Азиз Несин. Одам қандай ақлдан озади? (ҳажвия)

-Жаноблар,- деди кўзойнакли киши тантанавор оҳангда,- биз бир тўхтамга келишдан олдин ҳаммасини обдон ўйлаб, пишитиб олишимиз керак.Бунақа ишда шошма-шошарлик кетмайди.
-Тўппа-тўғри,- дея қўллаб гапирди даврадагиларнинг энг ёши,- жуда жиддий ўйлаб кўриш керак.Акс ҳолда бошмизга бало бўлади.
-Аввало биз ундан розимизми – шуни аниқлаб олишимиз лозим,- деди сепкилли жаноб.
-Норозимиз!- йиғилганлар жўровоз бўлиб жавоб қилишди.
-Нима учун? – яна сўроқлади сепкилли.
-Ахир у жинни-ку!- кўзойнакли жаноб хитоб қилди.
-Ҳа, ҳа, жинни!
-Жинни!- ҳар томондан қичқиришди.
-Тушунарли,- бош ирғади сепкилли,- ҳамма гап шунда.Бизнинг вазифамиз – ғафлатда қолмаслик ва яна жиннини сайламаслик.
-Олдингиси ҳам тентакроқ эди,- қўшимча қилди семиз киши.
-Мен билганларнинг ҳаммаси тентак эди.
-Хўш, шундай экан, келинглар обдон ўйлаб кўрайлик ва ниҳоят ақли расороқ бир кимсани сайлайлик,-деди ёш йигит донолик билан.
-Ажабо, биз уларни сайлаганимизда ҳаммасининг ақли хуши жойида эди,- деди кўзойнакли жаноб хайрон бўлиб.- Ҳа, улар ақлли, олийжаноб одамлар эди.Аммо энг ақллиси ҳам охир оқибат тентак бўлиб чиқди.
-Э оллоҳ,- деди даврадаги кекса киши тамшаниб, йўталаркан,- ёзуғимиз не эди?Ҳаммаси мана шу лаънати амалга минганда ақлини йўқотади-я.
-Айни биз шу мансабга сайлаган кимсалар!- қўшимча қилди семиз киши.
-Гап лавозимда ҳам эмас!- деди ёш йигит.- Ҳойнаҳой, номзодларимизнинг аввалданоқ сал… томи кетган, аммо улардаги тентаклик аломатлари сайловгача билинмасди.Лавозимга ўтиришлари ҳамон уларнинг дарди қўзиб, кучайиб кетади.
-Эскисими ёки янгисими,хотирам панд бермаса, ҳаммаси охир оқибат ақлини йўқотарди. Биронта эс-хуши жойида бўлганини кўрмадим,- деди чол йўталини аранг босиб.
-Нималар деб валдираяпсизлар! Биз у билан мана ўттиз йилдан буён дўстмиз.Ҳокимликка сайлангунча унда ҳеч қандай касаллик аломатлари сезилмаган!- деди сепкилли жаноб аччиғланиб.
-Ҳмм…Онадан туғма тентак бўлиб дунёга келадиган одам камдан кам учрайди.Демак, ақлдан озиш учун олдин ҳоким бўлиш керак экан.
-Жаноблар, ортиқча тортишишдан фойда йўқ,- ҳамсуҳбатларнинг гапини бўлди кўзойнакли одам.Олдимизда бундан ҳам муҳим вазифа турибди :бу гал кимни шаҳар ҳокими этиб сайлаймиз?
Йиғилганларнинг ҳар бири қандайдир номзодни тилга олишар, аммо шу заҳотиёқ ҳар бир номзодга эътирозлар ёғиларди.Ахир бўлажак ҳоким сайловгача ҳам, ундан кейин ҳам жинни бўлмаслиги лозим эди-да.Юзлаб номзодлар тилга олинди.
– Тўхтанглар! – кутилмаганда кўзойнакли жаноб ҳитоб қилди.- Мен топдим! Расимбей ҳақида нима дейсизлар?
– Худога шукур, имонли одам.
– Ҳалол.Тарбия кўрган.Камтарин.
– Ҳасадгўй эмас.Ҳаммага яхшилик тилайди.
– Уддабурон, беғараз,хушмуомала.
– Ишчан.
Расимбей шанига мақтовлар ёғилиб кетди.
– Аммо, менимча, Расимбей ҳоким бўлишни истамайди,- эътироз билдирди семиз киши.
– Сиз ҳақсиз, мен уни болалигидан биламан.Рози бўлишига кўзим етмайди,- ковшаниб қўшимча қилди чол.
– Ўла қолсаям ҳоким бўлмайди у!- тасдиқлади сепкилли.
– Нима қилиш керак?- кўзойнакли одам калласини чангаллади.- Мен ҳам шундай фикрдаман, аммо нима қилсак экан? Энди муносиб номзодни топганимизда…ҳаммаси чаппасига кетса!
Агар бу одамлар тавсия қилган номзод сайловда ўтмай қолганда ҳам бошқа гап эди.Халқ уларга ишонади ва кўрсатилган номзодни сайлайди.
Йиғилганлар ўрнидан туриб, Расимбейнинг уйига равона бўлдилар.Унга ўз таклифларини айтдилар.Гап орасида ҳамма ҳокимлар эртами кечми ақлдан озишини ҳам писанда қилиб қўйишди.
– Демак, сизлар менинг ҳам жинни бўлишимни истайсизларми? Менда қасдинглар борми ўзи?- Расимбейнинг фиғони фалакка чиқди.
– Худо ҳаққи, ўзингни бос.Сен ақлли одамсан.Илтимосимизга йўқ дема.
– Йўқ, иложим йўқ.
– Бу сенинг Ватан олдидаги бурчинг, Расимбей.
– Миллатнинг бор-йўқ умиди сендан.
– Бу ахир давлат аҳамиятига молик масала.
– Ҳай майли,мен розиман, фақат бир шартим бор…
– Марҳамат! Бир оғиз сўзинг…
– Менинг шартим шундай.Кейин мени сўкиб юрмаслигингиз учун гапнинг пўсткалласини айтмоқчиман.Менга хушомадгўйлар керак эмас…Зиёфату тантаналар бекор қилинади,тилёғламалик ва маддоҳлик унутилади.Хўш, қалай, ёқадими? Талабимни уддалаш қўлинглардан келадими?Мен ҳам худди сизлар каби оддий бир хомсут эмган бандаман.Худо ҳаққи, мени тентакка чиқарманглар.Розимисизлар энди?
– Розимиз!- ҳамма суюниб хитоб қилди.
…Расимбей кўпчилик овоз билан ҳоким бўлди.Ўша куннинг ўзидаёқ элликдан ортиқ телеграмма келди.У булардан бирини олиб,муқаддимасини ўқиб кўрди: « Муҳтарам афанди, ўз халқининг асл фарзанди, жаноб Расимбей…»
Расимбей бошқа телеграммаларни очиб ўтирмади.
– Ё оллоҳим, ўзинг қўллагайсан!- дея тавалло қилди.
Орадан кўп ўтмай эшик тақиллаб қолди.
Кўзойнакли жаноб каттакон гулдаста кўтариб кирди.Чуқур таъзим ила Расимбейни табриклади.
Орадан яна бир муддат вақт ўтгач,қандайдир бир қўлтиқтаёқли, қотма чол ҳам гулдаста кўтариб келди.Шу аснода у Расимбейнинг қўлини ҳам ўпиб қолди. «Беҳуда овора бўляпсизлар!» деди у совуққонлик билан, кескин оҳангда.Аммо булар ҳали ҳолво эди: табриклаш учун сепкилли ёш йигит билан семиз киши ҳам ташриф буюришди. «Яратганнинг ўзи ақлимдан мосуво қилмасин!»- деди Расимбей хит бўлиб.
Айни чоғда унга «Сизнинг шарафингизга зиёфат уюштирилмоқда!» деган хабар етказилди.Расимбей зиёфатга борсамми йўқми дея ҳали бир тўхтамга келиб улгурмай эшиги ёнида машина тўхтади.
Зиёфатхона шоҳ саройига ўхшарди.Қирқ нафар кишига мўлжаллаб дастурхон тузалган.Қандиллар, гуллар, шамдонлар кўзни қамаштиради.
Кўзойнакли киши қўлига қадаҳ олиб ўрнидан турди.Расимбей шанига қутлов сўзи айтиб, уни юқори лавозим – шаҳар ҳокими этиб сайлангани билан табрикларкан, шундай деди:
– Жаноблар, ҳузуримизда ноёб ақлу заковот соҳиби турибди!Бу – улуғ шахс. Бу – камёб инсон! Унинг беқиёс истеъдоди туфайли бизнинг шаҳримиз қисқа бир фурсатда…
Расимбей дарғазаб бўлди, намойишкорона зиёфатни тарк этди.
– Эҳтимол бу уларга сабоқ бўлар!- деб ўйлади у.
Эртаси куни у ишга кетаётиб кўчадаги байрамона тантанани кўриб қолди.Унинг уйидан то шаҳар ҳокимлигигача гиламдан поёндоз тўшалганди.Карнай, сурнай ва дўмбиралар жўрлигида ўйин-кулги қилишарди.Чор атроф дафна япроқлари билан безатилган.Йўлакларда ўқувчилар саф тортган.Расимбей кўриниши ҳамон қарсаклар чалинади ва «Яшасин ҳокимимиз!» деган хитоблар янграйди
Ёшгина бир йигит дўмбирачининг қулоғига қичқиради:
– Дадилроқ, дадилроқ чал!
Болаларни ҳам шиғаб қўяди:
– Қаттиқроқ , қаттиқроқ қичқиринглар!
Расимбейнинг оёқлари остида қўйлар қурбонликка сўйилди.Шаҳар ҳокимлиги биноси пештоқида дафна япроқлари билан безатилган шундай шиор осилганди: «Янги ҳокимнинг умри боқий бўлсин!»
Минбарни бор сохт-сумбати билан эгаллаб олган семиз киши шундай қичқирарди:
– Янги ҳокимимиз ҳамшаҳарларимиз қалбини ўзининг ишчанлиги, адолатпарварлиги, олийжаноблиги билан забт этди.
Дарғазаб Расимбей олдинга ташланади, семизнинг қўлидан маъруза матнини тортиб олиб, йиртиб ташлайди.
– Менга бунақа пахта қўйишлар керак эмас!- деб наъра тортади.
-Ватандошлар!- деди бунга жавобан сепкилли йигит.- Сиз умрингизда шунақа камтарин инсонни кўрганмисиз? Яшасин янги ҳокимимиз!
-Яшасин! Яша- син!
Гулдурос қарсаклар янгради.Боёқиш Расимбей худди дўлдан қочгандек маъмурият биносига ўзини уриб яширинди.Қабулхона ҳокимни табриклаш учун келганлар билан гавжум эди.
– Буюрсинлар!- ёшгина йигит қўл қовуштириб, буйруққа маҳтал турарди.
– Ҳеч ким Сизчалик ўз ишига бу қадар юксак масъулият билан ёндошмаган!- деди қотма чол.
– Худо ҳаққи қасам ичиб айтаманки, мен истеъфога чиқиб кетаман!- аччиғланди Расимбей.- Кўзимдан йўқолинглар!
Ташриф буюрганлар қўрқа-писа ташқарига чоғланишди:
– Бир оғиз сўзингиз!
– Хизматингизга мунтазирмиз! Ҳар қандай буйруғингизни бажаргаймиз.
Расимбей чор-ночор ух тортди: «Ё оллоҳ!»
– Дамингизни олинг, афандим!- ғамхўрлик билан маслаҳат берди сепкилли киши.
– Кетинглар!- қичқирди ҳоким.
Ишлашга имкон йўқ эди.Расимбей кўчага чиқди.
– Четланинглар! Ҳоким келмоқда!- қандайдир бир ёш йигит йўловчиларни тарқата бошлади.
Расимбей минг машаққат билан уйига етиб олди. Шу куни у ҳеч қаёққа бормади.Эртаси куни у шаҳарда чиқадиган иккита газетадан келтиришни сўради.Бу газеталар биринчи саҳифаларида унинг йирик фотосуратини босиб чиқарганди.Улардан бирида шундай тагсўз битилганди: «Ҳамюртлар фахрланадиган буюк заковот эгаси», бошқасида эса « Жаҳондаги энг ишчан ҳоким» деб ёзилганди.
Оқшомда уйига келишди:
– Жанобларига қай бири маъқул – раққосалар уйингизга келишсинми ёки казинога ўзлари ташриф буюрадиларми?
-Ўзим бораман,- деди Расимбей.
– Биз ҳокимимиз билан бир ҳаводан нафас олаётганимиздан бениҳоя фахрланамиз,- деди казинодаги ёш нотиқ йигит. У ярим соат нутқ ирод қилди. Расимбей унинг сўзини бўлмади.
Нотиқдан кейин кўзойнакли одам сўз олди.
– Бизнинг ҳокимимиз олийжанобликнинг ёрқин тимсоли эканлигидан мамнунмиз!
… Орадан бир йил ўтди.Кўзойнакли одам, семиз киши ва қотма чол ўзаро гурунглашишарди.
-Биз у билан ҳеч нарсага эришолмаймиз! Ахир жинни билан бир иш қилиб бўладими?!
– Ҳа, ҳа, у – ғирт жинни!
– У олдингилардан ҳам баттар экан.Ҳоким эмас, бошимизга битган бир бало бўлди.
– Худди тоғни талқон қигандек мақтанишини айтсангчи.
– Гўё ўзидан бошқа бу дунёда ҳеч ким йўқдек.
– Буюклик касалининг ўзгинаси!
– Тутқаноғи ҳам бор.Улар асли шунақа бўлади, мен аниқ биламан.
– Энди уни нима қилсак экан? Наҳотки янги сайловгача чидаб юрсак?
– Қанақасига чидашимиз керак экан?Унинг жойи – жиннихона.Ўз уйида музей очганига ўласанми? Майдонда ҳайкалини ўрнатишга қарор қилганичи!
-Кеча қабулига илтимос билан келган бир одамнинг юзига туфлади.
-Ўтган туни столда қип-ялонғоч рақсга тушибди.
-Нима қилсак экан?
-Дўхтирдан жиннилиги ҳақида маълумотнома олиб, жиннихонага тиқиб қўйиш керак.
-Вақтни бой бермайлик,- деди кўзойнакли хурсанд бўлиб.- Худо кўрсатмасин яна биронтасига ташланиб қолса…
-Тўппа-тўғри!
-Эрталаб, тонг саҳарда қўл-оёғини боғлаб, жиннихонага элтамиз.Шундан кейин янги сайловни белгилаймиз.
-Жуда соз! Дарвоқе, энди кимни ҳоким қиламиз*
-О-о, энди эҳтиёт бўламиз! Бу гал ақли ҳуши жойида бўлган одамни сайлашимиз керак.
-Ҳа, ҳа… биз бунақа жиннилардан роса тўйдик!..

Шодмон Отабек таржимаси