Ёниб яшаган мусаввир (Рўзи Чориев)

Рўзи Чориев – ХХ аср Ўзбекистон тасвирий санъатидаги юлдузли номлардан бири. Унинг ижодий тақдири ўз халқи, мамлакати билан чамбарчас боғланиб кетган. Рассомдан мерос бўлиб нафақат ўзига хос бадиий услуб, бетакрор усул, балки олам ва одам ҳақидаги бетакрор фикрлар, қарашлар ҳам қолди. Рўзи Чориев шундай серқирра рассомки, унинг ижодида маҳаллий, миллий ва умумбашарий маънавий қадриятлар бир-бири билан чатишиб кетган. Шунчаки сўзлар эмас, балки мусаввир яшаган ва ижод қилган воқелик ижодининг том маънодаги мазмуни, меҳвари саналади. Шу ўринда Рўзи Чориев ижодининг яна бир жиҳатини айтиб ўтмоқ жоиз. Гап шундаки, ҳаётлик вақтида у бир сония ҳам рассом бўлмасдан яшаган эмас. Ҳатто ташқаридан қараб ҳам билмаган одамлар кўркам соқоли, доим кийиб юрадиган беретидан унинг рассом эканига иқрор бўлар эдилар. Ҳамкасб мусаввирлар ўз дўстларининг ишлари ҳақида самимий ва ғоят рамзли тарзда: “Зўр!” деб қўйишини тез-тез ёдга оладилар. У кўргазмаларнинг очилиш маросимларида қўшиқ айтишдан ҳам ўзини тиёлмасди, чунки кўрган-кечирганларидан азбаройи ҳаяжонланиб, юрагига сиғдиролмасди ва таассуротлари қўшиқ бўлиб отилиб чиқарди. Ижодий фаолиятда эса у ҳар доим, фақат ва фақат инсон бўлиб қолаверарди. Буни биз ноёб истеъдод соҳибининг деярли барча асарларида чуқур ҳис этамиз. У ҳаётни ва одамларни севарди: севинишнинг уддасидан чиқарди ва теварак-атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни кўрар, моҳиятини теран ҳис қила оларди.

Рўзи Чориевнинг ижодий тақдири ўзининг ноёб анъанавий маданиятига эга гўзал, кўҳна ва навқирон Сурхондарё билан боғлиқ. У 1931 йилнинг 28 августида шу вилоятдаги Пашқурт деган тоғ бағридаги қишлоқда дунёга келди. Болалик чоғларидаёқ у тоғлар фусункорлигию дала-даштлар жозибадорлигини, у ерда истиқомат қилувчи одамларнинг улуғвор ва кенг қалбини ўз қалбига жо этар, вужудига сингдириб борарди. Либослардаги ёрқин ранглар уйғунлиги, ранг-баранг ҳунармандлик буюмлари, анъанавий қўшиқ ва рақсларнинг алоҳида оҳангдорлиги, қишлоқдошлари тимсолида намоён бўлувчи урф-одат ва расм-русумлар ранг-баранглиги – булар барчаси бўлажак рассом кўз ўнгида иккинчи, сир-синоатларга тўла дунё бўлиб гавдаланарди. Рассомнинг болалик пайтидаги тасаввурлари ўткинчи ҳолга айланмади, аксинча, улар инсон ва рассом сифатида унинг дунёқарашига мустаҳкам асос, негиз бўлиб қолди. Сурхондарё анъанавий маданияти ҳар доим рассом ижодига илҳом ва озуқа бериб келди, унинг сувратларидаги безак ечимида, рамзу тимсолларда ўз ифодасини топди, шу боисдан ҳам мусаввир асарларидаги қуёш нури жилваларининг ёрқин бўёқлари жилосидан томошабин дили беихтиёр равшан тортади.

Аввал-бошданоқ ёш Рўзининг романтикага мойил ижодий табиати кейинчалик пойтахт – Тошкентда камол топди. Унга рассомликни Худо юқтирган, шундан бошқа касбу ҳунарга унда на ҳавас ва на иштиёқ бор эди. Шу интилиш уни Республика бадиий билим юртига етаклаб келди, ўқишга кирди ва уни 1959 йилда битирди ҳам. Бадиий билим юрти Рўзининг кўз ўнгида тасвирий санъатнинг гўзал оламини намоён этди, айнан шу нарса рассом орзусидаги ва мудом интилиб келган мақсад эди. У тасаввуридаги бу жилвагар оламни, шахсий фикр ва туйғуларини бўёқлар ҳамда бўз матолар ёрдамида қайта гавдалантира олишини англади.

Рўзи Чориевнинг ижодкор сифатида шаклланишида И.Е.Репин номидаги Рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик институти катта роль ўйнади. У ерда бўлажак рассом Ю.Непринцев устахонасида таълим олди. Реалистик ифода асосларини англаш ва ривожлантиришда бу илм даргоҳининг аҳамияти катта эди. Рўзи жаҳон тасвирий санъат дурдоналари билан танишиш, абадият ва гўзаллик билан юзма-юз келиш имкониятига эга бўлди. Академик бадиий йўналиш Рўзи Чориевда катта қизиқиш уйғотди. У бу йўналишни моҳирона эгаллади, тажрибали, кўпни кўрган муаллимлар унинг жонига оро кирди. Шунингдек, у мазкур йўналиш таркибига экспрессия, ҳаракат, сезгилар тароватини олиб кирди. Ҳали талабалик вақтларидаёқ унинг ишлари тенгдошлариникидан яққол ажралиб турарди. Рўзидаги собитлик, табиийлик уларда ҳадеганда кўзга ташланавермасди. Мусаввир чизган портретларда қаҳрамонлар яшар, ўйлар, ижод қилар, ҳис этар эди. Санъатга ниманидир олиб кириш Рўзи Чориевга Аллоҳ томонидан ато этилган фазилат, хислат эди. Унинг шахсиятини бундан бошқача тасаввур этиб ҳам бўлмасди.

Рассомнинг 1960 йиллардаги дастлабки мустақил ишларидан шу нарса яққол кўринадики, Ўзбекистон тасвирий санъатига ўз дунёси, рамзлари ва сюжетлари, услуб ва мўйқалами билан ўзига хос санъаткор кириб келди. Рўзи Чориев турли жанрларда: портрет, пейзаж, натюрмортда фаол ва баракали ижод қилди. Балки биз бугунги кунда рассом ишларига оз-моз кўникиб қолгандирмиз, аммо 1960 йилларда Рўзи Чориев ўз рангтасвир асарларига олиб кирган сезги эркинлиги ўша йиллар санъатида ҳис этилган катта ўзгаришлар ифодаси бўлиб қолди. Бу даврда санъат 1930-50 йиллар “соцреализми”нинг сийқаси чиққан меъёрий эстетикасидан халос бўлган эди. Мазкур санъат ўзи учун миллий, европа санъати ва кенгроқ олиб қараганда, жаҳон санъатининг бой ва ранг-баранг анъаналарини инкишоф этди.

Рўзи Чориев бағрикенг инсон эди, юрагида эзгуликдан ўзга нарса йўқ эди, ҳаёт йўлида унга ким дуч келган бўлса, ҳаммасини сиғдира оладиган кўнгил дунёси бор эди. Рассом сифатида ҳам у доим бирон-бир янгилик ўйлаб топиш пайида бўларди, турли бадиий анъаналарни эринмай тадқиқ қилар ва ўзлаштирарди. Нима бўлганда ҳам Рўзи Чориев тасвирий санъатда ўз йўлини танлади – бу реалистик йўналиш услубий англаш сифатида Шарқ санъатини безакчилик билан сингдириб юбориш йўли эди. Санъатда безакчилик ҳақида жуда кўп гаплар айтилган ва ёзилган. Шарқ санъатида, жумладан,Ўзбекистон санъати тарихида безакчилик шунчаки колорит ёрқинлигида ифодаланиб қолмаган, балки халқнинг, дунёнинг ҳаёт манбаи деб қарашини ҳам акс эттирган. У жўнгина расмий-пластик тушунча эмас, балки энг аввало, мазмундор дунёқарашга эга чуқур назария ҳамдир.

Рассом чизган портретлар хусусида тўхталмай ўтиб бўлмайди. Улар қатор ёрқин, бетакрор образлар силсиласидан иборат бўлиб, қаҳрамонлари эса оддий меҳнаткашлар, катта ва ўрта ёшдаги эркаклар, аёллардир. Улар ёнгинамизда, ўзимиз билан бақамти яшаб турган замондошларимиздир. Шу билан бирга ҳар бир образ – бу бетакрор индивидуаллик, бой ички оламдир. Ҳар бир портрет ечимида жўшқинликнинг муайян улуши бор, аммо асосийси, рассомнинг ўзи чизаётган инсонга нисбатан муҳаббат туйғуси мана мен деб туради.

Бир неча йилдирки, Рўзи Чориев орамизда йўқ… Аммо унинг дил қўри, шижоати, эзгулиги, инсоний поклиги билан йўғрилган сувратлари биз билан қолди. Уларни Давлат санъат музейида, Бадиий кўргазмалар дирекциясида, Тасвирий санъат саройида, хусусий жамламаларда топиш ва томоша қилиш мумкин. Мусаввирнинг кўплаб ҳазиломуз гаплари эл ичида ҳикмат ва латифаларга айланган: “Ўзингизни аллақандай майда-чуйдаларга уриб, овора бўлманг – бу дунёда фақат ишлаш, ишлаш ва ишлаш керак”. Бу ҳаётий таомилга Рўзи Чориев энг аввало ўзи амал қилди. Унинг миллий тасвирий санъатдаги хизматлари муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, Давлат мукофоти совриндори бўлди.

Рўзи Чориев ёниб яшади, ёниб ижод қилди, дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари, уни таниган ва билган барча учун муносиб ибрат, ёрқин хотира бўлиб қолди. Атоқли мусаввир 2004 йилнинг 18 сентябрида дунёдан кўз юмди.

Камола Оқилова,

санъатшунослик фанлари доктори

Жаҳон адабиёти, 2013 йил, 8-сон