Явер муаллим дарахтга суянганча рақс тушаётганларни кузатарди. Рақс майдончаси ёш-яланг билан лиқ тўлганди. Тўғри, атрофда ёши каттароқлар ҳам оз эмасди. Ҳозиргина улар ҳам ёшлар билан биргаликда рақсга тушдилар. Аммо чолғучилар мусиқа суръатини ўзгартиргач, қувноқ куй янграй бошлади. Оҳанглар жадалроқ ҳаракатни талаб этар, аммо бунга катталарнинг юраги дов бермаётган эди. Ёшлар ҳеч нарсага парво қилмасдан, мусиқага уйғун тарзда ғалати овозлар чиқаришар, бетон майдончада депсиниб, сакрашарди. Қизларнинг бари йигитлардек шим кийиб олган, илк боқишда қизни йигитдан фарқлаш ҳам мушкул эди. Ҳаммасининг сочи юзига ёйилиб тушган, кўзлари мудроқ босган одамдек юмуқ эди. Явер муаллим дам олиш уйида бундай манзарани кўравериб кўзи пишган, йигитлар қизлардан ориқ ва тикроқ эканлигини ҳам тушуниб олган эди. Ҳа, албатта, баъзан акси ҳам учраб турарди. Масалан, тунов куни Явер муаллимни рақсга таклиф этган қиз бошқаларга умуман ўхшамас эди. Новчагина, узуноёқ бу қиз тушмагур чунонам қаққайган эдики, нақ хода ютган, дейсиз. У одамлар орасида ўз қадди билан ниҳоятда ажралиб турарди. Аслида, Явер муаллимнинг бўй-басти ҳам, кўз тегмасин, бу малласочдан ҳеч қолишмасди.
Бу зиёли кўринишли киши ҳафсала билан дазмолланган, чиннидек оппоқ кўйлаги ва кулранг шими, қиров босган сочлари, қора гардишли кўзойнаги билан эътиборни тортарди. Ҳойнаҳой, ана шу қиёфаси сабаб дароз қиз ҳам тап тортмай уни рақсга таклиф қилган бўлса керак. Явер муаллим қиздан узр сўраб, рақс тушишни эплолмаслигини айтди ва сўзининг сўнггида енгилгина таъзим ҳам қилиб қўйди. Қиз бироз ноқулай аҳволда қолса-да, ўзини йўқотмади. Гапни ҳазилга буриб, ўзимга муносиб одамни топдим деганимда, шу ҳам буюрмади, дея кулимсиради. Бугун ҳам қиз рақс майдончасида эди. Энди унинг ёнида бўйи бўйига мос бир неча йигитни кўриш мумкин эди. Улар янги келганлардан бўлса керак, кўринишларидан болтиқбўйилик одамларга ўхшарди. Бу оқшом қиз оқ-сариқдан келган ўша йигитлардан бирининг бўйнидан қучганча, нозланиб, эшилиб рақсга тушарди.
Явер муаллим кеча қизга ёлғон сўзлади. У рақсга тушишни яхши биларди, ҳатто ёқтирарди. Бироқ шу пайтгача бирор марта рақс майдончасига чиқмаганди. Баъзан оқшом чоғлари бор жасоратини йиғиб, тўпланганлардан бирини рақсга таклиф этишга жазм қилмоқчи ҳам бўларди. Лекин нимагадир ҳеч ботинолмасди. Бир тарафдан кечаги малласоч қиздек сўзи ерда қолиб, ўсал бўлишдан чўчирди, бир тарафдан эса уяларди. Кимдан? Уйда уни кутиб ўтирган рафиқасиданми, ўғил-қизиданми, набиралариданми? Йўқ. Унда кимдан? Ўзининг оқ сочларидан, ёшидан уялардими? Йўқ, Явер муаллим қолоқ одам эмас, гап-сўздан қўрқадиганлар тоифасидан ҳам эмас эди. Қариндош-уруғ, ёру биродарлар орасида Явер муаллимнинг намунали оила бошлиғи сифатида ҳурмати баланд эди. Тўғри, хотини авваллари уни жуда қизғанарди. Аммо энди булар узоқ хотирага айланганди. Эҳтимол, инсоннинг қалби, хотираси билан боғлиқ бўлган ҳазин таассуротлар ҳамиша ёшлигича қолар? Одамнинг ёши ўтганда ҳам хотиралар ўзининг дастлабки софлигини сақлар?
Энди рашк, оиладаги тортишувлар орқада қолди. Хотини Явер муаллимни дам олиш уйига жўнатар экан, мен энди қаридим, сизга хизмат қилишга ҳолим қолмади, қайтишда ўзингиз билан ёшроқ аёл олиб келинг, деб ҳазиллашганди. Явер муаллим ҳам табиатан қувноқ ва ҳозиржавоб одам бўлгани учун, меҳрибонимдан ўргилай, ишонавер, топиб келаман, дея ҳазил билан жавоб берганди…
Явер муаллим қанчалик некбин бўлмасин, келганидан бери тузуккина истироҳат қила олмасди. Аввал болаларидан хавотир олди. Уйга икки-уч марта қўнғироқ қилгандан кейин хотиржам бўлди. Сўнгра унга қон босими тушиб-чиқаётгандек туюлди. Шифокорга бориб, ўзини текширтирди. Саломатлиги ҳам жойида эди.
Дам олиш уйида кундузлари осойишталик ҳукм сурарди. Дам олувчиларнинг аксарияти кўл бўйига, ўрмонга сайрга чиқар, кексароқ кишилар, бетоблар, танҳоликни севгучи романтиклар ҳеч ёққа чиқишмасди. Шундайлардан бири Явер муаллим эди. У зериккани учун ҳеч қаерга кетмасди. Кўпинча одам зерикканда шовқин-суронли жойларга интилади, аммо Явер муаллим ёлғизликни хушларди. Ўзи ўзига ҳамсуҳбат бўлиб, нималарнидир аста пичирлаб сўзлаш унинг ёқтирган одати эди. Уйда ҳам дили хуфтон бўлган пайтларда хонанинг бир бурчига ўтириб олганча соатлаб сукутга ботарди. Бу ишда, олимлар деганларидек, касбий одатнинг ҳам муҳим аҳамияти бор эди. Чунки Явер муаллим олим, илмий-тадқиқот институтларининг бирида бўлим мудири эди. Ҳазилкашлиги, очиқ кўнгиллиги учун бўлса керак, ҳамкасблари тез-тез унинг атрофига йиғилишарди. Бу ҳол Явер муаллимнинг ишлайдиган жойига хос эмасди. Чунки ишхонаси одамларни кўринмас бир қолипга солиб, ҳаммага ўзининг юриш-туриш тарзини сингдирганди: у ерда ишлайдиганларнинг ғалати такаббурлиги, деярли ҳаммасининг айни феъл-атвори, айни олами, ҳатто Явер муаллимнинг таъкидлашича, айни зоҳирий аломатлари бор эди. Бу ҳолатнинг қай даражада яхши ёки ёмонлигини тадқиқотчиларга қўя қолайлик. Бироқ Явер муаллимнинг табиати бу “инкубатор” авзойидан кескин фарқ қилар, балки ана шу фарқ уни турли соҳа соҳиблари билан яқинлаширганди. У ҳамма билан тил топишиб кета оладиган одамохун инсон эди.
Явер муаллим дам олишга келганининг эртаси куни ҳовлига чиқиб, анча кезиб юрди. Ҳавони атиргулнинг муаттар иси тутган, само пушти рангда эди. Яқин атрофдаги тоғлар ҳам пушти рангли нафис дарпарда орқасидан мўралаётган булутларга ўхшар, гўё бу “булутлар” сал ўтмай қаёққадир ғойиб бўладигандек эди… Бино атрофидаги майсазорда ёнбошлаганча офтобда тобланаётганлар, газета, китоб мутолаа қилаётганлар ҳам диққатни жалб этарди. Явер муаллим ҳам шу майсазорга келди-да, ҳозиргина матбуот дўкончасидан олган янги газеталарни кўздан кечира бошлади. Рўпарасидаги ранг-баранг расмли хорижий журналларни варақлаётган ўрта ёшли, спорт кийимидаги аёл бошини кўтариб, газеталар бугунгими, дея қизиқди. Явер муаллим индамайгина аёлга газеталарни узатди ва унинг журналларига назар солиш учун ижозат сўради. Аёл майин табассум билан, марҳамат, дея жавоб берди. Журналлар қайси тилда эканлигини Явер муаллим билолмади, саҳифаларга наридан-бери кўз югуртириб, ўрнидан қўзғалди. Нимадандир кўнгли хижил эди. Ўз хонасига бориб ором олишни истарди. Аёл унинг безовталигини сезиб, тезгина газеталарни қайтарди. Явер муаллим олмади, бемалол ўқийверинг, кейин қайтарарсиз, – деди. Аёл миннатдорчилик билдирди. Оқшом кечки таомга кетаётганида аёл унга эшикнинг ёнгинасида етиб олиб, газеталарни тутқизди. Явер муаллим бироз хижолат бўлди. Бир нималар деб ғудраниб ҳам қўйди, лекин оғзидан чиққанни бурни эшитди холос. Агар аёл унга газеталарни бериш учун ўзи яқинлашмаса эди, турган гапки, Явер муаллим уни танимасди. Аёл зангори рангли кўйлак кийган, кўксида капалак шаклидаги бежирим тўғноғич йилтирар, қўнғир сочлари орқага таралиб, чиройли турмакланганди. Оппоқ, нозик амиркон туфлиси нафис товланарди, аёл гўзаллик соҳибаси эди. Явер муаллим хижолатликдан, тушуниб бўлмас ғудранишидан ер ёрилмадики, кириб кетса.
Ошхонадан чиққанда аёлга яқинлашиб бир-икки калима хуш сўз айтмоқчи бўлди-ю, аммо дарҳол фикридан қайтди – буни енгилтаклик деб ҳисоблади. Кейинроқ аёлнинг қўшни хонага жойлашганлиги маълум бўлди. Ўша оқшом рақс майдончасидагилар тарқалишгандан сўнг Явер муаллим зинадан ўз хонасига кўтарилаётган пайтда кимдир уни орқадан чақирди. Исмини айтишмаса-да, мурожаат ўзига қаратилганини ҳис этган Явер муаллим ўгирилди. Чақирган ўша аёл эди. Аёл унга етиб олиб, мабодо ўқишга ўзингиз билан бирор бир китоб олмаганмидингиз, деб сўради. Явер муаллим вақти етганча ўқиш ниятида йўл сумкасига уч-тўрт тарихий роман солиб қўйган эди. Ҳозир аёлга шу китобларнинг номини айтди. Аёл ҳайратдан қошларини кериб, анчадан бери бу китобларни ахтараётганини айтди ва ҳеч бўлмаса бирини ўқишга бериб туришини илтимос қилди. Китобни бир-икки кунда қайтаришга сўз берди. Явер муаллим одоб юзасидан аёлни ўз хонасига таклиф қилди. Аёл рози бўлди. Хонанинг эшиги очиқ эди. Ҳамхонаси рақсдан қайтганди. У паст бўйли, кўккўз, думалоқ юзли ва бир қарашда вазмин, камтар одамдек кўринган бир йигит эди. Ҳар ҳолда Явер муаллимга шундай туюлганди. Йигит аспирантурада таҳсил оларди. Қўшнисининг илмий-тадқиқот институтида бўлим бошлиғи эканлигини эшитганидан бери унга ниҳоятда илтифотли эди. Аёл хонага қадам босмасдан аввал Явер муаллимнинг йигит ҳақидаги фикри ижобий эди. Аммо аёл китобни олган заҳоти ташаккур айтиб, чиқиб кетиши биланоқ унинг бу кўккўз аспирантга бўлган муносабати тамомила ўзгарди… Чунки йигитнинг юзига айёрона илжайиш ёйилди, кўзларининг ранги ҳам қуюқлашгандек бўлди, у Явер муаллимга ғалати бир имо-ишора қилдики, муаллимнинг афт-ангори ўзгариб кетди, ғазабдан юрак уриши ҳам тезлашди. Кейин йигит Явер муаллимнинг аёл билан муносабатига шаъма қилиб, гапни айлантира-айлантира агар лозим бўлиб қолса, хонадан чиқиб кетишини, уларнинг ёлғиз қолишига имкон яратишини билдирди.
Ҳали оғзидан она сути кетмаган бу боланинг сурбетлиги Явер муаллимга худди тарсакидек тегди. Қони қайнаган Явер муаллим дам олиш уйи маъмуриятига мурожаат қилиб, ҳамхонам кечалари қаттиқ хуррак отаркан, деб баҳона қилди ва бир кишилик хонага кўчиб ўтди.
Икки кун ўтгач, аёл китобни қайтарганда Явер муаллим у билан яқинроқ танишди. Суҳбатлари ҳам кўнгилли ўта бошлади. Аёл мусиқа муаллимаси экан, ўз касби ҳақида ҳаяжон билан, болалардек қувона-қувона сўзларди. Баъзан Явер муаллим ҳам ўз иши, касби, қўл остидаги ходимлар, оиласи ҳақида сўзлар, аёлнинг кутилмаганда ҳазил аралаш берган саволларига тутила-тутила жавоб излар, ҳар замонда унга қўшилишиб куларди. Аёл Явер муаллимнинг чой дамлаш қобилиятига қойил қолганди. Оппоқ пиёлалардан чой ҳўплаб, чойхўрлик қилишганда дамлашнинг қонун-қоидалари ҳақида мароқланар ва айни вақтда ўзининг кулгили луқмаларидан қолай демасди.
Явер муаллим аёлдан беш-ўн ёш катта бўлса ҳам унинг ёнида ўзини худди болалардек соддадил тутар, ҳадеса қизариб, изза бўлаверарди… Кейинги кунлар дам олиш уйининг клубида биргалашиб кино кўришар, унча узоқ бўлмаган ўрмонга сайрга кетишарди. Гоҳида, ўрмондаги юқорилаб кетган тик сўқмоқ йўлга етганда аёл астагина Явер муаллимнинг қўлини ушлаб оларди. Бундай вақтларда кишининг юрагини ажиб ҳислар чулғаб олар, гўё қачонлардан бери қалбида заиф милтираб турган чўғ бу онларда ярқ этиб ўт оларди. Унинг нури Явер муаллимнинг кўнглини ич-ичидан ёритар, бу ёғду уммонининг тўлқинларида у ўзини бошқа бир оламга тушиб қолгандек ҳис қиларди. Худди оёқлари ерга тегмаётгандек енгил қадам ташлар, ўрмоннинг нариги чеккасига бир зумда етиб олиш учун кучига куч қўшилганини сезарди. Аслида бундай ҳолатнинг, ҳаваснинг сабаби биргина аёлда эмас эди. Асосийси аёлнинг эътибори, балки энг муҳими, сўнгги йиллар сўна бошлаган ўзига ишонч ҳиссининг аёл билан бирга қайтадан юрагига қайтиши эди. Явер муаллим ёш деганлари одамлар ўйлаб топган уйдирмадан бошқа нарса эмаслигини энди англай бошлади. Ёш бир кишан бўлиб, уни маълум муддат ўтгач, инсон ўз истагига боғлиқ бўлмаган ҳолда мажбурлаб тутқизилган арзонбаҳо ҳадядек қабул қилишга маҳкум, деган фикр кечарди хаёлидан. Аёл унинг қўлидан тутган онда Явер муаллим болакайдек энтикиб, дам олиш уйининг рўпарасидаги дарахтга чиқиб олгиси ёки атлас қанотли капалакларнинг ортидан қувиб кетгиси келар, лекин ўзини зўрға тийиб турарди. Атрофдагиларнинг масхараомуз назарлари, истеҳзоли кулишлари бўлмаганда эди, аёлни даст кўтариб, кўл тарафга югуриб кетган бўларди. Аммо кўпдан бўйнига олгани – кексалик деган ғов унга тўсиқ эди.
Аёл ўз ишлари борасида сўзлашни яхши кўрса-да, оиласи ҳақида лом-мим демасди. Қизиқ, унинг эри, болалари бормикин? Бу саволлар бир-икки марта Явер муаллимнинг тилига келай деган, аммо бўғзида қолганди… Аёл жуда жозибали, бу жозибанинг маркази унинг кўзлари эди, катта-катта кўзларининг қуюқ киприклари орасидан маъноли боқиши унинг чеҳрасига сеҳрли бир кўрк бахш этарди. Қоп-қора кўзлар қизиқсиниб, гўдак маъсумлиги билан узоқларга тикилганда Явер муаллим тили учидаги саволларни беришга андиша қилганидан ҳаяжонланар, ва ҳар дафъа бу саволларни беролмагани учун ўзини оқларди. Чунки бундай пайтлар муаллим, балки у ҳеч қачон турмушга чиқмагандир, деган фикрга борарди. Бироқ бу фикр ҳам аёлнинг оиласи бор ёки йўқлиги ҳақидаги тараддудлантирувчи тушунчаларини бир ёқлик қила олмасди….
Ҳозир Явер муаллим жўка дарахтига суяниб, рақсга тушаётганларни томоша қилганча аёлни кутарди. Аслида, у аёл билан учрашув вақтини белгиламаганди. Умуман олганда, улар бу кунлар давомида ҳеч бир келишувсиз қай вақт, қаерда кўришишларини яхши билардилар. Кундалик учрашувлари рақсдан кейинги сайр билан тугарди. Сайрдан сўнг ҳар бири ўз хоналарига кириб кетишарди. Явер муаллим ўз хонасида душга тушиб, бироз китоб ўқигандан сўнг уйқуга кетарди. Аёлнинг чироғи эса алламаҳалгача ёниб турарди. Ҳойнаҳой, у кечалари мутолаа қилар? Кеч ётса-да, тонглари аёл чеҳрасида ҳорғинликнинг асари кўринмасди, кўзлари ҳамиша ёниб турар, болаларча соддалик билан олисларга термиларди….
…Аёл бу тунда жўнаб кетиши керак эди. Кеча Явер муаллимга бу ҳақда ўзи айтганди. Дам олиш уйидан электр поездида шаҳарга, кейин таксида аэропортга етиб олмоқчи эди. Кеча бу сўзларни эшитаркан, Явер муаллим хафаланса-да, маъюсликдан тез орада қутулишига амин эди. Тўғрисини айтганда, буни хафалик деб ҳам бўлмасди, чунки бу дунёда ҳар бир киши йўл-йўлакай таниш бўлиб қолган, ниҳоятда қисқа муддат бўлса ҳам сўз-суҳбати қовушган одамлар билан айрилишганда ана шундай туйғуларни бошидан кечиради. Ҳа, ҳозир аёл келади, улар кечки сайрга чиқишади, бирпас ёнма-ён кезиб, кейин ўз хоналарига қайтишади. Сўнгра у бироз дам олади, кеч соат иккида поездда шаҳарга йўл олади, у ердан эса аэропортга. Учиш вақти саҳарга яқин, соат бешда. Бу қандай рейс экан, тавба, шунақа вақтга ҳам учишни белгилайдими? Явер муаллим рейс вақтини белгилаганларнинг шаънига алланарсаларни минғирлади. Аёл кетиши керак. Вассалом….
Явер муаллим яна ўн-ўн икки кун шу ерда қолади. Бу кунларни амаллаб ўтказиб олади, Худо хоҳласа. Яна биров билан танишишни эса хаёлига ҳам келтирмасди. Чунки қалбига илиқлик бера олган одамдан айрилмоқ қийин. Йўқ, албатта, масала ҳеч ҳам бугун айрилиши керак бўлган инсоннинг аёл бўлганида эмас эди. Явер муаллимнинг бу аёл билан жиддий муносабат боғлаш нияти ҳам йўқ эди. Явер муаллим ўз феълини яхши биларди, одамлар билан танишиб, дўстлашмоқ, кейинчалик бутунлай айрилиш унга жуда оғир эди. Хусусан, ўткинчи танишликдан кейинги айрилиқдан чўчирди: сўзи сўзингга уйғун келган одамлигини сезиб турасан, аммо бир неча соатдан кейин уни бир умрга йўқотишингни ва бошқа ҳеч қачон кўрмаслигингни ҳам биласан. Майли… Аёл кетади, Явер муаллим бир-икки кун сиқилиб, соғинади, сўнгра ҳаёт яна ўз изига тушиб кетади.
Аёл келди. Ўзи билан чиннигул атрини олиб келди. Майдончада эса дунё янгидан остин-устун бўлаётганди. Ёшлар яна ирғишлаб, сапчишда бири биридан ўтарди. Мусиқанинг жаранги оламни зириллатар, бу шовқин-суронда рақс тушаётганларнинг жазаваси тутгандан тутарди. Чолғучилар микрофонлар овозини энг юқори даражага чиқариб қўйгандилар. Бунинг сабаби бор эди, албатта. Дам олувчиларнинг кўпчилиги бугун кетиш арафасида бўлиб, мусиқада ҳам, одамларнинг юз-кўзида, ҳатто рақсда ҳам жўшқинлик билан бирга қандайдир дард бор эди. Қизиқ, нима учун бундай эди? Аёл ҳам айнан шу бугун, аниқроғи бир неча соатдан кейин кетиши керак эди. Явер муаллим буни яхши билса ҳам, ўзини ёшлар каби тутмасди, рақсга тушишга уринмасди.
Бир вақт аёл оҳиста қадамлар билан унга яқинлашиб, қўлидан тутди. Эгнига ёқаси чиройли ўйилган, калта енгли, мовий рангдаги кўйлак кийганди. Аёлнинг юзига капалак мисоли майин бир табассум қўнганди, лекин кўзларининг туб-тубига совуқ қайғу чўккандики, уни фақат юрак билан туймоқ мумкин эди. Явер муаллим бу қайғуни юрак кўзлари билан кўриб турарди. Ҳар иккиси бир муддат сукут сақлади.
Явер муаллим рақс майдончасидан узоқлашмоқчи бўлди. Эндигина бир қадам ташлашга улгурган эдики, аёл тўхтанг дегандек унинг тирсагини аста сиқди. Явер муаллим тўхтади, аёлнинг истагини тушунолмай таажжуб-ла қаради. Ахир аёл шунча кундан буён ақалли бир марта бўлса ҳам рақсга тушмаганди. Гўё бугун ўтган кунларнинг ҳам ҳиссасини чиқаришни истаётгандек кўринарди. Шу пайт янги мусиқа эълон қилинди: “Оқ рақс”. Аёллар эркакларни таклиф қила бошладилар. Аёл Явер муаллимнинг қаршисида туриб, енгил таъзим қилди. Явер муаллим аввалига ўзини йўқотиб қўйди, таклифни рад этмоқчи бўлди, лекин кўзи аёлнинг тилни лол этгувчи назари билан тўқнашганда, ўжарлигидан буткул воз кечишдан бошқа иложи қолмади…
Ёшлар турган жойларида донг қотдилар. Ёши улуғ бўлган бу жуфтликнинг даврада чарх уриши уларни асир этган эди. Чолғучиларнинг ҳам ҳаваси ортган эди. Явер муаллим ўзини ҳавода сузаётгандек ҳис қилар, чиннигул атри унинг ихтиёрини олганди…
Рақс тугади. Ҳамма олқишлаб, қарсак чалди. Явер муаллимни ранжитган кўккўз, орсиз аспирант одамлар орасидан отилиб чиқиб, унинг юзи ва қўлидан ўпди. Аёл бу салқин оқшомнинг ўзидек дардли ва ғамгин эди….
Аёл тунги соат иккида йўлга тушди. Явер муаллим унинг жомадонини кўтаришиб, поезд бекатигача кузатиб қўйди. Сўнгра қўл сиқишиб, хайрлашдилар. Энди ҳаммаси орқада қолганди: “оқ рақс”, олқишлар, хайрлашув онлари, ҳазин видо сўзлари. Явер муаллим қайтиб, ўз хонасида ётиб олди. Уйқуси тамом қочганди. Юраги тоққа чиққан одамнинг юрагидек тез урарди. Нимадандир кўнгли ғаш, қалбининг тубига чексиз бўшлиқ чўкканди. Анчагача гоҳ у, гоҳ бу тарафга ағдарилди. Уйқуси келмади. Кейин қандай қилиб ўрнидан турди, қандай кийинди, қандай қилиб кўчага чиқиб қолди, ҳеч бири ёдида йўқ.
Ёмғир майдалаб ёғаётган эди…
Явер муаллим ёнидан ғизиллаб ўтаётган машиналарга қўл кўтарди. Аксига машиналар тўхтамас, аллақайларга шошилишарди. Ниҳоят, таксилардан бири тўхтади. Явер муаллим ҳайдовчига аэропортга олиб боришни илтимос қилди. Ҳайдовчи йўлнинг жуда узоқлигини, камида бир соатда етиб олишларини айтди. Явер муаллим ҳайдовчини кўндираркан, харажатни ортиғи билан тўлашга сўз берди…
Ҳайдовчи рози бўлди. Машина тезликни оширди.
Машина аэропортга етганда самолётга чиқиш эълон қилинган, офтоб чиқиб, кун ҳам ёришган эди. Аёл бировни ахтаргандек атрофга боққанча зинапоядан кўтарилиб борарди. Кузатувчилар чеккада туриб, кетаётганларга қўл силкишарди. Аёл ҳам бир тўхтаб, атрофга назар солганда Явер муаллим ҳам унга қўл силкиди… Аёл кулимсиради ва қўлини силкитди.
Ўз хонасига қайтиб келгандан кейин ҳам узоқ вақт аёл мени кўрганмикан, дея узоқ ўйлади… Ахир у кулимсираб қаради ва ҳатто қўл ҳам силкиди. Балки аёл уни кўрмагандир, шунчаки бу ерлар, кечирган кунларига қўл силкиб, видолашгандир. Балки, энди ҳеч қачон бу тарафларга йўлим тушмаса керак, демоқчи бўлгандир… Йўқ, йўқ, аёл уни кўрган, бунга Явер муаллим амин эди…
Явер муаллим келаси ёз ҳам ўша дам олиш уйига келди. Бир ҳафта ўтмай зерикди. Самолётга билет олиб, ўтган йил аёл учиб кетган аэропортдан жўнади.
Йўл бўйи ўтган йилги дам олишдан қайтаётгандек туюлаверди. Қулоқларида эса ҳамон “оқ рақс” куйи янграрди. Бу куйни ҳатто самолёт моторининг гувуллаши ҳам босиб кета олмасди.
Озарбайжон тилидан Шаҳло Қосимова таржимаси
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 2-сон