«Ҳар нарсанинг бир сабаби бўлади».
Йўқ, мен айтмоқчи бўлган гап бу эмас. Ҳикоямни бирор ақлли гап билан бошламоқчи эдим. Қани, бундай деб кўрайчи: «Тутақиб кетган одам барибир жаҳлидан тушади».
Тўғрисини айтсам, буниси ҳам ўзимга ёқмай турибди. Зўр гап айтиш учун одамнинг ўзи зўр бўлиши керак экан-да. Шунинг учун ҳам баъзан ўзимдан хафа бўлиб кетаман. Бу ёғини сўрасангиз, ҳамма ҳикояларимни тарих саҳифаларига битса арзийдиган зўр гап билан бошлаган бўлсам ҳам, шу вақтгача на менинг ва на ёзган нарсаларимнинг қадрига етадиган одам топилгани йўқ. Қани, кўрайлик-чи, зўр одамлар айтган гаплар чиндан ҳам зўрмикин? Шунақа зўр одамлардан бири: «Ёзда ҳаво иссиқ бўлади», — деган экан.
Буни қаранг, қандай ақлли, қандай ҳикматли гап! Одамзод юз йиллаб излаб келган ҳақиқатни у мана шу тўрт сўзга жо қилиб берибди. Яна бир зўр одам дунёдан кўз юмаётиб: «Эшикларни очиб қўйинг!» — деган экан. Қанчалик улуғ, ҳикматли сўзлари билан инсониятга йўл кўрсатиб берган. Бу сўзлар замиридаги маънони тушуняпсизми?
Яхшилаб мағзини чақиб кўринг-а. Мана шу уч сўзнинг замирига яширинган чуқур маънони тавсифламоқ учун том-том китоб ёзсангиз ҳам озлик қилади. Унинг нима демоқчилигини биласизми? Хўш, нима демоқчи эдим? У:«Ҳой одамлар!.. Эшакка ўхшаб жойларингда димиқиб ётаверманглар! Ётган оғилларингизнинг эшигини очиб қўйинглар, токи маърифат нурлари у ерни чароғон этсин!» демоқчи бўлган.
Йўқ, ундай эмас, мана бундай: «Эшикларни очиб қўйинглар! Дунё кўзингизга кўринсин. Руҳий тутқунликдан қутулинг!»
Аслини олганда, ўлим тўшагида ётган ўша зўр одамнинг ҳам ҳаммага ўхшаб нафаси қисилгану, бечора: «Эшикларни очиб қўйинг!» деган-қўйган.
Бўлган гап шу. Насиб қилса, мен ҳам қазо қилиб нариги дунёга боришнм билан дарров Гётени қидириб топиб:
— Сиз ҳаёт билан видолашаётганингизда: «Пардани кўтаринг, яна озроқ нур тушсин!» — деган экансиз. Бу гапнинг маъноси нима? — деб сўрайман.
Имоним комилки, Гёте кулимсираб шундай дейди:
— Яна озроқ нур тушсин, дебманми? Ҳа, энди ўшанда кўзимда нур қолмаган бўлса керак-да. Тепамда турган ёр-дўстларни яхшироқ кўриш учун шундай деган бўлсам ажаб эмас.
…Кўчада кетаётган эдим. Бир уйнинг эшигидан миёвлаганича бир мушук югуриб олдимга чиқди-ю, тирақайлаб қочиб қолди. Мени бунчалик ўйлантириб қўйган нарса ҳам шу мушук бўлди. Уйдан бунчалик миёвлаб чиқишининг сабаби нима экан? «Ҳар нарсанинг бир сабаби бўлади». Хўш, мушукнинг жон аччиғида уйдан югуриб чиқишига сабаб нима?
Мен ҳам сизга мана шунинг тарихини ҳикоя қилиб бермоқчиман. Лекин ҳикояни қайси учидан бошлашни билолмай турибман. Демократик принципга асосан қуйидан юқорига чиқсаммикин ё ўзимизнинг шарқ одатига кўра юқоридан пастга тушганим маъқулми? Очиқроқ қилиб айтганда, мушукдан министрга чиқайми ёки министрдан мушукка тушайми? Келинг, ота-бободан қолган таомилга амал қила қолайлик.
Хуллас, мушук воқеаси, унинг калтак еб, оғриқ азобига чидаёлмай, кўчага миёвлаб чиқиш воқеаси мана бундай бошланди.
Ҳамма газеталар бирваракайига битта миннстрга қараб ўт очишди. Министр ҳам жуда ғазабланиб, нима қилишини билмай қолди. Одатда у нима қилишини билмай юраги сиқилса, ҳамиша маслаҳатчисини чақиртирарди. Бу гал ҳам у маслаҳатчисидан алланимани сўраган эди, батафсил жавобини олди, сал туриб яна бир нима сўради, маслаҳатчи яна яхшилаб жавоб қайтарди. Лекин министрнинг кўнгли ҳамон ғаш эди. Энди нима қилсин? «Нима қилса ҳамки, тутақиб кетган одам яна жаҳлидан тушиши керак». Министр маслаҳатчидан яна бир нима сўради. Маслаҳатчи бу ишни қандай бажарганлигини айтди. Йўқ, буни бошқача қилиш керак эди. Маслаҳатчи нега ўзбошимчалик қилди? Шунақа иш ҳам бўладими? Бўлади! Бўлмайди! Йўқ, бўлади! Бўлмайди!
Министр маслаҳатчисининг нозик жойини топиб олгандан кейин, боплаб сўкди. Ана энди министрнинг дили таскин топиб, енгил тортди.
«Нима қилса ҳамки, тутаққан одам жаҳлидан тушиши, ўз ҳолатига қайтиши керак». Маслаҳатчи жаҳлидан тушиш учун нима қилиши керак? Истеъфо берсинми? Йўқ, бўлмайди, истеъфога чиқиб нима қилади? У бош бошқарувчини чақириб, бир нима сўради. Бош бошқарувчи жавоб берди. У яна ниманидир сўради. Бунисига ҳам жавоб олди. Яна савол, яна жавоб. Бош бошқарувчи манави нарсани бундоқ, анави нарсани ундоқ қилмаслиги керак эди… Бўлди. Маслаҳатчи секретарини чақирди:
— Қани, ёз!
Маслаҳатчи гапириб турди, секретарь ёзиб борди. Шундан кейин у анча енгил тортгандай бўлди. Агар шундай қилмаганда, юраги тарс ёрилиб кетиши ҳеч гап эмас эди.
Хўп, яхши, хўш, энди бош бошқарувчи нима қилсин? Маслаҳатчи ёздирган нарсаларни ҳазм қилиш унга осонми? Бош бошқарувчи тугмачани босди:
— Инспектор Алибейни чақиринг!
— Алибей ўн кундан буён сафарда-ку.
— Бўлмаса Валибейни чақиринг.
Инспектор Валибей кирди.
— Хизмат, бейафандим!
— Фалон иш қай аҳволда?
— Битган, бейафандим!
— Анави-чи?
— Униси ҳам.
— Қай тарзда битказилган?
— Мана бундоқ, афандим!
— Уни бунақа қилмаслик керак эди-да! Бундай қилинг, деб ким айтди сизга? Бу ишни мана бундоқ қилиш керак эди. Сенларга ўргатавериб ўзимга қолмади.
Бош бошқарувчи роса унинг пўстагини қоқди. Уҳ, бу ёруғ дунёда аламдан чиқадиган кун бор экан-ку, шу бўлмаса аҳволи не кечарди.
Энди инспектор нима қилсин? Бу аламларни индамай ичига ютиб кетаверсинми? Йўқ, ютиб кетаверган билан бўлмайди.
— Мудирбей!
— Лаббай, тақсир!
— Лаббайинг нимаси? Эрталаб нима девдим сенга?
— Эрталаб дейсизми? Ҳеч нима демовдингиз.
— Нега демаган эканман? Алланарса деган эдим-ку,
— Бугун эрталаб сизни кўрганим йўқ-ку.
— Э, бугун бўлмаса кеча айтгандирман.
— Кеча бетоб эдингиз, ишга чиқмовдингиз.
— Демак, ўтган куни айтган эканман-да.
— Ҳа, тўғри, нимаям девдингиз.
— Нима деган эдим? Айтган бўлсам, нега шу вақтгача қилинмади? Бунақаси кетмайди, билдингми?! Иккинчи бунақа қилма! Қатъиян ман қиламан!
Мудирнинг таъби намозшом бўлди. «Нима қилса ҳамки, жаҳлдан тушиш керак».
— Муовинимни чақиринг!
— Хўп бўлади!
Мудирнинг ўринбосари хонага кирди. Мудир сўради:
— «Д» рўйхати тузиб бўлиндими?
— Бўлди, афандим.
— Ҳаммаси битдими?
— Ҳа, битди.
— Қоғозлар тиркалдими?
— Шундоқ, афандим.
Қани энди мудирнинг ҳовурини босадиган бирор ишкал чиқа қолса-чи?
— Ҳаммаси жўнатилдими?
— Ҳа, жўнатилди.
Шу хат ўлгурлар сал кечикканда-ку, мудир жанжал чиқаришга баҳона топарди-я.
— Қачон жўнатилди?
— Кеча.
— Нима? Кеча дейсизми? Бу ҳанақа бемаънилик, бу қанақа дангасалик? Ҳеч кимнинг ишлагиси келмайди-я. Ишлаш керак, ишлаш! Мен талаб қиламан! Тушунарлими?!
Бировни койисанг, шунаҳаям енгил тортасанки!..
Мудир ўринбосари бўлим бошлиғининг олдига кириб келди-да, тутақиб сўради:
— Булар нимаси?
— Бухгалтерияга жўнатиладиган ҳужжат.
— Шунақами? Сиз ҳали…
Лавлагидек қизариб кетган бўлим бошлиғи дарғазаб мудир ўринбосари хонадан чиқиши биланоқ столга бир мушт урди:
— Ҳасанбей қани?
— Қайси Ҳасанбей? Иккинчи бўлимдаги Ҳасанбейни айтяпсанми? Ё рўйхат тузадиган Ҳасанбей керакми? Қайдлар бўлимида ҳам битта Ҳасанбей бор. Тақсирим, ё секретариатдаги Ҳасанбейни сўраяптиларми?
— Э, ҳаммаси бир гўр эмасми… Ҳаҳ, анави секретариатдаги Ҳасанбейни чақиринг!
— Афандим, тушликка қўнғироқ чалинган эди, овқатга чиқиб кетибди.
— Бўлмаса, ўзинг бу ёққа кел!
— Мен Ҳусайнман-ку, афандим.
— Ҳусайнмисан-Мусайнмисан, ҳозир бунинг фарқи йўқ. Мен сенларга минг марта айтаманки…
У ўн минутга яқин роса бақириб-чақирди. Соҳилда лангар ташлаб, буғини чиқариб юборган кемага ўхшаб, шундан кейингина енгил тортди. Бутунлай ўзига келгач, хонадан чиқиб кетди.
Хизматчи Ҳусайнбей идора хизматкорини тутиб олиб, роса адабини берди.
— Ойналар нега кир? Шифтда осилиб ётган ўргимчак инини нега супуриб ташламадинг? Столларнинг усти артилмаган, пол ифлос бўлиб ётибди. Қанақа ишлашни кўрсатиб қўяман сенга! Уқдингми?
Ҳусайнбей иссиқда қалин кийимини ечиб ташлагандай енгил тортиб, ташқарига чиқиб кетди.
Ғазабдан қони қайнаган хизматкор дарвозабонни қидириб қолди. Аксига юриб дарвозабон ҳам қуён бўлиб, уйига кетиб қолган экан. Энди нима қилиш керак? «Нима қилса ҳамки, одам боласи жаҳлидан тушиши керак».
Хизматкор трамвайга чиқди.
— Уҳ, оёғимни босиб олдинг. Кўзми бу ё пўстакнинг йиртиғими?
Хизматкорнинг оёғини босиб олган одам ғиринг демай тураверди. Хизматкорнинг олдига кондуктор келди.
— Қани, билет олинг!
— Э, нима деяпсан, тиқилинчни кўрмаяпсанми? Вагонда қимирлаб бўлмайди-ю, бу тағин билет ол дейди-я!
— Бўлмаса билетсиз кетаверасанми?
— Одам камайганда оламан.
— Йўқ, бунақаси кетмайди.
— Кетади!
— Кетмайди!
Икки ўртада тўполон чиқди. Хизматкор ҳам шу жанжал туфайли анча енгил тортди.
Трамвай кондуктори ишини тугатиб, уйга қайтди. Қараса, хотини ошхонада тиржайиб турибди.
— Нега тиржаяяпсан? Ҳув ўша тиржайган…
Кондуктор хотинини роса дўппослади. Кейин зўр иштаҳа билан овқатни туширди.
Хотини боёқиш юм-юм йиғлади. Кейин оёғининг тагида ивирсиб юрган мушукни кўриб қолиб, оташкурак билан белига бир туширди. Калтак еган мушук ҳам миёвлаганича тирақайлаб қочди.
Кондукторнинг хотини ҳам аламидан чиққач, эрига суйкалди. Кўз ёшидан кейин келган муҳаббат ширин бўлади. Эр-хотин иккаласининг илгариги ҳузур-ҳаловати яна жойига тушди.
«Ҳар нарсанинг бир сабаби бўлади». Агар министрни газеталар уриб чиқмаганда, мушук бечора ҳам кўчага миёвлаб чиқмасди.
Одамлар-ку, бир амаллаб аламдан чиқишади. Бечора мушук нима қилади!.. У югурганича миёвлаб олдимдан ўтиб кетганини ўз кўзим билан кўришга кўрдиму, аламимни кимдан олиб, жаҳлдан қандоқ тушишини билолмай турибман…
Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси