Мен тунни қаттиқ севаман. Худдики Ватанни ёхуд маъшуқани севишганидай ғайришуурий, чуқур, енгиб бўлмас иштиёқ билан севаман. Ҳа, мен уни бутун сезгиларим билан севаман: кўзларим уни томоша қилади, димоғим бўйларини сипқоради, қулоқларим унинг сукунатини тинглайди, қоронғулик менинг бутун андомимни эркалайди. Сўфитўрғайлар қуёшли кўмкўк осмонда, ёрқин тонгларнинг илиқ-милиқ, эркаловчи ҳавосида қандай куйлашса, бойқушлар ҳам зим-зиё кенгликларни қора доғ сингари кесиб ўтарак, тун қўйнида худди шундай ғизиллаб юришади, туннинг ҳудудсиз зулумотидан ширакайф бўлиб зириллаган, ваҳим товушлар чиқариб шодлик изҳор этишади.
Кун мени толиқтириб, ғам-ғуссага чўмдиради. У қўпол ва сершовқин. Мен эрталаблари суягим оғир уйғонаман, қўлим бормай кийинаман, уйдан маъюс чиқарканман, ҳар бир одим, ҳар бир ҳаракат, ҳар бир ишора, ҳар бир фикр, худди залворли юк сингари, менга малол келади.
Лекин, мана, қуёш ботиб бораркан, сўз билан ифодалаб бўлмайдиган бир шодлик бутун борлиғимни қамраб олади. Мен гўёки уйғонаман, жонланаман. Зулмат ўз пардасини ёйгани сари секин-аста мен ўзимни бутунлай бошқача навқиронроқ, қудратли ва тийракроқ, янада бахтиёрроқ ҳис эта бошлайман. Осмондан ибтидо олган сим-сиёҳ, ёқимли бир қоронғулик қуюқлашишини кузатаман; у сезилмас, аммо қоп-қора тўлқин сингари шаҳарни ғарқ қилади; рангларни, тарҳларни яширади, гўёки ювиб ташлайди, барбод этади; уйлар, одамлар, ҳайкаллар устига ўзининг кўринмас рўйжасини ёпади.
Шундай лаҳзаларда менинг худди бойқуш сингари шодликдан қичқиргим, томлар устида мушук каби дайдигим келади; томирларимни иштиёқнинг ҳукмфармо, музаффар бир ташналиги куйдира бошлайди.
Аввал бошлаб зулматга чўмган шаҳар атрофини, кейин эса теваракдаги ўрмонларни кезинаман, бу ўрмонларда менинг сингилларим бўлмиш тил-забонсиз махлуқларнинг, менинг оға-иниларим бўлмиш броконьер (ўғри овчи)ларнинг изғиб юришларини тинглайман.
Ниманики қаттиқ севсанг, охир-оқибат у сени ҳалок этади… Аммо менга нима бўляпти ўзи? Ҳарчанд тушунтириб беролмайман. Бу ҳақда сўзлаб беришга кучни қаердан олдим ақл бовар қилмайди. Билмайман, бошқа ҳеч нарсани билмайман. Айнан шундай бўлди — шуни биламан, холос. Ҳа, айнан шундай бўлди.
Эҳтимолки, бу ҳодисот кеча бўлиб ўтди ваҳоланки, аниқ кечамиди? Агар муқаддамроқ бошқа кун, бошқа ой ёхуд бошқа йилда содир бўлмаган бўлса, албатта кеча эди яна бир нарса деёлмайман. Ҳар қалай, бу воқеа кеча бўлган бўлиши керак, чунки ўшандан буён бошқа кун отгани, қуёш чиққани йўқ. Аммо-лекин тун қачондан буён давом этяпти? Қачондан буён? Ким айта олади? Буни бирор кимса, ҳеч бўлмаганда, қачондир келиб билиб ололармикин?
Кеча эди шекилли, кечки овқатдан сўнг ҳар кунги одатимча уйдан чиқдим. Атроф сокин, ҳаво ғоятда ёқимли, илиқ. Хиёбонга кириб борарканман, осмонда бошим устида гўё биноларнинг томи билан ўйиб ҳосил қилинган юлдузоқар қоп-қора дарёга кўзим тушди; кўча қайрилатуриб юлдузлар тўлқин урган бу дарёни повиллаб отилиб чиқишга мажбур қиларди гўё.
Юлдузлардан тортиб газчироқларгача барчаси енгил ҳавода липиллаб-ярқиллаб турарди. Осмон тоқларида ҳам, шаҳарда ҳам ҳад-ҳисобсиз чироқлар порлаб турганидан туннинг қаъри ёришиб кетган эди. Бундай порлоқ кечалар узундан-узоқ серқуёш кунлардан кўра завқлироқдир.
Хиёбондаги кўпсонли қаҳвахоналар шуъла тўкиб туради, одамлар эса сайр қилишади, хандон отиб кулишади, қадаҳ кўтаришади. Оний лаҳзага театрга назар солдим. Қайси театр эди у? Билмайман. У ер шунчалар ёруғ эдики, кўнглим ғаш тортиб тезгина узоқлашдим: зарҳал айвонни алойина-ошкор намойиш этиб турган ўткир ёруғлик, улкан биллур қандилларнинг ясамадай туюладиган ярқироқ нурлари, саҳна чироқларининг жилваланиши буларнинг барчаси нотабиий, чидаб бўлмас даражада бўлиб, кўксимни қайғу-ҳасратга тўлдирди. Мен Елисей далалари сари отилдим. у ерда тунги айшини бошлаган ресторанчалар барглар орасида гулхандай ловуллаб кўринади. Сап-сариқ шуълаларга чулғанган каштанлар ранг-баранг қилиб бўялган, ичдан нур таратиб турувчи афсонавий дарахтларга ўхшайди. Думалоқ электр чироқлари дам ялтироқ ва кумушранг оймомаларни, дам осмондан тушган ойсимон тухумларни, дам хиёл титраб турган улкан марваридларни эслатади: улар ўзининг сирли садафранг, айни пайтда шоҳона шуълалари билан манфур, расвойи раддибало газчироқларнинг аянчли «тилча»ларини ҳам, маржондай тизилган ранг-баранг шишачироқларни ҳам хира торттириб қўйган.
Мен Ғалаба дарбозасининг тагида тўхтаб, чироқларнинг икки томонлама мувозий занжири ўртасидан Парижга томон йўналган узун ва улуғвор шоҳкўчани ҳамда шундоққина бошим устидаги само ёритқичларини томоша қила бошладим. Эҳ, ҳудудсиз фазога таваккал сочиб юборилган ва у ерда жимжимадор нақшлар ҳосил қилган бу само машъалалари бизни тахаййюл ва орзу-истаклар оламининг қайси пучмоқларига етакламайди дейсиз?!
Мен Булон ўрмонига кирдим ва у ерда узоқ-узоқ қолиб кетдим! Дафъатан танамга ғалати бир титроқ югурди, кучли туғен тўлқин сингари бутун борлиғимни қоплаб олди, чексиз ҳаяжон ва сурурдан шайтонлаб қолай дедим.
Мен яна узоқ санғидим, жудаям узоқ. Кейин эса орқага қайтдим.
Ғалаба дарбозаси остида қайта пайдо бўлганимда қай маҳал эди? Билмайман. Бутун шаҳар қотиб ухлар, оғир ва сим-сиёҳ булутлар секин-аста осмонни босиб келар эди.
Дафъатан нимадир ғалати, фавқултабиий бир ҳодиса рўй беражагини ҳис этдим салқин кучайиб, ҳаво қуюқлашгандай, тун, ҳа, мен учун бағоят севимли бўлган шу тун юрагимни сиқиб, ўз оғирлиги билан босиб келаётгандай бўлди.
Энди шоҳкўча бутунлай бўшаб қолган. Ёлғиз икки миршаб файтонлар тўхташ жойида у ёқдан-бу ёққа бориб-келишарди. Дегандай, яна кўчанинг пилталари зўрға липиллаб турган газчироқлар билан ёритилган қатнов қисмида сабзавот юкланган аравалар турнақатор бўлиб Марказий бозор сари йўналган эди. Қороғуликка деярли сингиб кетган аравакашлар мудрашади, отлар бир-бирининг ортидан бир маромда йўртиб боришади, ҳатто ёғоч кўприкда ҳам туёқларнинг тақиллаши эшитилмайди. Кўча чироқлари шуъласида сабзилар қизил, шолғом — оқ, карам — яшил рангда йилтиллаб кўринади; бу қизил шунчаки қизил эмас худди олов, оқини худди кумуш, яшилини нақ зумрад дейсиз! Аравалар бирин-сирин ўтиб боришарди. Бирмунча вақт уларнинг ортидан тушиб олдим, кейин эса Қирол кўчасига бурилдим ва яна хиёбонга келиб қолдим. Энди на сершовқин оломондан, на ярқиллаган қаҳвахоналардан ному нишон йўқ, ёлғиз уйига сари шошилган бир неча кечиккан йўловчиларгина кўриниб қолади. Парижни ҳеч қачон ҳозиргидай ҳувиллаган, кимсасиз кўрган эмас эдим. Соатимга қарадим: тунги икки.
Ғайритабиий бир куч мени нуқилайди, яна изғишга ундайди. Бастилия майдонига бордим. Шу ерда дафъатан бу қадар сим-сиёҳ тунни бошқа ҳеч қачон кўрмаганлигимни англаб қолдим, негаки қоронғининг зўридан ҳатто Июль колоннасини ҳам илғаб бўлмас, унинг олтин қуббалари ҳам қуюқ зулматда кўздан ғойиб бўлган эди. Осилиб турган маҳобатли ва зич булутлар қатлами юлдузларни ютиб юборгани етмагандай, уни ҳам комига тортиш учун ерга тушган каби эди.
Мен изимга қайтдим. Атрофимда энди жон асари йўқ. Шундай бўлса-да, Шато д’О майдонида қандайдир алкашга урилиб кетай дедим, кейин у ҳам кўздан йўқолди; бирмунча вақт унинг алпанг-талпанг қадам товушлари баралла эшитилиб турди. Яна олға кетдим. Монмартрдан Сена дарёсига қараб файтон кетиб борарди. Кучерни чақирдим, аммо ҳеч қандай жавоб бўлмади. Друо кўчаси кунжагида алламбало бир аёл дайдиб юрибди.
— Жаноб, худо хайрингизни берсин…
Мен унинг узатилган қўлларини сезмаганга олиб қадамимни тезлатдим. Мана, яна ҳеч ким йўқ. «Водевиль театри» олдида эскифуруш оқава зовурини титкилаб юрибди — қўлчироғи нақ ер устида тебранади.
— Соат неччи бўлганикин, қадрдон? — сўрадим ундан.
У эса пўнғиллаб берди:
— Мен қаердан билай?! Соатим бўлмаса…
Айнан шу пайтда бирдан газчироқларнинг ортиқ ёнмай қўйганини сезиб қолдим. Биламан: йилнинг бу пайтида тежаш мақсадида анча барвақтроқ ҳали ғира-ширадаёқ газчироқларни ўчириб қўйишади; аммо-лекин қуёшнинг чиқишигача ҳали оламзамон вақт бор, оламзамон!
«Марказий бозорга борай-чи, ўйладим мен, ҳеч бўлмаса ўша ерда бирор ҳаёт нишонаси бордир, ахир?!»
Яна йўлга тушдим, бироқ энди қайси йўлдан юриш кераклигини тафриқа эта билмасдим. Худди ўрмонда кетаётгандай таниш кўчаларни тусмоллаб кетабердим.
«Лион кредити» биноси олдида менга ит ташланиб қолди. Граммон кўчасига қайрилдим, аммо яна тезда адашиб қолдим, токи Биржани темир панжараларидан таниб қолмагунимча шу тахлит адашиб юрабердим. Бутун Париж уйқуга чўмган, қандайдир чуқур ва ваҳим бир уйқуга чўмган. Тўсатдан узоқдан файтоннинг тарақлаши эшитилиб қолди, бу ҳализамон ёнгинамдан ўтиб кегган файтоннинг ўзгинаси бўлса эҳтимол. Уни қувиб етиш мақсадида бўм-бўш ва сим-сиёҳ зимистон кўчалардаги тарақлашга эргашиб кетабердим, ҳа, худди ўлим сингари зимистон кўчаларда.
Лекин яна адашиб қолдим. Ҳозир қаердаман? Шунча барвақтдан газчироқларни ўчириб қўйиш қанақа бемаънилик ўзи? На ўткинчилар, на кечиккан ишратпарастлар, на уйсиз дайдилар бирор кимса йўқ. Ҳатто мов бўлган мушукларнинг хумор-хумор миёвлашлари ҳам эшитилмайди.
Миршаблар қаёққа йўқолишди? «Дод соламан, шунда югуриб келишади», дедим ўзимга ўзим. Овоз бердим, бироқ тирик жоннинг саси чиқмади.
Каттиқроқ бақирдим. Менинг жуда заиф, бўғиқ овозим ҳатто акс-садо бермай ютилиб кетди — у гўё тун, ҳа, айнан ана шу зим-зиё тун томонидан янчиб, яксон этиб ташланган эди.
Мен энди барала дод солдим:
— Ёрдам беринглар! Ёрдам берингла-ар! Ёрда-а-ам!
Менинг ноумид қичқириғим жавобсиз қолди. Ҳар ҳолда соат неччи бўлдийкин? Мен соатимни чиқардим, аммо гугурт йўқ. Увоққина механизмнинг заиф чиқиллашига тасаввур этиб бўлмас аломат бир қувонч билан қулоқ тутдим: ишлаяпти! Ҳар қалай мен ёлғиз эмас эканим. Ақл бовар қилмайди!.. Яна кетавердим, худди кўр одам сингари деворларни асо билан пайпаслаб кетавердим. Алал-оқибат кун ёриша бошлармикан, деган умидда дам-дам осмонга қараб қўяман, аммо бошим устидаги чеки йўқ фазо қоп-қоронғи, мутлақо зимистон, шаҳардан кўра зимистонроқ эди.
Ҳар қалай соат неччи бўлса экан? Менга жуда узоқ адашиб юрганимдай туюляпти, негаки оёқларим чалишиб, ҳарсиллайман, устига-устак ўлардай оч қолдим. Мен аниқ қарорга келдим ва биринчи дуч келган эшикнинг мис ҳалқасини тортдим, эшик қўнғироғи уй ичида баралла жаранглай бошлади. Бу жаранглаш жуда ғалати гўёки уйда шундан бошқа товуш йўқдек.
Мен кутиб туравердим, на бирор тирик жон сас беради, на биров эшикни очади. Кўнғироқни яна бир марта урдим, кутдим яна ҳеч гап йўқ.
Мени қўрқув чулғаб олди! Қўшни уйга сари отилдим ва қўнғироқни эшикбон ухлайдиган қоронғи даҳлизга ҳам қаттиқ эшитиладиган қилиб устма-уст йигирма мартача урдим. Нима қилайки, эшикбон ҳам уйғонмади мен яна зўр-базўр олдинга интилдим: бутун кучим билан эшик дастакларини, қўнғироқ ҳалқаларини силталайман, дам асо билан, дам муштим, дам оёқларим билан эшикларни ураман, ҳарчанд қилмай улар тўрсайиб зич тамбаланганича қолаверди.
Дафъатан Марказий бозорда эканлигимни билиб қолдим. Бозор бўм-бўш эди на бирор-бир сас, на бир ҳаракат шарпаси, на бирорта арава, на бир инсон зоти, на сабзавотлар ғарами, на гул дасталари — ҳаммасини худдики ер ўз комига тортгандай! Бозор бутунлай ҳувиллаган, ҳаракатсиз, ташландиқ ва ўлик эди.
Мени расманасига ваҳима босди. Нима бўляпти ўзи? Эй худойим, нима бўляпти ўзи?!
Яна олға юрдим. Соат неччи бўлди? Неччи? Ким айтади, соат неччи? Бутхоналар қўнғироқхонасидаги соатлар ҳам, бинолардаги соатлар ҳам мум тишлагандай жим. «Соатимнинг шиша қопқоғини синдираман-да, милларини бармоқларим билан пайпаслаб вақтни билиб оламан». Шундай хаёл билан соатимни чиқардим… йўқ, у ҳам ортиқ чиқилламай қўйганди… соатим тўхтаб қолганди. На шаҳарда, на ҳавода ҳеч нарса, ортиқ ҳеч нарса қилт этмайди: на бир шитирлаш, на йилт этган нур, на бир шабада! Ҳеч нарса! Ортиқ ҳеч нарса! Ҳатто тобора узоқлашиб бораётган файтоннинг заиф тарақлаши ҳам эшитилмайди, ҳеч нарса!
Энди мен қирғоқда турардим, дарёдан муздай шабада эсмоқда.
А Сена-чи? У ҳалиям оқяптимикан?
Шуни билгим келди, тимирскиланиб зинани топдим, қуйиладим…
Ҳатто сувнинг кўприк остидаги гувиллаши ҳам эшитилмайди… Яна пиллапоялар… кейин қумлоқ… балки сувдир… Сувга қўлимни тиқдим… У ҳали оқаётир… оқаётир… совуқ… совуқ… совуқ… қарийб муздай… ҳатто бутунлай тўхтаб қолгандай… оҳ, деярли адо бўлгандай.
Бирдан аниқ-таниқ англаб етдимки, энди ҳеч қачон юқорига кўтарилиш учун ўзимда куч тополмайман… шу ерда шундайча ўлиб кетаман… ўлиб кетаман очликдан, ҳолсизликдан, совуқдан.
Русчадан Нодира Афоқова таржимаси