Ҳар куни субҳидам онам уйимиз остонасида турганча мендан “рўмолчанг борми?” – деб сўрар эдилар. Менда эса ҳеч қанақа рўмолча бўлмас, шу боис ҳар куни эрталаб, яна бир бор хонага қайтиб кирар ва рўмолчамни олар эдим. Чиндан ҳам ҳар куни менда рўмолча бўлмас, чунки ҳар тонг мен онамнинг савол беришларини кутардим. Рўмолча тўғрисидаги сўроқ онамнинг ҳар тонг менга далдаси бўлиб эшитиларди. Куннинг бошқа пайтларида турли юмушлар орасида бу саволни мен ўзимга-ўзим берар эдим. Рўмолчанг ёнингдами? Бу менга билвосита мулойимлик, нозиклик бахш этар эди. Тўғриси, бироз ноқулай бўлар эди, бунақасини деҳқонлар тилида сира учратмаганман. Савол либосидаги меҳр эди бу, жўнроқ қилиб айтганда, буйруқ оҳангидаги ишга киришиш дегани эди. Онамнинг овозидаги қатъийликда қандайдир майинлик бор эди. Мен бир сафар рўмолчасиз, иккинчи сафар рўмолча билан остона ҳатлар эдим. Кўчага йўл олар эканман, гўё рўмолчам билан онажонимни бирга олиб кетаётгандай бўлар эдим.
Орадан йигирма йил ўтгач, узоқ муддат шаҳарда танҳо яшашимга тўғри келди. Машинасозлик заводида таржимон эдим. Саҳар соат бешда ўрнимдан турар, олти яримда иш бошланар эди. Эрталаб радиокарнайдан мадҳияни эшитиб, завод ҳовлисига равона бўлардик. Тушлик пайтларида ишчилар хорида иштирок этардик. Аммо ишчилар тушликка ўтирганларида нигоҳлари оқ тунука янглиғ маъносиз, мойли қўллари билан ўзларининг газетага ўралган егуликларини пайпаслардилар. Улар ўз насибаларини ейишдан олдин, пичоқ билан дастгоҳлардан юққан қора-қураларни қиртишлар эдилар. Икки йил шу зайлда ўтиб кетди. Кунлар бир-биридан унчалик фарқ қилмас эди. Ўхшаш кунлар ҳам ортда қолиб, учинчи йили, ҳафта ўртасида пайдарпай уч маҳал баҳайбат, суяги бузуқ, кулранг кўзлари ёниб турган бир киши – хавфсизлик хизмати вакили мен ишлаётган бўлмага ташриф буюрди.
Биринчи сафар хонамда турганча мени ҳақорат қилди.
Иккинчи сафар камзулини ечиб, уни жавон калитига илиб қўйиб, илтифотсиз ўтирди. Ўша куни мен уйдан лолалар келтирган, улар гулдонда олов рангида порлаб турар эди. У менга қаради-да, менинг одам таниш борасидаги маҳоратимни мақтай кетди. Унинг овози жаранглаб чиқарди. Бу менга эриш туюлди. У билан баҳслашиб, одамларни эмас, гулларни фарқлай олишимни билдирдим. Шунда у мени лолаларни билганимдан кўра яхшироқ билишини такаббурона айтди. Кейин камзулини қўлига ташлаганча чиқиб кетди.
Учинчи сафар келганида у ўтирди, мен турдим, чунки стулимга у қоғозлар билан қаппайган сумкасини қўйиб келган эди.
У мени оғзига келган ҳақорат сўзлар билан: “аҳмоқ, тўнка, дангаса…,” – деб қутурган итдек қопди. Лола солинган гулдонни стол четига суриб қўйди-да, олдимга бир бет қоғозу битта ручкани тақиллатиб қўйди. У “ёз”, – деб тўнғиллади. Мен тик турганча, унинг айтганларини ёздим: исмим, туғилган санам ва манзилимни. Аммо кейин яқинларим ва қариндошларим ҳақида лом-мим демадим. Шу пайт у бўғиқ овозда даҳшатли сўз айтди: каллакесар.
Мен бу сўзни ёзмадим. Қаламни қўйиб, дераза ёнига яқинлашдим ва ойнадан чанг-тўзонли кўчага тикилдим, кўча асфальтланмаганди. Уйлар кўримсиз. Бу хароба кўча ҳали ҳам Страда Глореай деб аталарди. Яъни Шуҳрат кўчаси. Бу кўчадаги яйдоқ тут дарахтида бир мушук ўтирар, бу завод мушуги бўлиб, қулоқлари йиртилган эди. Унинг тепасида нур таратиб турган субҳидамдаги қуёш гўё сариқ баркаш ноғорага ўхшаб кетарди. Шунда бу иш менинг феъл-атворимга мос эмас, дедим. Феъл-атвор сўзи яширин хизмат кишисини жазавага солди. У олдимдаги қоғозни олиб, майда-майда қилиб йиртиб улоқтирди. Балки у киши бу хатти-ҳаракати билан ўз хўжайинига мени ўзлари томонга оғдиришга уринаётганини намойиш қилмоқчи бўлгандир. Чунки у пастга эгилиб, йиртилган қоғоз парчаларини йиғиштириб олди-да, сумкасига солди. У тишларини қайрагандай бўлиб, сумкасини қўлтиғига қисганча, оҳиста шундай деди: “Ҳали бошингда кўпгина ёнғоқлар чақилади, биз сени ҳали дарёга чўктирамиз”. Мен эса ўзимга ўзим: “Агарда мен унинг айтганларидек ёзиб, имзо қўйсам, унда ўзлигимни сақлаб яшай олмайман, яхшиси бу ишни ўзлари бажарганлари тузук”. Ўша пайтда мен ишлайдиган идора эшиклари очилиб, у чиқиб кетди. Ташқарида Страда Глореай кўчасида тут дарахти тепасида ўтирган мушук дарахтдан тушиб, уй томонга сакради. Ўша кундан кейин мени таъқиб қила бошладилар. Энди заводдан кетишим керак эди. Ҳар куни эрталаб, соат олти яримда директор ҳузурида бўлишим лозим. Унинг олдида ҳар тонг касаба уюшмаси раиси ва партия ташкилоти котиби туришар ва онам бир вақтлар рўмолчангни олдингми, деб сўраганлари каби, директор ҳар тонг бошқа иш топдингми, деб мурожаат этар эди.
Мен бўлсам, ҳар сафар, “бошқа юмуш қидираётганим йўқ, менга шу ердаги ишим маъқул, худо хоҳласа, нафақагача шу ерда ишлашни хоҳлар эдим”, – деб жавоб берардим.
Кунларнинг бирида ишга келсам, ҳамма луғатларим мен ишлайдиган бўлимнинг даҳлизида, эшик ёнида ётганига кўзим тушди. Эшикни очсам, иш столимда бир муҳандис ўтирганини кўрдим. У менга қараб, ичкарига киришдан олдин эшикни тақиллатиш керак, бу жойда мен ўтираман, бу ерда қидирадиган нарсанг йўқ, деди. Уйга қайтиб кета олмасдим, чунки сабабсиз ишда бўлмасам мени ишдан бўшатишлари турган гап. Гарчи бир жойда ўтириб ўз вазифамни бажариш шароити бўлмаса-да, ҳар куни одатий равишда ишга келишим шарт эди.
Ҳар куни Страда Глориай кўчасидан уйга қайтар чоғимизда бошимдан ўтганларни гапириб берадиган дугонам дастлабки пайтларда иш столининг бир бурчагини менга бўшатиб берди. Аммо бу ҳол кўпга чўзилмади. Кунлардан бирида эшик бўсағасида турган дугонам: “Сени ичкари қўйолмайман, ҳамма сени жосус деб атамоқда”, деди. Иззат-нафсга тегишлар ҳаддан ошди, ҳамкасблар ўртасидаги миш-мишларга элак тутиб бўлмай қолди.
Бу энг даҳшатлиси эди: ҳужумларга чидаса бўлар-у, туҳматларга иложсиз қоласан киши. Мен ҳамиша ҳамма билан, ҳаттоки ўлим билан ҳам ҳисоблашгим, ҳақиқатни аниқлагим келарди. Аммо ҳали бунга тайёр эмас эдим. Ҳар қандай ҳисоб-китоб, ҳар қандай баҳс, тортишув кўнгилга таскин бермасди. Туҳматлар ич-этимни таталарди.
Ҳамкасбларимнинг фикрларига кўра мен рад этилган, кўкрагидан итарилган киши эдим. Агарда мен уларга хиёнат қилганимда, уларнинг муносабатлари қандай бўлишини тасаввуримга сиғдира олмайман. Умуман олганда, улар мени гўё сотқинлигим учун жазолаган эдилар.
Ишга бормасдан иложим йўқ, ишлаш учун эса жой тайин эмас, бунинг устига дугонамнинг хонасига кириш ман этилганлиги боис зинапоя майдончасини танлашга мажбур бўлдим.
Зиналар бўйлаб бир-икки бор тепага чиқдим, пастга тушдим, бирдан яна онамнинг боласига айландим-қолдим, чунки ЧЎНТАГИМДА ОНАМ ЭСЛАТАДИГАН РЎМОЛЧА бор эди. Уни мен биринчи ва иккинчи қаватлар орасидаги зинапоялардан бирига тўшадим, саришта бўлиши учун зинани обдон артдим ва ниҳоят шу жойга ўтирдим. Семиз луғатларимни тиззаларимга қўйганча, гидравлик машиналарни ишлатиш йўриқномаларини таржима қилишга киришдим. Ўзим зиналар эгаси, ишхонам — дастрўмол тўшалган жой. Дугонам тушлик пайтлари олдимга тушар, биз зиналарда ўтирардик. Биргаликда илгаригидек, гоҳ унинг, гоҳ менинг бўлмамда тушлик қилар эдик. Ҳовлидаги радиокарнайдан ишчилар хорининг Ватан обод, халқлар озод ва бахтиёрлиги ҳақидаги қўшиқлари янграрди. Дугонам қўшиқни тинглаб, хўрлиги келиб, менга ачиниб йиғлар эди. Мен эса ўзимни тутишга, иродали бўлишга интилардим. Бу ҳол узоқ муддат — токи мени ҳайдагунларича давом этди.
Зинапоялар иш жойим, ўзим унинг бекаси бўлган пайтларимда луғатларни варақлаб, зина (Treppe) сўзи қандай маъноларга эгалигини ўйлаб кетдим: Биринчи зина кириш, охирги зина чиқиш маъноларини англатар экан. Тепага элтувчи горизонтал зинапоялар зина яноқлари, зиналар орасидаги бўшлиқлар зина кўзларига ўхшайди.
Гидравлик, мойли машиналарнинг қурилма бўлакларга қараб чиройли сўзлар ясар эдим: кунгирадор зина ушлагичларининг қалдирғоч думига, ғоз думига ўхшатгим келар эди. Худди шу тарзда зина қисмларининг шоирона номларида техник тил нафосати пайдо бўлаверади: зина яноқлари, зина кўзлари. Шундай қилиб зина ўз қиёфасига эга бўлаверади. У (зина) ёғочдан ёки тошдан ясаладими, бетон ёки темирдан қуйиладими – барибир уни одамларнинг ўзлари қурадилар, дунёнинг мўъжизакор нарсалари ўз қиёфаларини топадилар, одамлар ўлик хомашёга ўз номларини бериб, суякни эт билан тўлдирадилар, тана қисмлари сифатида гавдалантирадилар. Техник мутахассислар ўз заргарона меҳнатлари билан нафосатни реаллаштирадилар.
Ҳар қандай иш, ҳар бир касбда онамнинг рўмолча ҳақидаги сўроқлари давом этаверади.
Болалигимда бизнинг уйда рўмолчалар сақланадиган ғаладон бўларди. Унинг ичида икки қаторда кетма-кет тахланган уч турли рўмолчалар бўларди:
Биринчи бўлмада отам ва бобом учун эркаклар рўмолчалари, ўнгда онам ва бувим учун аёллар рўмолчалари.
Кейингисида мен учун болалар рўмолчалари.
Учинчи ғаладонда рўмолча катталигидаги оиламиз тасвири бор эди.
Эркакларнинг рўмолчалари катта бўлиб, четлари ҳошияли жигарранг, кулранг ва тўққизил рангда эди. Аёллар рўмолчалари кичикроқ бўлиб, четлари ҳаворанг, қизил ёки яшил бўларди. Энг кичик рўмолчалар болаларники бўлиб, унда ҳошия бўлмас, аммо четлари оқ тўртбурчак, гуллар ёки ҳайвонлар расми солинган бўлар эди. Ҳар учала дастрўмолнинг олд томонида иш кунларига мўлжалланган рўмолчалар, орқа тарафида якшанбага аталганлари бўларди. Якшанба рўмолчалари кийилган кўйлаклар рангига мос бўлиши лозим эди.
Уйимиздаги бирорта нарса рўмолчадек муҳим аҳамият касб этмаган. У барча ҳолатларда керак бўларди: тумов, бурун қонаганда қўл лат еганда, тирсак ёки тизза жароҳатланса, йиғлаганда кўз ёшларини артиш, намланган муздек тўрт бурчаги тугилган рўмолча бош оғриганда пешонага қўйиш учун, офтоб уриши ёки ёмғирдан сақланиш учун қўл келар эди.
Бирор нарсани унутмаслик учун яна рўмолча асқотади: рўмолча учини тугиб қўйсанг бас. Оғир халталарни кўтарганингда унинг банди қўлингни қийиб юбормаслиги учун яна рўмолчага мурожаат этасан. Поезд перрондан қўзғалганда рўмолча силкитиш оқ йўл тилаб кузатиш маъносини англатади.
Поезд, руминчасига TREN ва она қишлоғим Банат шевасидаги TRДN поездларнинг ғийқиллаб тўхташига ўхшайди ва бу менинг хаёлимга йиғини эсга солаверади (Trдne – немисча кўз ёши маъноларини англатади. Таржимон). Агарда қишлоқдаги уйимизда бирор яқинимиз бандаликни бажо келтирса, ўша заҳотиёқ оғзи очиқ қолмаслиги учун иягидан рўмолча билан боғлайдилар. Агар шаҳарда кимдир кўча ҳаракати фалокатига дучор бўлса, вафот этган кишининг юзига рўмолча ёпиб қўядиганлар топилади. Бу ҳолда ҳам рўмолча мурдани хотиржам қилиш воситаси ҳисобланган.
Ёзнинг иссиқ оқшомларида ота-оналар ўз болаларини қабристондаги гулларга сув қуйиш учун жўнатадилар. Икковлон ёки учовлон бўлиб қабрдан қабрга ўтар ва шошилиб гулларга сув қуяр эдик. Сўнгра капелла зиналарига зич ўтириб олиб, айрим қабрлардан оқ буғларнинг ҳавога кўтарилишини кузатар эдик. Қабрлардан тунд ҳавога нимадир кўтарилиб, сўнгра кўздан ғойиб бўлгандек туюлар эди. Назаримизда, булар ўлганларнинг руҳлари. Улар ҳайвон қиёфасида, кўзойнак, шиша идиш, тоғора, қўлқоп ва пайпоқлар тарзида кўзларимизга кўринар эди. Шуларнинг орасида гоҳ у, гоҳ бу ерда туннинг қора ҳошияли оқ рўмолчаси ҳам бор эди.
Кейинчалик, мен Оскар Пастиорнинг совет меҳнат лагерида ўтган кунлари ҳақида суҳбатлар қурдим. У кекса рус онахони оқ батис рўмолча берганини ҳикоя қилган эди. Балки сизлар – сен ва менинг ўғлим тезда ўз уйларига қайтиш бахтига муяссар бўларсизлар, – деган эди ўшанда кекса рус онахони. Унинг ўғли Оскар Пастиорнинг тенгқури бўлиб, у ҳам ўз уйидан йироқда жарима батальонида эканлигини айтган эди онахон. Ярим оч тиланчи ҳолига тушган Оскар Пастиор кампирнинг эшигини тақиллатганда, бир бўлак кўмирни озгина емакка алмаштирмоқчи бўлган. Кампир уни ўз хонадонига қўйган, иссиқ шўрва билан сийлаган. Унинг шамоллаган бурнидан шўрвали тарелкага томчилар тома бошлаганда, онахон унга ҳали тутилмаган оқ батис рўмолчани берган экан. Теварагига ипак қатимларидан тўрлар тўқилган рўмолча ғоят гўзал кўриниб кетгани, уни бағрига босганини эслаган эди Оскар.
Оскар Пастиорга рус онахони малҳам бўлгани каби, тиланчи йигит ҳам онахонга малҳам бўлган.
Эшик тақиллатиб келган етти ёт бегона ва фарзандига муштоқ она. Бу ҳар икки шахс тимсолида оний бахтиёрлик, мезбон ва меҳмон муносабати ва мурувватини ҳис қиласан. Бегона рус аёли ва ташвишли она РЎМОЛЧАНГ БОРМИ? – деб тургандай.
Мен ушбу ҳикояни тинглаган кезларимдан бери ушбу савол кўндаланг бўлаверади. “РЎМОЛЧАНГ БОРМИ?” саволини бериш ҳамма жойда ҳам урф бўлганми?
Қорнинг ярқирашию музлаш ва эрувчилик ярим дунёни банд этиб ётган бўлса ҳам-а? Бу савол тоғлар орасию, чўллар орқали барча сарҳадларни, ҳаттоки даҳшатли жарима ва меҳнат лагерларини ҳам забт этган ёвуз империями? РЎМОЛЧАНГ БОРМИ саволи ўроқ ва болға билан ва бир неча бор сталинизм туфайли қайта тарбиялаш воситаси сифатида, кўплаб лагерлар маҳбусларини ўлимга маҳкум этган эмасми?
Гарчи мен ўн йиллар давомида руминча гапирсам ҳам, Оскар Пастиор билан илк мулоқотим ёдимга тушаверади.
Рўмолча румин тилида BATISTA деб аталади. Маънан руминчада оддий юракка йўл топадиган сўзлар такрорланаверади. Матоси доимо батисдан бўлган тайёр рўмолча BATISTA дейилади. Ҳар бир рўмолча ҳамма замонларда ва ҳамма жойда батисдан қилинган бўлсайди.
Оскар Пастиор тутинган онасидан олган рўмолчасини тутинган ўғил бўлиб муқаддас санайди ва уни ўз жомадонида авайлаб-асрайди. Беш йиллар лагер тутқунидан сўнг ўз она юртига, ўз уйига олиб келади. Нима учун? Унинг оппоқ батис рўмолчасида ишонч ва қўрқув қоришиқ эди.
Агарда инсон ишонч ва қўрқинчни қўлдан бой берса, ўлиши турган гап. Оқ рўмолча ҳақидаги суҳбатдан сўнг Оскар Пастиор учун ярим тунгача оқ харитага турли хил расмларни ёпиштириб чиқдим.
Ҳафта ўтиб, унинг ҳузурига суратларни совға қилай деб келдим. У буларни кўриб: “Оскар учун” деган сўзларни ёпиштириб кел”, — деди. Шунда: “Бу сенга совға эканини ўзинг биласан-ку?” — дедим. У эса: “Буни ташқарига ёпиштиришинг керак, харита буни билмайди,” — деб жавоб берди. Харитани яна ўзим билан уйга олиб кетдим, ва унга “Оскар учун” деган сўзларни ёпиштирдим. Сўнгра уни Оскарга ҳадя этдим. Гўё мен биринчи марта бу остонага рўмолчасиз келган, иккинчи сафар рўмолча билан пайдо бўлгандек эдим.
Бошқа бир ҳикоя ҳам рўмолча билан ниҳояланган:
Бобом ва бувимнинг бир ўғилларини Матц деб аташарди. Ўттизинчи йилларда у савдо ўқишига Темесвар шаҳрига жўнатилган. Оиланинг мақсади – дон савдоси амалиётини ўргангач, отасининг мустамлакалардаги дўконларини унга топшириш эди.
Мактабдаги германиялик ўқитувчилар чин маънодаги нацистлар эдилар. Матц мактабда савдогарликдан кўра кўпроқ нацист (миллатчи) бўлиб етишди. Режа аслида шундай тузилган бўлса ажабмас. Мактабдаги таълимдан сўнг унинг ҳар туки нацистга айланди. Гўё уни алмаштириб қўйишгандек эди. У антисемитга яҳудийларга қарши шиорлар айтиб қичқирар, тентакнамо қилиқларининг чеки-чегараси йўқ эди. Бобом уни кўп маротаба инсофга чақирди, чунки бобомнинг йиққан-тергани яҳудий савдогар гумашталари қўлида эди-да!
Таассуфки, унга ақл киргизиб бўлмади. У қишлоқ мафкурачиси сифатида урушга боришдан бўйин товлаган тенгқурларини ёмонотлиқ қилиб кўрсатар, румин армиясида мирза мартабасини эгаллаган бўлса-да, аслида ўз хоҳишига кўра СС (зондерсолдат – алоҳида аскарлар) гуруҳига мойиллиги баланд эди. Бир-икки ойлар ўтгач, уйга уйланиш учун қайтади.
Уруш машаққатлари ҳам унга ёқмас, ундан қутулиш учун турли имкон ва важ-карсонлар қидирарди. Шундай имкониятлардан бири уйланиш таътили эди.
Бувимнинг ғаладонида ўғлининг иккита сурати бор эди, бири тўйда тушган, иккинчиси қорахат билан юборилган расм. Никоҳ маросимидаги суратда келин оқ либосда, гуё ганчдан ишланган ойимқиз. Бошидаги гулчамбар, қирқилган баргларга ўхшайди. Ёнидаги Матц нацистлар кийимида, куёвдан кўра аскар сифатида расмга тушишни маъқул кўрган. Уйланаётган аскар фронтга қайтиши биланоқ ўлимга мубтало бўлишини англатувчи расм. Минадан тилка-пора бўлган аскар расми, шапалоқдек расмда оқ рўмолчага тугилган тупроқ аралаш хок. Қорага ўралган оқ рўмолча шунчалик кичикки, болалар рўмолчасидай, унинг оқ бурчаклари ўртада бўлиб, бўяб қўйилган.
Бувим учун бу расм ҳам бир малҳам: оқ рўмолчада нацист мурдасининг хоки, унинг назарида гўё ўғли тирикдек. Бувим ҳар икки расмни ибодат китобидай авайлаб-асрайди. У ҳар куни ибодат қилади. Эҳтимол, унинг илтижолари икки томонламадир. Балки у севимли ўғлининг нацист бўлганлиги учун қаҳри келган, худодан уни ҳам ўз раҳматига олишини сўрар.
Бобом биринчи жаҳон урушида оддий аскар бўлган. Агар ўғли Матц ҳақида гап кетганда кўпинча алам билан: агар байроқлар ҳилпираса, ақл ён бериб ноғора ўрнини сурнайга бўшатар,” деди. Бу гап мен ўзим яшаган кейинги зулмкорлик (диктатура) даврига кўпроқ мос келарди. Ҳар куни кичиклар ва катталар ноғоранинг сурнайга айланишидан кутардилар. Мен эса сурнай чалмасликка қарор қилганман. Аммо болалик йилларимда ўз хоҳишимга зид равишда аккордеон чалишга ўргатишган. Чунки уйда марҳум аскар Матцнинг қизил аккордеони бор эди. Аккордеон тасмаси анча узун бўлиб, менга мос келмасди. Елкамдан аккордеон тушиб кетмаслиги учун аккордеон чалишни ўргатувчи рўмолча билан тасмаларни боғлаб қўярди. Бу кичик нарсалар — хоҳ у ноғора, хоҳ аккордеон бўладими, ё бўлмаса рўмолчами, ҳаётдаги майда-чуйдалар дейиш мумкин. Нарсалар айланиб, охир-оқибат ниманидир англатади. Чунки такрорлар бориб-бориб шайтон доирасига бўйсунади, чекинади ва чекинишларда нимадир бор. Ишонса бўлади-ю, айтиб бўлмайди, айтиб бўлмайдиганни ёзиб бўлмайди ҳам. Чунки ёзув шундай чигал фаолиятки, бош ўйлаганини қўл рўёбга чиқаради. Оғиз уни тарқатади. Зулмкорлик йилларида кўп гапириб, оғзим куйди. Чунки мен карнай бўлмасликка қарор қилган эдим-да, кўп ҳолларда чалиш беҳудалиги аён бўлиб қолди. Нутқ ирод қилиш чидаб бўлмас оқибатларга олиб келди. Аммо оғзимни юмиб ёздим, ўша айтиш мушкул, ёзиш қулай бўлган завод зинапояларида. Воқеаларни оғзаки ифодалаш урф бўлмаган пайтларда. Уларнинг қораламаларини мен фақатгина калламда илғаб-илғамай ҳарфларга терганимда, сўзларнинг шайтоний доираси ёзувда ўз ифодасини топарди. Ўлим қўрқуви ва очлик азоби хаёлдан нари кетмасди. У мендаги сўз танқислиги, сўзга очлик эди. Сўзларнинг ғужғон ўйнаши ҳолатимни ифодалар эди. Ҳолатим оғиз билан айтиш имкони бўлмаган нарсаларни мияда ҳарфларга терар эди. Мен сўзларнинг шайтон доирасида ўзим илгари англамаган ифодаларини топмагунимча югурганим-югурган эди. Сўзлар пантомимаси воқелик билан уйғун тарзда ишга киришарди. Улар ҳақиқий бўлмаган нарсаларни фарқлаб, асосийларини иккинчи даражалилардан ажратар эди. Мавзу мавжуд, аммо уни ифодаловчи сўзлар ҳадеганда тилингга келавермайди, у мавзуни ўз турига хоҳлаган жойидан ўрайверади. Нарсалар мос келавермайди.
Зинапоя “маликаси” бўлиб юрган кезларимда, болалик йилларимда дарё бўйларида сигир боқиб юрган пайтларимдагидек ёлғиз эдим. Наботот қўйнида бўлганим учун баргларни, гулларни ер эдим. Чунки қандай жон сақлаш, тирик қолишни улар билар, мен эса билмас эдим. Таркибида сут бўлган тиканакли ўсимлик пояларини билар эдим-у, унинг номидан бехабар эдим. Аммо бу ўсимлик номи ўсимлик таркибини англатмас эди. Мен ўзим ўйлаб топган игнабарг, игнабўйин номларни, яъни таркибида на сут, на тикан бўлган сўзлар билан аташга интилгандим. Мен сигирларни боқар ва миямда сўзлар ғужғон уриб, янги шакл ва маънода мени ром этар эди.
Мен ўзимча ҳис қилганман.
Ҳар бир сўз ўз қиёфаси орқали шайтон доирасидан бирон нарсани англатади ва ҳеч нарса демайди.
Сўз оҳанги биладики, у алдаши мумкин. Чунки нарсалар ўзлари нимадан қилинганини пинҳон тутиш билан алдайди. Ҳиссиётларни имо-ишоралар яширади, нарсалар ва имо-ишоралар рўбарў келган жойда сўз оҳанги ўзи кашф этган ҳақиқатни намоён этади. Ёзаётганингда ишонч ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас, сўзамоллик ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади.
Заводда ишлаган пайтларим ўзим зинапоя “маликаси”, иш ўрним рўмолча тўшалган пиллапоя бўлган кезларда луғатимда чиройли бир сўзни кашф этдим, бу сўз зинапоя бадали ёки ҳақи эди. Унинг маъноси зинапоядан тушаётганлар ёки чиқаётганлар учун бадалнинг баҳоси бошқа эди.
Ёзувда ҳар иккиси содир бўлар, мен матн мазмунига қанчалик чуқурроқ кириб борсам, ёзганларимдан шунчалик кўнглим тўлар, марҳумлар ҳаётда бошларидан кечирганларини ифодалаётган бўлардим. Тасвирлар марҳумларни ҳаяжонга солаётгандек туюлса, ўша ифода назаримда, энг яхшиси бўлар эди.
Марҳумлар ҳайратга тушганларида бу тасвир ёрқинроқ намоён бўлар эди. Баъзан сўзлар мени шунга мажбур этадиларки, гўё марҳумлар совуқдан бир-бирларининг пинжига сочилиб кетмаслик илинжида суқулиб кириб олардилар. Назаримда, нарсалар ўзлари нимадан ясалганликларини билмайдилар, имо-ишоралар ўзлари ифодалайдиган маънолардан бехабар ва сўзлар уларни талаффуз этувчи оғизни танимайдилар. Аммо ўз мавжудлигимизни барқарорлаштириш учун бизга нарсалар, имо-ишоралар ва сўзлар даркор. Қанчалик сўзларни кўпроқ ва хўброқ қўллай олсак, шунчалик биз эркин бўла оламиз. Уларни тушуниш қанчалик мушкул бўлса, муайян вақт давомида улар мавҳум бўлиб қолаверадилар.
Руминиядан муҳожирликка жўнаб кетишимдан бир оз аввал, тонг саҳарда онамни қишлоқ полициячиси олиб кетди. Онам кетишларидан олдин остонада турганларида, ўзларига-ўзлари савол бергандай бўлдилар — “Рўмолчанг ёнинг-дами?” — уларда рўмолча йўқ эди. Гарчи полициячи бетоқат бўлса ҳам, у яна бир бор уйга кириб рўмолни олди. Полициячи ғазабланди. Онам руминчани полициячининг қичқириши даражасида яхши билмасди. Полициячи маҳкамадан чиқиб, эшикни ташқаридан қулфлади. Куни бўйи онам уй қамоғида ўтирди. Дастлабки соатлар онам ўз стулида ўтириб, кўз ёши тўкди. Кейин хонада у ёқ-бу ёққа юриб, кўз ёшлари намлаган рўмол билан жавонлардаги чангни арта бошлади. Сўнг у хона бурчагида турган сув челагини ва қозиқда осиғлиқ рўмолни олиб, полни артди. Онам менга бу ҳақда гапириб берганларида ҳайрон қолдим. “Хонани тозалаш юрагингизга қандай сиғди?” – деб сўраганимда, онам ҳеч иккиланмай: “Вақтни ўтказиш учун иш қидириб юрувдим бунинг устига, хона ифлос экан”, – деб жавоб қайтарди. Вақт ўтиб, эндигина таъқиб қилинишига қарамай, кўпинча, аммо ўз хоҳишига кўра таҳқирланиш, ўз иззат-нафси, обрўсини баланд тутганлигини тушундим. Қораламаларимдан бирида бу ҳолатни тасвирлаш ниятида сўзлар изладим.
Ўзимга ва диктатура туфайли ҳозирги кунларда рўшнолик кўрмаётган, иззат-нафслари топталган барча одамларга бир гапни айта оламан. Бу гап рўмолча сўзи билан алоқадор. Уларга шундай савол берган бўлардим: РЎМОЛЧАНГИЗ ЁНИНГИЗДАМИ?
Рўмолча ҳақидаги саволни ҳар ким умуман рўмолча деб тушунмасдан, балки инсоннинг жиддий танҳолиги деб англаса маъқул бўлар.
Немисчадан Шавкат Каримов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 5-сон.