Ханс-Хайнц Эверс. Ўргимчак (ҳикоя)

Ўлим нима билмайдиган ирода қудрати шундадир,
Унинг буюк қудрати сирини англаган одам бормикин?
Джозеф Гленвилл

Тиббиёт куллиётининг талабаси Ришар Бракемон Альфредо Стевенс кўчаси, 6-уйга жойлашган ихчамгина “Стевенс” меҳмонхонасининг 7-хонасига айнан шу хонада кетма-кет уч жумада учта одам ўзини осиб қўйгандан сўнг кўчиб ўтганди.
Энг биринчи ўзини осган швейцариялик гумашта эди. Унинг жасадини фақат шанба куни кечки пайт топишди; шифокор, ўлим жума куни кечқурун беш билан олтилар ўртасида содир бўлган деган хулосага келди. Жасад дераза панжарасининг айнан кесишган жойига қоқилган ва чамаси, кийим илишга мўлжалланган қозиқда осилиб турарди. Жонига қасд қилган одам ўзини парда боғичига осган, дераза эса берк бўлган. Чунки, дераза жуда паст бўлиб, ҳатто, шўрпешонанинг оёғи тиззадан ерга тегиб ётарди; бундай мақсадни амалга ошириш учун эса ақлга сиғмас даражада иродали бўлмоқ керак бўларди. Кейин маълум бўлишича, орқасида оиласи ва тўрт нафар фарзанди қолибди; бундан ташқари, моддий томондан ҳам ҳеч нимага зориқмаган, хуштабиат, беғам феъл-атворли инсон бўлган.
Бу хонадаги худкушликнинг иккинчиси биринчисидан унча фарқ қилмасди. Яқин орадаги “Медрано” цирки хизматчиси, велосипедда қийин эквилибристик кўзбойлоқчилик машқларини бажарувчи артист Карл Крауз ҳам орадан икки кун ўтгач, 7-хонага жойлашганди. Келаси жумада у циркка келмади, директор меҳмонхонага унинг орқасидан капельдинер – театр ходимини жўнатди. Ходим артистни унинг қулфланмаган хонасидан биринчи истиқомат қилувчи қандай осилган бўлса, худди ўшандай ҳолда топди. Бу жонига қасд қилиш сирлиликда биринчисидан қолишмасди: таниқли ва эл севган артист жуда катта маош оларди, у эндигина йигирма беш ёшни қаршилаган бўлса-да, ҳаётнинг барча ҳузур-ҳаловатларидан баҳраманд эди.
Шунингдек, у, ўзидан сўнг на бир энлик хат, на бундай хатти-ҳаракатларини оқловчи бирон-бир важ-корсон қолдирганди. Ўзидан кейин, ўғлидан ҳар ойнинг биринчи кунида муттасил икки юз марка пул олиб турадиган ёлғиз онасигина қолганди, холос.
Бу иккинчи марта содир этилган сирли ўлим ҳам мижозлари деярли шу яқин-атрофда жойлашган Монмартр театрининг хизматчиларидан иборат бўлган меҳмонхона бекаси Дюбониэ хоним учун кўнгилсиз якун топганди. Баъзи истиқоматчилар меҳмонхонани тарк этишди, унинг доимий мижозлари ҳисобланганлар эса у ерда қўнмай қўйдилар. Бека, ўзининг яқин дўсти бўлган 1Х участка комиссаридан маслаҳат сўраб мурожаат қилганди, комиссар қўлидан келган ҳар қандай ёрдамни аямаслигини айтиб, унга ваъда берди. У фақат иккита доимий яшовчининг жонига қасд қилиш сабабларини ўрганиш билан шуғулланибгина қолмай, меҳмонхонанинг ўша сирли хонаси учун мижоз ҳам топиб берди.
Полиция бошқармасида хизмат қилган ва ўз ихтиёри билан 7-хонага жойлашишга розилик билдирган Шарль-Мария Шомье – денгиз бўриларидан бўлиб, флотда нақд ўн бир йил фаолият кўрсатганди. У сержант бўлган чоғлар Тонкин ва Аннамда кечалари соқчилик постида ёлғиз ўзи бир неча бор қолиб кетишига ва зимистонда билдирмай, пусиб келувчи сотқин қароқчиларга қарши бир неча марта милтиғини ўқ-дори билан сийлашига ҳам тўғри келганди. Шунинг учун ҳам у Альфредо Стевенс кўчасини тиллардан туширмаган ўша “шарпа”ни талаб даражасида кутиб олишга ўзини масъул деб биларди. У хонага якшанба оқшом кўчиб келди-да, мазали ва тўкин-сочин дастурхон учун Дюбониэ хонимга хаёлан миннатдорчилик билдириб, хотиржам уйқуга кетди.
Ҳар куни эрталаб ва кечқурун Шомье қисқагина ахборот бергани комиссар ҳузурига кириб чиқарди. Биринчи кунлари у ҳеч қандай шубҳали бирон нима пайқамагани ва ҳамма иш жойидалиги боис бу ахборотлар жуда ҳам жўн бўлар эди. Бироқ чоршанба куни кечқурун у баъзи бир изларни пайқаб қолгани ҳақида гапириб қолди. Комиссар ундан аниқроқ айтиб беришини сўраган эди, у, аниқ бир нарса айтолмайман, деб жавоб берди ва кейинги воқеанинг олдингисига алоқаси бор-йўқлигига ҳали ишончим комил эмас, деб қўшимча қилди. У яна айтдики, ҳозир масхара бўлишдан қўрқаётибди ва қачон бунга тўла ишонч ҳосил қилсагина батафсил тушунтириб беради. Пайшанба куни у ўзини бир оз дадил ва жиддийроқ тутди, лекин афсуски биронта янги гап айтолмади. Жума куни эрталаб уни қаттиқ ҳаяжон босди; у ерда нималар содир бўлганидан қатъи назар, дераза ҳақиқатан ҳам кишини ўзига тортадиган ғалати бир кучга эга экан, деди у ярим ҳазил-ярим жиддий оҳангда. Бироқ Шомье, бунинг ўзини осиб ўлдиришга мутлақо алоқаси йўқ деди, агар у шунга бирон нима қўшимча қилганида борми, роса кулги бўлиши турган гап эди. Ўша оқшом у полицияга бормади: уни ўз хонасида деразага осилган ҳолда топишди.
Бу галги ҳодиса ҳам майда-чуйда тафсилотларигача аввалги икки ҳодисанинг айнан ўзидай эди: қурбоннинг оёқлари полга тегиб турар, арқон ўрнига парда боғичидан фойдаланилганди. Дераза очиқ, эшик эса қулфланмаганди; ўлим кеч соат олтилар атрофида содир бўлганди. Мурданинг оғзи катта очилиб қолган, тили эса осилиб ётарди.
Еттинчи хонада учинчи марта содир этилган бу ўлим оқибати шунга олиб келдики, ўша куниёқ “Стевенс” меҳмонхонасида яшовчиларнинг бари қорасини ўчирди. Пайтдан фойдаланиб хона учун тўланадиган пулни учдан бир ҳиссага камайтиришга муваффақ бўлган ўн олтинчи хонадаги битта немис тили ўқитувчисигина бундан мустасно эди. Эртаси куни “Орега-Comidie” юлдузи Мэли Гарденнинг дабдабали файтонда келиб, марҳум ўзини осган қизил боғични Дюбониэ хонимдан икки юз франкка сотиб олди, бу бир оз бўлса-да, унга тасалли бўлганди. Биринчидан, иримга кўра бу омад келтирса, бошқа томондан ҳали бу ҳақда газеталарнинг бонг уриши турган гап эди.
Бу барча воқеалар агар ёзда, июлдами, августдами содир бўлганида борми, унда Дюбониэ хоним ўз чилвирлари учун уч ҳиссадан кўпроқ пул ишлаган бўлармиди: ўшанда газеталар нақ бир ҳафта ўз рукнларини ана шу мавзу билан тўлдириб, роса жар солган бўлардилар. Мавсум авжига чиққан пайтда газетага бериладиган маълумотлар керагидан кўпроқ бўларди; сайловлар, Марокко, Персие, Нью-Йоркдаги банкнинг синиши, учтадан зиёд сиёсий жараён – хуллас, ҳақиқатан ҳам жой етишмасди. Альфредо Стевенс кўчасида бўлиб ўтган, диққат-эътиборни жалб қилишга арзигулик бу ҳодиса, натижада, бирмунча назардан четда қолиб кетганди. Ҳукумат бунга қисқа баённома тузиб, ишни ёпиб қўя қолганди.
Тиббиёт куллиётининг талабаси Ришар Бракемон еттинчи хонани олмоқчи бўлганида фақат шу баённомадангина хабардор эди, холос. У, битта далилдан, битта кичкина тафсилотдан бутунлай бехабар эди; боз устига бу далил шу даражада майда ва арзимас туюлгандики, ҳатто комиссар ва бошқа гувоҳлар ҳам бу ҳақда мухбирга айтишни лозим топмадилар. Бу тўғрида, кейинроқ, талаба билан бўлиб ўтган воқеадан сўнггина эслаб қолишди. Гап шундаки, полициячилар сержант Шарл-Мария Шомьенинг жасадини сиртмоқдан чиқариб олаётганларида унинг оғзидан катта қора ўргимчак ўрмалаб чиқди. Меҳмонхона ходими ўргимчакни бир чертди-да, ҳай-қирганча:
— Жин урсин, бу яна ўша жирканч махлуқ-ку, — деди.
Кечроқ, Бракемонга алоқадор тергов пайтида, у швейцариялик гумаштанинг жасадини сиртмоқдан чиқариб олаётганларида ҳам худди шундай ўргимчак унинг елкасидан ўрмалаб чиққанини айтди. Лекин, Ришар Бракемон бу ҳақда ҳеч нарса билмасди. У ҳар куни ўз хонасида бошидан кечирганларини кундалигига қайд этиб борарди.

Тиббиёт куллиёти талабаси,
Ришар Бракемоннинг кундалиги

28 февраль, душанба
Кеча мен шу хонага келиб жойлашдим. Икки сават тўла нарсаларимни очдим-да, жой-жойига тахлаб чиқдим ва ётиб ухладим.
Мириқиб ухлабман; эшик тақиллашидан уйғониб кетганимда, соат роппа-роса тўққиз бўлганди. Бу, нонушта олиб келган бека эди. Унинг ҳаддан зиёд ғамхўрлиги менга узатган тухумию, дудланган чўчқа гўшти ва ажойиб қаҳвасидан билиниб турарди. Мен ювиниб, кийиндим-да, сўнг хонамни йиғиштираётган хизматкорнинг ишини кузата бошладим. Бу пайтда мен трубка чекиб турардим.
Шундай қилиб, бу ерга жойлашиб олдим. Мен хавфли ўйинга бош суққанимни яхши биламан, лекин, шуни ҳам яхши тушунаманки, башарти омадим чопиб, кўзланган изни тополсам, унда ошиғим олчи бўлади. Агар Париж деганлари бир вақтлар ибодат баҳосида бўлган бўлса, мен қош билан қовоқ ўртасичалик оз ҳаётимни шафе келтириб айтаманки, уни ҳозир бундай арзон баҳога ўлсанг ҳам тополмайсан. Лекин, имконият йўқ эмас; жуда соз, омадимни бир синаб кўрай-чи.
 Айтмоқчи, бошқалар ҳам худди шундай ўз омадларини синаб кўрмоқчи бўлгандилар. Хона дардида йигирма еттитадан кўпроқ одамнинг бири полицияга, бошқаси тўғри беканинг ҳузурига илтимос билан борди, бу талабгорлар ичида учта хоним ҳам бор эди. Шундай қилиб, рақобат борасида ҳеч бир келишмовчилик бўлмади; афтидан, уларнинг бари ҳам мендек қашшоқ одамлар эдилар.
Хуллас, мен “жой олишга муваффақ бўлдим”. Қандай қилиб? Чамаси, полицияни бир “режа” ёрдамида қопқонга туширган ёлғиз мен бўлсам керак. Бу, шубҳасиз, унақа-бунақа ёлғон-яшиқлардан эмасди.
Бу маълумотлар айнан полицияга жуда қўл келарди, шунинг учун энди бу жанобларни чув туширганимни бетларига тик қараб, бемалол айта олишим мумкинлиги менга нашъа қилмоқда эди. Агар комиссар ақли расо одам бўлса: “Шунинг учун ҳам у ҳаммадан муно-сиброқ,”деган бўларди.
Кейинчалик унинг нима дейиши мени мутлақо қизиқтирмайди: мен ўз жойимни эгаллаб бўлдим. Шунинг ўзиёқ бу жанобларни боплаб лақиллатиш мумкинлигидан дарак берарди.
Мен ишни Дюбониэ хонимнинг олдига боришдан бошладим, лекин, у мени полиция маҳкамасига юборди. Мен у ерга ҳар куни роппа-роса бир ҳафта қатнадим, ҳар сафар борганимда эртага хабар олишимни айтишарди-да, “маълумот учун қабул қилинди”, деб бир хил жавобни беришгани-беришганди. Рақобатчиларимнинг кўпи полиция маҳкамасида соатлаб димиқиб кун ўтказгандан кўра, бирон-бир машғулот билан шуғулланишни маъқул кўришди. Менга келсак, ўжарлигим ҳатто комиссарнинг ҳам сабр косасини тўлдириб юборди. Ва, ниҳоят у, бу ерга бошқа келмаслигимни, бундан ҳеч бир иш чиқмаслигини узил-кесил маълум қилди. У бошқалар каби яхши тилакларим учун мендан миннатдор эканини ва “ҳаваскорлар кучи”га мутлақо муҳтож эмаслигини айтди. Устига-устак, менда ишлаб чиқилган тайёр ҳаракат режаси ҳам йўқ эди-да…
Мен эса унга аниқ ҳаракат режам бор, деб айтдим. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, менда ҳеч қандай режа бўлмаган, лекин ўз режам хусусида унга бир оғиз ҳам гапиролмадим. Агар у менга уни бажаришни ўз зиммамга оламан деб чин сўзини берса, унда мен жуда маъқул ва шу билан бирга хавфли бўлган, профессионал полициячилар эришолган кўрсаткичлардан қолишмайдиган ўз режам-ни тақдим этишимни айтдим. Бунинг учун у ўз миннатдорчилигини изҳор этди-да, шунга ўхшаш масалаларга мутлақо вақти йўқлигини билдирди. Боз устига, у, чалакам-чатти қилиб бўлса-да, режамни ошкор этишимни сўраганида, мени қўллаб-қувватловчи одам топилгани аён бўлди..
Мен бунинг уддасидан чиқдим. Бир оз аввал ўзим ҳали зиғирча тасаввурга эга бўлмаган, ақлга сиғмас сафсатани тўқиб-бичиб ташлагандим. Дафъатан миямга келган бундай фикрдан ўзим ҳам лол эдим. Ҳафтада бошқа вақтлардан фарқли ўлароқ, шундай бир пайт борки, у одамларга ғайриоддий ва сирли таъсир кўрсатиш қувватига эга. Бу – яҳудийлар ҳафтаси охирги кунининг кечки соат олтиларида Исо Масиҳнинг дўзахга тушиш учун ўз қабридан йўқолган пайт.
Мен унга уч маротаба содир этилган жонига қасд қилиш ҳодисаси жума куни айнан шу вақтда, соат беш билан олтилар ўртасида бўлганини ёдига солдим. Мен бундан ортиқ ҳеч нима дея олмаслигимни ҳам қистириб ўтдим-да, Авлиё Иоаннинг дил изҳорига қулоқ солишини сўрадим.
Комиссар афтини гўё бирор нарсани тушунгандек қиёфага солди-да, менга миннатдорчилик билдириб, кечқурун яна келишимни илтимос қилди. Мен бебурд эмасдим, бюрога ҳам ўз вақтида етиб келдим; столда ётган “Инжил”га кўзим тушди. Шунингдек, бу вақт ичида мен, Дил изҳорини бошидан охиригача ўқиб чиқдим, лекин бир сўзини ҳам тушунмадим. Комиссар эҳтимол мендан ақллироқдир, ҳар ҳолда, мужмал ишорамдан қатъи назар, у қандай режам борлигини фаҳмлаганини ўта илтифот билан менга маълум қилди. Кейин у, орзуларимни амалга оширишим учун менга ёрдам беришга ва қўллаб-қувватлашга тайёр эканини ҳам билдирди.
Тан олиб айтишим керакки, у ҳақиқатан ҳам менга жонкуярлик қиларди. У, мени энди бутунлай меҳмонхона қарамоғида бўлишимни бекага тайинлади-да, унга шарт қўйди. Шунингдек у, мени қойилмақом тўппонча ва полициячилар ҳуштаги билан ҳам таъминла-ди; навбатчи полициячиларга кичкина Альфред Стевенс кўчасидан тез-тез ўтиб туриш ва мен ишора қилишим билан ҳузуримда пайдо бўлишлари буюрилганди. Ҳаммасидан муҳими, полиция маҳкамаси билан доимий боғланиб туришим учун менинг хонамга стол телефони ўрнатилгани бўлди. Маҳкама бу ердан тўрт дақиқалик йўл бўлиб, башарти, менга ёрдам зарур бўлиб қолса, тезда ҳожатимни чиқариш ҳам осон бўларди. Барини эътиборга оладиган бўлсам, ўзи нимадан қўрқишим кераклигини ҳам тасаввур қилолмасдим.

1 март, сешанба
Кеча ҳам, бугун ҳам ҳеч нима содир бўлмади. Дюбониэ хоним қўшни хонадан пардага янги чилвир олиб келди – ахир унинг ҳувиллаб ётган хоналари кўп эди-да. Тўғрисини айтсам, менинг олдимга кириш учун у ҳар бир қулай фурсатдан фойдаланарди ва ҳар сафар нимадир кўтариб келарди. Хонамда содир этилган воқеани яна бир марта, барча тафсилотларигача сўзлаб беришини ундан илтимос қилдим, лекин биронта тайинли янги гап эшитмадим. Ўзини ўлдириш сабаблари хусусида унинг фикри бошқаларникидан ўзгачароқ эди. Артистга келсак, у бунга омадсиз севгини рўкач қиларди: бундан бир йил аввал у шу меҳмонхонага қўнганида, унинг ёнига бир ёш аёл тез-тез келиб тураркан, лекин бу сафар аёл нимагадир кўринмабди. Гумаштага келсак, у, гумаштанинг бундай машъум қарорга келишига уни нима мажбур қилганини бека аниқ билмасди, — мол оласи ичида, одам оласи сиртида бўлади деб шуни айтсалар керак-да. Сержант эса шак-шубҳасиз аёлни тавбасига таянтирмоқчи бўлиб ўз жонига қасд қилганди.
Айтишим керакки, Дюбониэ хонимнинг сўзлари асоссиз экани билан фарқ қилса-да, кўнгли тусаганча гапириб, ичини бўшатиб олсин деб ўз ихтиёрига ташлаб қўйдим: нима бўлганда ҳам у мени овутишнинг уддасидан чиқарди.
3 март, пайшанба
Бари ўша-ўша, янгилик йўқ. Комиссар менга кунига икки маҳал телефон қилади; мен унга аҳволим жуда яхшилигини айтаман; афтидан, бу маълумот уни қониқтирмасди. Тиббиётга оид китобларимни олдим-да, мутолаага тушиб кетдим; шундай қилиб, мен берган кўнгилли хулосанинг зора-мора фойдаси тегиб қолса.

4 март, тушдан кейинги соат икки, жума
Мен иштаҳа билан тушлик қилдим; бека тушликка ярим шиша шампан виноси келтирди. Бу ўлим олдидан ёзилган ҳақиқий дастурхон эди. У менга худди чала мурдага қарагандек қарарди. Олдимдан кета туриб, кўзига ёш олди-да, у билан бирга боришимни сўради; афтидан “уни ранжитиб” ўзимни худди ўшандай осиб қўйишимдан қўрқарди.
Мен янги парда ипини синчиклаб кўздан кечирдим. Демак, мен ҳозир шу ипга ўзимни осишим керакми? Ҳм, бунга менинг унчалик ҳушим йўқ. Устига-устак, ип дағал ва ғадир-будир бўлса, уни сиртмоқ қилиб тугиш ҳам осон бўлмайди; анавиларга эргашиш учун эса юрак ҳам отнинг калласидек бўлиши керак. Энди, чап томонимда телефон, ўнг томонимда тўппонча билан ўз столимда ўтирибман. Ҳозирча менда қўрқувдан асар ҳам йўқ, лекин синчковлигим бор.

Кечки соат 6
Ҳеч нима содир бўлмади, “Афсус!” деб юборишимга сал қолди.
Машъум дам бошланди, ўтиб ҳам кетди – у ҳам худди аввалгиларидек. Деразанинг олдига боришга ўзимда енгиб бўлмас истакни ҳис этган онларим бўлгани рост, — лекин, менинг ниятим, шубҳасиз, бутунлай бошқача эди. Комиссар беш билан олтилар ўртасида роса ўн маротаба қўнғироқ қилиб, мендек бесабр эканини билдириб қўйди. Дюбониэ хонимга келсак, у мамнун: еттинчи хонадаги меҳмон роппа-роса бир ҳафтадан бери яшаётган бўлса-да, ўзини осгани йўқ. Ишониш қийин!

7 март, душанба
Бирон нимани аниқлашга ожиз эканимга ишона бошлаяпман, шу боис мендан аввал бу ерда яшаб, ўз жонига қасд қилган учта ўтмишдошимнинг ўлимини оддий тасодифдан ўзга нарса эмас деган қарорга келишдан бошқа иложим йўқ. Мен яна бир карра комиссардан уч маротаба содир этилган бу ҳодисанинг икир-чикиригача сўзлаб беришини сўрадим, агар барча жиҳатлар яна бир бор астойдил, синчиклаб ўрганиб чиқилса, жумбоқнинг ҳақиқий сабаби нимада экани маълум бўлишига ишонардим. Ўзимга келсак, бу ерда қолишга қанча имкон бўлса, шунча туравераман. Париж билан албатта яхши таниш эмасман, аммо бу ерда сувтекинга яшаб, маза қилиб еб-ичиб юрибман. Шуни ҳам айтиб қўйишим керакки, мен тер тўкиб ишламоқда ҳам эдим, ишга иштаҳам тобора очилиб бораётганини сезиб турардим. Қолаверса, мени бу ерда ушлаб турадиган яна бир жўяли сабаб ҳам йўқ эмасди.

 9 март, сешанба
Шундай қилиб, Кларимонда сари яна бир қадам яқинлашдим…
Ҳа, айтганча, Кларимонда тўғрисида ҳали ҳеч нарса айтганим йўқ. Шундай қилиб, Кларимонда бу ерда қолишимга туртки бўлган “учинчи сабабчи” эди, ва яна у сабабли ҳалиги “машъум” соатда дераза томонга талпинганман, лекин, зинҳор-базинҳор ўзимни осиш учун эмас. Кларимонда — нега мен уни шундай атадим? Уни қандай аташлари ҳақида заррача тасаввурим йўқ, лекин, нимагадир уни Кларимонда деб атагим келаверди. Агар, қачонлардир ундан исмини сўраб, билиб олишимга кўзим етганида, унинг исми айнан шундай бўлганига бас бойлашган бўлардим.
Мен Кларимондани биринчи куниёқ пайқаганман. У мен турган меҳмонхонанинг нариги томонидаги тор кўчада яшарди; деразаларимиз рўпарама-рўпара эди. У дераза олдида ўтириб, парда ортидан кўчага қараб ўтирарди. Ҳа, айтганча, мен уни пайқашимдан аввалроқ у мени кузата бошлаганди, — унинг менга қизиқиб қолгани шундоқ билиниб турарди. Бунинг ҳеч бир ҳайрон қоларли ери йўқ, менинг бу ерда туришимни бутун кўча биларди, — айнан Дюбониэ хонимнинг ҳаракати билан бўлганди бу нарса.
Мен бўлар-бўлмасга севиб қолаверадиган одамлар тоифасидан эмаслигимга ишонаман, аёлларга бўлган муносабатда ҳам доим оғир, босиқ бўлганман. Тиббиётни ўрганаман деб шунча йўл босиб Парижга келсанг-у, ақалли уч кунда бир маротаба бўлса-да, тўйиб овқатланишга пул тополмай турган бир пайтингда яна бировга ошиқ бўлиб қолишингга бало борми? Шундай қилиб, бу сафар ҳам ношудлигимга сабабчи тажрибасизлигим деб ўйлайман. Рўпарамдаги қўшним билан бирон-бир муносабат ўрнатаман деб бошда хаёл ҳам қилмагандим. Бу ерда яшашимдан мақсад кузатиб туришми, демак, чалғимаслигим керак деб ўзимга сўз ҳам бергандим; лекин, ваъдамга вафо қилишга ҳар қанча уринмай, бошқа кузатадиган одам топилмагандан кейин қўшнимни кузатишга тушдим. Уззу-кун китобдан бош кўтармай ўтиролмайман-ку. Кларимондани чоққина уйда ижарада яшашини осонгина билиб олдим. Уйининг учта деразаси бўлса ҳам, у, айнан менинг рўпарамдаги ойна тагида ўтирарди; у, ўтириб олиб, эски чархда ип йигирарди. Худди шунга ўхшаш чархни қачонлардир мен бувимда кўргандим, бироқ, бувим уни ҳеч қачон ишлатмаганди, қандайдир узоқ қариндошидан ёдгорлик деб сақлаб юрарди, холос; бу чархнинг ҳозир ҳам асқотишидан бехабар эканман. Кларимонданинг чархи ихчам ва бежирим, афтидан, фил суягидан ясалган бўлса керак, ранги ҳам оппоққина эди; бу чархда дунёдаги энг ингичка ип йигирилса керак. У уззу-кун парда ортида ўтириб олиб, то қош қорайгунча тиним билмай ишларди. Бундай туманли кунларда бизнинг тор кўчага тез қоронғи тушади – соат беш деганда қош қорайиб бўлади. Лекин, Кларимонданинг хонасида бирон марта чироқ ёнганини кўрмасдим.
Аёлнинг ташқи кўриниши қанақа экан – буни ҳам тузукроқ билмайман. Тўлқинсимон жингалак сочлари тим қора, юзи эса ўта рангпар эди. Катаклари пир-пир қилиб турувчи бурни энсиз ва бежирим, лаблари ҳам ўшандай қонсиз; унинг садафдек майда тишчалари йиртқич ҳайвоннинг қайралган тишларини эслатарди. Қовоқлари тўқ рангга бўялган бўлиб, кўтарилганда чаросдек, тим-қора кўзлари порлаб кетарди. Негадир, буларнинг бари менга танишдек туюляпти — наҳотки уни танисам? Парда ортидагиларни тузукроқ кўриб ҳам бўлмаяпти.
Яна кичик тафсилот: у ҳамиша баланд ёқаси бинафшаранг хол-хол қора кўйлакда юрарди. Қўлида доим узун қўлқоп бўларди – қўлларини авайласа керак. Ипни чаққон-чаққон саралаб, уни чўзаётган қоп-қора нозик бармоқчалари қайсидир ҳашаротнинг узун панжаларига ўхшаб кетарди.
У билан муносабатимиз қандайлигини билмоқчимисиз? Ҳозирча унинг юзакилигини тан олсам-да, аслида, улар жуда чуқур илдиз отгандек эди, назаримда. Барчаси, унинг мен томонга ва менинг у томонга қараган кунимиздан бошланганди. У мени, мен эса уни кўриб қолгандим. Чамаси, мен унга ёқиб қолгандим, чунки бир куни яна унга кўз ташлагандим, у менга жилмайиб қўйди. Жавобан мен ҳам жилмайдим. Шу алпозда икки кун бир-биримизга тез-тез табассум улашдик. Кейинчалик сал бўлмаса ҳар соатда унга бориб арзи ҳол қилсаммикан деган ўйга борардим, яхшиямки, қандайдир ғайришуурий туйғу ҳар сафар мени бундай қилишдан тийиб қоларди.
Охири, бугун тушдан кейин шундай қилишга жазм этдим. Кларимонда саломимга алик олди. У бошини билинар-билинмас ирғаб қўйди — буни барибир сездим.

10 март, пайшанба
Кеча узоқ ўтириб китоб ўқидим. Лекин Кларимонданинг ишқида хом хаёлларга берилиб, тузукроқ шуғуллана олмадим. Кечаси уйқум безовта бўлиб, эрталаб ухлаб қолибман.
Дераза олдига боришим билан кўзим Кларимондага тушди. У билан сўрашдим, жавобан у ҳам бош ирғаб қўйди. У кулиб қўйди-да, анчагача кўзини мендан узмади.
Ўтириб ишлагим келарди-ю, лекин тинчим бузилганди. Дераза олдига ўтириб олиб, аёлдан кўзимни узмадим. Шунда у ҳам қўлини тиззасига қўйиб, ўтириб олганини кўрдим.
Ипни тортиб, пардани кўпроқ суриб қўйдим. Иттифоқо Кларимонда ҳам шундай қилди. Шу алпозда иккаламиз бир-биримизга кулиб қараб туравердик.
Чамаси, бир соатча шу тахлитда ўтирдик.
Кейин у яна ип йигиришга тушиб кетди.

12 март, шанба
Вақт жуда тез ўтиб борарди. Еб-ичиб бўлиб, иш столимга ўтираман. Чекаман-да, яна китобга мук тушаман. Лекин бир қатор ҳам ўқимайман. Диққатимни тўплашга қанча уринмай, бари бефойда эканини олдиндан билиб тураман. Сўнг яна дераза ёнига бораман. Бош ирғайман. Кларимонда ҳам жавоб қайтаради. Бир-биримизга қараб жилмаямиз-да, соатлаб бир-биримиздан кўз узмай ўтираверамиз.
Кеча тушдан кейин соат олтиларда юрагим така-пука бўла бошлади. Назаримда эрта қош қорайиб, мени ваҳима босиб келарди. Ёзув столига ўтирдим-да, кута бошладим. Енгиб бўлмас куч мени ойна томонга судрайверди – мен ўзимни осмоқчи эмасдим, шунчаки, Кларимон-дани бир кўрмоқчи эдим, холос. Қоронғи бўлишига қарамай, ҳали уни бунчалик аниқ-тиниқ кўрмагандим. У ип йигираётган бўлса-да, кўзларини мендан олмаётганди. Бир вақтнинг ўзида вужудимни ҳам бахтиёрлик, ҳам қўрқоқлик ҳисси чулғаб олди.
Телефон жиринглади. Ўзининг телба-тескари саволлари билан мени ширин хаёллар оғушидан чалғитган бу бадфеъл комиссар шундай ғазабимни қўзғадики. У мендан жуда мамнун эди, чунки еттинчи хонада икки ҳафта яшаб қўйганимнинг ўзи унинг учун катта гап эди. Шунга қарамай, комиссар бундан бошқа яна аллақандай натижаларни кутарди. Охири жуда ғалати бир изнинг кетидан тушганимни сирли ишоралар билан такрор-такрор тушунтирдим. Бу эшакмия ишониб қўя қолди. Нима бўлганда ҳам менинг бирдан-бир орзум яна узоқ муддат шу ерларда қолиб кетиш эди. Дюбониэ хонимнинг ошхонаси ёки унинг ертўласи учун эмас, — ҳар куни бурнингдан чиққунча еяверсанг, худо ҳаққи, охири меъдангга тегар экан, — у ёмон кўрадиган ва қўрқадиган, лекин мен яхши кўрадиган ёлғиз ўша ойна учун, чунки унда Кларимондани кўриш бахтига муяссар бўламан-да.
Чироқни ёқсам, у кўринмай қоларди. Уйдан чиқармикан деб роса кўз тикаман, лекин ақалли бир марта ҳам кўчага чиққанини кўрмасдим. Менинг катта, қулай оромкурсим ва яшил қалпоқчали чироғим бор, мана шу чироқ ўз илиқлиги ва шинамлилигидан мени баҳраманд этади. Комиссар катта қоғозхалтада менга тамаки олиб келди; бундай яхши тамакини ҳали учратмагандим… барибир, қўлим ишга бормасди. Икки, уч бет ўзимни мажбурлаб ўқийман-да, ҳушимни йиғиб, бундай қарасам, миямга ҳеч нима кирмаган бўлди. Нигоҳларим ҳарфлар билан тўқнашарди, холос, миям эса фикрламай қўйганди. Жуда қизиқ! Худди манглайимга: “Кириш ман этилади!” деган ёзувли лавҳача осиб қўйилгандек. Ёлғиз Кларимонда ҳақидаги фикрларгагина рухсат бордек.

13 март, якшанба
Бугун эрталаб кичик бир томошага гувоҳ бўлдим. Хизматкор хонамни тозалагунча меҳмонхона йўлагида у ёқдан-бу ёққа юриб, айланиб тургандим. Ҳовлига қараган чоғроқ деразада ўргимчак уяси осилиб турарди, унинг қоқ ўртасига қаппайган ўргимчак жойлашиб олганди. Ўргимчакни олиб ташлашга Дюбониэ хоним рухсат бермасди: ахир ўргимчаклар омад келтирарди-да, бу уйнинг шусиз ҳам бахтсизликдан боши чиқмай ётибди. Тўсатдан, яна бошқа бир, бундан кичикроқ ўргимчакка кўзим тушиб қолди; у эҳтиётлик билан тўр атрофида ўрмаларди – бу ўргимчакнинг эркаги эди. Эркак ўргимчак тебраниб турган салқи тўрнинг ўртасига қараб ўрмалай бошлади, агар урғочиси сал қимирласа, у шу заҳоти қўрққанидан ўзини орқага отган бўларди. Эркак ўргимчак бошқа томондан яқинлашмоқчи бўлди-да, ўша томонга қараб ўрмалай кетди. Ўртага жойлашиб олган урғочи ўргимчак ахийри унинг илтижоларига ийдими, ҳарҳолда бошқа қимир этмади. Эркак ўргимчак эҳтиётлик билан аввал ипнинг биттасини силтаб кўрди, уя қимирлаб кетди; бироқ маъшуқа жойидан қўзғалмади. Шунда у тез, лекин жуда эҳтиётлик билан унга яқинлаша бошлади. Урғочи ўргимчак уни хотиржам қабул қилди-да, ўзини унинг мулойим қучоғига топшириб қўя қолди; бир неча дақиқа икки ўргимчак қимир этмай, катта ўргимчак уясининг қоқ ўртасида шу зайлда осилиб турди.
Сўнг эркак ўргимчакнинг бир оёғини бошқасидан оҳиста бўшатганини кўриб қолдим; балки, у маъшуқасини ўз орзулари билан ёлғиз қолдириб, секин жуфтакни ростлашни истаб қолгандир? У ўзини четга олди-да, ўргимчак уясидан тезроқ даф бўлиш учун шаталоқ отиб қочиб қолди. Урғочи ўргимчак ҳам ўша заҳоти кучини кўрсатмоқчи бўлиб, изма-из унинг кетидан қува кетди. Нимжон эркак ўргимчак битта ипга осилиб туша бошлаганди, маъшуқаси ҳам унга эргашди. Иккала ўргимчак дераза рафига йиқилиб тушди; эркак ўргимчак эса жон-жаҳди билан унинг таъқибидан қутулишга интиларди. Лекин энди кеч бўлиб бўлганди, маъшуқа ўзининг кучли панжалари билан уни чангаллаб олди-да, яна тўр ўртасига судраб кетди. Ҳозиргина ошиқ-маъшуқларга юмшоққина тўшак бўлган, энди эса қатл майдонига айланган ўша жойга. Аввалига ошиқ маъшуқанинг даҳшатли чангалидан қутулиб кетиш учун жон талвасасида курашмоқчи бўлди. Бироқ маъшуқа уни бошқа қўйиб юбормади. Кўз очиб-юмгунча тўр билан ўраб-чирмаб ташлади ва эркак ўргимчак қимир этолмай қолди. Сўнг урғочи ўргимчак уни ўзининг ўткир чангали билан маҳкам қисди-да, эркак ўргимчак танасидаги янги қонни ютоқиб сўра бошлади. Қонни сўриб бўлгач, урғочи ўргимчак энди нималигини ҳам билиб бўлмайдиган даражада абжағи чиққан, тўрлар орасида чирмалиб ётган қуруқ терию оёқчаларни жирканиб, ўз уясидан улоқтириб ташлаганини кўрдим.
Мана, бу ўргимчакларнинг севгиси қанақа экан? Беихтиёр мен ҳам ўргимчак бўлмаганимга Худога шукурлар қилдим, бошқа нима ҳам қилардим?

14 март, душанба
Китобларимга мутлақо қарамай ҳам қўйдим. Вақтимни кун бўйи ойна ёнида ўтириб ўтказаман. Қош қорайса ҳам ўтиравераман. Мутлақо ҳеч нима кўринмай қолгандагина кўзларимни юмаман ва ўша заҳоти яна унинг қиёфаси кўз ўнгимда пайдо бўлади.
Ҳм, мен ўз кундалигимда Дюбониэ хоним ва комиссар ҳақида, ўргимчаклар ва Кларимонда ҳақида ҳикоя қиляпман-у, лекин ўзим яшаб турган хонамга тааллуқли кашфиётларим тўғрисида чурқ этмаяпман. Бунда айбдорманми, йўқми?

15 март, сешанба
Мен ва Кларимонда, иккаламиз ғалати бир эрмакни ўйлаб топдик-да; биз кун бўйи шу ўйин билан андармонмиз. Мен унга бош ирғийман, шу заҳоти у ҳам бошини силкиб қўяди. Мен ойнани тақиллатаман; у буни аранг сезади, лекин сезган заҳоти у ҳам шуни такрорлайди. Қўлим билан ишора қиламан, у ҳам худди шу тахлит жавоб қайтаради; унга сўзлаётгандек лабимни қимирлатаман, у ҳам шундай қилади. Мен сочимни орқага ташласам, шу заҳоти у ҳам қўлини пешонасига олиб боради. Кейин бу бачкана қилиқларимиздан иккимиз роса куламиз. Айтмоқчи, аслида, у кулмайди, оҳиста ва майин жилмайиб қўяди, холос, назаримда, мен ҳам худди ўшандай жилмаяман. Ҳар ҳолда шундай туюлгани билан буларнинг барини унчалик аҳмоқликка йўйиб ҳам бўлмайди ва буни шунчаки бир-биримизга эргашиш деб ҳам бўлмайди – унда бари аллақачоноқ барҳам топган бўларди, — йўқ, бу ерда ҳамма бало бизнинг ҳамфикр эканимиз-да. Гап шундаки, Кларимонда салгина ҳаракатимга дарҳол эргашарди: нима қилаётганимни аслида аранг фаҳмласа-да, шу заҳоти бажарган тақлидлари, ҳаракатларининг бари баъзан меники билан мос тушаётгандек туюларди менга. Энди мана бунисига қойил қолмасдан илож йўқ; мен ҳамиша ногаҳоний, янги бирон нима қилсам, буни шу заҳоти илғаб олиши мени ҳайратга соларди. Баъзан мен тўғри устига бостириб борсаммикан деб қоламан. Кетма-кет бир талай ҳаракатларни бажараман ва ўшаларни яна ва яна такрорлайман. Охири, тўртинчи марта ҳам мен аввалгиларни такрор-лайман, лекин бошқачароқ тартибда ёки биронта ҳаракатни тушириб қолдираман, ё яна янгисини бажараман. Бу худди ёш болаларнинг “Қушлар учаяпти” ўйинини ёдга солади. Кларимонданинг бирон марта хатога йўл қўймаслигига чиндан ақл бовар қилмасди, чунки мен буларнинг барини шу қадар тез бажарардимки, ҳаракатларимни ҳатто англаб олишнинг имкони йўқдек туюларди.
Кунларим шу тахлитда ўтаверди. Лекин вақтим беҳуда ўтаяпти деган фикрдан йироқман; аксинча, умримда бундан муҳимроқ иш билан ҳеч қачон банд бўлмагандекман.
16 марта, чоршанба
Орамиздаги мана шу ўйинлар билан кифояланиб, муносабатларимизни бундан жиддийроқ ришталар билан боғлаб кўриш ҳақида ўйлаб кўрмаганим ғалати эмасмикан? Ўтган тунда шу тўғрида кўп ўйлайдим. Шундай пальто билан шляпамни оламан-да, иккинчи қаватдан пастга тушаман, сўнг яна беш қадам юриб, кўчанинг нариги томонига ўтаман ва зинадан иккинчи қаватга кўтарилсам бўлди. Эшигига албатта: “Кларимонда” деб ёзилган тахтача осилган бўлади. Кларимонда, у ёғи-чи? У ёғи нима, билмадим-у, бироқ Кларимонданинг исми тахтачага ёзилганини билардим. Сўнг эшикни тақиллатаман ва …
Бажармоқчи бўлган хатти-ҳаракатларимнинг барини аниқ-равшан кўз олдимга келтироламан. Лекин кейин нима бўлади, бу ёғи энди менга мутлақо қоронғу. Ҳатто эшикнинг қандай очилишини тасаввур эта оламан. Эшик олдида таққа тўхтайман-да, ҳеч нимани ва ҳеч нарсанинг фарқига бориб бўлмайдиган қоронғиликка диққат билан синчиклаб қарайман. У чиқмаяпти, менга ҳам ҳеч бало кўринмаяпти, умуман, у ерда тирик жоннинг ўзи йўқ. Менга фақат қоп-қоронғу зулматдан бошқа ҳеч нарса кўринмаяпти.
Баъзан менга, ўша, мен ойна ёнида кўрган ва мен билан бекин-мачоқ ўйнаётган Кларимондагина мавжуддек туюлади. Бу аёлни ўзининг ўша қора, бинафшаранг хол-хол кўйлагидан бошқа, шляпада ёки бирон-бир кўйлакда қандай кўринаркин, сира кўз олдимга келтиролмайман; қора қўлқописиз ҳам тасаввур қилолмайман. Агар мен уни кўчада ё бирон-бир ресторанда еб-ичиб, гаплашиб ўтирганида кўриб қолганимда, — йўқ, бу тўғрида ўйлаш қанчалик кулгили бўлса, бу манзарани рўёбга чиқишининг имкони шунчалик йўқдек туюлади менга.
Мен ўзи уни яхши кўраманми деб баъзан ўзимдан сўрайман.
Ҳали бундай савдолар бошимга тушмаганидан бунга мен жавоб топа олмасдим. Агар Кларимондага нисбатан ҳис этаётганим чиндан ҳам севги бўлса, демак, мен, ўша, дўстларимда кўрганим ва китобларда ўқиганларимдан бу тамоман ўзгача туйғу эди.
Ҳис этаётганларимни тушунтириб бериш менга азоб. Мен учун азоб. Умуман олганда, Кларимондадан, тўғрироғи, бизнинг бекинмачоқ ўйинимиздан бошқа, яна бирон нима ҳақида ўйлашга тоби-тоқатим йўқ. Негаки, бошқа бирон нарса эмас, моҳиятан ёлғиз шу ўйингина фикру хаёлимни банд этганини тан олмай иложим йўқ. Нима бўлганда ҳам мен буни тушунаман.
Кларимонда… ҳа, ростдан ҳам у мени меҳригиёдек ўзига тортарди. Бу туйғу яна бир бошқаси билан қоришиб кетмаяптимикан ўзи, бирор нимадан қўрқаётган бўлмайин тағин. Қўрқаётган бўлсам-чи? Йўқ, бу қўрқув эмас, бу кўпроқ тортинчоқлик, мен учун номаълум бўлган нимадандир аллақандай ҳадик. Айнан мана шу ҳадик, мени унга яқинлаштиришга йўл қўймайдиган қандайдир ўзига бўйсиндирувчи ва яна аллақандай ёқимли бир туйғуни келтириб чиқараётганди. Мен ўзимни гўё унинг атрофида кенг доира бўйлаб югураётгандек ҳис этаман, вақти-вақти билан унга яқин бораман-да, сўнг югуришни бас қилиб, бошқа томонга интиламан ва яна яқинлашаман-да, яна қочиб қоламан.
Ниҳоят, ҳозирча – бунга менинг ишончим комил, — нима бўлганда ҳам энди унга дафъатан яқинлашмайман.
Кларимонда дераза ёнида ўтириб, ип йигираяпти. У узун, нозик, ўзгача бир нозик ип йигираяпти. Бу ипдан нима чиқарса бўлади, билмадим-у, лекин у мана шу иплардан мато тўқирди. Бундай нафис, ингичка ипни чигил қилиб, узиб юбормай, ундан қандай қилиб мато тўқишига ҳеч ақлим етмасди. У тўқиган матолар ҳайратомуз нақшлару афсонавий жониворлар ва ишониш амри маҳол қиёфаларга тўла бўларди.
Нималар деб алжираяпман ўзи? Барибир, унинг нима йигираётга-нини кўролмайман-ку; унинг иплари ҳаддан зиёд нозик. Кўзимни юмганимда уни қандай тасаввур қилсам, унинг ҳам айнан шундай эканини юрагим айтиб турарди. Ҳа, худди шундай. Турли-туман қиёфаларга тўла улкан тўр – эртакдаги ғалати башарали махлуқлар.

17 март, пайшанба
Аҳволим яхши эмас. Деярли ҳеч ким билан гаплашмаяпман; Дюбониэ хоним ва меҳмонхона ходими билан зўрға сўрашяпман. Ҳатто ўзим учун овқатланишга ҳам вақтимни қизғанаман; дераза олдида ўтириб, фақат у билан ўйнашдан бошқа дарду фикрим қолмаган. Бу ўйин менга роҳат бағишларди, ҳа, чиндан, ундан ҳузур қилардим.
Гўё эртага нимадир содир бўладигандек, юрагим ҳамиша така-пука бўлиб турарди.

18 март, жума
Ҳа, албатта, шу бугун нимадир юз бериши керак. Ўзимнинг овозимни ўзим эшитишим учун баланд овозда – ўзим учун такрорлаяпман, — мен фақат шу сабабдан бу ердалигимни ўзимга уқтираяпман. Ҳаммасидан ёмони, борган сари мени ваҳима босиб бораётганида. Хонада мендан аввал яшаган ўтмишдошларимнинг бошига тушган савдолар энди менинг бошимга тушишини ўйлаб, ҳис этаётган қўрқувим Кларимонда олдидаги қўрқув билан қоришиб кетганди. Мен буларнинг биридан иккинчисини ажратолмай қолгандим.
Даҳшатдан юрагим ёрилай дерди.

Оқшом соат 6
Тез гапир ва пальто билан шляпангни ол-да, жўнаб қол.
Роппа-роса олтида сабр косам лим тўлди. Ў, мен ҳафтанинг сўнгги кунидан бир кун аввалги куннинг соат олтиларида қандайдир бир гап борлигини энди яхши биламан. Комиссар билан бўлган ўша ҳазилга бошқа кулмайман. Оромкурсида ўтириб, бор кучим билан ундан қўзғалмасликка тиришардим. Ойна мени ўзига тортгани-тортган эди, отилиб ўша ерга боргим келаверарди. Нима рўй бериши билан ишим йўқ эди, Кларимонда билан ўша ўйинимизни ўйнасак бўлди эди, лекин бу қўрқув ойна олдидаги қўрқув билан қоришиб кетганди. Унда катта ва йўғон бўйинли, соқоллари оқарган гумашта осилиб турганини кўрдим. Шунингдек, хушбичим артистни ва гирдиғум, бақувват сержантга ҳам кўзим тушди. Мен бирин-сирин уларнинг уччаласини, сўнгра ўша қозиқда оғизлари очилган ва тиллари осилган ҳолда уччаласини бирваракайига кўрдим. Кейин мен ўзимни ҳам уларнинг орасида кўрдим.
О, бу қўрқувнинг даҳшати. Дераза тўсинию ўша жирканч қозиқни, шунингдек, Кларимондани кўрганимда ҳам қандай ваҳима босса, худди ўшандай қўрқув ҳозир ҳам чулғаб олганини ҳис этардим. У кечиролса, кечирсин-у, лекин бу аслида шундай, мен ўзимнинг жирканч қўрқувим таъсирида ҳамиша, ўша оёқлари ерга тегиб, осилиб ётганларнинг уччаласи билан унинг қиёфасини қориштириб юбораётгандим.
Тўғриси, менда бир лаҳза бўлса-да, ўзимни осиш истаги бўлмаган; бундай қилишдан қўрқмасдим ҳам. Йўқ, мени фақат содир бўлиши мумкин бўлган қандайдир қўрқинчли ва номаълум нимадир ваҳимага соларди. Мен барига қўл силтаб, шартта ўрнимдан туриб, ойна ёнига боришга кучли ва енгиб бўлмас эҳтиёж сезардим. Энди шундай қилмоқчи бўлиб тургандим…
Телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтардим-да, гапни ҳам эшитмай: “Оёғингизни қўлингизга олиб, тезроқ етиб келинглар!” дея бақира кетдим.
Бу қаттиқ дод-фарёд бир нафаснинг ўзида барча ваҳимали шарпа-парпани батамом даф қилиб юборгандек туюларди. Мен дарҳол тинчландим-қолдим. Пешонамдаги терни артдим-да, бир косача тўла сувни симириб юбордим; сўнг комиссар келиб қолса, нима дейиш ҳақида ўйлай кетдим. Ниҳоят, дераза ёнига бориб, бошимни қимирлатдим-да, жилмайиб қўйдим.
Жавобан Кларимонда ҳам бош ирғади-да, табассум қилди.
Беш дақиқа ўтар-ўтмас комиссар етиб келди. Мен унга ниҳоят ҳақиқий изнинг кетидан тушганимни, лекин бугунча менга раҳм қилиб, бу ҳақда ҳеч нарсани сўраб-суриштирмаслигини, яқин орада ўзим унга барини батафсил тушунтириб беришимни айтдим. Энг кулгилиси шундаки, мен буларни барини тўқиб-бичиб айтар эканман, аслида ҳақиқатни гапираётганимга қаттиқ ишонардим. Гарчанд виждонимга зид бўлса-да, ҳозир ҳам бу менга шундай туюлаётгандек…
 Комиссар менинг тайинсиз руҳий аҳволимни, айниқса, телефон-даги бақир-чақирларимни тушунтиролмай қийналаётганимни ва бу ўнғайсизликдан қутулиб кетишга беҳуда уринаётганимни сезган бўлса керак. Комиссар жуда меҳрибонлик билан менинг ихтиёримда бўлиш унинг бурчи эканини, ундан тортиниб ўтирмаслигимни айтди. У, қачон зарур бўлиб қолар эканман деб кутиб ўтиришдан кўра, гарчанд овора бўлса-да, яхшиси, ўн икки маротаба келиб-кетишни маъқул кўрарди. Бунчалик узоқ вақт ёлғиз қолиш яхши эмаслигини айтди-да, бир оз дилнинг чигилини ёзиб келиш учун мени кечага таклиф этди; гарчи ёқмаётган бўлса-да, таклифига рози бўлдим: хонам билан истамайгина хайр-маъзур қилишимга тўғри келди.

19 март, шанба
Биз “Gaite Rochechouart”да, сўнг “Cigale”да ва “Lune Rousse”да бўлдик. Комиссар тўғри айтган экан: ташқарига чиқиб, бир оз тоза ҳаводан нафас олганим менга фойда бўлди. Бошда, ўзимни худди қочоқдек нохуш ҳис этаётгандим. Кейин ўтиб кетди; биз роса еб-ичиб, хурсандчилик қилдик. Бугун эрталаб ойна олдига бордим ва Кларимондани кўрдим, у нигоҳлари билан менга таъна тошларини отаётгандек туюлди. Балки менинг тасаввуримда шундайдир: кеча кечқурун уйдан чиққанимни қаердан билди экан? Бироқ, бир лаҳзагина менга шундай туюлди, холос, кейин у яна ўз табассумини ҳадя этди-ю, барини унутдим.
Биз яна кун бўйи кўз уриштириш ўйинимиздан бўшамадик.

20 март, якшанба
Фақат бугун ёза оламан, холос. Кеча кун бўйи кўз уриштириш ўйнаганмиз.

21 март, душанба
Бугун ҳам ўйиндан бўшамадик..
22 март, сешанба
Бугун ҳам яна ўша ҳар доимги бекинмачоқ ўйинимиз билан машғул бўлдик. Бошқа ҳеч нима қилмадик. Баъзан: буларнинг бари ўзи менга нега керак, дея ўзимдан сўрайман. Ёки: оқибати нима бўлади ва бу билан нимага эришмоқчиман ўзи? Бу саволларга мен жавоб тополмасдим, чунки бундан бошқа нарсага ҳушим йўқлиги ўзимга аён эди.. Рўй бериши кутилаётгани ҳам, айнан ўша, мен интилаётганим ҳам.
Шу кунларда бир-биримиз билан ҳатто битта сўзни ҳам овозимизни чиқариб гаплашмадик. Онда-сонда лабимизни қимирлатиб қўярдик, холос, кўпроқ бир-биримизга тикилиб ўтирдик. Шу ўтиришимизда ҳам бир-биримизни яхши тушунардик.
Мен ҳақ бўлиб чиқдим: Кларимонда ўтган жумада қочиб кетганим учун мендан ўпкалади. Унга нисбатан номаъқул иш қилганимни айтиб, ундан узр сўрадим. У мени кечирди, келаси жума кетиб қолмасликка ваъда бердим. Биз лабларимизни ойнага суйкаб, узоқ вақт ўпишдик.

23 март, чоршанба
Уни севишимга энди бутунлай амин бўлдим. Худди мана шундай, мен унга сўнгги томиримгача сингиб кетганимдек севиш керак. Майли, бошқалар учун севги ўзгача бир нарсадан иборат бўла қолсин. Бу дунёда боши ё қулоғи, ёки бўлмаса қўли бир хилда иккита одамни топиб бўлармикан? Одамлар бир-бирларидан фарқ қилганларидек, севги ҳам турли-туман. Тўғри, менинг севгим ўзгача, буни биламан. Нима, шундай бўлган билан ундаги жозиба камайиб қолармиди? Мен ўз севгимдан бахтиёр эканимни баралла айтишим мумкин.
Қани энди шу қўрқувдан фориғ бўлганимда эди! Баъзан бу қўрқув уйқуга кетади, ўшанда уни унутаман. Бу фақат бир неча дақиқагина давом этади, холос, кейин, қўрқув улкан ва гўзал илоннинг бақувват қучоғидан қутулишга уринаётган ожиз сичқончадек яна жонланади-қолади. Ҳали шошмай тур, сен арзимас, тўпори қўрқув, ҳадемай буюк севги сени комига тортиб кетади.

24 март, пайшанба
Мен топдим: Кларимонда билан мен эмас, аксинча, у мен билан бекинмачоқ ўйнаётган экан.
Бу уйидагидек содир бўлганди.
Кеча кечқурун ҳар доимгидек бекинмачоғимиз ҳақида ўйладим. Уни ҳайрон қолдирмоқчи бўлиб, эртаси куни ҳар бир ҳаракат маълум қилиқ таъсири остида бўлган янги қисмни ёзиб олдим. Кейин уларни тезроқ бажариш учун аввал битта тартибда бажардим, сўнг шуни такрорлаб машқ қилдим. Бу қанчалик мушкул бўлмасин, менга беҳад ҳузур бағишларди, ҳатто уни кўрмаган пайтларимда ҳам қандайдир мени унга яқинлаштирарди. Мен соатлаб шуғулландим, ниҳоят, бари ёғдек силлиқ кета бошлади.
Бугун эрталаб ойна ёнига бордим. Биз бир-биримиз билан сўраш-дик, сўнг бекинмачоқ бошланди. У ақл бовар қилмас даражада мени тез тушунарди ва ўша заҳоти менга эргашарди.
Шу пайт эшикни кимдир тақиллатди; бу этикларимни олиб келган хизматкор экан. Этигимни олдим-да, яна ойна ёнига қайтаётиб, кўзим ҳаракатларим қайд этилган қоғозга тушди. Шунда мен, ҳозиргина ойна ёнида туриб, қоғоздаги ҳаракатларнинг биронтасини бажармаганимни кўрдим.
Гандираклаб кетиб, оромкурси суянчиғини маҳкам ушладим-да, унга чўкдим. Бунга ишонолмай, қоғозда ёзилганларга қайта-қайта кўз югуртирдим. Афсус, бу шундай бўлиб чиқди: мен ҳозиргина ойна ёнида туриб бир қанча ҳаракатларни бажаргандим, лекин, буларнинг биронтаси меники эмасди.
Ўзимда шундай бир туйғуни туйдим: унинг эшиги ланг очилганди. Мен очилган эшик олдида турардим-у, лекин қуюқ зимистондан ўзга ҳеч вақони кўрмасдим. Ўшанда: агар ҳозирнинг ўзида чиқиб кетолсам, унда қутулиб қолишимга амин бўлдим. Шундагина энди кетишим зарурлигини ҳис этдим. Шунга қарамай, кетмадим, чунки, қўлларимда ўша сирни чангаллаб турганимни сезардим. Маҳкам, иккала қўлим билан ҳам. Париж — ҳали сен Парижни забт этасан!
Париж бир онгагина Кларимондадан кучли чиқди.
Энди бу ҳақда бошқа ўйламайман. Мен ҳозир, фақат ўз муҳаббатимни ва у билан бирга мулойим, бахтиёр қўрқувнигина ҳис этаяпман.
Ўша лаҳзаларда мен қўрқувдан куч олардим.
Мен ҳаракатларимнинг биринчи қисмини яна бир карра такрор ўқиб чиқдим-да, уларни ҳафсала билан ёдда сақлаб қолдим. Сўнг ойна олдига бордим.
Мен барини аниқ сезиб турардим: мен ўзим истаган биронта ҳаракатни бажармагандим.
Шунда мен кўрсаткич бармоғим билан бурнимни ишқаламоқчи бўлдим-у, лекин бунинг ўрнига ойнани ўпиб қўйдим. Мен ойнани тақиллатмоқчи эдим-у, бироқ бунинг ўрнига сочимни силаб қўйдим. Шундай қилиб, менинг ҳаракатларимга Кларимонда эмас, аксинча, кўпроқ мен унга тақлид қилаётганим аён бўлди. Буни шундай яшин тезлигида бажарардимки, гўё ташаббус ўзимдан чиққандек таассурот уйғонарди менда.
Мен эса унга таъсир кўрсатаман деб ўзим унинг таъсирига тушиб қолганимдан фахрланардим. Қолаверса, бу таъсир шундай ёқимли, шундай мулойим эдики, назаримда, бу ёруғ оламда бундан-да мурувватли ҳеч нима йўқдек.
Мен яна бир неча тажриба ўтказдим. Мен иккала қўлимни чўнтагимга тиқиб, қимир этмай туришга қарор қилдим; жойимдан жилмай унга тикилиб қараб туравердим. Мен у қандай қўлини кўтарганини, қандай кулиб юборганини ва секингина кўрсаткич бармоғи билан пўписа қилганини кўрдим. Мен қимир этмай турардим. Ўнг қўлим питирлаб чўнтагимдан чиқиб олишга интилаётганини сездим-у, дарҳол иккала қўлим билан чўнтагим астарини чангалладим. Сўнг секин, бир неча дақиқа ўтгач, бармоқларим очила бошлади ва мен қўлимни чўнтагимдан чиқардим-да, юқорига кўтардим. Мен ҳам жилмайиб бармоғимни кўрсатиб унга пўписа қилдим. Назаримда, буни мен эмас, бошқа, мен кимни кузатаётган бўлсам, ўша қилаётгандек эди. Йўқ, йўқ, бу бундай бўлмаган. Буни мен, мен бажардим, у бошқаси, анави кучли, буюк кашфиёт қилмоқчи бўлгани эди, лекин бу мен эмасдим.
Мен – ёқимли қўрқув аралаш севгилим Кларимонданинг истакларини бажо келтириш учун бу ердаман, кашфиёти билан нима ишим бор, қанақа кашфиёт қилса қилавермайдими.

25 март, жума
Мен телефон симини қирқиб ташладим. Бу тентак комиссар мени ҳар дақиқада безовта қилишини истамайман, келиб-келиб, айни, ўзгача лаҳзалар бошланаётган бир пайтда. Буларни нега ёзяпман ўзи, Худойим?
Бу сўзларнинг биронтасида ҳақиқатдан асар бўлмаса. Менинг ўрнимга қаламимни ҳам кимдир юргизаётганга ўхшарди, назаримда.
Лекин, барибир, кўраётганим юз бераётган воқеаларнинг барини ёзиб қўйишни хоҳлайман, хоҳлайман, хоҳлайман. Бунинг учун бор кучимни ишга солишимга тўғри келади. Мен бунинг уддасидан чиқаман. Яна фақат бир мартагина ўша… мен истаганим.
Мен телефон симини қирқиб ташладим… Эҳ!
Мен буни қилишим лозим эди. Мана! Ва ниҳоят! Чунки, бу мендан лозим эди, лозим эди.
Бугун иккимиз дераза ёнида туриб ўйинимизни ўйнадик. Кечадан эътиборан бу бекинмачоқнинг табиати ўзгарди. У бирон-бир ҳаракат қилса, мен кучим борича қаршилик кўрсатаман. Ниҳоят, ҳозирча, мен, унинг инжиқликларига бўш келаётганим йўқ ва иродасизлигим эвазига итоат ҳам этмаяпман. Мағлублигингни англаш, унинг орзу-истакларига ўзингни фидо қилиш қанчалик ҳузур бағишлашини мен ифодалаб беролмайман.
Биз ўйнаётгандик. Кейин у ногоҳ ўрнидан турди-да, хонанинг энг ичкарисига кириб кетди. Шундай қоп-қоронғи эдики, мен уни бошқа кўролмадим; у зулмат ичига сингиб, ғойиб бўлганди. Кейин у яна қўлида худди меникидек стол телефони билан ойна олдида пайдо бўлди. У қўлидагини табассум билан дераза токчасига қўйди-да, пичоқни олиб, симни кесди ва телефонни яна олиб бориб қўйди.
Мен роппа-роса чорак соат бардош бердим. Мендаги қўрқув аввалгисидан кучлироқ бўлса-да, лекин, шунга қарамай, аста-секин бўйсуниб бораётганимни ҳис этаётганим ундан-да ёқимли эди. Ниҳоят мен ҳам ўз телефонимни ойна ёнига олиб келиб, симини қирқдим ва яна қайтариб столга олиб бориб қўйдим.
Бу шундай бўлганди.
Мен ёзув столимда ўтирардим: мириқиб чой ичдим, хизматкор идиш-товоқларни олиб кетди. Менинг соатим нотўғри, ҳозир соат неча бўлди, ўзи, деб сўрадим ундан. Чораккам олти, чораккам олти.
Биламан, бошимни кўтаришим билан Кларимонда нимадир қилади. У шундай бир нарса ўйлаб топадики, мен ҳам унга эргашишга мажбур бўламан.
Мен барибир бошимни кўтардим. У ойнада туриб олиб куларди. Энди ундан тескари ўгирилмоқчи бўлсам, у парда ёнига келиб оларди. Кларимонда менинг деразам рангидаги қизил чилвирни ечиб олаётганди. Ундан сиртмоқ ясарди. Чилвирни эса тўсиндаги қозиққа боғларди.
Кейин кулди-да, ўтириб олди.
Йўқ, бу мен ҳис этаётганим мутлақо қўрқув эмасди. Шундай бўлса ҳам, мен бу совуқ, даҳшатли фожиани дунёдаги ҳеч бир нарсага алмашмаган бўлардим. Қандайдир ақл бовар қилмас тобелик ва айни замонда бартараф этиб бўлмас бу қўрқувда аллақандай ўзига хос ҳузур-ҳаловатни туярдим.
Мен югуриб ойна ёнига боришга ва унинг амрини бажаришга тайёр эдим-у, лекин таҳаммул қилаётгандим, мен курашаётгандим, курашиб, қаршилик кўрсатиш билан овора бўлаётган эдим. Ўша куч борган сари енгиб бўлмас кучга айланиб бораётганини ҳис этиб турардим.
……………………………………………………………………………………………………….

Мана, яна стол олдида ўтирибман. Мен югуриб ойна ёнига бордим-да, у мендан нимани кутган бўлса, ўшани бажардим: чилвирни олиб, уни сиртмоқ қилиб боғладим ва қозиққа илдим.
Энди қайтиб бошқа турмай, фақат қоғозга қараб ўтиравераман. Агар мен ҳафтанинг охирги кунлари соат олтилар атрофида ундан кўзимни узмасам, тамом, унинг нима каромат кўрсатиши аён. Агар унга қарайдиган бўлсам, унда унинг истагини бажаришга мажбурман, мажбур бўламан…
Унга бошқа қарамайман…
Мен қаттиқ кула бошладим. Йўқ, бу мен эмасдим, мендаги нимадир мени кулдирарди. Ниманинг устидан, мен биламан: менинг “истамайман…”имнинг устидан.
Истамайман, лекин, ҳарҳолда буни бажаришим шартлигини биламан. Унга кўз ташлашим керак, буни бажармасам бўлмайди… бари кейин.
Мен бундан нафасим бўғилиб қолгудек ва шу билан бирга чексиз ҳузур-ҳаловат бағишловчи азобнинг – бу жафонинг узайишини кутардим. Бир бахтимга ўн бахт қўшувчи бу уқубатли сонияларни иложи борича узайтириш учун ўрнимдан турмай ёзаверардим, ёзаверардим.
Тағин озгина, тағин…
Яна ўша қўрқув, яна! Агар унга қарайдиган бўлсам, биламанки, туриб ўзимни осишим керак; м е н б у н д а н қ ў р қ а ё т г а н и м й ў қ. Ў, йўқ, йўқ – бу жуда зўр, жуда ғалати-ку.
К е й и н с о д и р б ў л а д и г а н… барибир бошқа бир нимадир бор. Бу нима эканини билмайман-у, афтидан, рўй бериши турган гап, негаки, азобларимнинг чеки сира кўринмаяпти. О, бунинг орқасидан даҳшатли нимадир содир бўлишини юрагим сезаяпти, сезаяпти.
Ишқилиб ўйламасам бўлгани… Нима тўғри келса ҳам ёзавериш керак, нима бўлса ҳам барибир. Фақат тезроқ, ўйлаб ўтирмай…
Исмим – Ришар Бракемон, Ришар Бракемон, Ришар… Ў, бошқа чидолмайман… Ришар Бракемон… Ришар Бракемон… энди… энди… мен унга қарашим керак… Ришар Бракемон… керак… йўқ яна… Ришар… Ришар Браке…
……………………………………………………………………………………………………….

Тўққизинчи маҳкама комиссари ўз телефон қўнғироқларига жавоб ололмагач, олтидан беш дақиқа ўтганда, “Стевенс” меҳмонхонасига кириб келди. У, талаба Ришар Бракемонни еттинчи хонадан унинг аввалги уч нафар ўтмишдошлари қандай осилган бўлсалар, уни ҳам худди шу алфозда ойна тўсинига осилган ҳолда топди.
Фақат унинг юзида акс этган ҳолат бошқачароқ эди: қўрқув уни ўзгартириб юборганди, кўзлари катта-катта очилиб, деярли косасидан чиқиб кетганди. Лаблари керилиб, тишлари маҳкам қисилиб қолганди.
Уларнинг орасида эса мажақлаб тишлаб ташланган ғалати, бинафшаранг хол-хол катта қора ўргимчак бор эди.
Столда талабанинг кундалиги ётарди. Комиссар уни ўқиди-да, ўша заҳоти рўпарадаги уйга қараб югурди. Уйнинг бутун бошли иккинчи қавати мана, неча ойдирки, яшовчиларсиз бўм-бўш ҳувиллаб қолганини комиссар ўша ерга чиққандагина билди.

Рус тилидан Дилдора Алиева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 7-сон.