Жон Мортонсон оламдан ўтди; “жамиятдан бундай мўътабар шахсни кутилмаганда шафқатсиз ўлим чангалининг олиб кетгани” ва шунга ўхшаш аламангиз гаплар сийқаси чиқиб кетгунича бот-бот айтилаверди.
Жасад устига ойна қопланган созгина, қизғиш-жигарранг тусдаги каттагина тобут ичига жойланди. Дафн маросими учун барча ҳозирликлар шу даражада қойиллатиб тахт қилинган эдики, башарти марҳумнинг ўзи бундан воқиф бўлган тақдирда, у бегумон чандон мамнун бўлган бўларди. Тобут ойнаси остидан кўриниб ётган жонсиз юз афтидан у даражада бахтиқаро бўлиб кўринмасди, марҳумнинг юзида руҳсиз бир табассум қотиб қолган, худдики, ўлим ҳеч бир азобсиз, ҳеч бир қийноқсиз ижро этилувчи қадим оламнинг муқаррар ҳукми каби аксланиб турарди, ҳаттоки гўрков бу бежон танани совуқ тобут ичига ўрнаштириш билан овора бўлган дақиқаларда ҳам мурда ўшандай хушҳол қиёфада намоён бўлиб ётаверди. Соат кундузги иккига занг урганида марҳумнинг жами ёру дўстлари энди у дунёга рихлат этган ўртоқлари учун асло кераги бўлмайдиган сўнгги иззат-икромларини бажо келтириш учун йиғила бошладилар. Нуфузли оиланинг тўнғич аъзолари ҳар икки дақиқада тобут олдига келиб-кетишар, жасад солинган қутича ойналари узра эгилишиб, вазмин оҳангда пиқиллаб йиғлаб қўйишарди. Аслида кўз-ёшдан ҳеч кимга ҳам фойда йўқ эди; на маросимда тўпланганларга ва на марҳум Жон Мортонсонга бир тийинлик ҳам фойдаси йўқ эди бунинг, бироқ ўлим қаршисида сабаб ҳамда фалсафа ҳаммавақт сукут сақлашга мажбурдир.
Соат учга яқинлашиб қолай деганида, марҳумнинг қолган хешу ақраболари ҳам дафн маросимига етиб келдилар, улар бундай дабдабали маросим шарафига мослаб жанозахонага тантанавор суратда қадам ташлаб киришди, жой-жойларига ҳам ўшандай назокат билан ўтириб олишди. Бироздан кейин давлат вазири ҳам ташриф буюрди, шундан сўнг хонадаги мотамсаролик яна бир даража авжга чиқди. Вазирнинг изидан Жон Мортонсоннинг эндиликда бева бўлиб қолган аёли ҳам эргашиб кириб келди, аёл остонадаёқ бутун хонани оҳу фарёдларига тўлдириб юборди. Тобутга яқинлашаркан, Мортонсоннинг беваси юзини аста совуқ ойна устига бир лаҳзага босиб турди, сўнгра атрофдагилар уни мулойимлик билан қизининг ёнидаги ўриндиқлардан бирига ўтқазиб қўйишди. Руҳоний ғамгин, мотамсаро товуш билан Жон Мортонсоннинг охирги манзилга кузатиш маросими амалларини адо этишга киришди, жаноза давомида гоҳ афсус аралаш хўрсиниқлар, гоҳ алам билан ҳиқиллаб йиғлашлар овози баъзан кучайиб, баъзан тиниб, мисоли оғир дардга чўмган улкан денгиз зорланиши янглиқ садоланиб турди. Руҳоний сўзида давом этаркан, дардчил кун ҳам тобора қоронғулашиб борар, бутун фазо юзини кир булутлар пардаси тўсиб қўйганди, ҳатто бир-икки томчи ташлай бошлаган ёмғир саси-да қулоққа чалиниб турарди. Гўёки бутун рўйи жаҳон Жон Мортонсонннинг ўлими учун аза тутиб, юм-юм ёш тўкаётгандек эди.
Руҳоний билан биргаликда Вазир ҳам ўз нутқини ирод этгач, мотам мадҳияси янграшни бошлади, мадҳия асносида ҳамма азадорлар катафалк (тобут қўйилган супача) ёнида икки томонга қатор бўлиб саф тортиб турдилар. Мадҳиянинг охирги садолари тинай деган чоғ марҳумнинг беваси бирдан тобутнинг олдига чопиб борди-да, ўзини тобут устига ташлади ва бор жазаваси билан дод-фарёд сола кетди. Аммо аёл қаттиқ йиғлагани сайин секин-секин босила ҳам бошлади; бирпасдан кейин Вазир келиб, аёлни нари олиб кетар экан, шўрлик беванинг кўзлари беихтиёр ойна ортидаги жонсиз чеҳрани кўришга уриниб, гирён бўла бошлади. Аёл билакларини вазирнинг қўлларидан юлқиниб бўшатиб олди-да, тағин тобут тепасига ўзини отди ва бу сафар йиғидан эмас, балки даҳшат тўла фарёд кўтариб, ҳушидан кетди-да ортига йиқилиб тушди.
Шу тобда барча азадорлар ҳам дув этиб тобут томонга ёпирилиб келишди, айни паллада девордаги улкан соат тантанали оҳангда роппа-роса учга бонг урди, барча кўзлар Жон Мортонсоннинг ўлик юзига қадалиб қолганди.
Бир ондан сўнг ҳамма азадорлар ўзларидан кетиб орқаларига қайтдилар. Бир киши бу қўрқинчли манзарадан ҳосил бўлган кучли ваҳима васвасасида тўсатдан тобутга қаттиқ туртиниб кетди. Мурда солинган совуқ қути ўша лаҳзадаёқ полга тушиб кетиб, чаппасига ағдарилди-ю, устидаги ойнаси чил-чил бўлиб синиб кетди.
Тобут ичидан марҳум Жон Мортонсоннинг бароқ мушуги эринибгина ўрмалаб чиқди-да, лоп этиб полга сакраб тушди, бамайлихотир ўтириб олганча олди панжалари билан қон юқи теккан тумшуғини хотиржам артиб тозалади-да, сўнгра виқор билан азахонадан чиқиб кетди.
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси