Жуброн Халил Жуброн. Қўшиқлар

ОҲАНГ

Руҳим теранликларида оҳанг, каломлар либосин истамас. Оҳанг юрагим сувайдосида, сиёҳ ила қоғозга муҳрланишни хоҳламас. Ҳис-туйуларим Чин шойисидай ўраб-чирмар-да, ҳеч қачон забоним ила булбулдай куйламас.
Бу таронани не асно оғоз айлай, ахир ҳатто ғуборлардан ҳам хавфсирайман. Уни ким учун ижро этай, ахир қалбим қасри ичра дориломон мақоми ила маст ва биронта ҳам тингловчи англай олмаслигидан хавотирдаман.
Кўзларимга назар солсанг, лаҳн жилвасини кўражаксан; бармоқларим учларига хиёл тегинсанг, бас, сирли тебранишини ҳис этажаксан.
Юлдузлар жилваси кўлда жимирлагандек қўлларим имо-ишорасида тараннум намоён; бағрига жазирама ҳаяжон солганда гул ғунчаси сир-асрорини томчи шабнами кашф айлагани каби кўз ёшларим суруд қулфини очади. Бу шундай алҳонки, осойишталик оғушида очилади, шовқин-суронда ёпилади; уйқу оғушида узлуксиз куйлайди, бироқ хушёрлик хонишига чек қўяди.
Бу муҳаббат алёри, о, мўминлар! Уни қайси Исҳоқ куйлайди-ю, қайси Довуд оғоз эта олади?
Тараннумки, ёсуман атридан ҳам муаттар — қай маҳоратли ҳофизи замон амрига бўйсиндира олади? Навраста ҳурлиқо сирларидан ҳам гизли — қай бир нафис соз тори ифода этишга қодир?
Безовта денгиз тўлқинлари пишқириши билан булбул хониши қовуша оладими? Бўрон ила норасида нафасини ким пайваста этади?
Маъбудалар алёрин қай бандаи ожиз куйлагай?

ТЎЛҚИН АЛЁРИ

Мен ва соҳил — ошиқ-маъшуқлармиз; эҳтирос иккимизни пайваста айлагай, ҳаво бир-биримиздан жудо этар. Нуқрадай кўпикларим ила зардўзи қумлоғини қовуштириш ва қалби оташига майи нобдай сувим ила ҳаёт бахш этиш учун ложувард тонг қучоғидан келарман.
Тонглар маъшуқамга ишқим изҳор айларман ва у мени бағрига босар. Оқшомлар эса эҳтирос оятини куйлайман ва у оташин бўсалар ила жисму жоним куйдирар.
Мен безорию бебошман, маъшуқам сабру тоқат ила битишган, қатъият ила дугона.
Уммон юксалгани ҳамоно азизамни қучарман, уммон чекингани ҳамоно пойига қўшқўллаб ёпишарман.
Парилар уммон қаъридан чиқиб, қоялар узра юлдузларга маҳлиё термилганда, атрофида неча бор парвонадай чарх уриб, рақс тушганман. Дарди ишқ исканжасида ошиқ фиғон тортганини неча бора эшитганман ва қалбининг маликаси ҳижрони дардини енгиллаштирганман. Қоялар ила неча бора суҳбатлашганман, лекин улар соқовдай жавоб бермаган ва уларни қизиштириш илинжида қанча кулсам ҳам, ҳатто жилмаймаган. Қанча чўкаётганларни ҳалокатдан қутқарганман ва саломат келтирганман! Қанчадан-қанча дурларни уммон қаъридан олиб чиқиб, ҳусн мулки маликаларига ҳадя қилганман!
Ғафлат шарпаси жамики жонзотларни оғушига олган тун сукунатида мен бедор — гоҳ куйларман, гоҳ оҳ тортарман. Оҳ, шўр пешонам-а! Уйқусизлик ҳолдан тойдирди, вале ошиқман, муҳаббат моҳияти эса — бедорлик!
Ҳаётим муҳаббат изтироби ила йўғрилган, то тирик эканман, фақат ишқ изтироби гирдоби ичра яшагайман.

ЁМҒИР АЛЁРИ

Бизлар — кумуш ришталармиз, Парвардигор амри ила самолардан заминга инармиз, бизни она табиат авайлаб оладию водий-воҳаларни безайди.
Бизлар — фаришта Астарта — Иштар тожидан дувиллаб тўкилган мўъжизавор жавоҳирлармиз, бизни тонг арзанда қизи ўғирлагану далалар бағрига сочиб юборган. Мен юм-юм йиғларман – ва адирлар табассум улашади; мен қуйи инаман ва гул-чечаклар самовотга талпинади.
Булут ва дала – ошиғу маъшуқ, мен эса улар орасида холис ишқ хабарнигориман. Мен тутдай тўкиламан ва бирининг қайноқ ташналигини қондираман, яна бирови бағридаги пўртаналарни даволайман.
Момақалдироқ гумбури ва чақмоқ зулфиқори ташрифимни овоза қилади, найкамалак саргардонликларимга нуқта қўяди. Шу асно бу маъводаги ҳаёт ҳам қаҳрли моддият пойида ибтидо олиб, осуда завол дастпанжасида интиҳо топади.
Мен уммон қалбидан юксаламан ва насими ҳаво қанотларида парвоз айлайман. Жаннат мисол боғ-роғни кўрганим ҳамоно қучоғига шўнғийман ва гуллар дудоғидан бўсалар тераман, дарахтлар шохларига пайвасталанаман.
Осуда лаҳзаларда биллурий ойналарни бармоқларим билан оҳиста чертиб куйлайман. Таронам инжа қалбларга оби замзамдай ҳаёт улашади.
Доям жазирама ҳаво, мен эса ҳавонинг алангали тафтини пасайтираман — жувон мастона ошиғидан олган қуввати ила уни шу асно енгади.
Мен — уммон нафаси, мен — самовотнинг оби раҳмати, мен — яйловлару экинлар табассуми.
Шу асно муҳаббат ҳам – туйғулар уммонининг оташин нафаси, тафаккур самовотининг оби раҳмати ва қалб кенгликлари уфқларини безаган алвон табассум.

ГЎЗАЛЛИК АЛЁРИ

Мен — муҳаббат сарбони, мен – руҳият майи ноби, мен – қалб қаноти.
Мен – атиргулман, субҳи содиққа қалбим очарман; мени пари пайкар оладию ардоқлаб бағрига босади.
Мен – саодат қасри, мен – қувонч сарчашмаси, мен – ҳаловат ибтидоси.
Мен – дилбар дудоғидаги ширин табассум; менга бўз бола нигоҳи тушгани ҳамоно машаққатларини унутади, ҳаёти лаззатли тушлар хиёбонига дўнади.
Мен – шоир илҳом париси, мен – мусаввирлар пешвоси, мен – муғаннийлар мураббийси.
Мен – болакай нигоҳида порлаган машъала, уни мушфиқ волида кўрадию тиз чўкиб, таваллолар ила Парвардигори оламга беадад ҳамду саною шукроналар айтади.
Момо Ҳавво қиёфасини касб этдиму Одам Атони маҳлиё айладим; Сулаймон пайғамбар қошида рафиқаси қиёфасида муҳайё бўлиб, уни донишманд ва шоир қилдим.
Мен Еленага табассум ҳадя айладиму Трояни вайрон қилдим; мен Клеопатра бошига маликалик тожини кийдирдим ва Нил водийсини шодиёна қучдим.
Мен – баайни қисмат: бугун барпо айлаганимни эртага вайрон қиламан.
Мен – Оллоҳ амри билан ҳам жон бахш этаман, ҳам жон оламан.
Мен бинафша ифоридан нафису бўрондан қудратлиман.
Мен – ҳақиқатман, о, аҳли башар! Мен – ҳақиқат! Ва сиз англаган фунуни олий!

САОДАТ АЛЁРИ

Инсонни севаман, башар ҳамширасиман. Васлига топинаману у ҳам фироғим исканжасида. Во дариғ! Кундошим борки, бахтим кушандаси, инсонни эса азоблайди. Ёвуз кундошим – моддият, қай томон юзланмайлик қора кўланкадай эргашади ва ўртамизда қора тоғдай юксалади.
Мен севганимни дала-даштлардан, дов-дарахтлар соя-салқинидан, кўллар соҳилидан ахтараман – тополмайман! Моддият бошини айлантириб, шаҳарга, оломон орасига, ҳалокат ва кулфат чоҳига гирифтор айлаган.
Уни тафаккур масканларию донишмандлик қироатхоналаридан қидираман – тополмайман, илло минг бир қиёфали моддият уни худпарастлик саҳросига – ахлоқсизлик шайтанатига мубтало қилган.
Уни мамнуният кенгликларидан ахтараман – тополмайман, зеро ғаддор кундошим уни тийиқсиз нафс ғори ичра занжирбанд айлаган.
Шарқ самоси алвон тонг табассуми билан жилваланганда қошимга чорлайман, даъватларим эшитмайди, ғафлатзада кўзларин илло-билло очолмайди.
Осойишталик қанот ёзиб, гул-чечаклар уйқу бағрига бош қўйган оқшомларда оғушимда овутсам дейман, бироқ ундовларимга парво ҳам қилмайди, чунки фикру зикри бўсағадаги кун ташвишлари домида.
Дўстим мени севади. Мени аъмолларида қидиради, бироқ фақат илоҳий амаллардан топади. Заифу заифалар бош суякларидан тап торт-май барпо этган шон-шуҳрат қасридан, тиллою кумушлар орасидан топишга уринади, мен эса ҳиссиётлар жилғаси бўйида Тангрилар ижод қилган одмилик қароргоҳидагина унга пешвоз чиқаман. Ҳукмдорлар ва қотиллар гувоҳлигида дудоғимдан бўса олишни орзу қилади, ҳолбуки фақат бокиралик чечаклари орасида ёлғиз лаъли лабларим майи нобидан сипқоришга изн бераман. У ўртамизда маккорликни элчиликка танлайди, менга эса ҳалол меҳнатдан, беназир заҳматдан ўзга совчининг кераги йўқ.
Қонимга ташна кундошимдан дўстим доду фарёду айюҳанносларни ўрганди, мен эса таскин-тасалли топиши учун кўнгил кўзи билан йиғлашга ва шукроналик билан энтикишларга ўргатаман.
Дўстим – мен учун, мен ҳам дўстим учун яралганман!

АТИРГУЛ АЛЁРИ

Мен – табиат каломиман, ирод қилгач, қалб дафинасига беркитади, сўнгра яна намоён этади. Мен – юлдузман. Ложувард фалакдан ям-яшил гиламга инганман.
Мен – табиий қудрат қизиман, қиш бағрида етиламан, баҳорда таваллуд топаман, ёз бўйи улғаяман, кузда уйқуга кетаман.
Мен – севишганларга совғаман, мен – никоҳ шодиёналари гулчамбариман, мен – барҳаёт Зотнинг марҳумга алвидо эҳсониман.
Саҳарлар ёруғлик ташрифини овоза қилишида шабадага кўмаклашаман, оқшомлар эса қушлар илҳони уйғунлигида у билан хайрлашаман.
Мен – яйловлар қучоғида яйрайман ва улар чеҳрасини дурдона хол каби безайман, ҳаводан нафас оламан ва уни муаттар атрим билан маст айлайман, мудраган карахтликни қучаман ва тун беадад кўзларини мендан узолмайди. Мен ягона алангали нигоҳи хиром айлаши учун нурафшон кунни соғинаман.
Мен шабнам майи нобини сипқораман, қумрилар нолишини тинглайман ва майсалар қарсаги-олқишидан мастона рақс тушаман. Олам офтобини кўриш учун самолардан нигоҳимни ҳеч узмайман ва кўланкам мавжудлиги хаёлимга ҳам келмайди. Бу шундай юксак донишмандликки, инсоният ҳали ҳануз ўзлаштиргани йўқ.

БАШАР АЛЁРИ

Ҳақ таоло ўлик танангизга жон берди (йўқдан бор қилди), кейин ўлим берди, сўнгра яна тирилтиради ва ўз ҳузурига қайтаради, шундай Зотни инкор қиласизми?
(Бақара сураси, 28-ояти шарифа)

Абадиятдан ҳам олдин мавжуд зоти шариф – камина ўша. Ва рўзи маҳшаргача безаволман ва ҳаётим абадий.
Мен чексизлик кенгликларида суздим, хаёлот оламида парвоз қилдим ва илоҳий ёғду меҳварига ёвуқлашдим – ва ниҳоят моддият тутқуниман.
Мен Конфуций таълимотини тингладим ва Бароҳим донишманд-лиги уммонига чўмдим ва тафаккур ниҳоли пойида Будда ёнида ҳозир бўлдим – ва ниҳоят жаҳолат ила инкор билан жанг қилаяпман. Тури Синода Мусо бўлиб, Тангри жамолини талаб қилдим. Урдун дарёси соҳилларида Иброҳим бўлиб, чўпонлик қилдим, Насоро қишлоғида, Исо Масиҳ ғаройиботларига гувоҳ бўлганман; Мадинаи мунавварда бўлиб, Расули Акрам(с.а.в.)нинг қироатию ваъзларини сел бўлиб тинглаганман – ва ниҳоят шубҳа домидаман. Бобил қудрати, Миср шон-шуҳрати, Юнонистон виқори шоҳидиман – уларнинг жамики аъмолларида заифлик, хўрланиш ва ҳақирликни азоб ила муттасил кузатганман. Фиръавн афсунгарлари, Оссирия коҳинлари, Фаластин анбиёлари билан ҳам ҳамнафас бўлганман. Мен Ҳиндистонга инган донишмандликни асраганман, араблар оролларидагилар қалбидан майи нобдай қуйилган ашъорларни қироат қилганман, ғарб аҳолиси ҳиссиётлари тажассуми бўлган мусиқаларни қалбим лавҳига зарб этдим, бироқ ҳали-ҳануз илгаригидек сўқирман ва ҳеч вақо кўрмайман, қулоқларим том битган ва эшитмайман. Мен нафси ўпқон босқинчилар шафқатсизлиги, золим мустабидлар қуллиги азобларини тортганман, ўзбошимча ҳукмдорларнинг адолатсизликлари бошимга не савдоларни солмади – ва мен куч-қувватимни илгаригидек асрадим, унинг шарофати билан саналар ила беллашаяпман.
Мен буларнинг барчасини болалигимда идрок этганман ва тинглаганман, мен ёшлик ва у олиб келадиган савдоларни ҳам идрок этаман ва тинглайман; кейин эса қартаяман, белгиланган муддатга етаман ва Оллоҳ даргоҳига қайтаман.
Абадиятдан ҳам олдин мавжуд зоти шариф – камина ўша. Ва рўзи маҳшаргача безаволман, ва ҳаётим абадий.
 
ШОИР НИДОСИ

I

Қудрат қалбим экинзорларига дон сепади, мен эса ҳосил кўтараман – бошоқлар тераман – ва очларга этак-этак улашаман. Руҳият — бир парча узумзорим серҳосил айлайди, мен эса узум шингиллари шарбатин олиб, чанқаганлар ташналигини қондираман. Самовот чироғдонимни ёғ билан тўлдиради, мен эса чироғимни ёқиб, дераза раҳига қўяман – тунги сайёҳлар йўлларини ёритаман. Булар барчасини жону дилим билан сидқидилдан адо этаман, ва башарти кунлар қаршилик қилсаю тунлар қўлларим кишанласа, ўлимимга розиман, илло уммати рад этган пайғамбару дўсту душманига етти ёт бегона шоир яшашдан кўра ўлимга муносиб.
Оломон бўрони гувиллайди, камина хилватда оҳ тортаман: бўрон қутуриши муваққат, уни вақт коми маҳв этади, Парвардигор салтанатида оҳу воҳу энтикишлар боқий.
Ғофиллар қордай яхлаган моддиятга тиш-тирноқлари билан чанг соладилар. Мен эса ишқ гулханини ахтараман, топиб бағримга босишни истайман – кўкрак қафасиму қобирғаларим билан бирга улар муҳофазасида нимаики бўлса, барча-барчасини жизғанак қилсин, илло биламанки, беозор моддият башарият бошига етади, муҳаббат – муқаддас изтироблар билан ҳаёт бахш этади.
Одамлар қабилалар ва халқларга бўлинади, ўзларини у ёки бу мамлакат фуқароси билади, бироқ бу хислат менга бегона, ўзимни бирон-бир мамлакат фуқароси, бирон-бир миллату элат вакили ҳисоблай олмайман.
Ватан – курраи арз, қабилам – башарият. Одамлар ожиз, гуруҳ-гуруҳ, қабила-қабилага ажратилгач, яна ҳам заифлашади: ахир замин анордай мўъжаз, уни қиролликлару амирликларга нимталаш нодонлик.
Бандаи нодонлар руҳият қадамжосини вайрон қилиш учун бир ёқадан бош чиқарадилар, жасадлар учун саройлар барпо этишда бир-бирларига кўмаклашадилар, ва ёлғиз мен бундай жидду жаҳд гувоҳи эканимдан юм-юм йиғлайман.
Бироқ қалбимга қулоқ тутиб, умид шивирини эшитаман: ”Азоб изтироб воситасида муҳаббат инсон қалб кўзин очгани каби ғофиллик ҳам тафаккур йўлига чорлайди”. Бинобарин, изтироб ва ғофиллик илоҳий роҳат-фароғат ҳамда башарий донишмандликка етказгай, зеро абадий тафаккур рўйи заминда ҳеч вақони беҳикмат яратмаган.

2

Ватанимни гўзаллиги учун севаман ва бахтсиз фуқаролари билан ҳамдардман. Бироқ менинг халқим сохта “ватанпарварлик” ялови остида қўзғалсаю қўшни юртга ҳужум қилса, мол-мулкини таласа, эркакларни маҳв этиб, жувонларни бева ва болаларни етим қилса, ерини ўғлонлари хуни билан суғорса ҳамда ботирлари танасини ўлаксахўр қузғунларга емиш этса – у ҳолда ватаним ва ҳамюртларимдан нафратланаман.
Киндик қоним тўкилган заминни куйлайман, улғайган уйимни соғинаман; бироқ мусофир бошпана ва егулик сўрасаю уни ҳайдаб солсалар ва ҳеч вақо бермасалар – у ҳолда ўз уйим учун аза очаман, соғинчим нафратга дўнади ва ўзимга ўзим дейман: “Баҳаққи Худо, хасислик билан очдан нонни қизғаниладиган ва толиққан мусофирга тунаш учун жой берилмайдиган уй вайрон қилинишу кунфаякун бўлишга маҳкум”.
Уйимга муҳаббатим – шаҳримга муҳаббатимнинг арзимас қисми, шаҳримга муҳаббатим эса – она заминга муҳаббатимнинг бир зуваласи, холос. Заминни жони дилим билан севаман. Илло, она Ер инсоният – илоҳиётнинг курраи арздаги халифаси вояга етган қадамжо. Шубҳасиз, инсоният – муқаддас, илоҳиётнинг кураи арздаги халифаси. Башарият вайроналар ичра абгор, урён танаси узра қирқямоқ увада, қайноқ кўз ёшлари рангпар рафторини куйдиради; ўғлонларига мадад сўраб ёлворади ва доду фарёдидан замину само титрайди, ўғлонлари эса жангариларча зикру само асносида илтижосини эшитмайди, ва нигоҳлари қиличлар ярқирашидан қамашгани боис унинг кўз ёшларини илғамайди. Шўрлик сўққабош башарият бандаларга мадад беринг дея ёлворади, улар эса парво ҳам қилмайди, башарти кимдир эшитиб, яқинлашсаю кўз ёшларини арта таскин беришга уринса, одамлар жиркангандай дейди: “Унга қайралиб ҳам қараманг, ахир кўз ёшлари фақат заифлар кўнглида ҳамдардлик туғдиради”.
Инсоният – замин узра илоҳиёт маъбудаси. Айни маъбуда халқдан халққа ўтади, уларга муҳаббат достонини куйлайди, ҳаётий йўлларга ундайди, одамлар эса уни масхаралаб қарши оладилар. Каломи ва таълимотини ҳақоратлайди. Кеча унинг каломига Исо Масиҳ қулоқ тутганди – ва одамлар уни чормих қилдилар; Суқрот “Лаббай!” деб жавоб берди – ва улар уни заҳарладилар. Бугун эса Маъбуда ноласини Исо Масиҳ ва Суқротни улуғлаётганлар эшитдилар. Маъбуда исмини барчага ошкора айтдилар; уларни одамлар ўлдира олмайди, бироқ “Масхаралаш ўлимдан аччиқ ва бешафқат”, дея майна қиладилар.
Йўқ, Қуддуси шариф Исо Масиҳни ўлдира олмади – у мангу; шаҳри Афина Суқротни маҳв этолгани йўқ – у абадий; ва инсоният нидосини тинглаганлар қаршисида оғули пичинглар ҳам ожиз, Маъбуда даъватига “Лаббай!” деб жавоб берганлар ҳам то абад барҳаёт.

3

Сен — биродаримсан; иккаламиз ҳам ягона муқаддас самовий руҳ ўғлонларимиз. Сен менга ўхшайсан, илло ҳар иккимиз айни битта хоки туробдан бино бўлган жасад асиримиз. Ҳаёт йўлида ҳамроҳлик қилиб, булутлар панасига беркинган ҳақиқат моҳиятини англашда кўмаклашасан. Сен – инсонсан ва биродарим. Мен сенга меҳр қўйдим.
Мен ҳақимда кўнглингга келган гапни айт – эртанги кун сенга нисбатан ҳукмини чиқаради ва сенинг эътирофинг унинг адолатли қарори учун ёрқин исбот ҳамда ҳаққоний шаҳодат негизи бўлажак.
Бисотимдан нени хоҳласанг, ол – ахир сен фақат мол-мулкимни олишинг мумкин, унинг бир қисми ҳалол хасминг ва эҳтиёжларим учун фойдаланадиган ерни оларсан; унинг бир қисми ҳам сеники, башарти шу билан қаноатлансанг.
Мени нима қилсанг қил – моҳиятимга дахл қила олмайсан. Қонимни тўк, кулимни кўкка совур – булар билан руҳиятимни шикастлай олмайсан ва ҳеч қачон маҳв этолмайсан. Қўл ва оёқларимга темир кишан солишинг, зулматли зиндон қаърига улоқтиришинг мумкин – бироқ тафаккуримни кишанбанд қилолмайсан, илло, онг-шуурим бепоён кенгликлар бўйлаб елаётган елвагай каби озод.
Сен – менинг биродаримсан ва мен сени севдим. Масжидда саждага бош қўйган, ибодатхонада тиз чўккан, черковда чўқинаётган биродарим, сени севдим: сен ва мен – ҳар иккимиз ягона руҳият эътиқоди дилбандимиз, ахир унинг барча бўғинлари муҳофизлари – қалб камолоти йўлини кўрсатувчи Маъбуда дастининг бир-бири билан жипслашган, бир тану бир жон бармоқлари.
Сенга меҳрим зиёда, илло дунёвий ақл-идрок ҳосиласи – моҳиятингни севаман. Бу моҳиятни айни палла сўқирлигим боис кўра олмасам ҳам муқаддас дея эъзозлайман, илло у – руҳоният мўъжизаларидан. Бу моҳият келажак оламда моҳиятим ила юзлашажак, ва атиргуллар ифори каби қовушажак ва муҳаббату гўзаллик сингари самовий ва абадий ягона моҳиятга дўнажак.
Сенга меҳрим беадад, илло қудратлилару қаттоллар пойида нақадар заифлигинг, маккор бойваччаларга қиёсан қанчалар қашшоқ ва афтода эканинг шоҳидиман. Бинобарин, ғариб ҳолинг кўриб, кўз ёшларим селдай қуйилади, бироқ кўзимда шашқатор ёшим ила сени адолат оғушида кўраман, адолат сенга табассум ҳадя айлаб, ғанимларингни масхаралайди.
Сен – жонажон биродарим ва мен сени севдим.

4

Сен – жонажон биродарим, мен сени севдим. Нима учун мен билан қасдлашасан?
Нечун ватанимга бостириб кириб, ҳукмдорлар манфаати учун муте қилмоқчисан; ахир хукмдорлар сенинг заҳматинг эвазига ҳаловатли ҳаёт кечиряптилар, боз устига шаънига ҳамду сано айтишингни талаб қилади! Ҳамшираю фарзандларинг тарк этиб, бегуноҳ қонинг шарофати билан шону шуҳрат ва онаи зоринг кулфати эвазига юксак эҳтиром харид қилиш истагида ёнаётган лашкарбошилар учун олис ўлкада ажал ахтариб йўлга отландинг?
Инсон туғишган биродарини маҳв этиши жасоратми? Ундай эса ҳамду санолар айта Каин — Қобилга муҳташам ҳайкал барпо этайлик!
О, қадрдон биродарим! Айтишларича, шахсий муҳофаза – азалий табиий қонуният, бироқ англашимча, биродарингга нисбатан ҳукмронликни қўлга киритишга зўр бериб, ўзгалардан юксалиш хасталигига чалинганлар жонингни қурбон қилиш – бағоят хайрли дея ишонтирмоқчи бўлади. Шахсий муҳофаза туйғуси одамдан ўзгалар ҳуқуқларини топташни талаб қилади, дейдилар, менимча, ўзгалар ҳуқуқларининг муҳофазаси – башарий энг олижаноб ва савобли аъмол. Яна айтаман: “Башарти, ҳаётимни сақлаб қолиш учун кимдир жувонмарг бўлиши зарур бўлса, мен учун ҳаммасидан ўлим афзал ва лаззатли. Башарти, мени ўлдирадиган олижаноб зоти шариф топилмаса, у ҳолда, куним битишини кутмай, ўз қўлим билан ўзимни асфаласофилинга жўнатаман”.
Шахсиятпарастлик, о, жигарим менинг, сўқир рақобат дояси; рақобат одамларни тўдаларга ажратади, ажралиш ҳокимиятни пайдо қилади, ҳокимият эса – низолару банди этиш воситаси. Қалб — жаҳолат ва жабру зулмнинг акси, яъни донишмандлик ва адолат ҳукмронлиги тасарруфида, бироқ ҳар тўрт томонда жаҳолат ва жабру зулм-ни урчитиш учун комидан қайралган қиличларни чиқарувчи ҳукмфармони қатъиян рад этади. Бу манфур ҳукмфармолик Бобилни ҳалокатга дучор қилган, Қуддуси шарифни харобазорга айлантирган, Рим иморатларини вайрон этган; бу шунчалар манфур зўравонликки, қонхўру одамхўрларни яратган, во дариғки, уларни буюк валлолматлар сифатида ардоқлайдилар! Шоирлар улар шаънига қасидалар битади, барча китобларда уларнинг исми шарифи зикр қилинади, бағрини бегуноҳлар қони билан лолазор қилганидан қатъи назар замин уларга қучоғидан жой беришдан бош тортмайди. Бироқ, о, биродари азиз, иштибоҳларинг домидасан, кушандаларинг амридан чиқолмайсан.
Самовий адолатли табиий қонунни муҳофаза қилувчи донишмандлик – чинакам ҳукмронлик. Қотилни қатл этиб, тўғрини зиндонбанд этиб, амалда қўшни мамлакатга бостириб кириб, минглаб аҳоли ёстиғини қуритадиган ва минг-минглаб кишиларни хонавайрон қиладиган ҳокимиятни қай асно адолатли дейиш мумкин? Қотилни қатл этадиган жаллодлар ва ўғрини жазолайдиган қароқчилар ҳақида тўдаларига содиқ кимсалар нима дейди?
Сен – жонажон биродарим ва мен сени севдим, бу – олиймақом адолат билан йўғрилган муҳаббат. Башарти, шоир бўлсам, қайси мамлакатда бўлишингдан қатъи назар сенга муҳаббатим адолатли ва холисона бўлмаса, афсуски, жирканч худпарастлигини ялтироқ муҳаббат либоси билан ниқоблайдиган мунофиққа айланаман.

ҚИССАДАН ҲИССА

Ай кўнглим-ай, кунлар кулфатлар гирдобида қуюндай чарх урганда таскин берадиган, бошим узра бахтсизлик қузғуни қанот ёзганда юпатадиган мунисам! Кимки ўз кўнгли билан дўст бўлмаса, ўзгалар ғанимига айланади. Кимки ўз сийратидан таскин-тасалли топмаса, тушкунлик исканжасида жон таслим этади, илло ҳаёт инсоннинг ботинидан қувват олади ва зинҳор-базинҳор ён-атрофдан кучланмайди.
Мен дилимдаги ардоқли каломимни ирод қилиш учун яралдим ва уни айтаман. Башарти ўлим жонимни қайтариб олсаю айтишга улгурмасам, каломимни эртанги кун айтажак. Иқбол интиҳосизлик сардафтарида яширин сир қолдирмагай.
Мен муҳаббат шон-шарафи ва гўзаллик ёғдуси оғушида давру даврон суриш учун яралдим, ва мен, беадад шукрки, дориломон яшаяпман ва одамлар ҳаётимга барҳам бера олмайди. Башарти улар кўзларимни ўйиб олса, муҳаббат алёрлари ва гўзаллик тароналари қучоғида яйрайман. Қулоқларимни беркитсалар, севишганлар нафаси ва гўзаллик ифори ила омухта муаттар шаффоф насимлар билан ҳузурланаман. Башарти, мени тоза ҳаводан маҳрум қилсалар, қалбим қудрати билан яшайман. Ахир, қалб – муҳаббат ва гўзаллик ҳурилиқоси.
Мен барча учун ва жамики ашёлар учун яралдим; якка-ёлғиз адо этаётган аъмолларимни келажак инсонлар наздида юксалтиражак. Бугун ёлғиз тил ила овоза қилаётганимни истиқбол минглаб забонлар ила оғоз қилажак!

Рус тилидан Абдуҳамид Пардаев таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 8-сон.