Азиз Несин. Безовта бўлманг (ҳикоя)

Ҳайкалтарош Ҳикмат ёмон одам эмасу, лекин бечоранинг битта айби бор-да: ҳаддан зиёд сертакаллуф. Икковимиз ўн беш йиллик қадрдон бўлишимизга қарамай, доимо мени «ҳазратлари», «афандим» дейди. Баъзан такаллуфни шунақаям ошириб юборадики, назарингда худди сени калака қилаётганга ўхшайди. У билан биринчи танишганимда мен ҳам шунақа бўлгандим. Кичик одам бўлишимга қарамай, мен билан худди ҳукумат бошида турган партиянинг каттакон амалдорига гапираётгандек «ҳазратлари» деб қуллуқ қилаверганидан бирам хижолат бўламан, бирам ўсал тортаманки, асти қўяверинг.
Ҳайкалтарош Ҳикматнинг нега бунчалик сертакаллуф бўлиб қолганлигининг сирини кейинчалик билиб олдим. Унда айб йўқ экан, бир вақтлари саройга яқин юрган оиланинг фарзанди бўлганлиги учун лутф-назокат қон-қонига сингиб кетган экан. Бувасининг отаси султон Азизнинг бош қайиқчиси, яъни султон тушадиган қайиқда эшкакчиларга буйруқбардор бўлган экан.
Бош қайиқчи деганда кишининг кўз ўнгига кўкракларини жун босган, қоядек қоматдор, қўл-оёқлари ғўладек бир паҳлавон келади. Бизнинг ҳайкалтарош Ҳикмат эса, бунинг акси… пачоққина. Бувадан то набирага қадар бўйнинг кичрайиб бориши худди ҳозирги турмуш даражамизни акс эттиргандай. Ҳукуматимиз амалга оширган кейинги иқтисодий тадбирнинг таъсири остида бўлса керак, Ҳикмат ҳам шу сиёсатдан «баҳраманд» бўлаётган демократик гражданнинг ўзи бўлиб қолган.
У чуваккина, ёқимтой, назокатли, артист табиат одам. Бошқача айтганда, турмушда бирор нарсани эплай олмаслик ва оч қолиш учун инсонга нимаики керак бўлса, шуларнинг ҳаммасидан топилади.
Тунов куни шу қадрдон дўстимнинг уйига бордик. Кўз кўзга тушиши билан одатий қилиғини бошлади:
— Ҳазратлари!
— Э, Ҳикматбей, қўйсанг-чи шу ҳазратларингни…
— Жоним билан, афандим.
— Афандингни ҳам йиғиштириб қўй.
— Хўп бўлади, тақсир.
— Нега одамни хуноб қиласан, тақсир демасанг туролмайсанми?
— Айтмаслигим мумкин, афандим, нега мумкин бўлмасин, тақсир.
У, фақат менга эмас, дўкондорга ҳам, этик мойлайдиганга ҳам, қўшнисига ҳам, хуллас, дуч келганга шунақа мурожаат қилаверади. У шунақа қилавергандан кейин сен ҳам муомалани нозиклаштиришга мажбур бўласан. Аммо бунақасига ҳеч менинг тилим келишмайди, у эса расмана гап айтолмайди.
Унинг хоналари катакка ўхшаган шинамгина уйи бор. Бизни у катта хонага олиб кирди. Энди курсига ўтирай дегандим, югуриб келиб:
— Йўқ-йўқ, худо ҳаққи, бу ер бўлмайди, яйраб ўтиролмайсиз, — деб қолди.
Қўйсанг-чи, бўлаверади…
— Бўлмайди, афандим, қани бу ёққа марҳамат қилинг.
Ноилож туриб кўрпачага ўтирдим.
— Оҳ, бу жой ҳам менга ёқмаяпти.
— Овора бўлма, менга маъқул.
Югуриб кириб, ичкаридан уч-тўртта болиш олиб чиқиб, белимга, тирсагим тагига қўйди.
— Ўтиниб сўрайман, безовта бўлмай ўтиринг…
— Ўзинг безовта бўлма, азизим, мен жуда яхши ўтирибман…
— Ёзилиб ўтиролмаяпсиз-да.
— Йўқ, жуда яхши ўтирибман.
— Азбаройи худо, тўғрисини айтинг, безовта бўлаётганингиз йўқми?
— Йўқ-йўқ, асло.
Ошнам сира оғиз очишга имкон бермайди.
— Ноқулай жойда ўтирибсиз, қани, бу томонга ўтинг, суяниброқ ўтирасиз.
Ўзим яхши ўтиргандим, уни ҳадеб безовта қилавермаслик учун деворнинг нариги бурчагига ўта қолдим. У яна бир талай ёстиқ келтириб ташлади.
— Тўғрисини айтинг, ташвиш чекаётганингиз йўқми?
— Йўқ, биродар, асло. Ўзинг оворагарчиликни қўй, жуда яйраб ўтирибман.
Назаримда азият чекаётганга ўхшайсиз…
— Нега энди, азизим, жуда яхшиман.
— Шабада кириб безовта қилаётган бўлса, деразани ёпиб қўя қолай?
— Йўқ-йўқ, шабада яхши бўляпти.
— Каминаи камтаринингизнинг назарида ҳазратлари безовта бўлаётгандек туюляптилар, тақсир, ўтирган жойингиз ноқулай…
— Жойим яхши.
— Ичкарига марҳамат, ўша ер қулайроқ.
Нариги хонага кўчдик.
— Жон афандим, айбга буюрманг…
— Йўғ-э, нега ундай дейсиз, жуда соз, оғайнижон!
— Ишқилиб, айб қилмасангиз бўлгани.
— Айб дейсизми? Ҳеч қанақа айбли иш йўқ-ку…
— Яхши ўтиролмаяпсиз-да…
— Яхши ўтирибман-ку.
— Ҳа, ўтиргандай бўлмаяпсиз… .Чамамда, безовта бўляпсиз. Ўтирган жойингиз анча зах, қани, бу ёққа марҳамат қилинг!
Хонадан хонага, хоналарда эса бурчакдан бурчакка ўтавериш жонимга тегди. Бурма болишлар устма-уст келиб турибди.
— Қалай энди, яхши ўтирибсизми?
— Яхши, жуда яхши.
— Ишқилиб, азият чекманг-да.
— Йўғ-э.
— Айбга буюрманг, ўзим билиб турибман…
— Хўп.
Ундан безовта бўлмаслик, айбга буюрмасликдан бўлак гап эшитмай қолдим.
Хайрият, охири дастурхон ёзилди.
— Дастурхонга қаранг, афандим.
Ошнам тушмагур қилиғини яна янгидан бошлаб юборди:
— Курсида яхши ўтиролмаяпсиз, мана бунисига ўтинг.
Шўрвага қошиқ солиб энди ичай деб турган эдим:
— Йўқ, тақсир, азият чекяпсиз, тагингизга болиш келтиришсин, — деб қолди.
— Ҳожати йўқ, шундоқ ҳам яхши ўтирибман.
— Марҳамат қилиб овқатдан олинг, илтимос қиламан!
— Оляпман, Ҳикматбей.
— Марҳамат қилинг, худди ўзингизнинг уйингиздагидек еб-ичиб ўтиринг…
— Раҳмат.
— Шакароб оғзингизга ёқмади шекилли…
— Йўғ-э, еб ўтирибман-ку.
— Тузи кам бўлса…
— Йўқ, тузи жойида…
— Хўп, айбга буюрмайсиз…
— Йўғ-э…
— Марҳамат қилиб олиб ўтиринг.
— Мерси… Бўлдим.
— Худо ҳаққи, олинг!
Қорним роса тўйган бўлса ҳам, олинг деб қистайвергани учун яна озроқ тотиндим.
— Кўриб турибман, овқат сизга ёқмади.
— Жуда ажойиб бўлибди, қўлингиз дард кўрмасин.
— Олинг, ош бўлсин… Пиёз билан қўшиб олинг… Лекин ҳеч емаяпсиз-да, афандим. Ҳазратларига бир илтимосим бор эди.
— Марҳамат, Ҳикматбей…
— Аммо айбга қўшмайсиз! Қорнингиз оч қолди.
— Йўғ-э, жуда тўйдим.
Овқатдан кейин қаҳва узатилди. Ҳикматбей менинг ғамимни еб, яна бир неча марта бурчак билан курси алмаштиришни таклиф қилди… Тоқатим тоқ бўлди, Ҳикматбей билан икки оғиз тузукроҳ гаплаша олмай, уйга қайтдим.
Кеча намозшомга яҳин эшик тақиллаб қолди. Қарасам, ҳайкалтарош Ҳикматбей. Кўриб жуда хурсанд бўлдим.
— Келинг, марҳамат, Ҳикматбей…
— Ўзларини безовта қилмай қўя қолай, афандим.
— Йўғ-э, нега безовта бўлар эканмиз, қани, ичкарига марҳамат қилинг…
— Йўқ-йўқ, ортиқча овора қилмай қўя қолай.
— Хизмат…
— Афандим, ҳазратларини безовта қилишдан мақсад…
— Безовтаси борми бунинг.
— Бизнинг кулбада сиқилмай ўтирдингизми, шуни билмоқчи эдим.
— Жуда кўнгилдагидек бўлди, раҳмат.
— Тўғриси, сизни яхши кутиб ололмадик.
— Йўқ-йўқ, жуда яхши бўлди.
— Йў-ў-ўқ, ёзилиб ўтиролмадингиз.
— Ўлай агар, худонинг балосига учрай ёлғон гапирсам, остона ҳатлаб кўчага чиқолмай қолай, жуда яхши ўтирдим.
— Каминангиз билиб турибди, ҳазратлари кўнгил учун шундай деяптилар, аслида яхши ўтиролганлари йўқ.
Сабр косам тўлиб кетди. Ўт ўчирувчи машинадек бир наъра тортиб юборган эканман, қўни-қўшнининг ҳаммаси уйдан отилиб кўчага чиқди.
— Безовта бўлганим йўқ! Йўқ! Йўқ!
Ҳикматбей чуваккина гавдасини эшик орқасига олди. Шунда ҳам у:
— Йўқ, афандим, айбга буюрманг, яхши ўтиролмадингиз. Энди каминангизга ижозат, сизни анча безовта қилдим, — деб чулдирарди.

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси