Агар аёллар бўлмаса биз ўз ҳаётимизнинг дастлабки лаҳзаларида ёрдамдан, кейинроқ лаззатлардан, энг сўнггида эса овунчоғимиздан маҳрум бўлар эдик, деган эди бир фаранг олими. Менимча, аёлларни ҳақиқатан ҳам бундан ошириб мақташнинг иложи йўқ.
Аёлнинг қадди-қоматиёқ унинг на руҳий, ва на кетмон чопишдек оғир жисмоний меҳнат учун яратилмаганини кўрсатиб туради. Аёл яшаш мажбуриятини борлигича эмас, балки азоб-уқубатлар тарзида ўтайди: туғиш машаққатлари, бола боқиш, эрга қарам бўлиш.Яна денг, аёл эрга чидамли ва қувват бағишлайдиган дўст бўлиши керак. Аёл катта дардлар, катта қувончлар, баҳодирлик талаб қилинадиган ишлар учун яратилмаган. Унинг турмуши эркакникига нисбатан тинчроқ, бахтлироқ, майинроқ кечиши зарур.
Аёллар табиатан болафеъл, инжиқ, узоқни кўра билмайдиган бўлганлари туфайли бола тарбиялашга мойилдирлар (ва шунга мослашишган). Бир сўз билан айтганда улар бутун ҳаётлари давомида катта бола ишини қилиб юрадилар: болалик давридан ўтаётган, лекин ҳали тўлақонли эркак даражасига етмаган ўспирин сифатида иш тутадилар. Қизларга қаранг, кун бўйи ёш бола билан ачомлашиб, ўйнаб-кулиб юришдан эринмайдилар. Энди шу қизнинг ўрнига ўғил болани қўйиб кўринг…
Томошага чиққанингизда бир нарса қарс этса, бирдан ҳамма чалғиб, ўша томонга қарайди. Табиат қиз болани ҳам шу тахлит яратган. Табиат қизларга – кейинги бутун ҳаётлари ҳисобига – бир неча йиллик гўзаллик, қараганни маҳлиё қилиш ва бошқа шу тахлит оҳанраболарни бахшида этган. Айнан шу даврда у эркакнинг хаёлини ўғирлаши, кейин эркак шу гўзалликка банди бўлиб, чин юракдан аёлнинг кейинги ҳаёти учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак. Эркакни бу йўлга шунчаки соғлом фикрлаш тарзи билан киритмоқчи бўлсангиз, уларнинг кейинги ҳаёти силлиқ кечишига ишонч йўқ. Шу туфайли табиат аёлни, қиз болани – у ўз келажагини таъминлай оладиган даражада қуроллантирган. Урғочи қумурсқа туққандан сўнг кераксиз (тухумчаларни парваришлашда ҳатто хатарли) қанотларидан маҳрум бўлади. Шу тахлит аёл ҳам икки-уч бола туққандан сўнг гўзаллигидан ажралади. Балки шунинг учун ёш қизлар уй ва дала ташвишларини иккинчи даражали иш, балки шунчалик арзимаган нарса сифатида қабул қиладилар. Улар учун энг асосий жиддий ташвиш: муҳаббат, ғалабалар ва шунга боғлиқ бошқа нарсалар: ясан-тусанлар, атир-упа, рақс-ўйин ва ҳоказо…
Бирон бир нарса қанчалар тугал ва олиймақом бўлса, у шунча аста ва кечроқ етилади. Эркак руҳан ва ақлан аксарият ҳолларда йигирма саккиз ёшларда етишади, аёл эса – ўн саккизда. Ва шунга кўра қобилиятга эга: қисқа ўйлайдилар. Шу туфайли аёллар кейинги бутун ҳаёти давомида ҳам болалигича қоладилар, кўриб турганини тан оладилар, тутганини маҳкам ушлайдилар, шунчаки ташқи кўринишни борлиқ-йўқлик сифатида тан оладилар ва майда-чуйдаларни катта нарсалардан афзал биладилар. Ақл туфайли одам худди жонивор янглиғ айнан ҳозирги дақиқа билан яшамайди, балки ўтмишни ва келажакни мушоҳада қилади. Ақл туфайли у эҳтиёткор, орқа-олдини ўйлайди, сергак бўлади. Шунинг орқасидан келадиган фойда ва зиёнларга аёл – ақли калта бўлгани туфайли! – кам аралашади. Янаям аниқроғи: руҳан узоқни кўра билмайди. Унинг сезгир ақли кўз олдидагиларни яхши кўради, унинг ўй доирасига узоқдаги нарсалар сиғмайди. Шунинг учун йўқ нарсалар, ўтиб кетган нарсалар бизга нисбатан аёлларга кам таъсир қилади. Шу сабабли улар баъзан топган – тутганингизни телбаларча ўйсизлик билан совуриб юбораверишга мойилдирлар. Улар ўзларича ишонадиларки, эркак – топиш учун, аёл – совуриш учун яратилган. Иложи бўлса, эри тириклигидаёқ, йўқса, эри ўлгандан сўнг. Эр топган-тутганини аёлининг ихтиёрига топшириб қўйгандан сўнг аёлдаги бу ишонч янада мустаҳкамланади. Бу тушунча ҳар қанча зиён келтирмасин, фойда томони ҳам бор: аёл ҳозирги дақиқа билан банд. Аёл мавжуд нарсадан бизга нисбатан кўпроқ нафланади. Шу туфайли аёлнинг фикри тиниқ. Шу туфайли, агар сиз оила боқишдек ташвишларга чалкашиб қолган бўлсангиз, аёл сизнинг дардингизга малҳам бўла билади.
Қадимги немисларнинг одатини ташлаб юбормаслик керак. – Оғир дақиқалардаги йиғин-маслаҳатларга аёллар ҳам таклиф этилган, чунки аёл ҳозирги дақиқада нима қилиш кераклигини билади. Мақсадга етказувчи энг қисқа йўлни кўрсатади. Хуллас, эркак узоқни ўйлаб, тумшуғи тагидаги нарсани кўрмай ўтирганда, аёл уни ушлаб, қўлингизга тутқазади. Шу сабабга кўра аёл бизга нисбатан ҳушёр, у бирон бир нарсани бор бўйича кўра билади. Биз эса, агар ҳаяжонланиб турган бўлсак, оппа-осонгина пашшадан фил ясаб, ваҳима кўтариб юбораверамиз. Шу нуқтаи-назардан аёллар бахтсизларга эркакдан кўра кўпроқ ҳамдард бўладилар. Аёллар меҳрибонроқ ва оқкўнгилроқ. Аммо қозиликда, ҳақиқатни юзага чиқаришда, виждонийликда эркакларга ютқазадилар. Аёлнинг ақли калталиги туфайли мавжуд, ушласа бўладиган, кўз кўриб турган нарсалар уларга ҳокимлик қилади. Узоқ-яқин қоидалар, ақида ва ғоялар, қабул қилинган қатъий қарорлар, ўтмиш ва келажак, йўқ ва узоқдаги нарсалар – улар учун иккинчи ва учинчи даражали нарсалардир. Ана шу сабабли аёл феълидаги узвий етишмовчилик, балким камчиликдир, бу – адолатсизлик! А д о л а т с и з л и к ! Бу ҳол биз илгари таъкидлаганимиздек, ақл калталиги ва узоқни кўра билмаслик туфайли содир бўлади. Яна бир жиҳат: кучсиз жондор табиатан кучлига нисбатан айёрроқ, ҳийлакорроқ бўлади. Ахир табиат шерга тиш ва тирноқ, филга – хартум, тўнғизга – сўйлоқ, ҳўкизга – шох бахшида этганидек, аёлга ўзини ҳимоя қила олиши учун – ҳийлакорлик ва ёлғончилик бахшида этган. Шу туфайли биз тилга олган жондорлар ўзларидаги қурол билан ҳужумга ўтганлари мисол, аёл ҳам ҳар бир қулай вазиятда ўз қуроли билан ҳужумга ўтади, ҳимояланади. Ва бунда ўз ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланаётганларига шубҳа қилмайдилар. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда мутлақо ҳақиқатгўй ва самимий аёлни топиш мумкин эмас. Шу хислатлари боис улар ўзгаларнинг турланаётганларини жуда тез пайқайдилар. Ҳар қалай аёл қошида носамимийликка йўл қўйиш жуда хатарли. Ана шу узвий камчиликлари боис аёл ёлғончиликка, хиёнатга, эгриоёқликка мойилроқ бўлади. Қозихонада аёллар эркакларга нисбатан бир неча баравар кўп ёлғон қасам ичиб, гуноҳга ботадилар. Ва умуман, аёлга қасам ичириш керакми, йўқми, деган саволнинг ўзи баҳсли. Ахир баъзан-баъзан ҳамма жойларда ҳам моддий жиҳатдан тўлиқ таъминланган аёллар дўкондан ул-бул ўмараётганининг гувоҳи бўлганмиз-ку.
Инсон зоти тугаб кетмаслик учун уни мудом кўпайтириш ёш, соғлом ва гўзал йигит-қизлар бурчи. Худонинг хоҳиши –шу! Мазкур қонун бошқа барча қонунлардан қадимий ва боқийдир. Агар ким бу қонун йўлига чиқмоқчи бўлса – ўзининг шўри: нима демасин, нима қилмасин, биринчи фурсатдаёқ аёвсиз топталади. Чунки аёлларнинг яширин, айтилмайдиган, ва ҳатто онгланмайдиган феъли қуйидагича фикрлайди: “Бизга ғамхўрлик қилганлари боис энди қандайдир ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлдик, дея ўйлайдиганларларни алдашга ҳаққимиз бор. Яқин кишингнинг яқинлашиши туфайли бизда пайдо бўладиган авлод, унинг кўриниши ва хусусиятлари бизга боғлиқ. У бизнинг қўлимизга берилган, уни биз тарбиялаймиз ва биз бу вазифани виждонан бажаряпмиз”. Бироқ бу олий қонунларни олисдаги шарпалар мисоли эмас, балки қўлда мавжуд, бор нарса сифати англайдилар. Ва бу ҳолда уларнинг виждони биз ўйлаганга нисбатан анча тинч бўлади, чунки юракларининг энг ички қатламларида улар тушунадиларки, улар бир шахсга нисбатан ўз мажбуриятларини бузганлари билан ҳуқуқлари бир неча баравар зиёд бўлган авлод олдида керагидан ортиқ хизмат қиляптилар.
Аёл инсон зотини кўпайтириш мақсадида яратилгани ва унинг бошқа хизмати йўқлиги боис улар алоҳида шахсга нисбатан кўпроқ авлод ташвишида яшайдилар ва авлодга ташвиши шахсга нисбатан жиддийроқ бўлади. Бу уларнинг борлиғига ва ҳаракатларига маълум даражада енгилтабиатлик бағишлайди. Бу балким эркакка нисбатан мутлақо ўзгача бир йўналишки, ана шулар аксарият эр-хотинларнинг жанжалига, ажраб кетишига олиб келади.
Эркаклар табиатида бир-бирига лоқайдлик мавжуд, аёллар табиатида эса душманлик. Буни ҳатто бир касбдошнинг иккинчисига нисбатан ҳаваси, ҳасади, кўролмаслиги деб тушуниш ҳам мумкин. Гадонинг душмани гадо бўлади, деганларидек. Бу ҳол эркаклар орасида онда-сонда учраса, аёл зоти борки, бир-бирини кўролмайди, чунки уларнинг ҳаммаси битта касб билан шуғулланади. Кўчада дуч келиб қолсалар, худди рақобатчи партияларнинг вакилларидек, бир-бирига синчков тикиладилар. Икки аёл биринчи бор учрашганларида – худди шу ҳолатдаги икки эркакка нисбатан анчайин – ҳаракатлари ясама ва ғайрибатиий бўлади. Шу сабабли бир-бирларига нисбатан мақтовлари беўхшов ва кулгили чиқади. Бундан ташқари эркак ўзидан паст табақали одам билан маълум даражада босиқлик ва ҳурмат билан гаплашса, худди шу ҳолатдаги аёлнинг иккинчисига нисбатан сохта манманлигини кузатиб энсангиз қотади. Бу, демак, аёллар орасидаги табақаланиш тасодифга, – яъни эрнинг жамиятдаги ўрнига боғлиқ бўлиб, у тез-тез ўзгариши ва йўқолиб кетиши ҳам мумкин. Биз эркаклар ўзимиздан пастроқ билан гаплашаётиб минг бир нарсани ўйлаймиз. Аёл эса бу пайт фақат қайси эркакка ёққанини назарда тутади,холос. Бундан ташқари уларнинг ҳаммаси касбдош бўлгани боис бир-бирларига эркакларга нисбатан яқин туради ва ўзларининг турли-туман найрангларини намоён этадилар.
Бўйи паст, елкалари тор, белидан пасти кенг жинсни фақат жинсий ҳиссиёт туфайли ақли хиралашган эркаккина гўзал дея баҳолай олади: жинснинг барча гўзалликлари ана шу ҳиссиётга қоришиб кетади. Бу жинсни бир қанча асосларга таяниб, к ў р и м с из ва х у н у к дея баҳолаш мумкин. Ҳақиқатан ҳам аёллар таасуроти ожиз. Мусиқага, шеърга, санъатга чин юракдан берила олмайдилар. Агар берилсалар ҳам, бу шунчаки бировга ёққиси ва ўйнашгиси келган маймуннинг ҳаракатидан бошқа нарса эмас. Шу туфайли улар бирон-бир ҳолатга холис ёндошолмайдилар. Сабаби, ўйлайманки, қуйидагича: Эркак ўзининг нарсаларига б е в о с и т а ҳ о к и м л и к қилишга уринади. Ёки ақл билан уларга эгалик қилиш ва бўйсундириш йўлидан боради. Аммо аёл ҳамиша бировнинг ёрдами туфайли ҳокимлик қилишга мажбур, яъни эри – бирдан бир ўзи қўлида тутиб турган восита – орқали. Шу туфайли аёллар ҳар бир нарсага – эри олиб бериши мумкин ва мумкин бўлмаган нарса сифатида қарайдилар. Ва уларнинг бирон нарсага қизиқиши шунчаки ясама ҳолатдан бошқа нарса эмас. Бир вақтлар Руссо: “умуман олганда аёллар санъатнинг ҳеч бир турига қизиқмайдилар, санъатни тушунмайдилар ва ҳеч қандай қобилиятга эга эмаслар”, дея таъкидлаган эди. Ҳа, ҳар бир буюмга бир қарашдаёқ уларнинг ташқи кўринишидан бошқа жиҳатларини ҳам англай оладиган зот буни дарҳол тушунади. Аёлларнинг контсерт, опера ва драматик томошаларда ўзини тутишига бир аҳамият беринг. Санъатнинг ноёб дурдоналаридан энг зўр саҳналар ижро этилаётганда аёл болаларча соддадиллик билан ёнидагига сафсата сотишда давом этади. Агар ҳақиқатан ҳам греклар аёлларни саҳна томошаларига киритмаган бўлсалар, тўғри қилганлар. Ҳар қалай уларнинг театрида ниманидир бемалол томоша қилиш, тинглаш мумкин бўлган. Бизнинг замонамизда: “Аёл черковда жим турсин”, деган иборани “театрда ҳам” деган жумла билан тузатиш керак. Ва буни катта ҳарфлар билан саҳна пардасига осиб қўйса маъқул бўларди. Ҳар қалай аёлдан бундан бошқа нарсани кутиш мумкин эмас. Ахир уларнинг энг ёрқин намоёндалари ҳам нозик санъатда ҳеч бир ҳақиқий буюк ва нодир асар яратмаганлар. Ва умуман, дунёга ҳеч бир эскирмайдиган, ўлмайдиган асар тақдим этолмаганлар. Бу айниқса, рассомликда тез кўзга ташланади. Ахир айнан шу соҳада аёллар ҳам эркаклар қатори шуғулланиш имкониятига эгалар. Шуғулланяптилар ҳам. Аммо бу соҳада ўзларининг бирон бир юксак санъат асари билан мақтана олмайдилар, чунки уларда рассом учун жуда зарур бўлган руҳий холислик йўқ. Бундан 300 йил муқаддам Хуан Уарте: “Аёлларда ҳеч қандай улкан қобилият бўлмайди”, деган эди. Истисно тарзида битта – яримта учраб қолиши мумкин, лекин улар умумий кўринишни ўзгарта олмайдилар. Аёллар ғоятда тор фикрлайдилар, шу сабабли ғоят ахмоқона тарзда ўзларини эрларига тенглаштириб, ҳақиқатда эса эрларининг амали ва жамиятдаги ўрнига шерикчилик қилиб , ўзлари ўзларинингг разил шуҳратпарастликларини қондириб турадилар. Уларга нисбатан Наполеон 1 айтган иборани аслида қонун сифатида қабул қилсалар яхши бўлади: “Улар бизнинг камчиликларимиз билан, бизнинг тентакона қилиқларимиз билан алоқа қилиш учун яратилган. Зинҳор ва зинҳор ақлимиз билан эмас. Аёллар ва эркаклар орасида баданлар яқинлашуви бор . Ақллар, юраклар ва феъллар яқинлашуви камдан-кам содир бўладиган ҳодисадир”. Аёллар барча жабҳаларда эрдан кейинги даражадаги иккинчи жинс. Шу сабабли уларнинг камчиликларига нисбатан олижаноб бўлмоқ лозим, аммо уларнинг ҳурматини ошириб юбориш, елкага чиқариб олиш – ғирт ахмоқлик. Бу ҳолда аёлнинг ўзи биринчи бўлиб эрни назар-писанд қилмай қўяди. Табиат инсон зотини икки жинсга бўлиб, улар ўртасидаги чегара чизиғини қоқ ўртадан бўлмаган. Бурунгилар ва шарқликлар аёлларга нисбатан айнан шу нуқтаи-назардан қараганлар, аёлларга ҳақиқий ўрнини кўрсатиб қўйганлар ва тўғри қилганлар. Биз эса кўҳна фаранглар каби бачканалик билан ва кулгили тарзда аёллар қошида ўзимизни йўқотиб қўямиз. Натижада аёллар шу даражада олифта ва безбет бўлиб кетишдики, энди улар ўзларини гўё қўл етмас фаришталар мисол тутмоқдалар .
Гъарб аёли ёлғон муҳитга тушиб қолган: ахир аёллар, муқаддас битикларда айтилгани каби, илоҳийлаштириладиган жонзот эмас. Натижада биз ўзимиз яратган ёлғон муҳит жабрини тортаяпмиз. Шу сабабли Оврупода инсон ? 2 га ўз ўрнини кўрсатсалар ва ўз жойига ўтишга мажбурласалар ғоят савоб ишни амалга оширган бўлардилар. Ахир шу туфайли нафақат бутун Осиё бизнинг устимиздан куляпти, балки Рим ҳам, Гретсия ҳам ўзини тийиб тура олмаяпти. Мазкур тадбирнинг ҳам сиёсий, ҳам фуқаролик ижобий натижаларини ҳисоблаб улгуролмай қолар эдик. Оврупо аёли шунақа жонзотки, у аслида яшашга ҳақли эмас: майли, бизда уй бекалари бўлсин, қизлар уй бекаси бўлишни орзу қилиб яшасинлар, яъни олифталикка эмас, уй кишиси сифатида тарбиялансинлар. Айнан Оврупода паст табақали аёллар мавжуд бўлгани сабабли Оврупо аёли Шарқ аёлига нисбатан анчайин бахтсиз.
Ҳиндистонда ҳеч қачон ҳеч кимга бўйсунмайдиган, ҳеч кимга қарам бўлмаган аёллар яшамайди. У ерда ҳар қандай аёл зоти ё отасининг, ё эрининг, ё ака-укасининг, ё ўғлининг қарамоғида. Мену қонунининг 5-боб 148-бандида дейилади: “Аёл зоти болалигида отасининг, вояга етгандан кейин эрининг, эри ўлса ўғилларининг, агар ўғиллари бўлмаса, эрининг яқин қариндошларининг, агар ота томондан ҳам қариндош бўлмаса, отасининг қариндошларининг, агар ота томондан ҳам қариндош бўлмаса, пошшоликнинг қарамоғида бўлиши лозим. Токи аёл ҳеч қачон мустақиллик даъво қилмасин”. Албатта, аёл ўзини эрининг жасадига қўшиб ёқиб юборишига чидаш мумкин эмас, аммо эри бутун умри давомида эшшакдай ишлаб, бола-чақам ҳеч кимдан кам бўлмасин, деб топган мол-дунёни аёл ўйнаши билан ўйин-кулгуга сарфлаб юборишига ҳам чидаб бўлмайди.
Дастлабки она муҳаббати инсонларда ҳам, ҳайвонларда ҳам инстинкт, холос. Ва бола жисмоний жиҳатдан ўзини ўнглаб олиши билан инстинкт тўхтайди. Ўрнини ақл ва одатларга асосланган муҳаббат эгаллайди. Аммо афсуски, кўп ҳолларда, – агар она отани севмаса, – бу нарса рўй бермайди. Отанинг болаларига муҳаббати эса мутлақо бошқа нарса ва мустаҳкам пойдеворга асосланган: ота ўз фарзандида яна битта ЎЗИни кўради.
Салкам барча эски ва янги халқларда, ҳатто готтентотларда ҳам мерос эркакдан эркакка қолдирилади. Фақат Оврупода, дворянларни бу ҳисобга қўшмасак, мазкур одатга чап беришади. Эркак бутун умр қора тер тўкиб топган мол-дунё аёл қўлига тушсаю, аёл қисқа муддатда уни ҳисоб-китобсиз совурса, бу жуда ҳам буюк, жуда ҳам шармандали ноҳақликдир. Аёлнинг меросхўрлик ва мулкий ҳақ-ҳуқуқларини қайта кўриб чиқиш билангина бу одатга чек қўйиш мумкин. Менимча, шундай қарор қабул қилиш керакки, унга кўра хотинлар, – ва қизлар ҳам, – мероснинг бир бўлагини олиш ҳуқуқига эга бўлсинлар, зинҳор ва зинҳор бутун меросни эмас. Албатта, оилада эркак меросхўр йўқ бўлган ҳолатлар бундан мустасно. Мол-мулкни аёл эмас, эркак топади. Шу туфайли аёл унга шаксиз эгалик қилиши ҳам, уни ўзи хоҳлаганча ишлатиши ҳам мумкин эмас. Аёл ўз мулки: пули, уйи, ерига ҳеч қачон ўз билганича эгалик қила олмайди. Уларга доим қаровчи керак: шу сабабли уларга фарзандларининг қаровчиси деб ишониб қўйиш мумкин эмас. Аёлнинг мағрурлиги, – эркакникидан зиёд бўлмаган тақдирда ҳам! – бир ёмон томонга оғиб кетади: айнан моддий буюмларга, яъни шахсий гўзаллик, ялтир-юлтур, сирти чиройли нарсалар учун кўп нарсани қурбон қилиб юборадилар. Эркакнинг мағрурлиги эса, аксинча, номоддий афзалликларга эга, яъни ақл, билимдонлик, мардлик ва бошқа шу каби жиҳатлар билан ўлчанади.
Арасту ўз “Сиёсат”ининг 11 қисм 9-бандида тушунтирадики, Спарта аёлларга жуда кўп ўрин бергани туфайли (Спарта даврида аёллар меросхўр бўлган, сеп олган, эркин бўлган) ғоят оғир аҳволга тушди ва охир-оқибат йиқилди. Менимча Фаранг ҳукумати ва саройидаги Людовик Х111 давридан айнишларга аёллар сабабчи бўлса керак. Айниб, ижғиб-бижғиб, ниҳоят биринчи револютсия юз берди. Кейин бир неча тўнтаришлар амалга оширилди. Нима бўлганда ҳам аёл жинсининг биздаги сохта ҳолати жамоатчиликнинг юрак касалидай гап. У юракдан чиқиб, бутун вужудга таъсир кўрсатади.
Аёл туриш-турмуши билан бўйсунишга маҳкум этилгани шундан ҳам маълумки, уларнинг ҳар қанақаси ҳам ўзи кўникмаган, ўзи учун нотабиий бўлган тўла эркин ҳолатга тушиб қолса, шу заҳоти бошқа бир эркакнинг ёнига боради ва ўзининг устидан раҳбарлик қилишни ўша эркакка топширади. Чунки аёлга ҳамиша хўжайин керак. Агар аёл ёш бўлса, – эркак ўйнаш, аёл қари бўлса, – эркак маънавий пир бўлади.
Рус тилидан Абулқосим Мамарасулов таржимаси