Мақсуд Қориев. Бир ойда ўласиз (ҳажвия)

Аҳмад полвон ўтирса тура олмас, турса ўтира олмасди. Эҳ-ҳе, уни кўрсангиз ҳайрон қоласиз, кўчада келяпти-ю, худди тоғ юраётгандай ваҳимали. Ўзи ҳам юз элликдан ортиқ. Аслида маҳалладаги энг семиз одам шу. Гавдасига яраша бирор жойда кураш тушса ҳам майли эди, қайда дейсиз, ҳатто иш қилишга ҳам ярамайди, овқат бўлса бас, кўрдим демайди. Тошкентнинг қаерида ош борлигини одамлардан сўраб билиб олади. Тонг саҳарлаб Ўрдага, кейин “Нур”га, ҳарсиллаб, “Наврўз”га чопади. Қани энди ўзи бемалол сиғадиган машина бўлса-ю, ҳамма ошларга улгурса…
Кечқурун телевизор қаршисида юмалаб ётса, бирдан экранда реклама бериб қолди: “Уч кунда оздирамиз”, “Суперозиш “50 килогача”, “33 секундда оздирамиз”, “Бир ҳафтада 3-5 кило оздирамиз”, “Қорнингиздаги ёғни йўқ қиламиз”, “Янги йилгача оздирамиз”, “Қорнингизни йўқ қиламиз, куч-қувватингизни ҳам”… Хуллас, ойнаи жаҳонда рекламачиларнинг телефон номерлари ҳам берилди. Аммо Аҳмад полвон шошганидан телефонларни ёзолмади. Ёнида қалам-қоғози ҳам йўқ эди. Дардига даво топилганидан ўзида йўқ хурсанд. “Тавба, “Умрбод оздирамиз”, “Бир соатда оздирамиз”, дейишаяпти. Қойил-ей! Бир зумда сумбатдек йигит бўлиб қолсам-а? Оловуддиннинг сеҳрли чироғи ҳам шунчалик ажойиботга қодир бўлмаса керак.
Севинганидан музлатгични очиб, кечқурундан қолган мошкичирини, совуқ бўлса ҳам, бутун нон билан туширди. Банкадаги совутиб қўйилган яхнани бир симиришда тинчитди. Кейин нафси қониб, кўнгли жойига тушди-ю, айиқдай лапанглаб, хонасига кириб ухлаб қолди.
Тушида ўша одамларни оздирадиган жойга борганмиш. Борса, чўпдек озиб кетган бир чол ўтирган экан. Озғинлигидан сўзлашга дармони етмас эмиш.
— Нега бунчалик озиб кетдингиз? — деб сўрабди полвон.
— Бу ерда саволни биз берамиз, сиз бугундан бошлаб “оздирхона”га бемор этиб қабул қилиндингиз, — дебди-ю, чол қўнғироқ тугмасини босган экан, бўйи шифтга етадиган иккита озиб-чўзилиб кетган, қора халатли киши полвонни қўлтиғидан судраб катта ҳовуз бўйига олиб боришибди. Қараса, ҳовузда муз аралаш сув эмиш. Ичида қандайдир қурбақага ўхшаган хунук маҳлуқлар сузиб юрганмиш. Шунда ҳалиги икки киши уни қўлтиғидан судраб олиб келиб, ҳовузга отиб юборишибди. “Дод” деб юборган экан, ўзининг овозига уйғониб кетибди. Ҳартугул туши экан. Бироз ўзига келиб, ўрнидан туриб, чироқни ёқиб, соатга қараса, етти бўлибди. Дарҳол кўкчалик бир қадрдон дўстига телефон қилибди:
— Ҳой, Боқивой, бирор бир оздирадиган жойнинг телефонини биласанми?
— Сенга нима бўлди, полвон, саҳарлаб озгинг келиб қолибди?..
— Кеча телевизорда кўрсатганди. Шу телефон рақамини ёзиб улгуролмадим.
— Менга қара, қайси бир газетада жуда кўп эълон беради… Ҳа, айтгандек, “Тасвир”ни қара, оздирадиган жойнинг телефони ўшанда бўлади…
Аҳмад полвоннинг иши юришмади. Нонуштани қилди-ю, зерикиб, одати бўйича эшик ёнига чиқиб, ўзига алоҳида қилинган тахта ўриндиққа жойлашган ҳам эдики, маҳалла оқсоқоли келиб қолди:
— Ҳа, полвон, таъбингиз хира кўринади.
— Яхши келиб қолдингиз, — деди-ю, полвон арз-додини сўзлаб кетди.
— Эй, қизиқ экансиз, Тахтапулда Дадавой деган мошпуруш бор. Шунга борсангиз, даво топасиз. Зўр табиб.
Кейин унинг уй манзилини синчиклаб тушунтириб берди.
Полвон пешинга яқин мошпурушнинг уйини топиб борди. Мошпуруш кичкинагина одам экан. Қизиғи шундаки, полвон тушида кўрган оздирадиган жойдаги ўша жиккак кишига жуда ўхшаб кетаркан. “Тушимми ё ўнгимми”, деб ҳайрон бўлди полвон.
— Хўш, келинг полвон, хизмат? — деди мошпуруш.
Аҳмад полвон бўлган воқеани сўзлаб берди.
Мошпуруш синчков кўзлари билан полвонга бошдан-оёқ қараб турди-да, “Бўлмайди, вақт ўтган, эссиз…”, деб пушаймон бўлгандек калласини ликиллатиб қўйди.
— Бўлмайдими? — деди ранги қув ўчиб кетган полвон қаршисидаги нажоткорига маъюс термулиб.
— Тўғрисини айтайми? — деди табиб қатъийлик билан.
— Айтинг, — секингина сўзлади полвон.
— Бир ойдан кейин ўласиз, — деди табиб полвоннинг кўзларига тик қараб.
Аҳмад полвон ўрнидан турди-ю, табибга: “Аҳмоқ одам экансиз”, деб хонадан ўқдек чиқиб кетганини ўзи ҳам билмай қолди. Уйига борди-ю, кечгача мукка тушиб ётди. Хотини унинг кўнглига ёқадиган овқатлар тайёрлаб берди, полвон бўлса озгина ейди-ю, негадир у ёғи томоғидан ўтмай қолади. Вақти-вақти билан кўчага чиқиб, йўқ бўлиб кетади, дўкондан нималарнидир сотиб олиб, уйга келтириб, ўзининг кийим шкафига беркитиб қўяди.
Бир куни эрталабки нонушта вақтида хотинидан:
— Зароп, ўғлинг неча ёшга кирди? — деб сўраб қолди.
— Саккизга, нимайди?
— Шунчаки сўраб қўйдим-да. Бугун алоғ-чалоғ тушлар кўрдим. Юр, бир ойимларни кўриб келайлик, соғиниб кетдим, — деди.
Хотини ҳайрон. Эрининг руҳи тушиб, хафа бўлиб юрганини сезарди. Баъзан гаплари пойма-пой, бир ёққа кетадиган одамдай ғалати қилиқ қиларди.
Хуллас, руҳан тушкунликда юрган бир ой ҳам ўтиб кетди. Айтилгандан бир кун, икки кун, бир ҳафта ўтди. Ўлмади, аксинча, аҳволи анча яхши бўлиб, илгаригидек ҳарсиллашлари йўқолгандек эди.
Ўша куни кўчага отланаётган эди, хотини:
— Бу костюмингиз ўзингизга катта келиб, халпиллаб қолибди, мана бунисини кийинг, — деб бошқа хонадан куёвлигида кийган костюмини, кўйлагини олиб чиқиб берди. У кийимларини кийди-ю, шоша-пиша табибникига борди. Табиб уйида экан. Уни кўриши билан сўка бошлади.
— Сен аблаҳ, сен иблис, нега мени алдадинг, табиб эмас, ёлғончи, баттол экансан. Бир ойдан бери на уйқумда, на овқатимда халоват бор. Асабим тамом бўлди-ку. Сен менга туҳмат қилдинг, судга бераман сени, алдоқчи каззоб.
Табиб эса жимгина полвонга қараб кулиб турарди.
— Нега куласан, биров ўлай деса, бошқаси кулай дермиш…
— Полвон, сизни кўриб хурсанд бўляпман, ҳартугул тузалиб кетибсиз, энди ўлмайсиз, — деди.
— Нима, ростдан ҳам ўлмайманми? Худди дори бергандай гапирасан.
— “Бир ойда ўласиз” деган “дори”ни берганман-да!
Аҳмад полвон ҳам табибга қўшилиб кулиб юборди.