Улуғбек Долимов. Исҳоқхон Ибрат (1862-1937)

Исҳоқхон Ибрат портрети. «Унутилмас сиймолар» (1999) тўпламидан олинди

Исҳоқхон тўра Ибрат — миллий уйғониш даврининг фаол ижодкорларидан бири, серқирра истеъдод соҳиби. Шоир ва маорифчи Иброҳим Даврон (1874-1922) Ибрат ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Исҳоқхон Тўра улуми диния ва фанния ва адабияда устози комиллиғи билан бутун Фарғона ва дигар жиҳат Осиёйи Вустода инкор ўлунмас даражада бир мавқеъи мутози тутмушдур. Исҳоқхон тўра улуми динияда мударрисдур, фунуни дунявийда, билошубҳа, архитектор, техник ва механик ва физиқия илминда тилифонист, тилиғрофист ва яна химик десак яна оздур, чунки бу илмларни билур. Исҳоқхон тўра олим ва фозил бир зоти олий бўлуб, бу турфа фазоили инсонияга молик… Баъзи ихтироти ҳам бордур».

Исҳоқхон 1862 йили Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида туғилди. Унинг ота-оналари Жунайдуллахўжа ва Ҳурибиби даврининг ўқимишли кишилари эдилар. Исҳоқхон дастлаб ҳижо усулига асосланган маҳалла мактабида ўқиди, аммо саводини онасининг қўлида чиқарди. Ҳурибиби мактабдор бўлиб, ўз мактабида фақат қуруқ ёдлаш билангина чекланмай, қизларга ёзиш ва ҳуснихатни ҳам ўргатар эди. Шунинг учун ҳам Исҳоқхон онасини кўп асарларида устози сифатида ҳурмат билан тилга олади. Адабиёт ва санъатта зўр муҳаббат қўйган Исҳоқхонни ўқишни давом эттириши учун Қўқонга юборадилар. У 1878 йили XIX аср бошларида барпо этилган Муҳаммад Сиддиқ Тунқатор мадрасасига ўқишга киради. Исҳоқхоннинг Қўқон мадрасаларида таҳсил қўрган йиллари (1878-1886) ўзбек адабиётида, маданий ҳаётида, маорифида катта ўзгаришлар содир бўлаётган даврга тўғри келди. Унинг бу адабий-маданий ҳаётдан баҳраманд бўлганлиги шубҳасиз. У Қўқон адабий муҳитининг йирик намояндалари Муқимий, Фурқат, Муҳйи, Завқий, Нодим, Ҳазинийлар билан яқин алоқада бўлган, адабий мушоираларда иштирок этган.

Исҳоқхон Ибрат мадраса берадиган илмлар билангина чекланиб қолмади. У ўқиш давомида буюк Шарқ олимлари асарларини мустақил мутолаа қилди, араб, форс ва рус тилларини чуқур ўрганди, рус ва ўзбек тилларида чиқадиган «Туркистон вилоятининг газети», «Туркестанские ведомости» каби ҳамда Туркистон ўлкасига янги тарқалаётган Исмоилбек Гаспралининг «Таржимон» газетаси билан биринчи марта Қўқон мадрасасида ўқиб юрган кезлари танишди.

1886 йили мадрасани тугатиб, Тўрақўрғонга қайтган Ибрат ўз фаолиятини қишлоқда маърифат тарқатишдан бошлайди, ўша йили қишлоқда мактаб очади. Унинг мактаби «усули қадим» — «усули таҳажжи», яъни ҳижо методига асосланган мактаблардан бирмунча фарқ қилар эди. Исҳоқхон тўра Қўқонда ўқиб юрган вақтларида ўлкада очилаётган рус мактабларидаги ўқув усулларининг маҳаллий мактабларда ҳукм сураётган ҳижо ҳамда қуруқ ёдлаш усулларидан устунлигини сезган эди. Шунинг учун у ўз мактабига нисбатан илғор ҳисобланган товуш (савтия) усулини татбиқ қилди. Аммо бу мактаб узоқ фаолият кўрсата олмади. Мутаассиблар уни ёпишга муваффақ бўлдилар.

Исҳоқхон Ибрат ўзининг «Луғати ситта алсина», «Жомеъул-хутут» ва «Тарихи Фарғона» асарларида ёзишича, 1887 йили, яъни 25 ёшида онасини Маккага олиб бориш учун отланади. Бироқ Ватанга қайтиш онаизорига насиб этмади. Ҳурибиби ўпка шамоллаш касали билан Жидда шаҳрида вафот этди. Исҳоқхоннинг Шарқ мамлакатлари сафарига чиқишдан асосий мақсади, биринчидан, онасининг ҳажга олиб бориш ҳақидаги илтимосини қондириш бўлса, иккинчидан, чет эл халқлари ҳаёти, маданияти билан яқиндан танишиш, бу мамлакатларни ўз кўзи билан кўриш истаги эди: «…Умрим нақдини ҳавас бозорида кечирмак тақозосила ўлуб, синним йигирма беш кечмиш экан, ҳавои тақозои муҳтарама душуб саёҳат этдум…»— деб ёзади у.

Исҳоқхон Ибрат онасини Жидда шаҳрида дафн этиб, Шарқ мамлакатлари бўйлаб сафарини давом эттирди. Шу билан бирга Истанбул, София, Рим каби Европанинг марказий шаҳарларида бўлди. Анча вақт Афгонистоннинг Кобул, Арабистоннинг Жидда каби шаҳарларида истиқомат қилди. Макка шаҳридан Қизил денгиз ва Ҳинд океани орқали Ҳиндистонга келди. 1892—1896 йилларда Ҳиндистоннинг энг катта порт шаҳарларидан Бомбей ва Калкуттада яшади. Бу ерда кўп ишлатиладиган арбаъ лисон, яъни тўрт тилни: араб, форс, ҳинд-урду ва инглиз тилларини мукаммал ўрганди. Исҳоқхон Ибратнинг Шарқ ва Ғарб халқлари тилларини анча мукаммал билганлигини эътироф этиб, замондоши Иброҳим Даврон шундай ёзади: «Фазоили инсониядин моада қози тўра жаноблари туркча, форсча, ҳиндча, русча лисон билиб, яна русча, франсўзча, арманича ва бошқа хатлар ёзмоққа моҳирдурлар».

Исҳоқхон тўра Ибрат 1896 йили Ҳиндистондан Бирма орқали Хитойга, сўнгра Кошғарга ўтади ва Наманганга қайтиб келади. Чет элдан қайтгач, 1896 йили олти тилни ўз ичига олган «Луғати ситта алсина» («Олти тилли луғат») номли асарини ёзди. Асар анча қийинчиликлар билан 1901 йили Тошкентда Ильин босмахонасида чоп этилди. Ибрат илғор педагог сифатидаги фаолиятини давом эттириб, 1907 йили ўз уйида «усули савтия» методига асосланган мактаб очди. Унда 30 нафар қишлоқ болаларини ўқитди. Ўқиш-ўқитиш ишларини ўзи тузган дастур асосида олиб борди. Мактаб ёруғ деразали катта хонага жойлашган бўлиб, янги ўқув қуроллари — парта, стол-стуллар, янги ўқув китоблари, қора тахта (доска), дафтар кабилар билан таъминланган эди. Ибрат ўз мактабига янгича ўқитиш усулларидан хабардор бўлган педагог Ҳусайн Макаевни таклиф қилди. Ҳусайн Макаев ва унинг рафиқаси Фотима Макаева Исҳоқхон Ибрат мактабида ўқитувчи сифатида фаолият кўрсатдилар.

1907 йили Ибрат Оренбургга боради ва Ризо Фахриддиннинг «Шўро» журнали фаолияти билан танишади. У Оренбургда Гауфман деган матбаачидан пулини ўн йил мобайнида тўлаш шарти билан 1901 йилда чиққан литографик машина сотиб олади. Исҳоқхон литографик машина ва ҳарфларни катта машаққатлар билан Оренбургдан Қўқонга поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларда олиб келади. 1905 йили ўзи қурдирган ҳаммом ўрнида чопхона ташкил қилди ва «Матбааи Исҳоқия» номи билан ишга туширди.

Ибрат «Мақсад бу ишдан эрди оламға илм касри» деб таъкидлаганидек, бу матбаа ўз фаолиятини илм-маърифат тарқатишдан бошлади. Унинг биринчи маҳсулоти «Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий» савод чиқаришга бағишланган бўлиб, 1908 йили босмадан чиқди. Бу тўғрида ўша йили матбаага мудирлик қилган Охунзода Абдурауф Шаҳидий қуйидагиларни ёзади: «Қобилият ва салоҳиятлари қавий, заковат ва фатонатлари жойида бўлган ғайратли талабалар ва ёш муаллимларимиз ва аҳли китобот ва хаттотларимизга таълим ва таълими китобат хусусидаги биринчи ҳадямизни ожизона тақдим айладик».

Бу асар савод чиқариш ва ҳуснихат намуналарини ўрганишда муҳим қўлланма вазифасини ўтаган. Халқ ўртасида китоб ва ўқув қўлланмаларига бўлган талабнинг ошиб бориши натижасида литография 1910 йили Наманган шаҳрига кўчирилди ва типолитографияга айлантирилди.

Маориф ва маданиятнинг равнақ топиши, халқ онгининг шаклланиши ва ривожланишида газетанинг улкан аҳамиятини тушунган Исҳоқхон тўра 1913 йили «Матбааи Исҳоқия» қошида «Ал-тижор ал-Наманган» номида газета чиқаришга ҳаракат қилади, ҳукуматга ариза ҳам беради. Бу ҳақда Уфада чиқадиган, наинки Ўрта Осиё, умумтуркий дунёда машҳур бўлган «Вақт» газетаси катта мамнуният билан қуйидагиларни ёзади: «Наманган мўътабариндин Исҳоқ қози ҳазратлари «Ал-тижор ал-Наманган» исминда бир газета чиқарарға сўраб ариза берди. Бу зот 1908 йилда Наманганда бир матбаа очган эди. Бу йил «Кутубхонаи Исҳоқия» исминда кутубхона очиб, турк, татар, ўзбек тилларинда бўлғон адабиёт китоблари оддирди. Ҳозир газета чиқармоқ ҳаддиндадур. Чин кўнгилдан муваффақият тилаймиз».

Афсуски, Исҳоқхон тўра газета нашр қилишга муваффақ бўла олмади, лекин ўз уйида анча бой кутубхона ташкил қилди ва уни «Кутубхонаи Исҳоқия» деб атади. Унинг архивида сақланган китоблар рўйхати шуни тасдиқлайдики, кутубхонада таълим-тарбия ва ўқитишга оид ўзбек, турк, татар, рус, форс-тожик тилларида битилган кўплаб китоблар бўлган, қишлоқ аҳолиси улардан унумли фойдаланган. Исҳоқхон Ибрат ўз мак-таби ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаган. Кутубхонанинг мактаб ўқувчиларига бағишланган бўлимида Исмоилбек Гаспралининг «Хўжаи сибён», Саидрасул Саидазизовнинг «Устоди аввал», Мунавварқорининг «Адиби аввал», «Адиби соний», Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Асбоби таълими савод», «Китобатул-атфол» каби 50 номдан ортиқ дарслик ва қўлланмалар, таълим-тарбияга оид рисолалар бўлган.

Маълумки, Марказий Осиё Русия томонидан босиб олингандан кейин ҳам қозилик суди сақланиб қолди. Бу билан мустамлакачилар ўзларини ерли халққа нисбатан одил, уларнинг «пушти паноҳи» қилиб кўрсатмоқчи бўлдилар. Аммо давлат аҳамиятига молик ишларни қозилик судида кўриш ман этилди. Исҳоқхон Ибрат 1897-1924 йилларда узлуксиз Тўрақўрғон қозиси лавозимида фаолият кўрсатди. Қатор публицистик мақолаларида, шеърларида тузум иллатларини, маҳаллий ва мустамлака амалдорларининг қабиҳ ишларини фош этди. 1910 йили Туркистон ўлкасида қозилик мансабига сайлов ўтказилди. Шу муносабат билан у «Туркистон вилоятининг газети» саҳифаларида мустамлака тартибларининг моҳиятини очиб ташловчи туркум мақолалари билан чиқди. Ўғрилик, порахўрлик, зўравонлик билан шуғулланувчи ярамас одамларнинг қози ёки мингбоши бўлиб олишларига кенг йўл очиб берган чор ҳукумати қонун-қоидалари, «положения»ларидан қаттиқ норозилигини дадил ифодалади. Халқ тақдирини қабиҳ, ёмон одамларга топшириб қўйишларидан афсусланди. Унинг қуйидаги сўзлари ушбу фикрни қувватлайди: «Положенияда 223-бобида зикр қилингандурки, эътибори бор, етти кундан зиёда ҳибс бўлмаган, ўттиз сўмдан зиёда иштараф тўламаган, ёши йигирма бешдан паст эмас одам (қози) бўлар экан. Олим ёки оми, аҳмоқ ёки доно киши, ё шариат биладурган ва ёки низом биладурган демаган. Кўрасиз, кимларни(нг) қўлларига бу катта шариат ҳукмини топширадурлар. Фикр-андиша қиладурган киши йўқ. Андиша қиладурган одамни одам ҳам ҳисоб қилмайдурлар. Положения бобиға мувофиқ элликбоши деган кимгаки шар кўп тушса, ани ёзар экан. На қилсунлар, бу хил қилсалар положенияга мувофиқ. Положенияда шариат биладурган мулладан деган эмас экан. Уларга ким ва нима бўлиши ҳам даркор эмас экан. Бефикр ўтсанг, эй дўст, муҳтожи нон ўлурсан».

Миллий уйғониш даври мутафаккирлари ўзбек халқини мутараққий миллатлар билан тенг кўришни истадилар. Буни амалга оширишнинг бирдан-бир йўли сифатида мактаб-мадрасаларни тубдан ислоҳ қилиш масаласига бутун куч-ғайратларини, билимларини сафарбар қилдилар. Улар ўз фаолиятларини бир-биридан ажралган ҳодда эмас, ўзаро ҳамкорликда, ҳаммаслакликда, яқин алоқа боғлаган ҳолда йўлга қўйдилар. Мунавварқори Абдурашидхонов Беҳбудийнинг «Ойна» журналида, Исҳоқхон тўра Ибрат Тошкент жадидлари раҳбарлик қилган «Садойи Туркистон», Фарғонадаги «Садойи Фарғона» газеталарида ўз асарлари билан иштирок этди. У Мунавварқорининг таклифига биноан бир неча марта Тошкентда, унинг мактаби имтиҳонларида қатнашган. Мунавварқори 1907 йили Исҳоқхон тўрага махсус таклиф хати билан мурожаат қилади: «Ҳурматлу Исҳоқхонҳожи жанобларина!

1907 йил май ойиндан эътиборан Тошкандда Тарновбоши маҳалласинда «Хония» мактабинда талабаларни йиллик имтиҳонлари бошланур. Сиз ҳурматлудан рижо қилурмизки, тавобеъингизда бўлғон усули жадидия мактаблари мудирлари ила имтиҳон мажлисларина ташриф қилсангиз, муаллим ва шогирдлар сиздин мамнун бўлур эдилар. Муҳибингиз Мунавварқори. 15 март 1907 йил».

Бу таклифга биноан Исҳоқхон Ибрат ўз яқинлари — илғор педагоглар Ҳусайн Макаев, Мулла Искандар домла Абдуваҳоб ўғли билан бир неча ой Тошкентда бўлади. Улар Тошкентда усули савтия мактаблари билан бир қаторда усули қадим мактабларида ҳам бўладилар. Исҳоқхон Ибратнинг «усули жадид» ва «усули қадим» мактабларига бағишланган туркум мақолалари «Туркистон вилоятининг газети»да босилиб чиқди.

Исҳоқхон Ибрат жаҳон илми ва маданиятида яратилган хар бир илғор янгиликдан ўз халқини баҳраманд этишга ҳаракат қилди. 1908 йили ташкил қилинган «Фотографияи Исҳоқия», 1910 йили Тўрақўрғон аҳолиси учун бунёд этилган истироҳат боғи буни тасдиқлайди. Бугина эмас. У отасидан қолган катта ерни гулбоғ қилди, фаввора қурдирди, 150 туп манзарали да-рахтлардан хиёбон яратди, Европа усулида катта иморат қурдириб, унинг аркига «Хуш келибсиз, Исҳоқия боғига!» — деб ёзиб қўйди. Тўрақўрғон аҳолиси уни ҳозир ҳам «Гулбоғ», «Исҳоқия боғи» деб атайди. Бу боғни шоир Ибрат халқ учун яратганини яна шундан ҳам билиш мумкинки, у бу масканда дам олувчиларни гулни беҳуда узмасликка, тартиб сақлашга чақиради. Қуйидаги байтлар шу мазмунда:

Узмагил беҳуда гул, боғбондин андиша қил,
Ори-ори гул узарсан, хоридин андиша қил.

Кимки келди бу чаманга, то гул узмай қўймади,
Лек ҳар вақт гул узарсан, халқ хушини пеша қил.

Ёки:

Беижозат гулни узма, боадаб,
Сўра боғбондин, сенга қўйдум қадаб.

Ёки:

Кирса ҳар одам бу ерга гулни ҳаргиз узмасун,
Кўр ҳўкуздек суркалиб панжораларни бузмасун.

Янчғилаб гулни ҳамоқат дўконини тузмасун,
Ёш буқадек югуруб кўрган кишини сўзмасун.

Кирса ҳар ким боадаблик таслимини бермасун,
Ибрат олмай ҳам хижолат бирла боғдин безмасун.

Исҳоқхон тўра Ибрат Октябрь тўнтаришидан кейин халқни фаровон, мамлакатни обод қилишда шўролар ҳукуматига катта умид боғлади. Ижодий иш билан бир қаторда жамоат ишларини олиб борди. Қишлоқни ободонлаштириш, маориф, таълим-тарбия ишларини тубдан яхшилаш, янги мактаблар очиш, малакали ўқитувчи мутахассислар етиштириш, халқ фарзандларини мак-табларга тортиш ишларида фаол қатнашди.

Ибрат ҳаётининг сўнгги йиллари анча таҳликали ўтди. Биринчидан, қарилик. Иккинчидан, 1935 йилдан эътиборан у барча ла-возимлардан четлатилган, қарилик нафақаси ҳам тайинланмаган эди. Бунинг устига, ҳукумат маъмурияти унга ишончсизлик билан қарар эди. Шоир тепасида ҳам қатағон булутлари қуюқлашиб борарди. Минглаб ўзбек зиёлиларининг ёстиғини қуритган қата-ғоннинг энг даҳшатли кезлари — 1937 йилнинг илк баҳорида Ис-ҳоқхон Ибрат ҳам қамоққа олинди. 75 ёшни қоралаган нуроний шоир-маърифатпарвар ҳибсхонанинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий азобларига бардош бера олмади. Унинг суди ҳам бўлмади, шўролар қамоқхонасида икки ой ётиб, ҳаёт билан видолашди.

 

Ижодий мероси

Ибратистеъдодли шоир. У уч — ўзбек, форс ва араб тилларида эркин ижод қилган. Ўз шеърларини тўплаб, девон тузган. Замондоши шоир Муҳсиний (1860—1917) ҳам уни «соҳиби девон» деб таърифлайди. Аммо мазкур девон бизгача етиб келмаган. Шунга қарамай, шоирнинг катта ҳажмдаги шеърлари XX аср бошлари вақтли матбуотида босилиб чиққан, баёзларга киритилган. Ибрат ўз шеърларининг кичик қисмини 1909 йили ўз матбаасида «Илми Ибрат» номи билан босмадан чиқарган. Булардан ташқари, шоирнинг катта ўғли Аббосхон томонидан 1910 йили тузилган баёзга Ибратнинг 17 шеъри киритилган.

У ёшлик йиллариданоқ Алишер Навоий асарларини чуқур ўрганди, унинг ғазалларига назиралар боғлади. Айниқса, Навоийнинг машҳур «Бўлубтур» радифли ғазалига ёзган назираси эътиборга лойиқ:

Ишқинг дилу жона жо бўлубтур,
Жону дил анга фидо бўлубтур.

Сан айламасанг агар давоси,
Дардим мани бедаво бўлубтур.

Шоир Навоийнинг ғазалидан таъсирланган. Натижада ушбу ғазалга жавобан радиф, қофия, вазн ва байтлар миқдорини сақлаган ҳолда назира ёзган.

Ибратнинг аксар шеърлари ишқ мавзуида. Ўзбек мумтоз адабиётидаги ёр, гул, булбул образларига у ҳам мурожаат қилди. Ушбу мавзуга янгича руҳ бағишлади. Бу мавзу орқали ҳаётни, инсонни, муҳаббатни, гўзаллик ҳақидаги орзу-умидларини куйлади. Шоирнинг ушбу ҳаётбахш мавзудаги «Саҳар вақти чаман ичра» радифли ғазали таҳсинга сазовордир. Булбул саҳар вақти гулзорда қизил гул ишқида афгон чекади. У гул ишқида шунчалик мастки, ҳатто тикандан-тиканга қўнавериб, бағри қонга беланганидан ҳам бехабар. Натижада бу тиканлар захми сабаб ошиқ булбул ҳалок бўлади:

Ўшал булбул қилар афғон, саҳар вақти чаман ичра,
Қўнар гул деб тикан узра, саҳар вақти чаман ичра.

Қилар бағрини булбул қон, тикан узра берай деб жон,
Бўлур гул завқидин қурбон, саҳар вақти чаман ичра.

Ўшал булбул бўлур доғлар, чаманни гашт этиб боғлар,
Қизил гулни тилаб йиғлар, саҳар вақти чаман ичра.

Чиқар булбулни афғони, чаман ичра оқиб қони,
Тасаддуқ гул учун жони, саҳар вақти чаман ичра.

Муҳаббат бирла маст эрди, ани йўлида жон берди,
Қизил гулдин хабар сўрди, саҳар вақти чаман ичра.

Шоир бу билан чекланмайди. Қуйидаги байтларда шоир -ошиқнинг юксак инсоний муҳаббатга самимий муносабати янада ёрқинроқ тасвирланади. У булбул каби ёрга етишишни ҳамма нарсадан афзал кўради. Шунинг учун ҳам ёр васли йўлида ҳатто ўлимга ҳам тайёр. Юқоридаги мисраларда, асосан, табиат гўзаллиги тараннум этилса, кейинги икки байтда шоир образи биринчи ўринга чиқади:

Муяссар бўлса ул жонон, ато қилса ўшал Субҳон,
Йўлида жон қилай қурбон, саҳар вақти чаман ичра.

Ибратий, бехабар бўлма, яна ғафлат била ўлма,
Гуноҳи беадад қилма, саҳар вақти чаман ичра.

Ибрат ниҳоятда ихчам, байтлари бир-бирига жуда мутаносиб, айни замонда ўзига хос композидияга эга ғазал ярата олган. Ғазалдаги нафис ташбиҳ, сифатлашлар теран мазмуннинг бетакрор бадиий ифодасига хизмат қилган.

Исҳоқхон тўра Ибрат ижтимоий-сиёсий мавзуда халқ ҳаётини ҳаққоний ифодаловчи бир қанча асарлар яратди. Шоирнинг «Қалайсизлар?», «Бўлубтур», «Ўлурсан», «Шикоят», «Сийму зардур» каби сатирик асарлари шулар жумласидандир.

Марказий Осиёнинг босиб олиниши натижасида ўлка Русия тўқимачилик саноатини пахта билан таъминлайдиган асосий хом-ашё базасига айланди. Шоир Ибратнинг «Қарз» радифли мусаддасига чуқурроқ эътибор берилса, шоирнинг шеърдаги заҳархандаси остида аччиқ ҳақиқат ётганини пайқаш қийин эмас. Бечора чоракор деҳқон ўз оиласини боқиш учун ўзини ўққа-чўққа уришга мажбур: у йил бошида бўлажак пахта ҳосили устидан қарз олади. Ҳосил кутилганидан кам бўлгани туфайли қарзга ботади, уй-жойи «хатга тушади», бир парча еридан ҳам ажралади:

Олди-ю қарз пахта учун бергумуз муни,
Деди: чиқар ҳаёни тарозуда бир куни.
Сарфу харожат айлади ҳеч чиқмади уни,
Пахта бўлур бу йили адо айлагум шуни.
Келди бу халқ бошига бирдан балойи қарз,
Бўлди тамом халқи жаҳон мубталойи қарз.

Ўлка ҳаётига капиталистик муносабатлар билан бирга ярамас, ўта салбий иллатлар ҳам кириб келди. Бу иллатлар маҳаллий халқ ахлоқига кучли салбий таъсир кўрсата бошлади: меҳмонхоналарда, ресторанларда ифлос ишлар билан шуғулланиш, «доим фиён» бўлиб юриш ҳоллари вужудга келди. Бу ҳақда академик В.В. Бартольд қуйидагиларни ёзади: «Ерли аҳоли руслар билан яқинлашиши, рус тилини ўрганиши натижасида рус ҳаётининг ташқи, салбий томонларини ҳам ўзлаштирдилар. Фаҳш ҳаёт кечиришга, вино, пиво ичишга ўргандилар…» Бунинг устига, Русия ҳукумати ҳам мустамлака ўлка халқлари маънавиятини, диний эътиқодини бузиш учун фоҳиша аёлларнинг оқиб келишига катта имкониятлар яратган эди (Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмасидаги Лиза, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романидаги Мария Бистрова, Ойбекнинг «Қутлуғ қон» асаридаги ресторан фоҳишаларини эсланг).

Исҳоқхон Ибрат «Бўлубтур» радифли ҳажвиясида мана шундай ҳаётий лавҳаларни берар экан, унга ўзининг нафратини ифодалаш билан чекланмайди, балки бундай ҳаётни вужудга келтирган фактор сифатида Марказий Осиёнинг, жумладан, Қўқон хонлигининг Русия томонидан босиб олинишини кўрсатади:

Алҳол муҳтасиб йўқ, бир-икки қилса ул дўқ,
Ичкуга халқ роғиб, доим фиён бўлубтур.

Маҳбуба нақшхонлар, кўзи қаро жувонлар
Гастинсаларда юруб, сарфи зиён бўлубтур.

Манзума соли таърих, бу даҳр инқилоби,
Минг икки юз тўқсон икки баён бўлубтур.

Шоирнинг ушбу шеърида мавжуд мустамлака тузуми кирдикорларини: савдогарлар, чайқовчиларнинг қаллоблигини, пул инфлядияси туфайли нарх-навонинг ҳаддан ташқари ошиб кетиши халқ ҳаётини мушкуллаштирганини кўришимиз мумкин. Мана, шоир қассоблар, новвойлар, аллофларнинг қанчалик ноинсофлигини, уларнинг халқни талашдаги усулларини шундай тасвирлайди:

Қассоб, қўйфурушлар, жангу жадал урушлар,
Бечоралар фулига гўш(т) устихон бўлубтур.

Новвойда йўқдур инсоф, андин ўтадур аллоф,
Кўр, чакса ун хамири қирқ икки нон бўлубтур.

Исҳоқхон Ибрат шўролар даврида ҳам ҳажвий асарлар яратишда давом этган. У ўз шеърларида давлатнинг масъул идораларида фаолият кўрсатаётган раҳбарлари туфайли харобага айланиб бораётган қишлоқлар манзарасини беради. Шу нуқтаи назардан шоирнинг 1931 йилда ёзган «Тўрақўрғон тумани ижроқўмига ариза» шеъри эътиборга лойиқ:

Эй, районга раис ўртоқлар,
Давлат узра юринг бўлуб соғлар.

Қуруди ўрик, олма, ёнғоқлар,
Хўжасини қўюб бағрига доғлар.

Сайрашар эрди гул узра булбуллар,
Булбул ўрнига қузғуну зоғлар.

Отунадин бўлдилар вакил сувга,
Халқ ғамидин бўлмас уйғоқлар.

Сув бериш йўлини билмаслар улар,
Баъзи бўлган мироб тўнгоклар.

Афу этинг хўжалик солиғини,
Ё сув беринг, қурумасин боғлар.

Исҳоқхон Ибрат ижодидаги етакчи ғоя илм-маърифат, маданият ва техника янгиликларини тарғиб қилиш ғоясидир. Ибрат маърифатпарварлигининг туб моҳияти шундаки, унинг илм-маърифатга чақирувчи шеърларида инсон тақдири биринчи ўринда турди. У халқнинг иқтисодий-маданий ҳаётига хизмат қилувчи, унинг мушкулини енгиллаштирувчи, узоғини яқин қилувчи илм-фанни, техникани тарғиб этди. Шу нуқтаи назардан, унинг «Тарихи чопхона», «Маданият ҳақида маснавий», «Газета хусуси-да», «Туркистон ахдиға хитоб», «Табрик Намангондин», «Қалам», «Тарихи манзумаи вагон Ибратдин ёдгор», «Мухаммаси Ибрат» каби шеърлари диққатга сазовор. Шоир бу шеърларида мамлакатни, халқни асрий қолоқликка судровчи мутаассибларни, қадимчиларни кескин фош этди. Ибрат меҳнаткаш халқ бошидаги оғир ҳаёт, қашшоқлик, мамлакатнинг қолоқликда, халқнинг нодонликда қолганининг сабабларини аниқлашга, ундан қутқариш йўлларини топишга ҳаракат қилди. Бир неча тараҳқий этган мамлакатларда бўлган Ибрат халқни зулматдан, мамлакатни қолоқ-лиқдан қутқарувчи бирдан-бир йўл илм-маърифатни эгаллаш деб тушунди. Шоирнинг босмахона очишдаги мақсадини ифодалаб ёзган «Тарихи чопхона» шеъридаги ушбу сўзлари Ибратнинг ижодий-эстетик приндипини тўла ифодалайди:

Минг уч юзу йигирма олтида чопмахонг,
Очмоқға бўлди рухсат ва сўз бериб замона.

Мақсад бу ишдан эрди оламға илм касри,
Ҳам қўймоқға асарлар ёдёвари жаҳона.

Касбу камоли ислом бўлмай тараққиятда,
Ҳолиға тушмасун деб этдук буни баҳона.

XX аср бошларига келиб мустамлака ўлкасининг ҳамма йирик шаҳарларини бирлаштирувчи ва Русия билан боғловчи темир йўллар қурила бошланди. Тўғри, чор Русияси бу тадбир билан ерли аҳолининг мушкулини осон, узоғини яқин қилиш мақсадини қўйган эмас, аксинча, мустамлака ўлка ер усти ва ер ости бойликларини мўлроқ ва тезроқ ташиб кетиш мақсадини қўйган эди. 1910 йили Қўқон ва Наманган шаҳарларини боғловчи темир йўл қурила бошланди. Мазкур қурилишга Исҳоқхон Ибрат ўз халқи манфаатлари нуқтаи назаридан муносабатда бўлди ва «Тарихи манзумаи вагон Ибратдин ёдгор» номли катта мухаммас билан «Туркистон вилоятининг газети»да чиқди. Шеър 15 банд — 75 мисрадан иборат бўлиб, газетада босилган вариантида икки банди тушириб қолдирилган. Ибратнинг дастхати билан ёзилган варианти унинг ўғли Ротибхон Исҳоқов қўлида сақланади. Бу вариантига «Стихотворение и история железной дороги Наманганского уезда от Исхакхана Джунайдуллаева» деб русча сарлавҳа қўйилган.

Шоир Ибрат маданий-иқтисодий ҳаётда муҳим роль ўйнаган, ўша давр учун нисбатан янги ҳодиса бўлган темир йўлни самимият билан қарши олди:

Наманган аҳлиға хўб ўлди бир яхши замон келди,
Муродоти халойиқ узра бир жону жаҳон келди,
Дема жону жаҳон авқот учун бу халққа дон келди,
Дема дон, балки бунларга маишат узра нон келди,
Ажиб бир фойизи арзоқи инсоний вагон келди.

Юқоридаги мисралардан кўриниб турибдики, шоир темир йўлни — вагонни «жону жаҳон», «дон», «нон»дан юқори қўяди, уни «арзоқи инсоний вагон», яъни инсон ризқи рўзи деб баҳолайди. Шоир темир йўл қурилишини кўкларга кўтариб мақтар экан, Қўқон ва Наманган шаҳарлари ораси унча узоқ бўлмаса ҳам жуда машаққатли йўл эканлигини деталларда баён қилади. Қўқон ароба азобларини ўз бошидан кечирган шоир вагонни «арзоқи инсоний вагон» дейишида катта ҳақиқат ётар эди:

Наманган аҳлиға бормоқ эди Хўқандга кўб меҳнат,
Ўтурса сарт ароба узра меҳнат устига кулфат.
Ароба меҳнатидин бормоқа бўлмас эди журъат,
Бу дарёю ароба меҳнатидин айлабон узлат,
Ажиб бир фойизи арзоқи инсоний вагон келди.

Намангандин чиқардук сарт ароба меҳнатин тортиб,
Ўтуруб бесаранжом, юк ила сирка қовоқ ортуб,
Уруб отларни қумларда ва ё кўлларда кўб ҳортуб,
Аробакаш ила хўб муштлашиб, кўб оҳ-воҳ тортуб,
Ажиб бир фойизи арзоқи инсоний вагон келди.

Исҳоқхон Ибрат ўзи яшаб турган ижтимоий ҳаётда юз бераётган долзарб масалаларни кўтариб чиқди, уларга муносабат билдирди. Шоир халқни илм-маърифатли қилишда газета ва журналларга катта аҳамият берди, ўзи ҳам газета нашр этиш учун ҳаракат қилди. XX аср бошларида жадид мутафаккирлари томонидан нашр қилинаётган газеталарни қўллаб-қувватлади, «Тараққий», «Тужжор», «Садойи Фарғона» газеталарини ва уларнинг муҳаррирларини табриклаб, матбуот саҳифаларида чиқди. Мазкур мавзуга багашланган «Газетдур жаҳон аҳлига бир лисон», «Табрик Намангондин», «Манзума Ибратдин» каби шеърларида газета ўқимаганларни ўлганлар ёки ухлаганлар билан баробар ҳисоблайди, шу билан бирга, газетани жаҳон халқлари учун «бир лисон» деб атайди.

Исҳоқхон тўра Ибрат маърифатпарварлигининг туб моҳияти шундаки, у ҳар бир воқеа-ҳодисага ўз халқи, Ватани манфаатлари нуқтаи назаридан туриб муносабатда бўлди, баҳолади. Келажак авлоднинг тараққий этган миллатлар қаторида эркин, мустакил, фаровон ҳаёт кечиришини орзу қилди ва унга катта умид боғлади.

 

Ибратнинг илмий мероси

Исҳоқхон тўра Ибрат атоқли педагог, тилшунос, тарихшунос олим, сайёҳ, ўткир дидли хаттот ва рассом ҳамдир. У тилшуносликнинг энг муҳим соҳаларида қалам тебратди. Бу соҳада унинг олти тил: ўзбекча, русча, арабча, форсча, туркча ва ҳиндча тиллари луғати «Луғати ситта алсина» ва жаҳон ёзувлари тарихига бағишланган «Жомеъул-хутут» («Ёзувлар мажмуаси») асарлари муҳим аҳамиятга эга.

Олимнинг «Луғати ситта алсина» асари 1901 йилда нашр қилинган бўлса-да, XIX аср 90-йилларнинг ўрталарида ёзиб тугатилган эди. Аммо маҳаллий муаллифлар асарларининг қаттиқ таъқиб остига олиниши, чор мустамлакачилари томонидан Туркистонда ўрнатилган қаттиқ назорат (цензура) туфайли асар анча кечикиб босмадан чиқарилди. Буни ўша даврда чор Русиясининг Туркистондаги нозири вазифасини бажарувчи Н.П.Остроумовнинг шахсий архивида сақланувчи ҳужжатлар исботлайди. Луғат олти тиллик, анча мураккаб бўлиб, ўзбекча сўзларнинг қаршисида арабча, форсча, туркча, ҳиндча ва русча таржималари берилади. Луғат мингдан ортиқ фаол сўзни ўз ичига олиб, 53 бетдан иборат. Асар икки қисмдан ташкил топган.

Биринчи қисм алифбо тартибида тузилиб, ҳар қайси ҳарфга алоҳида кичик-кичик бобчалар ажратилган. Бу қисмда феълларнинг ноаниқ ва келаси замон шакллари аввал форсча, кейин арабча, туркча, ўзбекча, ҳиндча ва русча таржималари берилади.

Асарнинг иккинчи қисми 37 бобчадан иборат бўлиб, феълларнинг бошқа шакллари, отлар, кишилик олмошлари, кун, ой номлари, одам аъзолари, ҳайвонлар ва паррандалар, озиқ-овқат ва бошқа нарса-буюмларнинг номларини ўз ичига олади. Бу қисмда аввал арабча, кейин унинг форсча, туркча, ҳиндча, ўзбекча ва русча таржималари келтирилади.

Луғатнинг муҳим аҳамияти шундаки, шу ерли аҳоли учун тушунарли бўлган араб ёзувида яратилган. Бу ҳақда асарнинг қўлёзма нусхаси билан танишган газета таҳририяти ходимларидан бири қуйидагиларни ёзган эди: «… аксар иборат ва лугатлари тасҳиҳ ва тағйир бўлинди. Хусусан, Русия лугатларини мусулмония ҳуруфлари илан ёзмоқ хўб қийин ва душвор учун ул русча ёзилгон ибо-раларни қўброқ тағйир берилди ва мазқур «Ситта алсина» деган жаноб қозининг ихтиро қилгон китоблари бизнинг Туркистон вилоятимиздаги сартиялардан шунча тил билиб, бул тариқа китоб ва лугат тасниф қилган одам йўқ эди».

Ёзув жамият, маданият ва илм-фан тараққиётида, уни келгуси авлодларга етказишда муҳим роль ўйнайди. Ёзувнинг вужудга келиши, ривожланиши бир неча минг йиллик тарихга эга. У одамлар ўртасидаги алоқа воситаси сифатида тилга нисбатан анча кейин вужудга келди ва ривожланди. Тилшунослик фанинига бу мураккаб соҳасида Исҳоқхон Ибрат анча мукаммал «Жомеъул-хутут» («Ёзувлар мажмуаси») номли илмий асар яратди. Бу асарда муаллиф ёзувларнинг энг ибтидоийси — пиктографик ёзувлардан, то сўнгги давр энг мукаммал ёзувларигача босиб ўтган тараққиёт тарихини ёритиб беришга ҳаракат қилади. Олимнинг мазкур асари катта ҳажмда — 132 бетдан иборат бўлиб, 1912 йилда ўзининг босмахонаси «Матбааи Исҳоқия»да нашр қилинди.

Исҳоқхон Ибрат ўз даврининг йирик муаррихи сифатида «Тарихи Фарғона», «Тарихи маданият», «Мезонуззамон» илмий асарларини яратди. Ибрат ушбу асарларини яратишда Шарқ тарихчилари билан бир қаторда рус ва Европа шарқшуносларининг асарларидан ҳам фойдаланди. Исҳоқхон Ибрат «Тарихи Фарғона» асарида тарихий воқеаларга хон ва бекларнинг муносабатини тасвирлашга алоҳида эътибор беради. Муаллиф Бухоро амири Насруллонинг 1842 йилда Қўқонда машъум қатли ом уюштиришига қарши чиқиб, Қўқон хонлиги билан бирлашиш ва яқинлашиб келаётган рус босқинининг олдини олиш ҳаракатларини қилиш таклифи билан чиққан амир Насрулло вазирларидан бири Абдусамад нойибнинг оқилона сўзларини келтиради: «Ҳоло Хўқанд забт ўлди, Фарғона катта мамлакатдур, қанча аскар ва сипоҳу хазина сарф ўлуб олинди, алҳолда Русияни келмаги маҳаллий хавфдур, агарда хонни онти ақд беруб, тавба қиддуруб, Хўқандға қўюб, Бухороға тобеъ қилиб, бир мулк бизларга келган душманларга бир қалқон бўлур эди», — деганида, сўзи амирга маъқул бўлмай, оғзига кафш билан урдурғон экан».

Олим Исҳоқхон Ибрат ушбу сўзларни келтириш орқали хонликлар, амирликлар маъмуриятида узоқни кўра олувчи давлат арбоблари мавжудлигини таъкидлаш билан бирга, Насрулло каби калтабин, бурнидан нарини кўра олмайдиган хону бекларни қаттиқ қоралайди.

Исҳоқхон Ибрат ўз халқининг порлоқ келажагига, озод ва ҳур ҳаёт қуражагига зўр умид ва ишонч билан қаради. «Тарихи маданият» асарида Ватаннинг келажакда илм-фан, маданият ривожланган шаҳарларининг қиёфасини романтик бўёқларда тасвирлайди. Унинг илмий-тарихий асарлари Ватанимиз тарихини ўрганишда, шубҳасиз, зарур, мўътабар манба ҳисобланади.