Ҳисорияда уни ҳамма танирди. У дам олишга келувчи қўноқларни “Туялар” деб аталадиган жанубий дарвоза олдида сакраб, ўмбалоқ ошиб, хушнуд саломлар, қувноқ ҳазиллар билан қарши оларди ва кейин ҳам уларни қўлидан келганча хурсанд қиларди. Шунинг учун Павле Фертигни ҳамма билар, яхши кўрар ва унга пул берарди.
У ўн саккиз-йигирма ёшларда эди. Телбанамо, савдойироқ, шўх, кўнгилчан, баъзан доно Павле Фертиг ўзининг ночор ва гадойбашара кўринишидан тушкунликка тушмасди. Ҳеч қандай сабабсиз қувончдан порлаб турадиган чақноқ катта қора кўзлари чўзиқ, ювилмаган, сепкилли юзини мунаввар этиб турарди. Ҳар доим кутилмаган ё аҳмоқона ёхуд тагмаъноли теша тегмаган гап айтишга, беваж қувонишга ва ҳазиллашишга шай, кулдириш ё ҳайратга солишга уста, ҳар қандай илтимосларни бажаришга тайёр, ҳамма вақт ёрдамга ҳозирлиги билан у Ҳисориянинг булоқ сувларига келувчи қўноқларнинг суюклисига айланди. Унинг болаларча сафсатаси, бемаъни мулоҳазаларидаги хуфия, аччиқ киноялари кишиларни завқлантирар, тилдан-тилга ўтиб, йиғинларга ва суҳбатларга жон киритарди. Ҳазиллари асосан ёш ва гўзал аёлларга қаратиларди, ҳавойи енгилтаклар учун эса Павле ниҳоятда хавфли эди… Ҳисориянинг барча сўлим гўшаларини ютоқиб кузатар, сирлигича қолиши лозим бўлган жамики нарсани унинг кўнгилчан, бетийиқ, жозибали, тоза нутқ билан ошкор этарди.
Павле Фертиг асли С. шаҳарчасидан эди. У ерда уни тақдир ҳукмига ташлаб кетган ниҳоятда қашшоқ онаси яшаган. Павленинг онасидан ташқари қаердалиги номаълум, изсиз гум бўлган укаси ҳам бор эди. У кулгили ҳазиллари билан Ҳисория меҳмонларининг кўнглини овлаш, уларнинг ортидан тугунларини ҳаммомга қадар кўтариб бориш, барча буйруқларга бўйин товламай, сўзсиз қулоқ солиш, турли топшириқлар билан Карловга довур яёв бориш, “Туялар” олдида дам олишга келган янги қўноқларни эзгу тилаклар ила қарши олиш, югуриш, қўшиқ айтиш, ўмбалоқ ошиш каби бир талай хизматлари учун бериладиган садақа ҳисобига кун кўрарди. Ўн тийинлик тангалар, ярим франклик чақалар, баъзан бутун франклар унинг шапкасини дўппайтириб тўлдирарди.
Павле айниқса поезднинг юришини акс эттиришни қойиллатарди. “Фертиг”2 деб бир қичқирар, сўнгра қўлини танасига босганича, “Пип…пих-пих, пих-пих,” деб товуш чиқариб, аввал секин, кейин тезроқ ва яна тезроқ ҳаккалаб югурарди, худди шундай у паравознинг пишқиришига ҳам тақлид қиларди. Станцияга яқинлашиши олдидан шовқин-сурон секин-аста пасаяр, югуриш ҳам секинлашарди. Қўноқлар Ҳисориядан жўнаб кетаётган чоғда бирорта фойтуннинг отлари то Павле пайдо бўлиб шапкасини чўзиб видолашмагунча ва ўзининг севимли сўзи “Фертиг!” деб буйруқ бермагунича жойидан жилмасди. Аслида шунинг учун ҳам уни Павле Фертиг, деб аташганди.
Хайр-эҳсонларнинг кети узилмаса-да, Павле ҳеч нарсага пул сарф қилмай, ялангоёқ, жулдур кийимда ва доим оч-наҳор юрарди. Қотма, иркит, ҳаётидан мамнун, орзу ва қайғу нималигини билмайдиган дарвешлардек эгнида кийгулик сиёғи қолмай, титилиб кетган бировларнинг эски-тускиларини илиб юрар, бегоналарнинг столи устида қолиб кетган арзимас сарқитлар билан очлигини қондирар, қишлоқ этагида, “Туялар” яқинида, кулбачада, қамиш, қозиқ ва керосин идишларидан қурилган омонат манзил остида, баъзан эса қандайдир дўкон ёнида йиртиқ костюмига ўраниб ухларди. Унинг тиланчилиги ва тежамкорлиги бошқаларни ҳайратга соларди. Баъзилар у пулларини кийими орасига тикиб қўяди ё кўмиб қўядиган пинҳон жойи бор, деб ўйларди, бироқ буларнинг бари фақат тахминлар эди, холос, пулларнинг қаерга сарфланаётгани ҳамма учун жумбоқ эди. Аҳён-аҳёнда уни саволга тутишарди:
— Ҳой, Фертиг, пулларни тўйга йиғяпсанми? Уларни қаерга яширгансан?
— Яратганга, яратган эгамга жўнатаяпман! .. Ҳув анов ерга! Яшасин, Швейцария қироллиги! Фертиг!
Швейцария сўзи унинг бутун жаҳон географиясига оид билимлари хазинасининг бор бойлиги эди. Дунёда жамики илмга, одамийликка, гўзалликка хос ажойиб тушунчаларнинг бари унинг миясида шу сўз билан боғланган эди.
— Ажабо қандай ҳурлиқо! У ҳақиқий швейцариялик! — ёнидан гўзал қиз ё аёл ўтиб қолганда шундай дея бениҳоя ҳайрат ичра ҳайқириб юборар, улар Фертигнинг хушомадидан лоладай қизариб кетишарди.
Камина Павленинг эътиборига сазовор бўлгани учун ҳам “швейцариялик”лар қаторига кирардим. Ҳар сафар шапкаси ёнимдан гўё сузиб ўтганда у мени шундай унвон билан тақдирларди… Баъзан Павленинг бизни завқлантирадиган шўхликлари ва масхарабозларга хос қилиқларини кузатиб, ич-ичимдан қандайдир тушунуксиз изтиробни туярдим. Умрини беҳуда ўтказаётган мақсадсиз бекорчиларнинг таҳқ-ирлаши ва хўрлашларига нишон, табиат сиқиб қўйган қарийб йигирма ёшли бу телба йигит негадир менга инсон қалби етиш мумкин бўлган улкан бахтсизликнинг қувноқ ёзғириғи, изоҳлаб бўлмас шафқатсиз жумбоғидай туюлди. Абадийга мувозанатини йўқотган, соғлом фикрлашдан маҳрум, нажотсиз тийра зулмат қаърига чўкаётган, бечора Павленинг бемор қалби ўкинч туйғусини ўлдириш учун истаса ҳам, истамаса ҳам кулиш ва кулгини уйғотишга маҳкум… У бахтлими ё бахтсиз… Унинг қалбида телбаларга хос аҳмоқона ва қўпол ҳазилларга мойилликдан бошқа қандайдир юксак инсоний тўйғулар ҳам яширинми? Бу номаълум эди. Эҳтимол, йўқ. Ахир бу ҳислар мавжуд эди! Нима бўлганда ҳам, у доим хушчақчақ! Масхарабозларга хос қилиқлари билан одамларни кулдириш, кўнглини кўтариш ва бунинг учун ўзи ишлатмайдиган садақаларни олиш манглайига битилган, ўзгармас, чеҳраси очиқ қувноқ, бесар телба…
Бироқ бир воқеа бу номалум қалбни ёритиб юборди ва кўз олдимда Павленинг қадри ошди.
Мен ўзим турган меҳмонхонанинг қаҳвахонасида ўтириб, ўтган асрлар ва кекса тарих руҳи уфуриб турган крепостнойлар даврида бунёд этилган деворларга тикилиб тамаки чекаётгандим.
Дафъатан қаердандир жилмайганча қувноқ Павле пайдо бўлди.
— Сенга ким керак, Павле?
— Сен, бироқ бу ерда яна биров борми ё йўқми, деб қараяпман, — жавоб қилди у.
— Нега?
— Бирорта аҳмоқ бош йўқмикан…
— Йўқ, йўқ. Бу ерда фақат икки швейцар, сен ва мен бормиз,— дедим жилмайиб.
Павле йиртилиб кетган кўйлагининг қўлтиқ киссаларини ковлаштира бошлади.
— Французча ёзишни биласан-а, шундайми? — сўради у устида ёзуви йўқ кўк конвертни чўнтагидан чиқараркан.
— Хат? Бу қандай хат?
— Швейцария қироллигига. Ҳўп!
У сакраб, конвертни менга узатди.
— Мана бу ерга укамнинг исмини французчалаб ёз.
— Яхши. Бу нома ўзи қаерга боради?
— Швейцария қироллигига. Свояк Матю ичкарисига ёзиб берди, ташқарисига эса ёзолмас экан… аҳмоқ бош…
— Нима! Швейцарияга? Ҳали сенинг уканг ўша ердами? — дедим мен ва дарҳол Павленинг бечора онги Швейцарияни нега бу қадар юксак қадрлашини тушуна бошладим. — Қайси шаҳрига?
— Фрибургга деб ёз!
Мен унинг илтимосини бажариб, манзилни французчалаб ёзарканман, Павленинг номларни хотирасида сақлаб, тўғри талаффуз қилаётганига ҳайрон эдим.
— Яшавор, швейцар! — мақтаб қўйди у мени.
— Уканг у ерда нима иш қилади?
— Ақл йиғиб, ўқияпти.
— Нималикка ўқияпти?
— Врачликка.
— Жуда яхши.
— Укам бугун ўқишни тугатса, эрта дарҳол ортига қайтади ва шу ерга келиб, одамларни даволайди. Ким касал бўлса, ўшани даволайди, билдингми…
Павле икки марта ўмбалоқ ошиб, хатни яна қўлига олди ва кетишга ҳозирланди.
— Тўхта, қаерга шошаяпсан?
У рўпарадаги ресторанга ишора қилди. У ерда эса соябон остида бир гуруҳ эркак ва аёллар ўтиришарди.
— Ҳув анов ерга… поездни Пловдивга олиб бораман. Фертиг!
Унинг оқарган сепкилли юзида табассум ўйнарди, кўзларида эса сабрсиз қувонч порларди.
— Укангга нима деб ёздинг? Соғлиқ тиладингми?
— Ҳа-ҳа, омонлик тиладим, бироқ биргина истакнинг ўзи камлик қилади-да …
— Укангни ким таъминлайди?
— Нима?
— Укангга ким пул беради, дейман?
— Пул? Яна қанақа пул!
— У стипендия оладими?
— Нима?
— Давлат унга пул берадими?
— Парвардигор.
— Қанақасига, парвардигор?
— Парвардигор эмас, аҳмоқ бош!..
Мен ҳайрат билан унга тикилдим ва:
— Павле, нега саволларимга одамга ўхшаб жавоб бермайсан-а, нимага ўзингни жинниликка соласан? — сўрадим жаҳлимни яширолмай.
— Мен сенга айтдим-ку! Фертиг, фертиг, фертиг!.. Пип-пих, пих-пих, — у поездга ўхшаб пишқириб, рўпарада ўтирган одамларнинг ёнига югуриб кетди.
Кечқурун Павлега қариндошчилиги бор, Матю баққолга дуч келдим ва Павленинг мужмал луқмаларини тўғри англадимми ё йўқми, шуни билмоқчи бўлдим. Матю узоқ чайналди, лекин шундай деди:
— Павленинг жаҳли чиқади, жим юришимни сўрайди, бу билан у укасини иснодга қўйишдан қўрқади, бироқ майли сизга айтаман. Гап шундаки, Павле икки йилдан бери топаётган садақалари билан укасини таъминлайди… Аввалига укасининг қанчадир ақчаси бўлган, аммо кўп ўтмай улар тугаб қолган, шунинг учун у ўқишни ташлаб кетмоқчи эди… Бироқ Павле бу ҳақда билиб қолиб, “Йўқ, мумкин эмас, ўша ерда ўқишини тамомласин!” деб бунга рухсат бермади, шу важ билан тангаларининг бир тийинини ҳам йўқотмай, ўша ёққа жўнатяпти. Жигарини одам қилиш учун эртаю кеч тиним билмайди бечора… Акалик меҳри, жаноб. Эси паст-дир у, аммо аслида кўпгина ақли расолардан яхшироқ…
Матюнинг сўзларини яқин орадаги қаҳвахонадан келаётган қаҳқаҳанинг гулдурос овози босиб кетди, ичкарида Павле Фертиг ялангоёқларини осмонга қилганча қўлида юрарди:
— Фертиг! Швейцария!
Русчадан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси