зарур, — гапга қўшилди маёқ назоратчиси. — Қани энди бизнинг кампирларимиз ҳам жонининг ярмисини яратганга топширган бирон-бир одамни қайтадан ҳаётга қайтаришса.
Оҳ, қани энди ҳамма-ҳаммаси тезроқ поёнига етса! Келин-куёвга энди тўй бамисоли жазо янглиғ туюларди. Бу тантанали тадбир булар учун атаб уюштирилган бўлса-да, уларга халал етказишмоқда.
Маёқ назоратчиси эса, бу аснода Анна Стенсон тўғрисидаги янги ҳикояни бошлаб юборганди. Унга кўра, Анна соҳилга тўлқинлар улоқтириб ташлаган, аъзойи бадани музлашига бир баҳя қолган балиқчини ўз уйига судраб олиб келади, бироқ каравотига ётқизмайди, аъзойи баданини тоза спирт билан уқалашга киришади, шундайки, боёқиш йигит унинг ошхонасида бандаликни бажо келтиради. Келаси йил қиш фаслида одамлар Аннани у айнан балиқчини топиб олган ўша жойда ўлик ҳолича топиб олишади.
— Худо томонидан юборилган тақдир нишонаси! — қайиқ устаси ҳаяжонланган кўйи этини қатрон кемирган кўрсаткич бармоғини чиқаради.
— Раҳматли Анна Стенсон оғир юрак хасталигига гирифтор бўлганди, — тушунтирди руҳоний. Аммо бунингдек муҳим масалаларда ҳатто черков хизматчиси ҳам етарли обрўга эга эди деб бўлмасди, шунинг учун Жин Урсин унинг сўзларини бўлди:
— Нима учун айнан бир жойда ва айнан бир йилдан кейин бахтсизлик юз берди? Йўқ, жаноб пастор, бу айнан илоҳий белгининг ўзгинаси…
Руҳоний баҳслашиб ўтирмади, у ичкилик истеъмол қилган меҳмонларнинг юзи борган сайин қизариб кетаётганлигини кузатиб ўтирарди, кейин келин-куёвга бир қур назар ташлади — уларнинг сабрсизлик билан ўтиришганлигини кўрмаслик мумкин эмасди. Руҳоний ёшларнинг қалб интилишларини тушуниб турарди, улар висол деб аталмиш бошқа бир неъматнинг мевасидан тезроқ татиб кўришга ошиқаётганди, аммо шошилиш нечун? Зеро ҳамма ҳам пешонасида нима ёзилган бўлса, шуни кўради.
Рейнс пайпаслаганича стол тагидан Аданинг қўлини топиб, оҳиста сиқиб қўйди. Ада унга шундай эҳтирос билан жавоб бердики, натижада йигитнинг юрагидан ширин бир ҳис “шиғ” этиб ўтди. Аданинг мулоҳазасига кўра, бу улар учун сўнгги ва энг оғир синов эди; манави эркакларнинг суҳбати тақдир бамисоли унинг билан севгили йигити ўртасига қоққан пона бўлиб хизмат қилаётганди.
Жин Урсин эса шу аснода аёл зотининг иссиқ вужуди совуқда қотиб қолган бир денгизчини қандай қилиб ўлимдан асраб қолгани хусусидаги яна бир воқеани эслаётганди. Ҳикоя қилаётган бу одамнинг юзи кутилмаганда ёйилиб кетди — у айёрлик билан жилмаяётганди. Бунинг натижасида энди унинг юзи ясси шаклга киргандек туюларди.
— “Хўш, ўша қаҳрамон аёл ким экан?” — деб сўрарсиз балки. Бу — бугун яккаю ягона қизини турмушга узатаётган бизнинг Маремиз, — тантанали равишда эълон қилди у. — Бундан йигирма йил муқаддам жони самовий дарвозани тақиллатаётган бегона денгизчини қалб қўри билан ҳаётга қайтарганди.
— Тўғри! Марега шон-шарафлар бўлсин! — ҳайқиришди кўп йиллар муқаддам юз берган воқеани эслаган эркаклар.
Уй бекасининг ранги бўздай оқарди, қўлларидаги чой қошиқлар ерга тушиб кетди: у бу чой қошиқларни ювиш учун ошхонага олиб кетаётганди. Маре қизининг юзига бирров нигоҳ ташлади, энди унинг кўз қарашларида қўрқув ва таъна-маломат ифодаланганди.
— Ҳа, шунақа воқеа бундан кўп йиллар аввал содир бўлганди, — деди у лоқайдлик билан, бироқ аёлнинг овози титраб кетди.
— Мен эса ўша воқеани худди кечагидек эслайман, — қайиқ устаси бўш келай демасди. — Бу воқеа сенинг Теодорингни — унинг ётган жойи жаннатда бўлсин — қайиқ килесида ўлик ҳолда топишганидан икки кун аввал юз берганди.
— Сен, Маре, олам-жаҳонга арзийдиган аёлсан, қизлигингда эса бундан ҳам аъло даражада эдинг, — шу чоққача “чурқ” этмасдан фақат еб-ичиш билан банд бўлган кема рули бошқарувчиси Берг гапга қўшилди. У қуюқ зиёфатдан мамнуният билан баҳраманд бўлар экан, унчалик муҳим бўлмаган масалаларга вақт ажратиш мумкин деб ҳисобларди.
— Одамларнинг айтишича, қутқазилган йигит сенга ўз суратини эсдалик учун тақдим этганмиш. Гўё у қитъага қайтиб бориб, бойиб кетганмиш ва локланган автомобиль ёнида суратга тушганмиш.
— Ўша суратни кўрсак бўларди! — меҳмонлар қичқиришди.
Маре терс ўгирилиб, бегона денгизчи ва локланган автомобилни кўрмоқчи бўлган одамлардан ҳам кўра кўпроқ ўзига деди:
— Шу суратни қай гўрга тиқиб ташлаганман, биргина Худо билади. Ахир орадан шунча йил ўтиб кетди…
Ада онаси томон қатъий саркашлик билан тикилиб, қўққисдан кескин оҳангда деди:
— Сурат сандиқ тубида, сенинг тўйда киядиган кўйлагинг этагида ётибди. Мен кеча кўргандим.
Ада шу сўзларни айтди-ю, гўё елкасидан тоғ ағдарилгандек, енгил тортди.
— Кўрсат, Маре!
— Яширма!
Маре иккиланмоқчи бўлди, аммо буни эплолмади, кейин у қўшни хонага ўтди-ю, қўлида расм билан қайтиб чиқди; суратнинг ялтироқ томонини кафти билан артаркан, бу билан гўё тасвир юзини унга қўнган кўзга кўринмас чангдан тозаламоқчи бўлди.
— Кўринглар! — унинг овозида руҳий тушкунлик ҳисси сезиларди; Маре суратни столнинг четига ташлади.
Меҳмонлар навбати билан нотаниш ўспириннинг тасвирини кўздан кечиришди, сарғайиб кетган сурат қўлдан-қўлга ўтган сайин даврада чуқур сукунат ҳукм сура бошлади. Ўша йигитнинг сочлари қорамтир бўлиб, кўзлари хиёл чўзинчоқ эди; фақат сепкил етишмасди, холос; бошқа жиҳатдан йигитни ва Адани ака-сингил деб ўйлаш ҳеч гап эмасди. Ахир йигит ҳам тахминан шу ёшда эди-да?! Шу аснода Теодорнинг деворда осиғлиқ турган портрети гўё қорайиб кетди. Гўё унда тасвирланган, сочлари силлиқ таралган қишлоқи йигит Аданинг ипакдек товланувчи сочларига тикилишга ҳадди сиғмаётгандек.
Кутилмаганда Маре кескин ўгирилиб, қизининг ниқоб янглиғ ҳаракатсиз, қотиб қолган юзига бирров назар солди. “Бўпти, мана, мен. Мана, менинг шармандалигим. Балки бу шармандалик эмас, жасоратдир? Балки ҳамма аъмоллардан ҳам юксакликда турадиган бурчдир? Ҳа, менинг илонгинам, агар баҳр тўлқини ўша нотаниш денгизчини соҳилга чиқариб ташламаганида борми, сен ҳам бу дунёга келмасдинг. Ахир ҳамма сенинг отанг деб ҳисоблаган одам орадан икки кун ўтиб, бақо оламига рихлат қилганди-да”.
Ада онасининг нигоҳига бардош берди, у киши ғашига тегадиган кепатада бўлиб, тилига меъёридан ошиқча эркинлик берадиган ҳар қандай одамни ғажиб ташлашга, унинг кўзларини ўйиб олишга тайёр эди. Бироқ шу чоғ меҳмонлар гўё сеҳрлангандек, бир лаҳзада дунёдаги ҳамма нарсани унутишди.
— Маза қилиб ўтирдик, хонадон аҳлига раҳмат… — деди руҳоний. Шуни ҳам айтиш керак, давра аҳли орасида энг ҳушёр одам ана шу пастор эди.
— Ҳа, гапнинг ўғил боласи — шу, — руҳонийнинг сўзларини қувватлаб деди черков қўнғироқчиси. — Бироқ йўлга чиқиш асноси сўнгги қадаҳни кўтармасак, ишнинг битиши қийин, биродарлар.
Ҳамма қадаҳ кўтарди. Ўртада вужудга келган ноқулайлик қандай тез пайдо бўлган бўлса, шунчалик тез кўтарилди. Куёв ҳам шу чоққача вужудини қамраб олган хижолатпазликни енгди: ахир, қизнинг отаси ким эканлиги қандай аҳамиятга эга?! Муҳими, улар бир-бирларини севишади.
Шу аснода ташқи эшик ғижирлади, даҳлизда челаклар тарақ-туруқ қилди, кейин одамларнинг оғир, яккам-дуккам қадам товушлари, уларнинг ҳуштак чалувчи нафас товушлари эшитилди. Кимдир қоронғида хонага элтувчи эшикни пайпаслаб топмоқчи бўларди.
— Жа ўлгудек ичиб олипти-ю, энди машмаша қилиш учун баҳона керак бўлиб қолипти-да, — кулимсиради қайиқ устаси.
Шу чоғ эшик “қарс” этганча очилди-ю, деворга бориб урилди. Хонага гандираклаганини кўйи қутқарувчилар камзулини кийган бегона бир одам кириб келди. Унинг аъзойи баданидан шақир-шуқур қилганича муз сумалаклари тушар, сув томчиларди.
Айни маҳалда ҳамма маёқ қўриқчисининг Оқ қояларга тиқилиб қолган кема тўғрисидаги сўзларини эслади.
Нотаниш киши елкаси билан деворга қапишиб олганича, қийинчилик билан (гўё бу унга азоб бераётгандек) нафас оларди.
Биринчи бўлиб руҳоний ақлу ҳушини йиғиб олди, у кулфатга учраган кишининг лабларига виски тўлдирилган қадаҳ тутди. Боёқиш нотаниш киши вискидан ҳўпламоқчи бўлиб ҳаракат қилди, аммо жағлари бўйсунмади, ичкилик унинг кўксига тўкилди. Кейин бегона одам девор ёнидаги ўриндиққа “гурс” этиб йиқилди-ю, букчайиб қолди, унинг томири тортишаётганди. Маре стол устида ётган пичоқни қўлига олиб, қутқарувчи камзулнинг тасмаларини кесиб ташлади. Қолганлар ҳам унга ёрдам бериш учун шошилишди. Ҳадемай боёқиш денгизчи яп-яланғоч ҳолича ўриндиқда чўзилган кўйи ётарди. Шу аснода унинг бутун шаклу шамойили сувда чўкиб ўлган одамни эслатарди; нечун нафас олиши эса биргина яратганга аён. Қайиқ устаси унинг елкасига ва кўксига энг яхши виски қуйди, бироқ кулфатзада одам янада кўпроқ шалпайиб қолди, унинг нафаси эса дам-бадам узилиб қоларди, юзига бинафшаранг доғлар тошди.
— Ҳозир совуқ қон юракка довур етиб боради! — тўнғиллади маёқ назоратчиси ўзини йўқотиб, теварак-атрофга олазарак бўлиб қараркан; унинг нигоҳи келинга қадалиб қолди.
Аданинг юзи бўздай оқариб кетди. У масаланинг моҳиятига тушуниб етганди.
— Бора қолгин! — Ада онасининг овозини эшитди. Бу овозда на ачиниш, на ўч мавжуд бўлиб, бу сўз буйруқдан иборат эди.
Ада ўрнидан қўзғалди, унинг юзи ҳамон оқиш тусда бўлса-да, хотиржам кўринарди, фақат кўзларида бояги амалга оширмоқчи бўлган истаги йўлида ғов бўладиган ҳар қандай одамни ғажиб ташлашга, кўзларини ўйиб олишга тайёр эканлиги тўғрисидаги истак ҳукмрон эди. У стулни четга сурди-да, ташқари томон йўл олди. Кимдир унинг енгидан ушлаб қолишга ҳаракат қилди — бу Рейнс эди. Нафис тўй либоси “чирс” этиб, чок-чокидан сўкилди: келинчакнинг пуштиранг, тирсиллаб турган илиқ елкаси яланғочланиб қолди.
Рус тилидан Шерали Сокин таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 11-сон