О’Генри. Яшил эшик (ҳикоя)

Ёшгина пианино сотувчиси Рудольф Стейнер ўлгудай саргузаштсевар йигит эди. У атига икки-уч оқшомдан буёнгина кутилмаган ҳодисалар излашдан ўзини тийиб турарди, холос. Лекин унга негадир ҳаётдаги энг қизиқ ҳодисалар мана ҳозир, нақ оёғи остидан чиқиб қоладигандай бўлиб туюлаверарди. Йигит ҳаммавақт янги-янги саргузаштлар тўғрисида хаёл суриб юрарди.
Бир куни Рудольф кўчада хардамхаёл бўлиб ўзича айланиб юрганди, бирдан қандайдир бир даста қоғозларни одамларга бир-бир тарқатиб юрган битта негр унинг эътиборини тортиб қолди. Ўша негр Рудольфнинг қўлига ҳам бир ташрифномани қистириб кетди. Йигит қизиқсинаб қоғозни ушлаганча унга илкис назар ташлади. Ташрифноманинг бу томонига ҳеч нима ёзилмаган эди; лекин унинг орқа томонига уч донагина сўз ёзиб қўйилганди: “Яшил эшик”. Шу пайт ўзидан уч қадам олдинда қўлига негр бериб кетган ўшандай ташрифномани бир четга бепарво улоқтириб кетган эркакка йигитнинг кўзи тушди. Рудольф ўша қоғозни ҳам ердан йиғиштириб олди. Бу ташрифномага ҳам тиш докторининг номи билан унинг манзили қайд этиб қўйилганди.
Саргузаштталаб пианино сотувчиси муюлишга бориб озгина тўхтаб турди-да, ўйланиб қолди. Сўнгра у ортига қайтиб, яна одамлар оқимига қўшилди. Йигит иккинчи марта негрнинг ёнидан ўтиб кетаётганида у яна Рудольфга ташриф қоғози берди. Йигит ўн қадамча нарироққа борди-да, қоғозни ўзича текшириб чиқди. Биринчи ташрифномадаги каби бунисида ҳам бир хил ҳуснихат кўриниб турар, бунисига ҳам “Яшил эшик”деб ёзиб қўйилганди. Кенг тротуар йўлак устида яна уч-тўртта ўшандай ташрифномалар сочилиб ётарди. Уларнинг ҳаммасида тағин ўша тиш докторининг исми билан унинг манзили бор эди. Қизиқ, бу қоғозларда ёзилган сўзлар нимани англатган тақдирдаям ўша негр шунча гавжум оломон ичидан нима сабабдан айнан Рудольфни икки марталаб танлаб олди экан…
Бу гала издиҳом ичидан суғурилиб чиқиб кетди-да, ёш сотувчи йигит унга янги саргузашт ваъда қилиб турган қаршисидаги баланд бино тарафга алла-паллагача тикилиб турди. Бино беш қаватдан иборат экан. Унинг биринчи қавати катта дўкон бўлиб, тепаси квартиралар билан банд эди. Қунт билан ўтказилган кўз текширувини ниҳоясига етказиб, Рудольф ўша бинонинг зиналари бўйлаб тепага дадил чиқиб кета бошлади. Уйнинг кириш қисми нимқоронғу, қаватлар томон олиб чиқадиган зиналар аранг кўриниб турарди. Рудольф таваккал қилиб, ўзига яқинроқ турган эшик тарафга нигоҳ ташлади-ю, эшикни яшил рангда эканлигини кўрди. У бир лаҳза иккиланиб қолди, сўнгра тўппа-тўғри ўша эшик томонга шахдам борди-да, тақиллата бошлади. Эшик анча хаялланиб очилди. Остонада ҳали йигирмага ҳам чиқмаган ёшгина ойимқиз пайдо бўлди. Қизнинг юзи бўздай оқариб кетганди, ҳатто Рудольфга шундай бўлиб кўриндики, у шу оннинг ўзидаёқ ҳушидан кета бошлаётгандай эди. Чинданам қиз оёқда туролмай, ҳолсизланиб тўсатдан йиқилиб тушди, Рудольф уни дарров кўтариб олди-да, хонадаги эски диван устига аста ётқизди. Сўнгра эшикни ёпиб, бегона хона ичига бир қур кўз югуртириб чиқди. Кўрганларидан анча батартиб, аммо улкан қашшоқлик ин қурган макон экан, деган фикрга келди.
“Ҳушимдан кетиб қолдимми?”- дея овоз чиқарди нотаниш қиз аранг. “Қўрқманг, бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Агар сиз ҳам уч кун овқат емай қадам босишга уриниб кўрсангиз эди, ана ўшанда кўрардингиз нима бўлишини”.
“О, Худойим! Нималар деяпсиз?!”- деб бақириб юборди Рудольф сакраб туриб кетаркан. “Шошманг, сиз шу ерда менинг қайтишимни кутиб ўтиринг”. У яшил эшикдан қуюндек отилиб чиқди-да, йигирма дақиқадан сўнг қўлида нон, сарёғ, яхлаган гўшт, пироглару сут ва иссиқ чой билан қайтиб келди.
“Оч қорин билан бунақа аҳволда юриш ғирт аҳмоқликнинг ўзи-ку. Қайтиб бунақа иш қила кўрманг”- дея дағдаға қилди Рудольф қизга қараб. “Мана, кечки таомингиз ҳам тайёр бўлди”.
Оғзига озгина у-бу нарса теккан қиз бироз дадилланиб, бошидан ўтганларини йигитга ҳикоя қилиб берди. Бу қиз шаҳардаги миллионлаб чорасиз ғариблардан бири сифатида, бу мискин ерда авж олиб бораётган бераҳмлик ва лоқайдликдан тортиб ишхоналардаги паст мояналар, оқибатда ўта қийналиб кетиб, охири касал бўлиб ётиб қолгунича куюниб сўзлади, бахтга қарши у бор ишидан ҳам айрилиб қолибди, умидлари хор бўлиб, сароб орзулари дарёсида увол бўлаёзган бир онида худди Хизр каби олийҳиммат бу ёш йигит унинг эшигини қоқиб келибди.
Рудольф қизга ачиниб қараб ўтирарди. “Шунча кўргуликни ёлғиз ўзингиз бошдан ўтказганингизга қараганда”, деб хитоб қилди у кейин, “бу ерда на бир қариндошингиз ва на бир дўстингиз борга ўхшайди?”
“Ҳа, ҳеч кимим йўқ”.
“Аслини олганда, мен ўзим ҳам бу дунёда буткул ёлғизман”, — деб қўйди Рудольф бироз жимликдан сўнг.
“Мен бундан хурсандман”, — дея суюниб кетди қиз беихтиёр, унинг бу сўзлари Рудольфга ҳам негадир хуш ёқди.
Андак вақт ўтгач, қиз чуқур хўрсиниб, бошини ёстиққа ташлади: “Кечирасиз, лекин мени ўлгудай уйқум келаяпти”, — деди у шивирлаб.
Рудольф ўрнидан туриб, шляпасини қўлига олди. Бирдан қиз яна тилга кириб: “Айтганча, сиз нега айнан менинг эшигимни тақиллатиб келгандингиз?” – деб сўраб қолди.
“Ҳа-я, шу бинода бизнинг бир пианино сотувчимиз яшарди. Мен адашиб кетиб, сизнинг эшигингизни қоқибман”.
Қизни бу гапга ишонқирамай, даргумон бўлиши учун ҳеч қандай асос қолмаганди, йигит ўз ёлғонига ўзи ҳам ишонган усулда гапирганди.
Рудольф эшикни ёпиб, ташқарига чиқди-да, ногоҳ атрофидаги ҳамма эшикларни яшил тусда эканлигини кўриб, карахт бўлиб қолди.
Кўчада у яна таниш негрни учратди.

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси