Оилада аёллар беш нафар эди… Улар оила бошлиғини сўнгги йўлга кузатдилар: уй бекаси бева, қизлар эса етим қолишди. Она ўзининг тўртта қизи билан марҳумнинг маъракаларини ўтказиб, тез орада ишга кирди.
Кўпчилик бева аёлларни ноҳақдан-ноҳақ шафқатсиз ва виждонсиз деб айтади. Аёлнинг қайғуси қанчалик оғир бўлмасин, у тақдирнинг қалтис синови олдида таслим бўлмади. Она бир нарсани билардики, йиғи-сиғидан фақат овуниш мумкин, ғам чекиш эса кишиларнинг унга оиласига бўлган ҳамдардлигини намоён эта оларди, холос. Бироқ бу аёлнинг ҳамдардликдан қандайдир фойда чиқишига кўзи етмади.
Марҳумнинг тўртта қизидан бошқа яна яқиндагина тиббиёт факультетига ўқишга кирган йигирма яшар ўғли ҳам бор эди. Дарҳақиқат, у қизлардан аввалроқ тилга олиниши керак эди. Наҳотки, йигитда ота-онанинг умиди, ишончи бўлмаса? Ахир оилада ўғил боланинг дунёга келиши катта шодиёна эмасми? Ахир ўғил падари бузруквори кексайган чоғда таянч бўлмайдими, унинг вафотидан сўнг бева ва етим қолган қизларни ўз ҳимоясига олмайдими? Ҳа, ҳаммаси шундай бўлиши керак.
Марҳумни кўмиш маросими куни онани ўраб олган кишилардан бири унга юзланиб деди:
– Шундай ўғли бор одам ўлмайди. У тез орада шифокор бўлади, она ва сингилларга ғамхўрлик қилишни ўз зиммасига олади.
Одамлар шундай дейишарди. Худди шу сўзларни она ўз қизларига айтарди, улар акаси учун оғир ҳаётий кураш йўлидан ўтишлари муқаррарлигини таъкидларди.
Ҳаммадан илгари тўнғич қиз ишга жойлашди: она уни хотин-қизлар мактабларидан бирига маоши бор-йўғи беш фунт бўлган ишга жойлашишига ёрдам берди. Бу арзимас маош оила учун тиланчилик қилмаслик, очлик ва яланғочликни бир амаллаб бартараф этишга ярарди. Ахир улар келгуси бахтиёр кунларнинг истиқболига кўз тикиб яшаётган эдилар-да! Мана беш фунт – ўспирин йигитнинг эҳтиёжини қоплай олармиди? Йигит ўз қадр-қимматини сақлашда бой талабаларга тақлид қиларди.
Кунлар машаққат билан ўтаркан, ўспириннинг эҳтиёжи ҳам тинимсиз ўсиб борарди. Акасининг “обрўйини сақлаб қолиш”, унинг бой ўртоқларидан ортда қолиб кетмаслиги учун, унга маъқул бўлган башанг, замонавий костюмни кийиб биринчи даражали қулай вагонларда юриши учун унинг иккинчи синглиси ҳам мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишга кирди.
Аммо икки қизнинг ишлаб топаётган пули йигитнинг эҳтиёжларини аранг қопларди.
Оилада ишга кирмаган кенжа қиз қолганди. У мактабда ўқиётган бўлиб, келажакда битта-яримта касбнинг бошидан тутмоқчи эди. Бу орада тўнғич қиз турмушга чиқди. Хонадондаги турмуш илгаригидек оғир аҳволда қолаверди. Оч-наҳор, кўп нарсадан маҳрум бўлган фидокор аёллар машаққатли йўлда кетишаётган эди… Уларнинг наздида булут орасидан кўринаётган умид қуёши, “доктор ака”нинг келгуси сиймоси руҳлантираётганди. Қизларнинг тасаввурида бир неча йилдан сўнг у ўзининг кучли, забардаст қўлларини чўзади-ю, уларни қутқариб қоладигандек туюлаётганди. Ҳозирча, барча қийинчиликларни енгиб, унинг бўлғуси ёрдамига ишонч боғлаб ҳаёт кечириши лозим.
Узун кунлар, уйқусиз тунлар шу зайл ўтиб борарди. Бутун кечалари улар асаблари таранг бўлиб, тонггача бежирим кийим бичиб-тикардилар.
Бундай кечаларнинг қанчаси ўтди экан. Йигитча тиббиёт факультетида етти йил таълим олди. Ана шу етти йил онаизор ва сингиллар учун жуда узоқ кечгандек бўлди. Уларнинг ҳар бир кечирган куни асрга татигулик бўлиб, меҳнатга тўлиб-тошган, силлалари қуриб, чарчоқ бир зум ҳам тарк этмаганди.
Қизлар ҳузур-ҳаловат кўрмай ташқи дунёдан узоқлашиб кетишди. Уларга бориш ўзларини фидо қилиб на оналикнинг табиий ҳис-туйғусига, на хуфиёна муҳаббат нидосига жавоб қайтардилар. Бундай мулоҳазалар учун бирон дақиқа бўш вақт йўқ эди.
Бир неча кун ўтгач, доктор волидаси ва сингиллари билан хайрлашиб, сафарга жўнаб кетди. Улар йигитни яхши тилаклар ила кузатиб қолдилар. Барчаларининг умид тўла кўзлари акалари кўчиб ўтган шаҳарга қадалганди. Сингиллар унга бирин-кетин мактублар ёзиб, шахсий ҳаётидаги юз бераётган ўзгаришлар ва ютуқларни сўрар эдилар. У бўлса хатларга лоақал жавоб ҳам қайтармасди. Охири бундай саволлар ёлғиз ўғилнинг жонига тегди, шекилли, у онаси олдига келиб, кийимлари кўримсиз эканлиги-ю, келиб даволаниб турадиган беморлар олдида ўз хонадонининг ёмон жиҳозланганлиги ва керакли тиббиий асбобларининг етишмаслигидан шикоят қилди.
Оила аъзолари эса кунни тунга улаб ишлашда давом этишар, аммо кўп ойлар ўтгандан кейин ҳам қизлар акани бахтиёр ҳолда кўришга муяссар бўла олмадилар.
Шифокор ўз гўшасига ёшгина, чиройли хотини билан савлат тўкиб, енгил машинасида қайтиб келди. Келин эса, бу хонадонга ташриф буюрган кунларида кўпинча дўконларда сандироқлаб ва кўнгилхушлик қилиб вақтни ўтказарди. Она ўғлига юзланиб турмушга чиққан катта синглисидан қарзга олган (у тилла тақинчоқларини сотиб юборган эди-да) юз фунтни қачон қайтариб беришини, ҳозирда унинг турмуш ўртоғи бундай қилмиши учун ҳатто ажрашиб кетмоқчи эканлигини айтди.
Доктор хотини билан уйига қайтиб кетиш олдида машинасига ўтирди-да, қарз олган синглисига уч фунт узатиб деди:
– Мен сенга кўпроқ қайтармоқчи эдим, афсуски, харажатлардан қолгани шу.
Сингил пулни олмай, анграйиб туриб қолди. Синглисининг ҳайкалга ўхшаб қотиб туриши докторнинг асабига тега бошлади, чунки у “шошаётган” эди-да. Ака синглисидан нега пулни олмаётганини сўради.
Сингил эса қизларга қараб кулди-да:
– Биз уни шифокор қилиб вояга етказа олибмиз-у, аммо ҳақиқий инсон бўлиб етишишига ожизлик қилибмиз,– деди.
Арабчадан Бобир Ғиёсов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 2-сон.