Дадам қишлоқда ўқитувчи эди. Онам эртадан-кечгача ўн бешта товуғимизга қараш билан машғул бўлар, уларнинг тухумини санаб, йиғиб қўйишдан ўзгача завқ олар ва биз — уч ака-укага ҳар тонг нонушта учун тухум қовуриб берардилар. Шунингдек, уларнинг тухуми бизга емак бўлишидан ташқари, мактабдаги сарф-харажатларимизга пул бўларди. Пул йиғилиб, уч ака-укага янги кийим бўларди. Аммо бир куни кечки овқат пайти дадам шундай деб қолдилар:
— Акангизнинг битиришига ҳам оз қолди. Шунинг учун сизлар унгача тухум емай турасизлар.
Менга битириш оқшоми учун янги кийим олиб беришлари керак эди. Сабаби шунда эди.
— Тушундингларми?
Укаларим фақатгина ичида ғудраниб қўя қолишди. Бу улар учун ноҳақликдек туюлса ҳам, ота-онамизни тушунишга ҳаракат қилишарди. Бир ҳафтадан сўнг тўполон бўлди. Ҳар куни иккитадан тухум сирли равишда йўқолиб қолаётган эди.
— Мен билмайман. Менга кийим учун аталган тухумларни нега энди ейишим керак, — дедим кўзларимни пирпиратиб.
— Мен ҳам билмайман.
— Мен ҳам…
Онамнинг қаршисида учовимиз ҳам бир-биримизга шубҳа билан қараб қўяр эдик. Товуқларнинг сони ўн бешта бўлса ҳам, тухумлар ўн учта эди. Нима учун бундай бўлаётганига биз ҳам ҳайрон эдик. Онам бундан куюнса-да, ўша ўн учта тухум ҳам менга етарли эди. Тухум ўғрисининг сири битирув базми куни фош бўлди. Кичик укам оппоқ аёллар туфлисини кўтариб, базмга мен билан боришга шайланиб турган онамнинг қаршисига келди.
— Ойижон, бу сиз учун… ҳалиги… тухумларни…
Укам сўзларни бир-бирига боғлай олмай, бир тоғдан, бир боғдан гапирарди. Онамнинг кўзларида ёш милтиради. Укамни бағрига босди.
— Ўзимнинг меҳрибон кенжатойим…
Ўшандан бери ҳар тонг онам бизга тухум қовуриб берадилар. Бу биз учун оддий емак эмас. Бу – онамнинг қайноқ меҳри билан пиширилган мазали неъматдир.
Корейсчадан Малоҳат Ғаффорова таржимаси