Ўн яшар бола эдим. Истанбулнинг Сулаймония маҳалласида, икки қаватли эски уйнинг бир хонасида оиламиз билан ижарага турардик. Тарғил бир мушугимиз бўларди. Ўша кезлари у болалаган бўлиб, фақат биттаси тирик қолган эди.
Тарғил нечоғлик оч қолмасин, уйдаги нарсаларга ҳечам кўз олайтирмасди. Аслида эса ўзи уччига чиққан ўғри эди. Аллақаерлардан гўшт ўмариб, уйга ташигани ташиган эди. Бир куни оғзида катта бир боиак гўшт билан зўрға зинадан чиқиб, уни даҳлизга қўйди-да, миёвлаб боласини чақирди. Боласи келгач, гўштни ердан олиб, ўзи доим овқат ейдиган тоғорачага солди. Мушукча гўштга ташланиб, апил-тапил ея бошлади. Тағил ерга чўзилиб, тамшаниб қўйди.
У пайтларда биз ерга кўрпача тўшаб, пастаккина хонтахта атрофида овқатланардик. Кунлардан бирида дастурхон атрофида ўтирган эдик. Тарғил ойим билан менинг ўртамга келиб ётиб олди. Бироздан кейин ёнига боласи келди. Лекин у онасига ўхшаб жимгина ётиш ўрнига бошини дастурхонга чўзиб, устидаги нарсаларни искай бошлади. Бу ҳам етмагандек, кейин олдинги оёғини дастурхонга қўйди. Боласи бесўроқ бир нима олмоқчи бўлганини сезган тарғил дарҳол оёққа турди. Худди қулоқсиз боласининг таъзирини бериб қўймоқчи бўлган оналарга ўхшаб, бир оёғи билан мушукчанинг бошига туширди, уни уриб-уриб хон-тахтанинг тагига киритиб юборди. Ўша воқеадан кейин мушукча дастурхонга оёқ узатганини қайта кўрмадик.
Турк тилидан Миад Ҳакимов таржимаси