Иво Андрич. Гавда (ҳикоя)

Оғир хасталик туфайли кўпдан бери тўшакка михланиб қолган бўлишига қарамасдан, Петар ҳазрат мабодо бирон-бир шинаванда топилгудек бўлса, ўз саргузаштларини бажонидил сўзлашга тушарди. Ҳазратнинг ҳикоялари қайси жиҳати билан тингловчини ўзига ром этарди — буни тушунтириш қийин. Унинг алланечук донишмандлик руҳи уфуриб турувчи ҳамма ҳикоялари, айни вақтда, кулгили ҳам бўлиб, қурғурнинг ҳар бир сўзи алоҳида жозиба касб этарди-да. Муҳими, Петарнинг сўзлаш йўсини ҳеч кимникига ўхшамасди, шу сабабли унинг ҳикоялари бошқаларникига қараганда мўътабарроқ мазмун касб этарди. Афсуски, эндиликда буларнинг бари абас бўлиб кетди.
Петар ҳазратнинг ҳужраси ҳар хил юрадиган, юрмайдиган соатлар билан тўла. Айримлари бир маромда тикиллар, маълум вақтда жом чаларди. Худди шу ерда қуроллар, қуролларнинг қисмлари; асбоблар, қандайдир майда-чуйда темир буюмлар ҳам уюлиб ётарди. Айтмоқчи, ҳазрат ўз ҳунарини мукаммал эгаллаган бўлиб, ёшлигиданоқ Қуролсоз лақаби билан машҳур эди.
Унинг ҳужрасидаги ғайритабиий ёғоч соат 11 марта жом чалди. Петар ҳазрат ўй сурганича соатнинг жом чалинишини тингларкан, атиги уч-тўрттагина китоб турган, шифобахш гиёҳ қайнатмаси аралаш ракия солинган шиша идиш, беҳи ва олмалар терилган жавонга разм солиб ўтирарди. Жомнинг сўнгги жаранги тинмасдан Петар ҳазрат ўз ҳикоясини бошлади.
…Кичик Осиё бўйлаб сургунда юрарканман, кўпгина ғалати мўъжизаларни кўрдим, яхши-ёмон кунларни бошдан кечирдим. Албатта, чекимга кўпроқ кулфат тортиш тушган экан, зеро яшаш қисматимизга битилган бу осмон остида эзгулик сийрак учрайдиган қодисадир. Мен у ерда шундай бир одамни кўрдимки, у ёвузликка қўйилган тирик ҳайкал, инсоннинг бошига тушиши мумкин бўлган барча кулфатлар рамзи эди.
Биласиз, қуролсозликка анча-мунча дахлдор одамман. Буюмларни тузатишни болаликдан яхши кўраман, монастирда қам шу иш билан шуғулланганман. Қўл тегирмонлари, қулфлар, соатлар, милтиқларни тузатардим. Ҳамиша кимнингдир кунига ярардим. Яхши биласиз, бу дунёда ҳамма нарса эскиради-тўзади, яроқсиз ҳолга келади; бинобарин, биз янги буюм ясаганимизга нисбатан кўпроқ эскисини тузатамиз. Менинг усталигим Аккрада бир қур қўл келди. Қамоқхона назоратчисининг қаҳва туядиган ёрғучоғини тузатиб, чархлаб бердим. Қарабсизки, дарҳол машҳур бўлиб кетдим. Кейинчалик менга қамоқхонамизнинг бузуқ қулфларини тузатишни ишониб топширадиган, ҳатто шаҳарга ҳам чақирадиган бўлишди. Дастлаб туркларнинг шаҳар ҳокиминикига, кейин юмушимга эқтиёж сезган казо-казоларникига ҳам қадам ранжида қилдим. Бир куни мени Чалабий Ҳофизникига таклиф қилишди. Уй бирон-бир кишиникига ўхшамаганидек, унинг соҳиби ҳам бировга ўхшамасди.
Шип-шийдам, сарғиш ранг тоғ этакларида жойлашган бу бутун бошли қаср узоқдан яшил кокил янглиғ кўринувчи қалин тўқай билан қуршаб олинганди. Каттакон дарвозадан ичкарига киргач, унинг атрофи баланд девор билан ўралган уй эканига ишонч ҳосил қилардингиз. Қалъада тарашланмаган тошлардан тикланган минора, бир кўприк ҳам бор эди. Тўқай бағрида соя-салқин боғлар ва булоқлар яшириниб ётарди. Бундай кутилмаган манзара фақат Осиёдагина учрайди. Сараевони тарк этганимдан бери чесманинг* шалдирашини эшитмагандим. Сувнинг шалдираши менга она тилидай қадрдон, тушунарли туюлиб кетди. Гўё ўзимни Осиё қамоқхонасида эмас, Сараевода, монастирь ҳовлисидаги чесма ёнида тургандек ҳис қилдим. Қалъада улуғворлик ва бадавлатлилик излари сақланиб қолганига қарамасдан, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, хароблик сезилиб турарди.
Қамоқхона қўриқчиси каминани афтига қараб ёшини билиб бўлмайдиган заҳил юзли, қарашлари сўлғин ва паст овозда гапирувчи кишига топширди. У мени тош зинапоялар бўйлаб, қандайдир йўллар орқали бир хил кулранг тошдан бунёд этилган совуқ, бўм-бўш хоналар оша узоқ вақт бошлаб юрди. Бино пишиқ-пухталиги билан диққатни ўзига жалб қиларди. Ниҳоят, биз ёғоч зиналар бўйлаб минорага чиқдик. У ерда каттакон соат бўлиб, бир кун олдин тўхтаб қолган эди. Ана шу соат туфайли мени қамоқхонадан бу ерга олиб келишганди. Соатнинг қопқоғини очишим билан гап нимадалигини дарҳол фаҳмладим. Венецияда тайёрланган соат механизмида ҳеч қандай қусур йўқ эди, аммо ғилофга ёмон жойлаштирилгани боисидан ичкарига нам кирипти. Бу ё грекнинг, ё арманининг иши экани аниқ эди. Улар бундай ишга ярамайдилар, зеро бу борада қаллоблик кетмайди.
Мен керосин, ўсимлик ёғи, уч-тўрт дона парранда пати ва эгов келтиришларини сўрадим. Қамоқхонада ўзим билан эгов олиб юришга ҳаққим йўқ. Ёш хизматкор буларнинг ҳаммасини келтирди-да, дарҳол кўздан ғойиб бўлди. Мени бошлаб келган бояги заҳил юзли киши эса ёнимда қолди. Соатнинг тагида қайсиямдир қаттиқ ёғочдан ишланган тахталар ётарди. Мен асбобларни шу тахтага ёйиб қўйдим. Тахталардан бири устига йўлбошловчим ўтирди.
Ёши бир жойга бориб қолган, ориқ, бели букчайган бу кишини энди яхшилаб кўриб олишим мумкин. Назаримда у қул эди, эҳтимол, кўп замонлардан, болалигидан бери қулдир; сўнг ислом динини қабул қилган ва озод этилган бўлса, эҳтимол.
У машҳур турк хонадонларида учрайдиган хизматкорлар тоифасидан эдики, асли кимлиги, қаерлик экани, хонадонда бажарадиган юмуши нималардан иборатлигини ҳеч ким билмасди. Ўз динидан, исму шарифидан, ҳаётидан воз кечган бундай кишилар ҳеч нарсага интилмайди — ҳолбуки атрофдаги жамики нарсалар ўзгаришда: одамлар туғилади, ўлади, уйланади — демак жамият ҳаракатда, улар шу ҳаракатни бошқарадилар. Уйдаги ҳақиқий вазиятни, бисотни, мулкнинг аҳволини, оилавий сир-асрорни, кимнинг нима билан нафас олишини улар бошқалардан кўра яхшироқ билишади. Ҳар кимса улардан хизмат қилишни, ёрдам кўрсатишни, маслаҳат беришни талаб қилади. Улар ҳаммага ёрдам қўлларини чўзар экан, ўзлари учун ҳеч нарса талаб қилмайдилар, сукут сақлайдилар, яна телмуриб турадилар. Ҳамма нарсадан воқифлик ва ҳеч нарса талаб қилмаслик — уларга азалий мукофотдай… Қуллар ва хорижликлар, муғомбир яҳудийлар ва турклашган кишилар мана шунақа эдилар. Бундайлар кўпинча бадавлат хонадонларни бошқарадилар. Ҳамма нарсадан мосуво: уларда на ҳою ҳавас, на хўжайинларини қулликка солиб қўйган эҳтирос қолган. Бу хизматкор — дарҳол ҳис қилдим — хонадондаги ана шундай кимсалардан, хонаки бадкирдорлардан эди.
Соатнинг қопқоғини очиб, енгларимни шимардим, фикран чўқиниб, ишга киришдим. Мен сукут сақлайман, у ҳам жим. Кўзимнинг қири билан аста назар солдим: қарасам, соат тагидаги кичкина дарча оша пастга қараб турибди.
— Кўрдингми? — кутилмаганда турк мендан сўради.
— Йўқ, — жавоб бердим ишимдан бош кўтаришга журъат қилолмасдан. Мен ҳақиқатан ҳеч нарсани кўрганим йўқ эди, ҳатто у ёқ-бу ёққа ҳам қарашга ботинолмасдим. Кутилмаганда ҳарамдан битта-яримтаси чиқиб қолса нима бўлади деб қўрққандим-да. Турк ғаламис фикр юритяпти деб, менга айб қўйиши мумкин… Унинг нима хаёлга борганини қайдан билай? Айбситадиган бирон-бир иш қилганим йўқ, аммо баъзан арзимайдиган гап-сўз учун калтакланишинг, ҳатто каллангдан жудо бўлишинг мумкин.
— Қарайвер, қўрқма, — деди турк, — у ерда хотинлар йўқ. Қарайвер, кейин сенга бир воқеани айтиб бераман.
Мен ишдан бош кўтариб, у кўрсатган томонга қарадим. Пастда, бизнинг тагимиздаги ҳовли юзига гилам тўшалган, гилам устида икки нафар қул ўтирипти — биттаси қорамағиздан келган, иккинчиси қурумдай қопқора. Уларнинг ёнида замбиллар, ёстиқлар ва дўмбиралар кўзга ташланади. Тошдевор ёнгинасида — унинг ортидан қуёш нурлари тушиб турган дарахтлар учи кўриниб турарди — на болага ва на кампирга ўхшаш, умуман, кимлигини билиб бўлмайдиган, сарғиш-кўкиш уст-боши ер билан битта бўлиб ётган одамсифат жонзот ўтирарди. Бошидаги оқ салласини демасангиз, на қўллари, на оёқлари бор — фақат гавданинг ўзи. Гавда жойидан қилт этмайди, фақат салласи силкинади, ғалати тарзда таъзим қилади. Худонинг ўзи кечирсин-у, худди Филипп Браважич ҳазратнинг ўзгинаси. Катта ҳайит муносабати билан ўтказилган ибодат чоғида руҳоний унга исириқ солаётгандай қайта-қайта таъзим қилгани-қилган… Билмадим, нега энди Филипп ҳазрат эсимга тушиб кетди? Худо унинг руҳини шод қилсин, майда гаплиги, афандилигини ҳисобга олмаганда оқкўнгил одам эди, раҳматлик. Аммо турк фикримни бўлиб юборди.
— Тагимиздаги анави одамни кўряпсанми? Бу — Чалабий Ҳофиз. Бир пайтлар Сурияни забт этган саркарда. У ҳақда бирон-бир гап эшитганмисан?
— Эшитмаганман. Бу жанобни ҳамиша парвардигор ўз паноҳида асрасин, эшитмаганман. Узоқ юртданман. Бу ёқларга яқинда келдим.
Турк менга таажжуб билан қаради, нигоҳларимиз илк марта бир-бири билан тўқнашди. Унинг кўз қарашлари азият чеккан кишиларникига хос бўлиб, бундай кўзлар фақат насронийлардагина бўлиши мумкин. У умрида Чалабий Ҳофиз ҳақида бир оғиз ҳам сўз эшитмаган кимсага — менга ҳайрат билан тикилди-да, мазкур гавда, унинг тақдири ҳақида ҳикоя қилиб берди.
У сўзларкан, мен ора-сира пастга, ҳовлига назар ташлардим. Қуллар ҳамон тоштахта устида, сояда ўтиришар, девор ёнида эса Чалабий Ҳофиз — сариқ-яшил ипак либосга чулғанган гавда турарди. Соялар силжиган, қуёш нурлари юзига тушар, аммо у ҳамон қимирламасдан турар, фақат юзини буриб олган эди. Дастлаб у бошини баланд кўтарди — мен бу тақлид мағрур одамни умримда биринчи марта кўришим. Кейин, худди шамолни ҳидлаб, ҳавонинг авзойи бузилишини сезаётган ҳайвон каби бошини секинлик билан чапга, ундан сўнг ўнгга ўгирди. Бу ҳаракати чарчаб, ҳолдан тойгунга қадар давом этди. Шундан сўнг бошини бир лаҳза эгди, кейин яна баланд кўтарди ва яна гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ўгирила бошлади. Минора томон буриларкан, унинг бамисоли пиширилган олмага ўхшаш юзини кўриб қолдим. Унда нафис чарм билан ўралган биргина улкан тиртиқни демасангиз, на бурун, на кўзлар, на лаблар, на соқол ва на мўйлов бор эди.
Ёнимдаги турк бўлса шошилиб, ҳаяжонланиб, тўхтовсиз гапирарди. Дастлаб ўнғайсизландим: нега энди буларнинг ҳаммасини сўзлаб бермоқда? Аммо сал ўтмасдан тушундим: у менга эмас, ўзига-ўзи сўзламоқда эди. Юмушни бажаришда давом этарканман, унинг ҳикоясини бўлмадим. Фақат болғани қаттиқ тақиллатганимда ёки эгов билан баланд товуш чиқариб эговлаганимдагина турк бир лаҳзага жимиб қолар, нафасини ростлаб, мен эшитмай қолган ёки тушунмаган сўзларни такрорларди. Ҳақиқатан ҳам унинг ҳамма сўзларини тушундим, дея олмайман, чунки савол беришга ҳаққим йўқ, бунинг устига айрим сўзларни илғай олмадим, аммо гапнинг асосий мағзи нимада эканини фаҳмладим.
Туркнинг ҳикояси қуйидагича эди:
Уларнинг ота-боболари Сурияда ҳукмронлик қилишарди, аммо сўнгги тўрт авлод узил-кесил Истанбулда ўрнашиб қолди. Шу ерда улар обрўли-эътиборли имомлар бўлиб етишди. Тез-тез ғалаёнлар бўлиб турадиган Суриянинг ички вилоятларида тартибсизликка барҳам бериш учун у ерларга қўшинлар юборилди. Бироқ қўшинлар тартиб ўрнатолмасалар, халқни бўйсунишга мажбур қилолмасалар, азоб-уқубат ва кулфатнинг ошишига сабабчи бўладилар, холос.
Чалабий Ҳофиз қўшинлар билан Истанбулдан чиқди. Бош қўмондон уни етти пушти мана шу вилоятдан бўлган қадимий уруғнинг вакили сифатида ўзига ҳамроҳ қилди. Нотинч ва даҳшатли замонларда тез-тез бўлиб турганидек, аскарлар аста-секин қоча бошладилар: ҳали ҳеч ким Суриядан яхшилик чиққанини кўрмаган. Бирин-кетин ҳарбий саркардалар қайтиб кетишди. Охири Чалабий Ҳофиз қўмондон бўлган биргина курон қолди, холос. У ҳамма бўйин товлаган ишни амалга оширишга қатъий бел боғлади, яъни Суриядаги қўзғолонни бостирмоқчи, у ердаги аҳолини султонга итоат қилишга ва ўзига бўйсундиришга мажбур этмоқчи бўлди. У ўз қўшинларига ёнидан ҳақ тўлар, уларни забт этилган вилоят ҳисобига боқарди.
Саркарда, энг аввало, бир пайтлари ўзининг уруғларига тегишли бўлган ерларни босиб олди. Ер эса исталганча эди, чунки Чалабий Ҳофиз қўшинлари яқинлашиши ҳамоно ҳамма боши оққан томонга қочиб қолганди. Икки кун давомида босиб ўтиб бўлмайдиган масофадаги жойлар қонунларсиз, қозиларсиз унинг мулкига айланди. Одамлар ўзларининг мол-мулкларини ташлаб, жонларини қутқазиш билан овора эдилар. Бироқ Ҳофиз ҳамма нарсага қирон келтирар, ҳамма нарсани остин-устун қилиб ташлар, бамисоли овчилардек одамларни сайд этарди.
Ҳа, ўқишни тамомлаган, қадди-қомати расо, ҳалимдек юмшоқ, бадани мармардай оппоқ, қоп-қора кўзли, малла, деярли қизил қошли, мўйловли йигит бир юмалади-ю, курон бошлиғига, қонхўр ҳарбийга айланди-қолди. Ҳамма-ҳаммаси — ҳокимиятга қарши қўзғолонлар ҳам, қўзғолонни бостириш учун ясов тортиб келган мунтазам армия ҳам бирдан саробга айланди. Фақат икки нарса — Ҳофиз ва Суриягина эътиборда эди. У эса, Сурияни истаганича босиб, янчар, хонавайрон қиларди.
Ақлдан озган, қаттиқ жазавага тушган саркарда Сурияда Оловли Ҳофиз деган ном олди. Гўё тирик жонзотлар томонидан бунёд этилган ҳар бир буюм унга халал берар, жиғига тегарди. Йўлида нима учраса олов қўяр, яксон қиларди. Илдиз отиб кўклаган гиёҳ, олов оғушида ёнмаган тош унинг қаҳрини келтирарди.
— Мен Сурияда ёлғиз осмоннигина қолдираман, — дерди у. Дарҳақиқат, амалга ошираётган ишлари унинг сўзларига тўла мос эди.
Одамлар алам ичида ўз-ўзларидан сўрардилар: тортинчоқ, икки юзи нақш олмадай қип-қизил муллавачча қандай қилиб ситамгар ва қаттол илонга айланиб қолди? Ахир осмону фалак ёнғиндан қизармаган куни унинг уйқуси келмайди-ку? Қайси мактабда ўқиган, қайси китобларни мутолаа қилган? Бундай илмни қайси мадрасада ўқитадилар, ўзи? Бунчалик нафратни унга ким юқтирган? Куйдирувчи ва вайронагарчиликларга йўлловчи алангани қаердан олди у?! Одамлар гарчи ўзларининг саволлари беҳуда эканини, уларга ҳеч қачон жавоб ололмасликларини яхши билишса-да, яна такрорлар ва худога сиғинардилар. Улар худодан ёрдам кутишмасди — у пайтда худо Ҳофиз томонида бўлиб, унга ялиниш беҳуда эди.
Одамлар, гарчи ўлим муқаррар эса-да, саҳрога қараб қочардилар. Ҳар ҳолда бу ўлим Ҳофизнинг суворийлари найзаларидан ҳалок бўлиш ва ёниб турувчи машъалаларда куйишдан афзалроқ эди. У ерда, саҳрода, сурияликлар қумнинг кўчиши натижасида ҳосил бўлган ўркачларнинг этакларида чуқур кавлаб, ўша ерда жон сақлашарди. Аммо ташналик ва очлик уларни кечалари воҳалар бўйлаб сув ва озиқ-овқат излашга мажбур этарди. Бу ерда эса, Ҳофизнинг кутиб турган одамлари уларни сувлоқда худди ҳайвонни ўлдиргандай ўлдиришарди. Сўқмоқларда ва ҳовузлар ёнида сувсаб келганларнинг тиғдан ўтказилган жасадлари ётарди.
Орадан йиллар ўтди, Ҳофиз эса ҳамон Сурияни тиз чўктириш билан банд эди. Мамлакат аҳолиси қириб ташланиш арафасида турарди. Бошқаларни хонавайрон этиш эвазига бойлик тўплаб, уни кўпайтирган Ҳофиз мустаҳкам, муаззам қалъалар бунёд эттириб, уларнинг дарвозаларига катта-катта қулфларни осиб қўяр, бу қулфлар махсус калитлар билан очилар, дарвозаларни зил-замбил ёғочлар билан танбалатарди.
Буларнинг ҳаммасини сенга шунинг учун ҳикоя қилиб бермоқдаманки, бизда юз берган қонли воқеаларни кўз кўриб, қулоқ эшитмаганди. У ҳаддидан ошар, ёндирар, чопар, осар, зўрлар, ўлпон йиғар — буларнинг ҳаммаси саркардага чўт эмасди; ҳеч ким ва ҳеч нарса: на Оллоҳнинг қонунлари, на султоннинг ҳокимияти, на эзилганларнинг кўз ёшларию нафратлари уни инсофга келтира оларди. Аммо кўряпсанми (бу сўзларни қул ҳижжалаб, салмоқ билан гапирдики, беихтиёр қўлларига қарадим, гўё у ростдан ҳам қўллари билан ниманидир тушунтирар, лаблари жонсиз пирпирар, кўзларининг ярим юмуқлигидан мен уни тиловат қиляптими, деб ўйладим), ҳар қандай азоб-уқубатнинг, ҳар қандай ёвузликнинг ўз кушандаси бор: ҳар ким ҳам жуда арзимас даражада бўлса-да, янглишиши мумкин. Ана шу янглишиш эса уни ўлдириш, беному нишон йўқ қилиб юбориш учун кифоядир. Ўйлаб қарайдиган бўлсанг, ҳар бир киши ўз умрида, эҳ-ҳе, неча-неча марта янглишиш лаҳзаларини бошидан кечиради. Яна шуни ҳам ҳисобга олгинки, азоб чекаётган, аммо бир жойда турадиган одамга нисбатан бировни таъқиб этадиган ва мудом ҳаракатдаги одам кўпроқ янглишади. Одамлар Ҳофизнинг танобини тортиб қўядиган куч дунёда йўқ, унинг зўравонлиги ҳадсиз-ҳисобсиз, деб ўйлардилар. Аммо кунларнинг бирида у бир лаҳзага янглишди: йўлда ҳолдан тойган, ўлаётган аёлга ҳамият кўрсатди. Фақат бир лаҳзагинага у нафратланиш ва ўлдиришдан ўзини тийди. Бу эса, уни хароб қилиш учун кифоя эди.
Эътимодли ва серфарзанд бир оила саҳрода яшириниб юрарди. Шуларни қувиб юриб, ўз куронидан ажралган Ҳофиз ўша ерда — кўзлари битиб қолаёзган булоқ олдида ҳолдан тойган бир қизни кўрди. Қиз деярли шир яланғоч эди, унинг саҳро шамолида куйган оёқлари ва тиззаларидан қон сирқиб турарди. У лаҳза сайин қоқилар, йиқилар, олға силжишга мадори қолмаганди. Унинг шаҳло, лекин иситмаси баландлигидан қизариб турган кўзларидан нам чиқмас, қуёш нурлари куйдирган ёноқларида қотган кўз ёшлари жароҳатга ўхшаш қизғиш из қолдирган эди.
Қиз нигоҳини ердан узаркан, Ҳофизнинг қисқа, аммо дурадгор болтасига ўхшаш қиличини кўрди; қилич ва ҳарбийга разм солди-да, калима келтира бошлади: «Қул ҳуваллоҳу аҳад…» Дуони тез шивирлаб ўқиди. У энди ҳеч нарсадан қўрқмас, ўзини ҳимоя қилишни истамасди. Негаки у ўлик, фақат сўзлаш қобилиятини сақлаб қолганлиги таажжубланарли эди, холос. Ҳофиз қизга ҳамла қилиш ўрнига, қучоқларини очди. Жанобнинг ортидан келаётганлар уни шу ҳолатда учратдилар.
Ҳофиз қизни ишончли жойга яшириш ва безовта қилмасликларини буюрди. Эркакларнинг олача тўнига бурканган қизни кечқурун уйига олиб келганларида, Ҳофиз уни ўз ҳарамига юборди.    I
…Буларнинг ҳаммасини тин олмасдан ҳикоя қилаётган қул соат тагидаги дарчага қараганича, жимиб қолди. Мен ҳам беихтиёр ўша томонга боқдим. Пастдаги қуллар оддийгина, аммо қалин матодан ясалган ёстиқ ва чойшаб солинган замбилни ҳозирлай бошлашди: улар Ҳофизни ғўлага ўхшатиб замбилга енгил ва оҳистагина қўйишди, кейин куни кўтарганларича, зинапоялардан тушишди-да, кўздан ғойиб бўлишди. Турк уларнинг орқаларидан ачиниш, гангиш аралаш иазар ташлади-да, ўрнидан қўзғалди. Назаримда, у ҳикоясини охиригача етказмасдан хайр-маъзурни ҳам насия қилиб жўнаб қоладигандек эди. Ҳайтовур нарвон ёнида ушланиб қолди. Гўё шу лаҳзада уни биров чақириб қолди-ю, шунинг учун зарур бўлган гапларни умумий тарзда бўлса-да, айтиб қолишга улгурмоқчидек, шоша-пиша ҳикоя қила бошлади.
Ҳикоя қиларкан, у менга мутлақо қарамас, гўё сўзларни ўқиётгандек, девордан кўз узмасди. Унинг сўзларидан жуда кам маъно уқдим, аммо бу ҳикоя аввалгиларига нисбатан ёрқинроқ, сербўёқ эди.
Бу хотин вақти келиб ҳараму Ҳофизнинг мулки, ҳатто унинг устидан ҳам ҳукм юргиза бошлади. Чалабий фақат ўша хотинга ишонар, агар ҳарбий юришга чиқадиган бўлса, калитни унга ишониб топширарди: калитлар хусусидаги сурияча мақолни ё билмасди, ё унутганди. Ҳолбуки, бу ҳикмат ёш болага ҳам маълум. Агар қайғусиз яшашни истасанг — калитингни белбоғингдан ажратма; бор буд-шудингдан ажралмоқчи бўлсанг — уни энг садоқатли хизматкорингга ишониб топшир; ўлгинг келса — хотинингга қолдир…
Кунларнинг бирида, шунча йил бирга яшаганларидан кейин Ҳофиз ўз аскарлари билан уйга қайтаркан, ҳовлида уни қуролланган одамлар қуршаб олишди. Барча сарбозлари (фақат бир аскаргина қоронғида яшириниб, омон қолди) қиличдан ўтказилди. Ярадор бўлган Ҳофизни эса уриб-суриб отдан туширишди.
Бу Чалабий Ҳофизнинг кенг-мўл ва тўкин кошонасида мисли кўрилмаган машъум тун эди. Қамоқхонадан чиқариб юборилган ярим яланғоч, озғин, майиб-мажруҳ асирлар ҳамма ёқни талон-торож, нест-нобуд қилдилар. Ўт қўйдилар. Ички ҳовлининг ўртасидаги қудуқ устунига уст-боши дабдала бўлиб кетган, ярадор Ҳофизни боғлаб қўйишди. Озод этилган қуллар ва ҳарам хотинлари аламларига чидолмай атрофда қутуришаркан, қўлларидаги пичоқ ва бошқа қуролларни ўқталишар, ланғиллаб ёнаётган, чарс-чурс қилиб мум томаётган машъалани унга силкитишарди.
Оломонга ўша суриялик, Чалабий Ҳофизнинг севимли хотини раҳнамолик қиларди. Аёл ўч олиш учун қулай фурсат кутиб, йиллар давомида режа тузганди. Ҳофиз ҳали кўзларидан жудо бўлмаган экан, қуйидаги манзарани кўрди: дунёдаги энг азиз ва энг яқин илк марта раҳм-шафқат ҳиссини қўзғатган, ишонган ягона аёл унинг атрофида қутуриб изғир, жазавага тушар, қаҳр-ғазабга тўлганича оғзидан боди кириб, шоди чиқарди. Бадбахт хотини уни ўлдиргани қўймади — бу ерда ҳамма ана шу азозилга бўйсунарди — эрининг азоб чекканини ўз кўзи билан кўришни истарди. Унинг қўлларини, оёқларини синдиришди. Ловуллаб турган машъала билан савалашди.
Шу пайт кутилмаганда тун қаъридан от дупури эшитилди: қочишга улгурган аскар Ҳофизнинг акасини юз берган воқеадан огоҳлантирган эди. У бир неча суворий билан шу даражада тез елиб келдики, маст-аласт, овқат еяверганидан бўкиб қолган, қон тўкиш ва ўч олишдан чарчаган бадкирдорлар қуролланган туркларнинг каттакон курони келмоқда, деган гумон билан жуфтакни ростлаб қолишди.
Арқон билан чирмаб ташланган Ҳофизнинг ёнида суриялик аёлгина қолди. Биринчи бўлиб яқинлашиб келаётган суворий уни ушлагунча ёки қилич билан чопиб ташлагунча бўлмай, аёл ёниб турган машъала билан бир неча марта Ҳофизнинг башарасига урди. Машъалани ўз хўжасининг юзига босиб ўчирди. Айни худди шу лаҳзада чавандоз қиличи зарби билан аёлни ҳалок қилди.
Ҳофизнинг акаси Собит дарҳол тартиб ўрнатди. Тонг отганида у ғалаённи бостирди — ҳарам хотинларини, хизматкорлар ва озод этилган асирларни ушлади ёки ўлдирди. Чеккароқдаги бинолардан бири ёниб, кул бўлди. Энг учқур арғумоқ минган суворийлар табиб қидириб, ҳар томонга ўқдай учиб кетишди. Чалабий Ҳофиз эса бўм-бўш ҳарамда ҳушсиз, мажруҳ ҳолда ётарди.
Қисқасини айтганда, унинг ҳаётини сақлаб қолишди, аммо у ҳозир кўрганингдек, мудҳиш аҳволга маҳкум этилганди. Унинг акаси мамлакатда қиладиган ҳамма ишларини ташлаб, бу ерга, денгиз соҳилига кўчиб ўтди. Оловли Ҳофиз, Қанотли Ҳофиз қуруқ гавдага, ғўлага айланди. Акасининг меҳру шафқати унга жон бағишлаб турибди, холос. Тақдир уни қўллардан, оёқлардан, кўзлардан жудо қилди, ўзи эса «чурқ» этиб оғиз очмайди. Шу тақлидда унинг кунлари ўтади. Фақат парвардигори оламнинг ҳавосидан пича нафас олади, соатнинг ҳар ўн беш дақиқада жом чалишига қулоқ солади. Сурияда эса…
Ногоҳ кимдир чапак чалди, қул ўз ҳикоясини чала қолдирганича, кўксимга туртиб қўйди. Бу билан у ҳикоя ниҳоясига етди, ишингни давом эттиравер, демоқчи эди. Ўзи эса, шошилганича зинапоядан пастга туша бошлади.
Соатни тузатиш учун анча вақт сарфладим. Ишни ниҳоясига етказиб, текшириб кўриш учун бир неча марта жом чалдирдим, кейин мени қандай олиб борган бўлсалар, шундай олиб келишди, аммо на Чалабий Ҳофизни, на қулни қайта кўрдим. Қайсидир бир кўса ўспирин мени соқчига топширди.
Маълумингизким, орадан кўп сувлар оқиб кетди, аммо Аккрадаги соат минорасидан туриб кўрганим ва эшитганим воқеаларни унута олмайман. Шунга қарамасдан, кўп нарса менга қоронғилигича қолди. Заҳил юзли букри турк ким эди? Балки у хонавайрон бўлган суриялик оилалардан бирининг вакилидир? Балки у туркларнинг динига кирган собиқ кофирдир? Балки унинг ота-онаси ислом динини қабул этгандир? Нега у юз берган воқеаларни менга эҳтирос билан ҳикоя қилиб бергани ҳолда анави насроний маҳбусга оғиз ҳам очмади? Эшитганларимнинг ҳаммаси ҳақиқатмикин ёки қул бирон-бир нарсани ўзгартириб, ўз ёнидан қўшдимикин? Балки у ҳақда бир тахта ексик* иборасини қўллаш жоиздир?
Ўша воқеаларни эслаб, Чалабий Ҳофизни ёдга оларканман, ўзимга шу саволларни бераман: «Ёки буларнинг ҳаммаси тушимда юз бердимикин? Бунақаси, сирасини айтганда, тушга ҳам кирмайди-я…» Бироқ нима ҳам қила олардим? Бу ҳодиса сайёрамизнинг Осиё қитъасида юз берди. У ўлкада бундан ҳам бешбаттари юз бериши мумкин. Шу кўйга тушган ҳар бир тирик жонзот бир умр ўз-ўзидан сўрайди: қандай қилиб ва нима сабабдан бу воқеа юз берди? Ҳеч ким бу саволларга на жавоб тополади ва на бирон-бир нарсани жўяли тушунтириб бера олади. Бу ўлкада саволлар жавобсиз қолади ва унутилади. Жуда кўп қабилалар ва халқлар шу тақлидда яшайдилар. Чекингга тушса чекчайма, деганлар. Вассалом. Мен ҳам бирон нарса дейишдан ожизман, фақат бот-бот ўзимдан ўзим сўрайман: Чалабий Ҳофизнинг кейинги тақдири нима кечди экан? Парвардигорнинг қаҳрига учраб, даҳшатли қиёфа касб этган бу жонзот тирикмикин? У мен инсоф билан астойдил тузатган улкан соатнинг жом чалишини эшитаётганмикин?
Чалабий Ҳофизни тез-тез тушимда ҳам кўриб тураман. Бундан бир неча йил муқаддам, бетобланишимдан аввал мен уни худди ўнгимда кўргандек бўлдим. У соппа-соғ, бақувват эмиш, қўллари ҳам, оёқлари ҳам бус-бутун; келишган, барно бу турк йигити сал ташвишли, маъюс кўринди; худонинг ўзи кечирсин-у, худди жони маҳшаргоҳдан чиққандай, ибодат қилишга ташна эмиш.
Ҳар гал тушимдами, ўй-фикримдами, Чалабий Ҳофизнинг қиёфаси намоён бўлиши ҳамоно мен ўзим билан Аккра қамоқхонасида ётган ўртоғимни эслайман. У мен билан тўрт ой бир камерада ётди, кейин қочишга муваффақ бўлди. Эшитишимча, рус кемасига мол юклаётган юкчиларга аралашиб кетиб, кўздан йўқолибди.
У христиан мазҳабидаги ливанлик бўлиб, касби хаттотлик эди. Биз унга Қораёзижи деб ном бергандик. Ҳақиқий исмини билмасдим. У аллақайсиям арманиларнинг илтимоси билан Истанбулга, туркларга малол келадиган афвномами ёки шунга ўхшаш бир нима ёзган. Ҳолбуки, бундай қилмаслиги керак эди. «Қалам, — дерди у, — мени зиндонга солди». Ҳамма бадкирдорлар қамоққа олиниб, шундай ҳукм чиқарилди: бу ишга раҳнамолик қилганнинг боши танидан жудо қилинсин, мактубни ёзганнинг эса қўли кесилсин!.. Арманилар бошларидан жудо бўлишди. Мирзонинг эътиборли ҳамюрти уни узоқ муддатли сургунга юбориб, бунинг эвазига дўстининг қўлларини сақлаб қолди. Мирзо ҳамиша ўнг қўлини камарига суқиб юрар, гўё уни йўқотган-у, кейин топиб олган қимматбаҳо буюмдай эъзозлар, тушида тез-тез қўлини чопиб ташлаётганларини кўришини, уйғонганидан кейин ҳам илки узоқ муддат зирқираб оғришини менга ҳикоя қилиб берарди. Кечаси шам ёнида ўз қўлига раҳми келиб йиғлаётганини ҳам кўп кўрганман. Бу одам фақат кундузларигина гаплашарди. Кеч кириши билан нафис яхтагига ўраниб олар, менга тикилганича, гапларимга қулоқ солар, ўзи эса чурқ этмасди. У худди қасам ичгандек тонг отгунига қадар зўр бериб сукут сақларди. Ғалати, аммо ақлли одам эди, у. Гапни-ку, қийворарди. Гапирганига нисбатан кўп нарса билишини унинг кўзлари айтиб турарди.
Бир куни мен унга кўрган-кечирганларим, Ҳофиз ҳақида сўзлаб бердим. Ахир инсон ўз сирларини кимгадир ишониб айтиши керак-ку! Мен ундан жавоб тариқасида шундай сўзларни эшитдимки, буни ҳеч қачон унутмасам керак.
— Ҳа, — деди у, — турк демаганинг шунақа бўлади. Уни қиймалаб ташлагин, ўшанда ҳам ҳар бир бўлаги алоҳида яшайверади. Баданидаги сўнгги заррагача жон таслим қилмайди, бус-бутун турк қайси томонга ҳаракат қилса, ўша томонга силжийди ва судралади. Чўқинган одам эса, бамисоли шиша: унинг бир ерига урганинг заҳоти чил-чил бўлиниб кетади. Қани кейин уни бир жойга тўплаб кўр-чи?
Петар ҳазрат, одатда, Чалабий Ҳофиз ҳақидаги ҳикоясини шу сўзлар билан тамомларди.
___________
* Чесма – сув қувури колонкаси.
* Тахта ексик – унинг бир қайнови ичида (туркча).

Рус тилидан Шерали Сокин таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 10-сон