Ўтган тунда Шаҳарбоғи орқали уйга қайтаётиб, бир оз муддат ўриндиқда ўтирдим, шу топ эгнига узун кулранг пальто, қўлига сариқ қўлқоп кийган аллақандай жаноб ёнимга келиб ўтирди. Қизиқ, бир дақиқа аввал у бу ерда кўринмаганди. Боғда шунча бўш жойлар туриб, унинг айнан менинг ўриндиғимга келиб ўтириб олгани кўнглимда шубҳа туғдирди; агар нотаниш одам шляпасини бошидан олиб, исмимни айтиб, сўрашмаганида, энди жуфтакни ростламоқчи бўлиб тургандим. Шунда бирдан уни таниб қолдим-у, бу ҳайратим ўзимга ҳам хуш ёқиб кетди. Ёш ва ниҳоятда одобли бу одам доктор Готфрид Вейвальд эди; у ўз олийжаноблиги билан ҳурматини сақлар, мулойим муомаласи эса ўзига завқ бағишлаши сезилиб турарди. Тўрт йил бурун уни Венадан Қуйи Австрияга ҳуқуқшунос ёрдамчиси қилиб ўтказишганди, лекин у, аҳён-аҳёнда бўлса-да, қаҳвахоналарда уни вазмин илтифот билан кутиб олувчи оғайнилари орасида пайдо бўладиган одат чиқарди: доктор Вейвальдга ҳаддан зиёд такаллуфлар ёқавермасди. Мен Рождество байрамидан бери уни кўрмагандим, оқшом чоғи шаҳар боғида тўсатдан учратиб қолдим-у, аммо ҳайратимни унга ошкор қилмасликка уриндим. Илтифотига илтифот кўрсатдим-да, сир бой бермасликка ҳаракат қилдим, саломига алик олдим. У билан оқсуякларга хос тарзда суҳбатлашмоқчи бўлиб чоғланган ҳам эдимки, бир пайт у худди ўзини мендан ҳимоя қилгандек, қўлини кўтарди-да:
— Узр, вақтим жуда зиқ, шундай бўлса-да, сизга ғалати бир воқеани сўзлаб бериш ниятида келгандим бу ерга, агар гапимни тинглаш сизга малол келмаса, албатта, — деди.
Унинг гап-сўзлари мени қанчалик ҳайрон қолдирмасин, уни жон-қулоғим билан тинглашга тайёр эканимни билдирган бўлмай, барибир ўзимни саволдан тийиб туролмадим: у мени нега қаҳвахонадан қидирмай, кечқурун боғдан излаб топди ва буни қандай уддалади? Кейин, айнан менга кўрсатилаётган бундай иззат-икромнинг боиси нимада?
— Дастлабки иккита саволга жавобни, – деди у, ўзига одат бўлмаган қўполлик билан, — менинг ҳикоямдан топасиз. Сизни танлашимнинг боиси, азиз биродарим, энди у менга фақат шу тахлит мурожаат қиларди, — билишимча, сиз қоғоз қоралашга ишқибоз экансиз, менинг боши-кети йўқ ғалати ҳикоямни сиз мақбул шаклга келтириб, унинг дунё юзини кўришига ёрдам берарсиз деб умид қиламан.
Мен камтарлик билан эътироз билдирмоқчи бўлгандим, лекин доктор Вейвальд, юзини ғалати тириштирди-да, дангал бундай деди:
— Ҳикоям қаҳрамонининг исми – Редегонда. У, Х. Драгун полкидан бўлган ротмистр, барон Т.нинг хотини бўлиб, Z шаҳридаги уйлардан бирига жойлаштирилганди.
Гарчанд мен нафақат бу кичик шаҳарчани, балки, ротмистрнинг исмини, ҳатто полк рақамини ҳам яхши билсам-да, у менга фақат бош ҳарфларнигина айтарди, холос. Буларнинг бари менга нечук маълум эканини сиз бир оз кейинроқ билиб оласиз.
— Редегонда, — давом этди сўзида доктор Вейвальд, — гўзалликда беназир эди, ва мен уни бир кўришдаёқ севиб қолганман. Минг афсуски, у билан танишишнинг имконини тополмадим, негаки, зобитлар ҳарбий бўлмаганлар билан борди-келди қилиш у ёқда турсин, ҳатто, биздек, шаҳар бошқармасининг амалдорларидан ҳам ўзларини олиб қочиб юришарди. Шу боис Редегондани узоқдан кўрардим, холос; ўшанда ҳам у, ё эрининг, ёки бўлмаса, бошқа зобитлар ва уларнинг хотинлари ҳамроҳлигида бўларди. Баъзан уйининг марказий майдон томонга қараган деразаси ёнида пайдо бўларди. Оқшомлари кўпинча шалдироқ извошда ўзининг махсус ложаси бўлган театрга жўнаб кетарди; мен бахтдан масрур, партердан туриб, сездирмай уни кузатардим, мана, танаффус ҳам бошланди, уни яна ёш зобитлар қуршаб олишди. Баъзан у менга бепарво эмасдек туюларди. Башарти, у менга бепарво нигоҳ ташлаганида ҳам кўзидагини барибир уқиб ололмаган бўлардим.
Кузнинг эрта тонгларидан бирида мен Редегондани шаҳарнинг шарқий дарвозасидан сўнг бошланиб кетган чоққина боғда, ўрмонга ўхшаш ерда учратиб қолдим ва унга бўлган чексиз муҳаббатимни пойига садқа қилиш умидидан мосуво бўлганимни англаб етдим. У шундай ёнгинамдан, балки, мени сезмай, ёдига тушиб қолган алланималардан табассум қилиб ўтиб кетди-да, кўп ўтмай ўзини қирмизи ўрмонга урди. У мендан икки қадам наридан ўтган бўлса-да, унга бош ирғашга, ҳаттоки, биринчи бўлиб гап бошлашга ҳам фаҳмим етмабди! У ўрмонга яширинган ўша лаҳзаларда мен шундай имкониятни бой берганимдан асло ўкинмаганман, — чунки бундан барибир бирон нима чиқишига кўзим етмасди. Шунда ғалати бир ҳолатга тушдим: ичимдаги амрона янграган сирли овозга итоат этиб, Редегондани тўхтатсам-да, ўзим гап бошласам, нималар бўлишини кўз олдимга келтирдим. Менинг жунбишга келган тасаввурларимга кўра, Редегонда дил изҳоримни рад этмаган, ҳатто журъатим унга ҳузур бағишлаган бўларди. У ҳаётининг маънисиз ўтаётганидан, уни қуршаб олган одамларнинг эса бир пулга қимматлигидан зорланди ва ниҳоят, кўнглини топа олган мендек меҳрибон дўстни учратганидан хурсандлигини яшириб ўтирмади. Мен тўқиб чиқарганларнинг бошидан охиригача, — унинг қарашларида шу қадар чуқур маъно бор эдики, ажралиш онларимизда ҳам худди шундай бўлган эди, — Редегондани оқшом театр ложасида кўрганимда, бизни аллақандай сирли ришта боғлаб турганини ҳис этдим.
Тасаввурларим билан бунёдга келиб, кўп ўтмай яна бошқаларига уланиб кетган бу антиқа учрашувимиз, ишонаманки, қимматли дўстим, сизни ажаблантирмайди ва кеч куз кунларининг бирида Редегонда менинг қайноқ бағримга ўзини топширмагунча суҳбатларимиз учрашувдан учрашувгача борган сари дўстона, самимий тус олиб ва кейинчалик янада қалинлашиб бораверади. Тасаввурларим зўрайгандан зўраярди! Ахийри шаҳар четидаги оддийгина уйимга Редегонданинг ўзи кириб келди ва мен шундай бир роҳатбахш ҳузурни туйдимки, ҳатто ўша ғарибона ҳақиқат ҳам менга бундай туҳфани тақдим этолмаган бўларди.
Бизни хавф-хатар ҳар қадамда таъқиб қилгани сайин, ҳис-туйғуларим шунчалик тасаввурларга бойиб бораверарди. Бир куни кечқурун пўстинларга бурканиб олиб, чанада қаергадир елдек учиб кетаётгандик, ротмистр ёнимиздан от солиб ўтиб қолди. Бир фалокат юз беришини ўшандаёқ кўнглим сезганди.
Баҳорнинг бошларида Редегонданинг эри хизмат қилаётган драгун полки Галицинга кўчирилаётгани бутун шаҳарга овоза бўлганди. Менинг ҳам, барчамизнинг ҳам тушкунлигимизга чек-чегара йўқ эди. Бундай боши берк кўчага кириб қолган ошиқлар қандай чора-тадбир қўллаши лозим бўлса, барини бирма-бир хаёлдан ўтказиб чиққандик: қочиш ё ўлим, бундай ачинарли тақдирга тан бермасдан илож йўқ эди. Сўнгги оқшом етиб келган бўлса-да, бизни ҳамон шубҳалар қийнарди. Мен хонани гуллар билан безатдим-да, Редегондани кута бошладим; барига тайёр туриш учун жомадонга нарсаларни жойлаб, тўппончани ўқладим ва видолашув мактубини ёздим. Қимматли дўстим, буларнинг бари чин ҳақиқат. Менга танҳо хаёлларимгина эгалик қилармиди, билмадим, ўша кеча мен Редегонданинг келишига на фақат умидвор бўлгандим, йўлларига интизор кўз тиккандим. Ҳар доим бўлганидек, уни бағримга босиб тургандек хаёл қилмадим, йўқ, бу сафар гўё аллақандай сирли, ҳаттоки даҳшатли нимадир маҳбубамни уйдан чиқармай ушлаб турарди; мен, кимдир зинадан чиқиб келяптими-йўқми, деб эшик олдига тинмай бориб-келардим, узоқдан Редегондани яна кўриш умидида деразадан бошимни чиқариб мўраладим. Талвасали ҳаяжонда ҳеч бир тўсиқни ҳам писанд қилмай, уни қидириб топиш учун бор кучимни сарфлашга, севувчи ва севикли маҳбубам ҳаққи, Редегондани эридан тортиб олишга тайёр эдим.
Қўққисдан ярим кечага яқин қўнғироқ овози эшитилди. Юрагим шув этиб кетди. Бу тунги қўнғироқ энди хаёлда эмасди, тушуняпсизларми. Қўнғироқ иккинчи, учинчи бор жиринглаганда, унинг қулоқни қоматга келтирувчи жарангидан сўнг мен бир зумда ўзгартириб бўлмас ҳақиқатга қайтдим-қўйдим. Шу оқшомгача менинг ғалати саргузаштларим фақатгина тушлар силсиласидан иборат эканини тушуниб етган дамимдан бошлабоқ, менда, жўшқин эҳтиросларимдан қочиб қутулолмаган Редегонда ёнимга келди, ҳозир остонада турибди, шу тобда киради-ю, ўзини бағримга отади деган бемулоҳаза умид уйғонди. Буткул ана шу лаззат оғушида эшик олдига бордим-да, уни очдим. У Редегонда эмасди. Рўпарамда танасиз шарпа эмас, бутунбошли тирик жон, унинг эри турарди. Шу онда сизни қандай кўриб турган бўлсам, уни ҳам худди шундай аниқ-тиниқ кўриб турардим.
Ротмистр менга тикилиб қаради. Тушунарли, уни уйга таклиф этиб, келинг, ўтиринг дейишдан ўзга чорам қолмаганди. Бироқ у, ҳамон кўкрагини кериб турганча, таърифга сиғмас заҳархандалик билан:
— Сиз Редегондани кутяпсизми; бахтга қарши унинг бу ерга келишига баъзи бир ҳолатлар халақит қилади. Биласизми, у ўлиб қолди, — деди.
— Ўлиб қолди, — такрорладим мен ва шу заҳоти дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетди. Ротмистр қатъий оҳангда:
— Бир соат бурун қарасам у ёзув столи олдида экан. Ёнидан мана бу дафтар чиқди, атайлаб уни ўзим билан олиб келдим. Афтидан, мен хонага қўққисдан бостириб кирганимда юраги ёрилиб ўлди, шекилли. Илтимос, бир кўз ташланг!
У очилган сафсарранг тери билан муқоваланган дафтарни менга узатди ва мен уни ўқий бошладим:
“Шундай қилиб, мен энди уйимни бутунлай тарк этаман, мени маҳбубим кутяпти.” Мен дафтарни ёпдим-да, тасдиқлагандек бош ирғадим.
— Қўлингиздаги Редегонданинг кундалиги эканини, — давом этди ротмистр, — сиз тўғри фаҳмладингиз. Эҳтимол, яна бир илтифот кўрсатиб, уни варақлаб ҳам кўрарсиз. Шунда тонишдан фойда йўқлигига ўзингиз ҳам амин бўлардингиз.
Мен кундаликни варақлай, тўғрироғи, уни ўқий бошладим. Ёзув столига тирсагимни тираб ўтириб, уни деярли бир соатча ўқидим, бу вақт орасида ротмистр ҳам дивандан қимирламади. Яна ўша ҳайратомуз муҳаббатимиз: эрта куз ўрмонда Редегонда билан илк суҳбатимиз, биринчи бўса, шаҳар ташқарисидаги сайримиз, хушбўй ҳид анқиб турган хонадаги ҳузур-ҳаловатга тўлиб-тошган дамларимиз, қочиш ё ўлим ҳақидаги режаларимиз, бахтли ва дилхаста ўтмишимиз кўз олдимда жонлана бошлади. Ҳали ўзим чинакамига бошимдан кечирмаган, фақат тасаввуримдагина бунёд этганларимнинг бари ажабланарли даражада аниқ ва равшан тарзда кундалик саҳифаларига муҳрланганди. Сизга ҳақиқат бўлиб кўринганлар, менга нимаси биландир сира тушунтириб бўлмайдигандек туюляпти. Редегонда танҳо уники бўлишимни истагани боис ҳам тасаввурларимиздан бунёдга келган барча азоб-уқубатлар, севинч ва шодликларни мен билан баҳам кўриши учун унга сирли ихтиёр берилганини баногоҳ тушуниб етдим. Бошқа аёллар каби Редегонда ҳам ҳаётнинг бошланишига мендан кўра яқини бўлгани боис орзу-ҳавас ва унинг рўёби орасидаги фарқдан бехабар ўзининг сафсарранг дафтарига битаётган дил изҳорларининг бари ўнгида бўлаётганига қаттиқ ишонарди. Балки бари бошқача бўлиши ҳам мумкин. Балки, шундайдир. Редегонда бу маккорона кундаликни журъатсизлигим туфайли мендан ўч олишни кўзлаб тутганди, чунки менинг – бўлмайди деган сўзим сабаб бизнинг барча орзу-ниятларимиз ушалмай қолганди; у, бу кундалик шу тариқа чув тушган эрининг қўлига тушишини ўйлаб, ўз ихтиёри билан ўзини ўлимга гирифтор қилганди. Аммо бу шубҳа-гумонларни бир ёқли қилишга менда вақт йўқ эди, чунки ротмистр менинг мутлақо айбдор эканимга астойдил ишонарди, шу боис мен ҳам вазият тақозо этгандек, унинг хизматига доим тайёр эканимни билдирдим.
— Уриниб ҳам кўрмасдан-а?..
— Ҳали тонмоқчиман денг?! – жаҳл билан гапимни бўлди доктор Вейвальд. – Асло! Ҳаттоки бу уриниш муваффақият қозонишингиз учун зиғирча умид ваъда қилганида ҳам бу ҳаракатни номуносиб дея баҳолаган бўлардим. Негаки, мен чидашни истаган, аммо қўрқоқлигим панд бериб, бардошим етмаган бу даҳшатли ҳодисанинг оқибатига ўзимни жавобгар ҳис этаман.
— Ҳали Редегонданинг ўлими ҳақида бирон гап маълум бўлмай туриб, мен бу ишни охирга етказмоқчи эдим, — деди ротмистр. – Ҳозир соат роппа-роса тунги бир, учда секундантлар учрашуви, бешда эса бари ҳал бўлиши керак.
Мен яна бош ирғаб розилик билдирдим. Ротмистр совуққина хайрлашди-да, кетди. Мен қоғозларни тартибга солдим, уйдан чиқиб, бош округ бошқармасидаги танишларимни тўғри ётган еридан турғаздим, улардан бири граф эди. Уларни шошириш мақсадида фақат энг зарур бир-икки оғиз сўзни лўнда қилиб тушунтирдим-да, ўзим асосий майдонга тушиб кетдим ва Редегонданинг жасади ётган қоронғи хона деразаси тагида у ёқдан-бу ёққа юра бошладим. Мени шундай бир туйғу чулғаб олдики, гўёки мен ўз тақдирим йўлига пешвоз чиқиб бораётгандим.
Мен Редегондани илк бора учратиб, унга гапиришга барибир ботинолмаган ўша ерга яқин бўлган ихчамгина ўрмончада тонгги соат бешда ротмистр ва мен бир-биримизга рўпарама-рўпара турардик.
— Сиз уни отиб ташладингизми?
— Йўқ, ўқим унинг чаккаси тепасидан учиб ўтиб кетди. У тўғри менинг юрагимга келиб қадалди. Айтишганидек, мен ўша заҳоти тил тортмай ўлдим.
— О-о-о. – Мен ғалати суҳбатдошимга саросимали нигоҳим билан боқдим-да, инграб юбордим. Лекин бирон тирик жонни кўрмадим. Ўриндиқлар бўм-бўш эди. Ҳатто айтиш мумкинки, бари менга шундай кўринди. Кеча қаҳвахонада аллақандай Тейергейнисмли ротмистр доктор Вейвальдни отиб қўйгани ҳақида миш-мишлар ёйилганини фақат ўшандагина эсладим.
Бу хабар чекка жойлардаги одамларнинг дилини сиёҳ қилганди; бироқ, ўша куниёқ фрау Редегонданинг қандайдир ёш лейтенант билан беном-нишон ғойиб бўлгани мана шундай қалтис ҳазилнинг келиб чиқишига сабаб бўлганди.
Кимдир, доктор Вейвальд камдан-кам учрайдиган ўзидаги оддийлик, олийҳимматлилик билан ўзидан хийла омадли рақибининг ҳам ўлимини ўз бўйнига олиб кетганини айтди. Шаҳар боғидаги Вейвальднинг арвоҳининг пайдо бўлишига келсак, агар мен унинг ўхшашини унинг мардонавор ўлимидан аввал учратганимда, унда унинг таъсири янада кучлироқ ва ажойиброқ бўлган бўларди. Агар воқеалар жараёни хаёлда бир оз кейинга сурилса, шу билан унинг таъсири бундан-да зўрроқ бўлиши бошда менга қизиқарлироқ туюлганини яширмайман. Бундай пухтароқ ўйлаб кўрадиган бўлсам, мени қўрқув босяпти, агар воқеалар тартиби ўзгарса, мени мистикада, арвоҳлар билан мулоқот бор гаплигига ишонишда айблаб, таъна-дашномларга кўмиб ташлашади. Ҳикоям уйдирмалардан иборат эмасми, ёки, умуман, бундай воқеалар ақлга тўғри келадими ўзи, деган шунга ўхшаш саволлар туғилишини, ва жавобга қараб, менга башоратчи ёки қаллоб дея тамға босишларини мен олдиндан сезгандим. Буларнинг ичида биронта қулоққа ёқадигани бўлмаса, нима ҳам дердим. Ҳар қадамда учрайдиган ишончсизликка гарчи бошқалар кўпроқ лойиқ бўлсалар-да, лекин, одатда шоирларга шундай муносабатда бўлганлари боис, қўрқаманки, барибир, бунинг тўғрилигига кўпчилик шубҳа билан қарайди.
Рус тилидан Дилдора Алиева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 11-сон.