Иван Тургенев. Ғолиб севги қўшиғи (ҳикоя)

Гюстав Флобер хотирасига бағишланади.
“Wage Du zu irren und zu traumen!”
Sсhiller*

I

XVI асрнинг ўрталарида Феррарада (Феррара бу вақтда санъат ва шеърият ҳомийлари, олижаноб герцоглар салтанати даврида гуллаб-яшнаган эди) Фабий ва Муций исмли икки навқирон йигит яшаган эди. Яқин қариндош тенгқур бу йигитлар бир-бирларидан қарийб сира ажралишмасди, ёш болалик чоғлариданоқ астойдил дўст тутинишган эдилар. Тақдирларининг бир хиллиги бу дўстлик риштасини мустаҳкамлаган эди. Уларнинг ҳар иккови ҳам тагли-тахтли оиладан чиққан, бой, ўз эрки ўзида, бўйдоқ эди. Дидлари ва орзу-ҳаваслари ҳам бир эди. Муций мусиқа, Фабий рассомлик билан шуғулланарди. Бутун Феррара уларни сарой, жамият ва шаҳарнинг мислсиз кўрки ҳисоблаб, улар билан фахрланар эди. Гарчи уларнинг иккови қадди-қомати келишган йигитлар бўлса ҳам, қиёфаси бир-бириникига ўхшамасди, Фабий баланд бўйли, буғдой ранг, сочи малла, кўзлари мовий эди. Муций, аксинча, қорамағиздан келган, сочлари қора, чарос кўзлари Фабийникидек чақнаб турмас, лабларида ёқимли табассум жилва қилмасди: унинг қалин қошлари юпқа қовоғи устига осилиб тушган, Фабийнинг тилла ранг қоши эса ёйдек эгилиб, чиройли манглайи томон кўтарилган эди. Муций гапгаям унча чечан эмасди; шунга қарамай, бу икки дўст шинавандалиги, мардлиги ҳам сахийлиги сабабли аёлларга баб-баравар манзур бўлишган эди.
Шулар билан айни вақтда Феррарада Валерия исмли бир қиз яшарди. У камдан-кам кўринса-да, уни шаҳарнинг энг сулув қизи деб ҳисоблашарди. Қиз хилватда кун кечирар, уйидан аҳён-аҳёнда фақат черковга-ю катта байрам кунларида сайрга чиқар эди. У унча бой бўлмаган бева ойиси билан турарди. Хушфеъл онасининг ундан бошқа фарзанди йўқ эди. Валерияни учратган ҳар бир одамнинг кўнглида ихтиёрсиз равишда таажжуб, шунингдек, беихтиёр меҳр ва эҳтиром туйғуси уйғонар эди: у ўзини камтарона тутар, гўё ҳусну латофатидан бехабардек кўринар эди. Очиғи, айрим кишилар уни рангпар дейишарди, қарийб ҳамиша ерга боқувчи кўзларида андак ҳаё ва ҳатто ҳадик ифодалари балқирди, лаблари табассумдан ора-сира, шунда ҳам билинар-билинмас очилар, овозини эшитган одамнинг топилиши даргумон эди. Бироқ миш-мишларга қараганда, овози ёқимли экан, ҳали шаҳар ширин уйқудалигида у хонасига кириб олиб, уд чалиб, эски қўшиқларни хиргойи қилишни яхши кўраркан. Чеҳрасининг рангпарлигига қарамай Валерия соғлом эди; ҳатто кекса одамлар ҳам унга қараб туриб беихтиёр: “О, бир кун келиб ҳали барг ёзмаган, пок ва тоза бу ғунча очилиб, қайси йигитга насиб қилса, у жуда ҳам бахтли бўлади-да!” – деб ўйлашарди.

II

Фабий билан Муций илк бор Валерияни Феррара герцоги машҳур Лук­реция Боржанинг ўғли Эркол амрига биноан Франция қироли Людовик ХIIнинг қизи, герцогинянинг таклифига кўра, Париждан ташриф буюрган казо-казолар шарафига берилган дабдабали халқ байрамида кўришади. Валерия ойиси билан Палладийнинг сурати бўйича Ферраранинг асосий майдонида тикланган кўркам трибуна ўртасида, шаҳарнинг мўътабар аёлларига ажратилган жойда ўтирарди. Фабий билан Муций шу куниёқ уни жон-дилларидан севиб қолишди. Улар бир-бирларидан сир яширмаганлари учун тез орада кўнгилларида бор гапни билиб олишди. Шундан кейин гапни бир жойга қўйиб, қандай бўлмасин Валерия билан учрашишга ва кўнгилларидаги дардларини унга айтишга қapop қилишди. Қиз кимни танласа, бошқаси сўзсиз унинг қарорига бўйсуниши керак эди. Орадан бир неча ҳафта ўтгач, улар эл орасида ҳақли равишда яхши ном чиқарганлари боисидан беванинг кириш амримаҳол бўлган уйига қадам ранжида қилишга муваффақ бўлишди. Бева уларга келиб-кетишларига ижозат этди. Шу-шу улар деярли ҳар куни келиб, Валерияни кўрадиган ва у билан суҳбатлашиб ўтирадиган бўлишди. Йигитларнинг қалбида ёнган ишқ ўти кундан-кунга кучая борар, бироқ Валерия уларнинг келиб туришини ёқтирса ҳамки, кўнгли кимдалигини билдирмас эди. У Муцийдан мусиқа ўрганарди, бироқ кўпинча Фабий билан суҳбатлашарди: ундан унчалик ийманмасди. Ниҳоят, улар ўз қисматларини узил-кесил аниқлашга жазм этишди – Валерияга мактуб йўллаб, кимни ўзига лойиқ топишини билдириб, хабар қилишини сўрашди. Валерия бу мактубни ойисига кўрсатиб, унга, ҳали эрга тегадиган ниятим йўқ, мабодо, турмуш қурадиган вақтинг келди десангиз, сиз танлаган одамга тегаман, деди. Кекса бева севимли фарзандидан жудо бўлишини ўйлаб, маржон-маржон ёш тўкди, бироқ куёвларнинг раъйини қайтаришга ҳеч қандай асос йўқ эди: у ҳар иккала йигитни қизига муносиб деб биларди. Бироқ ўзига Фабийни маъқул топиб, Валериянинг ҳам кўнгли ўшандадир, деб гумон қилиб, ўшани танлади. Эртасига Фабий бахт қуши ўзининг бошига қўнганини билди, Муций эса ваъдасига биноан тақдирга тан берди.
У сўзининг устидан чиқди, бироқ ўз дўсти, рақибининг тўй-томошаси кўнглига сиғмади. Мол-мулкининг аксари қисмини дарҳол сотди-ю, Шарқ томонга, олис сафарга жўнаб кетди. Фабий билан хайрлашаётиб, қалб жароҳати битиб, кўнглимда эҳтирос туйғуси сўнгандагина қайтиб келаман, деди. Болалик ва ўсмирлик чоғларидаги дўстидан ажралиш Фабийга жуда оғир бўлди… Бироқ яқин қолган роҳат-фароғатни интизорлик билан кутиш нашъаси бошқа ҳар қандай ҳис-туйғуларини босиб кетди-ю, у бутунлай зафар қучган ишқ завқ-шавқига берилди.
Кўп ўтмай у Валерия билан бир ёстиққа бош қўйди. Шундагина у қандай бебаҳо хазинани қўлга киритганини узил-кесил тушунди. Унинг Феррарадан сал нарида чор атрофи серсоя дарахтлар билан ўралган ажойиб боғи бор эди, Фабий хотини ва қайнонасини олиб шу боққа кўчиб келди. Шунда улар худди жаннатда яшагандек фароғатда яшашди. Турмуш қурганларидан кейин Валериянинг бутун фазилатлари яққол намоён бўлди, ҳаваскор рассом Фабий моҳир рассом бўлиб етишди.
Валериянинг онаси бахтли эр-хотинга қараб қувонар, Худога шукурлар қилар эди. Тўрт йил худди ширин туш каби ғир этиб, ўтиб кетди. Ёш эр-хотин бир нарсадан қисилишган эди, уларнинг ёлғиз ташвишлари фарзанд кўришмаганларида… Лекин бундан умидларини узишмаган эди. Тўртинчи йилнинг охирида уларнинг бошига ҳақиқий мусибат тушди: Валериянинг онаси бир неча кун касал бўлиб ётиб, қазо қилди.
Валерия озмунча кўз ёши тўкмади, у узоқ вақт бу жудоликка кўника олмади. Бироқ, орадан бир йил ўтгач, ҳаёт яна ўз изига тушиб кетди. Мана, ёз кунларидан бирида ҳеч кимга билдирмай Феррарага Муций кириб келди.

III

Муций сурункасига беш йил йўқ бўлиб кетди, гўё ҳаётдан кўз юмгандек у тўғрида дом-дарак бўлмади. Фабий ўз дўстини Феррара кўчаларидан бирида учратиб қолганида ҳам қўрққанидан, ҳам шодланганидан қичқириб юборишига оз қолди. Шу заҳоти уни боғига чорлади. Унинг боғда алоҳида кенг айвони бор эди, у дўстига шу айвонда туришни таклиф қилди. Муций унинг таклифини бажону дил қабул қилди ва шу куниёқ малайялик гунг, лекин қулоғи эшитадиган, кўзидан фаҳм-фаросатли эканлиги кўриниб турган малайи билан бирга кўчиб келди. Малайининг тили қирқилган эди. Муций узоқ сафар вақтида турли мамлакатлардан йиққан қимматли буюмлари солинган ўнтача сандиқ келтирди. Муцийнинг қайтиб келганига Валерия хурсанд бўлди: у Валерия билан хотиржам, дўстона саломлашди: унинг бутун туриш-турмушидан Фабийга берган ваъдасини унутмагандек эди. У кун бўйи овора бўлиб, айвонга жой қилди, малайялик хизматкори ёрдамида олиб келган асил молларини, гиламларини, шойиларини, атлас-кимхоблари-ю қурол-яроғларини, идиш-товоқларини, марварид ва феруза қадалган олтин-кумуш буюмларини, ажойиб-ғаройиб қушларнинг патларини, яна турли-туман нарсаларни жой-жойига қўйиб чиқди. Мана шу қимматбаҳо нарсалар орасида серҳашам дур терилган маржон ҳам бор эдики, буни Эрон шоҳи улуғ ва сирли хизмати учун Муцийга тақдим этган эди, у ўз қўли билан бўйнига осиб қўйиш учун Валериядан изн сўради: Валерияга оғир ва қандайдир ҳарорат таратадиган хосияти бордек туюладиган маржон унинг бўйнига ёпишди-қолди. Муций овқатдан кейин кечга томон боғдаги айвончада толгуллар ва дафналарнинг соясида ўтириб, бошидан кечирганларини ҳикоя қила бошлади. У олис мамлакатларда, осмонўпар тоғларда, сувсиз саҳроларда, катта дарёларда кўрган-кечирганларидан сўзлади, улкан бинолар ва эҳромлар, минг йиллик дарахтлар, ранго-ранг гуллару қушлардан гапирди, ўзи бўлган шаҳарлар ва халқларнинг номларини тилга олди, уларнинг ёлғиз номларининг ўзиёқ, қандайдир афсонавий нарсаларни эслатарди. Муций бутун Шарқни беш қўлидек билиб олган эди: у барча жонзот ичида отлари энг асил ва чиройли Эрон ва Арабистондан ўтди, одамлари ваҳимали ўсимликларни эслатувчи Ҳиндистоннинг ич-ичига кириб борди. Далайлама номли тирик Худо – қийиқ кўз, гунг ва соқов одам қиёфасида яшайдиган Хитой ва Тибет чегарасигача борди. Унинг ҳикоялари ажойиб-ғаройиб эди. Фабий билан Валерия унинг гапларига маҳлиё бўлиб қулоқ осишди. Умуман, Муцийнинг чеҳраси унчалик ўзгармаган эди: болалигидан қорача юзи ўткир қуёш нурида янада қорайган, кўзлари илгаригидан кўра киртайгандек кўринарди – бутун ўзгариш шу, холос, бироқ бу чеҳранинг кўриниши бошқача: тунд, жиддий эди, ҳатто кечаси шеърлар ўқиб, ер-кўкни ларзага солган ўрмонзорда дуч келган хавф-хатарлар ёки кундуз кунлари бўм-бўш кўчаларда сайёҳларни пойлайдиган ва уларни тутиб одамхўр темир маъбудага қурбон қиладиган жоҳил мутаассиблар тўғрисида гапирганида ҳам юз ифодаси ўзгармади. Муцийнинг овози босиқ ва силлиқ эди. У уддабурон содиқ хизматкорининг ёрдами билан ҳинд барахманларидан ўрганган фокусларини кўрсатди. Мисол учун у, даставвал, ўзини парда билан тўсди-да, бирдан бармоқларининг учи билан тик турган бамбук таёғига таяниб, осмонда чордана қуриб ўтирган ҳолда намоён бўлди. Бундан Фабий ҳанг-манг бўлиб қолди, Валериянинг эса ваҳми келди… “Афсунгарми, нима бало”, деб ўйлаб қолди у. Муций кичкина най чалиб, саватдан ўргатилган илонларни чақирганида, ола-була мато тагидан уларнинг қорамтир, япасқи боши кўриниб, тилларини қимирлатганда Валериянинг юраги ёрилаёзди, у Муцийдан тезроқ бу манфур газандаларни йўқотишини илтимос қилди. Кечки овқат маҳалида Муций дўстларини бўйни узун, думалоқ шишадаги Шероз шароби билан меҳмон қилди, кичкина пиёлаларга қуйилган ўткир ҳидли, яшил тусда товланадиган тилла ранг қуюқ шароб сирли жимирларди. Унинг таъми Европа виноларига ўхшамасди, у жуда ширин ва хушбўй эди, шошилмай оз-оздан ҳўпланса, одамнинг танаси яйрарди. Муций қўярда-қўймай Фабий билан Валерияга бир пиёладан ичирди, ўзи ҳам ичди. Валериянинг пиёласи устига энгашиб, алланарса деб шивирлаб, бармоқларини силкитди. Валерия буни кўрди, лекин Муцийнинг хатти-ҳаракати ва юриш-туришида қандайдир бегона, мисли кўрилмаган хислатлар пайдо бўлганидан: “Ҳиндистонда янги динни қабул қилдими ёки уларда одат шунақамикин?” деб ўйлаб қўя қолди. Кейин бир оз жим турди-да, сафарда юрганингизда мусиқа билан шуғулландингизми, деб сўради. Муций унга жавобан малайяликка ҳинд скрипкасини келтиришни буюрди. У ҳозирги скрипкаларга ўхшар, лекин унда тор тўртта эмас, учта эди, қулоғига илоннинг кўкишроқ териси ўралган, ингичка қамиш камони ярим доира шаклида бўлиб, учида олмос ялтираб турар эди.
Муций аввалига ваҳимали эшитиладиган ҳазин халқ куйларидан чалганида ҳалиги оҳанг ногаҳон кучайди, жарангдор, қудратли янгради. Узун-узун тортилган камондан эҳтиросли куй қуйилиб чиқа бошлади, гўё у ўз териси билан скрипканинг қулоғини ўраб ётган илондек чиройли тўлғанарди, тантанавор шод-хуррамликка йўғрилган бу куй шу қадар ота­шин, шу қадар фусункор қанот қoқap эдики, Фабий билан Валериянинг дили хун бўлиб, кўзларига жиққа ёш келди. Муций бўлса қути ўчиб, қошларини чимириб, бошини қийшайтирганча скрипкага қўйди, у яна ҳам жиддий ва пурвиқор эди, камоннинг учидаги олмос эса, мазкур ажойиб куйдан ўт олгандек ялт-юлт қилар эди. Муций чалишдан тўхтаб, скрипкани даҳани ва елкаси билан қисиб турган кўйи, камон тутган қўлини туширганда, Фабий: “Нима бу? Қандай куйни чалдинг?” – деб сўради. Валерия чурқ этиб оғиз очмади, лекин бутун туриш-турмуши эрининг саволини қайтараётганини очиқ-ойдин кўрсатиб турарди. Муций скрипкани стол устига қўйди-да, сочини бир силкитиб, назокат ила табассум қилди ва: “Буми? Бу куйни… ушбу қўшиқни мен бир марта Цейлон оролида эшитган эдим. Бу қўшиқ у ерда, халқ орасида бахтли, қониқтирилган севги қўшиғи сифатида машҳур!” – деди. Фабий: “Яна бир марта чал”, – деб шивирлаган эди, Муций: “Йўқ, буни қайтариш мумкин эмас, вақт кеч бўлиб қолди. Синьора Валерия ором олмоқлари керак, мен ҳам бора қолай энди… Чарчадим”, – деб жавоб берди. Кун бўйи Муций Валерия билан эски қадрдонлардек оддийгина, ҳурматини жойига қўйиб муомала қилди, бироқ кетаётиб, бармоқларини кафтига ботириб, унинг қўлини маҳкам қисди ва кўзларига қаттиқ тикилди, Валерия ерга қараб турган бўлса ҳамки, унинг қўққисдан лоладек қизариб кетган бетларида тикандек нигоҳини сезди. Муцийга ҳеч нима демай қўлини тортиб олди, Муций кетгач эса, у чиқиб кетган эшикка кўз ташлади. Валерия илгарилари ҳам ундан ҳайиққанини эслади… Ҳозир эса унинг қалбидан ҳайронлик жой олди. Муций айвонига жўнагач, эр-хотин ётоқхонасига йўл олишди.

IV

Валерия ҳадеганда ухлолмади: томирларидаги қон оҳиста, ҳузур бахш этиб жунбушга келар, боши ўз тахминича ғалати шаробдан, балки Муцийнинг ҳикояси ёхуд скрипкада чалган куйидан аста гувилларди… Тонготарга яқин у алоҳа ухлаб қолди ва ғаройиб бир туш кўрди.
Тушида паст шифтли кенг бир хонага кириб бораётганмиш… Бундай хонани умри бино бўлиб кўрмаганмиш. Бутун деворлари зарҳал, “тарам-тарам” йўлли, кичкина-кичкина ҳаво ранг кошинлар билан қопланганмиш, алебастрдан қилинган ўймакор устунлар мармар шифтни ушлаб турганмиш, ана шу шифт ва устунларнинг ярми шаффофмиш… Ҳар томондан хона ичига таралаётган ёруғ нур барча нарсаларни сирли равишда бир хил ёритармиш, духоба ёстиқлар ойнадек силлиқ ернинг ярмисигача солинган энсиз гилам устида ётганмиш. Ажойиб-ғаройиб ҳайвонларни эслатувчи бурчаклардаги тутатқи тутатиладиган узун идишлардан билинар-билинмас тутун кўтарилармиш, ҳеч қаерда дераза йўқмиш, девордаги дераза ўрнига тутилган духоба парда қорайиб турганмиш. Бир маҳал ана ўша парда секин-аста сурилибди-ю, орқасидан Муций чиқибди. У таъзим қилармиш; қучоғини очиб, нуқул кулармиш. У темирдек қўллари билан Валерияни белидан қучибди, қуруқ лаблари аъзойи баданини ўт бўлиб куйдирибди… У ёстиқ устига чалқанча йиқилибди.
Валерия даҳшатдан оҳ-воҳ қилиб, зўр бериб урина-урина охири уйғонди. У қаердалигини, нима бўлганини тузукроқ тушунмай, каравотидан қўзғалди-да, атрофига аланглаб қаради. Аъзойи-баданини титроқ ларзага солди. Фабий ёнида ётарди. У ухларди, бироқ башараси деразадан мўралаётган тўлин ой ёғдусида мурданики сингари оппоқ… Валерия эрини уйғотди, эри унга қаради-да: “Сенга нима бўлди?” – деб ҳовлиқиб сўради. Валерия ҳамон аъзойи бадани қалтираб: “Мен… мен қўрқинчли туш кўрдим”, – деб шивирлади.
Худди шу аснода айвон томондан кучли мусиқа овози эшитилди, шунда Фабий билан Валериянинг ҳар иккиси бу Муций чалиб берган, у қонган ва тантана қилган севги қўшиғи деб атаган ўша куй эканлигини билишди. Фабий ҳанг-манг бўлиб Валерияга қаради… У кўзини юмиб, тескари ўгирилди, шу кўйи уларнинг иккови нафасларини ичларига ютиб, қўшиқни охиригача тинглашди. Сўнгги садо тингач, ой булутлар ортига яширинди-ю, хона ичига бирдан қоронғилик чўкди… Эр-хотин лом-мим демай бошларини ёстиққа қўйишди, қайси бири қачон ухлаганини ҳеч қайсиси билмади.

V

Эртасига эрталаб Муций нонуштага келди, унинг кайфи чоғ бўлса керак. Валерия билан хушчақчақ саломлашди. Валерия тараддудланиб унинг саломига алик олди, унга ялт этиб қаради-ю, Муцийнинг қувноқ, мамнун чеҳрасини, ўткир, синчков кўзларини кўриб, Фабий дарҳол унинг сўзини бўлди:
– Сен, чамаси, янги жойда ухлолмадингми дейман? Хотиним икковимиз кечаги куйингни яна чалганингни эшитдик.
– Ростдан-а! Эшитдингизми? – деди Муций. – Ҳа, рост, мен у куйни чалдим, бироқ ундан олдин ухлаб олдим, ҳатто ажойиб туш ҳам кўрдим.
Валерия ҳушёр тортди.
– Қандай туш? – деб сўради Фабий.
– Туш кўрсам, тушимда шарқона безатилган кенг бир хонага кираётганмишман, – деди Муций Валериядан кўзини узмай. – Ўймакор устунлар шифтни кўтариб турганмиш, деворлари кошинлар билан қопланганмиш, на деразаси, на шамлар бўлмаса-да, бутун хона гўё шаффоф тошдан тик­лангандек пушти рангда эмиш. Бурчакларда хитой идишларида тутатқи тутаб турганмиш, ерда энсиз гилам, ёнида духоба ёстиқлар ётганмиш. Мен парда тутилган эшикдан кирибман, бошқа эшикдан эса мен бир вақтлар севган аёл кириб келибди. У кўзимга шу қадар латофатли кўриниб кетибдики, қалбимда илгариги ишқ ўти дарҳол аланга олибди…
Муций маънодор жим бўлди. Валерия қимир этмай ўтирар, аста-секин ранги оқариб борар эди… У энтикиб нафас ола бошлади.
– Шундан кейин, – деди Муций гапида давом этиб, – ўрнимдан туриб, ўша куйни чалдим.
– Ўша хотин ким ўзи?—деди Фабий.
– Уми? Бир ҳинднинг хотини. Мен у билан Деҳли шаҳрида учрашган эдим… У ҳозир тирик эмас. Оламдан ўтган.
– Эри-чи? – деб сўради Фабий, нега суриштираётганини ўзи ҳам билмай.
– Эри ҳам ўлган дейишади. Кўп ўтмай улардан бехабар қолдим.
– Қизиқ! – деди Фабий… – Менинг хотиним ҳам шу кеча ғалати туш кўрибди. – Муций Валерияга диққат билан тикилди. – Лекин менга айтгани йўқ, – деб илова қилди Фабий.
Бироқ шу пайт Валерия ўрнидан турди-да, хонадан чиқиб кетди. Муций ҳам нонуштадан кейин, Феррарада ишим бор, кечга яқин қайтиб келаман, деб дарҳол жўнаб қолди.

VI

Муций келмасидан бир неча ҳафта бурун Фабий бокира Цецилия қиёфасида хотинининг суратини солишга киришган эди. У ўз санъати борасида анча камолотга эришган эди, Леонардо да Винчининг шогирди машҳур Луини Феррарага, унинг ҳузурига келиб, маслаҳатлари билан унга ёрдамлашар, буюк устозининг ўгитларини гапириб берар эди. Сурат қарийб битаёзган, бир-икки қалам уриш билан чеҳрага сайқал бериш қолган эди. Фабий ҳақли равишда ўз асари билан фахрланса арзирди. У Муцийни Феррарага жўнатиб юборгач, ишхонаси томон йўл олди, одатда, Валерия уни шу ерда кутиб турарди, бироқ бугун у йўқ эди, чақирган эди, жавоб бермади. Фабийнинг кўнглига ғулғула тушди, уни қидириб кетди. Уйда йўқ эди, Фабий югурганича боққа чиқди ва овлоқдаги хиёбонлардан бирида Валерияни кўриб қолди. У бошини кўкрагига энгаштириб, чалмаштирилган қўлларини тиззасига қўйганча скамейкада ўтирар эди, унинг орқасидан ям-яшил сарв дарахти орасидан заҳарли хандадан башараси бужмайган, чўччайган лабларини найига қўяётган мармар сатир қаққайиб турарди. Валерия эрини кўриб, хурсанд бўлди, унинг ташвишланиб берган саволларига, бир оз бошим оғрияпти, бироқ ҳечқиси йўқ, ишни бошласак бўлади, деб жавоб берди. Фабий уни ишхонасига олиб келди-да, ўтқазиб мўйқаламни қўлига олди, бироқ чеҳрани кўнгилдагидек тугаллаёлмади, роса жиғибийрон бўлди. Бунинг боиси чеҳранинг андак рангпарлиги-ю ҳорғинлиги эмасди. Йўқ, чеҳрада Фабийнинг кўнглига ёқадиган, унда Валерияни биби Цецилия қиёфасида тасвирлаш фикрини уйғотган иффат ва бокиралик бугун кўринмасди. Охири у мўйқаламни ташлади, хотинига, илҳом келмаяпти, ўзингниям тобинг йўқроққа ўхшайди, ётиб дам олсанг тузук бўларди, деди-да, суратли мольбертни ўгириб, деворга суяб қўйди. Валерия унинг фикрига қўшилиб, ҳа, дам олишим керак, деди-да, боши оғриётганидан яна зорланиб, ётоқхонасига йўл олди.
Фабий ишхонасида қолди. У хижолат чекарди. Бироқ нима учунлигини ўзи ҳам тушунмасди. Муцийни ўзи қўярда-қўймай олиб келиб, уйидан жой берган бўлса ҳамки негадир кўнгли хижил эди. Рашк қилганидан эмасди. Бу… ахир Валерияга рашк қилиб бўладими! – У дўстининг илгаригидек самимий эмаслигини пайқарди. Муций олис мамлакатларда орттирган бегона, номаълум, чамаси, қон-қонига сингиб кетган янги хусусиятлар – сеҳр-жодулар, қўшиқлар, ғалати ичимликлар, анави coқов малайялик, Муцийнинг кийим-бошидан, сочларидан, нафасидан тараладиган муаттар бўй – буларнинг ҳаммаси Фабийнинг кўнглида ишончсизлик, аниқроғи, ҳатто ҳадиксираш туйғусини уйғотарди. Нима сабабдан ўша малайялик дастурхон устида хизмат қилаётиб унга, яъни Фабийга бунчалик диққат билан хунук қараш қилади? Муций у ҳақда, бу малайялик тилини бериб, катта қурбонлик келтирган, энди бунинг эвазига буюк кучга эга бўлган, деган эди. Хўш, бу куч қанақа? Тили эвазига бу кучга қандай эришган? Буларнинг ҳаммаси жуда ғалати! Ҳечам тушуниб бўлмайди! Фабий хотинининг ёнига, ётоқхонага борди, у ўрнида кийими билан ётар, уйғоқ эди. Унинг қадам товушини эшитиб, чўчиб тушди, кейин худди боғдаги сингари хурсанд бўлди. Фабий каравот четига ўтириб, Валерияни қўлидан ушлади-да, бир оз сукут қилиб туриб, кеча кечаси уни қандай ғаройиб туш қўрқитганини, тушнинг Муций гапириб берган тушга ўхшаш-ўхшамаслигини сўради. Валерия анордек қизариб кетди-ю, шоша-пиша жавоб қилди: “Э, йўқ! Йўқ! Мен аллақандай махлуқни кўрдим. У мени тилка-пора қилиб ташламоқчи бўлди”. – “Махлуқ дейсанми? Одам қиёфасидами?” – деб сўради Фабий. Валерия: “Йўқ, ҳайвон… ҳайвон қиёфасида!” – деди-да, ўгирилиб ётиб, қизиб кетган юзини ёстиққа буркаб олди. Фабий хотинининг қўлини яна хийла вақт ушлаб турди-да, индамай уни лабига босиб, чиқиб кетди.
Бу кун эр-хотин учун жуда кўнгилсиз ўтди. Гўё уларнинг бошлари устида қандайдир қора нарса тургандек бўлди, бунинг нималигини улар билишмасди. Гўё бирор хавф таҳдид қилаётгандек, улар бирга бўлишни хоҳлашар, лекин бир-бирларига нима дейишни билишмас эди. Фабий суратни тамомлашга тутинди-ю, бироқ бундан ҳеч нарса чиқмади… Кечки овқат олдида Муций қайтиб келди.

VII

У хотиржам ва мамнун кўринса ҳам, ҳикоя қилишга рағбати бўлмади, ҳадеб Фабийдан илгариги таниш-билишларини сўраб-суриштирди. У Валерияга янги Шероз шаробидан таклиф қилди. Валерия бош тортгач, ўзига гапиргандек: “Энди ҳожати ҳам йўқ”, – деб минғирлаб қўйди. Фабий ётоқхонасига хотини билан қайтиб келгач, дарҳол ухлаб қолди… Бир соатлардан кейин уйғониб, ёнида хотини ётмаганини фаҳмлади, Валерия ўрнида йўқ эди. У дик этиб ўрнидан турди, худди шу онда хотинининг тунги кўйлакда боғдан хонага кириб келаётганини кўриб қолди. Яқиндагина ёмғир шивалаб ўтган бўлса ҳамки, ой равшан ёғду сочар эди. Валерия кўзларини чирт юмиб, башарасида пинҳоний қўрқув зоҳир бўлган ҳолда ўрин ёнига келди ва қўлларини чўзиб, ўрнини пайпаслаб кўрди-да, шоша-пиша индамай ётиб олди. Фабий унга савол берган эди, бироқ қулоғига гaп кирмади, чамаси, у ухлар эди. Унга қўлини теккизган эди, кийимида, сочларида ёмғир томчиларини, очиқ оёқларида қум зарраларини кўрди. Шунда у сапчиб ўрнидан турди-ю, қия очиқ эшикдан боққа югурди. Ҳамма нарса сутдек ойдинда аниқ-таниқ кўринди. Фабий аланглаб қараб, қумлоқ йўлкада икки жуфт оёқ изига кўзи тушди, бир жуфти яланг оёқ эди ва унинг изи айвон билан уй орасида ясминлардан қилинган чеккароқдаги шийпончага олиб борар эди. У ҳанг-манг бўлиб тўхтаб қолди, мана, ногаҳон ўтган кечаси эшитган ўша қўшиқнинг оҳанги тарала бошлади! Фабий чўчиб тушди-ю, айвонга югуриб кирди… Муций хонанинг ўртасида скрипка чалиб турарди. Фабий унга ташланди:
– Сен боғдамидинг, боққа чиққанмидинг, кўйлагинг ёмғирдан ҳўл-ку?
Муций Фабийнинг келганидан ва унинг ҳаяжонланаётганидан ажаб­лангандек узуқ-юлуқ жавоб берди…
– Йўқ… билмайман… Назаримда… чиққаним йўқ…
Фабий уни қўлидан чангаллаб ушлади.
– Нега бўлмаса яна бу куйни чаляпсан? Наҳотки яна туш кўрган бўлсанг?
Муций Фабийга ҳамон ҳайрат билан тикиларди-ю, лекин ҳеч нарса демасди.
– Жавоб бер!

Баркаш бўлиб чиқди ой,
Тўлғанар илондай сой.
Дўст уйғонди, ёв ухлар,
Товуққа чангал урди.
Темир тирноқ қарчиғай,
Ёрдам бер, ёрдам! –

деб Муций гўё беҳушдек чўзиб ғўлдиради. Фабий икки қадам орқасига тисланди-да, Муцийга тикилди, ўйлаб туриб… уйига, ётоқхонага қайтди.
Валерия бошини қийшайтириб, қўлларини икки ёнига беҳол ташлаганча донг қотиб ухлаб ётарди, Фабий уни зўрға уйғотди… Бироқ у кўзини очиб, Фабийни кўргани ҳамоноқ ўзини унинг бўйнига ташлади ва титраб-қақшаб қучоқлади, аъзойи-бадани ларзага келган эди.
Фабий уни тинчитишга уриниб:
– Сенга нима бўлди, жоним, нима бўлди! – деб такрорлар, бироқ Валерия унинг пинжига суқилиб, қимир этмай жимгина турар эди.
Охири унинг кўксига юзини яшириб:
– Оҳ, қандай даҳшатли тушлар кўраман-а, – деди, Фабий ундан суриштиришга оғиз жуфтлаган эди… у қалтираб кетди…
Ниҳоят, у пинакка кетганида дераза ойналарида қуёш нурлари жилва қилаётган эди.

VIII

Эртаси куни эрталаб Муций эрталабданоқ ғойиб бўлди. Валерия эрига қўшни монастирга бориб келмоқчи эканлигини айтди. Бу ерда унинг пири муршиди яшар, унга ғоятда ихлоси баланд эди. Фабийнинг саволларига у, тавба-тазарру қилай, шояд сўнгги кунлардаги ғайритабиий ҳодисаларнинг таъсиридан фориғ бўлсам, юрагим таскин топса, деб жавоб берди. Фабий Валериянинг ориқлаб кетган юзига қараб, шикаста овозини эшитиб, унинг истагини маъқуллади. Лоренцо ҳазрат унга жўяли маслаҳатлар бериб, гумон ва шубҳаларини кўнглидан тарқатиб юбориши мумкин… Валерия тўрт киши кузатувида монастирга жўнади, Фабий эса уйда қолди ва хотини қайтгунча, унга нима бўлганини билишга уриниб, хавотирга тушди. Ғазаби қайнаб, ноаниқ шубҳалардан юраги ўртаниб, боғда айланиб юрди… У бир неча бор айвонга кирди, бироқ Муций қайтмаган, малайялик эса унга итоатгўйлик билан бошини эгиб, ҳайкалдек қотиб қарарди. Фабийнинг назарида, унинг қорамтир башарасида яширин истеҳзо бордек туюларди. Бу орада Валерия пирига тавба-тазарру қилиб, ҳамма гапни уялиб эмас, даҳшатга тушиб, гапириб берди. Пир унинг гапларини диққат билан эшитди, уни дуо қилди ва беихтиёр қилган гуноҳини кечирди. Кўнглидан эса: “Сеҳру жоду, шайтоний май… бу ишни бундайлигича қолдириб бўлмайди”, деган гапни ўтказди-ю, Валерияга узил-кесил тасалли бериш учун у билан бирга унинг боғига келди. Фабий руҳонийни кўриб, безовталанди, бироқ кўпни кўрган чол нима қилишини олдиндан ўйлаб қўйган эди. У Фабий билан холи қолгач, турган гапки, Валериянинг иқрор бўлиб айтган гапларини яширди, лекин Фабийга ўзинг чақириб келган меҳмонингни имкони борича тезроқ уйингдан даф қил, у ўз ҳикоялари, қўшиқлари ва хатти-ҳаракати билан Валериянинг онгини заҳарлаган, деди. Боз устига, чолнинг фикрича, Муций илгари ҳам динга унчалик содиқ бўлмаган экан, христиан динидан бебаҳра мамлакатларда узоқ юргани важидан эса у ерлардан сохта таълимотларнинг маразини олиб келиши, ҳатто сеҳру жоду сирлари билан танишган бўлиши эҳтимолдан холи эмас экан, шу боисдан эски дўстлик ҳурмати бунга монелик қилса ҳамки, оқилона эҳтиёткорлик бундай дўстликнинг баҳридан ўтишни тақозо қиларкан! Фабий табаррук пирнинг фикрларига тўла қўшилди, Валерияга пири муршидининг гапларини етказганида унинг чиройи очилиб кетди. Лоренцо ҳазрат эр-хотиннинг шукроналик билан билдирган миннатдорчилигини ва улар монастирга, ғарибу мискинларга атаб берган қимматли совғаларини олиб, уйига жўнади.
Фабий кечки овқатдан кейиноқ дўсти билан орани очди қилишга бел боғлаган эди, бироқ унинг ғалати меҳмони овқат маҳалида қайтиб келмади. Шунда Фабий Муций билан бўладиган суҳбатни эртага қолдирди-ю, эр-хотин ётоқхоналарига йўл олишди.

IX

Валерия дарров ухлаб қолди, бироқ Фабий ухлолмади. Тунги сукунатда кўрган-билганлари ва кўнглидан ўтказганлари унинг кўзи олдида равшанроқ намоён бўлди, у янада зўр бериб ўзига-ўзи савол берса ҳамки, барибир илгаригидек уларга жавоб тополмади. Муций чиндан ҳам афсунгар бўлганмикин, Валерияни сеҳрлаб қўйган бўлса-я? Валерия хаста… қандай дард билан оғриганикин? У бошини қўлига қўйиб, ўтли нафасини ичига ютиб, кўнгилсиз ўйларга берилиб ётганида мусаффо осмонга ой чиқди, ой ёғдуси билан бирга деразаларнинг ярим шаффоф ойналарини тешиб, айвон томондан енгил хушбўй эпкин келгандек бўлди. Шундаймикин ёки Фабийнинг назарида шундай бўлдимикин? Мана, зўр бериб чорловчи, эҳтиросли шивирлаш эшитилди… ва худди шу пайт Фабий Валериянинг билинар-билинмас қимирлаганини кўрди. У сапчиб тушди, қapaca, Валерия ўрнидан туряпти, мана, у аввал бир оёғини, кейин бошқасини каравотдан туширди ва худди телба-кезиклар сингари хира кўзларини олдинга тикиб, қўлларини чўзганча боғ эшиги томон қадам қўйди! Фабий шу заҳоти ирғиб ўрнидан туриб, ётоқхонанинг бошқа эшигидан чиқди-да, уйнинг муюлишидан чопганча ўтиб, боққа қараган эшикни тўсди… У эндигина қулфни ушлаган ҳам эдики, ичкаридан аллаким эшикни итарганини сезди, бутун гавдаси билан итарди… яна ва яна итарди… кейин оҳу фиғон эшитилди…
Фабийнинг кўнглидан: “Ахир Муций шаҳардан қайтгани йўқ-ку?” – деган гап ўтди-ю, айвон томонга югурди…
Хўш, у нимани кўрди?
Қараса, рўпарасидан тўлин ой ёғдусидан чароғон бўлган йўлкада худди телба-кезик одамлардек қўлларини чўзиб, кўзларини бақрайтирганча Муций келяпти… Фабий югуриб унинг олдига борди, бироқ у бир маромда қадам ташлаб, унга парво қилмай ёнидан ўтиб кетди. Унинг чеҳраси ой шуъласида худди малайяликнинг башараси каби жилмайгандек бўлди. Фабий уни чақирмоқчи бўлган эди… Лекин шу пайт орқасидан – уй томондан деразанинг тақиллагани эшитилди… У шартта ўгирилди…
Рост, ётоқхонанинг деразаси ланг очиқ эди: деразада эса бир оёғини кўтарганча Валерия турарди… Қўллари гўё Муцийни излагандек пайпасланарди… у бутун борлиғи билан унга талпинарди.
Беҳад қаҳру ғазабдан Фабийнинг қони қайнади. Фиғони фалакка чиқиб: “Аблаҳ, жодугар!” – деб қичқирди-ю, бир қўли билан Муцийнинг кекирдагидан ғиппа бўғди, бошқа қўли билан эса унинг белидаги ханжарни тимирс­килаб топди-да, уни дастасигача ғанимнинг биқинига санчди.
Муций қаттиқ чинқирди, жароҳатини чангаллаганича, йиқила-сурила айвон томон қочди. Бироқ Фабий ханжарни суққанда Валерия ҳам қаттиқ чинқирди-ю, гуп этиб ерга қулади.
Фабий ёрдам бергани Валериянинг ёнига югурди, уни кўтариб каравотга олиб бориб ётқизди ва ундан гап сўради…
Валерия анча вақтгача қимир этмай ётди, бироқ охири кўзини очиб, чуқур нафас олди-да, ҳозиргина ўлим чангалидан халос бўлган кишидек пайдар-пай хурсанд бўлиб, эрини кўрди, кўрди-ю, уни бўйнидан қучоқлаб, ўзини бағрига ташлади. “Сенмисан, сен ўзингмисан, ўзингмисан”, – деб ғўлдиради. Кейин аста-секин қўлини бўшатди, бошини орқага ташлади ва роҳатбахш табассум ила: “Худога шукур, ҳаммаси барҳам топди. Оҳ, қанчалар толиқдим!” – деб шивирлади-ю, тинч уйқуга кетди.

X

Фабий хотинининг ёнига ўтирди-да, унинг рангпар, ориқлаган, лекин хотиржам чеҳрасига тикилиб нималар юз берганини… ва энди нима қилиши лозимлигини мулоҳаза қила бошлади… Нима қилса экан-а? Агар Муцийни ўлдирган бўлса – у ханжарнинг қанчалик чуқур суқилганини эслаб, унинг ўлганига шубҳа қилмади – буни яшириш қийин! Бориб герцогга, судьяларга хабар қилиши даркор… бироқ бу мавҳум ишни қандай тушунтиради? У, яъни Фабий ўз қариндошини, энг қалин дўстини уйида ўлдирса-я! Турган гапки, нима учун, қандай сабабга кўра ўлдирдинг, деб суриштиришади… Борди-ю, Муций ўлмаган бўлса-чи! Фабий ҳамма нарсадан бехабар ўтиришга тоқат қилолмади, Валериянинг ухлаб ётганига ишонч ҳосил қилгач, курсидан оҳиста турди-да, айвон томон юрди. Айвон осойишта, ёлғиз бир деразада чироқ кўринар эди. У юраги пўкиллаб ташқи эшикни очди (эшикда қонга беланган бармоқларнинг изи қолган, йўлкадаги қумда ҳам қон кўринар эди) ва биринчи қоп-қоронғи хонага кирди… кирди-ю, ҳанг-манг бўлиб, бўсағада тўхтаб қолди.
Хонанинг ўртасида эрон гилами устида Муций чўзилиб ётарди, унинг бошига духоба ёстиқ қўйилган, устига гулли кенг қизил шол рўмол ёпиб қўйилган эди. Юзи шам сингари сап-сариқ, қовоқлари кўкариб кетган, кўзи юмуқ эди, нафас олгани билинмасди: худди мурдага ўхшарди. Қизил шол рўмолга ўралиб олган малайялик эса унинг оёғида чўкка тушиб ўтирарди. У чап қўлида отқулоққа ўхшаш аллақандай ўтни ушлаганча, олдинга сал-пал интилиб, хўжасига қаттиқ тикилиб турарди. Полга санчиб қўйилган чоғроқ машъала хонани ёритиб, яшил шуъла сочмоқда. Машъаланинг алангаси теб­ранмас, буруқсимас эди. Фабий кирганда малайялик қимир этмади, унга бир қараб қўйди-ю, яна Муцийга тикилди. Ўқтин-ўқтин қўлидаги ўтни кўтариб-туширар, осмонда силкитар, лаблари гўё унсиз сўзларни сўзлаётгандек аста-секин очилиб қимирлар эди. Малайялик билан Муцийнинг ораларида ханжар ётарди: Фабий дўстига шу ханжарни урган эди, малайялик ўт билан ханжарнинг қонли тиғига бир урди. Орадан бир-икки дақиқа ўтди. Фабий малайяликнинг олдига келди-да, эгилиб: “Ўлдими?” – деб паст овозда сўради. Малайялик бош ирғитиб қўйди ва шол рўмол тагидан уни қўлини чиқариб, қатъий равишда эшик томонга ишора қилди. Фабий саволини такрорламоқчи бўлди, лекин малайялик яна зўр қатъият билан чиқиб кетишни талаб қилиб, қўлини бигиз қилганини кўргач ҳам ғазаби қўзиб, ҳам ҳайратга тушиб, индамай чиқиб кетди.
Ётоқхонага қайтганда Валериянинг илгаригидек тинч, баҳузур ухлаб ётганини кўрди. У ечинмади, дераза тагига ўтирди-да, қўлига тиралиб яна ўйга ботди. Oппоқ тонг отганда ҳам у шу зайлда ўтирарди. Валерия ҳамон уйқуда эди.

XI

Фабий унинг уйғонишини кутиб туриб, кейин Феррарага боришни ўйлаб турганида бирдан биров аста эшикни қоқди. Фабий ташқарига чиқиб, рўпарасида ўзининг кекса эшик оғаси Антониони кўрди.
– Синьор, – деб гап бошлади чол, – малайялик ҳозир бизга шуни баён қилдики, Муцийнинг тоби қочиб қолганмиш, эндиликда кўч-кўронини олиб, шаҳарга кетишга истак билдирганмиш, шу боисдан нарсаларини йиғиштиришга қарашадиган одам юборишингизни, пешинга яқин эса юк ортиладиган ва миниб кетиладиган отлар билан бир неча кузатувчи беришингизни сўраётганмиш. Ижозат этасизми?
– Буни сенга малайялик айтдими? – деб сўради Фабий. – Қандай тушунтирди? Ахир у соқов-ку.
– Мана, синьор, бу гапларнинг ҳаммасини манави қоғозда ўзимизнинг тилда баён қилган, жуда тўғри ёзган.
– Муцийнинг тоби қочганмиш, дедингми?
– Ҳа, қаттиқ бетобмиш – уни кўришнинг иложи йўқмиш.
– Врачга одам юбормадингларми?
– Йўқ. Малайялик изн бермади.
– Шу сўзларни малайялик ёзиб бердими сенга?
– Ҳа, ўша.
Фабий жим қолди.
– Начора, айтганларини бажо қил, — деди у ниҳоят.
Антонио кетди.
Фабий хизматкорининг орқасидан ҳайрон бўлиб қараб қолди. “Бундан чиқди, ўлмаган шекилли? – деб ўйлади у… ва хурсанд бўлишиниям, афсусланишиниям билмади. – Бетоб? Ахир бундан бир неча соат бурун ўлиб ётганини ўз кўзи билан кўрган эди-ку!”
Фабий Валериянинг ёнига кирди. Валерия уйғониб, бошини кўтарди. Эр-хотин бир-бирига узоқ, маъноли тикилиб қолишди. “Энди у йўқми?” – деб сўраб қолди тўсатдан Валерия. Фабий чўчиб тушди. “Нима… йўқми? Сен ахир… У кетдими?” – деб давом этди Валерия. Фабийнинг кўнгли жойига тушди. “Йўқ ҳали, лекин бугун кетади”. – “Шундан кейин уни ҳеч вақт, ҳеч қачон кўрмайманми?” – “Ҳеч қачон!” – “Анави тушлар ҳам барҳам топадими?” – “Ҳа”. Валерия шодланиб енгил нафас олди, лабларида яна табассум жилва қилди. Иккала қўлини эрига чўзди. “Унинг номини сира ҳам тилга олмаймиз, хўпми, жоним? У жўнаб кетмагунча мен уйдан чиқмайман. Энди сен канизакларимни ҳузуримга чақириб юбор… айтмоқчи, шошма: анави матоҳни олгин-да – у Муций совға қилган, ҳозир стол устида ётган маржонни кўрсатди – энг чуқур қудуғимизга ташла. Мени бағрингга бос, мен сенинг Валериянгман – у кетгунга довур ёнимга келма”. Фабий маржонни олди, назарида, дурлари нурсизланиб хира тортгандек бўлди. У хотинининг амрини бажо келтирди. Сўнг узоқдан айвон томонга назар ташлаб боғда айланиб юрди. Бу вақтда одамлар айвон олдида ғимирсиб, лаш-лушларни йиғиштиришаётган эди, мана, ниҳоят, сандиқларни олиб чиқиб, отларга орта бошлашди. Фабийнинг кўнглида айвонда бўлаётган ишларни яна бир марта кўриб келишга кучли истак уйғониб, уни васвасага сола бошлади. У айвоннинг орқа томонида яширин эшик борлигини эслади. Шу эшикдан эрталаб Муций ётган хонага кириш мумкин эди. У пусиб, эшик олдига келди, эшик очиқ эди, у оғир дарпардани суриб, қўрқа-писа ичкарига кўз қирини ташлади.

XII

Муций энди гиламда ётмас эди. У сафар кийимида курсида ўтирар, бироқ ҳамон Фабий биринчи марта кўрганидаги каби мурдага ўхшар эди. Зилдек боши курсининг суянчиғига шилқ этиб тушган, чалмаштириб қўйилган қўллари тиззалари устида сарғайиб кўринар, кўкраги кўтарилмасди. Курси ёнида қорамтир суюқлик солинган бир нечта ясси пиёла турарди. Улардан кишининг нафасини бўғадиган ўткир ҳид анқирди. Ҳар бир пиёла ёнида ўқтин-ўқтин мунчоқдек кўзларини чақнатганча, кичкина-кичкина сариқ илонлар кулча бўлиб ётарди, шундоққина Муцийнинг олдида, икки қадам нарида ола-була духоба чопон кийиб, белини йўлбарснинг думи билан боғлаб, кулоҳни эслатувчи баланд қалпоқ кийган малайяликнинг новча гавдаси қаққайиб турарди. Бироқ у энди жим турмасди, гоҳ астойдил эгилар, гоҳ қаддини яна ростлар, ҳатто оёғининг учида турар, гоҳ бир маромда қулочини ёзар, гоҳ зўр бериб Муций томонга қўлларини силкитар, гўё таҳдид ёки амр қилаётгандек бўлар эди, қовоғини уйиб, депсинарди. Чамаси, бу ҳаракатлар ундан катта куч талаб қиларди, ҳатто азоб ҳам берарди, ҳарсиллаб нафас олар, башарасидан ғарақ-ғарақ тер қуйиларди. Бирданига у таққа тўхтади, кўксини тўлдириб ҳаво ютди-да, пешанасини тириштириб кучанди ва гўё тизгин ушлагандек маҳкам сиқилган қўлларини йиға бошлади… шунда Фабийни мислсиз даҳшатга солган бир ҳодиса рўй берди, Муцийнинг боши аста-секин курсининг суянчиғидан кўтарилиб, малайяликнинг қўлига эргашиб ҳаракатга келди… Малайялик қўлини туширган эди, Муцийнинг боши яна суянчиққа шилқ этиб тушди, малайялик ҳаракатини такрорлади, боши ҳам итоатгўйлик билан қўлга эргашиб қимирлай бошлади. Пиёлалардаги қорамтир суюқлик қайнади, пиёлалар нозик садо бериб жаранглади, уларнинг ёнидаги илонлар тўлғанди. Шунда малайялик бир қадам олдинга юрди-да, қошини чимириб, кўзларини олайтирди ва Муцийга қараб бош ирғатди… шунда мурданинг қовоғи пирпиради, кейин аста-секин киприк кўтарилди-ю, уларнинг тагидан хира кўз қорачиғи кўринди. Maғpyp тантана ва шодликдан, қаҳрли шодликдан малайяликнинг чиройи ёришди, у лабларини катта очди, томоғидан қудратли наъра отилиб чиқди… Муцийнинг ҳам лаби очилди-ю, ғайритабиий овозга жавобан заиф инграган товуш эшитилди…
Шу ерга етганда Фабий ортиқ бардош беролмади; назарида, қандайдир инс-жинсларнинг афсунида иштирок этаётгандек бўлди! Қичқирганча, орқа-ўнгига қарамай, тезроқ уйига етиб олиш мақсадида дуо ўқиб, чўқиниб уйи томон қочди.

XIII

Орадан уч соат ўтгач, Антонио келиб, ҳамма иш битганини, нарсалар йиғиштириб бўлинганини, синьор Муций сафарга тайёрланаётганини хабар қилди. Фабий хизматкорига бир оғиз сўз ҳам айтмай, айвон кўриниб турадиган пешайвонга чиқди. Юк ортилган бир нечта от айвон олдида тўпланиб турарди, шундоққина зина ёнига икки кишига мўлжалланган кенг эгар урилган бақувват қopa айғирни олиб келишди. Худди шу ерда бошяланг хизматкорлар ва қуролланган кузатувчилар туришарди. Айвоннинг эшиги очилди-ю, яна ўзининг илгариги кийимини кийиб олган малайялик ёрдамида Муций кўринди. Унинг башараси ўликникидек, қўллари шалвираб турар, бироқ у одим ташлар эди, рост! Одим ташларди, отга миндириб қўйилгач, қаддини тик тутиб ўтирди ва пайпаслаб жиловни топди. Малайялик унинг оёғини узангига тиқиб қўйди ва бир сакраб мингашди-да, уни белидан ушлаб олди, шу кўйи карвон йўлга тушди. Отлар одимлаб борарди, улар уй олдидан қайрилишганида, Фабийнинг назарида, Муцийнинг қopaтўри юзида иккита оппоқ доғ милт этиб кўрингандек бўлди… Наҳотки Муций унга нигоҳ ташлаган бўлса?! Фақат малайяликкина унга одатдагича истеҳзо билан таъзим қилди…
Буларнинг ҳаммасини Валерия кўрдимикин-йўқми? Хонасининг деразасидаги дарпардалар туширилган эди. Ким билсин, у деразадан мўралагандир.

XIV

Валерия тушликка емакхонага келди, у ўта маъсум ва меҳрибон эди, бироқ ҳамон чарчаганлигини айтиб зорланарди. Лекин унда илгариги ваҳима, дои­мий ҳайрат ва пинҳоний қўрқув кўринмасди, Муций жўнаб кетганининг эртасига Фабий яна унинг суратини чизишга киришганди, хотинининг чеҳрасида уни саросимага солган вақтинчалик нуқсон йўқолганини ва аввалги иффат яна пайдо бўлганини кўрди… кўрди-ю, мўйқалам мато устида дадил, равон юра бошлади.
Эр-хотин яна аввалгидек бахтли яшай бошлашди. Муций гўё ер ютгандек дом-дараксиз кетди. Фабий билан Валерия худди унинг тўғрисида лом-мим демасликка ва кейинги тақдирини суриштирмасликка шартлашгандек эдилар, дарвоқе, Муцийнинг тақдири ҳамма учун сирлигича қолди. У чиндан ҳам ер ютгандек ғойиб бўлди. Фабий бир куни ўша машъум тунда қандай ҳодиса рўй берганини Валерияга сўзлаб бериши лозимлигини ҳам қарз, ҳам фарз, деб ўйлаб оғиз жуфтлаган эди, Валерия унинг ниятини сезди, шекилли, дами ичига тушиб кетди, кўзлари сузилди, гўё зарба тушишини кутгандек сергакланди. Шунда Фабий унинг аҳволига тушунди.
Ажойиб куз кунларидан бирида Фабий биби Цецилиянинг суратини битираётган эди, Валерия орган олдида ўтирар, бармоқлари клавишлар устида чопарди… Қўққисдан қўллари остидан беихтиёр ғолиб севгининг бир вақтлар Муций чалган куйи янграб кетди, худди шу пайт Фабий билан турмуш қурганидан бери биринчи марта вужудида дунёга келаётган янги ҳаётнинг типирчилаганини ҳис қилди. Валерия чўчиб тушди-ю, тўхтади.
Бу нима ўзи? Наҳотки…

Рус тилидан Мирзиёд Мирзоидов таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 5-сон

_________________
“Хаёлга ошно бўл, қўрқма хатодан!” Шиллер (нем.).