Азиз Несин. Ҳазилкаш одамлар (ҳикоя)

«Ҳаёт — аччиқ нарса, жаноблар. Ҳаёт — тиканли йўл. Ҳаёт…» Ана шунақа чукур маъноли гаплар ёзилган учта дафтарим бор. Буларнинг ҳаммаси ҳаёт фалсафаси билан тўла.
«Ҳаёт — бу турган-битгани уқубат демакдир. Ҳаёт — бу зўр машаққат билан чиқиладиган чўққи демакдир. Ҳаёт — бу орқасига қайтмайдиган оқар сув демакдир». Сўнгги дафтаримнинг сўнгги бетига «Ҳаёт нима ўзи?» деб ёзиб қўйдим.
Боя айтганимдай, ҳаёт — бу аччиқ нарса, жаноблар. Ишонмасангиз, мана мен ҳикоя қилиб берай, сиз ҳукм чиқаринг.
Мен ишсиз лақиллаб юрган эдим. Йўқ, отамдан катта мерос қолгани учун эмас, балки қидиравериб иш тополмаганим учун бекор эдим. Бу ёғини сўрасангиз, икки кундан бери фақат ҳаво ва сув билан тирикман. Шу аҳволда бир боққа кириб, ҳаёт ҳақида чуқур фикр суриб ўтирибман. Ёнимда ўтирган одам қўлидаги газетасини ўқиб бўлиб, саккиз буклаб чўнтагига тиқаётган эди, сўраб олдим. Дарров эълонлар бўлимига кўз югуртирдим. Бир жойда эркак ва аёллар ишга қабул қилиниши ҳақидаги эълонни ўқидиму, баданимга қон югурди. Газетани эгасига қайтариб бердим. Вақтни бой бермаслик керак. Охирги кучимни тўплаб ўрнимдан турдим-да, ўша кўрсатилган жойни излаб кетдим. Мана, шаҳарнинг савдо маҳкамалари жойлашган катта бинонинг бешинчи қавати. Ҳар хил таъналардан қўрқиб лифтга ўтирмай, зинадан чиқдим. Газетада кўрсатилган 18-хона олдида турибман. Одам кўп. Хонага кириб кетаётганларнинг юзида аллақандай умид порласа, ичкаридан қайтиб чиқаётганлар ғамгин, ғариб кўринади.
Иш ваъда қилган одамларнинг олдига тетик кирай, деган мақсадда анча нафасимни ростлаб олдим. Кейин мен ҳам бошқаларга ўхшаб хонага кирдим.
— Газетадаги эълонни ўқиган эдим, — дея мурожаат қилдим кўринишидан эшикбонга ўхшаган одамга.
— Ичкари кириб кутиб тур, — деди у.
Хонада қатор курсилар қўйилган. Буларда олти аёл ва саккиз эркак ўтирибди, менга ўхшаган тўрт киши тикка турибди. Кўриниши ўзимга ўхшаган бир одамдан сўрадим:
— Ўзи нима иш экан?
— Билолмадим, навбат билан ичкарига чақириб туришибди. Бири ўн минутда, бири ярим соатда бўшаб чиқяпти. Нима учундир ҳаммаси ҳам ичкаридан дарғазаб бўлиб чиқяпти.
Айтгани келди. Шу пайт эшик тарақлаб очилди-ю, ичкаридан башараси лавлагидек қизариб кетган семиз бир одам сўкиниб чиқди. У: «Беҳаёлар, ифлослар!» деганича югуриб ташқарига чиқиб кетди.
— Ҳар ҳолда ишга қабул қилишмагани учун жаҳли чиққан бўлса керак, — деб ўзимни юпатдим.
Ёнимда турган одам гапимга қўшилди:
— Шунақага ўхшайди, ҳаммасининг хуноби ошиб чиқяпти.
— Навбат кимники? — деб сўради эшикбон.
Юзига қалин упа сурган, олифта бир жувон «меники» деди-ю, лапанглаб хонага кириб кетди.
— Қизиқ, ичкарида нима қилишаётган экан? — сўрадим навбат кутиб турганларнинг биридан.
— Менимча, имтиҳон қилишаётган бўлса керак, — деб жавоб берди у.
Мактабда ўқиган нарсаларимни эслай бошладим. Бу ер савдо маҳкамаси бўлганлиги учун биринчи навбатда арифметикадан сўрашса керак. Миямда карра жадвални қайтариб чиқдим. Шундан кейин процент чиқариш ва нарх чегириш йўлларини ўйлаб турган эдим, ичкаридан бояги аёлнинг бақиргани эшитилиб қолди. Шу пайт эшик қарсиллаб очилди-ю, у ташқарига отилиб чиқди.
— Номуссизлар! Виждонсизлар! — дея бақирганича у ҳам хонадан югуриб чиқиб кетди.
Очиқ эшикдан бир гала эркак кишининг қий-чуви қулоққа чалинди.
— Нима гап ўзи, бу жувонга бирор нарса қилишдими? — деб ёнимдагидан сўрадим.
— Унақа бўлмаса керак. Агар бирор гап бўлганида бунчалик додлаб чиқмасди. Эҳтимол, қийинроқ бир савол тушгандир.
— Шундай бўлса керак, — гапга аралашди тикка турган йигит, — жавобга кучи етмаган кўринади.
— Эркак кишилар ҳам додлаб чиқяпти-ку, биродар, — унга қараб деди бошқа бири.
— Кимнинг навбати?
Ҳозиргина гапга аралашган йигит кириб кетди.
Мен яна процент чиқариш йўлларини эслаб турган эдим, «бу қандай бемаънилик!» деганича у ҳам югуриб ташқарига чиқиб кетди.
— Бу йигит ҳам бояги жувонга ўхшаб жавоб беролмабди-да! — деди ёнимдаги одам.
Мендан кейин яна тўрт киши навбатга турган. Келувчиларнинг кети кўринмайди. Навбати билан ичкари кирганлар эса терлаб-пишган, қизариб-бўзарган ҳолда чиқиб кетмоқда. Мен битта-битта одам қўйиб, дарров кўздан ғойиб бўлиб қолаётган эшикбонни тўхтатиб сўрадим:
— Кирган одамларни ичкарида нима қилишяпти?
У тиржайиб туриб:
— Синаб кўришяпти! — деди-да, яна кўздан ғойиб бўлди.
Мана, навбат кутиб турган бир кампир билан чол ҳам дод солиб чиқиб кетди. Қия очилган эшикдан яна қийқириқ, кулги эшитилди. Иш истаб келганлар сўкиниб, фарёд чекиб ташқарига чиқиб кетаверган сари ичимда суюнаман: нега деганда, рақибларим камайиб, менинг умидим ошиб боряпти. Лекин бир томондан, ичкарида нима воқеа рўй бераётганлигини ўйлаб, вужудимни қалтироқ босади. Тўғрисини айтсам, агар икки кундан буён оч бўлмаганимда, ҳозир шу ишини ҳам, шу синов-пиновини ҳам ташлаб кетардим. Зора омадим келиб, ишга олинсам, деган умиддаман. Навбатда мендан олдин турган чол киши ичкаридан ранги оппоқ оқариб чиқди. Бошқаларга ўхшаб бақиргани унда мажол қолмаган эди.
— Нима гап экан ўзи, амаки? — деб сўрадим.
— Э сўрамай қўя қол, ўзинг кўрсанг биласан! — зўрға жавоб берди у.
— Кимнинг навбати?
Миқ этмадим.
— Сизнинг навбатингиз-ку, — менга қараб деди орқамда турган одам.
— Сиз кира қолинг, мен унча шошилаётганим йўқ, — дедим.
— Йўқ, йўқ, бировнинг навбати менга керак эмас! — эътироз билдирди у.
Трамвай ё автобус бўлганида бу хумпар навбатини кутмай уриб-суриб чиқиб олган бўларди-я.
— Илтимос қиламан, кира қолинг.
— Йўқ, олдин сиз киринг.
Эшикбон орқамдан итариб юборди-да, эшикни ёпди.
«Э, парвардигор, ишқилиб, ўзинг шарманда қилма! Ўзингга ишондим! Ишқилиб, шу тажриба ё имтиҳондан бир қутулиб олай, мен ҳам бу дунёда ишлик бўлай!» — дея кўнглимдан ўтказдим.
Қорним очлигиданми, ниҳоятда қўрқиб кетганимданми, ҳар ҳолда, кўзим тиниб кетяпти. Олазарак бўлиб атрофимга қарадим: яхши жиҳозланган, катта хона. Бу ерда ўтирган одамлар қийқириқ отиб кулишади, кулгидан намланган кўзларини дам-бадам артиб туришади. Санагани имкон бўлмади-ю, лекин ўн чоғлик одам бор. Улар бу ердан ҳозиргина чиқиб кетган одамни масхара қилиб кулишаётган экан. Ҳаммаси ҳам қорин қўйган, семиз бўлгани учун кулги уларга ярашар экан. Тепаси тошойнали стол олдида ўтирган одамга яқинлашдим.
— Ҳазилга тобингиз қалай? — Унинг менга берган биринчи саволи шу бўлди.
Ишга олиниш учун нима деб жавоб бериш керак? Хонадагиларга бирма-бир қараб чиқдим. Уларнинг орасида менга ўхшагани йўқ. Ҳаммаси ҳам яхши кийинган, ҳаммаси ҳам семиз, ҳаммасининг ҳам юзидан қон чак-чак томиб турибди. «Ҳар ҳолда булар ҳазилни ёқтирса керак» деган хаёлда зўраки кулги билан жавоб бердим:
— Ҳазилни жуда ёқтираман. Ҳазил деса ўлиб қоламан! Ахир ким ҳазилни севмайди дейсиз!
— Агар ҳазилни яхши кўрсанг, мана шу курсига ўтир, деди у.
Қорним очлигидан оёқда туришга мажол қолмаган бўлса ҳам, ҳурматини жойига қўйиш учун:
— Зарари йўқ, афандим, мен тикка туравераман, — дея жавоб қилдим.
— Йўқ, униси кетмайди. Агар ҳазилни маъқул кўрсанг, шу курсига ўтирасан.
Курсида нима гап бўларди, дедиму гап қайтармаслик учун ўтирдим.
— Раҳмат, афандим.
— Йўқ, йўқ, у ерга эмас, манави курсига ўтир.
Айтганини қилдим.
— Бу ердаги одамларнинг ҳаммаси ҳазилкаш одамлар.
— Жуда соз, афандим. Каминангиз ҳам ҳазилни жуда яхши кўради.
У мен билан у-бу ҳақда гаплаша бошлади. Берган саволларига одоб билан жавоб қайтариб турдим. Жавоб беряпману, аъзойи баданим ғалати бўлиб кетяпти. Ростини айтсам, тагим қизиб кетяпти. Худди лахча чўғ устида ўтирганга ўхшайман. Ё раббий, нима гап ўзи? Нима бало, касал бўлиб қолдимми? Ундоғ десам, иситма дегани одамнинг тагидан эмас, бошидан чиқади-ку… Нима қиларимни билмай, тўлғанаман, ўзимни гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга ташлайман, лекин фойдаси йўқ. Мен ўтирган жойимда бесаранжом бўлган сари улар хандон отиб кулишади. Иложим қанча, улар кулгини яхши кўрадиган одамлар, қолаверса, менинг аҳволимдан кулмай бўладими ўзи… Ўзим не азобдаману, лекин улар билан бирга кулишаман. Тагимдан шундай ўт пуркаяптики, гўё ҳозир жизғанак бўлиб куйиб кетадиганга ўхшайман.
— Сизга нима, бўлди, тобингиз қочдими? — сўради қаршимда ўтирган одам.
Бетобман десам, ишга олишмаслиги мумкин.
— Йўқ, соғлиғим жойида, жуда саломатман.
— Нега бўлмаса бесаранжом кўринасиз?
Уларнинг қийқириғи авжга чиққан.
— Кечирасиз, чипқон чиққан эди, — дедим шу баҳонани топиб. — Рухсат этсангиз, мен тикка турсам.
Улар кулгидан ичаклари узиладигандай. Менинг эса аъзойи баданимдан дув-дув тер тўкилади. Пешанам жиққа ҳўл бўлиб кетган экан, уни артиб ўрнимдан турдим. Бу ерда маймун ўйнатяпманми, нега куласизлар, дея уларга бақириб бермоқчи бўлдиму, лекин ўзимни босиб қолдим: ҳар ҳолда булар ҳазилкаш одамлар, шундоқ дейдиган бўлсам, мени ишга олмасликлари мумкин.
Стол олдида ўтирган киши тугмачани босиб, хизматкорни чақирди:
— Афандимга бир стакан чой келтир!
Буни эшитиб суюниб кетдим. Бундан чиқди, мен уларга маъқул тушибман-да. Очликдан қорним ғулдурайди. Иссиқ чой ичсам эҳтимол босилар.
Хизматкор бир стакан чой келтирди. Мен тикка турганимча қўлидаги стаканни олиб, ичига икки чақмоқ қанд ташлаган эдим, чой бирдан вишиллаб кўпириб кетди. Қўрқиб кетганимдан жон ҳолатда стаканни отиб юбордим. Кийим-бошим кўпикка беланди, қўлларим куйди. Айб менда бўлса керак, қўполлигим қурсин. Хонадагилар энди қаҳқаҳа отиб кулишарди.
— Анави эшикни очиб, ичкари кирсанг, стол устида битта папка ётибди. Шуни бу ёққа олиб чиқ, — деб менга буюрди улардан бири.
У айтган эшикни очиб, қараган эдим, кўзимга ҳеч нарса кўринмади. Энди нима қилай, йўқ десам, буйруқни бажармаган бўламан-ку.
— Ҳеч нарса йўқ-ку, афандим, — дедим қўрқа-писа.
— Ҳа, майли, бу ёқда экан, келавер, — деди у ҳамон ўзини кулгидан тўхтата олмай.
Айтганини қилиб, олдига келган эдим, яна буюрди:
— Эшикни очиб келибсан, бор, ёпиб қўй!
Эшикни ёпиб келдим. Энди бошқа киши мени саволга тута бошлади. Лекин жавобни ўрнига қўёлмай қолдим — бирдан акса бошланса бўладими. Ҳеч тўхтамай акса ураман-а.
— Отингиз нима?
— Отим… Ап-ап-апшу… Меҳ-меҳ-ап-ап… апшу… Меҳмед.
Улар қийқириб кулишади. Менга нима бало бўлди экан-а? Қирқ ёшга кириб, энди иш топай деб турганимда ё тагим аланга олади, ё қўполлик қилиб чой тўкаман, ё бўлмаса акса тутади-я!
— Неча ёшдасиз?
— Қир… қир… апшу! Қирқ бирда! Апшу!
Кулгидан ўлаёзишди.
Биттасининг раҳми келиб:
— Бориб анави жўмракдан юзингни ювиб кел, — деди.
Жўмракда юзимни ювиб олдиму, лекин барибир ўзимга келолмадим. Бу гал нима учундир кўзим ёшлана бошлади. Кўзим ёшланяпти эмас, тўғридан-тўғри ҳўнг-ҳўнг йиғлаяпман. Ҳайронман, ҳеч бунақа бўлмаган эдим. Қорним очганидан бўлса керак, деб ҳам ўйладим. «Бўлди энди, буларнинг олдида роса шармандам чиқди. Бир ерда тинч ўтиролмайдиган, дам акса уриб, дам кўз ёши оқизадиган бунақа лапашанг одамни ишга олишармиди» деган хаёл миямдан кетмайди.
— Нега йиғлаяпсиз?
— Менми? Ўзим, шундай… Онам раҳматлик…
Қийқириб кулишди. Худоё тавба, ўзим ҳам роса йиғлаяпман-а. Биттаси ўрнидан туриб шкафдан шишачада алланима олди:
— Мана бундан озгина ҳидланг, димоғингиз очилади.
Кафтимга қуйган нарсасидан ҳидлаб, чуқур нафас олдим. Асабни юпатадиган нарсага ўхшайди. Уҳ, димоғим сал очилди-я. Бугун ўзи менга бир бало бўлганга ўхшайди. Буни қаранг, энди ҳиқичоқ тутса бўладими. Ҳиқ-ҳиқ-ҳиқ… Булар мени жинни деб ўйлашса керак… Ҳа-да, дам йиғласам, дам аксирсам, дам ҳиқиллаб турсам. Мени ҳайдаб чиқаришмаганларига ҳайронман.
— Илгари нима иш қилардингиз?
Жавобга йўл бўлсин!
— Илгари… Ҳиқ… бў… ҳиқ… бўёқчилик… ҳиҳ…
— Бўлди-бўлди, бас қил! — дея қотиб-қотиб кулишади.
— Манави шкафни оч!
Шкафни очганимни биламан, бир нарса замбарак отилгандай гумбурлаб берди. Қўрқиб кетганимдан ерга ағанаб тушдим. Омад юришмаса, шунақа бўларкан-да. Мана энди, ишдан ҳам қуруқ қолдим.
Хонадаги одамларнинг ичида биттаси жуда ҳам сўлаҳмон экан, ўша стол устидаги чангни мен томонга пуфлаб юборди. Кейин ҳиқирлаб мендан сўради:
— Нега ҳадеб қашинаверасиз?
— Худо ҳаққи, ифлос эмасман, кеча ҳаммомга тушган эдим, лекин нима учундир этим қичишиб кетяпти.
Нима бало, бургами десам, ҳеч бургага ўхшамайди, ахир бурга одамнинг бир жойини қичитади-ку. Менинг эса ҳамма ёғим қичишиб кетяпти.
Уларнинг кексароғи савол берди:
— Маълумотингиз қандай?
— Университетнинг адабиёт факультетини тамомлаганман.
У қулоғини оғзимга яҳин келтириб айтди:
— Қаттиқроҳ гапиринг, қулоғим оғирроқ.
Қулоғи оғир кишилар тутадиган асбоби бор экан. Қирт-қирт қашиниб туриб, жавоб бердим:
— Адабиёт факультетини…
— А?
Лабларимни қулоғидаги асбобга қўйиб, «адабиёт» деганимни биламан, бирдан асбобдан сув отилиб чиқса бўладими. Эсанкираганимдан таппа ерга йиқилдим. Бир томондан қорним таталаб кетяпти.
Улар ҳам ерда думалаб-думалаб кулишади. Тутқаноғи тутган одамдай анча вақтгача ерда типирчилаб ётгач, ўринларидан туришди. Кулги тўхтади. Ҳаммаси жиддий. Ҳазил тугаган кўринади.
— Офарин сенга, — менга қараб деди улардан бири, — синовга яхши чидадинг. Сендан олдин қирқтача одам келди, лекин биттаси ҳам охиригача туриш беролмади. Ҳатто биринчи синовда ҳам қочиб кетганлар бўлди.
— Тушунмадим, бейафандим, мен қандай синовга чидадим?
— Америкада ҳазил учун қўлланадиган дорилар ишлаб чиқарадиган фабрика бор. Ўша фабрика бизга баъзи бир дориларни юборган эди.
— Хўш?
— Бу дориларнинг баъзилари хатарли бўлади. Шунинг учун уларни олдин синаб кўрмоқчи бўлган эдик.
Кейин ўзаро гаплашиб кетишди:
— Америкада шунақа моллар сотиладиган ўн мингта магазин бор экан.
— Тўғри… йилига йигирма миллион доллардан кўпроққа мол чиқаришаркан.
— Фабрика бизга эллик хил дори таклиф этяпти.
— Бошқа хилларидан ҳам олавераплик. Катта пул ишлаб оламиз. Нега деганда, халқимиз америкаликларга қараганда кўпроқ ҳазилкаш. Биз ҳазилни яхши кўрадиган одамлармиз.
Уларнинг кексароғи секретарга ўхшаган бир кишига буюрди:
— Қани, ёз бўлмаса. Тагни қиздирадиган пластинкадан икки минг дона, қичитқи порошогидан ўн минг қути, ҳиқичоқ тутқазадиган атирдан беш юз қути, карларнинг асбобидан беш миллион дона, кўзни ачиштирадиган сувдан йигирма минг шиша, кўпирадиган қанддан беш тонна, пақ-пақ пистондан ўттиз минг қути. Ҳаммасини ёзиб юбор, дарров жўнатишсин.
Мени мақташганига қараганда ишга олинган кўринаман. Лекин тўғрисини айтсам, нима қилишга ҳайронман. Улар гап билан бўлиб мени унутиб қўйишди.
— Бейафандим, — дедим мен билан кўпроқ мулоқот қилган кишига қараб, — ишга олиндимми энди?
— Ия, сени эсдан чиқариб қўйибмиз-ку, — деди у. — Ҳа, иш қидириб келганларнинг ичида энг чидамлиги сен бўлдинг. Сени ишга қабул қилдик.
Кейин у секретарига ўгирилди:
— Бухгалтерга айт, бу кишига кассадан икки ярим лира олиб берсин.
Яна менга қараб қўшиб қўйди:
— Бизнинг ширкатимиз ҳар ойда Америкадан шунақа дорилар олиб туради. Сиз ҳар ойнинг учинчи куни келиб турсангиз бўлади. Янги олган дориларимизни синаб берасиз, икки ярим лира хизмат ҳақингизни олаверасиз. Ёддан чиқарманг, ҳар ойнинг учинчи куни.
Ҳи-ҳилаб кулдим. У ҳам тиржайди.
— Жуда ҳазилкаш одам экансиз. Мен ҳам ҳазилни яхши кўраман.
Мен куляпман. У куляпти.
Очлик азобидан оёқда зўрға турган бўлсам ҳам, бор кучимни йиғиб баччағарнинг ҳоҳ бурнига бир мушт туширган эдим, орқаси билан ағдарилиб тушди. Бурни қонаб кетди. Бошқалари эсанкираб қолди.
— Сиз билан сал ҳазиллашмоқчи эдим, — дедим унга қараб.
— Ҳе, ҳазилинг қурсин… Бунақа ҳазилни одам эмас, эшак қилади.
— Нима қилай, ахир биз камбағал бўлсак. Қўлимизга тегадиган икки ярим лирага ҳазил дориларингизни олишга қурбимиз етмайди. Ахир сиздек одамга ҳазил қилмай бўладими? Бизнинг дорисиз ҳазилимиз шунақа бўлади.
Эшикни шартта ёпиб чиқиб кетдим. Тўғри уйга бордим. Ҳаёт фалсафаси билан тўлган дафтаримни очиб, унинг сўнгги бетига шу сўзларни ёзиб қўйдим: «Ҳаёт — бу аччиқ ҳазил демакдир!»

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси