Ўшанда, бир қўлида нон, иккинчисида товус патларидан ясалган пирпирак билан дунёга сиғмай юрган бу рангпар, озғин ва оёқяланг болага вақти келиб денгиз соҳилида уч қаватли уйинг, айвонлари чор тарафга қараган ҳашаматли мулкинг бўлади, десалар, эҳтимолки, у таажжубланмасди. Бундан ғурурланиб, “Самолётим ҳам бўладими?” деб сўраган бўларди.
Ундаги бу кибр, бу худпарастлик қаёқдан пайдо бўлдийкин? Буни ҳеч ким айтолмасди.
Мактабда ёмон ўқимасди. Жанжалкаш, жангари ҳам эмасди. Аммо, ҳамма унинг тезроқ мактабни битириб, каттароқ ўқишга киришини ёки Бокуда каттароқ ишга илиниб, бу қишлоққа қайтиб келмаслигини истарди.
У дунёга келган куни онаизорнинг ўзи дорулфано билан видолашганди. Аслида кўплар бола ҳам ўлган бўлса керак, деб ўйловди. Туққан хотиннинг атрофида гирдикапалак бўлиб, қўрқувданми, ҳаяжонданми тили калимага келмай қолган доя хотин бир тарафга эътиборсизгина ирғитган митти гўшт парчаси кутилмаганда шундоқ фарёд солдики, хонадагиларнинг эсхонаси чиқиб кетаёзди. Бу қичқириқдан жони узилаётган аёл ҳам бир сесканиб кетди. Сўнгги бор кўзларини катта-катта очганча омонатини топширганди.
Бу воқеани қишлоқдаги катта-кичик биларди. Чақалоқнинг чилласи чиқмай, ҳали бу сўз-суҳбат тугамай, қишлоққа отасининг ҳам майитини олиб келишганда, баъзилар уни туман марказида машина уриб кетганини айтди, баъзиларнинг айтишича, катта йўлда жасади топилган, кимлигини билишолмай, ўликхонага олиб боришган, таниш-билишлари хабар топиб, уни қишлоққа келтиришган.
Шу тариқа қирқ кунлик чақалоқни ким боқиши масаласи кўндаланг чиқди. Ҳеч кимнинг бу бехосият чақалоқни катта қилишга юраги бетламади. Қариндош-уруғлар болани Бокудаги етимхонага элтиб топширишга келишганида, Самоя исмли бир аёл индамай келиб, гўдак болани амакисининг хотини қўлидан олди ва сассиз орқага қайтди. Сўнгра орқасидан қадалган савол тўла кўзларга боқиб айтди:
– Эрим йўқ, отам, ака-укаларим йўқ. Балки шу бола менинг суянчиғим бўлар.
Лекин бу бола емай егизиб, киймай кийгизиб катта қилган Самояга ҳам, ўзининг туғишган қавм-қариндошига ҳам суянчиқ бўлмади. Мактабни битирар-битирмас ҳаммадан юз ўгириб, Бокуга кетди. Самоя ҳам бундан ортиқча ранжиб ўтирмади.
– Бировнинг қорнидан тушган бола бошқага эл бўлармиди? Ҳозирги кунда ўз туққан болангдан оқибат кўрмайсан-ку! – Самоя лаблари титраб-титраб яна шуни ҳам илова қилганди: – Худонинг ёзгани шу экан-да! Тақдир…
Ўшанда одамлар билгандики, Самоя болага берган нон-тузига рози бўлса-да, қисматидан рози эмас. Шу боис, ҳеч ким унинг ёнган юрагига мой ҳам сепмади, таскин ҳам бермади, ҳамма сукутга толди. Орадан йиллар ўтиб, унинг суратини газетда, ойнаи жаҳонда кўрганлар ҳам бу эски суҳбатга қайтмади. Самоя ҳам дунёдан ўтиб кетди. Аммо, ўшангача бир кимса унинг ўзи билан олиб кетган ғам-андуҳидан хабар топмади.
Бола эса улғайиб, ўсиб, кўтарилиб борди. Уйланди. Шундай бир оиланинг қизини олган эдики, дунёдаги барча эшиклар унинг учун очилгандек эди. Лекин ҳеч ким билан чиқиша олмайдиган инжиқ хотини, бола-чақаси, қайин-бўйинлари бир қўлида буғдой нони, бирисида товус патидан ясалган пирпираги бўлган бу болани сева олишмади. Бунда қандай сир бор эди?
Хотини бир неча йил илгари ўғлига қўшилиб хорижга кўчиб кетганида бу ҳақда бир оғиз маслаҳатлашиш нега ҳеч қайсисининг хаёлига келмаганини у тушуна олмасди. Уни шунчалик унутишган эдики, гўё бу одамнинг ўзи умуман ҳаётда бўлмагандек.
“Ўлиб кетмайдими бари”, ўйлаганди ўшанда, “Уй-жойим бўлса, давлатим умримнинг охиригача етиб ортса, менга яна нима керак? Ҳар қалай, ўлигим кўчада қолиб кетмас”.
У ҳозир учинчи қаватда, айвонда ўтирганча ана шуларни хаёлидан кечирарди. Ва бу ўй-хаёллар ичида баданини совуқ тер босганди. Орада кўнглига бир ёруғлик инар, кўп ўтмай, дарров сўниб қоларди. Аввалига совқотяпман, деб ўйлади. Денгиз сабоси унинг юзларини сийпалагани сари совуқ тер ичига ғарқ бўлиб борарди. Ич-ичидан қандайдир ҳароратни ҳис этса-да, аъзойи баданини титроқ тутиб, тишлари тарақлай бошлади.
“Мен ўзи нима учун бу ҳақда ўйлаб қолдим? Нега буларни эслашим керак? Ҳаммаси олдинда-ку! Тезроқ тонг ота қолмайдими?”
Фикрлари ярмидан кесилди. Ҳаво етишмаётганини ҳис этди. Тавба, бу баландликда, денгиздан бор-йўғи 50–60 метр узоқда нима учун унга ҳаво етишмаяпти?
“Балки қон босимим ошгандир?” Миясига биринчи бўлиб урилган фикр шу бўлди. Шошилинч шиппагини оёғига илиб, хонага кирди. Айланма зиналардан иккинчи қаватга тушди. Ётоқхонага ўтди. Дераза очиқ бўлгани учун узун ҳарир пардалар ҳаволаниб, уни қучоқламоқчи бўлганида кўнгли беҳузурланди. Ўзидан четга сурмоқчи бўлгани сайин пардалар уни янаям маҳкамроқ ўз оғушига олмоқчи бўларди. Бу не ҳаяжон бўлди? Нега ҳамма нарса унинг ғашига тегаверади? Пардани зарб билан узиб, ерга итқитди. Айвонга чиқди. Яна нафаси сиқилди. Денгиз томондан ғалати шовуллаш эшитиларди. Шамол тўхтаганди. Тўлқинлар ҳам тинган. Унда сукунат бағрини ёриб чиқаётган бу овоз қаердан келяпти?
Бу ерда ҳам ҳаловат топмади. Ётоқхонанинг айвонга очилган эшигини ҳам, бир неча кундан бери очиқ турган деразаларни ҳам ёпди. Гўёки уни маҳв этишга уринаётган ваҳиманинг йўлини тўсмоқчи бўлди.
Жойига узанмоқ истади. Каравотнинг устидаги чойшабни кўтарди. Лекин каравотга ҳам ўтиролмади. Гўё каравотга ётса, уни сўнгсиз бир уйқу олиб кетадигандек. Хонада ундан бошқа яна кимнингдир борлигини ҳис қилди.
– Ким? – деб бақирмоқчи бўлди, овози чиқмади. Бўғзига нимадир тиқилди, шекилли. Хириллашга тушди…
Йўқ, бошқа ёзолмайман. Қўлларим қалтираяпти. Кафтларим жиққа терга тўлган. Бу вазиятда бошқа давом этмоқ мушкул. Юрагим кўксимга сиғмаяпти. Дукиллаб ураётганини эшитяпман.
“Кўзларини юмди, худди уйқуга кетгандек. Ўлди…”
Шу икки жумлани ёзиб, тўхтатаман.
Бу қотиллик эди. Уни мен ўлдирдим. Дунёга келиши билан ўз волидасини ўлимга гирифтор этган бу кимсани мен ўлдирдим. Билмадим, кўриниши қанақа эди, бўйи қанча эди? Фақат шуни биламанки, бу унинг учун жуда арзон ўлим бўлди. Лекин бу ҳақиқий қатл эди. Мен уни ўлдирдим…
Қўлларим титрайди…
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси