Артур Шопенгауэр. Ҳаёт сабоқлари

Кўрилаётган мавзуни иложи борича қисқароқ ифодалашга ҳаракат қилдим, акс ҳолда, турмуш қоидалари ҳақида барча замон мутафаккирлари томонидан айтилган фикрларни такрорлашга тўғри келарди. Шунга қарамасдан, фикрларимиз бир жойдан чиққанда уларни эслатиб ўтишни лозим топдим. Қолаверса, қамров кенгайиб кетган тақдирда уларни тартибга солиш қийинлашган бўларди, бу ҳолат эса ўқувчини зериктириб қўйиши мумкин. Мен шунчаки миямга келган фикрларни айтишга арзигулик деб ҳисобладим. Хотирамга таяниб яна шуни айтмоқчиманки, бу борада ҳали фикрлар тўлалигича ва айнан шундай шаклда ифодаланган эмас. Бошқача айтганда, шу мавзуда тўпланган фикрларга қўшимча қилдим, холос.

Бу борада турли-туман қарашларни тартибга келтириб қуйидаги мезонларга кўра дастлаб ўзимизга доир ахлоқий қоидаларни, сўнг бу қоидалар асосида бошқаларга қилинадиган муносабатни ва ниҳоят, олам тартиб-қоидаларига, қисматга нисбатан қарашларни алоҳида-алоҳида ажратиб чиқдим.

Умумий қоидалар

Ҳаётда орттирилган донишмандликнинг энг олий қоидаси деб Арастунинг “Никомах этикаси”да гап орасида айтиб кетган: “Мулоҳазали одам ҳузур-ҳаловатни эмас, азоб-уқубатдан қутулиш йўлини излайди”, деган иборани тан олган бўлардим. Бу ҳақиқат сўзларининг илдизи шундаки, ҳар қандай ҳузур-ҳаловат ва бахт табиатан олганда салбий, қайғу эса ижобийдир.

Ҳар куни кузатиш мумкин бўлган бир мисол орқали буни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Танамиз соппа-соғ пайтида бирорта аъзомиз кичкина жароҳат олиб, оғриқ пайдо бўлди дейлик. Ана шунда бор диққат-эътиборимиз жароҳат ва оғриққа қаратилади, бутун танамизнинг ороми йўқолади.

Худди шунга ўхшаш, ишларимиз истакларимизга ҳамоҳанг бўлиб юришиб турганда, мақсадимизга етишишга халал берадиган бирорта ишкал чиқиб, гарчи бу нарса унчалик жиддий бўлмаса-да, фикри-зикримиз шунга қаратилади. Мақсад сари интилишда бошқа ишларимиз яхши кетаётган бўлса-да, ана шу ишкални тез-тез ўйлайверамиз.

Ҳар икки ҳолатда ҳам иродамизга зиён етади: биринчисида оғриқ бутун баданимизда, иккинчисида эса – орзу-интилишимизда мужассамлашади. Ҳар икки ҳолатда ҳам у иродамизга салбий таъсир кўрсатади, чунки у бевосита эмас, нари борса рефлекс орқали қабул қилади. Унинг йўлидаги бу тўсиқ ижобий бўлиб, у ўз-ўзимизни билиб олишимизга хизмат қилади. Ҳар қандай роҳат-фароғат унга етишиш йўлидаги ғовни бартараф қилишдангина иборат, бу эса қисқа фурсатни талаб қилади.

Диққатимизни роҳат-фароғатга эмас, балки ҳаётимизда тўлиб-тошиб ётган иллатларни иложи борича четлаб ўтишга қаратишни маслаҳат берган Арастунинг юқоридаги бу сабоқлари ана шунга асосланган деб биламан. Агар бу ёлғон бўлганда эди, Вольтернинг: “Бахт – бу тушдан иборат, дард эса бор нарса”, деган сўзларини ҳам рад этиш мумкин эди, лекин унинг сўзлари ҳақиқатдир.

Шу сабабли кимдир ўтмишини сарҳисоб қилиб кўрадиган бўлса, у, аввало, қувончли кунларини эмас, бало-офатлардан қутулиб қолган кунларини ҳисобласин. Шу маънода инсон “бахтли кун”лари кўпайишини эмас, “бахтсиз кун”лари озайишини истаган ҳолда борига қаноат қилиб яшашни ўрганиши керак. Ҳар ҳолда, ҳаёт инсонга умрини роҳат-фароғатда ўтказишга эмас, балки бардош бериб, сабр-қаноат қилиб яшаш учун берилган.

Кексаликнинг юпанчи ўтмишда қолган меҳнатингдир, шунинг учун кексалик гашти бадастир ва фаровон ҳаёт кечиришда эмас, балки ҳам руҳан, ҳам жисмонан осойишта умр ўтказишдадир, чунки роҳат-фароғат бахт мезони бўла олмайди, у салбий бўлиб қолаверади. Фақат бойлик бахт келтиради, деб ўйлаш хато…

Аслида, бошимизга тушган азоб-уқубатлар ижобий аҳамиятга эга, турмушимиздаги бахт унинг йўқлигида, агар зерикиш ҳам бўлмаса нур устига аъло нур, бошқаси эса қуруқ орзу-ҳавасдан бошқа нарса эмас. Роҳат-фароғатга қайғу эвазига эришиш мутлақо нотўғри, акс ҳолда, биз реал ижобий нарса ўрнига салбий ҳодисага эга бўламиз.

Қайғудан қутулиш учун роҳат-фароғатни қурбон қилсак арзийди. Ҳар икки ҳолатда ҳам: у қайғудан олдин келадими ёки кейин келадими фарқи йўқ. Қайғуни қувноқлик билан енгмоқчи бўлган одам ёки уни озайтириш чорасини кўриш ўрнига роҳат-фароғат ва қувончга қараб интилган одам ҳам катта хатога йўл қўяди.

Ҳаётда мол-дунёга ҳирс қўйиб яшаш эмас, аксинча, бу дунёнинг дўзахий азобларидан ўзини ҳимоя қилиш чораларини кўриш фойдалидир. Нодон роҳат-фароғат кетидан қувлайди ва умиди пучга чиқади, доно эса бало-офатлардан ўзини четга олади. Агар шундай қилиш қўлидан келмаса, тақдирга тан бериб юраверади. Бу нарса қай даражада амалга ошмасин, ўзини алдангандек ҳис қилмаслиги лозим, чунки у ҳаётда бор нарса. Роҳат-фароғатни бекордан-бекорга қурбон бериб ҳеч нарсага эришмаган тақдирда ҳам мазкур ҳолат зарар келтирмайди, чунки у хаёлий нарса, афсусланишга арзимайди.

Ширин хаёлларга берилиб, ушбу ҳақиқатни менсимаслик кўп бахтсизликларни келтириб чиқаради. Қайғудан холи пайтимизда истакларимиз безовта қила бошлайди: бахт ҳақида хомхаёлларга бериламиз, хаёлий қасрлар қурамиз, уларга эришмоқчи бўламиз. Шу билан биз ўзимизни бало-қазога йўлиқтирамиз, бу эса бор гап. Ана шунда биз бой берган осойишталигимизни ўйлаб афсусланамиз. Аллақандай иблисона хомхаёллар эвазига оромимиздан ажраламиз.

Фақат тажрибасиз ўсмиргина бу дунё роҳат-фароғат учун яратилган, унга эпчил ва уддабурон одамларгина эришиши мумкин, деб ўйлайди. Бундай деб ўйлашга ўқиган китоб­лари, атрофида тўлиб-тошиб ётган мунофиқ, сотқин одамларгина сабабчи бўладилар. Шу туфайли у ўйлаб-ўйламай ана шу бахт кетидан қувади, таваккал қилиб йўлда учраган хавф-хатарни шунчаки арзимас нарса деб ўйлайди.

Йўқ нарсанинг ортидан қувиш охир-оқибатда реал бахтсизликка олиб боради: бу – қайғу-ҳасрат, азоб-уқубат, дард, касаллик, жудолик, ғам-ташвиш, камбағаллик, шармандалик ва шунга ўхшаш минглаб муҳтожликлардир. Умидсизлик жуда кеч келади.

Аксинча, агар инсон шу қоидага амал қилиб турли бало-офатлардан, қайғу-ғамдан, касалликлардан, муҳтожликлардан ўзини четга тортиб яшашни мақсад қилиб қўйса, баъзан бирмунча муваффақиятга эришиши, мақсадини ўзгартирмаса катта ютуқларга ҳам етиши мумкин. Гёте ўзининг “Танланган воситалар” (“Избирательные средства”) асаридаги доимо ўзгаларнинг бахти ҳақида қайғурадиган қаҳрамони Воситачи тилидан шундай дейди: “Кимдир қандайдир бало-офатдан қутулмоқчи бўлса, у ўз мақсадини аниқ билади, кимдир борига шукур қилиб яшаш ўрнига ортиқча нарсага эга бўлишни истаса у мутлақо кўр одам”. Бу “Яхшиликнинг душмани ундан афзалроғи” деган ажойиб француз мақолини эслатади. Кинизм (роҳат-фароғатни инкор қилувчи фалсафий оқим)нинг асосий ғоясини ҳам шунга қиёслаш мумкин. Киниклар бу борада азоб-уқубатларни бартараф қилишни афзал кўрадилар. Роҳат-фароғат салбий, азоб-уқубат эса ижобий, деган фикр улар онгига чуқур сингиб кетган. Ёвузликни бартараф этишга қатъий риоя қилганлар, роҳат-фароғатни бу йўлда қўйилган тузоқ деб билганлар.

Барчамиз ҳаётга қадам қўяр эканмиз, у бизга бахт-саодат беради, деб ишонамиз ва амалда шунга қараб беҳуда интиламиз. Тез орада ўйлаганларимиз пуч эканлиги маълум бўлади. Тақдир бу ҳаётда ҳеч бир нарса: на мол-мулкимиз, на оила-ю бола-чақамиз, на тану жонимиз бизга тегишли эмаслигини исботлаб беради.

Эртами-кечми ҳаёт тажрибамиздан маълум бўладики, бахт ва роҳат-фароғат саробдан бошқа нарса эмас экан. Узоқдан бизни мафтун қилади-ю, яқинлашган сари йўқолади. Азоб-уқубат ва дард эса, аксинча, шунчалик реал воқеаки, у бизни кутдириб ўтирмайди, сўроқсиз кириб келаверади. Агар бу нарса бизга сабоқ бўлса, у ҳолда бахт ва роҳат-фароғат кетидан қувмасдан имкон борича азоб-уқубат ва дарддан халос бўлиш ҳақида ўйлашимиз лозим.

Энг яхшиси, қайғусиз, осойишта, чидаса бўладиган даражада кун кечириш ва шунга интилиш, жуда бахтсиз яшамаслик учун ўта катта бахтни талаб қилмаслик лозим. Гётенинг ёшликдаги дўсти Мерк буни яхши тушунгани учун “Орзу-ҳавасимиздаги энг ярамас нарса ҳузур-ҳаловатда яшашга бўлган талабимиздир, у эса умримизни хазон қилади. Кимки борига қаноат қилиб, нафс кўйига кирмасдан яшайдиган бўлса, тўғри йўлини топиб олади”, деб ёзган.

Шунинг учун роҳат-фароғат, бойлик, мансаб, обрў каби нарсаларга эришиш ҳақидаги истакларимизни жиловлашимиз керак, акс ҳолда, жуда катта бахтсизликларга дучор бўламиз.

Бахтсиз бўлиб яшаш жудаям осон нарса, аммо катта бахтга эга бўлиш нафақат қийин, ҳатто мутлақо иложсиз. Энг фойдали ва доно маслаҳат мана шу.

Шоир буни қуйидаги мисралар билан жуда тўғри ифодалаган:

Олтин мўътадиллик обод йўл очар:
Омонат кулбадан қочар донишманд,
Ҳасад маддаланган саройдан қочар,
Фисқу фасод, шумлик зимдан берур панд.
Улкан қарағайни йиқитар довул,
Баланд миноралар бўлар ерпарчин.
Чўққиларни яшин уради нуқул
Булутларни туртиб тургани учун.

***

Менинг бу фалсафий таълимотимни тўла ўзлаштирган одам билади: бизни ўраб турган борлиқнинг боридан кўра йўқ бўлгани маъқул эди. Ўзлигимизни инкор қилиш ва ўзликдан воз кечиш буюк донишмандликдир. Бундай одам дунёдаги бирор нарсага умид боғламайди, бирор нарсанинг кетидан қувмайди, омадсизлиги ҳақида ўзгага шикоят ҳам қилмайди. “Инсоннинг қилмишида мусибат чекишга арзигулик бирор нарса йўқ”, деган Афлотуннинг айтганларига амал қилади. Саъдийнинг “Гулистон”идаги эпиграфга эътибор беринг:

Бой берсанг, йўқотсанг бутун дунёни,
Асло қайғурмагин, ахир, бу – ҳечдир.
Гар бой бўлсанг, топсанг бутун дунёни,
Кўп ҳам қувонмагин, ахир, бу – ҳечдир.
Қайғу ҳам, қувонч ҳам кечар дунёдан,
Сен ҳам дунёдан кеч, ахир, у – ҳечдир.

(Анвар Суҳайлий)

Бу дунёнинг иккиюзламачи эканлиги юқоридаги нажоткор сўзларга бўлган ишончни қийинлаштиради, ваҳоланки, дунёнинг мунофиқлигини ёшликданоқ тушунишимиз керак эди. Ҳаётимизда содир бўлаётган воқеаларнинг кўпчилиги дабдабабозликдан иборат. Бу эса театр декорацияларига ўхшаб ҳақиқий моҳиятни яшириб туради.

Байрамларда байроқлар ва анвойигуллар билан безатилган бинолар, карнай-сурнай, ноғора овозлари, шод-хуррам қичқириқлари – булар ҳаммаси ниқоб, рамзий белгилар холос, ҳақиқий қувончнинг ўзи бу дабдабада қатнашмайди. Қувонч бетаклиф ва бетакаллуф арзимас бир сабаб билан кутилмаганда кириб келаверади. Унинг қаерда эканлиги ҳеч кимга маълум эмас, гўё ер юзига сийрак қилиб сочилгандек, бирор воқеа-ҳодиса туфайли унинг заррасини кўриб қоламиз. У ҳеч қандай қонун-қоидага бўйсунмайди.

Қувонч кўпинча тасаввурда яратилади, бошқаларни эса унинг ҳақиқий эканлигига ишонтирмоқчи бўлишади.

Қайғунинг йўли бутунлай бошқача. Худди дафн маросимига келган одамлардек сафи чўзилиб кетган, аммо тобут бўш. Ҳамдардликнинг ёрқин намунаси бу. Сиз бу инсонларнинг хулқ-атворига эътибор беринг: сохталик, айёрлик, икки юзламачилик шундоққина кўриниб туради.

Яна бир мисол. Тантанали маросимга жуда кўп меҳмонлар таклиф қилинган. Ҳамма башанг кийинган, олижаноблик, ҳамжиҳатликнинг юксак намунаси дейсиз. Амалда эса худди биров уларни мажбурлаб, бўйнидан арқон боғлаб судраб келгандек, иложини қилиб бу зерикарли жойни ташлаб кетишга тайёр. Улар орасида қаланғи-қасанғилари ҳам талайгина. Бундай маросимларга одамларни тор доирада таклиф қилган маъқулроқ.

Умуман олганда, сершовқин зиёфатлар ва байрам тантаналарининг мағзи пуч, ҳамоҳанглик йўқ, чунки ҳаётимизда ҳар қадамда учрайдиган қайғули ва аянчли ҳолатларга таққослаганда улар янада яққолроқ кўзга ташланади. Лекин ташқаридан қараганда тантаналар одамларда яхши таассурот қолдиргандек, мақсад ҳам шу эди, шекилли. Шамфор бу ҳақда жуда яхши фикр билдирган: “Зодагонлар давраси деб аталмиш меҳмондорчиликлар, зиёфатлар бемаъни ва расво саҳна асарига ўхшайди, уларни фақат машиналару декорациялар ушлаб туради”.

Худди шунга ўхшаш академиялар ва фалсафа кафедралари ҳам донишмандлик ниқоби остида, донишмандликнинг ўзи эса аллақаерларда яшириниб юрипти. Черков қўнғироқларию руҳонийларнинг жуббалари, диний расм-русумлар ҳам художўйликнинг ниқобидан бошқа нарса эмас.

Хуллас, дунёдаги деярли барча нарсалар пуч ёнғоққа ўхшайди, мағзи камёб. Уни бошқа жойдан қидириш керак, тасодифан топиб олиш мумкин.

* * *

Бирор одамдан, бахт нуқтаи назаридан, нима ёқади деб эмас, нима ёқмайди, деб сўранг. Ёқмайдиган нарса ўз ҳолича қанчалик даражада арзимас бўлса, бахти ўз ҳолича шу даражада юқори бўлади. Нарсаларнинг арзимаслигини билиш учун инсон маълум даражада фаровон яшаши керак, бахтсизликда эса биз уларни сезмаймиз.

Бахтга кенг кўламда эришишни орзу қилманг, чунки унга етишиш қийин, қолаверса, у осонгина барбод бўлиши мумкин. Катта бахтнинг йўлида ўзига яраша тўсиқлари ҳам кўп бўлади. Имкониятига қараб тикланган кичкина бахт катта бахтсизликдан асрайди.

* * *

Ҳаётда жуда кўп нарсаларга эришмоқни мақсад қилиб шунга интилмоқчи бўлган одам аҳмоқона иш тутган бўлади. Умрини зое кетказади. Бу нарса жудаям озчиликка насиб қилиши мумкин. Жуда узоқ умр кўрган одамнинг ҳам ўйлаганлари амалга ошиши қийин, чунки бу йўлда тўсиқлар, омадсизликлар ҳар қадамда учрайди.

Амалга ошган тақдирда ҳам биз кўп нарсаларни олдиндан била олмаймиз, масалан, замонлар ва давр талаблари ўзгаришини, қолаверса уларнинг инсонга бўлган таъсири уни ҳам ўзгартириб юборишини. Бошқача айтганда, вақт ўтиши билан қобилиятимиз, имкониятимиз, фаолиятимиз, қувонч ва шодликка муносабатимиз ҳам ўзгаради. Шунинг учун сарфлаган меҳнатимиз эвазига етишганларимиз эҳтиёжларимизга мос тушмай қолади.

Бирорта ниятимизни амалга оширмоқ учун тайёргарлик кўрамиз, шу билан овора бўлиб вақтни бой берганимизни, уни амалга ошириш учун куч-қувватдан қолганимизни ҳам сезмай қоламиз. Жуда кўп меҳнат ва вақт сарфлаб қийинчилик билан ниятимизга етганда, энди у бизни қаноатлантирмайди, ўзгалар учун тер тўкканимиз маълум бўлади. Ниятимиз жуда кеч амалга ошди, энди бизнинг куч-қувватимиз ҳам, имкониятимиз ҳам чекланган. Кўзлаган мансабга узоқ йиллар меҳнат қилиб, ташвиш чекиб эришганимизда биз худди шундай аҳволга тушамиз.

Гап ижодкор ва ижод ҳақида кетганда бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Яратган асарларимиз ўсиб улғайган янги авлодни қизиқтирмайди, давр талаби ҳам бошқача. Бошқа бировлар эса қисқа йўлдан бориб биздан ўтиб кетиши мумкин ва ҳоказо…

Ҳаётимиз сайёҳ йўлига ўхшайди. Узоқдан кўринган нарса унга яқинлашган сари ўзгара бошлайди, етиб борганда бутунлай бошқача тус олади.

Истакларимиз ҳам худди шунга ўхшаб кетади. Кўпинча қидирган нарсамиздан ҳам яхшироғига дуч келамиз. Роҳат-фароғат, бахт ва қувонч излаганимизда йўлимизда учраган нарсалардан яхшигина сабоқ оламиз, тушунмаганимизни тушуниб, билиб оламиз – бу эса хаёлий ва ўткинчи орзу-ҳаваслардан кўра муҳимроқ.

Интеллектуал характерга эга бўлган “Вильгельм Мейстер” романининг асосий ғояси ҳам шунга ўхшаш. Инсон табиатининг фақат ирода кучи томонидан тасвирлаган Вальтер Скоттнинг этик мазмунда яратган романларидан юқорироқ ўринда туради деб биламан.

Моцартнинг “Сеҳрли флейта” операсига қўполроқ кўринишда бўлса ҳам, шу ғоя асос қилиб олинган…

Буюк ва олижаноб одамлар тақдирнинг бундай сабоғини итоатгўйлик ва миннатдорчилик билан қабул қилади. Улар ҳаётда бахтдан бошқа ибрат бўларли ишлар кўплигини биладилар ва шунга шукур қилиб яшашга кўникиб қолганлар. Улар Петрарка тилидан: “Мен учун ўқиб-ўрганишдан ўзга бахт йўқ”, дея ғойибона бахтга ишонмайдилар.

Улар гўё истак-хоҳишларини амалга ошириш учун ҳаракат қилаётгандек кўринсалар-да, аслида, ибрат бўларли даражада хайрли ишларни амалга оширадилар, бу эса уларга мушоҳада қилувчи ўткир ақл-идрок, улуғворлик ва юксаклик бахш этади. Шу маънода кумушни олтинга айлантирмоқчи бўлган, тадқиқот давомида бошқа нарсаларни, ҳатто табиат қонунларини кашф этган кимёгар қисматига шерик бўламиз.

Ўзимизга бўлган муомаламиз ҳақида

Қурилишда қатнашаётган ишчи бино битгандан сўнг қандай бўлишини кўрмайди, нари борса тасаввур қилиб кўради, шунга ўхшаш инсоннинг умри ўтаверади, лекин қандай мавқега эга бўлишини билмайди. У қанчалик даражада муносиб ва аҳамиятли, режали ва ўзига хос бўлса, шу даражада фойдали ва зарур, шунинг учун инсон вақти-вақти билан келажакка назар солиб туриши керак.

Бунинг учун у ўзлигини қай даражада билиши борасида нималарга эришганини билмоғи зарур, яъни аввало истак-хоҳиш нима эканлигини, бахт учун қандай шарт-шароитлар зарурлигини, кейинги ўринларда нималар туришини билиб олиши лозим. Шунингдек, у нималарга мойиллигини, атроф-оламга бўлган муносабати ва тутган ўрнини тушуниши керак. Агар у буюк ва муҳим ишларни кўзлаган бўлса, мақсад доирасини бироз торроқ олиши керак, бу нарса уни дадилроқ ҳаракат қилишида қўллаб-қувватлайди, юксалтиради, рағбатлантиради, бошқа ишларга чалғишга йўл қўймайди.

Тепаликка чиқиб кузатган одамга теварак-атроф яққол намоён бўлади: қайси йўлдан юргани, қаерда бурилиш, қайрилишлар борлигини кўради.

Инсон ҳам маълум бир даврга етганда (ёки умрининг охирида) ўтмишига назар ташласа, босиб ўтган йўли, амалий ишлари, уларнинг бир-бири билан алоқаси, муҳимлиги, ҳатто қадр-қимматини ҳам яққол кўриб, тушуниб етади.

Биз иш билан банд эканмиз, ҳаракатимиз хусусиятларига мос равишда, турли сабаб­лар таъсирида ва қобилиятимизга яраша ҳаракат қиламиз. Ҳаракатимиз тўғри ва одоб доирасида деб ишонганимиз учун бошқа нарсаларга парво қилмаймиз. Ишимиз натижасига кўра қилмишимиз маълум бўлади.

Буюк жасоратлар кўрсатаётганимизда ёки ўлмас асарлар яратаётганимизда ҳам натижаси қандай бўлишини билмаймиз, лекин бажараётган ишимизни ҳозирги вақт нуқтаи назаридан тўғри ва зарур, деб ҳисоблаймиз. Натижа эса ҳаракатларимиз уйғунлигини ва нималарга қодир эканлигимизни кўрсатади.

Ижобий натижага эришганимизда танланган йўлимиз тўғри эканлиги маълум бўлади, салбий натижа эса аксинча. Бу нарса амалий ишга ҳам, назарий ишга ҳам тааллуқли. Бажараётган ишимизнинг муҳим эканлиги кўпинча ўша пайтда эмас, кейинчалик маълум бўлади.

* * *

Ҳаётда орттириладиган донишмандликнинг муҳим жойи эътиборимизни бугунги кун билан эртанги куннинг ўртасида тўғри тақсимлашдир, токи бири иккинчисига зарар етказмасин. Кўплар бугунги кун билан яшайди – бу енгилтаклик. Бошқалари фақат келажакни ўйлашади – бу ташвишли ва хавотирли. Камдан-кам одам мувозанат сақлайди.

Кимдир, гўё бахтни интизорлик билан кутиб олиш мақсадида фақат келажакка қараб интилса ва умид боғласа, бугунги кунни қўлдан бой беради. Уларни қанчалик доно бўлмасин, итальян латифасидаги эшакка қиёслаш мумкин: эшакни юришга мажбурлаш учун учига бир боғ беда осилган узун таёқни бошига боғлаб қўйишган, унга етишиш мақсадида эшак тинимсиз юраверган. Бундай одам ўз ҳаётига ўзи зомин бўлади, то ўлгунича эртанги кун билан яшайверади.

Тинимсиз келажакни ўйлаб ташвиш чекиш ёки ўтмишни эслаб афсусланиш ўрнига бугунги кун нақд эканлигини унутмаслигимиз керак. Тасаввуримиздаги келажак кўпинча биз ўйлагандек бўлавермайди, ўтмишимиз ҳам жуда сермазмун эмас.

Узоқдаги нарса ақлимизни ўғирлайди. Фақат бугунги кунгина қўлимиздаги нақд борлиғимиз, шунинг учун ўтмишдаги кўнгилсиз воқеалардан ҳоли бўлиб, келажак ташвишини чекмасдан, борига қаноат қилиб, хафагарчиликни йиғиштириб ақл билан иш қилишимиз лозим.

Ўтмиш юкини ортмоқлаб, келажакдан хавотирланиб бугунги кундан четлашмоқ ақлли одамнинг иши эмас. Ғам-ташвиш ва тавба-тазарру учун маълум бир вақт ажратилади, содир бўлган ҳодисалар ҳақида эса шундай ўйлаш керак:

Ўтган барча кўргуликни унутгаймиз қанча оғир бўлса ҳам,

Юрак дардин ичимизга ютажакмиз кўзни юмиб ноилож…

Келажак ҳақида эса: у боқий илоҳлар ихтиёрида, бугунги кун ҳақида: “Ёдингда бўлсин, кунлар кетма-кет ўтаверади, ҳаёт бир марта берилган, бу – ягона имконият, биз уни дилкашлик билан ўтказишимиз керак”, деган маъқул.

Содир бўлиши аниқ бўлган бало-офатларгина бизни безовта қилиши мумкин, чунки содир бўлиш эҳтимоли бўлса-да, қачон рўй бериши номаълум. Бунинг таъсирига тушиб қолганимизда осойишталигимиз йўқолади.

Осойишталигимизни йўқотмаслик учун содир бўлиши даргумон бўлган офатларни юз бермайди деб, қачон содир бўлиши номаълумларини эса ҳали-бери содир бўлмайди, деган кўникма ҳосил қилишимиз керак.

Бошқа жиҳатдан олганда хавотиримиз пасайгач, энди бизни истак-интилишлар ва эҳтиросларимиз жунбишга келиб безовта қила бошлайди. Гётенинг “Мен қиморга ҳеч нарсамни тикдим”, деган машҳур қўшиғининг маъноси шундаки, биз истак-хоҳишларимизни жиловлай олганимиздагина ва оддий тирикчиликка кўникканимиздагина инсон бахтининг асоси бўлмиш осойишталикка эришамиз. Бугунги кунимиздан, қолаверса, бутун ҳаётимиздан мамнун бўлиб яшамоқ учун шу нарса зарур.

Худди шу маънода бугунги кунимиз ҳеч қачон қайтиб келмаслигини ҳам ёдда тутмоғимиз керак. Хаёлимизда бугунги кун эртага ҳам қайтариладигандек, аммо эртамиз – бу бошқа кун, у ҳам бир марта келади. Ҳар бир кунимиз алоҳида ва у ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир.

Бошимиз ёстиққа текканда, қайғуга ботган кунларимизда осойишта ва тинч ўтган кунларимизнинг қадрига етганимизда эди, бугунги куннинг қай даражада муҳим эканлигини ва ундан оқилона фойдаланиш кераклигини тушунган бўлардик, қўлдан бой берган имкониятларимизга афсусланиб юрмасдик.

Яхши кунларимиз ўтиб кетганлигини сезмай қоламиз, фақат қайғуга ботганимиздагина аттанг деймиз. Ҳаётимизнинг тинч ўтказишимиз лозим бўлган кўп қисмини бекордан-бекорга ташвишга тушиб, хафаланиб ўтказиб юборамиз, аммо уларни қайтаришнинг иложи йўқ. Вақтимизни бепарволик билан ўтказиш ўрнига унинг ҳурматини жойига қўйсак ва у хотирамизда абадий ўчмас из қолдиришини унутмасак, вақти келиб дилимиз сиёҳ бўлиб турганда кўнглимизни кўтариб, бизга далда бериб туришини истасак, шу бугуннинг қадрига етиб шукур қилишимиз лозим.

* * *

Ҳар қандай чеклаш, ҳатто руҳий чеклаш ҳам бахтга етаклайди. Бахт ҳақидаги тасаввуримиз қанчалик даражада тор, унга бўлган интилишларимиз камроқ бўлса, биз шунга яраша бахтлимиз, у қанчалик кенг бўлса, ташвишларимиз ва азоб-уқубатларимиз доираси ҳам кенгаяди. Чунки унга етишиш йўлида чекадиган ғам-ташвишлар, истак-хоҳишлар, қўрқув-хавотирлар ҳам кўпаяди. Худди мана шу сабабли ҳатто кўзи ожизлар ҳам унчалик бахтсиз эмаслар, уларнинг юз ифодаларидаги беозор ювошлик, шодлик аломатлари бунинг гувоҳидир.

Ёшимиз қайтганда ҳаётимиз олдингига нисбатан кўпроқ қайғу-ғамдан иборат бўлиши ҳам шу боисдан. Умримиз ўтгани сайин мақсадларимиз ҳам кенгая боради. Болалигимизда у оила ва яқинларимиз доирасида бўлади, ёшлик давримизда бирмунча кенгаяди. Етук ёшимизда бутун умримизни, ҳатто давлатлар ва халқларни ҳам қамраб олади, кексайганимизда эса авлодларимизни забт этади.

Ҳар қандай чеклашлар, ҳатто руҳий чеклашлар ҳам, бахтимизга ижобий таъсир кўрсатади. Чунки ҳаяжонимиз қанчалик оз бўлса, азоб-уқубатларимиз шунчалик камаяди. Бахт салбий эканлиги, азоб-уқубат эса ижобий эканлигини яхши биламиз. Ҳаракат доирамизнинг чекланганлиги иродамизни ташқи таъсирлардан асрайди, руҳий чекланиш эса ички оламимизни. Кейингисининг салбий томони шундаки, дилимиз сиёҳ бўлиб ҳувуллаб қолади ва бу бўшлиқни азоб-уқубат эгаллай бошлайди, биз эса ундан қутулиш учун ўзимизни ҳар ёққа урамиз: овунчоқ қидирамиз, ўйин-кулгига, ортиқча дабдабага бериламиз, ичкиликка ружу қўямиз ва сарф-ҳаражатларимиз кўпайиб хонавайрон бўламиз, оқибатда турли бахтсизликка дучор бўламиз. Бекорчиликдаги хотиржамлик хавфлидир.

Биздаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам ақл-онгимиз нима билан банд эканлигига бориб тақалади. Омадсизлик, азоб-уқубат, изтироб, қийноқлардан иборат турмушнинг оғир юки остида эзилиб турган пайтларимизда интеллектуал фаолият шунга лаёқатли ақл-онгимизга кўпроқ фойда келтиради. Бунинг учун, албатта, руҳий мойиллигимиз устун бўлиши зарур. Ташқарига йўналтирилган фаолият вақтимизни чоғ қилиб бизни чалғитади, ақлимизни ўғирлайди, аксинча, ақлий меҳнат ташвиш ва ҳаяжондан холи қилади. Амалий фаолият учун куч-қувват зарур бўлган пайтларда вақтичоғликни четга суриб қўйишга тўғри келади.

* * *

Турмушда мулоҳазали бўлиш ва шахсий тажрибамиздан тўғри хулоса чиқариб олиш учун тез-тез ўтмишимизга назар ташлаб туришимиз керак. Нималарга эришдик, нималарни йўқотдик, қаерда хато қилдик, шуларни англаб олишимиз зарур. Ниятимизни амалга ошириш учун қандай йўл тутдик, ҳозир қайси йўлдан кетаяпмиз, буларни солиштириш, таққослаш ва натижалари қай даражада бизни қониқтирганлигини англашимиз лозим. Бу фойдадан холи эмас.

Шахсий тажрибаларимиз асосий мавзу бўлса, бу борадаги мулоҳазаларимиз, билимимиз унга берилган шарҳ бўлади. Тажрибамиз оз бўла туриб мулоҳазага берилиб кетсак, ёки тажриба етарли бўлиб, мулоҳаза кам бўлса, кўп ҳолатлар англанмай қолиши мумкин.

“Кечқурун уйқудан олдин, кун бўйи нима иш қилганингни кўриб чиқ”, деган Пифагор қоидаси шунга мос тушади. Кимки ўтмишга танқидий назар билан қарамасдан, ҳаётини фақат ташвиш ёки вақтичоғлик билан ўтказар экан, у эс-ҳушини йўқотиб қўйиши мумкин. Унинг ҳиссиётлари аралаш-қуралаш бўлиб, фикрлари чигаллашиб кетади, буни гап-сўзларидан, ўзини тутишидан ҳам пайқаб олса бўлади.

Вақт ўтиши билан уларнинг бизга бўлган таъсири камайиб борса-да, бироқ ўша пайтда айтганларимиз ёдимизда туради, чунки улар фаолиятимиз натижаси ва ўлчовидир. Ҳаётимизнинг энг муҳим пайтларида айтганларимизни ёдда сақлаш зарур. Кундалик дафтар тутиш ҳам мумкин.

* * *

Ўзлигингдан қаноатланиш, барча нарсаларга ўзингдан жавоб топиш учун “Ўзимники ўзим билан” дейдиган даражада имкониятли бўлиш керак. Бу нарса бахтга эришишда қулайлик туғдиради. Арастунинг “Эҳтиёжини қондириш учун ўз имкониятига эга бўлган одамгина бахтли бўла олади”, деган фикри мазмунан Шамфорнинг “Бахтга эришиш осон эмас, уни ички оламингдан топиш жуда қийин, ўзга жойдан топиш асло мумкин эмас”, деган фикрларини билдиради. Бир томондан ўзингдан бошқа одамга умид боғлай олмайсан, бошқа томондан, ҳаётимизда қийинчиликлар, хавф-хатарлар, хафагарчиликлар шу даражада кўпки, уларни четлаб ўтишнинг сира иложи йўқ.

Аянчли турмушдан воз кечиб қувончу шодликда, роҳат-фароғатда, ҳузур-ҳаловатда оқсуяклар орасида яшаб бахтга эришмоқчи бўлган одам ҳам қаттиқ янглишади, умиди пучга чиқади, чунки бундай ҳаёт ўзаро алдов ва ёлғонга асосланган.

Яланғоч танамизни кийим яшириб турганидек, руҳимиз ҳам ёлғондан иборат пардага ўралган. Сўзларимиз, хатти-ҳаракатларимиз, бутун борлиғимизга ёлғон сингиб кетган. Яланғоч танамиз тасодифан кийим орасидан кўриниб қолгандек, баъзан ҳақиқий қиёфамиз сезилиб қолади. Ҳар қандай жамиятдаги ҳаётимиз ўзаро мослашишга, муросасозликка мўлжалланган. Улар қанчалик кўп бўлса, шунчалик мужмал бўлиб қолади. Жамиятда яшаётган инсон ҳеч қачон эркин бўла олмайди, бунинг учун у ёлғиз яшаши лозим.

Ҳар қандай жамиятнинг ажралмас йўлдоши – мажбурлаш, бу йўлда шахс эркинлиги қурбон бўлади. Шахс қанчалик ўзига хос хусусиятларга эга бўлса, бу шунчалик оғир кечади. Шунинг учун инсон ёлғизликдан қочадими, у билан муроса қиладими ёки ёқтирадими, ўз шахсининг қадрига мувофиқ ўз йўлини ўзи танлайди. Танҳоликда фақир ўз фақирлигини ҳис қилади, буюк ақл эгалари ўзининг қалб тубига етиб боради, хуллас, кимнинг ким эканлиги ўзига маълум бўлади.

Табиат иерархиясида эгаллаган ўрнимиз қанчалик юқори бўлса, ёлғизлигимиз шу даражада бўлади, моҳиятан олганда, бу – муқаррар. Руҳий ёлғизлигимизга жисмоний ёлғизлик ҳам қўшилса яхши бўларди, акс ҳолда, атрофимиздаги бошқа муҳитдан бўлган оломон бизни чиқиштирмас, бизга ҳатто душманлик кайфиятида бўлиб, “мен”лигимизни тортиб олиб, четга чиқариб ташларди.

Одамлар орасида ахлоқ ва интеллектуал маънода фарқ бор. Уни табиат белгилаган бўлса-да, жамият бу билан ҳисоблашмасдан барча одамларни тенглаштирмоқчи бўлади ёки сунъий фарқ ўрнатади: табақаларга, мартабаларга, унвонларга ажратади. Бу эса кўпинча табиат ўрнатган қоидаларнинг тамоман акси. Бунинг устига табиат белгилаган қуйи табақадагилар жамият ўрнатган тақсимотга кўра жуда яхши ўринга эришадилар, табиат берган ҳақиқий истеъдод эгалари бўлган озчилик кўпинча тан олинмайди. Мана шу сабабли, одатда, улар ўзларини жамиятдан четга олиб юрадилар, чунки кўпчиликни ташкил қилган жамият орасида пасткашлик ҳукмрон.

Жамиятда ўрнатилган тенг ҳуқуқлилик, айни пайтда, истеъдод ва қобилиятнинг талабларини, халқ олдидаги хизматларини ҳам тан олмаслик дегани. Жамият турли устунликлар ўрнатишни ёқтиради, фақат руҳий устунликни эмас. У жамиятда ўз ўрнини топа олмайди. У бизни жамиятда ҳукм сураётган турли бемаъниликлар, нодонликлар, хурофоту бидъатлар, бефаҳмлик, бефаросатликларга чидаб, чексиз сабр-бардошли бўлишга мажбур қилади. Шахсий устунлик, ўзини худди гуноҳ қилиб қўйгандек, айбдордек ҳис қилади ёки яшириниб олади, чунки ақлий устунликни атрофдагилар ўзлари учун ҳақорат деб қабул қилади.

Шундай қилиб, яхши жамият нолойиқ одамларни яхшилари билан ёнма-ён яшашга мажбур қилади, шунингдек, яхшиларга ўз фазилатлари ва имкониятларига муносиб яшашга йўл бермайди. Аксинча, муросасозлик ўрнатиш мақсадида сиқувда яшашга, ҳатто ўзимизни расво қилишгача олиб боради.

Ақлли гаплар ва фикрларни онгли жамиятгагина қаратиш ўринли, оддий жамиятда эса уларни нафрат билан қабул қилади. Яхшиси, бирор нарсага эришмоқчи бўлсанг, бошқалардан ажралмасдан, ҳамма қатори яшаш керак. Ҳамма нарсангдан воз кечиб, ўзлигингни унутиб яшаш оғир бўлса-да, бошқа иложинг йўқ. Тўғри, бу аҳволда йўқотганинг ўрнини тўлдириб бўлмайди, эвазига топганларинг арзимас бўлиб чиқади. Одамлар билан мулоқот қилишдан кўнглинг тўлмайди, чунки у зерикарли, ноқулай ва ёқимсиз, ўзлигингдан воз кечиб, вақт кетказишга арзимайди. Танҳоликни афзал кўрган одам янглишмайди. Одамлар орасида ноёб бўлган ҳақиқий руҳий устунликни жамият ёқтиравермайди, уни “Яхши муомала” дейишади ва у авлоддан-авлодга ўтиб келаверади. Ҳақиқий руҳий устунлик билан тўқнашганда унинг ёлғончилиги билиниб қолади. “Яхши муомала” пайдо бўлганда соғлом фикр йўқолади.

Умуман олганда, инсон дўсти ёки севгилиси билан эмас, фақат ўзи билангина тўла муросада бўла олади. Ҳар бир одамнинг ўзига хос хусусиятлари, кайфияти оз бўлса-да келишмовчиликка олиб келади. Инсоннинг бой ички олами, унинг осойишталиги ва соғлиғи уйғун бўлса дунёда бундан ортиқ неъмат йўқ, бунга эса фақат ёлғизликдагина эришиш мумкин. Шу билан бирга, инсоннинг “мен”лиги буюк даражада ва сермазмун бўлса, бу ёруғ оламда ундан бахтли одам йўқ.

Дўстлик, севги, никоҳ одамларни қанчалик мустаҳкам боғламасин, рўйирост муносабат фақат ўзига нисбатангина бўлади, фарзандларига ҳам бўлиши мумкин. Объектив ва субъектив шароитлардан келиб чиққан ҳолда одамлар билан муносабатимиз қанчалик кам бўлса, шунча яхши.

Танҳоликда ўзимизнинг барча иллатларимизни сезиб қоламиз, жамиятда эса аксинча, оммавий ўйин-кулгилар, кўнгилочарликлар каби тузоқлар бизни чалғитади… Ёшликда олинадиган муҳим сабоқлардан бири ёлғизликка кўникиш, чунки у руҳий осойишталик ва бахтимиз манбаи бўлиб қолади.

Юқоридагилардан хулоса чиқариб айтишимиз мумкинки, ким ўз муаммоларини ўзи ҳал қилишга қурби етса, фақат ўзигагина ишонса, у хор бўлмайди. Цицерон айтгандек: “Ким барча нарсаларда ўзига ишонса ва ўзи ҳал қилса, бахтли бўлмасликнинг бошқа иложи йўқ”. Инсоннинг ўзлигидаги бор нарсаси қанчалик кўп бўлса, ўзгаларга муҳтожлиги қолмайди.

Инсоннинг ички олами қанчалик бой бўлиб, ўз эҳтиёжини ўзи қондириш имконияти кенг бўлса, жамиятда йўқотганлари, қурбон берган нарсалари учун шунчалик кам азият чекади. Буни акси бўлган одам, жамиятга ўзини уришдан бошқа илож тополмайди, чунки ёлғизликни кўтара олмайди.

Ҳақиқий қадр-қимматга эга бўлган нарсалар эътибордан четда қолади. Диққат-эътиборга сазовор, буюк инсонларнинг танҳоликда кечаётган умри бунга мисол. Ўз қадрини билган бундай инсонлар ҳақиқий донишмандлардир, улар муҳтожликка тушган пайтларида бошқалардан саховат кутмай ўз эҳтиёжларини жиловлай оладилар, ўзгаларга қарам бўлмай, эркини сақлай биладилар.

Одамларнинг киришимли бўлиб кетиши уларнинг ёлғизликни кўтара олмасликлари билан боғлиқ. Ички оламнинг қашшоқлиги, ёлғизликдан тўйиб кетиш одамларни жамоага етаклайди, ўзга юртларни кезишга чорлайди. Бирор нарса билан шуғулланишга уларнинг ички даъвати етишмайди, шунинг учун ичкиликка ружу қўядилар. Худди шу сабабли улар ташқаридан, худди ўзига ўхшаганлардан кучли туртки олиб туришга муҳтожлик сезадилар. Шу бўлмаса, руҳияти пасайиб летаргик ҳолатга тушиб қоладилар.

Қайғуни биргаликда енгиш осон кечади, деган тушунча бор. Одамлар зерикишдан ҳам шу йўл билан қутулиш мумкин деб ўйласалар керак, шу сабабли улар бирга йиғилишни ёқтирадилар.

Ҳаётга муҳаббат асосида ўлимдан қўрқиш ҳисси ётади. Одамларнинг жамоага бирлашиш мойиллигида ҳам, моҳиятан, ёлғизликдан қўрқиш ҳисси бор, чунки кўпчилик танҳолик юкини кўтара олмайди. Ундан кўра, нолойиқ одамлар билан мулоқот қилишга тўғри келса ҳам, шунга чидайди, шуни афзал кўради.

Бундай турмуш жонига тегиб ёлғизликни одат қилган одам, унинг оғир юкини ҳам кўтара олади ва жамоани қўмсамасдан, ёлғизликнинг яхши томонларини маъқул кўра бошлайди.

Ақли калта, фикри саёз, калтабин ёки мунофиқ одамлар эзгу ишларни амалга ошириш мақсадида бирлашган яхши инсонларнинг ҳам орасига суқилиб кириб оладилар ва оқибатда яхши ниятлар амалга ошмай қолади.

Бундай тоифадаги одамларни совуқ кунлари кўпчилик таратган ҳароратда исиниб олиш учун ўзини тўдага урган жонзотга ўхшатиш мумкин. Аксинча, ақл-идрокли, интеллектуал олами кенг инсонлар бундай тўдага муҳтож эмаслар. Улар ҳароратни ўзининг бой ички оламидан топадилар. Бу тоифадаги одамларнинг эса икки томонлама ютуғи бор: биринчидан, улар ўзлари истаган ёлғизликка эришадилар, иккинчидан, ҳар хил қаланғи-қасанғи, мунофиқ одамлар билан мулоқот қилишдан қутуладилар. Иккинчиси муҳимроқ, чунки бу йўлда турли мажбуриятлар, ноқулайликлар, ҳатто хавф-хатарлар ҳам тўлиб ётади.

“Барча кўргиликларимиз ёлғизликни кўтара олмаслигимизда” дейди Лабюйер. Кўпчилик билан киришиб кетишлик бизни хавф-хатарга бошлайди. Биз билан мулоқотга киришган одамларнинг кўпчилиги бефаҳм, ахлоқан бузуқ. Улардан қочиб юрганларни эса одамови дейишади.

Инсон учун энг қадрли нарса унинг соғ-саломатлиги бўлса, иккинчиси осойишталик ва хотиржамликдир. Одамлар билан мулоқотга киришганимизда биз шу нарсаларни йўқотиб мусибатларга дучор бўламиз. Ваҳоланки, биз ўзимиздаги интеллектуал бойлигимизни, ички оламимизни бойитиш ва сермазмун бўлишга эришмоғимиз керак эди.

Ҳақиқий бахт руҳий осойишталикда, деб тушунган киниклар ҳар қандай мулкдан воз кечганлар. Бернарден де Сент-Пьер “Нафсини тийганлар жисмонан, мулоқотдан тийилганлар руҳан соғлом бўладилар” дея бекорга айтмаган.

Шундай қилиб, кимки ёшликдан ёлғизликка кўникса ва уни ёқтириб қолса, у беҳисоб хазинага эга бўлади. Бундай қобилиятга ҳар ким ҳам етиша олмайди. Чунки дастлаб муҳтожлик, қолаверса бу йўлдаги диққатбозлик уни оломонга етаклайди, уларсиз ҳар қандай одам ҳам ёлғиз қолган бўларди. Фақат шундай шароитдагина бу дунёнинг беҳаловат эканлигини, ҳар қадамда хўрликлар, ур-йиқитлар, топташлар чиқиб қолишини, ниятлар амалга ошмаслигини, қолаверса, ўз қадр-қимматини билиб олади.

Шу маънода ёлғизлик ҳар бир инсон учун табиий шароит эканлигини, яъни Одам Ато каби жаннатда ҳузур-ҳаловатда яшаётгандек ҳис қилади ўзини.

Лекин Одам Атонинг на отаси, на онаси бўлмаган! Шу сабабли, ёлғизлик инсонга хос эмас, чунки уни дунёга келтирган ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари бор, демак, у жамиятда дунёга келган.

Ёлғизликка мойиллик инсонга азалдан ато қилинмаган, балки ҳаёти давомида орттирган тажрибаларига таяниб юритган мулоҳазалари, руҳий куч-қудратининг юксалиб бориши, мулоқотлардан кўнгли тўлмаслиги, ўзгалар билан чиқишиб кета олмаслиги ва унинг ёшига боғлиқ.

Гўдак ёлғиз қолганда ночор аҳволга тушганини сезиб дод солади. Ўғил бола учун ёлғизлик – катта жазо. Ўсмирлар жон-жон деб бир-бирлари билан мулоқотга киришадилар. Фақат насл-насаби яхши оиладан чиққанлари, замонасининг юксак мақсадларига интилганларгина вақти-вақти билан ёлғизлик истаб қоладилар, шунда ҳам узоқ муддатга эмас. Балоғатга етган эркак бора-бора танҳоликка кўника боради. Ўз тенгқурларини йўқотиб, турмуш ҳузур-ҳаловатларидан кўнгли қолган, авлодлари учун энди оғир юк бўлиб қолган кексаларгина ёлғизликда ором топадилар.

Айрим одамларда алоҳида яшашга ва танҳоликка мойиллик ёши ва ақл-заковатига қараб ортиб боради. Бу бизнинг табиий эҳтиёжларимиздан келиб чиқмайди, балки кўпчиликнинг ахлоқи ва ақл-онги пастлигини тушуниб борганимиз сари юксала боради. Энг ёмони – одамларнинг феъл-атвори, одоб-ахлоқи уларнинг ақли пастлигидан далолат беради ва шу нарса чидаб бўлмас даражада кўнгилсизликларга олиб боради.

Бу дунёда ярамас нарсалар қанчалик кўп бўлмасин, энг ёмони – бу жамият ҳатто энг дилкаш одамлардан бўлмиш француз Вольтер ҳам, “Ер юзи мулоқот қилишга арзимайдиган одамлар билан тўлиб кетган”, деб тан олади. Энг ювош ва ёлғизликни ёқтирган Петрарка бунинг сабабини қуйидагилар билан изоҳлайди:

Онги бузуқ, иймонсиз, тубан каслардан қочдим

Қирғоқларга, ўрмонга, далаларга, кўлларга.

Циммерманнинг “Ёлғизлик ҳақида”ги асарига туртки бўлган “Танҳоликда ўтган умр” китобида ҳам гап шу ҳақда боради. Одамовилар ҳақида Шамфор ҳам пичинг аралаш: “Хилватда яшаётган одамлар жамиятни ёқтиришмайди”, деб айтади. Кўп ҳолларда бу бирор одамнинг тунги ўғрихоналарда тентираб юришини ёқтирмаганлиги учунгина: “У сайр қилишни ёқтирмайди”, дегандек гап.

Саъдий “Гулистон”ида ҳам шу маънодаги сатрлар бор: “Ўша кундан бошлаб биз ҳам нотанишлар даврасидан воз кечиб, хилватни ихтиёр этдик, чунки осойишталик танҳоликдадир”. Айнан шу маънода беозор христиан Ангелус Силезиус мифологик фразеологиясида: “Ирод – душман, Юсуф – ақл, унга Худо тушларида белги беради. Олам Вифлеемда мужассам, Миср – хилват, руҳим хоҳлаган жойингга бор, акс ҳолда қайғуни тарк этолмайсан”, – дея таъкид қилади.

Жордано Брунонинг: “У дунё роҳатидан тотиб кўришни истаганларнинг барчаси жамиятдан қочдим, танҳоликда қолдим”, деганлар. Саъдий “Гулистон”да ўзи ҳақида айтади: “Дамашқдаги дўстлар давраси жонимга теккач, Қудс саҳросига йўл олдим ва у ерда ваҳший ҳайвонлар билан дўстлашдим…”

Бошқалардан ажралиб алоҳида яшашга ва ёлғизликка мойиллик зодагонларга хос туйғу. Ҳар хил қаланғи-қасанғи одамлар бир-бирлари билан тез киришиб кетади, олижаноб тоифадаги инсонлар улар билан бўлган мулоқотдан ҳеч нарса топа олмайди, ёлғизликни афзал кўради. Ёши ўтган сари ишонч-эътиқоди кучайиб икки йўлдан бирини танлайди: ё жамиятдаги пасткашлик ё танҳолик. “Ёлғизлик қийин, лекин разил бўлмасанг, ҳамма жойда ҳам ундан ором топасан”, деб хулоса қилади Ангелус Силезиус.

Инсон зотининг ҳақиқий етакчи устозлари бўлган буюк ақл-идрок эгалари ўзгалар билан мулоқот қилишдан ўзларини тийиб юрадилар.

Демак, ёлғизликка мойиллик инсонга азалдан берилмаган, аксинча, у жамиятда яшашга маҳкум. Олижаноб инсон аста-секин жамиятдаги иллатларни кўриб-билиб ёлғизлик учун кураша бошлайди, табиат берган дилкашлик ўрнини танҳолик эгаллайди. Бу борада Мефистофель шундай насиҳат қилади:

Жигарни чўқиган калхатга ўхшаб
Юракка чанг солган дардингни унут.
Одам одамларсиз билмайди яшаб,
Бузилган бўлса ҳам жамият, муҳит.

Ёлғизлик барча буюк ақл эгалари қисматидир: афсус-надомат билан бўлса-да, улар шу йўлни танлайдилар. Ёш ўтиб ақл тўлишганда бу нарса осонроқ кечади, етмишларга борганда, ҳатто табиийдек туюлади.

Энди инсондаги барча нарсалар шуни юксалтиришга киришади. Одамлар билан бўладиган муносабатларга рағбатлантирувчи кучларнинг асосийларидан бири – жинсий ҳиссиёт майли. У бора-бора пасайиб, йўқ бўлади, бинобарин, аёлларга бўлган қизиқиш ва эҳтиёж ҳам. Бу эса ўз навбатида муносабатларнинг бошқа кўринишларини ҳам сиқиб чиқаради.

Энди биз беҳисоб ёлғон ва алдовлардан, нодонликлардан халос бўлдик. Фаол ҳаётимизнинг кўп қисми ўтиб кетди, келажакка кўпам умид боғламаймиз, режалар тузмаймиз. Биз тенги авлод ҳаёт саҳнасидан тушиб кетди, атрофимизда бегона авлод, объектив нуқтаи назардан олганда ҳам ёлғизмиз. Вақт тутқич бермайди, уни имконият борича ақлий меҳнатга сарфлашга ҳаракат қиламиз. Ақлимиз жойида бўлиб, ҳаётдан олган сабоқларимиз, тажрибаларимизни жамлаб ақлий меҳнатга берилишимиз вақти етди.

Илгари бизга мавҳум бўлиб келган беҳисоб нарсалар энди бизга яққолроқ кўрина бошлайди, бошқалардан устунроқ (афзалроқ) эканлигимизни ҳис қила бошлаймиз. Кўп йиллик тажрибаларимиз натижаси ўлароқ, энди биз яқинларимиздан кўп нарсани кутмаймиз, улар яқиндан танишганимизда қадри ортиб борадиган одамлар қаторида эмаслигига амин бўламиз. Инсон зотида ноёб бўлган буюк шахслар ўрнига ҳамма жойда тўлиб-тошиб ётган руҳан қашшоқ арзимас одамларгагина дуч келишимизни биламиз, яхшиси уларга яқинлашмаган маъқул. Шунинг учун энди биз ёлғонларга учмаймиз, ҳар бир одам аслида ким эканлигини сезиб оламиз, улар билан алоқа боғлаш истаги деярли йўқолади.

Агар биз ёлғизликка ёшликданоқ кўникиб қолган бўлсак, у ҳолда одамовилик феъл-атворимизга айланиб қолади. Илгари бизга оғирлик қилган танҳолик энди эркин ва табиий ҳолатимизга айланади.

Гарчи бу афзаллик барча учун хос бўлса-да, ундан фойдаланиш ҳар бир шахснинг интеллектуал даражасига боғлиқ. Фақат ички олами қашшоқ ва пасткаш одамларгина ҳалиям ёш авлодга аралашиб юраверади, ваҳоланки, улар энди янги авлод шунчаки уларга тоқат билан муомала қилаётганликларини тушунгиси келмайди, бир маҳаллар кимларгадир нажоткор бўлган бўлсалар-да, энди уларга кераги йўқ.

Ёш билан киришимлилик ўртасидаги номутаносибликда илоҳий маъно ҳам бор. Ёш йигит турли ўгитлар, маслаҳатлар, насиҳатларга муҳтож, буларни у фақат жамиятдаги муносабатлар орқалигина олади. Мактаб, китоблар эса табиий омил эмас, жамият маҳсули.

Гул тикансиз бўлмайди деганликларидек, “Тўкис, бенуқсон бахт бўлмайди”, дейди Гораций. Ёлғизликнинг ҳам ўзига яраша фойдасиз ва ноқулай томонлари бор, лекин жамиятдаги кўргиликлар олдида улар арзимас, шунинг учун кимнингдир ўзига яраша қадр-қиммати бўлса, одамлар билан мулоқотсиз ҳам умр кечираверади.

Ёлғизликнинг фойдасиз томонларидан бири шуки, биз ташқи таъсирларга берилувчан бўлиб қоламиз. Танамиз нозиклашиб қолгандек руҳимиз ҳам таъсирчан бўлиб қолади. Ўзгаларнинг арзимаган сўзлари, юз ифодалари бизни ранжитиб, хафа қилиб қўйиши мумкин. Одамлар орасида яшаганимизда эса биз уларга эътибор бермаймиз.

Ёшлик чоғларимизда баъзан бизни ноҳақ хафа қилиб қўйишади, шунда уларга нисбатан нафратимиз ошиб, ёлғизликни қидириб қоламиз, аммо бу узоққа чўзилмайди. Бундай одамларга “ёлғизликни жамиятда ҳам ўзингиз бирга олиб юринг”, деб маслаҳат берган бўлардим. Бунинг учун ўз фикрларингизни ўзгаларга билдирманг, ўзгаларнинг гап-сўзларига ҳам аҳамият берманг. Одоб-ахлоқ ва интеллектуал маънода улардан кўп нарса кутманг, уларнинг фикрларига бефарқ бўлинг, шунда сабр-бардошингиз ошади. Ана шунда биз бутун борлиғимиз билан одамлар орасига сингиб кетмаймиз, ўзлигимизча қоламиз, уларга нисбатан объектив муносабатимиз сақланиб қолади. Бу билан биз омманинг турли иллатлари, ҳатто ҳақоратларидан ўзимизни ҳимоя қиламиз. Бундай чекланган муносабатларнинг намуналаридан бири Маратиннинг комедиясида дон Педро образи орқали берилган. Шу маънода жамиятни гулханга таққослаш мумкин: ақлли одам керакли масофа сақлаб исиниб олади, аҳмоқ эса ўйламасдан ўзини ўтга уради.

Ҳасад табиатан инсонга хос бўлса-да, у ҳам иллат, ҳам бахтсизлик. Ҳасад инсонни қай даражада бахтсиз эканлигини кўрсатади: доимо ўзгаларнинг хатти-ҳаракатларини кузатишга бўлган қизиқиши эса қанчалик даражада зерикарли ҳаёт кечираётганлигини билдиради. Уни инсон бахтининг душмани, ёвуз иблис сифатида йўқ қилиш керак. Сенека шунга шама қилиб айтади: “Ўзимизни ўзгаларга таққосламасдан, қисматимиздан рози бўлиб яшайлик. Ўзгаларнинг бахтини кўролмаган одам ҳеч қачон бахтли бўлолмайди”. У яна: “Қанчадан-қанча одамлар сендан ўзиб кетганини кўрсанг, қанчаси орқада қолиб кетганини ҳам ўйлаб кўр”, – дея қўшимча қилади.

Демак, биздан кўра омадлироқ одамларни эмас, аксинча, омадсизроқларни ҳисобга олишимиз керак. Бошимизга мушкул иш тушганда биздан кўра кўпроқ мусибат чекаётганларни кўриб кўнглимиз таскин топади, ўзимизга ўхшаш одамлар билан эса дардлашамиз.

Бу ҳасаднинг актив томони. Унинг пассив томонига келсак, ҳеч қандай нафрат ҳам унинг олдида ип эшолмайди. Айнан шу сабабли биз ўзгаларда шу ҳиссиётни қўзғатишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Уларнинг айримлари оқибатда қандай хавф-хатарга олиб боришини билганимизда эди, ўзимизни тийган бўлардик.

Зодагонларнинг уч тури бор: 1) наслий зодагонлик, 2) пулдор зодагонлик, 3) маънавий (руҳий) зодагонлик. Охиргиси ҳурмат-эътиборга лойиғидир. Буюк Фридрих: “Уларни ҳукмдорлар билан тенг”, деб ҳисоблаган ва Вольтерга министрлар ва генераллар қаторида эмас, балки ўз ёнидан жой берган.

Ҳар бир зодагоннинг атрофида унга ҳасад қилувчилар давраси бўлган. Ҳар бири унга нисбатан кек сақлаб, уларнинг хатти-ҳаракатлари, ўзларини тутишларидан “Мендан афзал жойинг йўқ!” деган маънони уқиб олиш мумкин. Уларнинг айнан шу ишончи акс маънони билдиради.

Бундай одамлардан қутулиш йўли улардан ўзингни четроқ олиб юриш, иложи борича яқинлаштирмаслик ва доимо масофа сақлаб юриш. Бунинг имкони бўлмаса, улар билан совуқроқ муносабатда бўлиш, ҳасадни ўзига юқтирмаслик: бу нарса кўпчиликка хос. Зодагонлар ўзаро тил топишиб кетаверади, чунки уларнинг ҳар бири ўзича ўз афзаллигини устун кўради.

* * *

Ҳар қандай ишни бошлашдан олдин уни атрофлича кўриб чиқиб, муҳокама қилиб, натижасига ишонч ҳосил қилгандагина бошлаш керак. Инсоннинг билиш доираси чексиз эмаслигини, ҳар қадамда кутилмаган ҳодисалар (тўсқинликлар) чиқиб қолишини назарда тутиб, ниятларимиз амалга ошмай қолишининг олдини олишимиз керак.

Буни англаш муҳим ишларни амалга оширишда бизга қўшимча имконият яратади. Бирор ишни бошладикми, уни оқимига қараб натижасини кутишимиз керак. Иш бошладингми, энди нима бўлар экан деб ташвишланма. Аксинча, бўлар иш бўлди, энди уни муҳокама қилишга ҳожат йўқ, натижасини хотиржамлик ва ишонч билан кутиш керак. “Эгар мустаҳкам бўлса, йўлинг бехатар бўлади”, деган Гёте, итальян мақолини мазмунан таржима қилиб.

Агар натижа ёмон бўлса, одамзоднинг йўли ўзи шунақа, тасодиф ва хатоларга тўла. Энг доно инсон Суқрот ҳам буни тан олган. Бу ерда инсон ожиз.

Рим папаларидан қайсидир бирининг “бошимизга тушган мусибатларда, қай маънода қисман бўлса-да, ўз айбимиз бор”, деб айтган ҳикматли сўзлари ибратлидир. Омадсизлигини, бахтсизлигини ўзгалардан яшириб сир бой бермай юрган одамнинг ҳолати шуни эслатади. Уларнинг фикрича, чекаётган мусибат айби бор эканлигидан далолат беради.

Бошга тушган балони даф қилиб бўлмайди, шунинг учун унинг олдини олиш мумкинмиди, деган хаёл билан ўз этини ўзи ейишга йўл қўймаслик керак. Бундай фикр мусибатни янада ошириб юборади, қийноққа солади.

Бундай пайтда Довуд подшодан ўрнак олиш керак: бемор ётган ўғли ҳақида қайғуриб Яхвега тинимсиз ёлборади, ўғли ўлгач, қўл силтаб, бошқа бу ҳақда ўйламайди. Агар бунга кучи етмаса, тақдирга тан беришни ўрганиши керак. Пешонага ёзилганини кўрасан, тақдири азал шу.

Бахтсиз ҳодиса бошига тушган одамга таскин берувчи, тинчлантирувчи омил бу. Мабодо, бўлиб ўтган воқеаларда шахснинг ўзи айбдор бўлса, у ҳолда чекаётган изтироб, мусибат фойдадан холи эмас, чунки бу нарса келажакда сабоқ бўлади. Йўл қўйилган хатоларимиз оқибатида содир бўлганда, одатдагидек ўзимизни ўзимиз оқламаслигимиз, воқеаларни бўямасдан, айбимизни тан олиб, келажакда йўл қўймасликка қатъий қарор қилиш керак. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмайди, одам ўзидан норози бўлиб, ич-этини еб юради, азоб чекади. Гуноҳ жазосиз қолмаслиги керак.

* * *

Гап бахт-саодатимиз ёки мусибатларимиз ҳақида борганда биз ўзимизнинг тасаввурларимизни жиловлашимиз керак. Энг аввало, биз хаёлий қасрлар қуришдан ўзимизни тийи­шимиз лозим, чунки бу фойдасиз, оҳ-воҳ қилишга арзимайди.

Тасаввурларимиздаги бахтсизликларни ўйлаб хавотирланиш ундан ҳам ёмон. Хавотиримиз асоссиз бўлса ёки бошимизга тушадиган мусибат даргумон бўлса, тинчлигимизни йўқотганимиз қолади. Агар чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, у саҳродаги саробдек ғойиб бўлади. Ихтиёримизда бўлган ҳозирги кундан хавотирларимизни чиқариб ташласак тинчроқ яшаймиз.

Фантазиямиз бу нарсаларни кўпам ёқтиравермайди: биз асоссиз равишда дарҳол хаёлий орзу-хавасларга бериламиз. Бахтсизликнинг учқуни сезилди дегунча, биз ғамга ботамиз, бахтсизликнинг турли кўринишларини ўйлаб азоб-уқубатларимиз ортаверади. Ҳали бостириб келмаган бало-қазони ўйлаб, хаёлимиздан даҳшатли фикрлар ўта бошлайди. Ўзингга келганингда хаёлий орзу-ҳаваслардан воз кечиш осонроқ кечади, лекин ғам-ғусса бизни тарк этиши қийин, чунки бало-қазонинг келиш эҳтимоли кўпроқ, фақат биз унинг қай даражада келишини билмаймиз. Қўрқув исканжасида қийналишимизнинг сабаби ҳам шунда.

Шу сабабли бахт-саодатимиз ва мусибатларимиз билан боғлиқ нарсалар ҳақида соғлом фикр юритишимиз, мулоҳазакорлик қобилиятини ишга солиб, оддий тушунчаларга таянган ҳолда совуққонлик билан хулоса қилишимиз керак. Хаёлотимиз бу ерда иш бермайди, чунки мулоҳаза юритиш унинг вазифаси эмас, у фақат тасаввуримизни бойитиб, изтиробимизни кучайтиради, холос.

Бу қоидага биз кўпроқ кечқурунлари риоя қилишимиз керак. Чунки тун қоронғилиги бизни қўрқоқ қилиб қўяди, ноаниқ фикрлар шунга етаклайди. Ҳар қандай ноаниқлик шубҳа туғдиради. Ақл-идрокимиз ва мулоҳаза юритиш қобилиятимиз сусайиб, уларни зулмат қоплайди, толиққан интеллектимиз воқеа-ҳодисалар ва уларни келтириб чиқарган сабабларга тўғри баҳо бера олмайди, балки ҳаяжонимизни орттиради ва осонлик билан қўрқув исканжасига тушиб қоламиз.

Кўпинча бу нарса тунда уйқудан олдин ёки уйғониб кетганимизда содир бўлади: ақл-идрок ўз вазифасини бажара олмайди, тасаввуримиз ишлаб турса-да, нарсаларни бузиб кўрсатади, шунда қайғуга ботиб ёмон фикрларга борамиз.

Эрталаб эса қўрқувларимиз ҳудди тушдек йўқолади. Шу боис кечқурунлари, айниқса тунда нохуш воқеаларни ўйлаш мумкин эмас. Бунинг учун энг қулай вақт – эрта тонг. Ақлий ва жисмоний меҳнат учун ҳам тонг яхши пайт.

Тонг – худди ёшликка ўхшайди, ҳамма нарса мусаффо, аниқ-тиниқ: биз ўзимизни кучли, ҳамма нарсага қодир деб ҳис қиламиз. Бунинг қадрига етиш лозим, уни беҳудага сарфламасдан, уйқуда ўтказмасдан, қайсидир маънода муқаддас деб билиб, унда ҳаётимиз моҳиятини кўра билишимиз керак.

Оқшом, аксинча, кексаликка ўхшайди: чарчаганимиздан сергап бўлиб қоламиз. Енгилтаклик қиламиз. Ҳар бир кунимиз ҳаётимизнинг бир қисми. Уйғонмоқ – бу туғилмоқ. Эрта тонг – ёшлик, тунги уйқу – кичкина ўлим.

Умуман олганда, соғлиғимиз, уйқу, таом, ҳарорат, об-ҳаво, шароит ва яна бошқа кўп нарсалар кайфиятимизга катта таъсир ўтказади, кайфият эса ўз навбатида фикру хаёлимизга. Мана шунинг учун ҳар қандай иш ҳамда уни бажаришга бўлган лаёқатимиз замон ва маконга узвий боғлиқ. Шунинг учун “яхши кайфиятдан фойдаланиб қол, у доим ҳам келавермайди” (Гёте).

Нафақат муҳим ва асосий фикрларимиз, балки фақат ўзимизга тааллуқли бўлган шахсий масалалар муҳокамасини ҳам, гарчи тайёргарлик кўрган бўлсак ҳам, ўзимиз белгилаган вақтда эмас, балки қулай вазият юзага келгандагина ўтказиш мақсадга мувофиқ. Муҳокаманинг ўзи ҳам вақт танламайди, ана ўшанда диққатимиз жамланиб, фикрларимиз қуйилиб келаверади.

Хаёлотларимизни жиловлаш ҳақидаги тавсияларга, ўтиб кетган адолатсизликлар, кўрган зарарларимиз, йўқотганларимиз, ҳақоратлар, илтифотсизликлар, хафагарчилик­ларни эсламаслик ҳам киради, акс ҳолда, биз эски нафрат, алам ва адоватларимизни қўзғатиб, қалбимизни булғаб қўямиз.

Неоплатониклардан Прокл тўқиган масалда айтилишича, ҳар бир шаҳарда олижаноб ва буюк шахслар билан бирга турли қаланғи-қасанғи одамлар ҳам яшайди. Шунга ўхшаш ҳар бир олижаноб ва буюк шахсларда ҳам табиат ато қилган, юқоридагиларга хос пасткашлик, разиллик унсурлари мавжуд. Ана шуларни қўзғатиб юбормаслик керак, зеро улар тасаввурларимизни эгаллаб олиб бизни расво қилади.

Озгина кўнгилсизлик, унинг манбаидан қатъий назар, тасаввуримизда катталашиб, қалбимизни чулғаб олади ва биз ўзлигимизни унутиб қўямиз. Ҳар қандай кўнгилсизликка ҳушёрлик билан, оддий воқеа сифатида қарашимиз керак, токи у бизни қийнаб қўймасин.

Кўз ўнгимиздаги кичик нарсалар атроф-оламни биздан тўсиб, билим доирамизни торайтириб қўяди. Худди шунингдек, яқин атрофимиздаги одамлар ва нарсалар, гарчи арзимас бўлса-да, диққатимизни тортади, чалғитади, муҳим ишларимиз эса қолиб кетади. Бунинг чорасини топишимиз зарур.

* * *

Бизга тегишли бўлмаган нарсаларга кўзимиз тушганда: “Агар шу нарса меники бўлганда эди”, деган фикр кела қолади, бу эса ҳиссиётларимизни қўзғатиб юборади. Унинг ўрнига ўзимизда бор нарсани йўқотиб қўйгандек: “Шу нарса меники бўлмаганда нима бўлар эди?” деб сўрашимиз керак.

Шу қатори ўзимизга тегишли бор нарсаларимизга ҳам: мулкларимиз, соғлигимиз, дўстларимиз, севгилимиз, хотин ва бола-чақамиз, ҳатто уй ҳайвонларимизгача, чунки биз уларни йўқотиб қўйгандагина қадр-қиммати маълум бўлади. Шу маънода биз биринчидан уларнинг қадрига етамиз, иккинчидан, уларни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қиламиз – мол-мулкимизни хавф-хатардан сақлаймиз, дўстларимизнинг ғашига тегмаймиз, хотинимизни йўлдан оздирмаймиз, соғлигимизни сақлаймиз, болаларимизни асраймиз ва ҳоказо.

Бугунги кунимиздаги мужмалликларга аниқлик киритиш учун биз кўпинча келажакка умид боғлаб хомхаёлларга бериламиз, реал воқелик билан тўқнашганда улар чилпарчин бўлади, биз эса афсус-надоматлар чекиб қоламиз. Яхшиси ножўя ишлар ҳақида ўйлаганимиз маъқул, чунки уларнинг олдини олишга қисман бўлса-да ҳаракат қиламиз, қолаверса, улардан қутулгач кўнглимиз жойига тушади.

Ҳар қандай хавотир ўтиб кетганда кўнглимиз таскин топади. Тасодифан бошимизга тушиши мумкин бўлган катта бахтсизликларни ҳам тасаввур қилиб туришимиз керак, чунки ҳақиқатан бошимизга иш тушганда унга чидаш осонроқ кечади, ёмонроғига дучор бўлмаганлигимиздан таскин топамиз. Олдинроқ бўлиб ўтган хавф-хатарларни ҳам эътиборсиз қолдириш ярамайди.

* * *

Бизга тааллуқли бўлган ҳолатлар ва воқеа-ҳодисалар тартибсиз равишда, тарқоқ ҳолда бир-бирларини алмаштириб ўтаверади. Улар турли-туман кўринишда, бир-бирларига алоқадор эмас, бизга тааллуқли томонини ҳисобга олмасак, уларда умумийлик йўқ. Шунга яраша ташвиш-ўйларимиз ҳам уларга муносиб тарзда ҳар бирига алоҳида ёндошишни тақозо қилади.

Бирон-бир ишга киришганимизда бошқа нарсаларни четга суриб, диққатимизни фақат шунгагина қаратиш лозим, токи улар халал бермасин, мўлжаллаган вақтда уни якунлайлик. Ўй-фикрларимизни гўё алоҳида қутичаларда сақлаб, керак пайтда зарур бўлган қутичани очиб фойдаланайлик.

Бу билан биз етишган озгина ҳаловатимизни ҳам йўқотиб қўймаслик чорасини кўрган бўламиз, акс ҳолда ўринсиз келган фикрларимиз устимизга оғир юк ортади, муҳим ишларнинг ташвишида юрганимизда, майда-чуйдаларига бепарволик юзага келади ва ҳоказо.

Айниқса, олижаноб ва юксак фикр-мулоҳазаларга лаёқатли одамнинг ақл-идроки ҳар қандай арзимас чет фикрлардан, пасткашликлардан холи бўлиши керак. Бу тўла маънода “ҳаёт учун ҳаётимиз туб илдизига болта уриш” (Ювенал) демакдир.

Албатта, ўзимизни бирор нарсага йўналтириш ва тийиш учун ўзимизни мажбурлаш керак, чунки мажбурлаш ташқи таъсирлар остида келганда бунга чидаш жуда қийин, ҳаётда бунингсиз иложи йўқ. Керакли пайтда қўлланган ўзини-ўзи мажбурлаш кўп ҳолларда ташқи мажбурлашдан бизни ҳимоя қилади.

Бошқа бирор нарса бизни бу даражада ҳимоя қила олмайди. Сенеканинг ҳикматли ибораларида айтилгандек: “Ўзгалар устидан ҳукм юритмоқчи бўлсанг, ўзингни ақл-идрок ҳукмига топшир”. Шу билан бирга, ўз-ўзимизни мажбурлаш ўз ихтиёримизда қолади, агар уни жуда ошириб юборсак, жиловни бироз қўйиб юбориш кифоя. Ташқаридан юклатиладиган мажбурият эса ҳеч нарса билан ҳисоблашмайди, у аёвсиз ва бераҳм, шафқат нималигини билмайди. Агар биз унинг олдини олсак, донолик қилган бўламиз.

* * *

Истакларимизни чеклаш, эҳтиросларимизни жиловлаш, ғазабимизни бўйсундириш учун ҳар бир инсон ҳам бизга ўхшаб турли бало-қазолардан четда қолмаслигини, “қаноат ва сабр-тоқат” (Сенека) қилиб яшаш қоидаларига бўйсунмасликда на бойлик, на мансаб ёрдам бера олмаслигини ёдда тутмоғи лозим.

Горацийнинг шеърларида шундай маъно бор:

Ўзинг учун ўқи, ўрган, қил ихлос,
Донолар сўзидан ҳикматлар ахтар.
Очкўз нафс зулмидан бўлурсан халос,
Арзимас мол-мулкка қўймассан ҳавас,
Кўнглингдан қўрқувни қуварсан, хуллас,
Умрингни яшарсан сокин, бехатар.[1]

“Ҳаёт ҳаракатдан иборат” деганда Цицерон мутлақо ҳақ эди.

Шу маънода ҳаётимиз тўхтовсиз ҳаракатдан иборат ва шунга боғлиқ. Шунга монанд, ички руҳий ҳаётимиз ҳам доимо ҳаракатда бўлишимизни, яъни фаолиятимиз, ақл-идрокимиз иш билан банд бўлишини талаб қилади. Бунга мисол қилиб бекор қолган, ўй-фикрлардан холи бўлган одам дарҳол бирор нарсани тиқиллатиб ўтирганини келтириш мумкин.

Моҳиятан олганда, турмушимизда дам олишга ўрин йўқ. Шу сабабли бекорчилик тез орада жонга тегади, чидаб бўлмас даражада диққатимиз ошади, зерикамиз. Фаолликка бўлган интилишларимизни бошқаришимиз, йўналтиришимиз, қониқтиришимиз шарт.

Демак, инсон бахтли бўлиши учун ишлаши зарур. У нима биландир шуғулланиши, бирор нарса қилиши, қаердадир ниманидир ясаши, ҳеч бўлмаганда ўқиб-ўрганиши керак. Ундаги куч-қувват сарфланишга муҳтож, меҳнати натижасини ҳам кўришни истайди.

Энг яхши қониқиш бирор нарса яратаётганимизда – хоҳ сават тўқиш бўлсин, хоҳ китоб чоп этиш бўлсин, шу аснода пайдо бўлади. Ишимиз унумига қараб, кундан-кун ўз қўлимиз билан ясаётган нарсадан қониқишимиз ортиб, натижасини кўргач қувонамиз, ўзимизни бахтли сезамиз. Санъат ва бадиий асар яратганимизда, ҳатто ҳунармандчилик буюми ясаганимизда ҳам, худди шундай ҳол юз беради. Қанчалик даражада улуғвор нарсалар яратсак, ундан олган қониқиш ҳам шунчалик юқори бўлади.

Шу нуқтаи назардан олганда, энг бахтли одамлар – истеъдодли одамлардир. Улар ўз қобилиятига яраша энг муҳим ва буюк асарлар яратадилар. Улар юксак даражада ҳурматга сазовор, шундан ҳузур топадилар. Ҳаётини бемаъни ўтказаётган одамларни уларга тенглаштириб бўлмайди.

Барча қатори уларда ҳам моддий эҳтиёжларини қондириш истаги бор ва агар муҳтожликка тушиб қолмасалар, олий мақсадларини амалга ошириш учун маънавий дунёларини бойитадилар, келажакда буюк асарлар яратиш учун манба қидирадилар. Уларнинг ақл-идроки икки йўналишда: биринчиси оддий одамлар қатори муомалада бўлиш, иккинчиси – нарсаларни объектив тушунишга қаратилади.

Уларнинг ҳаёти икки хил характерга эга: бир маҳалда ҳам томошабин, ҳам ижрочи (актёр) бўла олади, қолган одамлар фақат ижрочи (актёр) бўладилар. Майли, ҳар ким ўз қобилиятига яраша иш билан шуғуллана қолсин. Агар ишимиз режали кетмаса бизга ёмон таъсир қилади. Бу нарса узоқ муддат кўнгилочар саёҳатга чиққанимизда билинади, чунки ўрганиб қолган ишимиздан маҳрум бўлиб, одатланган табиий муҳитни биров тортиб олгандек бўлади, шунда ўзимизни ожиз ва бахтсиз ҳис қиламиз.

Йўлимиздаги тўсиқларни бартараф қилиш ҳам инсон эҳтиёжига киради, бу кўрсичқон ер қазигандек табиий ҳол. Узоқ муддат ҳузур-ҳаловатдан келиб чиққан бекорчилик чидаб бўлмас даражадаги ҳолатга олиб келади. Турмушдан ҳақиқий ҳузур-ҳаловат топиш қийинчиликларни енгишда: улар моддийми, маънавийми ёки амалиётда учрайдими, барибир, энг муҳими, улар билан курашиш ва енгишда – бу нарса бахт келтиради. Агар қийинчиликлар бўлмаса, у ҳолда қўлимиздан келганча ўзимиз яратамиз, бу эса шахс­нинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқади: ов қилади, бальбок ўйнайди ёки ички бир турткига бўйсуниб жанжал қидиради, фитна уюштиради, муттаҳамлик йўлига кириб ярамас ишлар билан шуғулланади, нима қилиб бўлса-да, ўзи тоқат қилолмаётган ҳолатдан чиқишга ҳаракат қилади. Бекорчиликдаги осойишталик хавфлидир.

Инсон ўзи кўриб турган мавжуд нарсалардан олган таассуротларининг ҳақиқий эгаси – ҳукмдори бўлиши керак. Англаб етилган таассуротларимиздан кўра бевосита кўриб билганларимиз кучлироқ…

Ўзгалар билан бўладиган муомаламиз ҳақида

Инсон эҳтиёткор ва кўнгилчан бўлиши керак. Улар ҳаётда жуда асқотади: биринчиси зарар-заҳматдан, иккинчиси эса баҳс-жанжаллардан асрайди.

Ҳар бир одам (индивидуал) ўзига хос хусусиятларга эга эканлигини тан олишимиз керак. Бу хусусиятлар кулгилими, ачинарлими, ўша одамнинг табиатига мос. Бундай одамларни учратганда ўзимизча: “Ҳа, шунақаси ҳам бўлар экан-да”, деб қўя қолишимиз керак. Ўзимизни бошқача тутсак ўзимизга душман орттириб олган бўламиз. Ҳеч ким ўзининг шахсий индивидуаллигини, яъни маънавий характери, билим орттириш қобилиятини, мижозини, қиёфасини ўзгартира олмайди. Қандай бўлса, шундайлигича қабул қилмасдан биз уни айблай бошласак, у бизга қарши кураш бошлайди, чунки бошқа иложи йўқ, ўзини ўзгартира олмайди, у шунақа яратилган.

Одамлар билан ёнма-ён бўлиб яшашни истасак, ҳар бирининг индивидуаллигини, у қандай бўлмасин, қабул қилишимиз керак. Бу индивидуалликдан ўзимиз хулоса чиқариб, яхши жиҳатларидан фойдаланишгагина ҳақимиз бор, уни айблаш, таъна қилишнинг ҳеч кераги йўқ. Ҳаёт барчага баробар берилган. Кимки ўзига хос хусусиятлардан батамом қутула олса, ўзини бахтлиман деб ҳисоблайверсин. Бу осон эмас, албатта. Одамлар билан тоқат қилиб муомала қилишни ўрганиш учун жонсиз нарсалардан фойдаланиш қулай, бунинг йўли осон.

Шу йўл билан орттирилган сабр-тоқатни одамларга нисбатан ҳам қўллаш мумкин, олдинги тажрибамиз бу ерда қўл келади, ахир йўлингда учраган тошдан хафа бўлиш тентаклик-ку. “Мен уни ўзгартира олмайман, лекин ундан фойдаланиш мумкин”, – деган фикрга келиш ақлли одамнинг ишидир.

* * *

Одамлар билан бўлган суҳбатда уларнинг ақл-онги ва қалби қай даражада ўхшаш ёки турли-туман эканлигини билиш осон кечади: уни майда-чуйда нарсалардан ҳам билиб олиш мумкин.

Суҳбат ишга алоқаси йўқ, арзимас нарсалар ҳақида кетганда ҳар ким уни ҳар хил қабул қилади, кимнингдир, ҳатто, жаҳли чиқади.

Ўхшаш одамларнинг эса фикри бир жойдан чиқади, апоқ-чапоқ бўлиб кетади. Ўртамиёна одамлар бир-бирлари билан тез тил топишиб кетишларини шу билан изоҳлаш мумкин. Истеъдод эгалари аксинча, барча билан тил топишиб кетавермайди, ажралиб туради, мабодо ўзига ўхшашини учратиб қолсагина озгина қувонч сезади. Тенг тенги билан деган ибора бежиз айтилмаган.

Ҳақиқий буюк ақл эгалари танҳоликни ёқтиради. Маслакдошлар тез топишади, қандайдир кўзга кўринмас куч уларни бир-бирига тортади.

Тубан ниятли, пасткаш ва уқувсиз одамлар орасида бу нарсани кўпроқ кузатиш мумкин, чунки улар беҳисоб. Ҳақиқий истеъдодлилар эса жуда кам. Пес песни қоронғида топганидек, икки ярамас, қабиҳ ниятларини амалга ошириш учун, кўпчилик орасида бир-бирларини тез топадилар.

Тасаввур қилинг (бу бўлиши мумкин эмас) жуда ақлли ва истеъдодли одамлар даврасига иккита калтафаҳм тушиб қолди дейлик. Улар тезда топишиб оладилар-да, ўзларича “Бу ерда ақлли одам ҳам бор экан-ку!” – дея ич-ичидан қувониб кетади.

Маънавий дунёси қашшоқ, ақли қисқа икки одамнинг учрашувига гувоҳ бўлиш жуда қизиқарли. Улар бир-бирларига кўзи тушди дегунча, қучоқ очиб, гўё эски қадрдонлардек оғиз-бурун ўпишадилар. Бу шу даражада яққол намоён бўладики, беихтиёр ёдингга ҳиндавийларнинг (реинкарнация) таълимоти келади: олдинги ҳаётларида улар ўзаро дўст бўлмаганмикан?

Бир-бирига ўхшаш одамларни нима ажратиб юборади, нима сабабдан ўрталарига нифоқ тушади? Бунинг сабаби ҳар бир кишининг ўша пайтдаги кайфиятига боғлиқ, кайфият эса турли вазиятлар, эгаллаб турган мавқеи, бажариб турган иши, жисмоний ҳолатларидан келиб чиқади. Шу боис иноқ бўлган одамлар ўртасида келишмовчилик юзага келади. Буни бартараф қилиш, иттифоқни тиклашга қобилият бўлиши ва шунга яраша шароит яратилиши керак.

Жамиятни бирлаштириш учун умумий кайфият яратилиши муҳим: оммавий кўнгил очишлар, ўйин-кулги, концертлар, турли томошалар, мусиқа ва шунга ўхшаш тадбирлар, ҳатто умумий хавф-хатар, ахборотлар, фикр алмашишлар ҳам бу борада ёрдам беради. Бундай пайтда шахсий манфаат ўрнини умумкайфият эгаллайди. Объектив таъсирлар етарли бўлмаса, субъектив таъсир кўрсатишга интиладилар: масалан, ичкилик. Бир пиёла чой устидаги суҳбат ҳам унинг ўрнини босиши мумкин.

Ҳар бир нарсани ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди. Пасткаш одамлар ўзгаларда фақат ўзида мавжуд бўлган камчиликлар, ожизликлар ва пасткашликларнигина кўра олади. Ўзгалар ҳақидаги тасаввурига шу нарсалар сиғади, холос, юксак фазилатлар эмас.

Ақл-фаросати йўқ одам, бошқаларда ҳам уни кўрмайди, қадр-қимматини ўз тарозисида ўлчайди. Суҳбатдошимиз билан ўзимизни тенг кўрамиз, кимнингдир афзаллиги ва керак пайтида ўз манфаатларидан воз кечиши ҳам сезилмайди.

Кўп одамларнинг фикрлаш тарзи ва ақлий қобилияти тубан ва ожиз эканлигини ҳисобга олсак, улар билан бошқача тарзда гаплашиш мумкин эмас, яъни улар билан суҳбатда ўшалар даражасига тушиб гаплашиш керак. Бундай одамларнинг асл моҳиятини тушунгач, улардан ўзингни олиб қочасан, бошқа йўли йўқ.

* * *

Кимнидир чуқур ҳурмат қилиш ва айни пайтда, унга катта меҳр боғлаш жуда қийинлигини Ларошфуко жуда тўғри пайқаган. Шунинг учун одамлардан меҳр кутамизми ёки ҳурматми, ўзимизга боғлиқ. Меҳрда, турли кўринишда бўлса-да, шахсий манфаат ётади. Бизга ёқиш ёки ёқмаслиги, ниманинг эвазига орттирилганлигига қараб баҳоланади.

* * *

Кўпчилик ўзига бино қўйиб юради, бошқа нарсалар уни қизиқтирмайди. Гап нима ҳақида кетмасин, улар дарҳол ўзлари ҳақида ўйлайдилар, гап орасида тасодифан уларга тааллуқли маълумот бўлса, диққат-эътибори фақат шунга қаратилади, гап маъноси уларга етиб бормайди. Манфаатларига ва шуҳратпарастликларига зид бўлган далилларни ҳам тан олмайдилар.

Манманлиги шу даражадаки, осонгина жиззакилиги тутиб, арзимаган нарсадан ўзларини ҳақоратланган ҳисоблаб, хафа бўлиб юрадилар. Улар билан суҳбатлашиш жуда қийин кечади, қилдан қийиқ ахтарадилар, арзимаган нарса уларнинг нозиклашиб қолган иззат-нафсларига қаттиқ тегади, ўтмаслашиб қолган ақл-идрок ва ҳиссиётлари эса тўғри гапни қабул қилишга ожиз, ўзгаларнинг чиройли сўз иборалари уларга бегона. Уларни лайча кучукларга қиёслаш мумкин – тасодифан панжасини босиб олсанг чинқириши оламни бузади. Ҳамма ёғини яра-чақа босиб кетган беморга ҳам ўхшатиш мумкин – қўл теккизиб бўлмайди. Суҳбатдошининг ақллироқ эканлигини ҳазм қилолмайди – ўша пайтда буни билинтирмаса ҳам, кейинчалик яшириб ўтирмайди. Билмаган одам, нега бу одамнинг ғазаб-нафратига учрадим, деган хаёлга боради. У хушомадни ва мақтовни ёқтиради, унинг атрофидагилар бундан усталик билан фойдаланадилар. Билим доираси тор, интеллекти ўта паст бўлса-да, истак-иродасига бўйсунади.

Унинг ожиз ва нотавон шахс эканлигини шундан ҳам билса бўлади-ки, мунажжимларнинг башоратларини ёқтиради, гўё улкан осмон жисмлари, юлдузлар ҳаракати тақдири билан боғлиқдек. Бу нарса қадимдан маълум.

* * *

Жамоатга ошкор қилинган ҳар қандай можаро хайрихоҳлик билан қабул қилинади, лекин шундайлигича қолиб кетмайди. Кейинчалик у ҳақда фикр билдирилади, муҳокама қилинади, хулоса чиқарилади. Тўғри хулоса чиқарилса, ҳамма нарса ойдек равшан бўлади.

Айрим маънода катталарни болаларга қиёслаш мумкин: танбеҳ бермагунча шўхликларини қўйишмайди, катталар эса индамасанг бошингга чиқиб олишади, шунинг учун жудаям кўнгилчан ва мулойим бўлиш ярамайди. Дўстинг қарз сўраганда бермасанг, муносабат йўқолмаслиги мумкин, қарз берсанг уни йўқотдим деявер. Дўст билан кўкракни кериб, бепарволик билан муносабатда бўлиш мумкин, лекин жудаям ошириб юбормаслик керак, шунингдек, ўта мулойимлик ва жонкуярликнинг ҳам кераги йўқ – бу уларни чидаб бўлмас даражада сурбет қилиб қўяди, дўстликка путур етади.

Кимгадир керак эканлигини билган одам ўзига бино қўйиб, такаббурга айланади. Айримларига ишинг тушса ёки тез-тез учрашиб сирдош оҳангда гаплашсанг ҳам шу ҳол рўй беради, ҳар қандай эркалик ва инжиқликларимни кўтаришга мажбур деган хаёлга боради, дўстлик чегарасини бузиб, одоб доирасидан чиқиб кетади.

Шунинг учун барчани дўст тутавериш ҳам ярамайди, шунчаки таниш-билишчилик билан кифояланиш, одамлардан эҳтиёт бўлиш керак. Кимдир “мен сенга эмас, сен менга муҳтожсан” деган фикрга борса, иш шу даражага бориб етади-ки, гўё унинг бирор нарсасини ўғирлаб олгансан-у, бунинг учун у сендан ўч олиб, нарсасини қайтариб олмоқчидек.

Ҳеч кимга, ҳеч нарсага муҳтож эмаслигимизни кўрсатиб қўйсак, атрофдагилардан афзаллигимиз ана шунда. Шу маънода вақти-вақти билан ҳар бир одам эркакми, аёлми билиб қўйсин, уларсиз ҳам ҳаётимиз яхши ўтаяпти: бу дўстликни мустаҳкамлайди. Кўпларига нисбатан, айрим пайтларда бироз илтифотсизликка йўл қўйсак ҳам, фойдадан холи эмас, дўстликнинг қадрига етадиган бўлишади.

“Ким ҳурмат кўрсатмаса, унга ҳурмат кўрсатишади” дейилади итальян мақолида. Кимки чин маънода бизга жуда қадрли бўлса, буни ўзидан яширишимиз керак. Бу яхши маслаҳат бўлмаса-да, тўғриси шу. Ортиқча эркалатиш ҳатто итларни бузади, одамлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Олижаноб қалб ва юксак истеъдод эгалари, айниқса ёшликда, одамлар ҳақида ва турмуш масалаларида ҳеч нарсани билмасликлари ҳайрон қоларли даражада, шунинг учун улар ҳаётда кўпинча алданиб қоладилар ва хатога йўл қўядилар, пасткашлар эса аксинча, уддабурон ва ишбилармон бўлишади.

Бу нарса турмуш тажрибаси етишмаганликдан, яъни “олдиндан синалган” (a priori)лигига ишониб хулоса қилишдан келиб чиқади. Омма шу нарсани одатдаги ўлчов қилиб олган ва шундан фойдаланади, олижаноб ва истеъдодлилар эса фойдалана олмайди ва шу билан бошқалардан тубдан фарқ қилади. Бошқаларни ҳам ўзларига ўхшатганлари сабабли ўзгалар ҳақидаги фикрлари нотўғри чиқиб қолади.

Бундай одам ўзгаларнинг маслаҳати, йўл-йўриғи ва ўзининг шахсий тажрибасига таяниб охири омма ҳақида яхлит фикрга келади. Омманинг кўпчилик (олтидан беш) қисми билан уни боғлаб турадиган нарса йўқ, аксинча, маънавий ва интеллектуал маънода шу даражада пастки, яхшиси, улар билан имкони борича алоқа боғламаган маъқул.

Омманинг ярамас ва пасткашлиги ҳақида тушунчасининг поёни бўлмаса керак. У тирик экан, тушунчаси кенгайиб бораверади, лекин барибир ўз зарарига янглишаверади. Тушуниб етган тақдирда ҳам, нотаниш давраларга кириб қолганда, одамларнинг гап-сўзлари, юз ифодалари чиройлилиги, маъноли эканлигидан, ҳалол-пок, чин кўнгилдан гапираётганлигидан, ҳурмат-эътиборга сазовор, саховатли, фаҳм-фаросатли эканлигидан ҳайрон қолади.

Бу нарсалар уни янглиштирмаслиги керак, ахир табиат нўноқ ижодкор эмаски, ҳар бирининг пешонасига “Бу аблаҳ, буниси аҳмоқ, уларга ишонманг”, деб тамға босса.

Аксинча, Шекспир ва Гётенинг асарларидаги қаҳрамонлар, ҳатто иблис ҳам, шу даражада табиий тасвирланганки, уларнинг сўзлари ва хатти-ҳаракатларига ишонмасдан илож йўқ.

Шундай қилиб, кимдир бу дунёда шайтонлар шохли ва думли бўлади, аҳмоқлар масхарабозларга ўхшайди деб ҳисобласа, тез орада уларнинг тузоғига илинади. Бунга яна одамларнинг ўзаро муносабатларини ҳам қўшиш мумкин: улар, ойга ўхшаб, фақат бир томонинигина кўрсатади. Бу борада ҳар бир одамнинг туғма истеъдоди бор: юз ифодалари ёрдамида башараларини ниқобга айлантирадилар. Бу ерда ҳар бирининг ўзига хос хусусиятлари кўриниб, шу даражада мос тушадики, сохта эканлигини сезмай қоласиз.

Одамлар кимнидир ишончини қозониш мақсадида сохта қиёфага кирадилар. Бундай қиёфаларга ишонавериш керак эмас ва “Жаҳлдор ит ҳам думини ликиллатади” деган итальян мақолини унутмасликлари керак.

Ҳар ҳолда, эндигина танишган одам ҳақидаги яхши фикрлардан эҳтиёт бўлишимиз керак, акс ҳолда, умидимиз пучга чиқиб, уялиб қоламиз. Бу ҳақда Сенеканинг “Характернинг хусусиятларини майда-чуйда нарсалардан пайқаб олса бўлади”, – деганлари эътиборга лойиқ.

Ўзига эътибори йўқолган одам айнан шу майда-чуйдаларда феъл-атворини кўрсатиб қўяди. Айниқса, хатти-ҳаракатлардан ўзгаларни менсимаслиги, улар билан ҳисоблашмаслиги, худбинлигини ошкор қилади. Муҳим ишларда гарчи худбинлигини яширса-да, яққол кўринади. Турмушдаги кундалик икир-чикирлар, турли ҳодисалар, муносабатларда сурбетлик билан фақат ўз фойдасини, қулайликларни, ўзгаларга тегишли нарсаларни ўзлаштиришни ўйлаб ҳаракат қилса, билингки, у одамнинг қалбида адолатдан ном-нишон йўқ. Жиддий вазиятларда ҳам, агар қонун аралашмаса, аблаҳлигича қолади. Бундай одамлардан қоч! Атрофдагилардан тап тортмасдан мавжуд тартиб-қоидаларга риоя қилмайдиган одам, агар хавф сезмаса, давлат қонунларига ҳам итоат этмайди.

Агар кўнгиллари ёмонликдан кўра яхшиликка мойил бўлганида эди, адолат, садоқат, раҳм-шафқат, севги-вафо масалаларида уларга ишонса бўларди.

Кечирмоқ ва унутмоқ – мисқоллаб тўплаган тажрибалардан маҳрум бўлмоқдир.

Таниш-билиш, ошна-оғайнилардан кимдир бошимизга ғам-алам ёғдирса, ўйлаб кўришимиз керак, муносабатларни давом эттиришга арзийдими йўқми? Акс ҳолда, у баттар қилади.

Шунинг учун бундай одамлардан воз кечган, агар хизматкор бўлса, жавобини бериб юборган маъқул. Қасам ичган тақдирда ҳам уларга ишониш ярашмайди.

Инсон ҳамма нарсани унутиши мумкин. Фақат ўзлигини, ўз моҳиятини эмас. Хатти-ҳаракатимиз ички моҳиятимиздан келиб чиқади. Табиатимизни ўзгартириб бўлмаслиги сабабли бир хил вазиятда олдингиси яна қайтарилади. Ирода эрки ҳақида танловга тақдим қилинган асаримни ўқиб чиқишни тавсия қилардим, шунда адашмас эдингиз.

Дўстлик ришталари узилгач, қайтадан тиклаш бизга қимматга тушади. Чунки собиқ дўстнинг қилмишлари олдингидан юз чандон ошади, сурбетлиги чегара билмайди. Ҳайдалган хизматкор ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Одамларнинг фикрлаш тарзи, феъл-атвори, худди манфаатларидек, ўзгариб туради. Тубан ниятларини амалга оширишни пайсалга солиб ўтиришмайди. Бизни ишонтириш учун берган ваъдаларига лаққа тушмайлик. Самимийлигига ишондик дейлик, лекин унинг вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида айтилган ваъдаси ёлғон, ҳақиқий табиати эса ўз феъл-атвори билан тўқнашганда намоён бўлади.

Ҳаётда учрайдиган пасткашликлар ва нодонликлардан хафа бўлишнинг ҳожати йўқ. Бу нарса инсон зотининг ўзига хос белгилардан бири эканлигини унутмайлик. Ўз ишининг устаси бўлган заршунос соф олтинни сохтасидан осонгина ажратиб олгани сингари, бизга кейинчалик бу билим асқотади.

Одамларнинг бир-биридан фарқи бор, албатта, лекин бу дунёда ёвузлик ҳукмрон – ёввойилар бир-бирининг гўштини ейди, маданийлашганлари бир-бирини алдаб кун кўради.

Давлат ўзи тузган турли маъмурий идоралар, ташкилотлари орқали одамлар орасидаги бошбошдоқликлар, адолатсизликларга чек қўйиши зарур эмасми? Тарихга назар солсак, тахтга ўтирган аксарият подшо аввалига халққа бироз енгиллик беради-да, кейин атрофига қўшин тўплаб, қўшни давлатга ҳужум уюштиради. Ҳар бир уруш, моҳиятан олганда, талончилик эмасми?

Қадимда мағлуб томон ғолибларнинг қулларига айланарди, товон ҳам тўларди. “Ҳар қандай уруш талончилик” деганда Вольтер ҳақ, олмонлар ҳам буни тан олишлари керак.

* * *

Фақат ўз кучигагина таяниб яшайдиган инсон бўлмаса керак, унга ҳаётда йўл-йўриқ кўрсатадиган панд-насиҳатлар, ўгитлар зарур. Масалага чуқурроқ кириб борадиган бўлсак, инсон ўз қобилияти қолиб, фақат ақл-идроки, билими орқали олган хусусиятларгагина таянадиган бўлса, у ҳолда табиат ҳам ўзини кўрсатиб қўяди.

Қайтаверар табиат

паншахада қувсанг ҳам.

Ўзгалар билан муносабатда мавжуд тартиб-қоидалар бор, буни яхши тушунамиз, амалда эса кўпинча четлаб ўтамиз. Тушкунликка тушманг, абстракт тушунчаларни, маслаҳатларни, ўгитларни қўллаб бўлмас экан-да, деган хаёлга борманг. Ёдингизда бўлсин: назария ва амалиёт бошқа-бошқа нарса: биринчиси – ўқиш, иккинчиси ўрганиш.

Шогирд устоз ўқитганларини амалда қўллаганда хатога йўл қўяди, машқ қилавергач етукликка эришади. Шу тарзда лапашанг эпчилга, дали-ғули камтарга, олижаноб мазахчига айланади.

Машқ орқали олинган амалиёт қанчалик мукаммал бўлмасин, инсон ўз табиатидан бутунлай қутула олмайди, вақти-вақти билан у ўзини кўрсатиб қўяди. Ташқаридан қабул қилинган хусусият, ички табиий хусусиятларини тамоман чиқариб юбора олмайди, фақат бир-бирини тўлдиради.

Наполеоннинг “Нотабиий нарсалар номукаммалликдир” деган ҳикматли сўзлари ўринлидир. Бу қоида барчага, ҳар бир одамга, моддият ва маънавиятга оид нарсаларга тааллуқли.

Муғамбирликдан сақланиш лозим, чунки у нафрат уйғотади. Биринчидан – у қўрқувга асосланган алдов, иккинчидан – муғамбирлик қилсанг, ўз қадрингни ўзинг ерга урган бўласан.

Ўзингдаги йўқ сифатлар билан мақтаниш ўша сифатлар йўқ эканлигини тан олишдир. Масалан, мардлик, жасорат, ақл-идрок, билим, донолик, бойлик, аёлларга ёқиш, насл-насаб борасида мақтаниш айнан ўша нарсалар йўқлигидан далолат. Бундай сифатларга эга бўлган одам ҳеч қачон мақтанмайди, аксинча, камтарлик билан яширади. Ахир, қозонда бори чўмичга чиқади-да!

Ҳеч ким ўз аслини кўрсатиб юриш мажбуриятини олмаган, албатта, лекин ниқоб остида турли иллатлар, табиатимизни ҳайвон даражасига тушириб қўядиган бузуқликлар яшириниб ётадики, уларни намойиш қилгандан кўра ниқобда юрган маъқул. Муғамбирлик кўпга чўзилмайди, сабаби ҳам тез ошкор бўлади. Қолаверса, эртами-кечми, ниқоб тушиб кетади. “Ҳеч ким узоқ муддат ниқобда яшай олмайди. Сохталик табиийликка тез алмашади” (Гораций).

* * *

Инсон ўз танасининг оғирлигини сезмай юраверади, аммо ўзга юкни кўтара олмайди. Шунга ўхшаш ўз хатоларимиз ва иллатларимизни эмас, ўзгаларникини кўрамиз.

Бошқаларда акс этган ўз атворимизни кўзгуга қараб акиллаётган итга ўхшатиш мумкин. Ўзгаларни танқид қилган одам ўз айбини ювмоқчи бўлади. Кимки ўзгаларнинг иллатларини танқид қилиш билан бирга ўзлари ҳам улардан қутулмоқчи бўлса, демак у одамда адолат, ҳеч бўлмаганда ғурур бор.

Кўнгилчан одам эса, сенда бор қусур менда ҳам бор, деган маънода иш кўради. Ўз қусурларини ўзгаларда кўриб, тузатмоқчи бўлган одам шу маънода кўзгуга зарурат сезади.

* * *

Олижаноб тоифага мансуб чиққан йигит одамларнинг фикрлаш тарзи, мулоҳазалари, қизиқишлари бир-бирларига яқин бўлганлиги учун муносабатлар мустаҳкам бўлади, деб ўйлайди. Бу муносабатлар асосида моддий манфаатдорлик ётишини эса кейинча тушуниб етади. Бу ҳар қандай муносабат асосида ётади, лекин кўпчилик бошқача бўлишини билмайди ҳам.

Шу сабабли алоқа боғлаётганда, ким қаерда, ким бўлиб ишлайди, мансаби, миллати, оиласини суриштиришади, шунга қараб муносабат турини белгилашади. Унинг шахсий сифатлари қандайлиги эса кўнгилларига келган пайтда сўралади.

* * *

Кумуш пул ўрнига қоғоз пул ишлатилганидек, ҳақиқий ҳурмат ва дўстлик ўрнини сохта мулозамат эгаллаган, баъзилар бундан жуда усталик билан фойдаланишади. Аслида шунга муносиб одамлар борми?

Чин дўстлик деганда беғараз муносабат, ёрдам, яхши-ёмон кунларида бирга бўлиш, қувонч ва қайғуларни баҳам кўриш, бир-бирини тенг кўриш тушунилади. Бу инсон табиатида азалдан бор бўлган худбинликнинг тамоман тескариси бўлиб, унга ишониш жуда қийин. Дўст тутинган одам ўзидаги худбинликни яширади, лекин оз миқдорда бўлса ҳам дўстликни кўрсатиб турувчи хатти-ҳаракатлари, унинг аломатлари бор, албатта. Бу ёлғончи дунёда баркамол нарсанинг ўзи йўқ, шунинг учун борига барака, деб шунга қаноат қилиб яшаймиз. Аммо ўша дўстларимиз орқаваротдан биз ҳақимизда қандай гаплар тарқатаётганлигини билишга ҳаракат қилмай қўяқолганимиз маъқул.

Кимнинг чин дўст эканлигини синаб кўрмоқчи бўлсанг, бунинг осон йўли бор. Дўстингга “Бошимга мушкул иш тушиб қолди”, де. Дўстинг чин дилдан ачинаяптими, бепарвоми, билиб оласан. “Дўст бошига тушган кулфат биз учун доим ҳам кўнгилсизлик дегани эмас”, деганда Ларошфуко ҳақ гапни айтган.

Одатдаги “дўстлар” бундай ҳолларда ич-ичидан тошиб келаётган шодлигини яширишга қанчалик уринмасин, ўзига бўйсунмаётган хоин лаблари буни билдириб қўяди. Бундай “дўстлар”нинг кайфиятини кўтармоқчи бўлсанг, бошингга тушган қайғу-ғамларни уларга билдириб, ожиз эканлигингни кўрсатиб тур.

Узоқ масофа ва айрилиқ дўстликка рахна солади. Вақт ўтган сари у абстракт тушунчага айланиб бораверади. Кўриб, учрашиб турган сайин қадрдонлашиб борамиз. Меҳр кўзда, деб бежиз айтилмаган. Инсон табиатан шунақа.

Дўстларни самимий деб айтамиз, душманларимиз-ку, шундоқ ҳам самимий, шунинг учун уларнинг койиб туришлари биз учун фойдали, бундан тўғри хулоса чиқариб оламиз, камчиликларимизни тузатамиз.

Муҳтожлик дўстларни камайтирадими? Қаёқда! Эндигина танишган дўстинг сендан қарз сўраб турса, нима деб ўйлайсан?

* * *

Соддадил одамлар истеъдод ва ақл жамиятда ҳурмат-эътибор келтиради, деб ўйлашади. Аслида, бу кўпчиликнинг ғазаб ва нафратини қўзғатади. Боиси улар ўз истеъдодларини яшириб, оғзига талқон солиб, писиб юришга мажбур.

Ҳамма гап шундаки, суҳбатдошининг ақллироқ эканлигини сезган одам, ўзининг ақли паст, ожиз эканлигини сездириб қўйганлигидан хавотирга тушади, шу нарса унинг ғазабини қўзғайди.

Гарсиан “Бировга яхши кўринишнинг ишончли усули тентаклик тўнини кийиб олишдир”, дея тўғри айтган. Ақл-идрокни намойиш қилиш, бошқаларнинг қобилиятсизлиги ва бефаросатлигини кўрсатиб қўйиш билан баробар. Пасткаш одам олижаноб кишини кўргач, ғазаби қайнайди, бунинг сабаби ҳасаддан бошқа нарса эмас. Манманликни қониқтириш – ўзини бошқалардан устун кўриб, шундан оладиган лаззат, деб ҳисоблайдилар.

Ақл жиҳатдан устунлик инсон учун асосий ифтихор омили, унинг жониворлардан фарқи ҳам шунда. Истак-ирода инсоннинг ўз хоҳиши билан бошқарилади, ақл эса унга ато қилинган неъматдир.

Ақл-идрок устунлигини кўпчилик олдида таъкидлаш – жасоратдир. У ўзига душман орттириб олади, кези келганда ҳақорат қилиш орқали ундан ўч олишади, бу эса ақлдан эмас.

Шу сабабли жамиятда мансаб ва бойликни ҳурмат қилишади, ақл эса бундан умидвор бўлмай қўя қолсин. Нари борса унга эътибор беришмайди, бўлмаса худди айб иш қилиб қўйгандек қарашади, кези келганда камситишади, у эса бўйнини қисиб, ялиниб-ёлвориб кечирим сўрайди. Саъдий “Гулистон”да айтади: “Нодоннинг донишмандга бўлган нафрати, донишманднинг нодонга бўлган нафратидан юз чандон ортиқ эканлигини билиб қўй”.

Аксинча, ақл ожизлиги тавсиянома ўрнини босади. Жисмимиз учун ҳарорат қанчалик таъсир қилса, ақлимиз учун бошқалардан устунлик туйғуси шунчалар таъсир кўрсатади, яъни ақли заифлардан устун эканлигимизни ҳис қиламиз.

Аёллар учун гўзаллик қанчалик муҳим бўлса, эркаклар учун ақл шу даражада аҳамиятли.

Эркаклар орасида жисмоний устунлик ўта муҳим аҳамият касб этмаса-да, аммо биз ўзимизни барваста одамлар олдида эмас, бўйи паст одамнинг олдида эркинроқ ҳис қиламиз. Эркаклар орасида эси паст, бемаъни одамлар кўпчиликнинг диққат марказида бўлади, аёллар орасида эса хунуклари. Ўз назарида бошқалардан устун эканлигини ҳис қилиш учун шу баҳонадан фойдаланишади.

Ҳар қалай, ақлий устунлик одамларни бошқалардан ажратиб турувчи омил, шу боис ундан камчилик топиб, шу баҳонада қочадилар, нафратланадилар.

Жамиятда муваффақиятга дўстлик ва ошна-оғайнигарчилик воситасида эришилади. Катта истеъдод одамни мағрур қилиб қўяди, шунинг учун у бошқалар олдида ялтоқланмайди, ўзини ерга урмайди, балки ўзидаги сифатларни яширади, обрўсини тўкмайди.

Қобилиятсиз одамлар ярамаслар олдида ҳам қўли кўксида, юмшоқ супурги бўлиб туради, шу йўл билан ошна-оғайни ва ҳомий орттиришади. Фақат давлат хизматидагина эмас, барча соҳада, ҳатто илмда ҳам шундай. Масалан, академияларда ҳақиқий илм эгалари эмас, ўртамиёна олимлар керилиб ўтиришади, муносибларига эса у ерда жой йўқ.

Аёллар ва ҳусн масаласида ҳам худди шу аҳвол: гўзал қизлар ўзларига муносиб дугона топа олмайдилар. Чунки гўзаллар шерикчиликка кўнмайдилар. Таққослашнинг ҳожати бўлмаган жойларда эса ҳусндан безак сифатида фойдаланишади.

* * *

Ўзгаларга ишонч билдиришимизда ялқовлик, худбинлик, шуҳратпарастлик катта аҳамият касб этади. Ялқовлик – ўзинг бажарадиган ишларни ўзгаларга юклаш, худбинлик – ўз манфаатинг йўлида ўзгаларни ишлатиш, шуҳратпарастлик эса мақтанчоқликни ёқтириш билан боғлиқ ишлардир. Шунга қарамай, ўзгалардан ишончимизни оқлашларини талаб қиламиз.

Ишончсизлик жаҳлимизни чиқармасин, ахир унда ҳалолликни мақташ аломатлари бор. Ҳалоллик эса камёб нарса.

* * *

Хушмуомалалик яхши фазилат эканлигини “Этика” номли китобимда айтиб ўтган эдим. Хушмуомалалик – ахлоқий ва интеллектуал камчиликларимизга эътибор бермасдан уларни яширишга доир сўзсиз келишувдир. Ҳар икки томон ҳам бундан манфаатдор эканлиги туфайли иш осон кечади.

Хушмуомалалик – оқилларнинг, қўполлик эса аҳмоқларнинг иши. Бу ўз ихтиёринг билан ўзингга душман орттириш, ўз уйингга ўт қўйиш дегани. Хушмуомалалик ҳисоб-китобни қалбаки пул воситасида амалга оширишга ўхшайди. Бу ерда хасислик қилиш ақлсизликдир. Ақлли одам бу борада сахий бўлмоғи лозим. Ҳақиқий манфаатларни қурбон қилиш эвазига хушмуомала бўлиш қоғоз пул турганда олтин улашишга ўхшайди.

Табиий ҳолатда мум қаттиқ бўлади, озгина ҳаракат уни юмшатади. Шунга ўхшаш, ҳар қандай жанжалкаш ва жаҳлдор одам ҳам хушмуомаладан, дўстларча илиқ муносабатдан гапга кўнадиган, хушфеъл одамга айланади.

Хушмуомалалик жуда қийин масала, чунки барча одамлар олдида қўлни кўкракка қўйиб, қуллуқ қилиб туриш керак, гарчи кўп одам бунга нолойиқ бўлса-да. Истамасангиз ҳам кимларгадир ҳамдардлик билдиришингиз, табассумингизни аямаслигингиз керак. Ғурурни хушмуомалаликка сингдириш – буюк санъат.

Агар манманликни ҳаддан ошириб юбормаганимизда, бошқалар ҳам биз ҳақимизда ўз фикрига эга эканлигини ҳисобга олсак, арзимаган гапдан хафа бўлишга ҳожат қолмасди.

Ўзгаларнинг танбеҳини эшитиш билан танишларинг сен ҳақингда ўзаро нималар деганини эшитиб қолиш ўртасида кескин фарқ бор. Одатдаги хушмуомалалик шунчаки ниқоб эканлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим. Ниқоб гоҳо қийшайиб кетади, гоҳо бир неча дақиқага тушиб қолади. Ниқобни олиб ташлаган одам ўз аслига қайтиб, қўпол бўлиб қолади, бу эса жамиятда жуда хунук бўлиб кўринади.

* * *

Хатти-ҳаракатларимизда ҳеч қачон ўзгаларга тақлид қилиш ярамайди, чунки ҳар бир ҳолат ва вазиятда ҳар ким ўз табиатига хос хусусиятлардан келиб чиқиб ҳаракат қилади, акс ҳолда сохталиги ошкор бўлади.

* * *

Кимки ўзгаларнинг ишончини қозонмоқчи бўлса, ўз фикрини эҳтиросларга берилмасдан, совуққонлик билан ифодалаши лозим. Қизиққонлик истак-иродага боғлиқ, шунинг учун фикр-мулоҳазаларимизни билдирганмизда одамлар уларни нотўғри тушунишмасин. Истак-ирода инсоннинг туб унсури, билиш-англаш эса кейинчалик эгалланади, шунинг учун фикримиз табиий бўлиши шарт.

* * *

Ҳеч ким билан фикр талашма, одамларни беъмани фикрларидан қайтармоқчи бўлсанг, умринг зое кетади.

Гаплашаётганда ўзгаларнинг хатосини тузатишга уринма, хайрихоҳ бўлганингда ҳам тушунишмайди, осонликча хафа қилиб қўясан, кейин кўнглини олишинг қийин.

Суҳбат чоғида сенга ёқмайдиган бирорта бемаъни гап эшитиб қолсанг, ўзингни билмаганликка ол, гўё икки аҳмоқ комик роль ўйнаяпти, деб ҳисобла. Амалда бу синалган усул.

Бу бир кам дунёнинг камчиликларини тузатаман деб беҳуда уринма, соғ-омон юрганингга шукур қил, чунки шунинг ўзи бахт.

* * *

Алдов йўли билан олдириб қўйган пулингга ачинма, чунки келгусида бу сенга катта сабоқ бўлади.

* * *

Ҳақ бўлган тақдирингда ҳам мақтанчоқлик қилма, мақтаниш сени йўлдан оздиради. Мақтанчоқликни камтарлик ниқобига ўраб гапирганингда ҳам, одамлар унда шуҳратпарастликни кўради. Сен эса кулгига қоласан. Меъёрни билиш лозим.

* * *

Кимдир ёлғон гапираётганини сезиб қолсак, ўзимизни унга ишонгандек қилиб кўрсатамиз, лекин у ҳаддидан ошиб янада кўпроқ ёлғон қўшади, оқибатда ниқоби очилиб қолади. Кимнингдир гапларида ҳақиқат аломатларини сезиб қолсак, суҳбатдошимиз уни яширишга ҳаракат қилади, шунда биз ишончсизлик билдирсак, у бор гапни айтишга мажбур бўлади.

* * *

Шахсий ишларимизни яқин танишларимиздан ҳам сир тутганимиз маъқул. Биз ҳақимизда уларнинг ўзлари кўриб билганлари етарли. Энг арзимас нарсалар ҳам, вақти келганда, бизга зарар келтиради.

Ақли расо одам нима ҳақида гапиришдан кўра, нима ҳақида гапирмасликни яхши билади. Биринчиси шуҳратпарастлик аломати, иккинчиси ақлли одамнинг иши. Ҳар иккаласи учун ҳам имконият кенг, лекин кўпинча бир лаҳзалик истагимизни қондириш учун сукут олтинга тенг эканлигини ёдимиздан чиқариб қўямиз.

Баъзан юрагимизни бўшатиш учун ўз-ўзимизга овоз чиқариб гапириб юборамиз, айниқса, феъли тез одамларда бу кўпроқ кузатилади. Бу нарса одат тусига кириб қолмасин, чунки фикр ва сўз уйғунлиги содир бўлиб, ўзгалар билан бўлган суҳбатда ҳам шу нарса юз беради. Фикримиз билан сўзимиз ўртасида кенг масофа сақлашимиз керак. Баъзан бизга тааллуқли айрим ҳолатларга ўзгалар ишонмайди деб ўйлаймиз, амалда эса улар бунга чиппа-чин ишонишади. Уларнинг ишончини чиппакка чиқармоқчи бўлсак, уларнинг кўнглида бунга шубҳа уйғотишимиз керак. Аммо биз кўпинча ўзимиз уни ошкор қилиб қўямиз, бу ҳолатни сездирмаслик мумкин эмас, дея хатога йўл қўямиз. Бу ақлсиз ҳаракатни эсанкираш деб аташади.

Бошқа томондан қараганда, айрим муносабатларда бефаросат бўлган одам, гап ўзгалар ҳақида кетганда ўта зийраклик қилади, баъзи бир тафсилотларни ушлаб олади-да, масалани охиригача ечмасдан қўймайди.

Бирор ўтган воқеа ҳақида гапирганимизда эҳтиёт бўлишимиз лозим. Нафақат одамларнинг исмини, кимлигини билдирувчи белгилари, воқеа содир бўлган жой, вақт ва шунга тааллуқли ҳолатларни, ҳатто иккинчи даражали қатнашчилар ҳақидаги маълумотларни ҳам билдириш ноўрин, акс ҳолда суҳбатдошимизга воқеанинг тагига етадиган имконият яратиб қўйган бўламиз.

Зўр қизиқиш истак-ирода орқали ақлни ишга солади, у эса қилни қирқ ёриб воқеанинг тагига етмагунча қўймайди. Одамлар кўпчиликка маълум бўлган ҳақиқатга эмас, шахс­га тегишли ҳақиқатга ўч бўлишади.

Сукут сақлаш ҳақида барча давр ва халқларда ҳикматли сўзлар айтилган, шунинг учун гапни чўзмай бир неча араб мақоли билан чекланаман: “Душманингга билдирмаган нарсани дўстингга ҳам айтма”, “Сиримни яширсам у менинг асиримга айланади, ошкор қилсам мен унга асир бўламан”, “Сукут дарахтининг меваси – хотиржамлик”.

Иложи борича ўзгалар билан зиддиятга бормаган маъқул. Яхшиси, ҳар кимсанинг қадр-қиммати унинг хатти-ҳаракатига қараб белгиланишини ёдда сақла, ҳеч бўлмаса ўзинг учун. Шунга қараб муносабатларни мослаштириш мумкин, чунки феъл-атвор ўзгармас бўлиб, хатти-ҳаракат шундан келиб чиқади.

Инсондаги иллатларни унутиш, тўплаган бойликни беҳуда совуриш демакдир. Бу нарса бизни аҳмоқона ишонч ва дўстликдан асрайди.

“Меҳр боғламаслик, нафратга берилмаслик” турмуш ҳикматларининг тенг ярми; “Сукут сақлаш, ҳеч кимга ишонмаслик” – унинг иккинчи ярми. Бу дунёда қонун-қоидаларсиз яшашнинг иложи йўқ.

* * *

Қаҳр-ғазаб ва нафратимизни сўз ёки кўз қараши, хатти-ҳаракат билан ифодалаш бефойда, у кулгили, хавфли, қолаверса, бу ақлсизлик ва пасткашликдир. Биз уларни фақат амалдагина изҳор қилишимиз мумкин.

Заҳарли жонзотлар фақат совуққонлилар орасидагина учрайди.

* * *

Сўзга урғу бериш қадимги зодагонларга хос. Бу усул суҳбатдошига қарши мўлжалланган. Сўз маъноси етиб боргунча суҳбатдош талмовсираб тураверади, биз эса хотиржам ўз йўлимизга кетаверамиз. Сўзга урғу бериш суҳбатдошнинг ҳиссиётларини қўзғаши, жаҳл отига миндириши ҳам мумкин. Айрим одамларга очиқ чеҳра билан, дўстона оҳангда шу даражада қўпол гапларни айтиш мумкинки, оқибатидан хавотир олмасак ҳам бўлаверади.

Олам тартиб-қоидаларига ва тақдирга доир қарашлар

Инсон қай тарзда умр кечирмасин, унинг ҳаётида айнан бир хил унсур (таркибий қисм)лар мавжуд бўлади. Унинг умри кулбада ўтадими, қасрдами ва ёки зоҳидона тарзда ғордами, аҳамиятли хусусиятлари бир хил бўлади. Ҳаётда содир бўлган турли-туман воқеалар, саргузаштлар, бахтли ва бахтсиз ҳодисалар ҳақида айтадиган бўлсак, уларнинг асоси қандолат маҳсулотлари каби бир хил.

Шакл турли-туман, ўзак эса ягона. Бир одамнинг бошига тушган воқеа бошқача кўринишда иккинчи бир одамнинг бошига ҳам тушади. Ҳаётимиз мазмун-моҳияти бир хил, таассуротларимиз эса турли-туман.

* * *

Оламни уч хил куч – донолик, қудрат ва бахт бошқаради, дейди қадим мутафаккирлардан бири. Менимча, учинчи куч – бахт кучлироқ бўлса керак.

Умр йўлимизни кеманинг уммондаги сузишига қиёслаш мумкин. Тақдир гўё шамол каби кема елканларини хоҳлаган томонига буриб, гоҳ олдинга, гоҳ орқага ҳайдайди, бизнинг интилишларимиз, хатти-ҳаракатларимиз аҳамиятсиз бўлиб қолаверади. Интилишларимизни эшкакка ўхшатиш мумкин, шамол тинганда бироз фойдаланиш мумкин. Мабодо шамол ҳамроҳ бўлиб қолса – бу сенинг бахтинг. Испан мақолида: “Ўғлингга бахт бергин-у, денгизга от”, деб бежиз айтилмаган.

Воқеа-ҳодисалар – ёвуз кучлар, уларга ишониб бўлмайди… Тақдир бизга бирор нарсани инъом қилар экан, уни тамоман ўз ихтиёримизга бериб қўймайди, шунга муносиб эканлигимизни ҳам билдирмайди. Балки бизга илтифот кўрсатганидан инъом беради.

Ўтган умримизга назар ташласак, унинг қай даражада чалкашиб кетганини, кўплаб омад ва бахт имкониятларини бой берганимизни, қанчадан-қанча кулфатлар бошимизга ёғилганини кўрамиз, ана шунда афсус-надоматларимизнинг чеки бўлмайди.

Ҳаётдаги фаолиятимиз ўз ихтиёримизда эмас. Бу икки омилнинг маҳсули – воқеа-ҳодисалар тизими ва уларнинг ечимидир. Улар доимо бир-бирига қўшилиб, чалкашиб, бири иккинчисини ўзгартириб юборади. Воқеалар ечимини олдиндан топиб бўлмайди, воқеа-ҳодисаларнинг қачон келишини ҳам билиб бўлмайди, фақат реал воқеликда пайдо бўлгандагина бизга маълум бўлади.

Кўзлаган мақсадимизга ҳеч қачон тўғридан-тўғри етиб боролмаймиз. Унга тахминий йўллар билан интиламиз, бу йўлда анча қийинчиликларни бартараф қилишга тўғри келади. Реал воқелик билан ҳисоблашиб, омад ёр бўлишига умид боғлаб мавжуд имкониятларни ишга солиш керак, шунда мақсад сари яқинлашиб борамиз.

Ҳаётимизни ошиқ ўйинига ўхшатиш мумкин, лекин камдан-кам ҳолда ошиғинг олчи бўлади. Терентий айтгандек:

Ҳаёт – қимор, одамзод “Гардкам!” деб отар ошиқ.

Бироқ истаганингдек “олчи” тушмас отганинг.

Ошиғинг “товва” тушса, хатонгни ўнгла эплаб.

Ёки қартани тақдир чийлаб беради, биз эса қартабоз. Ҳаётни яна шахмат ўйинига ҳам ўхшатиш мумкин: сен ютишни режалаштирасан, аммо рақибинг сени эсанкиратиб қўяди. Қисмат ҳаётдаги рақибингдир. Қисматимиз режаларимизни шу даражада ўзгартириб юборадики, дастлабкисидан асар ҳам қолмайди.

Ҳаётда эришган муваффақиятларимизда биз билмаган яна нимадир бор. Кўпинча ўзимиз ўйлагандан ҳам кўра кўпроқ аҳмоқона ишлар қилиб қўямиз. Кўп ҳолларда ўзимиз ўйлагандан ҳам донороқ эканлигимиз ишимиз натижасига кўра билиниб қолади, лекин буни кечроқ тушунамиз.

Ақлимиздан бошқа бизда яна қандайдир табиий хислат – сезги бор. Энг муҳим пайтларда ўзимиз билмаган ҳолда ўша табиий сезги намоён бўлади.

Балки бу тушларимизда белги берар, лекин биз уйғонгач унутиб қўямиз, чунки бесаранжом ва иккиланувчи онгимиз у билан ҳамжиҳат бўлишга ожизлик қилади. Буюк жасорат эгалари ёшлигиданоқ бу ички яширин кучни сезиб уни ривожлантиришган. Умуман олганда, ўз-ўзини ҳимоя қилиш сезгиси барчада мавжуд, акс ҳолда инсоният қирилиб кетган бўларди.

Абстракт принципларга эргашиб ҳаракат қилиш учун кўп машқ қилиш керак, лекин у доим ҳам яхши натижа бермайди. Аксинча, инсонда қон-қонига сингиб кетган туғма принциплар бўладики, улар фикрлаш қобилияти, ҳиссиётлари ва хоҳиш-истаклар билан бирга кириб келган. Одам бу нарсани ўтмишга назар солгандагина сезади: уни қандайдир бир кўзга кўринмас куч бошқариб турганини англаб қолади. Ана ўша куч, ўзининг хусусиятларига кўра, ё бахтга етаклайди ёки бахтсизликка.

* * *

Вақт ҳамма нарсага ўз таъсирини ўтказмай қолмаслигини унутмайлик. Шу аснода нимани қўлга киритган бўлсак, шуларнинг аксини тасаввур қилиб туришимиз лозим. Бахтга эришганда бахтсизликни, дўстликда – душманликни, севгида – нафратни, ишончда – ишочсизликни, гуноҳда – тавбани, ҳаво очиқ кунлари – ёғингарчиликни ва аксинча, бахтсизлик пайти бахтни, қаҳратонда жазирамани эслаб қўяйлик. Турмуш донолигининг доимий сарчашмаларидан энг кераклиси шу. Чунки ёмонликнинг олдини олиш – келажакда алдов қурбони бўлмасликнинг шартидир. Бу дунёда ҳамма нарса ўзгарувчан – бебақо эканлигини назарда тутсак, тажриба ўрнини бу борада ҳеч нарса боса олмайди. Нафақат ўзгарувчанлигини, балки қайси томонга ўзгаришини ҳам олдиндан сеза олсак, ютуғимиз шунда. Ҳамма нарса ўзгарувчан, доимий нарса эса ўзгарувчанлик. Турмушда воқеа-ҳодисалар шу даражада кўпки, агар бирор хавф-хатарнинг олдини олмоқчи бўлсак, тасодиф туфайли у ўз-ўзидан бартараф бўлиши мумкин. Агар биз унинг олдини олмоқчи бўлиб ҳаракат қилган бўлсак, ёки бирор нарса эвазига эришмоқчи бўлсак, меҳнатимиз зое кетади.

Шунинг учун мўлжални жуда узоқдан олиш ярамайди, воқеа-ҳодисалар эҳтимолини ҳам назарда тутиб, яхши ниятда иш бошлаган маъқул.

Одатда одамлар воқеа-ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларига эмас, оқибат натижаларига кўпроқ эътибор берадилар. Сабаб ва оқибатни боғлай олмаган одам янг­лишади, бошига бало-офатлар ёғилгач, мусибатларига ўзидан бошқа ҳамроҳ тополмайди.

Воқеа-ҳодисаларнинг олдини олмоқчи бўлган одам уни амалда эмас, назарий жиҳатдан қилиши керак. Воқеаларни тезлаштиришга ҳожат йўқ, вақти-соати келганда содир бўлаверади. Вақтни бўйсундириб бўлмайди, акс ҳолда у аямай ўч олади.

Масалан, тезроқ мева олиш мақсадида дарахтга турли сунъий ишловлар бериб, парваришни тезлаштирсак, кўп ўтмай у қуриб қолади. Ёки ўспирин болага ўттиз ёшли эркакнинг ташвишлари юклаб қўйилса, у эплаши мумкин, лекин кейинчалик бу нарса унга қимматга тушади – вақт унинг куч-қувватини, ҳатто умрининг бир қисмини тортиб олади.

Шундай касалликлар борки, табиий кечганда вақт ўтиши билан давоси топилиб асоратсиз ўтиб кетади. Тездан давосини топиб, оёққа туриб кетишини истаган одамга ҳам чораси топилади, лекин оқибатда у умрбод ожиз-нотавонга айланиши мумкин.

Уруш ва ғалаёнлар пайтида пул жуда зарур бўлиб қолса, уй-жиҳозимизни, қимматбаҳо қоғозларимизни арзон-гаровга сотиб юборишга мажбурмиз. Оқибатда бир неча йил чидаш ўрнига бор-будимиздан айриламиз. Қарзга ботиб саёҳатга чиққан одамнинг ҳам аҳволи шунга ўхшаш.

Буларнинг бари сабрсизлик қурбони.

* * *

Ақл билан иш кўришда жасорат ҳам муҳим ўрин тутади. Бу сифатларнинг биринчиси онадан, иккинчиси отадан мерос, истак-иродамиз эса уларни камолга етказади.

Дадил бўлинг!

Мағрур қарши олинг қисматнинг беаёв зарбаларин.

Бу дунёда яшаш учун мардонавор руҳ, темир ирода, мустаҳкам қалқон керак, токи улар тақдир зарбасидан, одамлардан бизни ҳимоя қилсин, чунки ҳаёт курашлардан иборат. Вольтер айтади: “Бу дунёда омадни фақат қилич дами билан қўлга киритадилар, қўлда қилич билан жон берадилар”.

Озгина хавфни сезгач ғужанак бўлиб бурчакка қисилиб олган, дод-вой қилиб тушкунликка тушган одам қўрқоқ одамдир. Аксинча, шиоримиз:

Кулфатга қайсарлик қил, енгилма ва олға бос.

Бирон бир хавф-хатар мавжуд эканми, унинг якунини кутмасдан, унга қарши курашни давом эттириш, тушкунликка тушмасдан нажот қидириш зарур. Бу борада ўзингни чиниқтир.

Яхшиликларни ҳисобга олмасак, бу дунё қўрқиб, юракни ҳовучлаб яшашга арзимайди.

Жасорат зўрликка айланиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Жасоратнинг барқарор бўлиши учун маълум маънода бироз ҳадик ҳам бўлиши керак. Бироқ, бу ҳаддан ошиб кетса, қўрқоқлик пайдо бўлади.

Ҳаддан ташқари қўрқинч-ваҳимага тушиб қолиш ҳақида Бэкон Веруламский аниқ таъриф берган: “Ўз ҳаётини ҳимоя қилиш ва асраш, хавф-хатардан қутулиш, уни даф қилиш учун табиат ҳар бир жонзотга қўрқув ато қилган. Лекин табиат саҳийлик қилиб ўлчов бермаган, шунинг учун қуруқ ва асоссиз қўрқув табиий қўрқув билан қўшилиб кетади. Масалага чуқурроқ қарайдиган бўлсак, теварак-атрофни ваҳимали қўрқув босиб кетган, айниқса, одамларни…”

Даҳшатли қўрқувнинг ўзига хос хусусияти унинг асосини аниқ тушунтиришнинг имкони йўқлигидир. Қўрқув фақат тахминларга асосланган, керак бўлса, унга асос қилиб қўрқувнинг ўзинигина олиш мумкин.

Рус тилидан Абдунаби Абдуқодиров таржимаси

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 1 ва 5-сонлар

———————–

[1] Шеърларни Рустам Мусурмон таржима қилган.