Азиз Несин. Устаси фаранглар (ҳикоя)

Биз олий ҳунар мактабида ўқиймиз. Ичимизда энг ёши йигирма учга чиққан. Мактабимизга янги директор тайинланганига икки ой бўлди. У ишни олдинги директор нималар қилганини ўрганишдан бошлади. Буни қарангки, олдинги директор анчагина ишлар қилиб қўйган экан. У мактаб ертўласини бир ярим метр чуқурлатиб, сувоқдан чиқарган, оқлатган ва ошхонани шу ерга кўчиртирган экан. Юқори қаватдаги ошхонани синфхонага айлантирган экан. Синфхонаси бўлмаган мактабни мактаб деб бўладими, ахир!
Олдинги директор яна қандай кароматлар кўрсатган? Унинг буйруғи билан синфхона деворлари сариққа, ётоқхона эса пуштига бўятилган экан.
Хўш, иннайкейин-чи? Иннайкейин, илгари битта партада икки киши ўтирарди. Талабалар ёнма-ён ўтирганларида гапга тушиб кетиб, дарс мияларига кирмайди. Шунинг учун у парталарни бир кишилик қилиб ясаттирган.
Янги директор мана шуларнинг ҳаммасини билиб олгандан кейингина, астойдил ишга киришиб кетди. Олдинги директор қурувчи деб ном чиқарган бўлса, қурувчи қанақа бўлишини мана, энди биласиз!
— Бу зимистон қанақа жой ўзи?
— Ошхона.
— Ия, эсларинг жойидами, ертўлада ҳам ошхона бўладими? Ахир бунақа жойда иштаҳа деган нарса хиппа бўғилади-ку! Дарров текислаб ташланг бу ертўлани!
Ошхона илгариги жойига кўчди. Бир кишилик парталар синфхоналардан чиқариб ташланди. Эски парталар қайта жой-жойига қўйиб чиқилди.
— Болалар ёнма-ён ўтирса, мияси яхши ишлайди.
Деворларнинг бўёғи ҳам ўзгартирилди — пуштиси оққа, сариғи яшилга бўялди.
Олдинги директорнинг бемаъни ишларини шу кўйда тузатиб чиққан янги директор ўзининг қурилиш бобидаги теша тегмаган планларини рўёбга чиқаришга киришиб кетди.
— Бу қанақа гап — олий мактаб деб аталса-ю, ҳовузи бўлмаса!
Янги директор шу биргина гапи биланоқ ҳаммага ёқиб қолди.
— Бу одам кетворган уста экан-ку!
Мактаб боғининг қоқ ўртасида ҳовуз қазиладиган бўлди. Қум, шағал, цемент ва ғишт келтирилди. Лекин… Иш авжи қизиган пайтда уста директор каттароқ ишга кетди-ю, ҳовуз қурилиши ўлда-жўлда қолди.
Унинг ўрнига тайинланган янги директор ҳам серғайрат чиқиб қолди. Хона деворларига янги бўёқ берилди. Қадимги ертўлага яна ошхона кўчиб тушди. Ётоқхона кино залига айлантирилди. Икки ўринли парталар синфлардан улоқтирилди.
— Бу нима деган гап, бу ер бошланғич мактаб эмас-ку!
Парталар ўрнига бирпасда стол ва стуллар қўйилди.
Биз бу ислоҳотларга унча парво қилмадик. Лекин олий ҳунар мактабининг бўлажак кўрки — ҳовузнинг тақдири нима бўларкин, деган ўй билан бандмиз.
— Хўш, манави чуқур нима? Қум билан шағал нима қилиб ётибди бу ерда?— деб сўраб қолди директор.
— Ҳовуз қилмоқчи эдик, афандим.
— Нима, нима? Ҳовуз дейсизми? Бу қандай бемаънилик! Кўмиб ташланг бу чуқурни!
Қазилган жой қум, шағал, ғишт ва цемент билан кўмиб ташланди.
Қурилиш бобида буниси эски директорни бир чўқишда қочирадиганга ўхшайди.
— Ҳозирги ёшлар европача рақс тушишни билмаганликлари учун кўпинча жамоатдан ажралиб қоладилар. Қолаверса, катта йиғинларда рақс билмай қизариб қолишади, — деди бир куни директор.
Ҳовузга мўлжалланган жойда рақс майдончаси қилинадиган бўлди. Ерни яхшилаб текислаб, устидан бетон қуйишди. Бетонга авжи пардоз бериб турилганда директоримиз тўсатдан мактабдан олиниб, каттароқ ишга тайинланди.
Янги келган директор буларнинг ҳаммасидан ҳам ўтиб тушадиганга ўхшайди.
У синфлардаги столларни чиқариб ташлашдан иш бошлади.
— Бу ер нима — мактабми ё қиморхонами? Йўқотинг бу столларни!
Столлар бир зумда икки ўринлик парталарга алмаштирилди.
Деворларнинг ранги ҳам ўзгармай қолмади: сариғи пуштига, пуштиси пистоқига, оҳи кўкка, кўки оққа қайтадан бўяб чиқилди. Синфлар, ошхона ва ётоҳхоналарнинг жойи ўзгарди. Навбат рақс майдончасига келди.
— Бу нима? — сўради уддабурон директор.
— Рақс майдончаси… Олдинги директор буюрган эди, чала қолди.
— Нима? Бу ер қиморхонами ўзи? Бу мактабдан чиққанлар нега чаламулла десам, гап бу ёқда экан-да. Ҳозир кўзимдан йўқ қилларинг бу ўйинхонани.
Майдонча бирпасда бузиб ташланди.
— Аввало, инсонга тан соғлиқ керак, — ҳикматли бир гапни айтиб қолди директор. — Ўқувчилар бадантарбия билан шуғулланишлари керак.
Рақс майдончасининг ўрнида қўлбола стадион қуриладиган, бир томонда теннис, иккинчи томонда волейбол ўйналадиган бўлди. Стадионга гимнастика билан шуғулланиш учун ҳар хил анжомлар келтирилди. Уларни ўрнатиш учун ер ковлаб, бетон чуқурлар қазилди. Иш айни тобига келай деб турганида, директор бошқа жойга кетиб қолди.
Унинг ўрнига келган кишининг олдида эски директорлар чўт бўлмай қолди. Янги директор мактабга биринчи келган куниёқ, хўжаликни кўздан кечираётиб, сўраб қолди:
— Бу анжомлар нимаси?
Кимдир «олдинги директор…» деб оғиз жуфтлаган ҳам эдики, гапни чўрт кесиб ўшқириб берди:
— Йўқотинглар бу темир-терсакларни!
— Хўп бўлади, тақсир.
— Бу ер олий мактабми ё томошахонами? Мактаб деган жойда аввало боғ, қолаверса, фонтанли ҳовуз бўлиши шарт.
Қурувчилик заковати сезилиб турган янги директор ўзидан олдингилар қилиб кетган ҳамма нарсаларни буздириб, синдириб ташлади. Қурилиш ишлари янгидан бошланди.
Чала қолган спорт майдончаси яна ковлана бошланди. Лекин уни ковлаш жуда амри маҳол бўлди. Чунки бу ерда ҳовуз, рақс майдончаси, стадион қурмоқчи бўлиб иш бошланганида ҳар гал бетон ётқизилган. Устма-уст ётқизилган бетон чунонам метин бўлиб кетибдики! Ерни динамит билан портлатмоқчи бўлишган эди, бетон қолиб, уйларнинг ойналари чилпарчин бўлди. Ер ковлайдиган электр лом ҳам иш бермади. Ер ковлаш нефть қудуғи қазишдан ҳам қийин бўлди. Ниҳоят, ноиложликдан бетоннинг устига тупроқ ётқизиб, унга роса ўғит солишди. Шундан кейин бу ерга дарахт, гул кўчатлари ўтқазилди, чим ётқизилди. Қарабсизки, қулинг ўргилсин бир боғ бўлди-қўйди. Аммо боғимизнинг умри қисқа экан, директор яна ўзгарди.
Янги директор ғоят ишбилармон одам чиқиб қолди. У мактабга келган куниёқ ерда ётган қарағай ва хурмо ниҳолларини, ҳар хил ўғитлар билан қора тупроқни кўриб, жон-пони чиқиб кетди:
— Бу қандай бефаросатлик! Бу ер олий мактабми ё ботаника боғи билан ўрмон хўжалигими?
Кейин сал ҳовуридан тушиб, буюрди:
— Дарров гумдон қилинглар буни! Бу ерни яхмалак қиламиз!
Яхмалак бўлса яхмалак-да, бизга нима. Бироқ яхмалак бўладиган ерга тош терилаётганида биз мактабни битирдик. Қўлга диплом олаётганимизда терилган тош устидан бетон ётқизишаётган эди. Ўшандан буён қайтиб мактаб бетини кўрмаганлигим учун унинг тақдири нима бўлганлигини, кейин келган директорлар нима ишлар қилишганини билмайман. Буни қаранг-а, ҳа-ҳу дегунча орадан йигирма йил ўтиб кетибди-я!
Мактабимизда бир одат бор эди: ҳар йили мактабни битирувчилар шарафига «Ловия куни» деган тантанали маросим ўтказиларди. Мактабни илгари битириб кетганлар ҳам бу байрамга таклиф этилади. Кекса ва ёш авлод шу тариқа бир-бири билан бу ерда танишиб олади.
Синфдош ўртоқлардан бири мактабга директор булиб қолган экан, ўша барака топкур мени ҳам традицион кечага айттириб юборибди.
Биз йигирма бир йилдан буён кўрмаганлигимиз учун мактабимизни зўр қизиқиш билан айланиб чиқдик. Бир пайтлари мен билан бир синфда ўқиган директор ўртоғим меҳмонларга изоҳ бериб турибди:
— Шу мактабга директор бўлиб келганимда синфлар юқори қаватда, ошхона эса пастда экан. Бундоқ қарасам, ўқувчилар деразадан атрофга қараб, хаёлларини бузишар экан. Дарров синфларни қуйи қаватга кўчириб, ошхонани юқорига олиб чиқдим. Кейин лаборатория билан ётоқхоналарнинг ҳам ўрнини алмаштирдим. Ҳожатхоналар туркча экан, европача қилдирдим. Синф деворларини…
Тушлик маҳали бўлиб қолди. Йигирма бир йил илгаригидагига ўхшаб қўнғироқ чалинди. Бир зумда қий-чув кўтарилди. Мактабни турли йилларда битириб чиққан меҳмонлар зир югуриб, ошхона қидиришади, бири ётоқхонага, бошқаси эса синфхонага кириб қолади. Ўзимни айтмайсизми? Ошхона қолиб, ҳожатхонага кириб кетибман. Маълум бўлишича, биздан кейин келган директорлардан бири ошхонанинг ўрнини ҳожатхонага айлантирган экан. Бир амаллаб ошхонани топдик. Зиёфат тугагач, директор мактабни тамомлаётган ёшларга қарата нутқ сўзлади:
— Менинг ёш ўртоқларим! Инсоният маданияти ижодкор кишиларнинг меҳнати билан ривож топади. Ҳар бир маърифатли одам ўзидан олдинги авлодлар бошлаб берган гўзал ва зарур нарсаларни эҳтиёткорлик билан асрайди, сўнгра буларни янада такомиллаштириб, кейинги наслларга топширади. Инсоният маданияти худди эстафетага ўхшайди — у авлоддан авлодга ўтиб боради. Мана бугун сизлар ҳаёт остонасига қадам қўймоқдасиз. Сизлар ҳам ўзингиздан илгари яратилган нарсаларни такомиллаштирасиз-да, сўнгра худди бизга ўхшаб кейинги наслларга узатасиз. Шу тариқа биз маданият тараққиётига ҳисса қўшган бўламиз. Мамлакатимизни тараққиёт йўлидан бошлаб борайлик! Менинг ёш ҳамкасбларим! Агар биз сизга қурувчилик завқини бахш этган бўлсак, ўз бурчимизни шараф билан бажарган бўламиз. Ижодкор қурувчи бўлинг! Ишингизда муваффақият тилайман.
Директорнинг нутқи гулдурос қарсаклар билан қарши олинди.
Сўнгра биз «Фахрий кишилар хонаси»ни томоша қилдик. Мактабимиз тарихида бирор арзигулик из қолдирган кишиларнинг расмлари шу хонага қўйилган экан. Бўйи баробар олинган бу суратларнинг остига эгаларининг қилган ишлари ёзиб қўйилибди.
Ёзувларни бирма-бир ўқиб чиққач, кимнинг нима қилиб кетгани бизга равшан бўлди:
Саидбей: мактабимизда биринчи бўлиб ҳовуз қурдирди.
Жалолбей афанди: мактаб ўқувчилари учун биринчи бўлиб рақс майдончаси очиб берди.
Муҳтарам Руҳибей: мактабимизга биринчи бўлиб гимнастика майдончаси қурдириб берди.
Муҳтарам Нажотибей: мактабимизда биринчи бўлиб боғ яратди.
Муҳтарам Аҳмад Тенер: мактабимизга биринчи бўлиб яхмалак қурдирди.
Мактабга қанча директор келган бўлса, ҳаммаси тўғрисида шунақа гаплар ёзилган.
Директор ўртоғим мен билан хайрлашар экан, бир жойни кўрсатиб деди:
— Омон бўлгур олдинги директор ҳов ўша жойни футбол майдони қилмоқчи бўлган экан. Ўзинг ўйлаб кўр, дўстим, шу ҳам гап бўптими! Ахир, бу ер олий мактабми ё футбол клубими?
— Ўзинг нима қилмоқчисан у ерни? — сўрадим ундан.
— Дарвоқе, билмай турибман, ҳали бирор фикрга келганим йўқ… Шундай бир нарса қуриш керакки… Сен нима деб маслаҳат берасан?
Гапимга кирсанг, сен ўша ерга, мактабимизга директорлик қилган ҳамма одамларнинг ҳайкалини ўрнатиб чиқ. Бу билан сен ҳам уларнинг ҳурматини ўрнига қўйган бўласан, ҳам ёш авлодга ибрат бўлади!
У билан хайр-маъзур қилиб, жўнаб қолдим. Ўртоғим менинг таклифимни тўғри маънода тушунган экан, ўша ерга ҳайкаллар ўрнатибди. Охирги директорнинг ҳайкалини ўрнатай деб турганида, бояқиш бошқа ишга ўтиб кетибди. Кейин эшитишимча, унинг ўрнига келган янги директор ҳайкалларни олдириб ташлаб, мачит қуришни буюрибди. Унинг буйруғи билан қурилаётган мачит битганми ё битай деб турганида у бошқа ишга ўтиб кетганми — азбаройи худо, бунисидан хабарим йўқ.

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси