Биласизми, жамоат жойларида одамлар бир-бирларига қўпол, уятсиз сўзлар айтишаётганини кўп эшитиб қоламиз. Айниқса, қўшниларингиз бир-бири билан жанжаллашса… Бунга чидаб бўлмайди.
Шуни ҳисобга олиб, бир қишлоқда сўкиш ўрнига эркакларни «М-мо-о!» дейишга ўргатишган экан. Лекин буям иш бермабди. Кечқурунлари эркаклар «мо»лаётганини эшитиб буқалар жунбушга келадиган бўлиб қолишибди. Демак, бошқача сўкиниш керак. Бир ёзувчи аёл гуллар номи билан сўкинишни таклиф қилибди. Буям иш бермабди. Чунки, эркаклар ҳар куни уйга гул кўтариб келишларига қарамай, биронтаям гул номини билишмас экан…
Ана шунда мен шаҳарлар номини таклиф қилдим. Зўр-да! Мана, тасаввур қилинг:
— Вей, ярим кечасигача қаерда дайдиб юрибсан-а, Тюмен?
— Сени нима ишинг бор, Шепетовка?
— Қани, маошни чўз, Осло!
— Маош?.. Тулани истамасмидинг мабодо?
— Ҳа-а, ҳали сўкинишниям биласанми, Кривой Рог?
— Ҳай-ҳай, секин, Анапа, бошингда бир грамм ҳам Чикаго йўқлиги шу ердан маълум.
— Шунақами? Ҳали Анапа учун жавоб берасан, ярамас Конотоп!
— Овозингни ўчир, Душанбе!
— Тўхтаб тур, ҳозир Бомбейингни чиқариб қўяман!..
Ана, кўрдингизми? Уларнинг бу гапларини эшитган ўткинчилар «Саёҳатчилар клуби»дагилар шунчаки гурунглашишяпти, деб ўйлашади.
Рус тилидан Олимжон Ҳайит таржимаси