Азиз Несин. Сигарет қутисидаги арз-додлар (ҳикоя)

Биз қишлоқ баққолининг каталак дўкончаси олдида тўхтадик. Шиша идишга лампа мой қуйдириб олаётган аёл ҳам, баққол ҳам бизни кўриб мийиғида кулиб қўйди.
— Рашид оға сизларни кутиб ўтирибди, — деди баққол бизга қараб. — Ҳув юқоридаги қаҳвахонага бораверинглар. Манави тепаликдан ўтиб, ўнг қўлга буриласизлар.
Икковининг кулгиси ғалати туюлди; бу кулги ҳам пичинг, ҳам таънага ўхшаб кетарди.
Ҳайрон бўлиб сўрадим:
— Рашид оға деганингиз ким ўзи?
— Тезроқ бора қолинглар. Кўзи тўрт бўлиб ўтирибди. Борганда биласизлар.
У кўрсатган тепаликка чиққан эдик, узоқдан қаҳвахона кўринди. Шу пайт олдимизга бир бола чопқиллаб келди-ю: «Рашид бувам кутиб ўтирибдилар», — деганича изига қайтди.
Қизиқ, нима гап экан ўзи? Тўғри қаҳвахонага қараб юрдик. Одам билан лиқ тўлган қаҳвахонага кириб, ўтирганларга салом бердик. Қаҳвахўрлар бизни кўриб, бир кулиб қўйишди. Яна ўша истеҳзо аралаш кулги…
— Рашид оға ким бўлади?
— Ҳа, менман…
Деворга тақаб қўйилган узун курси устида чордана қуриб ўтирган пахмоқ соқол, истараси иссиққина бир деҳқон шундай деди-ю, ўрнидан туриб, биз томон юрди.
— Хуш келибсизлар!
— Хуш кўрдик. Рашид оға сиз бўласизми?
— Ҳа, менман.
— Бизни кутаётган эмишсиз, йўлда кимни кўрсак шунақа дейди. Кутаётганингиз ростми?
— Қани, ўтиринглар, ўтиринглар. Кутаётганимиз тўғри-ю, лекин сизларни эмас. Устингиздаги шаҳар кийимини кўриб, сизларни ўшалар деб ўйлашибди. Бирор нарса ичасизларми?
Биттадан айрон сўрадик. Кейин машинамиз йўлда бузилиб қолганлигини, пиёда келаётганимизда дуч келган киши: «Сизларни Рашид оға кутиб ўтирибди», деганини айтдик. Рашид оға қаҳвахонани тўлдириб ўтирган деҳҳонларга қараб:
— Биз кутган одамлар булар эмас. Ўтган йили кўрмаганмидингиз уларни? — деди.
— Ҳа, кўрганмиз, кўрсак албатта таниймиз. Булар эмас, — деб жавоб қилди бир неча киши.
— Ўзи нима гап, Рашид оға, кимни кутяпсизлар?
Рашид оға олдимизга бир тугунча келтириб қўйди. Сўнгра уни авайлаб очиб, ичидан тўрт дона бўш сигарет қутиси олди.
— Биз мана шу қутиларнинг эгаларини кутиб ўтирибмиз, — деди у сигарет қутиларини бизга узатар экан. — Омонат нарса бўлгани учун сақлаб қўйибмиз.
Қутиларнинг иккитаси «Ениже», қолганлари эса «Геленжак» ва «Бўғоз ичи» сигаретларидан бўшаган экан. Рашид оға улашаётганида менга теккан «Геленжак» қутисига разм солиб қарасам, аллақандай илон изи ёзувларга, турли-туман белги ва рақамларга кўзим тушди.
— Бу нима ўзи, Рашид оға? — сўрадим чолдан.
— Булар бизнинг арз-додларимиз бўлади.
— Қанақа арз-додлар?
— Бизнинг арз-додларимиз. Ҳозир одат бўлиб қолган, юртда сайлов яқинлашди дегунча барака топкур улуғларимиз қишлоқма-қишлоқ юриб, деҳҳоннинг арз-додини эшитадиган бўлиб қолганлар.
Тунов йили шунақа бўлди. Улар қишлоғимизга келиб, кимнинг нима арзи бўлса, айтаверсин, дейишди. Тумонат одам йиғилди. Улар тўрт киши экан, аптамбилдан тушиб келишди. Ичларидан биттаси халойиққа хитоб қилди: «Оғалар, шу вақтгача ҳеч ким сизларнинг арзларингизга қулоқ солмаган эди. Демократия — халқнинг дилига қулоқ солиш деган гап. Шунга кўра, биз бугун ҳузурингизга келдик. Кимнинг дилида нима гапи бўлса, битаверсин, қулоғимиз сизда».
Мана, сизга арз керак бўлса, деб дилимиздагини тўкиб солдик. Бизлар гапириб турибмиз, улар ёзиб олишяпти.
— Афандим, безгак тинкамизни қуритиб юборди, шундан қутқаринг бизни! — деган эдик, улар дарров ёзиб олишди.
— Ёлғиз ўзим беш синф боласини ўқитиб юрибман, қишлоққа ўқитувчи юборинглар! — Муаллимнинг бу гапини ҳам тўртталаси баробар ёзиб олишди.
Хуллас, улар кетма-кет сигарет тутатиб, биз нима десак, шуни ёзиб олишаверди. «Ҳозирча бунга имкон йўқ, тўхтаб туринглар», деган гапни эшитмадик. Мен ёнимда турган муаллимнинг қулоғига шивирлаб: «Буларга негадир кўнглим чопмаяпти», — деб қўйдим. Чиндан ҳам кўзимга ғалатироқ кўринишарди. Нимаики айтмайлик, ҳаммасига бирпасда рози бўлишаверди.
Уларни бир синаб кўрмоқчи бўлдим.
— Илоҳим кам бўлманглар, — дедим уларга қараб, — ҳамма дардларимизни ёзиб олдинглар, раҳмат. Энди охирги илтимосимиз бор: қишлоққа поезд йўли тушса девдик.
Сигарет қутисининг орқасига буни ҳам ёзиб қўйишди.
Қош қорайди. Меҳмонлардан иккитаси қўлидаги қутиларни ташлаб юборди. Дарров бориб ердан олдим-да, чўнтакка солдим. Қаҳвахонадан чиқиб кетишаётганида улоқтирилган учинчи қутини ҳам ёнимга солдим. Улар аптамбилга минишди. Ғизиллаб юриб кетган аптамбил орқасидан қўл силкиб турувдик, яна алланарса улоқтирилганини кўриб қолдим. Югуриб бориб қарасам, сигарет қутиси экан, дарров олдим. Ўша тўртта сигарет қутиси шу бўлади. Энди тушунган бўлсангиз керак. Бизнинг жамики арз-додларимиз шу қутиларга ёзилган. Яқинда хабар келди, бу йил ҳам арз тинглагани келишармиш. Шуларни кутиб ётибмиз.
Қутиларни қўлга олдим. «Ениже» қутисининг устига олти марта «Шукрия! Шукрия!», бир марта «Шук» деб ёзилибди. Яна ёнма-ён тушган уч юлдузу, бир қайиқ сурати. Катта ва кичик қилиб бир талай учбурчак ва тўртбурчак шакллари солинган. «Бўғоз ичи» қутисининг устида мана шу ёзувларни кўрдим: «Қайнағамнинг ўртоғи ҳақида илтимос қилиш… Вофибейни дурустроқ ишга жойлаштириб қўйиш… Куёвни Италияга кетаётган делегацияга киритиш… Акс ҳолда, истеъфо беради, деган гапни тарқатиш… Уч юз минг можароси… Раққоса, раққоса» (беш жойда қайтарилган)… Саккизта юрак расми.
«Геленжак» қутисига каттакон кўз сурати солинган бўлиб, ичига қимор соққаси чизилган. «Бўлади, жуда яхши, бўлади, жуда яхши» деган сўзлар гоҳ ёзма, гоҳ босма ҳарфлар билан беш-ўн марта ёзиб қўйилган.
— Ана келишяпти!
— Келишяпти!
Қаҳвахонага жон киргандек бўлди. Унинг олдида тўхтаган машинадан уч киши тушди.
— Марҳабо, оғалар! — деди улардан бири.
— Ассалому алайкум, ватандошлар! — деди иккинчиси.
— Ҳорманг биродарлар! — деди учинчиси.
Деҳқонлар ҳозиргина бизни қандоқ кутиб олишган бўлса, уларни ҳам шу кулги билан қарши олишди.
Келганларнинг иккитаси Рашид оғанинг ёнига, учинчиси нарироқдаги узун курсига ўтирди. Улар ўнг қўлларини кўкракка қўйиб, қаҳвахонадагилар билан бирма бир сўрашиб чиқишди.
— Ўтган йилдан бери кўришмадик, қалайсизлар оғалар? — сўради ичида семизроғи.
Ҳамма учун Рашид оға жавоб берди:
— Раҳмат, яхшимиз. Ўзларингиздан сўрасак?
— Биз ҳам яхшимиз. Илгаригидан дурустмиз. Сизлар ҳам илгаригидан дурустга ўхшайсизлар. Ҳаммангиз қувноқ кўринасиз. Илоҳим вақтингиз чоғ бўлаверсин.
— Оғалар! — хитоб қилди уларнинг ичида ёши энг кичиги, — демократия — халқнинг дилига қулоқ солиш демакдир. — У «Геленжак» сигаретини чўнтакдан олиб, лабига қистирди. Қаҳвахоначи оташкуракда унга чўғ тутди. — Биз сизлардан олган илҳом билан ишлаймиз. Мана, яна ҳузурингизга келдик. Ҳеч тортинмай, дилингизда бор гапларни айтаверинг… Сизлар айтган нарсаларга қулоқ солиш бизнинг бурчимиздир. Кўнгилда нима муддао бўлса, барини андиша қилмай айтаверинглар!
Олдинига атроф сув қуйгандек жим бўлди-ю, кейин шивир-шивир гап бошланди.
— Аввало, шу безгак дастидан дод, — гап бошлади тик турган деҳқонлардан бири. — Ёстиғимизни қуритиб кетяпти. Ботқоқ жойларни қуритиш керак, дори сепган билан бўлмаяпти.
Учови ҳам бу гапни сигарет қутисига ёзиб олди. Шу пайт Рашид оға ёнидагининг ёзувига тикилди:
— Кечирасиз, афандим, нотўғри ёзиб олганга ўхшайсиз?
«Бўғоз ичи» сигарет қутисини қоралаб ўтирган одам ёзган нарсасини дарров ўчириб ташлади-да, шоша-пиша янгидан чизиқ тортди.
— Нега энди? — сўради «Геленжак» қутисининг эгаси. — Ахир ботқоқнинг қуритилиши…
— Дарвоқе, кўзимга янглиш кўринганга ўхшайди, — Рашид оға шу гапни айтди-ю, ёнидаги тугунчани тиззасига қўйиб, ичидан «Геленжак» сигарет қутисини олди, кейин унинг устидаги ажи-бужи чизиқларни эгасига кўрсатди. — Ўтган йили ҳам безгак деганимизда шунақа ёзган экансиз.
Қаҳвахонада «гур» этиб кулги кўтарилди.
Бошқа бир деҳқон арз қилди:
— Муаллим сўраймиз, қишлоқда муаллим етишмайди.
— Етишмайди! — деди «Ениже» қутисининг эгаси.
— Нотўғри ёздинг, афандим, — деди Рашид оға тугунчадан ўтган йилги «Ениже» қутисини олиб кўрсатиб. — Ўтган йили муаллимимиз шу ҳақда гапирганда сен «Шукрия! Шукрия!» деб ёзган эдинг.
Меҳмонлар сигарет қутиларини бирин-кетин чўнтакка солишди.
— Овора бўлиб ёзиб ўтирманглар, ҳамма гап бу ерда бор. Манави чизиқлар пабриканики, манави олтита юрак эса поездники бўлади, — деди Рашид оға қўлидаги қутиларни уларга узатар экан. — Манави қути бугун келмаган жанобники.
Бояги семиз одамнинг жаҳли чиқди:
— Булар нимаси?
— Нима бўларди, арз-додлар-да. Аммо сизникими ёки бизникими, бунисини билолмайман.
Улар ўринларидан туриб, чиқиб кетишаётганида чол яна гап қотди:
— Шукриянинг ишини унутманглар. Уч юз минг-а. Тағин бунинг устига, юлдуз билан қайиқнинг расми-я…
Ҳамма қаҳвахонадан чиқиб машина томон юрди.
Олдинда бораётган уч кишидан бирини йўтал тутди:
— Сигаретни ташлаш керак.
Иккинчиси унга қўшилди.
— Мениям мазамни қочиряпти.
— Тўғри, ташламаса бўлмайди, зарари тегяпти, — қўшиб қўйди учинчиси.
Учови машинага ўтириб жўнаб қолди. Деҳқонлар эса ҳамон қотиб-қотиб кулишарди.

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси