Парвин Нуралиева. Ширинлик (ҳикоя)

Узундан-узоқ савдо қилишни ёқтирмайман. Лекин кийим-кечак дўконларини жуда яхши кўраман. Маошимни олар-олмас, оёғимни қўлимга олиб, шаҳар савдо марказларига чопаман. Аммо, афсуски, маошим жуда кам. Кошкийди, ҳеч қаерда ишламасам-у, ҳар кун маош олсам, қандай ажойиб иш бўларди. Бир ой ишлатишади, аммо фақат бир кун маош беришади. Шунақаям адолатсизлик бўладими? Берган маошлари бўлса, икки кўйлак олар-олмас, тугайди-қўяди. Қишлоққа ҳам пул юбора олмайман. Онам мендан сўрайди:
— Ойлигинг неча манат?
— 192 манат, — деб жавоб бераман.
Аслида ойлигимдан онамга заррача фойда йўқ. Бечора онам маошим 192 манат эканини эшитган холос. Нима қилай, ҳали ёш қиз бўлсам… Турмушга чиқишни, кезишни, бежирим кийинишни истайман. Энг зўр ресторанларнинг лаззатли таомларини бошқаларга қараганда кўпроқ тановул қиламан. Дугоналарим менга ҳасад қилишади. Чунки қанча овқат есам-да, асло семирмайман. Дугоналарим гўё парҳез тутишади, лекин мен, барибир, улардан хипчабелман. Барча ейишга қўрқадиган шарқ ширинликларини бўлса, отамнинг сўзи билан айтганда, “бўғзимга келгунича” ейман. Сессия вақтида имтиҳонларга тайёрланар эканман, университетнинг муздай совуқ ўқув залида ўтириб, “Анорганик кимё” китоби саҳифаларини варақларканман, ширинликларни тановул қилиш йўли билан бироз исинмоқчи бўлишнинг нимаси ёмон?
Холаларим ширинликни ёқтиришмайди. Шунинг учун ширинликни фақат ўзим сотиб оламан ва уйдаги стол устига қўйиб қўяман. Ширинлик неча кунлаб шу ерда кутиб ётади, лекин уни ейдиган одамнинг ўзи йўқ. Стол устида ғариб бўлиб ётган ширинликнинг ҳолига раҳмим келади ва ҳаммасини яна ўзим паққос тушираман. Ҳаа… Мана ширинликлар сотиладиган дўкон… Бу дўконни жуда яхши кўраман, бу ерда бўлишдан роса лаззатланаман… Қандай гўзал, кенг, замонавий дўкон бу… Дўконнинг пешонасига “Шамс” деган сўз рангли ҳарфлар билан қирмизи матога шунақа чиройли ёзилганки, ёзувни кўрган кишининг вақти чоғ бўлади. Менга жуда чиройли исм қўйишган. “Ироданинг номи қўйилган дўконми? Бизнинг қишлоғимизда Иброҳим амакининг тахта дўконига ўхшайди…” Ҳа энди, бу ёғини қўяверинг…
Бу дўкондаги сотувчи жуда ғалати йигит… Қўл дегани шунчалик ҳам узун бўладими?! Кафтлари кетмондай келади! Гўё оёқларини билакларига улаб қўйишгандай! Ё худо, қўл дегани шунчалик ҳам катта бўладими? Ўзи бўлса, кесакдай ғирт ҳиссиз… Қачон шу дўконга кирсам, мингта саволга кўмади. Худди шу чоққача мени ҳеч кўрмаган, гўё танимайди. Мен бўлсам, ширинликларни битта-биттадан тотиб кўрмай, харид қилолмайман. Оҳ, қандай яхши бўлди-я, ичкарида бир хотин бор экан. Сотувчи бу рус аёли учун гуруч танлагунга қадар, мен саватлардаги турли туршак, майизлардан еб, оладиган нарсаларимнинг мазасини тотиб кўра қолай…
…Э, Худо, шу тут майизини бунчалик яхши кўрмасам?! Лекин булар, афтидан, Эрон моли бўлса керак. Холамнинг боғидаги тутдан териб, қуритадиган майизимизнинг тотига ҳечам ўхшамайди… Ҳммм… Бу саватдаги тут майизи бўлса, жуда ширин экан… Бундан олишим керак… Айтай, 200 грамм тортсин. Эээҳ, бу рус аёл нега мунча тез кетдия. Сотувчи йигитни яна бироз гапга тутсайди, бу ердаги ҳамма нарсадан тотиб кўрган бўлардим-а. Энди бўлса, бу сотувчи ёнимга келволиб, яна гап сота бошлайди: “Ойимқиз, сизга ёрдам берсам бўлармикан? Сизга бирон нарса тавсия қилсам бўладими? Фалон ширинликни шу бугун олиб келишди… Кўринг, мана бу Тунис хурмоси, сизга ярим кило тортайми?..” дейди ва шунақа кераксиз саволлар билан жонимга тегиб кетади… Истасанг юз марта: “Бирон нарсани танласам, сизга айтаман” денг. Бефойда, у ўз билганидан қолмайди ва ҳар гал айни саволларни такрорлайверади. Бу вайсақи бола профессордай тўхтамай сўзласа-да, 300 грамм кунжут неча манат бўлишини калькуляторда ҳисоблайди. Мана, яна ёнимга келди:
— Марҳамат ойимқиз. Сизга ёрдам берсам бўладими?
Айтдим-ку… Энди бошлади…
— Сиз ҳозир мана шу тут майизидан 200 грамм тортинг, бошқаларини бўлса, тотиб кўргач, айтаман.
Кошки, бу дўконда ишласайдим… Муштарийларга ҳечам халақит бермасдим. Хоҳлаган нарсасининг мазасини тотиб кўрган, ёқтирганларини олган бўлишарди.
Эшик очилди, шекилли. Оралиқдаги баланд жавонлардан у ер кўринмайди-да… Афтидан, янги муштарий келди… Яхши бўлди, ҳеч бўлмаганда, манави сотувчи ёнимдан кетар, бунақа бездирувчи саволлари билан янги келган хотиннинг бошини қотирар.
— Кўп яшанг. Сиз янги келган хоним афандига истаган нарсаларини беринг, уни кузатинг. Мен ҳали кўриб чиқмадим, бир қарорга келмадим.
Ичига бодом солинган ранг-баранг шоколадларни кўрсам, ўлиб қоламан. Буларни кўп еганим учун онамнинг жаҳли чиқади, шундан кейин болалик чоғлари ҳақида гапира кетади. Бундай чоғларда йиғлаворай дейман. Онам: “Ширинлик анқонинг уруғи эди, — дейди, — Шаҳарга борганлар гоҳо печенье келтиришарди, билганимиз шу эди холос. Оооҳ, у кунлар бошқа қайтиб келмасин!”, дерди. Бу ширинликлардан олиб, қишлоққа юборсаммикан? Йўқ, йўқ, яхшиси, ўзим олиб бораман. Аммо йўлда ярмини еб қўйишим турган гап. Демак, бироз кўпроқ олишим керак…
…Бу хотин Мунаввар аммага шунчалик ўхшар эканки… Худди ўшандай бўйи паст ва семиз… Лекин бу аёл ўзини кўпам олдирмаган. Ўзига яхши қараши кўриниб турибди, боз устига кўзлари ҳам чақнаб турибди. Аммо калта сочи бу баданга ҳеч ярашмабди. Ҳой аммажон, шу сочларингни ўстирсанг-чи, дегинг келади… Соч ўрими ҳам унга жуда ярашган бўларди! Кўзлари янада жозибадор кўринган бўларди… Ҳай майли, ўзи билади…
… Ие, бу нимаси? Биринчи марта кўриб турибман. Болалигимизда чечаклардан ўрган гулчамбарларимизга ўхшайди. Бу ҳиссиз сотувчи, кошки, бирон нарсани билса?!.. Балки, бу хотин билар, ундан сўраб кўрай-чи…
— Хоним афанди, кечирасиз, бу нима экан, биласизми?
— Эвелик, қизим. Буни паловга солишади. Қандай мазали бўлишини бир билсанг эди? Ё ҳеч еб кўрмаганмисан?
— Йўқ, биз томонларда паловга бу нарсани солишмайди. Аммо мазасини тотиб кўришни жуда хоҳлаяпман…
— Бунинг ҳеч қийин жойи йўқ! Ҳозир сенга ҳаммасини айтиб бераман. Бундан ол, уйга бориб ўзингга палов пишир. Энди диққат билан қулоқ сол, аввалига ёрмани оласан…
… Бу аёл оддий бир таом бўлган паловнинг қандай пиширилишини шунақа келиштириб, берилиб таърифлаяпти, ёрмани, эвеликни бор тафсилотлари билан тушунтиряптики, оғзингдан сувинг оқади. Адабиёт муаллимларимиз ҳам бунчалик чиройли сўзлай олмайдилар. Бу хотин адабиёт домламиз бўлганида борми, дарсда телефонимни чиқариб, мактуб ёзиш билан машғул бўлмаган бўлардим…
— … Қизим, ҳозироқ уйга бориб, иш бошлашинг лозим. Бу иш анча вақт олади, овқатинг оқшомга борибгина пишади. Акс ҳолда, улгурмайсан. Сен, ҳарҳолда, талабасан, кўпам вақтинг бўлмаса керак.
… Бу қандай яхши аёл-а. Қанчалик сабр-тоқат билан менга ҳаммасини тушунтириб бераётир… Ҳолбуки, холамдан бир нарсани сўрасам, дарҳол жеркиб ташлайди… Сўнгра: “Сени ўғлимга олиб бераман”, дейди. Икки дунёда рози бўлмайман! Ялиниб-ялпоқланса-да, кўнмайман. Чунки у уйига келин эмас, хизматкор олмоқчи…
— Бу ерда бу дўкон қачон очилди? Бу ер жуда гўзал! Ширинликдан тортиб мева-сабзавотгача ҳар нарса бор экан бу ерда. Уйимга ҳам жуда яқин. Мен бозорга борардим. Энди барча керак нарсаларимни ҳар куни шу ердан оламан… Бу занжабилми ёки долчинми?
Аёл гўё бу ўғлон бу ердаги ҳамма нарсани биладигандек, савол беряпти… Бу бола ҳам энди, худди ҳамма нарсани биладигандек, ўзини ақлли кўрсатишга уринади. У қаердан ҳам билсинки…
— Хоним афанди, қани менга беринг-чи, бир кўрай! Бу, менимча, занжабил бўлса керак…
— Ҳа, мен ҳам шундай бўлса керак, деб ўйловдим. Қизим, сен ҳам ол бундан. Жуда фойдали. Ҳар куни эрталаб бир қошиқ асалга аралаштириб егин. Фойдасини санаб адо қилиб бўлмайди. Юзингга, сочларингга жуда яхши!
Э, Худойим-эй, бу хотин қанчалик кўп нарсани билар экан, ҳамма нарсадан хабари бор… Жуда билағон… Қайнана дегани шундай бўлиши керак… Ажабо, бўйдоқ ўғли бормикан? Устига устак ўзи ҳам шу ерда яшар экан! Балки у ҳам мени ёқтириб қолгандир?! Бўлмаса, нега мени бу қадар яқин олди? Ҳалидан бери мени бошдан-оёқ киши билмас кузатяпти… Бироз гаплашай, кўрайлик, нима чиқар экан…
— Кўп яшанг, хоним афанди, оламан. Бувим эрталаблари пиширадиган сутли ошга занжабил қўшарди. Занжабил ва долчинни болалигимдан бери жуда яхши кўраман.
— Ҳа, мен ҳам ўғлимга ҳар куни тонгда бу дориворларни қўшиб, олхўрили шўрва пишириб берардим. Ҳиди кўчани тутиб кетарди. Хоҳласанг, ўзингга туршак ҳам ол, туршакли шўрва пиширасан. Ҳозир айни туршак шўрва ичадиган палла. Энди уйингга бориб, туршак шўрва пиширгин, жуда мазали бўлади.
…Ҳмм, демак, ўғли бор экан! Маълум бўлдики, ўғлини пўпалаб ўстирган. Ажабо, ўғли отасига ўхшармикан ёки онасига? Бунақа аёлнинг ўғли ҳам келишган бўлиши керак, албатта. Ҳааа… Бунақа меҳрибон, устимда ўлиб қоладиган қайнонам бўлса борми, дугоналарим ҳасаддан ёрилиб ўлишади…
…Эҳ, мен бунчалик тентак бўлмасам. Ҳалидан буён анграйиб атрофга аланглаб ўтирибман. Аёл мени ҳеч нарсани билмайдиган, пандавақи деб ўйлайди-ку. Ўзимни бироз ақлли, чаққон, билимдон қилиб кўрсатишим керак…
— Кечирасиз, менинг ҳеч вақтим йўқ, бориб дарс тайёрлашим керак. Бунинг устига овқат пиширишим ҳам даркор… Марҳамат қилиб, оладиган нарсаларимни қадоқлаб берасизми?
— Марҳамат, ойимқиз.
…Бу йигитнинг сохта табассумлари асабларимга тегади. Ўзича муштарийларга хушмуомала, назокатли кўринмоқчи… Ҳай майли… Ўзимни одобли қилиб кўрсатишим лозим. Ҳа, шундай, уйига одобсиз келин келтиришни ким ҳам истайди? Бунинг устига шаҳарнинг қоқ марказида…
— Агар сизга қийин бўлмаса, бодомли шоколаддан ҳам ярим кило тортинг. Асалли пистадан ҳам 300 грамм… Эрон ҳалвосидан ҳам бироз беринг… Сўнг, ҳммм…
— Жон қизим, менимча, шунчаси етар! Сен бу ёшингда бунчалик қувватли ширинликлар ейверсанг, семириб кетасан. Ундан кейин ҳеч ким сенга уйланишни хоҳламай қўяди, қийин аҳволга тушиб қоласан… Буларни олдинг, шу етади. Бу гапларни сени деб айтяпман… Энди уйингга бор, буларни еб, дарсингни тайёрла…
Ана сенга керак бўлса! Бу аёл бунчалик замонавий экан! Онам айтганидай: “Бўз деганим ипак чиқди”. Бунақа қайнонани асло қўлдан чиқариб бўлмайди… Ҳарҳолда, бу дўконни жуда ёқтирганини, ҳар куни бу ерга келиб савдо қилишини айтди-ку. Мен ҳам ҳар куни бир баҳона топиб, бу ерга келаман. Бир куни у, албатта, ўғли билан бирга келади. Албатта… Мени ўғлига кўрсатиши керак… Энди бироз тош босадиган гаплардан гапирай. Бўлмаса, у мени ҳафтафаҳм, гўл қизлардан экан деб ўйлайди.
— Тўғри айтяпсиз, хоним афанди. Мен ҳам шу фикрдаман. Аммо буларни фақат ўзим емайман, олганларимнинг кўпини қишлоққа, онамга юбораман.
— Сен жуда ақлли қизга ўхшайсан. Ҳамиша шундай бўлгин. Сумкангни бер, ушлаб турай, буларни тўрвага солайлик, вақтингни тежайлик.
… Худо ҳаққи, бундай назокатли, бошқаларга мунчалик меҳрибон аёлни биринчи марта кўриб турибман. Унинг ўғли ҳам, албатта, савияси баланд, жуда маданиятли бўлиши керак. Ҳозирча эртароқ, лекин кейинги учрашувимизда, албатта, ўғлидан гап бошлайман. Ҳозир гапирсам, турмушга чиқиш учун ўлиб-тирилаётган экан, деб ўйлайди… Эндиги асосий масала — бу аёлнинг меҳрини қозониш ва хотирасида гўзал қиз сифатида қолиш… Харид қилган нарсаларимнинг пулини сотувчига тўлаб, бу ердан чиқишим керак. Аммо, тўғрисини айтганда, ўша ичи ёнғоқли хурмони олмаганим учун куйиб кетяпман…
— Қанча қарз бўлганимни айтасизми? Неча манат?
Ҳмм… Яна ҳисоблагични олиб, рақамларни кўпайтиришга киришди… Асабларим қақшайдиган бўлди-да…
— 13 манат 50 тийин, ойимқиз.
— Ташаккур, мана олинг!
— Биз ташаккур билдирамиз, яхши боринг, яна кутамиз…
— Қизим, эҳтиёт бўлиб кет. Ҳозирги ёшлар орқа-ўнгига қарамай машина чоптиришади…
Яна бироз қолсам, бу аёл мени роса мамнун қилади. Ҳатто, онам менга бунчалик эътибор қилмайди. Холам-чи? Бу ҳақда гапирмаса ҳам бўлаверади…
— Соғ бўлинг, хоним афанди. Яхши кунларда кўришайлик, хайр.
…Ҳаётда шунақа хотинлар ҳам бўлар экан-да. Ҳеч танимаган бирига кўрсатаётган мулозаматига қара. Бу аёлнинг илтифоти мени мумдай эритиб юборди-я! У билан яна учрашиш учун, ғайрат қилишим керак. Зотан, ҳозирги ёшларни илинтириш учун уриниб ўтиришнинг кераги ҳам йўқ… Муҳими — қайнона билан тил топишиш. Бунақасини яна қаердан ҳам топардим? Аёлнинг киборлигига қара, эвели солинган палов пиширишни эринмай тушунтирди, соғлигимга эътибор беришим учун қўлидан келганича ҳаракат қилди, харидларимни тўрвага солишимга кўмаклашди… Сотувчи бола ҳам анграйиб қолди. Ишонаманки, у ҳам умрида бунақа аёлни кўрмаган. Тили танглайига ёпишиб қолгандай, ғиқ этолмади.
…О-оҳ… Нақадар каллаварам, қўпол бир қизман ўзи! Аёлга кўмаклашишни ҳам таклиф қилмабман. Энди орқамдан: “Бу жуда тарбиясиз қиз экан”, дейди. Тўрваларини ташишига ёрдам қилишим керак эди. Ким билади, уйи нечанчи қаватда? Олган нарсаларини юқори қаватга чиқаргунча қўл-оёқдан тушади-ку, бечора хотин… Ҳали кўпам узоқлашганим йўқ… Ажабо, аёл ҳалиям ўша дўкондамикан? Албатта, ўша ерда бўлса керак… Қайтиб, унга кўмаклашсам, жуда яхши бўлади.
Эҳ… бу дўконларнинг эшиги ҳам ҳар гал асабимни ўйнатади. Ичкарига очиладими, ташқаригами, билиб бўлмайди. Бир белги қўйсалар-ку, одамлар нима қилишини билган бўлардилар…
Бу ер дўкон эмас, лабиринт! Ўртадаги баланд жавонлар одамни яхшигина шошириб қўяди. Ўҳ! Оллоҳга шукурки, аёл ҳали кетмаган экан. Бу ҳиссиз йигитга яна бир нарсаларни англатяпти, шекилли.
— … Ҳозирги қизларнинг тутуруғи йўқ. Замонамиз қизлари енгилтак бўлиб кетган. Бизнинг замонимизда ҳаммаси бошқача эди, бизлар ҳечам буларга ўхшамасдик. Бошимизни кўтариб, бир йигитнинг юзига қарашга ҳам уялардик… Сен бироз олдинги қиз нарса танламоқчи бўлди, деб ўйлайсанми? Йўқ… Унақа эмас… У қиз сендай келишган йигитни кўрди-ю, эсини йўқотди. Кўрмадингми? Сал бўлмаса, оғзидан суви оқаёзди… Гўё ширинлик танлаётганмиш, ўл-а! Ахир, сендай йигитни қаердан ҳам топарди… Бу ёш қизлар сендай ёқимтой йигитнинг қадрини, қийматини билмайдилар… Эҳ! Бу дўконни ҳозиргача нега билмаган эканман… Бундан кейин…

Озарбойжончадан Бобохон Шариф таржимаси