Эрталаб Петров бир қултум қаҳвасини ичди-ю, хотинининг пешонасидан ўпиб, ишга отланмоқчи бўлиб, остонага етганда ҳаяллаб, чўнтакларини ковлаштира бошлади.
— Нимангни излаяпсан? — деди хотини.
— Фикрим… менинг фикрим… топилмаяпти, — деди Петров кийимларини пайпаслаб, киссаларини ковлашда давом этаркан. — Қаёққа тиқдим экан-а!
— Анови чўнтагингдаги шалвираб турган нима?
— Дастрўмолчам, — минғирлади Петров. — Фикрим қаёққа даф бўлдийкин-а?
У барча чўнтакларини ағдариб кўрди, портфелини титкилади, кийимларини қоқиштириб кўрди — тополмади.
— Йўқ, — деди у хотинига. — Сен билмайсанми, қаёққа ғойиб бўлганикин?
— Яхшиси, ҳовлиқмасдан, астойдил излаб кўр.
Петров яна чўнтакларини бирин-кетин ковлашга тушди. Афсуски, ҳеч қаерда унинг шахсий фикри йўқ эди.
— Шошмай тур-чи, — дея хотини пешонасини тириштирди. — Охирги марта сен уни ўтган йили, январ ойида эслагандек бўлувдинг, шекилли. Корхонангда йиллик режа тасдиқланадиган куни-чи?
— Йўқ, хотин, адашяпсан. Мен ҳали ақлдан озганим йўқки, йиллик режа муҳокамасига шахсий фикрим билан борсам!..
— Ҳмм… Ҳа, айтмоқчи! Кейин вазирликка чақиришувди-ку? Эҳтимол, фикрингни ўшанда обкетган бўлма тағин?
— Нималар деяпсан, хотин? Вазирликка ким ҳам ўз фикри билан боради, а? Шундай нуфузли жойда, одатда, ўзгаларнинг фикрига қўшиласан, бас! Йўқ, у гал фикримни обкетмаганман.
— Унда қаёққа гумдон бўлади? Аслида бормиди ўзи?
— Бор эди, бор эди, мана, энди йўқ.
— Ёпирай! Савил қолгур фикринг қайси кавакка кириб кетдийкин, а?
Хотини чуқур ўйга толди. Эри сўнгги пайтларда қаерларга борувди, ўзи билан ўз фикрини қачон обкетувди?
— О, топдим! — деб қийқириб юборди хотини. — Эсингдами, Бош директорингга тишини қайраб юрган Симеонов деган шартаки ходимларинг бор эди-ку, ўшани ишдан бўшатадиган кун эсингдами? Фикрингни ўша кунги мажлисга обкетгансан. Ёдингга тушдими?
— Ёдимда, — деди Петров бамайлихотир. — Лекин ўшанда биздан мажлис қарорини қўллаб-қувватлашгина сўралган, холос. Шахсий фикр ҳеч кимни қизиқтирмаган.
Хотини жавонини очиб кўрди.
— Балки сен уни муҳим ҳужжатларинг сақланадиган ғаладонга солиб қўйгандирсан?
— Қўйгандим. Сўнг бир марта олиш учун очиб… олдимми ё яна солиб қўйдимми, эсимда йўқ.
— Менга қара, шу тобда шахсий фикринг нега керак бўп қолди? Нега ёпишиб олдинг? Ахир, ишга кетяпсан-ку? Сўраб қолсалар, “уйда қопти”, деб айтарсан-да.
— Хўп, айтарман. Мабодо, уни мутлақо йўқотиб қўйган бўлсам-чи?
— Қиёмат қўпмас! Унингсиз ҳам бинойидек яшаб келяпсан-ку!
— Тўғрику-я… Ҳар ҳолда, доим унингсиз яшаш ҳам яхшимас. Бирор нозик жойда керак бўп қолса, нима деган одам бўламан?
— Керак бўлмайди-ёв…
— Йўқ, ҳар ҳолда, ҳар ҳолда… Бирор жойда бордир у? Ҳеч бўлмаса, бир қур қараб кўрайлик-чи!..
Хотини шиддат билан кийим-кечак, кўрпа-тўшакларни ағдаришга тушиб кетди…
— Мана у! — деди хотини терларини арта-арта. — Сен уни эски пальтонгнинг чўнтагида қолдирибсан. Бу пальтони, биласанми, икки йил олдин чиқитга чиқариб ташловдинг.
— Тўппа-тўғри, шахсий фикрим! — қувониб кетди Петров. — Икки йил олдин опчиққан эканман-у, яна ўша жойида паққос унутиб қолдирибман-а?
— Мен пальтони ювишга топширворгандим-ов. Бу ёққа ол-чи, кирмошинда фикринг ивиб, титилиб кетмадимикин? — Шундай деб хотини айлантириб-айлантириб, силкиб-силкиб, пуфлаб-пуфлаб эрига фикрини қайтариб берди. — Йўқ, жин ҳам урмабди. Аксинча, худди янгидек.
— Албатта-да, мен ундан деярли фойдаланмадим, ахир.
— Тўғри қиласан. Менам пальтонгни болахонага чиқариб ташламоқчийдим. Барибир киймайсан-ку!
— Менда янгиси бор-ку. Почапўстин.
— Энди фикрингни бошқа, кўринарли жойга қўй. Қутичагами, ҳужжатларингнинг орасигами? Яхшиси, энг ишончлиси — омонат дафтарчангнинг қатига жойлаб қўя қолганинг дуруст.
— Шундай қиламан!
Петров шахсий фикрини дафтарча қатига жойлади-ю, хотинининг пешонасидан ўпиб, мамнун ҳолда эшикдан чиқди.
Русчадан Аҳмад Оқназаров таржимаси