Азиз Несин. Демократия шунқори (ҳикоя)

Шакарпазликда бобомнинг олдига тушадиган одам бўлмаган экан. Отам раҳматлик серғайрат одам бўлганидан дўкон очиб, қандолатфурушлик қила бошлабди.
Ёнимиздаги мискар анча бемаънироқ экан, келган харидорларнинг эшагини тўғри дўконимизнинг олдига боғлатаверибди. Буни кўриб отамнинг жаҳли чиқибдида, мискарлик ҳунарини ҳам ўрганиб олибди. Унга аччиқ қилиб мискар ҳам қандолат сотишга ўтибди. Рўпарада бир баззоз бўларди, ўша денг ҳамма ахлат сувини қандолатхонамизнинг олдига шалоплатиб тўкиш одатини чиқарибди. Ўша вақтларда ёш бола эдим, отам:
— Бири дўконимнинг олдига эшагини боғласа, иккинчиси мағзавасини тўкса, шу ҳам инсофданми. Энди мендан кўринглар! — деб бақириб-чақиргани ҳали-ҳали эсимда.
Ўша баззозга ўчакишиб отам Истамбулдан анвойи газламалар олдириб келди. Қарабсизки, дўкончамизда ширинликлар билан мискарлик буюмларидан ташқари, анвойи газлама-ю матолар ҳам сотиладиган бўлди.
Кунлардан бирида отам тушмагур чап биқинидаги кавушдўз уста билан айтишиб қолибди. Натижада, дўконимизга Истамбулдан хил-хил кавушлар келадиган бўлди. Хотин-қизлар учун махсус тикилган ажнабий кавушларнинг зўри фақат бизнинг дўкондан топиларди.
Падаримиз қазо қилганларида дўконимиз ер юзида чиқадиган жамики моллардан нусха топса бўладиган даражага келиб қолган эди. Худо менга ёзиш-чизиш ҳавасини иноят қилган экан, савдо соҳасида қиладиган ишим қолмагани учун қаламни синаб кўришга аҳд қилдим.
Аслида ўрта мактабни битиргандан кейин бошқа ўқимадиму, лекин роса шеър ёздим. Бу ёғини сўрасангиз, уч дафтар тўла шеърим бор. Лекин дурустроқ бир нима ёзгани унча қўлим бормайди, чунки бу ернинг одамлари ёзғувчиликни тушунишмайди.
Истамбулда чиқадиган бир журналга шеърларимни юборган эдим, анча маъқул келибди. Баъзи жузъий камчиликларини тузатиб берсангиз, албатта босиб чиқарамиз, дейишибди. Бу гаплар ғирт ёлғонлигини биламан. Истеъдодимни кўришолмайди, шунинг учун шеърларимни босишмаган-да.
«Эл-юрт тараққиёти учун нималар қилиш керак?» деган мавзуда йигирма икки қоғозли бир мақола ёзиб, газеталардан бирига жўнатдим. Шу мақолам бирор ақлли одамнинг қўлига тушса, газетанинг биринчи бетида бош мақола ўрнида босиб чиқазишига ишончим комил.
Бир пайт бир ошнам «газетада мақоланг чиқибди», деб қолди-ю. Эсим чиқиб кетди. Ўша газетани вергулидан нуқтасигача, ҳижжалаб ўқиган эдим-ку, нега кўрмабман-а. Аммо шунда ҳам сирни бой бермадим.
— Бўш вақтларда газеталарга ул-бул ёзиб қўяман. Жуда кўп редакциядан илтимос келади-ю, лекин вақт қаёқда бунга. Мақолам қайси бирида чиқибди?
Ошнам қўлидаги газетанинг бешинчи бетини очнб, «Газетхонлар билан суҳбат» деган жойини кўрсатди. Азаматлар йигирма икки қоғоз мақолани беш сатрга жойлашибди. Редакциядагилар исми шарифимни ва турар жойимни ёзиб, «ватандошларимиздан бири эл-юрт тараққиёти учун саводхонликни оширишни ва қанд лавлаги экишни таклиф қиляпти» дейишибди-да, ўша беш сатр гапни келтиришибди. Буниси ҳам меники эмас, ўзлари тўқиган. Боплаб раддия ёзмоқчи бўлдиму, лекин редакциядагиларни хафа қилиб қўйсам, газетага иккинчи бор мени йўлатишмайди, деб қўрқдим. Беш сатр бўлса, беш сатр-да, шунга ҳам ота гўри қозихонами. Бугун беш сатр бўлса, эртага олти, индинга олтмиш сатр бўлиб қолар.
Газетада чиқиш ғалати нарса-да. Ота мерос қандолатхонада ширач билан нағал сотиш қаёқда-ю, бу қаёқда. Дарров ҳамманинг оғзига тушдим. Илтимослар ҳам ёғилиб кетди:
— Худо хайрингни берсин, шу муниципалитет раисини бир уриб чиққин.
— Йўл азобини бир боплаб ёз.
— Ўрмонлар қай аҳволда эканлигини ёзиб юбор.
Ана беш сатр гапнинг қудрати! Агар ўн беш сатр бўлганида, нима бўларди?
Ростакам ёзувчи бўламан деган одам редакциянинг ичига кириб олиши керак. Шу мақсадда мен ҳам билган газеталаримнинг ҳаммасига: «Мўътабар газетангизнинг биринчи сони чиққан кундан буён, зўр эътибор билан кузатиб келяпман», деган мазмунда хат ёзиб юбордим.
Шулардан биттасидан жавоб келиб қолди. Бу газета янги ташкил қилинганлиги учун мухбирларга муҳтож экан. Бизга мухбирликка рози бўлсангиз, бир дона суратингизни юборинг, дейишибди. Дарҳол расмимни жўнатдим. Мухбирлик васиқаси ҳам қўлга тегди. Дўкондорликни вақтинча тарк этиб, мухбирликка шўнғиб кетдим.
Мухбирликни бир хотин қизил ярим ой жамиятига эллик минг лира ҳадя қилганини ёзиб юборишдан бошладим. Хабар газетада чиқмади. Кейин бўлиб ўтган футбол ўйинларини хабар қилдим. Унисиниям беришмади. Жиноий ишлардан ёздим, йўллар ремонт қилинганини билдирдим. Анқарадан катталар келгани ҳақида хабар қилдим — бирор натижа йўқ. Ёзганларимни гоҳ телефонда бераман, гоҳ телеграмма қиламан ёки хат орқали жўнатиб турибман. Бу ёғини сўрасангиз, одамларга! «Бизнинг нарсани эртага газетада ўқийсиз», деб қўяман-да, чиқмаганидан кейин роса шарманда бўламан. Қолаверса, таъналар ҳам кўпайиб кетди:
— Ҳамидбей томини бўятибди, дарров газетага хабар қил!
— Бакир афандининг эшаги йўқолибди, ёзиб чиқ буни!
Бир куни редакциядан хат олдим. Хатнинг мазмуни шундай эди: «Муҳтарам мухбиримиз! Бизнинг маҳсадимиз газетани бир идеал ва йўналишга қаратган ҳолда чиқармоқликдир. Шу важдан сиз газетамизга биринчи навбатда ноёб хабарлар юбориб турасиз, деган умиддамиз. Афкор омманинг эътиборини тортиб, унда қизиқиш туғдирадиган хабарлар газетачиликда ғоят қадрланади.
Масалан: беш киши бир кишини ўлдириши мумкин, бунга ишонса бўлади. Аммо бир киши бештасини ўлдирса-ю, кейин мурдаларни бир бошдан ея бошласа, бу ноёб хабар ҳисобланади. Яна бир мисол: бирор футбол ўйини пайтида ишқибозлар судьяни тутиб урадиган бўлса, қўяверинг, бу бўладиган гап, лекин ишқибозлар судьядан калтак еган бўлса, бундай хабарни жон деб босамиз. Етмиш яшар чол тўсатдан хотин кишига айланиб, беш бола туғибди, деганга ўхшаган ноёб, теша тегмаган ҳодисаларга жуда муҳтожмиз. Замонавий тушунчалар руҳида чиқадиган газетамизнинг бир вакили сифатида шу изоҳларимизни эътиборга олган ҳолда, бизга яхши хабарлар йўллаб турарсиз, деган умиддамиз.
Ишингизда муваффақиятлар тилаймиз».
Хатни ўқиб чиққанимдан кейин кўзим мошдек очилди. Илгари юборган хабарларимдан биронтаси ҳам нимага босилиб чиқмаганлигини энди тушундим. Мен ҳам вақтни бой бермай, дарҳол ноёб воқеаларни излашга тушдим. Аммо қанча уринсам ҳам, ҳеч бунақасини топа олмадим. Қизиқ, газеталар шунча ноёб хабарни қаердан олишаркин? Ошна-оғайни олдида юзим қора бўлгани учун кўчага ҳам чиқолмай қолдим.
Бир куни уйда, деразамнинг тагида ўтирган эдим, сал нарида ўтлаб юрган бир гала қўйга кўзим тушди. Янги қўзилаган бу қўйларнинг ёнида эшак ҳам юрган экан. Илҳомим жўшиб кетди, дарров қўлимга қалам олдим. Ёзган нарсамни телеграмма билан дарҳол редакцияга жўнатдим. Эртасигаёқ у газетанинг учинчи бетида босилиб чиқди. «Эшак қўзи туғди» сарлавҳали мақолам шундай бошланарди: «Мухбиримиз хабар қилади: кеча бизнинг шаҳарда қирқ беш яшар бир ҳанги эшак иккита қўзи туғди. Қўзилардан бири булбулга ўхшаб хониш қилса, иккинчиси кар ва соқов бўлиб туғилган. Ҳанги эшак иккала қўзига думидан сут бермоқда. Шу ерлик қарияларнинг айтишига қараганда, юртимизда демократия қуёши балқиб чиққандан буён бундай ҳодиса юз бермаган. Демак, ҳанги эшакдан икки қўзичоқ туғилиши яхшилик аломатидир».
Мухбирлик шаънимни оқлаб олдим. Биринчи муваффақият одамнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшар экан. «Осмондан балиқ ёғди» деган иккинчи хабарим газетанинг биринчи бетида босилиб чиқди: «Махсус мухбиримиз …дан билдиради: кеча бизнинг шаҳримизда дўл ўрнига осмондан чўртанбалиқ билан лаққабалиқ ёғди. Буларнинг ҳар қайсиси камида 6—7 кило келади. Балиқларнинг ичидан турли овқатлар чиқяпти. Икки соат давом этган балиқ ёмғири натижасида, экинлар билан мева дарахтлари шикастланди. Агар яна шунақа ёмғир бўладиган бўлса, бу йил очарчилик бошланиши мумкин. Тегишли доиралар келгусида балиқ ёмғирига йўл қўймаслик учун осмонга қармоқ ўрнатишга ваъда беришди».
Хабарни дўндирадиган бўлиб қолдим. Бир одам ўзининг ҳўкизи билан тепишиб қолди, иккинчи бир одам зотли буқасига ружу қилди, бир хотин чақалоқ ўрнига қурбақа туғиб қўйди, қабилида кетма-кет хабарларим босилиб чиқди. Газетани ўқиган киши бизнинг вилоятимизда бошқача одамлар яшар экан, ҳайвонлари ҳам бўлакча экан, деган фикрга келиши турган гап. Чунки бизнинг сигирлар саккиз бошли бузоқ, бияларимиз икки қуйруқли қулун, аёлларимиз эса ярми ҳўкизга, ярми девга ўхшаган махлуқ туғишарди.
Хуллас, савдони бутунлай йиғиштириб, мухбирликка ўтиб олдим. Ёзган нарсаларимга энди ҳақ келадиган бўлди, хабарларимнинг нархи ҳам секин-аста оша борди. Менинг хабарларим босилиб тургани учун газетанинг тиражи ҳам кўтарилиб кетди.
Олти яшар қизалоқ ёши ўттизга чиққан кап-катта эркакни тоққа олиб қочгани, етмиш яшар бир кампир ўн яшар болани уйига қамаб олгани ҳақида газетада иккита хабарим чиққан куни вилоятимизга пойтахтдан катта амалдор келди. Газетага қулинг ўргилсин бир хабарни дўндириб ташлаш мумкин эди-ю, лекин бизнинг томонларга иккинчи бор қадам ранжида қилган мана шу одамни ёқтириб қолганим учун умримда биринчи марта ҳақиқатни ёзиб юборишга аҳд қилдим. Номи чиққан мухбир бўлганим учун мақолам босилиб чиқишига имоним комил эди. Ўша куни бўлган гапларнинг ҳаммасини қандоқ бўлса, шундоқ ёзиб юбордим, ўзимдан бир оғиз ҳам гап қўшмадим. Нега деганда партия ҳақида, эл-юрт ҳақида гап кетаётганлиги учун ёлғон ишлатишга ҳаққим йўқ эди-да.
Мухбирлик ҳаётимда биринчи марта редакцияга бўлган воқеани ёзиб юбордим. Ўша хабарим газетада босилиб чиққан куни мени қамоққа олишди. «Сочи олинган демократия шунқори қамоқда» деб газеталарда босилиб чиққан суратимни кўрган бўлсангиз керак. Мухбирлик касбимга хиёнат қилганим учун қамоққа тушган бўлсам ҳам, демократия шунқори деган ном олдим. Аслида ўзи мухбир бўлиб шундан қисилиб юрган эдим, мана энди бунисига ҳам эришдим. Ҳозир қамоқ муддатини тугатай деб қолдим.

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси