Азиз Несин. Биз у ерга бормаймиз (ҳикоя)

Инежиқ қишлоғига уч отлиқ кириб келди. Буларнинг иккитаси оддий жандарм, учинчиси эса ўнбоши эди.
Жандармлар ўзаро чақчақлашиб кетаётган бўлса ҳам, ўнбошининг авзойи бузуқ эди. У худди салтанат тахтига минган одамдек олдинда савлат тўкиб борарди. Қишлоқ йўлининг бошига чиққач, ўнбоши отнинг тизгинини тортди. Шу атрофдаги кўлмак ёнида уймалашиб юрган болалар буларни кўриб, тирақайлаб қочишди. Чиллакдек озғин бир бола кажава қорнини лапанглатиб қаҳвахонага қараб чопди. Қаҳвахонага ҳаллослаганича кириб борди-да:
— Камандир келяпти, камандир! — деб бақирди.
Қаҳвахонага жимлик чўкди. Ҳамма эшикка қаради.
Бола яна изига қайтмоқчи бўлиб ташқари чиққан эди, бояги отлиқлар отдан тушаётганини кўрди. Жандармлардан биттаси отларни жиловидан олиб, устунга қантариб боғлади. Кейин учови ҳам бирин-кетин ичкарига кирди. Қаҳвахонада ўтирган одамлар қимир этмади. Ёлғиз қаҳвахоначининг ўзи турган жойида бир қимирлаб қўйди:
— Келинглар, ўнбошим, хуш кўрдик.
Жандарм бошлиғи унга қайрилиб ҳам қарамади, узун скамейкаларда, похолдан тўқилган курсиларда тизилишиб ўтирган деҳқонларга назар ташлади, ҳаммани бир-бир кўздан кечириб чиқди. Лекин ичкари бир оз қоронғироқ бўлгани учун ўтирганларни яхши таниёлмади.
Шу алфозда у бирпас ғўдайиб тургач:
— Хўш, нима гап, исён кўтаряпсанларми? — деб бақирди.
Ҳеч ким индамади.
— Сенларга гапиряпман, исёнми бу, нега индамайсанлар! — яна ўшқирди у.
— Йўғ-е, ўнбоши, унақа эмас, — деди кимдир бурчакдан.
— Бўлмаса нима бу? Нега индамайсанлар? Оқсоқол қани? Мияси айниган бу чол нега кўринмайди?
Аллақайси томондан оқсоқолнинг овози эшитилди:
— Шу ердаман, ўнбошим, келавер.
Ичкаридаги қоронғиликка ўнбошининг кўзи энди анча ўрганиб қолган эди, шунинг учун у қаҳва қайнатиладиган ўчоқ ёнидаги скамейка томон дадил қадам ташлади. Оқсоқол билан унинг ёнида ўтирган одамлар ўринларидан туришди.
— Қани, ўтир, икки оғиз гапимиз бор, шуни эшит, — деди оқсоқол ўнбошига ёнидан жой кўрсатиб.
— Йўқ, ўтирмайман, нима гапларинг бўлса, айтаверинглар! — жавоб берди ўнбоши оқсоқол кўрсатган жойга ўтирар экан.
Иккала жандарм ҳам нарироққа бориб чўкди.
Шундан кейин оқсоқол қаҳвахоначига буюрди:
— Тўраларга яхшилаб бир чой қил!
Сўнгра у ўнг қўлини кўксига қўйиб, келганларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида «хуш кўрдик!» деб чиқди.
— Хўш, исён қиляпсанларми? — яна бояги саволини қайтарди, ўнбоши оқсоқолга қараб.
— Гапингга тушунмадим, ўнбошим.
— Нега бўлмаса мени кутиб олмадинглар! Хўш, нега қўлимдан жиловни оладиган одам бўлмади? Илгари бўлганмиди шу иш? Демак, исён-да бу!
— Зинҳор ундоқ эмас.
— Бўлмаса ғалаён деб тушуниш керакми? Ахир мен жандарм бошлиғиман, устимда ҳукумат берган расмий кийим-бош!
Кимдир стаканга чой қуйиб, ўнбошига узатди. У чойни олиб, бир ҳўплагач:
— Чой-пойларинг ўзларингга сийлов, мен ичмайман. Олдин менга ҳисоб берасанлар! — деди, кейин яна ўдағайлади: — Ҳўв оқсоқол!
— Лаббай, тўрам!
— Сенга телефон қилганим ростми?
— Рост, ўнбошим.
— Телефонда демократиянинг қонун-қоидаси қанақа бўлишини айтиб бердим, тўғрими?
— Тўғри, ўнбошим.
— Мана шу жандармлар орқали ҳам тайинлаб юбордим-а?
— Шундоқ, ўнбошим.
— Хўш, ҳаммаси тўғри экан, нега айтган нарсани қилмадинг? Нега одамларни тайинланган жойга олиб чиқмадинг? Қани, хўш? Юз нафар одам пиёда борсин, қирқ киши отда чиқсин, ўша айтилган жойга борганда ҳамма «Яшасин демократия!» деб қичқирсин, демаганмидим? Иннайкейин, келаётган улуғларимизнинг пойқадамига атаб битта бузоқ билан иккита қўй олиб чиқинглар, девдим, қани ўшалар? Бошқа қишлоқлар айтганимни қилди, нега сенлар бош тортасан?
— Ўнбошим, гапимга қулоқ сол. Биз битта эмас, бешта бузоқ берайлик, биздан иккита эмас, йигирмата қўй ола қол, шунга ҳам розимиз. Шу жониворлар демократия йўлида қурбон бўлсин, майли. Аммо сен бизни катталарни кутиб олишга юборма. Сенга подалаб қўй берсак берайликки, лекин ўша кутиб олиш маросимидан бизларни холи қўй, ўнбошим.
— Бундан чиқди, сизлар демократияга қарши экансиз-да?
— Ундоқ эмас. Демократга қарши жойимиз йўқ. Лекин кутишга чиқмаймиз.
— Бўлмаса эркинлик малол келибди-да?
— Бундоқ ҳам эмас. Эркинликка ҳам бизнинг ҳеч эътирозимиз йўқ. Эркинлик нималигини биламиз, унинг олдида бош эгамиз. Аммо кутиб олгани бормаймиз.
— Менга қара, сени шу мақсадда жандарм кучи билан қишлоққа оқсоқол қилиб сайлаганмидик? Ахир, деҳқонлар улуғларни кутиб олмайдиган бўлса, демократия қаёқда қолади? Мен сизни тушунолмай қолдим, дам эркинликка эътирозимиз йўқ, дейсиз, дам «Яшасин демократия!» дейишдан бош тортасиз. Бу қандоқ бўлди?
— Бунақа деганимиз йўқ, ўнбоши. Қиттай янглишяпсан. Биз, яшасин, деб айтишдан бош тортмаймиз, лекин шарт шуки, қишлоғимиздан четга чиқмаймиз. Майли, шу ернинг ўзида нима десанг, шуни қилайлик, яшасинлаб еру осмонни ларзага келтирайлик, ҳаммасига розимиз. Аммо бизни ўша жойга юборма.
Оқсоқол ўнбошига сигарет тутди. Ўнбоши сигаретдан бир дона олган эди, аллаким ўт узатди.
— Йўқ, чекмайман, — деди у сигаретни ёндириб олгач.
— Сенларникини чекмайман. Қани, оқсоқол, гапир, нега бормайман деяпсан?
— Ўша жойингга бормаймиз. Ўнбоши, шу ердагисига биз тайёрмиз. Бир ҳафта яшасин, деб қичқиринглар, десанг қичқирамизу, лекин қишлоқдан ташқари чиқмаймиз.
Шу атрофда ўтирган бир мўйсафид гапга аралашди:
— Барака топгур оқсоқол, шу ғалчага бор гапни айтиб бера қол. Ўз қулоғи билан эшитсин.
— Хўп, бўлмаса қулоқ сол, ўнбоши, мен гапириб берай. Шу вақтгача бирор марта бу ишдан бош товлаганмидик? Йўқ. Нима десанг, шуни қилиб келдик. Сен қирқ киши от миниб борсин, деб буюрганингда, юзта отлиқ билан ҳам борганмиз. Камида юз нафар одам яёв борсин, деганингда биз бутун қишлоқни оёққа турғизиб олиб кетганмиз. Сен битта бузоқча сўраган кезларингда бизлар иккиталаб ҳўкиз олиб борганмиз. Ҳа, шу вақтгача бирор марта ҳам гапингни иккита қилганимиз йўқ. Мана энди бу ёғини тингла: бултур телефон қилиб, кутиб олишга чиқинглар, дединг. Ҳаммамиз чиқдик. Майдон одамлар билан лиқ тўла экан. Кимдир ўртага чиқиб, ваъзхонлик қилди. Гапириб бўлганидан кейин қарсак чалдик. Ўша куни юртдаги полициянинг ҳаммаси биз борган жойга йиғилган эканми, тўда-тўда бўлиб бизга ёпирилишди. Ҳаммасининг қўлида таёғи бор, роса калтак едик. Кўп қатори мени ҳам уриб йиқитишди. Бундоқ қарасам, ҳамқишлоғимиз Иброй олакўз ерда войвойлаб ётибди. Боёқишнинг ўзи нима аҳволда-ю, мендан ҳадеб:
— Оқсоқол, бу қандоқ гап? — деб сўрайди.
— Мен ҳам тушунолмай қолдим, Иброй, — дедим унга. — Чамаси бизлар қишлоқдан бу ёққа келгунча ҳокимият бошқа партияга ўтган кўринади.
Роса калтакка шишиб, ерга маржондек тизилганимиздан кейингина нима гаплигига тушундик. Билсак, боя биз қарсак чалган нотиқ бизникидан бошқа партиянинг вакили экан. Биз ҳам янглишиб ўша муттаҳамга «Яшавор!» деб бақирган эканмиз. Биримизнинг қўлимиз, биримизнинг оёғимиз синди. Урушдан қайтган ярадорлардек, қишлоққа кириб бордик. Кўпчилик ётиб қолди.
Орадан бир ҳафта ўтган эди, яна сен телефон қилиб: «Улуғларимиздан бири келяпти, кутиб олинглар. Ўзини аптамбили билан ердан кўтариб олинглар», дединг. Хўп бўлади, деб йўлига пешвоз чиқдик. Аптамбилини кўра солиб югурдик, ўзинг айтгандек қилиб аптамбили билан ердан кўтардик. Лекин шу пайт ўт ўчирадиган бир машина пайдо бўлди-ю, йўғон хартумидан бизга қараб сув пуркай бошлади. Суви билан бизни чунонам саваладики, асти қўявер. Ҳусайн давангир деган одамимиз бор, ўзи ерда балчиққа беланиб ётибди-ю, ҳадеб чапак чалиб, яшавор! деб қичқиради. Тағин бечора ҳар икки гапнинг бирида, менга сув пуркашяпти, дейди.
Сув тўфонидан зўрға қочиб қутулдик. Кейинчалик билсак, яна янглишибмиз. Ўзимизнинг партия бошлиғиники, деб бегона партия бошлиғининг аптамбилини кўтариб кетган эканмиз. Шилта-ю, шалаббо бўлиб қишлоққа қайтиб келдик. Ўзим ҳам роса ивиган эканман, ўн беш кунгача баданимдан нам аримай юрди.
Кейинги ҳафтада яна телефон қилдинг, ўнбоши. Бу гал деҳқонлар бормаймиз, деб, туриб олишди.
— Ия, калтак билан сувни энди кўряпсанларми? Олдинги ҳукумат даврида таёқ емаганмидинглар? Қолаверса, бизни бегона партия эмас, ўзимизнинг партиямиз савалади, шунга ҳам ота гўри қозихонами, — деб уларга насиҳат қилдим.
Хуллас, қишлоқ аҳлини йиғиб, яна кутишга чиқдик. Ҳали бирорта каттани кўриб, гапини ҳам эшитмаган эдикки, бизга жандармлар ҳамла қилиб қолди. Бизларни машинада қувиб, таёқ билан савалашди. Ўт ўчирадиган машиналар устимизга сув пуркади. Бу ёғини сўрасанг, ўнбоши, шундан кейин кетма-кет бомбалар портлай бошлади. Яна биздан хатолик ўтгандек кўринади-ю, лекин гап нимадалигини билмаймиз. Ўша бомбаси одамни йиғлатар экан, кўзларимиздан дув-дув ёш қуйилади. Ражаб бечора худди жиннига ўхшайди, дам қотиб-қотиб кулади, дам бўлса ҳўнграб йиғлайди. Бомбаси патир-путур ёрилиб турибди. Хартумлардан устимизга сув ёғилади. Машиналар атрофимизда ғир-ғир айланади-ю, бошларимизга кетма-кет таёқ тушади. Одамларимиз бўлса жон ҳолатда, «Яшасин демократия!» деб қичқиришади. Нима бўлди-ю, бир пайт, «ҳўв яхшилар, жиминглар, ҳукумат ўзгарганга ўхшайди!» деб юбордим.
Зўрға қочиб қутулдик. Бомбалар бизни ёмон хароб қилди. Анча кунгача кўзимиздан дув-дув ёш оқиб юрди. Гапнинг қисқаси, бизларни тинч қўй, ўнбоши тўра, у ерга энди юбора кўрма. Биз асло бормаймиз. Бошқа нима
десанг, шунга розимиз. Нима сўрасанг, ўшани берамиз. «Яшасинни» шу ерда туриб қотирамиз. Хўп десанг шу. Лекин улуғларни кутиб олишга бизни юборма. йў-ўқ, ўнбоши, энди ҳечам бормаймиз.

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси