Баъзи аёлларга ўхшаб валақлашни жиним суймайди-ю, аммо тажриба алмашиш учун бўлса, марҳамат! Хуллас, мен эримнинг салбий одатларини қандай тузатаман? Масалан, муҳим муаммо — ароқ-хўрликни олайлик. Лекин ўйламанг тағин, эри алкаш экан деб. Аммо ичишни ёқтиради. Гоҳида ишдан қўнғироқ қилади: мажлисда ушланиб қоламан, деб. Марҳамат! Қайтади-ку! «Уфла-чи. Ҳаммаси равшан! Қаерда мажлис қилдинг? — У индай олмайди — Ана, ҳолинг шу-да. Бор, ҳовлига чиқ, кайфинг тарқамагунча уйга кирма!» Тушуняпсизми? Мабодо мен уни шундоқ ҳайдаб юборсам, у улфатларининг олдига жўнаб қолади.
Кашандалиги-чи, асти сўраманг. Марҳамат, зинапояга чиқиб чексин. Ишида, дўстлари даврасида бурқситсин. Мен тирик эканман уйда чекиб бўпти! Бироқ, зинапояда баъзан у билан қўшни аёл ҳам биргалашиб тутатиб турганини кўриб дарҳол бу чорани тўхтатдим. Ахир қўшни аёлнинг эри чекмайди, бу ҳолат уларни яқинлаштириб қўйиши мумкин. Энди у ошхонада шифтга ўрнатилган ҳаво сўрғичнинг тўғрисига стул қўйиб, унинг остида чекади. Сезаяпман, тобора кам-кам чекяпти.
Кўпчиликка тегишли бўлган энг катта бахтсизликлардан яна бири — эримнинг ўртоқлари. Улардан қандай қилиб қутулиш мумкин? Бунинг йўли осон. Сиз эрингизга айтинг: «Вой, Худойим-ей, бу Федя қандай ажойиб эркак-а, қандай ажойиб!» Шундан кейин эрингиз Федяни ҳеч қачон чақирмайди. Петя ҳақида эса бутунлай бошқача оҳангда гапиринг: «Уни мен кечираман, маст-аласт тентак-да, қурмағур, сен салгина четга қарадинг дегунча, менга шилқимлик қилади-я…» Тамом, Федя кетидан Петя йўқолади. Кейин яна бир ишончли йўли бор — озроқ моддий зарар кўрилса-да, эрим менинг рухсатим билан дўстига қарз беради, шу билан ўша дўсти узоқ вақт, гоҳида бир умрга қорасини кўрсатмайди. Сизни ишонтириб айтаманки, бу йўл битта-яримта сурбетни узоқ йиллар едириб-ичиргандан афзал.
Эрни қандай қилиб тежамкорликка ўргатиш мумкин? Бу — энг қийини. Улар кўп нарсани пинҳон сақлашга ҳаракат қилишади: мукофот пулини, маошга қўшимчани, қалам ҳақини. Бундай пайтда уни тинтув қилиш зарур, деб ўйлайсизми? Асло ундай қилманг. Бу — беадаблик. Шундай ҳолда айтинг: «Қуёшим, мен сени ишга костюмингнинг шу аҳволи билан қўйиб юборолмайман. Ечгин, дазмоллайман!» Қаршилик қилади. «Еч!» денг қатъий, ахир бу — зўрлик эмас, ғамхўрлик-ку! Костюм ечилгач, уни дазмоллашдан олдин, албатта, чўнтакдагилар олиб қўйилади. Тушунарлими? Гоҳида топилмалар ён дафтарчада, эски-тускилар орасида, кўрпачалар остида ёки суратлар орқасида паноҳ топади. Бунда фақат сезги, сезги ва яна сезги иш беради. Бундай пайтда сизни енгил юмор қутқаради. Мисол учун сиз Пушкин ёки Балзакнинг қайсидир сайланмаси орасидан йирик пул топиб олсангиз, унинг ўрнига «Сиздан миннатдорман, Фантомас» дея дастхат қолдиринг.
Давом этсак. Ҳурматли дугоналар, сизларга ҳеч қачон рашкчи аёл бўлишни тавсия этмайман. Рашк — рақибингизга қўл келади. Рашк эрингиз учун яхши, уй эса дўзахга айланади. Бундай ҳолларда мен ғамхўрлигимни ошираман. «Азизим, чарчамадингми? Мен сенга янги кўйлак сотиб олдим. Сен учун эртага қандай ёқимли овқат тайёрласам экан-а?» Бу ғамхўрлигингиз билан сиз уни ўраб-чирмаб оласиз, у эса қийналади. Бундай ҳолларда ичишга ҳам рухсат беринг. Уйда чекишга ҳам. Ҳатто улфатларни етаклаб келишга ҳам. Шунда албатта улфати «Эй, бу сенинг хотининг тилло-ку», дейди. Шу биттагина гапи билан эрингизни туппа-тузук рашкчига айлантиради-қўяди.
Дадил буйруқ бераверинг: «Кеч қолма! Юрма! Қарама! Ичиш-чекишни ўйлама…» Албатта, у бу гапларга ғалаён қилади. Меники бир гал бирдан қичқириб қолган: «Худо ҳақи, айт ахир, менга ўзи нима мумкин?»
Шунда мен жавоб қилганман: «Мени севиш мумкин. Севиш! Мана шунинг ўзи етарли!»
Адҳам Даминов таржимаси