Биз тагига элак қўйилган мис патнис устида турган каттакон товоқдан ловияли ёвғон шўрва ичиб ўтирардик. Икки бош пиёз тўрт бўлакка бўлинганди. Биз еяётган пиёз бўлаклари иштаҳамизни қитиқларди. Онам менга товоқдан каттагина гўшт бўлагини олиб, нон устига қўйиб берди. Биз овоз чиқармай овқатланардик. Ниҳоят, товоқ бўшади ва биз қошиқларимизни қўйдик. Амаким овоз чиқариб: «Худога шукур»,— деди-да, соқолини артиб, столдан нари кетди. Онам идишларни йиғиб, дастурхонни ошхонага қоққани олиб чиқиб кетди. Амакиваччам Солиҳ тоғора билан кувача олиб келиб амакимнинг қўлига сув қуйиб, сочиқ тутди. Кейин устида лампа чироқ осиқлик турган ёзув столига яқинлашди. Стол ўрнида керосиндан бўшаган тунука бидон жойлашган яшик тўнкариб қўйилганди. Бидонга ё туя, ё қўтоснинг расми чизилганди (деҳқонлар учун бундай яшик эшакнинг устига ортишда жуда қўл келарди). Мен Солиҳнинг ёнига келиб ўтирдим.
Солиҳ кечаги газетани очиб, амаким белгилаб берган матнни кўчира бошлади. Дафтарига ҳаммасини кўчириб бўлганидан кейин, ёзган нарсасини овоз чиқариб ўқиб берди. Қарз тилхатининг тўғроли маркасига қўл қўйишдан бошқа на ёзишни ва на ўқишни билмайдиган амакимнинг амалий таълим ҳақида ўзининг шахсий услуби мавжуд эди. У одатда ўғлига: «Мана бу ердан бу ергача ҳаммасини кўчирасан!»—дерди. Амакимнинг топшириғи кўпинча қўшиш, айириш, кўпайтириш ҳамда бўлиш проблемаларига тааллуқли бўларди. Мазкур мисолларда кўпинча окка ва дирхамлар ҳақида гапириларди (бу вақтда ҳали килограмм ҳамда граммлар қўлланилмасди) ва албатта пора ва курушлар ҳам эсдан чиқмасди, ахир, олди-сотди пулсиз битмасдида «Палончи товардан шунчадан-шунча окка оламиз. Бир оккани мунчага сотамиз. Бизда мана шунча товар қолади. Шунда бизга қанча фойда қолади? Бугун қанча ва нима сотдинг? Қайси товар қанча фойда келтирди? Дўконни беркитаётганингда даромадинг неча курушни ташкил қилди? Амаким амакиваччамга берадиган масалалар шулардан иборат бўлиб, Солиҳ терга ботганча уларни ечишга уриниб ётарди. Негалигини ўзим ҳам билмайману, лекин унга ёрдам бермасдим.
Онам мўъжазгина патнисда иккита ликобчада қаҳва олиб кирди. Биз амакиваччам билан бир-биримизга ёқимли иштаҳа тилаб, бир ликобчадан қаҳвани маза қилиб ичиб олдик. Шу вақт амаким йўталдида, соқолини силаганча онамга мурожаат қилди.
— Келин, анави ишга келсак, мен оқсоқол Аҳмад афанди билан гаплашдим. У йигитчани ишга олиб, иш ўргатадиган бўлди. {Йигитча, бу демак, мен.) Бир-икки йил гумашта бўлиб ишлаб туради. Кирим-чиқим ишларини ўрганади. Озроқ сармоя қўшсак, кейин ўзи мустақил иш юрита бошлайди
— Ким у иш очадиган? — деб гапга аралашдим.
— Сиз мен ҳақимда гапиряпсизми? Ўзаро гаплашиб, ҳаммасини ҳал қилиб қўя қолдингларми? Мендан сўрашни эса унутдингларми? Мен ўқишни хоҳлайман Ахир, менинг муаллимларим ҳар доим: бола ўқиши керак, деб таъкидлашмаганмиди? Сизнингча, мен Аҳмад афанди қўлида гумашта бўлишим керакми! Иш ўрганишим керак эканда! Ахир, мен мактабни аъло баҳолар билан битирдимку! Битирувчилар ичида энг биринчиси ҳам ўзим-ку!
Албатта, мен ўзимни анчайин беадаб тутдим. Онам менга таънали қараб қўйди. Солиҳ бўлса ручкасини энгаҳига тираганча индамай ўтирарди. Амаким аввал индамади, кейин жилмайганча:
— Мен,— деди,— албатта, сенинг бехато ёзишинг, аъло даражада ҳисоблай олишингни биламан, ўғлим. Сен ўқишни такрор-такрор давом эттиришни хоҳлайсан. Ким ҳам шундай бўлишини истамайди, дейсан? Лекин билим олиш учун ҳам пул керак. Сен отангга бир қарагин-а: шарти кетиб парти қолган! Аканг бўлса, ўқишини ташлаб қўзғолончиларга қўшилиб кетди, шундай, ўзича қарор қилди-ю, кетди-қолди. Ҳозир қаердаю нима қиляпти, дом-дараксиз. Шундай экан, онангни ким боқади, ахир? Ҳеч ким тортишаётгани йўқ, қани энди иложи бўлса, ўрта мактабда ўқисанг. Лекин эркакнинг бурчи.
Улардан ёрдам кутишнинг фойдаси йўқлигини дарҳол сездиму гап оҳангини ўзгартирдим.
— Бепул интернатга имтиҳон топшираман, деб айтмоқчи эдим. Мен ўзимга ўзим умид боғлагандим! Ҳеч кимдан ҳеч қанақа ёрдам кутмайман ҳам! Менга муаллимлар бепул интернатга имтиҳон топширишимни мас-лаҳат беришганди. Мен албатта топшираман!
— Ҳозирги кунда энг муҳими, ўғлим, кундалик тирикчилик учун пул топишдир,—дея эътироз билдирди амаким.
— Билим олиш, албатта, яхши нарса, лекин савдо-сотиқ ҳам чакки иш эмас. Мен сенга қисқа ва энг тўғри йўлни кўрсатяпман. Ахир қараб турмасмиз. озми-кўпми пул ишлаганингдан кейин, онангга ҳам қарашардинг.
У ўрнидан туриб, қаҳва ичиш учун йўналди. Онам оғир хўрсинди. Мен қовоғимни солганча индамай ўтирардим. Солиҳ юмушини бажариб бўлгач, яна амакимнинг боққоллик дўконида «ишлашимиз»га тўғри келади, шекилли. Бу демак, масалан, элликталик чекиладиган қоғоз пачкасидан камида бештасини суғуриб олиш керак ЁКИ қутидаги гугуртни тўкиб, тагига кичкина-гина картон бўлакчасини солиш керак. Шундай қилинганда бешта, баъзида ўн дона гугурт чўпини тежаб қолиш мумкин бўлади. Амаким кейин суғуриб олинган қоғоз ҳамда қолган гугуртни нима қилади, билмайман. Онам унинг ортидан қараб қоларкан, ғамгин оҳангда шундай деди:
—Тўғри иш қилдингми-а, ўғлим? Нега амакингга гап қайтарасан? Ахир, у бизга фақат яхшилик тилай-ди-ку. Сенинг одам бўлиб, йўлга тушиб олишингни хоҳлайди. Агар мен сенинг ўрнингда бўлганимда.
— Агар у менга яхшиликни хоҳлаганда, ўқишга юборган бўларди! Мактабни битириб, бир ихтисосликни эгаллаганимда унинг сарф-харажатларини оқлаган бўлардим! Ахир, мен хайр-садақа сўрамаяпман-ку!
Мен ўзимни тутолмай жуда кескин гапирардим. Онам бошимни силаганча: «Хўп, майли, яхши, ўзимнинг ақллигинам.»—деб эркалади.
— Отамнинг олдига, уйга бораман!—дея бақирдимда, ўрнимдан сакраб туриб кўчага чопиб чиқиб кетдим.
Ғазабдан бутун танам ларзага келганди. Эсимда, бошланғич мактабни тугатганимдан кейин бир ярим ойча амакимнинг боққоллик дўконида ишлашга тўғри келганди. Гап шундаки, бизнинг уйимизни юнонлар ёқиб юборишганди. Уруш тамом бўлгандан кейин, биз мазкур шаҳарга кўчиб келгандик. Амакимнинг сармояси нақд бўлгани учун дарров дўконча очди, ҳовли-жой сотиб олди, савдо-сотиқ ишларини бошлаб юборди. Лекин бизнинг омадимиз юришмади. Отам шаҳар қабристони ёнидан бўш ҳужра топиб, номигагина таъмир қилди. Лекин онам бундай ҳужрада яшашни хоҳламади. «Тириклигимда қабристонда яшашни хоҳламайман!»— деди у ва амакимникига кетиб қолди. Амакимнинг хотини ўлиб кетган бўлиб, у ўғли билан ёлғиз қолганди. Амакиваччам Солиҳ мендан уч ёш катта эди — у ҳақда эслатиб ўтгандим. Онам уларникида хўжаликни бошқарарди: кирчирларини, идиш-оёқларини ювар, хоналарни ораста тутарди. Эрталаб эса, отамнинг кулбасига келиб уни саришталар, овқат тайёрларди, тушдан кейин яна амакимникига қайтиб келарди. У ерда ҳаммамиз биргалашиб овқатланардик, кейин мен отамнинг олдига йўл олардим, онам эса амакимникида қоларди. Қоронғи жинкўчалардан ўтиб, қабристонга олиб борадиган йўлга чиқиб олдим. Негадир кўнглим нотинч эди. Уйга борганимда отамни уйғотиб, бугунги суҳбат ҳақида у билан маслаҳатлашсаммикин? Еки ўзим қабул қилган қатъий қарор ҳақида айтсаммикин? У албатта яна ўзининг Ҳофиз, шайх Саъдий ҳақидаги узундан-узоқ гапини бошлайди. Буларнинг менга нима кераги бор? Мен қатъий қарорга келиб бўлдим, ҳатто отам ҳам йўлимдан қайтаролмайди! Қандай қилиб бўлмасин ўқийман! Уйдан қочиб кетаман. Эртагаёқ қочиб кетаман онамдан, амакимдан, ҳаттоки отамдан ҳам.
* * *
Мен оҳиста эшикни очдим. Отам каравотда ётарди. Тўнкарилган тунука қутича устида керосин лампа хира ёниб турарди. Мен чироқнинг пилигини бир оз кўтардим. Отам кўзини очиб:
— Келдингми, ўғлим? — деди.
— Ҳа, дада. Уйғотиб юбордимми!
— Ҳечқиси йўқ. Эртага эски қабристонга бориб ёғоч кесиб келсакмикан, деб ўйлаб ётгандим. Бир чеккага ташлаб қўйсак, қуриб туради. Қишгача эшагимизга ҳам оғилхона қилиб беришимиз керак, боз устига, хашакни қўядиган жойимиз ҳам йўқ. Кейин уйга ёндаштириб ошхона қурсак бўларди, деворларини новдалардан тўқиб, ичидан оқласак олам гулистон. Албатта, ойинг ҳам жон, деб бундай ошхонада бекалик қилган бўларди. Бу турган гап! Ҳовлига девор олинса, янаям яхши бўларди.
Ўтин ҳақида қайғурмасак ҳам бўлади. Эски қабристонда қайрағочлар тўлиб ётибди! Хоҳлаган вақтда кесиб келса бўлаверади.
Афтидан, дадам ётиб узоқ вақтдан бери бу лойиҳаларни миясида пиширган ва энди ўз режаларини мен бнлан ўртоқлашмоқчи бўлганди.
— Ёта қолай, дада. Негадир уйқум келяпти. Чироқни ўчирайми?
— Ҳа, майли,— деб жавоб қилди у.— Хайрли тун, ўғлим!
— Яхши ухлаб туринг, дадажон.
Мен ҳам ўрнимга ётдим. Дадам у ёқдан-бу ёққа ағдарилиб ётиб-ётиб, кейин бир маромда, чуқур нафас ола бошлади, ниҳоят, ухлаб қолди, шекилли. Деворлари ортида қабристону зим-зиё тун ҳоким бўлган кулбада фақат бир менгина уйғоқ эдим. Амақимнинг таклифи албатта кони фойда. Дадам, афтидан, бу гаплардан воқиф бўлгану, лекин вақти-соати етмагунча мен билан гаплашишни истамаган. Отамда ҳам турли-туман режалар тўлиб-тошиб ётарди: кулбани тартибга келтириб олгандан кейин яна бирон-бир иш топилиб қолади. Эҳтимол, оқсоқ эшагимизга турли-туман атторлик моллари тўлдирилган чамадонни ортволиб қишлоқма-қишлоқ чорбозорчилик қилишга отланиб қолар. Мен ҳам у билан бирга жўнасаммикин? Йўқ, мен ўқишни хоҳлайман. Қандай касбга ўқисамикин? Хоҳласам, доктор, инженер, офицер бўлишим мумкин ёки масалан, дори тайёрловчи, балки химик ё ўқитувчи. Бошланғич мактабда менга доим: «Ўқисанг, катта одам бўлиб етишасан!» — деб уқтиришарди.
Сакарья бўсағасидаги ғалаба шарафига ўтказилган йиғинда муниципалитет балконидан шаҳримиз аҳлига қарата нутқ ирод этганим ҳали-ҳануз ёдимда. Одамлар мени камоли диққат билан эшитишганди, уларнинг кўзлари қувонч ҳамда умидла балқиб турганини унутиш мумкинми, ахир. Кейин менга қизғин ташаккур билдиришганичи! Халқ мактаблариницг тантанали очилишида сўзга чиққанимдан кейин кап-катта одамлар ҳам иштиёқ билан қўлимни қисганлари эсимда. Ахир, ўшанда мен эмасмидим, ватаннинг уйғонишига фақат илм-маърифат орқалигина йўл очиш мумкин, деган? Мен бошланғич мактабни аъло битирдим. Мана, шаҳодатнома ҳам буни тасдиқлаши мумкин! Ушанда менга ҳеч ким ёрдам бермагандику! Интернатга имтиҳон топшириб, кириб олганимдан кейин ўзимни-ўзим таъминлай оламан! Қарор қатъий, эртаға азонда қочиб кетаман! Қўшни шаҳардаги опамникига бораман. Менинг режаларимдан унинг хабари бор. Кичкиналик вақтимда у менга ҳар томонлама ёрдам беришга ҳаракат қиларди, мактабни муваффақиятли тугатишимда ҳам унинг ҳиссаси бор. Унинг эри жандарм маҳкамасининг бошлиғи. Демакки, шаҳарда ўзига яраша обрў эътибори бор.
Ўша вилоятда ёзда анжирқоқи сотиб оладиган олибсотарлар борлиги эсимга тушиб қолди. Уларнинг омборларидаги анжирларни ишчи аёллар саралаб сархиллаб қопларга солишадида, кейин темир йўл орқали Измирга жўнатишади. Албатта, бу олибсотарларнинг ўз котиб ҳамда мирзалари бор, лекин, балки умидли дунё дегандек, менинг ҳам билимларим асқатиб қолар. Мен тез ҳисоблайман, ҳуснихатим ҳам қойилмақом! Агар поччам улардан бирортасига бир оғиз бир нарса деса, рад этишга ботинишолмайди, нега десангиз, жандарм бошлиғи билан жанжаллашиб бўлмайди! Кириш имтиҳонларигача бир ой-ярим ой ишлаб, йўлкирага пул йиғаманда, энг зарур баъзи бир нарсаларни сотиб оламан, яна майда харажатлар учун ҳам қолади.
* * *
Кечаси билан мижжа қоқмадим. Мана шундай ўй-хаёллар билан тонгни кутиб олдим. Хўрозлар қичқириб, тонг бўзара бошлади. Отам эрталабки намозни ўқиш тараддудида ўрнидан турди. У устимдаги кўрпани тўғрилаб, кўрпа устидаги қўлимни оҳиста беркитиб қўйди. Мен ўзимни ухлаганга солиб ётардим. У кетиши билан сакраб ўрнимдан туриб, тезда кийиндим. Чамадондаги шалварим, кўйлагим ва бошқа майда-чуйдаларни олиб, ҳаммасини тугунга тугдим. Кейин эскигина сариқ конвертни олиб, унга мактаб шаҳодатномасини, метрикамни солиб костюмимнинг чап томонидаги ички чўнтагига солиб, тугмаларини қададим. Математика учун тутган эски дафтаримдан бир варақ йиртиб олдимда, катта ҳарфларла: «Дада! Мен ўқишга кетдим. Хавотирланманг, Измирдаги бепул интернатга имтиҳон топшираман. Натижаси ҳақида ёзиб юбораман. Дада, агар дилингизни оғритган бўлсам кечиринг. Мени қочиб кетди, деб ўйламанг. Бахтли бўлинг, дада!» деб ёздим.
Хатчани дадам келган заҳоти кўрсин, деб чироқнинг тагига қистириб қўйдим. Қўлтиғимга тугунчани қистирганча уйдан чиқдим Кўҳна зайтун дарахти остига эшагимиз Оқсоқ боғлаб қўйилганди. У дадам янгигина юлиб ташлаган ўтни иштаҳа билан куртиллатади. Мен унинг яғринини силадимда, майин қулоғидан ушладим. Назаримда, у ортимдан ғамгин қараб қолганга ўхшаб туюлди. Бехосдан ойим билан тўқнаш келиб қолмаслик учун боғ орқали айланма йўл билан кетишга қарор қилдим. Катта йўлга чиқиб олганимдан кейин, художўйлардан бири қўйиб кетган катта кўзадан таги тешик кружкада сув олдим. Кружканинг тешигидан оқаётган сув Топиджи Сулаймон афанди амаким мактабни аъло битирганимга совға қилган сариқ ботинкамни расво қилмасин, деб жоним халак эди. Эрталабки поезднинг жўнашига атиги ярим соат қолганди. Шошилишга тўғри келади, вагонда дам оларман. Албатта, поездга сўнгги дақиқадагина етиб оламан. Ҳечқиси йўқ, ишқилиб, турткилашмаса, халақит беришмаса бўлгани!
Ҳикоят Маҳмудова таржимаси