Сайловбой Жумағулов. Тўқсон тўққизинчи ёнғоқ (ҳажвия)

Дадамиз, «эски бўлса ҳам машина сотиб оламиз», деган қарорга келди. Худди ана шу кундан бошлаб уйимизда пулни тежаш деган маш-маша бошланди.
Ҳаммамиз дадамнинг машина сотиб олишига рози эдик. Бироқ, пулни тежаш «тадбири» кўп ўтмай жонимизга тегди. Кийимларимизни қайта-қайта ювиб кия бошладик. Пойафзалларимизга ҳам бир-иккитадан ямоқ тушди. Одатдаги овқат ҳам камайди. Гўшт харид қилишни, умуман унутдик. Гўшти шилинган суяк, арзон ичак-чавоқ ейишга ўтдик. Бу ҳам камлик қилгандек, дадам ҳар куни биздан ҳисоб сўрайдиган одат чиқарди.
Бугун ойимга харажатга деб озроқ пул ташлаб кетган экан, шунинг ҳисоботини сўради.
— Озгина пул нимагаям етарди? — деди ойим жаҳл билан. — Бир тийин ҳам қолгани йўқ, зоғора, макарон, чой, туз, гугурт олдим…
Ҳисобот навбати менга келди.
— Тушликка уйга келдингми?
— Йўқ, кела олмадим.
— Қаерда бўлдинг?
— Ишхонамиз яқинида ошхона бор. Ўша ерда овқатландим!
— Нима дединг?! — ўшқирди дадам столни уриб. — Нега гапимга қулоқ тутмайсан?! Маошингни тушликка сарфласанг, ойнинг охирида уйга нима олиб келасан? Сенга пулни тежа деб ҳар куни айтаман-ку!
Мен чидаб туролмадим.
— Нима энди, тушликда овқатланмайми?
— Овқатланма демайман! Бироқ, тежаб овқатлан. Бир иложини топ! Тушликда ўртоқларингни уйига борсанг ҳам бўлади. Бир чойнак чой, битта нон билан ҳеч ким ўлиб қолмайди.
Дадамга ойим эътироз билдирди:
— Қўйсангизчи, кап-катта ўғлимиз энди пулни тежайман деб ҳар куни бировларнинг уйида девонадек тентираб юрадими?
— Тентирамаса, бундан кейин ошхонага йўламасин, — деди дадам яна бир насиҳатни бошлаб. — Идорасининг ичида арзон ошхона бўлса керак, ўша жойда тушлик қилса бўлади-ку. Мен уч ойдан бери булочка еб юрибман.
— Вой, шўрим! — Ойим таажжубдан ёқасини ушлади. — Бир бурда нон билан қандай чидаб юрибсиз? Ўйловдим-а, нега бунча шаштингиз пасайиб кетди деб. Булочкага қорин тўядими?
— Нега тўймас экан, тўяди. Кичкинагина, думалоқ чойнагим бор. Ўшанга туямўйиннинг сувини қуяман-да, ичига ток билан ишлайдиган қайнаткични соламан. Ўн-ўн беш дақиқада варақлаб қайнайди. Бир қути арзон кўк чой олиб қўйганман, бир ярим ойга етади. Ўшандан бир чимдим соламан-да, устига рўмолчамни бостириб қўяман. Чой яхшилаб дам олгунга қадар пастдаги буфетга тушиб, ундан битта булочка сотиб оламан. Ўша билан яхшилаб чой ичаман.
Ойим уни қайтариб ташлади:
—Шу ҳам овқатланиш бўлдими? Ҳэ, тежамкорлигингиздан ҳам ўргилдим!
— Тўғри, булочка овқат бўлмайди, албатта, — деди дадам, «ҳали давомини эшит» дегандек. — Чойдан кейин қорин тўйдиришнинг иккинчи «усули» бор.
— Астағфирулло! Яна қанақа усул?
— Чойни ичиб бўлганимдан кейин хонамнинг эшигини ёпаман-да, бозорга бораман. Харидорларга ўхшаб, «Оғайни қора кишмишинг қанча бўлди?», «Қизим, узумингдан еб кўрсак майлими?», «Ука, қуритилган ўригинг неча сўм, данаги аччиқ эмасми?», «Дўстим, ёнғоғингни пўсти юпқами?», «Синглим, қизил олманг қанчадан?» деган саволлар билан таъмини тотиб боравераман. Шундай қилиб, бозорнинг нариги четига чиққунча қорнинг тўяди. Еганларимнинг турган-битгани витамин.
— Витаминларингиз ўзингизга буюрсин! — деди ойим мени ичкарига етаклаб. — Ўғлим энди сизга ўхшаб бозорда бировларнинг сотгани олиб келган мева-чеваларидан еб юрсинми? Қўйинг, ошхонада овқатланаверсин. Бошини қотирманг!
…Эртасига ишхонамда телефон жиринглади.
— Айланайин, болам, тезроқ ишингдан рухсат олиб, бозорга кел! — деди ойим йиғламсираб. — Даданг бозорда шарманда бўлибди. Бир ёнғоқфуруш йигит дадангнинг ҳар сафар еган ёнғоқларини санаб юрган экан. Даданг унинг тўқсон саккиз ёнғоғини ебди. Тўқсон тўққизинчи ёнғоқни қўлига олиб: «Оғайни, ёнғоғинг пуч эмасми, чақиб кўрайлик!» деб яна емоқчи бўлганда оғзига мушт туширибди.
Айтишларига қараганда, ёнғоқфуруш ҳам машина олмоқчи экан…
Эртасигаёқ пулни «тежаш» тўхтатилди. Шу вақтгача йиғилган пулни дадамни даволашга сарфладик…

Қорақалпоқ тилидан Гуландом Курамбоева таржимаси