Ёғоч деворлардаги тирқишлардан кираётган қуёш нурлари омборхона биноси ичини ғира-шира ёритиб турарди. Қўлига юққан оқиш ёғоч чангини ишқалаб ювиб ташлаш учун пайраҳага эгилар экан, у ўзини жиноятчи деб ҳис қилди.
Сирасини айтганда, ишқалаб ювадиган ҳеч нарса йўқ эди. Шунчаки, эҳтимол зич ёпилган эшик ортидаги нимқоронғиликда унинг жисмоний меҳнатга ўрганмаган қўллари оппоқ бўлиб кўриниб кетгандир.
У оёқ остида думалаб ётган тарашаларни териб олди-да, уларни қоғоз қутига жойлади. Қути қопқоғига рандани қўйиб, ҳаммасини эшик тагига олиб борди. Сарв ёғочининг ҳиди анқирди: эшикни ҳозиргина келтирилган янги ғўлалар тўсиб қўйганди.
Эшикни очиш учун у қутини ерга қўйди ва шу паллада олис Болалик давридаги ҳид – Накагава дарёси тўғони ёнидаги гулхан ҳиди ёдига тушди. Ўшанда ҳам нимқоронғилик эди, фақат бу эркинликдаги, тонг чоғи дарё бўйидаги ҳаво бўлганди. Ўша кезлар у етти ёш бўлиб, отаси билан дарёга фарель овлаш учун борганди. Осмон кўм-кўк, энди тонг отиб келаётганди, ҳали юлдузлар кўриниб турарди. Тоғдан шамол эсиб, дарё мавжланарди.
“Ағрайма, – деди отаси, узун таёқни қўлига олар экан. – Қайиқ балиқдай сакрайди” . Ҳақиқатан ҳам, олдинда, оқим йўлининг пастроғида сув узра ё балиқлар, ёки кўпикли тўлқин оқаришиб кўринар ва қайиқ ана-мана бўшлиқ сари сузиб кетадигандек туюлиб кетарди…
Эшикни очиб қуёшли ҳовлига чиқаркан, у беихтиёр ачимсиқ ҳаводан қутулиш учун чуқур нафас олди ва ўшанда дарёда тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олганини ҳис этди.
У кенг ҳовлида қатор тизилиб турган омборхоналар ёнидан юриб ўтди ва фирманинг автобекатида пайдо бўлди. Ҳар икки тарафидан тоштахталар ётқизилган, дарвозадан идорага олиб борадиган йўлакка етти-саккиз автобус бемалол сиғарди, аммо ҳозир фирманинг барча машинаси, ҳатто юкчи машиналар ҳам йўлда эди ва у ерда фақат унинг хусусий сариқ “седан”ию мижозларнинг икки машинаси турарди.
У картон қутини машинасининг орқа ўриндиғига қўйди. Кейин идорага йўл олди. Ўрмон маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган фирма номи битилган зарҳал ҳарфлар ялтираб турган автоматик эшик ланг очиқ эди. У касса тўсини ортидаги икки нафар ёш-ёш югурдак қиздан бошқа ҳеч ким йўқлигига амин бўлди. Ходимлар йўқ эди: на Сомия, на Сэкигава. Йигирматача столи бўлган ҳайҳотдай хона ҳувиллаб ётарди – ҳам бошқарув, ҳам ишлаб чиқариш ходимлари ҳар қаёққа тарқаб кетганди. Ўтиш йўлининг нариги томонида, унча тиниқ бўлмаган акрил девори ортида яна иккита қабулхона бор эди. Улардан бирида Сэкигаванинг мижоз билан гаплашаётгани қулоққа чалинарди.
– Сомия-сан қани? – сўради у бериги томонда ўтирган қиздан.
– Аёлини кутиб олгани машинасида кетувди, – жавоб берди қиз.
– Ҳа-а, – бош ирғади мижоз ва ўтиш йўлидан хона тўрига қараб юрди. Сомиянинг лавозими пастроқ бўлса-да, ёши каттароқ эди, шунинг учун ҳам уни ҳурматлаб “Сомия-сан” дерди. Бугун уникига таклиф этилган фирманинг барча ходимлари кетиб бўлган бўлиши керак: тараддудланиш, хотинларини олиб келишлари керак. Мижозлар билан ишни битириб олгач, Сэкигава ҳам, албатта, бу ерда қолмайди.
Ўтиш йўлининг охиридаги эшик иккинчи қаватдаги ишчи хоналарга олиб чиқувчи зинага очиларди, аммо, бундан ташқари, бу ерда махфий йўл ҳам бор эди. Усти ёпиқ бетон ўтиш йўли уни тураржойнинг даҳлизи билан уларди. Ҳар гал махфий йўлдан фойдаланганда, у бир нарсани ўйларди: унинг фирмага келишидан олдин бу йўлдан кўп йиллар идорага ва идорадан бу ёққа унинг қайнотаси Нобутакэ юрган. Бу чинданам ғалати эмасми-а?
Умуман фирма бошлиғи ишхонасига яқин жойдан истиқоматгоҳ олишининг ҳеч таажжубланарли ери йўқ, – бунақа ихчам компанияларда бу одатий ҳол бўлиб қолган. Лекин у бурун нуфузли савдо фирмасида хизмат қилган. Шу боисдан ҳам дастлабки вақтларда ишдан кейин уйга қайтар экан, бир неча бор бошқа эшикка қараб юриб кетарди.
Даҳлизнинг парти кетиб, шарти қолган оғир эшиги орти ташландиқ жойдек файзсиз эди. Тўғри, қорашағалли бетондан қилинган полда хотини Кэйконинг эшик олдида ечиб қолдирган жигарранг туфлиси ётарди, бироқ эшикчаси очиқ пойафзал шкафчаси токчалари бўм-бўш бўларди. Йўлакдан кетаверишда, эшиклари ланг очиқ меҳмонхона бўлмасида битта шкаф қолган, дивандан ном-нишон йўқ, фақат гиламда жиҳоз оёқчаларининг ботиқ излари маъносиз акс этиб турарди, холос. Диванни улар бошқа мебелларга қўшиб янги хонадонга олиб кетишганди, чиқиндилардан қилинган жавон эса бу ерда қайнота-қайнонаси яшаган пайтларга тааллуқли эди. Улар Кэйко билан турмуш қурганди. Хотинининг ота-онаси денгиз бўйидан ажратиб олинган ерлардан биридаги кўпқаватли уйлардан бирига кўчиб ўтганди, бу ер унча узоқ бўлмай, машинада ўн дақиқа ҳам юрилмасди. Бироқ ярим йил аввал ота-онага қўшни бир хонадон тасодифан бўшаб қолди; хотинининг онаси Ясуэ уни сотиб олди, тартибга солди ва тўйларининг беш йиллигига атаб қизи ва куёвига совға қилди. Мана шу бошпанадан Ясуэ ўз билгича фойдаланишни ният қилиб юрарди.
У ётоқ бўлмага кирди. Кэйко янги хонадонга олиб ўтолмай қолган чоққина стулчада ўтирар ва телефонда гаплашарди. Афтидан у эндигина кийимларини алмаштириб олганди: ечган пуштиранг кечлик кўйлаги, камар ва уй кийимлари оёғи остида ётарди, Кэйконинг ўзи эса оёғини оёғи устига қўйганча ёлғиз сарғиш ичкўйлагида ўтирарди.
– Бу ойим, – босиқ оҳангда деди Кэйко, гўшакни кафти билан беркитиб. Мени эртароқ келгин деганди, бўлмаса ҳаммасини тайёрлашга улгурмас эканмиз. – Кейин яна гўшакка гапира кетди: – Ҳа, оркестрли Болалар билан гаплашдик, уларга эртароқ келинглар деб айтдик, лекин яна бир марта текшираман. Ха, тушунарли…
Кэйко гўшакни қўйди-да, норозиларча, масхараомуз деди:
– Ҳар доим шунақа: олдинроқ тайёр бўлиб туринглар деб минг марта айтасан, охирида эса албатта улгурмаймиз. – У яна рақам терди ва оркестрли Болалар билан гаплаша бошлади.
Бугун кечқурун ота-оналар уларнинг Кэйко билан тўйларига атаб кечки зиёфат уюштиришганди. Бундай қараганда, “ота-она” дейиш жудаям тўғри эмасди: фикр ҳам, ижро ҳам мутлақо қайнона зиммасида эди. Буни шундай тушуниш керак эдики, дадажон Нобутакэ у, яъни куёв бўлмиш, унинг уйига меросхўр сифатида кирганининг бешйиллигини тантанали суръатда нишонланмоқда эди. Анъана бўйича, тўйнинг беш йиллик юбилейини “ёғоч тўй” деб аташ таомилда бўлган; бу гал тўй номида яна оилавий корхонага ишора ҳам бор эди. Оиладагилар айтганидек, иш давом этаяпти. Тўғри, куёв бу санани Кэйко иккалови нишонлашмоқчи эди, аммо бунга янги уйга кўчиб кириш тантанаси қўшилди-ю, бари чиппакка чиқди. У фақат ҳаммасини камтарона, ортиқча дабдабаю шов-шувларсиз ўтказишни илтимос қила олди.
Бироқ бу ёқда Ясуэ енг шимари ишга киришди-ю, у ёқдан ҳам кенг режалар, ҳам меҳмонларни кўп-кўп таклиф қилиш зарурати пайдо бўлди. У қайнонасини қайтармоқчи ҳам бўлди, лекин қаёқда дейсиз! Ўрмон савдоси маҳаллий уюшмаси раҳбарияти ҳам, эски улгуржичи дўстлар ҳам, турли-туман инсофли танишлар ҳам, бунинг устига хотинлари ҳам қўшилиб – ўндан ортиқ оила бўлиб кетди. Бир вақт яна Кэйко ҳам орага суқулди ва оркестрли ошноларимни чақираман деб туриб олди – ҳолбуки ўзи ҳали фортепьяно чалишни ўрганарди. Бундан онаси суюниб кетди: магнитофонга қараганда бу яхши-да, қувноқроқ бўлади.
– Сен ҳам дарров кийимларингни алмаштира қол, – деди унга Кэйко телефон суҳбатини тугатиб, камарни олгани энгашаркан.
У ёқда кийим алмаштиришга улгурмаслигидан хавотирланиб, улар барча зарурий нарсаларни шу ернинг ўзида тайёрлаб олишди. Тантана норасмий, ортиқча ҳашамларсиз бўлиб, урфдаги пиджак билан чегараланса бўлаверарди. Жавондан либосни оларкан, у эгилиб, пардоз-андоз билан овора хотинига қараб қўйди. Елкасига тушган тўлқин-тўлқин сочи ва узун оёқлари туфайли ўзининг йигирма саккиз ёшидан анча ёш кўринарди. Кўзлари отасининг кўзлари, бодом қовоқли, бурни ҳам унчалик бежирим эмасди, аммо юзи ва аъзойи бадани офтобда пишгандек ёқутдай товланиб турарди.
Университетни тугатганидан кейинги учинчи йилда у Кэйкони инглиз тили кечки ўқишларида биринчи марта кўрганида бу ойдек жамол ва сарвдай қадди- қомат уни ўзига асир қилганди. Улар бир-бирларини ёқтириб қолишди, учраша бошладилар ва кўп ўтмай турмуш қуриш ҳақида гап ҳам очила қолди; аммо Кэйко яккаю ягона қиз бўлиб, ота-онаси уни бир шарт билан турмушга чиқармоқчи бўлаётганди, шарт эса шу эдики, бўлажак ишга меросхўр бўлсин. Йигит оилада учинчи ўғил бўлиб, қариндошчилик мажбуриятлари унга ўз оилавий рўйхатидан ўчиб, хотинининг хонадонига кириш (ичкуёв бўлиш)ни тақиқламаганди, аммо савдо компаниясидаги жой унга ажойиб истиқболни ваъда қилган эдики, буни йўқотиш ачинарли бўларди, албатта. У кекса отаси билан маслаҳатлашгани ватанига кетди. “Нима ҳам дердим, – деди чол минғирлаб, – олиснинг буғдойидан яқиннинг сомони афзал”. Шундан сўнг йигит тўйга шартта розилик берди.
Бироқ тўйдан кейин Кэйконинг ўзига етгунча манманлиги ва бунинг устига ота-онаси уни роса эрка қилиб ўсдиргани маълум бўлди. Шу боис эрига ҳам, яқин дўстларига ҳам келин алайно ошкора эҳтиёткорлик билан муомала қиларди. Айнан Кэйко туфайли улар ҳалигача бола кўришгани йўқ: келин тўлишиб кетишни ёқтирмасди. Аммо қайнота ва қайнона куёвни ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деб камситар эди. Гоҳо туриб-туриб йигитнинг хотинидан жиғибийрони чиқиб кетарди. Келиндаги чатоқ феъл эса истаган одамни қонини қайнатиб юборарди. Аммо айни вақтда у хотинига тобора кўпроқ мойил бўлиб борарди – нега, буни ўзи ҳам билмасди. Балки турмушга чиқиб, келинда ғайриоддий ҳис уйғонгандир. Балки келин рўзғор юмушларида чинакам аёлларга хос тарзда инжиққинадир: узоқ дангасалик қилади-қилади-да, бирдан ғайратга кириб, уйдаги ҳамма ишни қойилмақом қилиб тиндиради…
Кэйко кечлик кўйлагини кия бошлаганида ичкўйлаги ўмизидан жажжигина оппоқ сийналари кўриниб кетди; йигит қўлини чўзиб, кўкрагидан секин чимчилаб олди.
Кэйко унга ҳайрат билан қаради-да, бурунчасини жийирди ва кулиб юборди.
Йигит кийинди ва хотини тилла сирғаси ва маржонини таққунча у ётоқ бўлмасидан биринчи бўлиб чиқиб келди. Даҳлиздан кейин у усти ёпиқ ўтиш йўлидан бормади, балки ҳовлига чиқди-да, ундан бекатга йўл олди. Машинага ўтирди-да, у қулайроқ чиқиб олиш учун рулни шошмайгина айлантирди. Шу аснода Кэйко ҳам етиб келди ва олдинги ўриндиққа жойлашди.
Машина анҳор ёқалаб ғизиллаб кетди. Қирғоқ бўйлаб худди ўшандай ўрмон савдоси корхоналари чўзилиб кетганди. Анҳор анчадан кейин катта ўрмон омборхонасидан чиқар, кейин эса Токио қўлтиғига бориб қуйиларди.
Бетон шоҳроҳи тўғрибурчак остида тор анҳорни кесиб ўтарди, улар чапга бурилишди ва фирмадан уч километрча наридаги ўт-ўлан босиб кетган бандаргоҳга қараб кетишди.
Баҳор қуёшининг майин нури сезилмасдан камая бошлади ва ўрнини қуюқ шом қоронғилигига бўшатиб берди. Бандаргоҳда контейнерлар омборининг сим қўралари хира йилтиллар ва кечки шафақдан музлаткич хоналарнинг пўлат эшиклари ялтираб кўринарди.
Шу кенг шоҳроҳ чеккасида улар янги хонадон олган ўн беш қаватли уй қад кўтариб турарди.
Уйга ғишт рангидаги кошин билан оро берилган, балкон тўсинлари, деразалар – ҳашамдор ғарб услубида. Бино эшиги, вестибюль ҳам, лифт ҳам шу руҳда. У тўққизинчи қаватдаги хонадонига икки марта чиқиб келди – биринчи марта улар юкларни ташиётганда чиққанди. Ҳа, албатта, деди у, ўзига-ўзи, булар ҳаммаси Ясуэ айтган даражада арзийдиган нарсалар.
Бироқ кўнглининг тубида у хонадон ёқмаётганини ҳис этиб турарди. У қишлоқда Накагава дарёси бўйида яшаган, бутун талабалик даври ва хизматининг дастлабки йилларида муҳтожликда кун кечирган ва фақат ўзига ишонган, мана бу яп-янги, артиб қўйилгандай уйда эса энди оёғини қаёққа босишни ҳам билмасди. Биринчи галда у шубҳалангандек ҳам бўлган эди: хонадон аъло даражада экан, балки идорадаги каталакдан кўра ростданам бу яхшидир? Бироқ қайнота ва қайнона шундоқ девор ортида яшайди, ва таъмир вақтида Ясуэ уларникига, қулф-калитли бўлса ҳам, кириб-чиқиб туриш учун эшик қуриб беришларини буюрганини кўрганда унинг бутунлай ҳафсаласи пир бўлди.
– Хайрият-е! Намунча ҳаялламасаларинг? – Янги бошпанада уларни чоғроқ кийимхонадан югуриб чиққан она қарши олди.
Камбар меҳмонхона бўлмаси бўсағасида ҳали қирққа ҳам кирмаган ёш бошқарувчи Нисина кўринди, у иккала нотаниш эркакка кўрсатмалар берарди – афтидан ишчилар бўлса керак. Улар ёнида дароз Нобутакэ эрта келган меҳмонлар билан гап сотиб ўтирарди.
– Ҳечам кеч эмас. Нега ваҳима қиласиз, ойи? – жавобан деди Кэйко. – Созлар қаерда бўлишини келишиб олдиларингми? – Шундай дея иккала қўли билан кечлик кўйлагининг узун этагини сал кўтарганча йўлакдан меҳмонхона бўлмаси томон шитоб билан юриб кетди.
– Ўтин олиб келдингми? – сўради Ясуэ куёвидан унга яқинроқ келиб.
– Олиб келдим. – У машина орқа ўриндиғидан олиб келган картон қутини яна кўтарди-да, кошинланган ерга қўйди.
– Анави кийимхонада Нисина олиб келган шойи бор, ўшани ўра, – деди Ясуэ, киприк қоқиш ўрнига кўзларини хиёл юмиб. Унинг узун қора кўйлагидан хушбўй гиёҳларнинг аччиқ-ширин аралаш ҳиди анқирди.
Ясуэ ўртадан сал баланд бўйли аёл бўлиб, эрининг ёнида ҳам, унинг ёнида ҳам дурустгина кўринарди. Нима бўлганда ҳам у ўзининг син-сийратига кўпроқ эътибор берар ва семириб кетмаслик учун қўлидан келганини қилар эди; оз бўлса-да, у муддаосига эришаётганди. Узоқдан унинг қадди-қомати, катта-катта кўзлари, дўрдоқнамо лабларини кўрган одам бу аёлни қирқ етти ёшни уриб қўйган деб ҳеч ўйламасди; аёлга нари борса ўттиз беш ёш бериш мумкин эди. Қалин қилиб сурилган упа-эликдан юзларидаги доғлар кўзга ташланиб турарди. Аммо ҳозир, яқиндан туриб қараганда, семизликдан қовоқ ва бақбақалари қанчалик осилиб тушгани, кўзлари атрофидаги ажинлар чуқурлашгани яққол кўринарди.
Бироқ Ясуэ билан танишиб, у шу нарсани англаб етдики, ҳатто доғ ва ажинлар ҳам жозибадор кўриниши мумкин экан. Нима учунлигини айтиш қийин. Эҳтимол бу аёлда қандайдир сирли руҳий қудрат бордир. Балки ўзига бўлган ишончидан шундайдир, яъни шу ишонч туфайли у, вилоят банк бошқарувчиси муовинининг қизи дадажон Нобутэкнинг эътиборини қозонган ва ҳалигача эри ва фирманинг суянган тоғи бўлиб қолган.
Ясуэ буюрганидек, у қутини кийимхонага олиб борди ва Нисина олиб келган шойини қидира бошлади, аммо қоп-қоронғи мўъжаз хонага меҳмонларнинг уст кийимлари илиб ташланган, буюмлар ва совғалар қалашиб ётар эди-ю, аммо шойидан ном-нишон йўқ эди.
У меҳмонхона бўлимага қараб кетди – уни қаерга қўйган бўлса, Нисинанинг ўзи топсин. Деворларига оқ мато қопланган ва ерига кулранг-кўкиштоб гилам тўшалган кенгбар хона ланг очилган икки тавақали эшик туфайли ота-онасининг ётоғи билан уйғунлашиб кетганди – жой дегани бемалол эди. Ҳамма жойга дид билан стол-стуллар териб қўйилган, столларда газаклар ва шаробу шарбатлар солинган графинлар дастурхонга кўрк бағишлаб турарди. Таомлар тайёрлашни француз ресторани ўз зиммасига олганди, унинг доимий мижозлардан бири эса Ясуэнинг ўзи эди. Ошпаз ва ёрдамчилар ўша ёқдан таклиф қилинганди. Эшиклардан оппоқ либосдаги официант дам-бадам кўзга ташланарди.
Белгиланган вақтга яқин қолган бўлиб, меҳмонлар кўпайиб борарди. Ясуэ уларни даҳлизда қарши олаётганди. Ўзларининг баҳайбат чолғулари билан оркестрли Болалар ҳам келди. Кэйко уларни иложи борича роялга яқин қилиб жойлаштириш учун куйиб-пишарди. Кэйко унча яхши машшоқ эмасди, аммо уни кўпроқ чолғу ва унинг соз-носозлиги ташвишга солаётганди, шу боисдан битта бурчакни тамомила америка роялининг ўзи эгаллаб олганди. Рояль олдига чорси стол қўйилган ва унга оқ дастурхон тўшалганди, унда мандарин кўринишидаги гербли катта шаклдор торт турарди.
Бироқ ҳамон Нисина қорасини кўрсатай демасди. Бирдан кимдир орқадан унинг қўлидан қоқиб қўйди.
– Қалай? Оқшом чакки эмас-а?
Бу қайнотаси Нобутакэ эди. У тепса-тебранмас бўлиб, оромкурсилардан энг йиригида талтайиб ўтириб олганча чекар эди.
Унинг одатдаги гап сотиш тарзи шунақа. Ўзи-ку қўлини совуқ сувга урмасди, аммо ўзини шундай тутардики, гўё ҳаммаси унинг орқасидан бўлаётгандай. Бунга аввало ўзи қаттиқ ишонар ва буни ҳақиқат деб биларди. Фирмада қандай бўлса, оилада ҳам шундай. Фирмада Нобутакэ энди фақат ишнинг ҳуқуқий жиҳатларига масъул эди, бироқ ҳамма ишни муовин вазифасидаги Ясуэ бажарарди, охирги пайтларда у муовинликни қисман адо этарди, холос. Аммо Ясуэ буни ҳеч қачон юзига солмас ва эрини ҳар доим ҳурматини жойига қўяр эди. Нобутакэ ҳам ўз ўрнида буни билмаганга олиб, ишнинг шундай боришига йўл қўйиб берар, ташқаридагилар у нима деса, шунга ишонар эди. Ҳатто туриб-туриб унинг ўзи ҳам бирдан хаёлга чўмиб қоларди; борди-ю, Нобутакэ ўзини ҳеч нимага қодир эмасдай қилиб кўрсатаётган, у ва Ясуэ унинг чизган чизиғидан чиқмай келаётган бўлса-чи? Бошқалар гоҳ-гоҳ ғайриоддий ҳолларни кўрганда ҳам бунга кунда эътибор бермай, тезда унутиб юборарди.
– Жуда ичким келаяпти, тўғриси. Олсак бўлар энди? – тоқатсизланганидан кучанган оҳангда деди Нобутакэ.
– Ҳозир олиб келаман. – У столдан официант узатган қадаҳлардан бирини олди-да, уни қайнотасига узатди.
Нобутакэнинг шаробни қандай қилиб касалманд рангли лаблари билан симириб ичаётганига қараб туриб у, бу чеҳра унинг батамом кучдан қолганлигини шундоқ айтиб турибди, деб ўйлади, ҳолбуки қайнотаси ҳали олтмишга ҳам кирмаганди. Кулранг қуруқ терисини ажин босиб, қовоқлари шишиб кетганди ва фақат қора кўзларида оз-моз учқун йилтилларди холос. Юзида ҳеч бир маъно кўринмасди; ундан кўра текис қилиб таралган сийрак сочлару қимматбаҳо кўйлак ва қулинг ўргилсин костюм эътиборни тортарди.
Бир куни Ясуэ унинг қулоғига эрининг ўтмиши ҳақида унга баъзи нарсаларни шипшитганини эслаб қолди. Бир гал ишлаб ўтириб улар ёлғиз қолишганда Ясуэ: “Барибир эртами, кечми фирма сенга мерос бўлиб қолади, мана мени айтди дерсан”, деганди. Маълум бўлишича, ўттиздан сал ошганда отаси ўлимидан кейин ишларнинг эгаси бўлгач, Нобутакэ мана мен деган мустабидга айланди. У кўп ишларди, аммо тинмай бузуқ йўлга юрарди. Ясуэ яхши обрўйга эга сармоядор оиласида туғилиб ўсганди ва ҳеч қачон бундай нарсаларга дуч келмаганди. У қўрқарди, қийналарди, фирма хизматкорлари олдида уяларди, баъзида шундай туюлардики, уни ўлдириб қўя қолсаммикан, дерди ҳатто. Корхона ишларида эса унга манманлик ва тадбиркорликка хос зийракликнинг йўқлиги халақит берарди. Урушдан кейин иккинчи қурилишлар авж олганда, у кўплаб америка ва тайвань сарвини сотиб олди, аммо ўз вақтида сотилмай катта зарар кўрди. Зарарни қоплаш учун у филиппин оқ дарахти олди-сотдиси билан шуғуллана бошлади ва бу унга ундан ҳам кўпроқ зарба бўлиб тушди: сал бўлмаса фирманинг ҳам, кўчмас мулкнинг ҳам қарзларни қоплаш учун қия бўлиб кетишига сал қолганди. Уни Ясуэнинг иши қутқариб қолди: у отасининг банки билан музокараларга киришди, унинг пулларидан ва маслаҳатларидан фойдаланди, шу тариқа у фирманинг амалдаги хўжайинига айланди.
Бу гапларни эшитиб, у қайнонасининг қатъияти ва ғайратига қойил қолди, аммо айни вақтда қайнотасининг пасткашлигидан ҳайратга тушди. Тўғри, Ясуэ унинг пасткашлигини ҳар йўл билан бегона кўзлардан яширарди, Нобутакэнинг ўзи эса, ўзини билиб туриб билмаганга соларди. Ахир шунақаси ҳам бўладими – қанчалик тубанлигингни бошқалар алайно ошкор кўриб турса-да, сен ўзинг бунга иқрор бўлмасанг. Бу одамни баттар жаҳолат ботқоғига ботириши турган гап. Балки, бундай ҳоллар тез-тез учраб турар, аммо айнан у ҳеч қанақасига бундай ҳолга тушишни хоҳламасди.
Бу Ясуэ деганлари қанақа аёл экан ўзи-а – эрининг аҳволи мана бунақа бўлса, яна у билан узоқ йиллар қандай умргузаронлик қилар экан, ҳайронман… Агар Нобутакэ буни билганда ҳам, эҳтимол, ўзи кўрган-билган нарсаларда кишини таҳқирловчи ҳеч балони пайқамасдир ҳам. Шунча йиллардан бери чидаб келиши севгига кирадими ёки нафратгами, аммо нима бўлганда ҳам иш жуда чуқурлашиб кетганди.
Нобутакэга қарар экан, у бемисл нафратдан чуқур ташвишга тушди – эҳтимол шунинг учундирки, булар бари унинг учун у қадар бегона муаммолар эмасди.
Нисинанинг қидириб тополмаслигига кўзи етгач, у яна кийимхонага кетди. У ерда олдингидан ҳам кўпроқ кийим-кечаклар, нарсалар ва совғалар хирмон бўлиб ётарди. Битта шойи парчасини топиш амри маҳол эди Аммо у нимқоронғи хонанинг ичкарироғига кириб борди ва илгари эътиборига тушмаган бу токчани кўрди. Унда шойи мато солинган юпқа қути ётарди.
Қаранг-а. У қутини олди ва ўзининг картон қутиси ёнгинасига чўкди. Уни очди-да, тарашаларни олди. Булар катталиги мўйқаламда ёзадиган тош довотдек ёки унча катта бўлмаган, фақат уч баравар қалин ён-дафтарча келадиган, бўялмаган янги тўртбурчак ёғочлар эди, ҳар бирининг орқасига тушь билан номлар ёзиб чиқилганди; “криптомерия”, “америка сарви” ва ҳоказолар.
У қутидан бир неча бўлак шойини олди ва тарашаларни ўрай бошлади, аммо аввал уларни ҳидлаб кўрди. Янги, ҳали қуриб бўлмаган ёғоч ҳиди анқирди.
“Нобутакэнинг отаси кўзини боғлаб ёғочни ҳидидан фарқлай оларди. У буни “ёғоч ҳидлаш” деб атаганди. Улар шериклари билан ким яхши ҳидлаш ўйнашганида у деярли ҳар гал ғолиб чиқар эди, – деди унга Ясуэ кеча эрталаб, бу тарашаларни устага буюртма қилишаётганда. – Нобутакэ ҳам ёшлигида, фақат уйланганидан кейин отасидан ўрганиб олди ва у ҳам бехато топа олар эди. Эртага сизларникидаги байрамда эрмак учун шундай ўйин уюштирмоқчиман. Кўп ўрмон савдогарлари бўлади, қани, эрим ўзининг ҳаммадан олдин эканини бир кўрсатиб қўйсин”.
Ясуэ жилмайиб гапирарди, аммо хотинининг сўзларидан у жиддий тортиб қолди. Қандай қилиб Нобутакэ ҳаммадан олдин бўлар экан? Шундай катта ёшдаги қайнотаси мана бунақа тарашаларни ҳидидан ёғоч навини билиб ололса? Эрмак ўз йўлига-ю, аммо наҳотки Ясуэ бу ўйин унинг эрини шармандаликдан етти қат ер тагига киргазиб юборишини тушунмаса? Булар барчаси унга ғалати бўлиб туюлди ва то шомгача унга тинчлик бермади. Бирдан у ўйлаб қолди: борди-ю… – ва албатта Ясуэни топиб, ундан сўрашга азму қарор қилди. Бироқ Ясуэ аллақаёққа ғойиб бўлганди – ҳойнаҳой ёғоч тўйи тадориклари билан банд бўлса керак. Иш куни тугагач, у ўз жойига борди ва Ясуэни ўша ердан топди: у бўшаб қолган меҳмонхона бўлмадаги жавон олдида тик турганча шоша-пиша қутидан ниманидир оларди.
“Эҳ, бу ердамидингиз, – деб юборди у. У яқинроқ борди. Борди-ю, хато қилган бўлса-чи? Майли, нима бўлса бўлар. – Сиз эртага мусобақада отанг ютиб чиқади дедингиз. Мен ҳаммасини тушундим. Сиз бир айёрлик қилай дейсиз-да”.
Ясуэ ҳайрон бўлиб унга қараб қўйди ва бирмунча муддат жим турди. Кейин бирданига гилам устига чиқиб ўтиришга таклиф этиб, унинг қўлидан тортди.
“Тўппа-тўғри. Биз тарашаларда майда-майда ўйиқчалар ҳосил қилдик, тирноқдан катта эмас, шу боис уларни пайпаслаб санаб чиқса бўлади. Сен эса жим тур: бу ҳақда фақат мен, у ва Нисина биламиз – ўйиқларни у ясаб чиққан”.
Ҳайрон бўлиб, у қайнонасига қараб қолди.
“Нега бундай қилаяпсиз? Майли, ютди эмас, ютқазди ҳам дейлик – бундан нима чиқади?
“Йўқ. Бу жуда муҳим – ҳидига қараб дарахтни аниқлаш – тўлқинланиб деди Ясуэ, унга ёпишиброқ чўккалаб ўтираркан. – Борди-ю, киши дарахтни яхши билса, демак у фирмани бошқара олади ва ишда илғор бўлади. Албатта, тезда Нобутакэ ҳамма нарсани сенга беради, аммо мен ҳозирча у юқори мавқеда туришини хоҳлайман. Эртага турли одамлар ташриф буюради, уларнинг фикрлари билан ҳисоблашишга тўғри келади. Бу жуда қулай пайт. Биз ҳаммани тонг қолдирамиз”.
Шунда у уни ўтиришга таклиф қилиш маъносида енгидан тортган суҳбатдош аёлнинг бармоқлари ҳамон унинг қўлида эканини пайқаб қолди. Дўмбоққина, ҳўл қўл. Хира, нимқоронғиликда қайнонасининг упа-элик суртилгандай оқиш қўллари ва юзи унга мафтункор туюлиб кетди. Иягидаги енгил ажинлар ва тахламлар бу туйғуни фақат кучайтирарди, холос. Бу туйғу ҳеч бир қаршиликсиз, уйқу каби табиий бир ҳолда юзага келди. Яна бир-икки нафасдан кейин уни маҳкам қучиб олишга ҳам тайёр эди.
Бирдан у юзи оппоқ, бароқ қошли эркак чеҳрасини эсга олди. Нисина. Икки ой аввал кеч оқшомда омбордан идорага қайтиб келганди. Қоронғи эди, чироқ фақат идора хонасида ёнарди. У ерда биров борлигини англади ва эшик томон йўналди, бироқ шу лаҳзада эшик ўзи очилди ва ундан Ясуэ чиқиб келди. Нима, қайтар вақт бўладими? – жилмайди аёл. Унинг юзи қип-қизариб кетди, қўллари билан сочларини тартибга солишга ҳаракат қиларди. Эшикни ёпишга шошилди, аммо куёв хонадаги диванда Нисина ўтирганини кўриб қолди. Шунда куёв қайнонасининг шу одам билан дон олишиб юрганига амин бўлди.
Дарвоқе, Нобутакэ эркак сифатида энди ҳеч нимага ярамай қолганди, жўшқин Ясуэнинг ким биландир аҳди паймон қилишидан таажжубга тушишга ҳам ҳожат йўқ эди. Шу боис у ўшанда кўрган нарсасига ортиқ эътибор бермаганди.
Аммо энди, ўзи унинг карашмаларига мафтун бўлиб қолгач, ҳайрон бўлиб ўзидан сўрарди: Наҳотки Ясуэ дуч келган одам билан ишрат суриб кетаверса? У Нобутакэнинг отаси ҳақидаги ҳангомани эслади, у ёшликларида Ясуэга кўп яхшиликлар қилганди, балки у билан ҳам ораларида бир гап бўлганмиди? Ясуэ қандайдир кўринмас, ҳам сеҳрли, ҳам жирканч ришта билан чирмаб олаётганини сезиб, шарт ўрнидан турди-да, хонадан чиқиб кетди…
Кийимхонадаги ғира-ширада у тарашаларни яна бир қараб чиқди, ўйиқлар туширилиши керак бўлган биқин томонларини пайпаслаб қўйди. Ўйиқлардан ном-нишон йўқ эди: ахир ўзи сал олдин омборхонада шу жойларини рандалаб чиқмаганмиди? Тарашалар сип-силлиқ эди.
Бунга иймони комил бўлгач, у тарашаларни алоҳида-алоҳида оқ шойи матога ўраб чиқди. Яна бироздан кейин мусобақа бошланади ва ўшанда Нобутакэ уларни қўлига олади, ҳайрон бўлади ва саросимага тушади. Баттар бўлсин. Ўзининг ярамаслигига ўзи иқрор бўлсин. Ясуэ ўзининг нозик қўллари билан уни ҳамма бало-қазолардан асраб-авайлаб келаётганини билиб, виждони қийналсин.
У ўрнидан турди, тарашаларни олди. Шу пайтда меҳмонхона бўлмада фортепьяно янгради. Буни Кэйко чалаётгани аниқ эди. Кейин тенор-Монкнинг оммабоп куйлари ижро этилаётганди. Умуман олганда, у замонавий куйларга унчалик ишқибоз эмасди, аммо Кэйко уларнинг инглиз тилини ўрганиб юрган пайтлардаёқ унинг мусиқа билан шуғулланишига эътибор берар ва аста-секин бу нарсалар унга ёқиб қола бошлаганди.
Мусиқа ҳамманинг руҳини кўтариб юборган бўлиши керак: у меҳмонхона бўлмага кириб келганида меҳмонлар аллақачон еб-ичишга тушиб кетган, ғала-ғовур қилар, тантаналар авжга минганди. У тортли идишни столга қўйиб улгурмасидан меҳмонлардан кимдир уни табриклагани келди.
Меҳмонлар билан гап сотар экан, кўзининг қири билан роялда ўтирган хотинига қараб қўйди. Қип-қизариб кетган Кэйко ноталарга қарамасдан узун сочли йигит шериги билан Монкнинг орзулар мавзуидаги вариацияларни чала кетди. Эсида: бир вақтлар унга қора кўйлакдаги бу саксофончини исми Яцуги деб айтганди. Аввалига Кэйко ийманиб юрди, аммо саксофон билан жўрликда куйлар ижро этишлари баробарида бармоқлари ҳам дадил ҳаракат қила бошлаганди. Яцуги жон-жаҳди билан саксофонга пуфлар, сочларини силкитар, озғин гавдаси эшилиб-эшилиб кетар эди. Қолган эркаклар: ўрта ёшлардаги трубачи, соқолдор контрабасчи ва зарбчи Болакай унга монанд жўр бўлар эди.
Кэйконинг бундай жонланиб кетганини кўриб, унинг рашки аланга олди. Албатта, мусиқага берилиш рашкка йўл берувчи ишқибозликлардан эмас. Аммо у Ясуэда кутилмаган кучли аёллик жозиба борлигини энди биларди, Кэйко эса бор-йўғи унинг қизи эди.
Тўсатдан стол билан ёнма-ён микрофон олдида оқсоч Сэкигава пайдо бўлди. Мусиқа тинди, у сўзлай кетди. Сэкигава ўрмон савдоси уюшмаси раиси Симамото, шунингдек улар фирмасининг доимий тадбиркор шериги Оосэ табрик сўзи айтишларини ўтинди.
Ана, бошланди, ўйлади у. Ҳам зерикарли, ҳам беҳузур. Беҳузурлиги шундаки, ҳозир табрикдан кейин Кэйкони столга чақиришади, тортни кесишга ундашади ва ҳамма бу воқеани суратга олади.
Бу маросим тугагач, Сэкигава яна микрофон олдига борди ва гапира кетди:
– Олдин айтганимдек, ҳозир эътиборингизга бу хонадонда кўп авлодлар давомида ўтказиб келинган, овоза қилинмаган мусобақани ҳавола этамиз, у “ёғоч ҳидлаш” деб аталади.
Э-ҳа, демак бу ҳақда мен кийимхонада ўтирганимда эълон қилишган экан-да.
– Ўз-ўзидан равшанки, бу мусобақа аслида бир ўйин. Унда ичимиздан ҳар бир киши иштирок этиши мумкин. Шуниси ҳам борки, кўплаб мукофотлар тайёрлаб қўйилган.
Сэкигава сўзлар экан, стол олдига қидириб ҳеч жойдан топишолмаган Нисина келди. У олтита яхшилаб ўралган, олдиндан чийланган тарашани оқ дастурхонга битта-битта териб қўйди.
– Мен уриниб кўрсам майлими? – сочини калта қилиб олдирган Сомия стол томон юрди. Ҳойнаҳой уни Ясуэ пишитиб қўйган.
Ясуэнинг жияни ёш қизалоқ чолнинг олдига борди-да, рўмолча билан унинг кўзини боғлади. Сомия мийиғида кулиб қўлини тарашаларга чўзди, кейин бирдан қўрқиб қўлини тортиб олди. Томошабинлар қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Шу заҳоти унга мусиқа жўр бўлди: Кэйко роялда қайсидир енгил, тинчлантирувчи куйни чала кетди. Бу Ясуэдан чиққан фикр, ўйлади у. Жуда яхши чалаяпти.
Меҳмонлар кулгуси ва фортепьяно овози остида, ҳамма жонланган бир пайтда Сомия ўнг чеккадаги тарашани олиб ҳидлади-да, эълон қилди:
– Ёсинодан келтирилган криптомерия.
Меҳмонлар яна гуриллаб кулди. Тарашага “қизил қарағай” деб аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилганди.
Олти тарашадан Сомия биттасини ҳам тўғри тополмади. Аммо Ясуэнинг жияни барибир унга катта, яхшилаб ўралган чиройли қутичани топширди.
Биринчи уриниш меҳмонларда айрича қизиқиш уйғотди. Стол олдига бирин-кетин хоҳловчилар кела бошлади. Бир улгуржичининг ёш хотини ҳид ажратишда уддабурон чиқди ва роса учта тарашани тўғри топди. Кейин кекса ёшли ўрмон савдоси раиси чиқди, аммо у фақат биттасини топди. Нобутакэнинг ичиб олган шериги тантанавор ва баланд овозда тарашаларни топишга киришиб кетди, аммо битта ҳам ёғочни тополмай тор-мор бўлди.
– Хўш, уйнинг эгаси нима дейди, ахир у катта тажрибага эга! – атайлабми ёки шунчаликми, қариндош-уруғлар ичидан бири – ёш йигит нидо солди. Нобутакэ дераза яқинида ўтирарди ва мусаллас симирарди, аммо ёнидагилар уни стол томонга итариб юборишди.
Унинг кўзини боғлашди. Оёқлари узун, мусалласдан қип-қизариб кетган Нобутакэ чайқалиб кетди. Кэйко паст овозда фортепьяно чалар эди.
Нобутакэнинг юраги дук-дук уриб кетди. Қайнота столга яқинроқ борди. Жиянлари қуршовида сал нарида турган Ясуэга қаради. Ясуэ хотиржам табассум ила эрига қараб турарди. Ҳозир нима бўлишини тасаввур қилиб у нафасини ичига ютди.
Нобутакэ столни пайпаслади, ўнг томондаги четки тарашани тутди-да, уни апил-тапил юзига олиб борди.
– Кисюдан келтирилган сарв… – деди у аста ўзига-ўзи гапиргандай. Меҳмонлар шовқин солиб юборишди. Тарашада айнан шу ёзилганди.
– Америка сарви, – деди қайнота бир қадар шошиб, столдан навбатдаги тарашани оларкан. Меҳмонлар яна тўлқинланиб кетди, қарсаклар янгради. Нобутакэ тағин тўғри топди.
У ҳайрат билан қайнотасининг қўлларига қаради: унга Нобутакэ биқин томондаги тарашаларни пайпаслаб кўришни бамисоли эсидан чиқаргандай туюлиб кетди. Аммо у жуда узоқда ўтирарди ва у ёқдан унча яхши кўринмасди. Дарвоқе ўйиқ барибир йўқ эди ва у ҳеч нарсани тушунмаётганди.
Унинг ҳайратдан ўзига келишига имкон бермай, Нобутакэ бирин-кетин барча тарашаларни тўғри топди.
Меҳмонхона бўлмаси “қойил,қойил” деган ҳайқириқлардан ва қарсаклардан ларзага келди. Нобутакэ енгил жилмайиб қўйди, гўё бу шовқинга унинг дахли йўқдай.
Кўзбоғични ечдириб, қайнота дераза олдидаги ўз жойига қайтди.
У ҳамон тик турарди, булар бари тўғри эканига ишонмас, нима деб ўйлашни билмас ва нима дейишни ҳам фаҳмлаёлмас эди. Бу унинг ўзими ё бошқа одамми? Ёки Нобутакэ қандайдир жоду кучига эгами? Демак, у баъзилар ўйлаганидек тубан одам эмас экан-да?
У Ясуэга қаради. Ясуэ ҳамон ўша жойда жиянлари билан пинагини ҳам бузмай гап сотарди. Унинг кўнгли тўқлиги шундоқ кўриниб турарди. Балки эри тарашаларнинг сирини қандай топганини хотинидан сўраб кўргани маъқулдир.
Шу топ у Кэйконинг ўрнидан туриб, онаси томон йўл олганини кўрди. Ярим йўлга келганда қиз бамисоли унинг нигоҳини сезгандек унга қараб жилмайиб қўйди. У қўли билан уни ўзи томон чақирди, қиз келди – у терлаб кетганди, аммо ҳар доимгидай ёқут чеҳраси ялт-юлт қиларди.
– Хўш, қалай бўлди? – сўради Кэйко.
Савол хотинининг ўйини устидан берилгани аниқ эди, бироқ йигит беихтиёр бутунлай бошқа нарса ҳақида гапирди:
– Отам ҳаммасини топди. Таажжуб.
– Ҳа, – бош ирғаб деди Кэйко, гарчи ҳаммаси тўғри бўлганига гумонсирагандай оҳангда. Бу гап оҳанги унга шубҳали туюлди. Кейин аёл қўшиб қўйди: – Ҳамма шундай деб ўйлаяпти. Буни эса мен унга хуфёна айтдим.
Йигит қулоқларига ишонмади.
– Сен-а? Бўлиши мумкин эмас. Қандай қилиб айтдинг?
– Мен унга чолғум овози билан айтиб турдим. Мен баъзи ноталарга урғу бердим, зарблар миқдори эса тараша рақамини билдирарди.
Бир лаҳзача у нима деб жавоб беришини билмади ва индамай хотинига қаради. У бошидан зарба еган-у, сира ўзига келолмаётган одам ҳолига тушганди. На Кэйкони, на Ясуэни кўришга кўзи йўқ эди. Мана бу одамларга тўла, димиқиб кетган танобий ҳам йигитнинг кўзига балодек кўриниб кетди.
У индамай даҳлизга борди, оёғига кийиб ташқарига чиқди. Лифтда биринчи қаватга тушди ва шоҳроҳ томон одимлаб кетди. Оқшом чўкиб бўлган эди.
Денгиз томондан ёқимли, салқин шабада эсарди. Шошиладиган жойи йўқ эди, аммо у тез юриб борарди ва фақат унча катта бўлмаган тош кўприкка етгандагина тўхтади. Кўприк тагидан худди фирма олдидагига ўхшаш энсиз анҳор оқарди. Сувга энгашиб, у бу ерга келиш учун нега шошгани ёдига тушди. На фақат Ясуэ, балки қизи Кэйко ҳам уни ўзига билдирмай кўринмас ришта билан қандай ўраб-чирмаб олишни биларкан. Улар орасидан чиқиб олиш учун келди бу ерга. Аммо бу фойдасиз эди. Тун зулмати қуршаган каби нимадир уни қуршаб олганди.
У ташналикдан қийналиб кетган одамдай қоп-қора сувга қараб қўйди. Тонг чоғи отаси билан Накагава дарёсидан пастга қараб сузганлари эсига тушди. Осмон тўқ-кўк тусда бўлиб, ҳали юлдузлар кўриниб, шамол эсиб турарди. Мавжлар узра чайқалганча қайиқ худди кумушранг форель каби юлдузли бўшлиқ томон ўқдай учиб борарди.
Энди қоп-қора осмон остида парвознинг бу туйғуси яна қайтиб келди ва ўзига ҳам ҳозир юлдуз шуъласига пешвоз сузиб бораётгандек туюлиб кетди.
Рус тилидан Дилдорхон Алиева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 9-сон