Шукрибей бир ярим ойдан бери уй қидиради.
Аслида бошпанаси бор эди-ю, лекин бир куни ижарада турган уйининг эгаси уни чақириб:
— Бундоқ ўйлаб қарасам, роса ҳотамтой одам эканман. Шунақа қимматчилик бўлиб турганида икки хонали уйга бир юз ўттиз лира олиб келяпман-а. Тағин берган уйимни айтмайсизми: томига зўр черепица ёпилган, ҳожатхонасига мармар ётқизилган, ром ва эшиклари янги бўёқдан чиққан. Қойил-э, қойил. Сиз тўлаб турган пулга шунақа уй топсам, кўнгилхушлиги учуноқ кўчиб борардим, — деди.
— Шу уйингизда ўн икки йилдан буён ижара тўлаб тураман, — жавоб қилди Шукрибей. — Ўзимники деб биламан, шикастрехтига қараб турибман. Яқинда деворларини сувоқдан чиқардим. Зинага янги тахта қоқдим, панжарани янгиладим.
Лекин унинг гапи хўжайинга кор қилмади.
Уйнинг эгаси кўпроқ даромад олиш учун шундай қилаётганини Шукрибей яхши биларди. Лекин иложи қанча? Нари борса, ижара ҳақига яна йигирма лира қўшиб беришга қурби етади, холос.
— Майли бўлмаса, ойига бир юз эллик бера қолай, — деди Шукрибей шуни назарда тутиб.
— Бир юз эллик лира тамаки пулимга ҳам етмайди, — деди уйнинг эгаси кулимсираб.
Шукрибей ўзича чамалаб кўрди: агар чекишни ташлайдиган бўлса, ойига ўн беш лирадан тежайди.
— Гапингиз жуда тўғри, — деди у уйнинг эгасига. — Чиндан ҳам ҳозир бир юз эллик лира шу уйингиз учун камлик қилади. Лекин мен ноинсоф одам эмасман. Сизга кўпроқ ижара ҳақи тўлашга қурбим етмаётган экан, амин бўлингки, бунга ночорлигим сабаб…
— Ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатиши керак, — жавоб қилди у. — Сиз ҳам ўз пулингизга яраша бирор бошқа уй топинг.
Агар Шукрибей пулига яраша уй топганида бу ерда бир дақиқа ҳам турмаган бўларди-я.
— Бир юз олтмиш беш лира тўлай, майли…
Уйнинг эгаси яна кулиб қўйди:
— Ўғлимга чойчақа ҳам бўлмайди.
Шукрибей ҳар куни ишига пиёда бориб келадиган бўлса, бир ойда яна йигирма лира жамғариши мумкинлигини ҳисоблаб чиқди.
— Бир юз саксон беш лира берсам-чи?
— Мени калака қилаётганга ўхшайсиз, — деди бунга жавобан уйнинг эгаси. — Ёнимиздаги хонадонни ўзингиз биласиз. Худди товуқхонанинг ўзи. Ижара ҳақи қанчалигини эшитганмисиз? Ойига уч юз эллик лира тўлаб ўтиришади. Нима, меники камми ундан? Уч юздан камига кўнмайман. Сиз кетсангиз, тўрт юз лирага ҳам одам топаман. Топилмаса, яна ҳам яхши, лоақал уй эскирмай туради.
Агар Шукрибей шу уйда уч юз лира тўлаб ўтирадиган бўлса, тўрт жоннинг тирикчилигига ойлик маошидан саксон лира қоларкан, холос. Хуллас, иш судга бориб тушди. Уйнинг эгаси «уй ўзимга керак» деган важни кўрсатиб, ўз фойдасига ҳукм чиқартириб олди. Шукрибей бу ердан кўчиб кетишга мажбур, шунинг учун у бир ярим ойдан бери ҳар куни ижарага уй қидиради.
Авжи қиш палласи. Шукрибей қорни қор, ёмғирни ёмғир демай, эртадан-кечгача бошпана излайди. Лекин ўтирган жойидан арзонроқ ва дурустроқ уй учрамади. Икки юз лирага биттасини топган эди, бўлмади, оиласи сиғмас экан.
Ўша куни ҳам шаҳар кезиб, ҳолдан тойганди. Уй топиб бераман, деган даллолларга пул беравериб, жонидан тўйганди. Устига-устак олдин ёмғир ёғиб, кейин қорга айланди, ҳамма ёғини ивитиб юборди. Оёқ кийимидан сув ўтиб кетди. Кечга яқин ёғин тинган бўлса ҳам, Шукрибейнинг бўладигани бўлган эди. «Қани энди бирор одаминг бўлса-ю, дардингни тўкиб солсанг, — деб ўйларди у ўзича. — Лоақал икки оғиз гаплашиб, енгил тортармидим».
Нияти холис экан. Шу фикр кўнглидан ўтиши билан рўпарада келаётган бир қалин ўртоғини кўриб қолди. Закоий билан учрашмаганига кўп бўлган эди. Балки уй топиб бериш қўлидан келар. Лоақал мириқиб гаплашиб олади-ку.
— О, Шукрибей, салом.
— Сало-о-ом, Закоийжон. Қалай, тинч юрибсанми?
— Асти сўрама. Хўш, ўзинг қалайсан?
— Қимирлаб турибман.
Ўртоғининг ҳам ташвиши ўзига етиб ортадиганга ўхшайди.
— Нима қилиб юрибсан? — сўради Закоийбей.
Шукрибей дардига қулоқ соладиган одамга муҳтож бўлгани учун бор гапни очиқ айта қолди:
— Э, ошнам, бошимга катта бир ташвиш тушган. Бир ярим ойдан бери бошпана излайман. Турган уйимизнинг эгаси кўчага ҳайдаяпти. Мана бугун ҳам кечгача уй қидирдим. Ёмғир билан қор роса ивитди. Кўрмайсанми, қалтираб кетяпман. Ётиб қоламанми, деб қўрқаман…
Ичидаги бор дардини тўкиб солиб, пича енгил тортмоқчи бўлган эди-ю, лекин ўртоғи унинг гапини бўлди:
— Тағин ҳам сен шукур қилсанг бўларкан, биродар. Меникининг олдида сеники ҳолва экан. Эҳ, дўстим, бу замонда иморат қуришдан ортиқ азоб йўқ экан. Сен эшитганмисан, йўқми, билмадим, мен озроқ ер сотиб олгандим. Аслида бўш ер топиб, уни харид қилишнинг ўзи уқубат. Ҳа, майли. Хуллас, тўқсон мингга яхши бир жойдан ер олдим…
— Шунақа гап, Закоийжон, — деди унинг гапини бўлиб Шукрибей. — Уйнинг эгаси бизни ҳайдаяпти. Суднинг ҳукмини ҳам чиқариб олди…
Гапни яна Закоий илиб кетди:
— Ўша ерни сотиб олганимдан кейин ўн кун ўтмай бир юз эллик, ҳатто икки юз мингга харидор чиқди. Ҳол-жонимга қўйишмади. Сотасан, деб мени роса қийнашдида, Шукрибей. Ҳалиям шукур қилавер, биродар…
— Тўғри айтасан, дўстим. Шундан кейин уйнинг эгасига, ижара ҳақини ошира қолайлик, бир юз саксон беш лирага розиман, дедим.
— Қани энди менинг ишим ҳам бир юз саксон беш ёки бир минг саксон беш лира билан битадиган бўлса. Кошкийди. Сен шукур қилсанг бўларкан. Гапнинг қисқаси, ўша жойга икки қаватли иморат соладиган бўлдим. Ҳозир уста билан мардикор фалон пул туради, ошнам. Кўп чўзиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, бошига тушган одам буни яхши билади. Мўлжалим уйни икки қават қилиш, ҳар бир қаватида расмана хоналардан учта, биттадан меҳмонхона қуриш эди. Шунақа қийналиб кетдимки, Шукрибей, асти сўрама…
— Нимасини айтасан, Закоийжон. Мана энди уйнинг эгаси бизга, кет, деяпти. Мен сенга айтсам, ўша турган уйимизга дунёнинг пулини сарфлаганман. Ҳожатхонанинг девори қулаган эди, яқинда ўн беш лирага янги девор олдирувдим. Бу муттаҳам шуниям билмай, жўна, деяпти.
— Деса деяверсин, биродар. Шунисига шукур қил. Мендан кўра аҳволинг дуруст экан. Менга ўхшаб иморат қуришга киришганингда, нима бўларди. Бир пайт волидамиз: «Қургандан кейин яхшилаб қуриш керак, шунча кетганнинг бири бўлади, иморатни уч қават қил, бирор кунингга ярасин», деб қолдилар. Пойдеворини олдик. Бисмиллосига 40 минг кетди, Шукрибей. Айтишга осон бу…
— Ўзинг омон бўл, Закоийбей… Жуда совқотиб кетдим. Уйдан каллаи саҳарда чиқувдим. Шу пайтгача уй қидирдим. Бугуннинг ўзида даллолга ўн беш лира пулим кетди…
— Сеники ҳолва, Шукрибей. Ҳамма нарсани чайқов бозоридан олдим. Ромнинг ўзига икки минг тўладим. Яна керак. Ҳалиям ўзинг дурустсан, шукур қилиб юравер. Иморат қурсанг, ташвиш нималигини билардинг. «Бинонинг ҳар бир қаватида битта эмас, иккита хонадон туриши керак», деб қолди хотиним. Бундоқ ўйлаб қарасам гапи тўғри. Иморатни шунга мўлжаллаб тиклайвердик, назарингда бу иш осонга ўхшаб кўринади-ю, лекин…
— Асло ундоқ эмас, биродар. Роса қийналган бўлсангиз керак. Оқсарой томондан бир уй топдим, афандим. Битта хона, йўлаги алоҳида. Начора, рози бўлдик. Ишхонадан анча олис экану, лекин илож қанча. Барвақт туриб кетавераман-да. Ижара ҳақи бир юз етмиш беш лира экан, арзон дейишади. Овқат пулидан тежашга тўғри келади. Тағин олти ойлик ҳақини олдиндан бермаса бўлмас экан.
— Эҳ, Шукрибей, шуни ҳали ташвиш деб юрибсанми? Аҳволимни сенга тушунтиролмаганга ўхшайман. Менга ўхшаб сен ҳам тунука қидиряпсанми, цементга муҳтожмисан? Йўқ, албатта. Мен бўлсам буларни чайқовчилардан оляпман. Жоним қийналиб кетди. Сен иморат қилмаяпсан, шунинг учун бу азобларни билмайсан.
— Тўғри, билмайман, биродар. Лекин сен шуни билиб қўйки, Закоийбей ошнам, қишда кўчада қолдик.
— Шукур қил, биродар, шукур қил.
— Уйнинг эгаси икки кундан кейин мени оилам билан кўчага ҳайдайди.
— Бир гап айтайми сенга? Шунисига ҳам шукур қил. Нега десанг, уч қаватини битириб, энди томини ёпай деб турганимда қайнанам: «Куёв, яна икки қават қўшиб қўя қол, бола-чақанг сени кейин дуо қилиб юради», деб қолди. Яна маломатга қолдим. Ҳали уста, ҳали мардикор керак, ҳали муниципалитет… Сенга балли, бунақанги ишлардан холисан.
— Тўғри, Закоийбей, тўғри.
— Шукур қилсанг арзийди.
— Шукур деяпман. Энди нима қилишга ҳайронман… Бир-иккита қақир-қуқуримиз бўлмаганда бирор бошпана топгунча мусофирхонада ўтириб турармидик.
— Мен сенга айтсам, мусофирхонада туриш иморат қуришдан осон, қийналмайсан. Роса азоб чекяпман-да. Ҳа, ишонавер, тўғрисини айтяпман.
— Тўғри, ишонаман, биродар.
— Сен нолимасанг ҳам бўлади!
— Нолиётганим йўқ. Қақир-қуқурни сотай десак, ҳаммаси керакли… Қолаверса, кейин янгисини ололмаймиз. Сотганда ҳам арзон-гаровга кетади.
— Кетса кетаверсин!
— Кетаверсин, мен бир нима деётганим йўқ. Кетса кетаверсин.
— Иморатни беш қават қилиб тиклаб олдим. Лекин уни тиклагунча қанча азоб чекканимни фақат мену парвардигор билади. Кейин, азизим, укам келиб қолди. «Ака, шунинг устига бир болохона қурдирмасангиз бўлмайди. Яхшими-ёмонми, ҳар ҳолда кунингизга яраб қолади, ижарага қўйиб, ойига тўрт юз-беш юз лира олиб турасиз», деди. Жуда мушкул экан бу нарса, биродар. Майда-чуйда нарсаларга роппа-роса ўн минг кетди. Бунақа ишлардан хабаринг йўқ-да, шунинг учун ўз ташвишинг ўзингга катта кўринади. Мен сенинг ўрнингда бўлганимда жуда шукур қилиб юрган бўлардим.
— Тўғри айтдинг, Закоийжон. Ёнимда пулим бўлганида бола-чақа билан қишда кўчада қолармидим… Олти ойлик ижара ҳақини олдиндан тўласам, кўчиб кириш мумкин экан. Менда шунча пул нима қилади…
— Бўлмагани маъқул. Иморат қилиш… Бошимга бало сотиб олдим. Ернинг пулини ҳисобламаганда иморат нари-бериси билан олти юз мингга тушди. Буни битиргунча гўр азобини кўрганимни айтсам…
— Ўҳ-ҳў…
— Шунинг-чун мендай жабр тортмаганингга шукур қил.
— Минг қатла шукур. Ҳолимдан нолимайман. Лекин қишнинг чилласида бола-чақам билан бошпанасиз қолдим, холос. Бошқа ҳеч нимадан нолимайман.
— Асло нолима, худонинг ғазаби келади. Мана, мендан ибрат ол, биродар. Иморатни битириб олганимдан кейин яна бошим ғавғода қолди. Ҳали у келиб, менга сот, дейди, ҳали бу келади. Бир миллион берамиз, дейишди. Мен, икки миллионга ҳам сотмайман, дедим. Шунақа маломатга қолдимки, ошнам, бу кунни худо душманингга ҳам кўрсатмасин.
— Қариндош-уруғникига ҳам бориб бўлмайди. Ҳамманинг ҳоли ўзига маълум. Бировнинг кўзига ёмон кўринишнинг нима кераги бор!
— Бундан кўра бировнинг кўзига ёмон кўринган маъқул. Сен каттакон иморатнинг эгаси бўлишлик қанчалик зўр машаққат эканини билмайсан-да, шунинг учун бекорчи гапларни айтяпсан. Беш маҳал шукурни канда қилмай юравер, сен фақат шуни бил. Нега десанг, биродар, ҳозир ижарачи деган бир дардисар бор. Мен сенга айтсам…
— Ташвишинг меникидан кўпроқ экан, Закоийжон.
— Сеники ҳам гап бўптими, биродар. Шунисига шукур қил.
— Шукур, минг марта шукур. Энди мен кетай, Закоийбей. Хайр бўлмаса.
— Хўп, Шукрибей. Мени кўриб, шу кунингга шукур қилиб юравергин, Шукрибей!
Шукрибей аксира-аксира уйи томонга кетди. Тўсатдан иситмаси ҳам кўтарилди.
— Хўш, уй топдингми? — сўради хотини уни кўра солиб.
— Шу кунимизга шукур қилиб юрсак арзиркан, хоним. Биздан аҳволи оғир одамлар ҳам бор экан. Мабодо биз ҳам иморат қурадиган бўлсак, биласанми нима бўларкан? Ҳа, шу аҳволимизга кеча-ю кундуз шукур қилиб юраверайлик.
Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси