Котиба сомонранг сочларини силкитиб, ичкарига бош суқди ва деди:
— Жаноб директор, ҳамкасбимиз Цвайбайн ҳузурингизга кирмоқчи.
Корхона раҳбари қоғозларга кўмилган кўйи хаёл суриб ўтираркан, бошини кўтармай сўради:
— Нима иши бор экан?
— Зарур ишим бор деяпти…
— Майли, кирсин.
— Фавқулодда шошилинч масала чиқиб қолди, жаноб директор, — деди Цвайбайн хонага ховлиқиб кириб келаркан. — Тўғрироғи, корхонамизда содир бўлган кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа юзасидан…
— Марҳамат қилиб, фикрингизни аниқроқ ифода қилсангиз, — деди корхона раҳбари, олдидаги қоғозларни бир четга суриб қўяркан.
— Ҳозир, жаноб директор, — Цвайбайн чуқур нафас олди. — Гап шундаки, ошхонада аёллар бригадаси тўпланиб олиб… адашмасам йигирма чоғли…
— Хабарим бор, — деди директор қуруққина қилиб. — Хўш?..
— Тасаввур қилинг, жаноб директор, ичкарига киришимни биламан, анови бор-ку, ҳалиги… Миттенцвай, ўша, ишонасизми, кўзим тушиши билан… камина ток ургандек…
— Хўш, хўш? Нимага кўзингиз тушди?
— Ўша Миттенцвай, — бидиллаб сўзида давом этди Цвайбайн, — барча аёлларни ёши қари демай, шундоқ кўз ўнгимда ўпа бошласа бўладими! Тағин, ёноқларидан эмас, тўппа-тўғри лабларидан ўпяпти денг. Уйланган, бола-чақали одам бўлса, уят эмасми, жаноб директор?
Директор бироз жим қолди-да, сўнг сигарета тутатди. Кейин гўшакни қўлига олиб, Миттенцвай ҳузуримга кирсин, деди.
— Адашмасам, Миттенцвай хотин-қизлар бригадасининг етакчиси, шундайми?
— Худди шундай, жаноб директор! Цвайбайн шу дамда негадир тўлқинланиб кетди. — Ахир, ўзингиз ўйланг, жаноб директор, хизмат мавқеидан фойдаланиб, шунақа ишларни қилиб юрганини битта-яримта оғзига кучи етмаган билиб қолгудек бўлса борми, корхонамиз шаънига…
Худди шу пайт котибанинг “Миттенцвай келди” деган сўзлари эшитилди.
— Ўтиринг, ҳамкасб Миттенцвай, — деди корхона раҳбари унга юзланиб. — Ҳамкасб Цвайбайннинг айтишича, Сиз… — директор бир йўталволиб, сўзида давом этди. — Сиз бригадангиздаги барча хотин-қизларни… ўпганмишсиз. Шу тўғрими?
— Тўғри, — деди Миттенцвай хотиржам оҳангда.
— Ўҳў, — деб қўйди шу пайт Цвайбайн қитмирона оҳангда ва нигоҳини шипга қадаб олди.
— Ҳамкасб Миттенцвай, — деди директор, — бу хатти-ҳаракатингизнинг сабабини бизга тушунтириб бера оласизми?
— Албатта, — деди Миттенцвай. — Бу хатти-ҳаракатимни ҳар йили такрорлаб тураман. Аниқроғи, ўн йилдан бери, яъни бригадир бўлиб ишлаётганимдан буён.
Шу сўзлардан сўнг Цвайбайн директорга маъноли назар ташлаб, курсисига жойлашиброқ ўтириб олди.
— Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, — Миттенцвай хотиржам давом этди, — муайян бир куни. Биласизми жаноб директор, маошимиз ўзингизга маълум, йигирмата гулдаста олишга қурбим етмайди, шу боисдан…
— О, гап бу ёқда денг, — деди директор жилмайиб. — Муайян бир куни бўлса майлига. Лекин бу гал аёлларимизни ўпиб қўйишнинг ўзи камлик қилади. — У Цвайбайнга ўгирилди. — Марҳамат қилиб, ошхонага тушинг-да, менинг номимдан йигирма шиша лимонад буюринг.
Цвайбайн аранг ўрнидан турди. Унинг юзи оқариб кетганди. У кетишга чоғланган эди, Миттенцвай енгидан ушлаб тўхтатди.
— Кечирасиз, адашмасам, уйлангансиз-а?
Цвайбайн “ҳа” маъносида бош ирғади.
— Рафиқангизни табриклаб қўйдингизми?
Цвайбайн ҳеч нарсага тушунолмай, бироз ўйланиб қолди.
— Бугун байрам, — деди директор тантанавор оҳангда.
— Рафиқангизга ачинаман, — деди Миттенцвай бош чайқаб. — Афсуски, менинг бригадамда эмас-да. Йўқса, байрамга ажойиб совға оларди-я…
Олмон тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси