Имре Кертес. Стокгольм маърузаси

Эҳтимол, бироз ғайритабиий, бироқ батамом самимий иқрордан бошлашим керак. Ушбу йилда адабиёт бўйича топшириладиган Нобель мукофотини олиш учун жўнаб кетаётиб, самолёт бортига кўтарилганим ҳамон ортимда совуққон кузатувчининг пинҳон нигоҳини сездим. Мана шу тантанали лаҳзаларда ўзимга ўзим кутилмаганда жамоатчилик эътиборига тушган, жаҳон таниган ёзувчига эмас, балки совуққон кузатувчига ўхшаб туюляпман. Ғоят муҳим дақиқаларда дунёга мурожаат қилиш имконияти насиб қилган экан, умид боғлайманки, нутқим ботиний дунёмда мавжуд икки қиёфани бирлаштириб, бу ҳардамхаёлликни бартараф этишга ёрдам беради.

Тўғрисини айтганда, ҳозирча бу нуфузли мукофоту ёзувчилик ҳаётим ўртасидаги мен ҳис қилаётган зиддият моҳиятини англаганимча йўқ. Эҳтимол, узоқ вақт диктатура шароитида яшаганимдан бўлса керак, балки фақат бугинамасдир, табиатимга мутлақо зид, бедаво, бегона муҳит туфайли ўзимни ёзувчи сифатида топмагандирман, буни қарангки, шу чоққача бу ҳақда ўйламаган ҳам эканман. Боз устига менга, ҳаяжонга соладиган “мавзу” аталмиш нарсалар аҳамиятсиз ва қизиқарсиз, деб тушунтиришган. Бир сўз билан айтганда, айнан шу сабаб билан мен ёзувчиликни шахсий иш, дея англаганман, устига-устак бу эътиқодимга мос тушарди ҳам.

Шахсий дегани жиддий эмас маъносини англатмайди, албатта. Гарчи жиддият доим ёлғоннинг аҳамияти юқори саналган бу оламда бироз кулгилидай туюлса ҳам. Ахир фалсафий аксиомага биноан дунё бу – мавжуд реалликка боғлиқ бўлмаган объектив тушунча. Мен 1955 йил баҳорнинг ажойиб кунида ягона ҳақиқат борлигига имон келтирдим. Ҳақиқат бу – мен, мавҳум муддатга қадар каминага туҳфа этилган нозик ҳаёт. Уни бегоналар ўзлариники қилиб олдилар, ўзлаштирдилар, ўзларига мослаштирдилар ва буни муҳрладилар, бироқ мен тарих деб аталмиш бу Балои офатдан уни тортиб олишим жоиз, негаки истеъдоду ҳаёт ёлғиз ўзимга тегишли ва уни ўз хоҳишимга кўра бошқараман.

Сўзлашга не ҳожат, бундай вазият объектив бўлмаса-да, шубҳасиз, реал муҳитни менга қарши қўйди. Кундан-кун “соғлом ва гўзал” социализму коммунистик Венгрияни назарда тутяпман. Агарда дунё бизга боғлиқ бўлмаган объектив ҳақиқат бўлса, у ҳолда инсон шахсияти ҳам ўзи учун – объект, ўтмиш ҳаёти эса ўзини ҳайратга солиши мумкин-у, бироқ уларга ҳеч қандай алоқаси йўқ тарихий тасодифдир. Бу ҳаётни бутунлигича тасаввур қилиш фойдасиз, негаки инсоннинг субъектив “мен”и масъулиятни бўйнига олиши учун ниҳоятда объектив лаҳзаларга дуч келиши мумкин.

Бир йилдан сўнг 1956 йилда Венгрия инқилоби шиддат билан бошланди ва шундай қисқа тарихий муддат ичра мамлакатда субъективлик ҳукм сурди. Бироқ совет танклари дарҳол воқеаларнинг объектив тартибини тикладилар.

Мен зинҳор кесатмаяпман, агарда гапларимда заррача киноя оҳанги сезилаётган бўлса, у ҳолда “йигирманчи асрда” ибораси мавжуд тил қисмати хусусида бир мулоҳаза юритиб кўринг-а. Барча эҳтимолларга кўра, давримиз ёзувчилари учун энг асосий, ғаройиб кашфиёт шундаки, тил – бизга қадимги аждодлардан мерослигига қарамай, реал жараёнларни ва номутаносиб тушунчаларни таърифлашда кераксиз. Бу ўринда Кафкани хотирлайлик, Оруэллни эслаш кифоя, уларнинг қўлида тил сочилиб кетди. Улар бизга шу чоққача тушунарсиз, янги, нотаниш белгилардан иборат кулни тақдим этмоқ ниятида уни гулханга тиқдилар.

Бироқ мен ўзимнинг шахсий ишим – ёзувчиликка қайтишни истардим. Каминанинг вазиятидаги одам қоидага биноан у билан боғлиқ юзага келаётган саволлар борасида бош қотириб ўтирмайди. Масалан, Жан Поль Сартр “Биз ким учун ёзяпмиз?” деган биргина саволга бутун бошли китобни бағишлабди. Бу савол қанчалар қизиқ бўлса, шу қадар хавфли ҳамдир, қисматимга ҳеч қачон бу ҳақда ўйлаш битилмагани учун шукр қиламан. Чиндан ҳам унинг қандай хавфли томони бор экан? Масалан, биз бурчимизни жамиятнинг у ёки бу тоифасига шунчаки эстетик завқ бағишлашдан иборат деб билмай, балки уларга таъсир кўрсатишимиз керак, дея тан олсак, у ҳолда, энг аввало, қўлимиздаги қалам керакли таъсир кучига эгами-йўқми, шу ҳақда чуқур мулоҳаза юритиб, услубимизга баҳо беришга тўғри келади. Шубҳа-гумонлар исканжасида қолган ёзувчи бор диққат-эътиборини яккаш ўзига қаратишга мажбур бўлади. Акс ҳолда у ўқувчиларга нима ёқиши ҳақида қаердан билади? Ахир у ҳар битта одамни саволга тутмайди-ку? Бу нима ҳам берарди? Бу фақат китобхон ҳақидаги ёзувчи тасаввури ва одамларга, шунингдек, ўз-ўзига таъсир кўрсатиши мумкин бўлганию истакларини ёзиш эҳтиёжи асосида келиб чиқади. Хўш, ёзувчи нима учун ёзади? Жавоб битта: ўзи учун!

Нима бўлган тақдирда ҳам, шуни алоҳида айтишим мумкинки, бу жавобга орқаворотдан етиб келмадим. Тўғрисини тан оладиган бўлсам, менга ҳамиша осон бўлган, негаки тузук-қуруқ ўқувчиларим йўқ эди ва мен ҳеч кимга таъсир кўрсатишни хоҳламасдим. Мақбул фикр-мулоҳазаларимни қоғозга тушириш учун ёзишни бошламадим, мен шунчаки ёзардим, ёзганларим эса бировга аталмаганди. Мабодо, бу ишим қандайдир мақсадга қаратилганида ҳам ижод тили ва шакллар нуқтаи назаридан шуни айтишим мумкинки, у ягона мақсад – ҳақиқатга асосланишдан иборат бўларди. Давлатнинг адабиётни жиловлашга уринган даври қанчалар кулгили ва шунинг билан бирга аянчли бўлганини аниқлаш – мен учун зинҳор аҳамиятсиз иш эмас.

Бироқ бир олам шубҳа-гумонларни туғдирадиган ҳаққоний саволга жавоб бериш мушкулроқдир: биз нима учун ёзамиз? Шахсан менга омад кулиб боққанлигини тан оламан, негаки мазкур жумбоқ жавобини топиш учун ортиқча бош қотиришимга тўғри келмаган. Дарвоқе, айтишим керакки, бу воқеа менинг “Фиаско” романимда батафсил тасвирланган. Навбатдаги иш содир бўлди: давлатга тегишли идоранинг бўм-бўш йўлагида турибман. Каминага кўринмайдиган ён томондаги йўлакдан баланд оёқ товуши эшитилди. Бутун вужудимни ғалати туйғу қамраб олди: қадамларнинг акс садоси яқинлашарди. Гарчи йўлакдан бир киши юриб келаётган бўлса-да, гўё минглаб одамларнинг одимлаётганини эшитаётгандай эдим. Хаёлимда бутун колонна яқинлашарди. Кутилмаганда бу қадамларга ва бу колоннага тийиқсиз майл сездим. Айни шу дақиқаларда Нитше мазкур нутққа мутаносиб тарзда “Дионисий[1] кечинмаси” дея атаган ўзидан кечиш жазаваси, идрокда эриб, қўшилиб-қорилиб кетувчи мастлик ҳузури нималигини англадим. Гўё қандайдир куч ўраб-чирмаб олгандай эди, у мени ўша муҳитга қуйилиб кетишим учун ортимдан итарарди. Жодуга берилмасликка тиришиб, деворга қапишишимга тўғри келди.

Мен ҳаётимдаги унутилмас лаҳзада бошдан кечирганларим ҳақида қандай бўлса шундай ҳикоя қилиб беряпман. Унинг булоғи гўё менинг ичимдан эмас, балки ташқаридан отилиб чиққанга ўхшарди. Маҳорат одамларига бундай лаҳзалар таниш, бироқ кечинмаларимни эстетик туйғулар жумласига киритиш амримаҳол. Буни кўпроқ қалб кўзининг очилишига менгзаган бўлардим ва бу кўзнинг очилиши услублари устида узоқ вақт иш олиб борганим маҳоратга йўл топиб бермади, шунчаки йўқотилган ҳаётимни қайтарди. Мен ҳаётдаги энг оғир туйғу, ёлғизлик ҳиссини туйдим. У мени ҳозиргина сизга сўзлаганим, ўзига тортувчи сафдан чиқиш ва ўзлигингдан айиришга қодир қисмат – тарих чангалидан халос бўлиш учун интилишга олиб келди. Нацистларнинг концлагеридан қайтгач, бор-йўғи ўн йил ўтиб, ҳали бир оёғим Сталин террорининг ваҳимали тушларидан узилмаган бир пайтда мен барини даҳшат ичра тушундим. Ёдимда булар ҳақида ғира-шира хотиралардан қолган узуқ-юлуқ бир неча латифаларни сақлаганман, холос. Гўё буларнинг бари мен билан содир бўлмаган… ҳар ҳолда шундай дейиш керак.

Афтидан, бундай ажойиб дақиқалар ўзига хос тарихга эга, эҳтимол, шу ўринда Зигмунд Фрейд қандайдир идрокка таъсир этувчи таассуротлардан бошлаган бўларди. Ким билади, балки у бу билан тўғри йўл тутармиди? Мен ҳаётга ақл кўзи билан қарайдиган одамман. Каминага ҳар қандай тасаввур ва ҳар қандай завқланиш туйғуси бегона. Ҳиссиёт борасида сўзлаганда ҳам, энг аввало, қандайдир рационал, бироқ илоҳий шаклда ифодаланган фикрни назарда тутаман. Бу кутилмаган англаш туйғуси аллақачон инқилобий гулханга айланиб улгурган, қадимгилар “Эврика!” (“Мен топдим!”) дея ифодалаган ҳайқириққа ўхшайди. Лекин мен нима топдим?

Бир вақтлар социализм Марсель Пруст учун қандай маънони англатган бўлса, менда ҳам худди шундай таассурот уйғотади, яъни чойга бўктирилган “мадлен” ширинликларидай йўқотилган вақт таъми ва ифорини эслатади. 1956 йилда инқилоб бостирилгач, ўз тилимни йўқотишни истамаганим учун Венгрияда қолишга қарор қилдим ва диктатура таъсирини энди бола нигоҳи билан эмас, балки кап-катта одам назари билан кузатиш имконига эга бўлдим. Мен халқни ўз идеалларидан воз кечишга қандай мажбур қилишганини кўрдим. Илк маротаба одамлар тузуми[2]га журъатсиз тарзда мослашаётган тана ҳаракатларининг гувоҳи бўлдим ва тушундимки, умид бу – иблис қуроли, ахлоқ-одоб – қатъий буйруқ ҳошияси – бор-йўғи ўз жонини сақлашнинг итоаткор чўриси.

Чекланган, боз устига ҳолдан тойган, хароб бўлаётган диктатура шароитида ёзувчининг эркинлигидан улканроқ эркинликни тасаввур қилиш мумкинми? Олтмишинчи йилларда Венгрияда диктатура кучларни бирлаштириш даражасига етди, уни, ҳатто жамоатчилик консенсуси[3] дейиш мумкин эди. Кейинчалик Ғарб уни мулойим марҳамат билан “гуляш-коммунизм”[4] дея атай бошлади. Аввалида Венгрия коммунизмига Ғарб қандайдир норозилик билдирган бўлса, кейинчалик улар учун суюкли тузумга айланди. Бундай консенсус ботқоқлигида одам курашишдан ё буткул воз кечади, ё бўлмасам ички эркинликка олиб келадиган барча айланма сўқмоқларни излаб топади. Ёзувчилик ҳунари катта харажатларни талаб қиладиган иш эмас, қоғоз-қаламдан бўлагига эҳтиёж йўқ. Ҳар тонг кўнгилда нафрат билан тушкун кайфиятда уйғонганим сабаб зудлик билан ёзувчилик дунёмга ғарқ бўлардим. Мен тоталитар мантиқ тазйиқидан азоб чекаётганни бошқа тоталитар тузумга ўтказиб, ўша одам ҳолатини тасвирлаётганимни тезда тушундим, бу эса романим тилини икки ҳақиқатнинг гипноз медиатори[5]га айлантирди. Мен ўша пайтдаги вазиятимни очиқ баҳолар эканман, агарда Ғарбдагидек эркин жамиятда яшаганимда Швед академияси юксак баҳога лойиқ топган “Қисматсиз” романини ёза олишимга ишонмайман.

Йўқ, мен балки бошқача тарзда ёзишга интилган бўлардим. Ўшанда ҳам ҳақиқатни, бироқ бошқача ҳақиқатни… Эҳтимол, ҳозир китоблар ва ғояларнинг эркин бозорида романнинг янгича, қизиқарли ва ёрқин шак­лини яратиш борасида бош қотирган бўлармидим. Масалан, ниҳоятда таъсирлантирувчи эпизодларни кўриш учун роман ёзиладиган вақтни қўлдан бой беришим тайин эди.

Ҳикоям қаҳрамони ўзига тегишли даврда яшашдан мосуво, ҳамма-ҳаммасидан – вақтдан, тилдан ва шахсиятдан маҳрум, концлагерга ташланган маҳбус. У фақат мавжудлигини эслолмайди. Шу сабаб бахтсиз, иложсиз қаҳрамоним учун узлуксиз, бемаъни ҳикоялар сўзлашдан бўлак завқ қолмаган, бироқ ҳикоялардаги уқубатли тафсилотларни четлаб ўтишнинг имкони йўқ. У мусибатли ва муаззам дақиқаларни бошдан кечиришга маҳкум, бу эса бир зайлда давом этаётган ҳаётнинг ўзиданам оғирроқ.

Бироқ бу маҳорат менга ҳайратланарли сабоқларни берди. Ҳикоя қилишнинг узлуксиз акс эттириш принципи барча вазиятларни узилишсиз тасвирлашни талаб қилади. Айтайлик, гўё жигаримнинг қабридай қандайдир ваҳимали ўра кўз олдимда намоён бўлди-ю, йигирма дақиқа нафас ростлашга тўғри келди, бироқ ўша йигирма дақиқа енгил парвоз қилгани қўймасди. Биркенау йўқотиш қамоқхонасининг темирйўл платформасидаги йигирма дақиқа ҳақида сўзлаяпман. Ўлими олдидан вагонлардан чиқишга уринган одамлар “селекция”га масъул зобит қаршисида туришга мажбур бўлишарди. Мен-ку ўша йигирма дақиқани умумий қирраларда эслаб қолганман, бироқ роман мендан ўз хотирамга ишонишни талаб қиларди. Қанча ҳисоботлар, кўрсатмалару хотираларни ўқимай, уларнинг барида воқеалар шиддат билан ривожланарди ва бирор нимани тушунишнинг чиндан ҳам иложи йўқ эди: кутилмаганда вагонларнинг эшиклари очилар, бақир-чақирлар, итларнинг вовиллашлари эшитилар, эркакларни хотинлардан ажратишар, бу телба тўс-тўполонда одамлар ниҳоят зобит қаршисида туришар, у бўлса югурувчи нигоҳ билан уларни бошдан-оёқ кузатиб, қаергадир боришларини қўли билан ишора қилар ва асирлар кўз очиб-юмгунча маҳбус кийимида пайдо бўлишарди.

Менинг хотирамда бу йигирма дақиқа бошқача тарзда гавдаланарди. Асл манбаларни изларканман, биринчи навбатда Тадеуш Боровскийнинг шафқатсиз ҳикояларидан бирини ўқидим, у “Газ камерасига марҳамат қилинг, хонимлар ва жаноблар!” деб аталади. Кейин қўлимга америкаликлар томонидан озод қилинган Дахау қамоқхонасида олинган бирталай расмлар тушиб қолди: аскар Биркенау темирйўл станциясида тирик “товар”ларни суратга олган. Эзгу ишларни қилиш учун ёрдамга шай аёлларнинг кулиб турган чиройли чеҳралари, серҳаракат ёшларнинг кўзлари… Мен шармандали иложсизлик ва ожизлик дақиқалари, ўша йигирма дақиқа қандай қилиб уларнинг хотирасидан ўчиб кетганлигини тушундим. Буларнинг бари шундай шаклда кундан-кун, ҳафтама-ҳафта, ойма-ой, узоқ йиллар давомида такрорлангани ҳақида ўйладим ва кўз олдимда даҳшат технологияси очилди. У менга қай йўл билан инсоният ҳаётига инсониятнинг ўзини қарши қўйиш мумкинлигини англатди.

Шундай қилиб қаршимда қадам-бақадам туганмас кашфиётларнинг йўли пайдо бўлди. Бу агар шундай изоҳлаш мумкин бўлса, менинг эврис­тик[6] услубим эди ва ким учун ёзаётганим, ҳатто нима учун ёзаётганим муҳим эмаслигини фаҳмладим. Каминани фақат биргина савол қийнайди: ўзи мени адабиёт билан нима боғлайди? Чунки менга адабиётдан нима кераклиги равшанлашди. Адабиёт тушунчаси билан боғлиқ ўша идеаллару маънавиятдан мени бартараф этиб бўлмас чегара ажратиб туради. У ҳаётимдаги  кўпгина бошқа нарсалар қатори Освенцим[7] деб аталади. Агар Освенцим ҳақида ёзадиган бўлсак, шуни англашимиз керакки, Освенцим том маънода адабиётни имконсиз даражага олиб келди. Освенцимда бошланган ва бугунги кунгача давом этиб келаётган воқеалар ҳақида фақатгина қоп-қора роман ёзиш мумкин. Освенцимдан кейин ҳали рад қилиб бўлмас бирор мудҳиш воқеа юз бермади. Асарларимда холокост  ҳеч қачон ўтган замонда гавдаланмаган.

Баъзида мени мақташади, баъзида эса биргина мавзу – холокостни ёритувчи ёзувчи дея менсимай қарашади. Мен нима ҳам дея олардим, муайян шартлар билан китобларим кутубхоналарнинг менга мувофиқ келувчи жавонларидан муносиб ўрин эгаллаган бўларди. Холокостнинг ёзувчиси бўлмаган бирорта замонавий ёзувчи бормикан? Фаҳмимча, ўн йиллар давомида замонавий Европа маданиятида ҳокимлик қилган ўша дилабгор овозни одамлар эшитиши учун, менимча, ижод мавзуси тариқасида холокостни танлаш асло шарт эмас. Такрор ва такрор айтаман: даҳшатли тушлар таъқиб этган ваҳимали тундан сўнг абгору ночор назар билан атрофга боқадиган одамзоднинг овозини эслатувчи бу хаста нидо эшитилмаган ҳеч қандай асл маҳоратни билмайман. Холокост тушунчасини бирлаштирадиган саволлар мажмуасини мен ҳеч қачон немислар ва яҳудийлар ўртасидаги қандайдир ечими йўқ низо деб қарамаганман. Шунингдек, холокостни яҳудийлар уқубатларининг янги боби деб ҳисобламаганман. Назаримда, бу воқеа тарихда юз берган тасодифий хато эмас, аввалгиларидан масштаблари билан фарқ қилгани учун яҳудийларнинг оммавий қирғини деб тушунмайман ёхуд яҳудий давлатининг барпо этилиши учун бир замин эди, деб ҳам ўйламайман. Мен холокостда ўзининг икки минг йиллик ахлоқ-одоб маданияти билан европалик одам деган номга эришиш йўлидаги саёҳатнинг энг қуйи нуқтасида “одамийлик” қандай бўлишини тасвирлаб бердим, холос.

Бундай юк билан қаерга ҳаракатланишимиз мумкинлиги ҳақида ўйлашимиз керак. Освенцим муаммосининг асл моҳияти – унга тегишли маълумотларни маърузамда келтириш, хотирада сақлаш, ё бўлмасам, тарихнинг эски сандиғи тубига яширишу ўлдирилганларнинг ёдига ёдгорлик қўйиш, агар қўйилса, унинг қиёфаси қандай бўлиши кераклигини аниқлаштириб олишда эмас. Освенцимнинг ҳақиқий фожиаси унинг мавжудлиги, бу даҳшатларнинг юз берганлиги, қайғули, уқубатли хотираларни уйғотувчи тарихий фактларни асло ўзгартириб бўлмаслигида. Бу оғир вазиятга венгриялик шоир Янош Пилинский ғоят муносиб таърифни беролган – “Шармандалик”. Афтидан, у инсонийлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, насронийлик маданиятида содир бўлган бу мудҳиш, тузатиб бўлмас хатолиги учун ҳам тарихий воқеани шундай баҳолаган бўлса керак.

Юз берган мудҳиш воқеалар бизга Худо ўлган дейди. Шубҳасиз, Освенцимдан кейин ёлғиз қолдик. Ўз бойлигимизни энди ўзимиз яратишимиз керак. Майли, бошқаларга меҳнатимиз асло билинмасин, бироқ сабр-матонат билан қилинган меҳнат охир-оқибат мевасини беради. Бир кун келиб биз йиққан бойлик янги Европа маданиятини яратишга асос бўлишига ишонаман. Эҳтимол, бугун Швед академияси Освенцимнинг, холокостнинг гувоҳи бўлишига, ўша азобларни ҳис қилишига тўғри келган ёзувчининг меҳнатини қадрлаб, унинг уринишларини Европа маданияти учун муҳим санаб, юксак баҳо тариқасида тақдим этаётган мукофоти бунга ёрқин мисолдир. Бундай вазият, агар шундай дейиш мумкин бўлса, катта жасорат ва ҳатто таваккалчилик. Негаки, мана шу трибунага чиқиб, сўзлашимни истаганлар нима ҳақида маъруза қилишимни аввалдан билишган.

Биз барини тушунишга мажбурмиз. “Концентрацион олам” орқали юзага чиққанимизни фаҳмлашимиз шарт. Қуйи нуқтани тан олиш эса яратувчи кучларни сақлаб, яшаб қолишимизнинг ягона кафолати. Ахир аниқ ҳиссиётлар фойдали эмасми? Буюк англашларнинг тубида гарчи улар фожиалар асосида юзага келган бўлса-да, ҳар доим эркинликнинг уруғи мавжуд. Эркинлик – Европанинг улкан бойлиги, у бизга борлигимизни ва унинг учун масъуллигимизни англатиб, ҳаётимизга мантиқ бағишлайди.

Она тилим – венгерчада буларнинг барини сиз билан бўлишаётганимдан бошим осмонда. Мен асли бутапештликман, яҳудийлар оиласида туғилганман. Онам Коложвардан, отам жануби-ғарбий Балатон тарафлардан. Бувим ва бувам жума оқшомини кузатиб шанба[8] тонгини қаршилаб, шамлар ёқишардию, бироқ ўз исм-шарифларини венгерчага алмаштиргандилар. Улар яҳудийларнинг эътиқоди билан Венгрияни Ватан билиб яшашни табиий деб қабул қилишарди. Онамнинг ота-онаси холокост гулханида вафот этишган. Отамнинг волидаси ва падари бузрукворини Будапештдаги қариялар уйини Венгриянинг Шимолий чегарасига кўчирган Рокоши[9]нинг коммунистик диктатураси нариги дунёга равона қилди. Хаёлимда бу бир кичик оиланинг қисмати янги даврга Ватанимнинг тарихий кечмишлари ва уқубатларидан сўзлайди. Бу қайғулар ортида, нафақат алам, балки катта маънавий потенциал бор. Яҳудий бўлиш? Менимча, бизнинг давримизда бу вазифа, энг аввало, ахлоқ-одоб масаласи. Агарда холокост бугунги маданиятни яратишга қодир бўлганда, бор эътибори ягона мақсадга қаратиларди: идрок кучи билан инкор этиб бўлмас ҳақиқат олдида гуноҳни ювиш – катарсис. Айнан мана шу интилиш мени илҳомлантирган.

Тўғрисини айтганда, мен айтмоқчи бўлган гапларнинг барини айтиб бўлдим, бироқ очиқча тан олишим керакки, барибир ўз ҳаётим, ёзувчилик олами ва Нобель мукофоти орасидаги ўзим истаган мувозанатга эришолмадим. Айни дақиқаларда ҳаётимни сақлаб қолган ва яшашимга куч берган муҳаббатга чуқур миннатдорчилик ҳис қиляпман, холос. Нима бўлганда ҳам тан олинг, “ҳокимият”да қандайдир ҳайратлантирувчи, қандайдир бемаъни, қандайдир тушунарсиз, қонунларнинг ҳаққоний тартибига ишонтирувчи илоҳий тақдиру мавҳум адолат бордай туюлади, бошқача сўзлар билан айтганда, бу ўз-ўзини алдаш васвасаси, холос. Бу йўлда яширин қояларга урилиб, ўлиб кетиш хавфи мавжуд. Унга эришилганда дунёда шафқат борлигини англамай, оламдан ўтган миллионлар билан ўша азобли алоқа йўқотилади. Исталган дақиқада ўққа тутишга шай жамоа ваҳший ҳукумату даҳшатли диктатураларнинг асирига айланган ҳаётимиз устидан ҳукм чиқарса, бундай тақдирдан қутулиб қолиш мушкул вазиятда қонунларнинг бемаъни тартиби билан ҳисоблашишга мажбур бўларкансан.

Нима бўлганда ҳам мен маърузага тайёрланаётганимда бир муддат руҳий мувозанатимни тиклашга ёрдам берган воқеа содир бўлди. Мен почта орқали жигарранг хатжилд олдим. “Бухенвальд” ёдгорликлар мажмуасининг директори доктор Фолькхард Книггедан. Хатжилдда чиройли табриклар ёзилган номадан ташқари яна бир кичкинагина хатжилд бор эди. Доктор Книгге менга уни алоҳида жўнатганди. Хатда 1945 йилнинг 18 февралида қамоқхона таркиби тўғрисида битилган махфий ҳисоботнинг нусхаси бор экан. Бу ҳужжатда (“Abgдnge”, яъни “ўлдирдим” деган маънони англатади) мен № 64921 рақамли маҳбус 1927 йилда туғилган завод ишчиси, яҳудий Имре Кертеснинг ўлими ҳақида ўқидим. Туғилган йил ва фаолият тўғрисидаги ёлғон маълумотлар қамоқхона статистикасига тасодифан тушиб қолган эмас. Бухенвальд идорасида мен ҳақимдаги маълумотларни ёзиб олишаётганда вояга етмаганлар қаторига тушиб қолмаслик учун ёшимга икки ёш қўшиб айтгандим. Улар мени фойдаси тегадиганлар рўйхатида қайд этишларидан қўрқиб, ўқиганимни яширганман ва ўзимни завод ишчиси сифатида таништирганман.

Демак, мен бир марта ўлганман – яшаб қолишим учун ўлганман. Эҳтимол, ҳикоямнинг асл ҳақиқати ҳам шундадир. Бир боланинг ўлимидан бошланган китобларимни рўшнолик кўрмай бу ҳаётни тарк этган ўша миллионларнинг руҳига бағишлайман. Академиянинг фикрига кўра, гап адабиёт ҳақида борар экан, эҳтимол, ёзганларим келажак учун аҳамиятсиз бўлмас, боз устига мен асарларим у учун хизмат қилишини чин дилдан истайман. Негаки, уларда Освенцимнинг жароҳатлари тасвирланган. Замонавий инсоннинг ижодий имкониятлари ва яшаш қобилияти масалалари хусусида мулоҳаза қилганимда фақат Освенцим хаёлимга келади. Мантиққа зид бўлса ҳам айтай, мен ўтмиш эмас, балки келажак ҳақида ўйлайман.

2002 йил 7 декабрь, Швеция академияси

Рус тилидан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 8-сон

_________________

[1] Ареопагит Дионисий – қадимда Византияда яшаган авлиё. У ўз-ўзини қийнаб, авлиё даражасига эришганлиги билан машҳур.

[2] Венгрияда ўрнатилган 41 йиллик коммунистик тузумга ишора. Бу вақт давомида мамлакатда 600 нафардан ортиқ зиёли қатл қилинган. 1956 йилдаги инқилобда қатнашганларнинг 2500 нафари вафот этган. 44 минг киши концентрацион қамоқхонага юборилган. 450 минг киши сиёсий маҳбус сифатида қайд этилган. 1,5 млн. одам эса махсус кузатув остига олинган.

[3] Консенсус — можароларни бартараф қилиш услуби.

[4] 1956 йилдан 1988 йилга қадар Венгриядаги Янош Кадар ҳукмронлиги йилларини гуляш-коммунизм деб аташган.

[5] Медиатор (нохин) — танбур, рубоб чаладиган асбоб.

[6] Эвристика – фикрлашнинг энг оддий усули орқали борлиқни англаш.

[7] Освенцим – 1945–46 йилларда Германияда ташкил қилинган қамоқхоналар мажмуаси. У Освенцим шаҳри яқинида жойлашган.

[8] Иудизмда бу кун муқаддас саналади.

[9] Матьяш Ракоши (Матьяш Розенфельд) – венгриялик сиёсатчи, Венгрия коммунистик партиясининг биринчи котиби (1945–1948) Венгрия Халқ Республикасининг Вазирлар кенгаши раиси (1952–1953).